1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Бу дунё муҳаббати

23:52 / 02.12.2016 4529 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу сарлавҳадан беш кунлик ўткинчи дунёни охиратдан устун қўйиш маъноси англанади. Албатта, бу энг ёмон маънавий хасталиклардан бири ҳисобланади. Албатта, бу дунёга берилиб, унга муҳаббат қўйиб охиратни унутиш оғир дард бўлиб унинг оқибати дўзах билан ниҳояланади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримда буни қаттиқ қоралаган. Аллоҳ таоло «Юнус» сурасида: «Албатта, Биз ила мулоқот бўлишини умид қилмаганлар ва бу дунё ҳаётидан рози бўлиб, у билан хотиржам қолганлар ҳамда оятларимиздан ғофил бўлганлар, Ана ўшаларнинг жойлари, қилган касблари туфайли, жаҳаннамдир», деган (7 – 8 – оятлар).

Қиёматда Аллоҳга мулоқотда бўлишдан умидсизлар.
«бу дунё ҳаётидан рози бўлиб, у билан хотиржам қолганлар»дир.
Уларнинг фикри-зикри беш кунлик дунё ва унинг лаззатидадир. Шу билан овуниб, хотиржам бўлиб қоладилар. Уларнинг энг катта айблари ва сифатлари Аллоҳнинг оятларидан ғофил бўлганларидир. Шу боисдан ҳам улар ҳар қандай ёмонликни тап тортмасдан қилаверадилар. Натижада:
«Ана ўшаларнинг жойлари, қилган касблари туфайли, жаҳаннамдир».
Ҳа, улар бекорга эмас, қилган касблари туфайли адолат ила жаҳаннам азобига дучор бўладилар.
Аллоҳ таоло «Ҳадид» сурасида: «Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан, ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир. У худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир. Кейинроқ бу ўсимликлар қурийди ва сарғайганини кўрасан. У сўнгра хас-чўпга айланиб кетадир. Охиратда эса, қаттиқ азоб бор, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор. Бу дунё ҳаёти ғурурга кетгазувчи матодан ўзга ҳеч нарса эмас», деган (20 – оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бу дунё ҳаётини «ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнат», деб таърифламоқда.
«Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан»,
Чиндан ҳам одамлар ўлчови билан қаралганда, ҳаёт беш кунлик дунёда ўйнаб олиш учун ажратилган фурсатга ўхшаб туюлади. Қаёққа қарасангиз, одамлар кийим-бош, емоқ-ичмоқ, ҳовли-жой, зеб-зийнат ортидан қувгани-қувган.
Бу дунё ҳаёти яна,
«ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир».
Одамлар ўз обрўлари, мансаблари, хасабу насаблари билан фахрланишган, мол-дунё ва бола-чақани кўпайтиришга урингани-уринган.
Аслида эса, бу нарсалар арзимас, эътиборсиз ашёлардир. Бу ҳақиқатни янада очиқроқ тушунтириш учун Қуръони Карим кўзимизга доимо кўриниб турган, лекин кўпларимиз эътибор бермайдиган ҳодисани мисол қилиб келтиради.
«У худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир.
Яъни, бу дунё ҳаёти шундай бир ёмғирга ўхшайдики, у ёққандан сўнг чиққан наботот деҳқонларни ҳайратга солади, завқлантиради. Аслида эса, бу ҳол ўткинчидир.
«Кейинроқ бу ўсимликлар қурийди ва сарғайганини кўрасан. У сўнгра хас-чўпга айланиб кетадир».
Яъни, ўсимликлар тезда қурийди. Ранги сарғаяди ва қуриб, қовжираб, уқаланиб кетади.
Ҳа, бу дунё ҳаёти ҳам шу каби алдамчидир. Шу билангина овуниб қолмаслиги керак.
«Охиратда эса, қаттиқ азоб бор, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор».
Чунки охиратда кофирларга қаттиқ азоб, мўминларга эса Аллоҳнинг мағфирати ва розилиги бор.
«Бу дунё ҳаёти ғурурга кетгазувчи матодан ўзга ҳеч нарса эмас».
Албатта, бу гаплар тарки дунё қилишга, ҳамма нарсадан юз ўгиришга чақириқ эмас. Балки мезон ва ўлчовларни тўғри йўлга солишга, ўткинчи ҳой-ҳавасдан устун бўлишга даъватдир.
Аллоҳ таоло «Ҳуд» сурасида:«Кимки бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини хоҳласа, бу борадаги амаллари(самараси)ни тўлиқ берамиз. Улар бунда камситилмаслар», деган (15 – оят).
Аллоҳ таоло ким ҳаракат қилса, у мўмин бўладими, кофир бўладими, ҳаммага ҳам бераверади. Бу дунёнинг ободлиги ҳам шунда. Ким дунёда қўлидан келган ҳаракатни қилса, ҳаракатига яраша самара ҳам олади. Бу дунё ва унинг зийнатига эришишни хоҳлаб, ўзини урган одам ўшанга эришади. Чунки Аллоҳ бу борадаги амалларнинг самарасини тўлиқ беришни ваъда қилган. Қилинган ҳаракатга яраша мева олинади, ҳеч кимнинг меҳнатининг самараси камайтирилмайди.
Аммо: «Ана ўшаларга охиратда дўзах оловидан бошқа ҳеч вақо йўқдир. Бу дунёда қилган ишлари ҳабата бўлди ва қилган амаллари ботил бўлди» (Ҳуд: 16).
Чунки улар охират ҳаёти учун ҳеч нарса қилганлари йўқ. Аллоҳга, Пайғамбарга, Қуръонга ишонгани, ибодат қилгани ва шариатга бўйсунганлари йўқ. Улар фақат бу дунё ҳаёти ва унинг зийнатига эришишни умид этган ва шунинг учун амал қилган эдилар, орзуларига эришдилар.
«Ана ўшаларга охиратда дўзах оловидан бошқа ҳеч вақо йўқдир».
Бу дунёда қилган амаллари, молу мулки, зебу зийнати-чи, дерсиз? Бу саволингизга жавоб ояти кариманинг иккинчи ярмида келмоқда:
«Бу дунёда қилган ишлари ҳабата бўлди ва қилган амаллари ботил бўлди».
Охират учун улар ҳеч қандай фойда бермади. Чунки иймон бўлмаса, ҳеч бир амал мақбул эмас. Агар улар иймон билан ҳаракат қилганларида, яъни, дунё учун қилган амалларини ҳам иймонли бўлган ҳолда бажарганларида охиратда улуғ мақомларга эришган бўлур эдилар.
Қолаверса, охират учун ҳаракат ҳеч қачон бу дунёни тарк қилишни тақозо этмайди. Инсон иймонли бўлса, бир ҳаракат билан бир йўла икки дунёнинг бахтига эришади.
Аллоҳ таоло «Исро» сурасида: «Ким шошган(дунё)ни истаса, унга бу дунёда ирода қилган кишимизга нимани хоҳласак, шошилинч берурмиз. Сўнгра унга жаҳаннамни берурмиз. Унга хор ва қувғинга учраган ҳолда кирур», деган (18 – оят).
Кимки бошқа нарсани хоҳламасдан, ушбу ўткинчи, беш кунлик дунё учун яшамоқчи бўлса, Аллоҳ унга бу дунё насибасини шошилинч тарзда беради. У киши бу дунёда керак нарсасига эришиб олади. Аммо охиратига ҳеч нарса қолмайди. Шунинг учун:
«Сўнгра унга жаҳаннамни берурмиз. Унга хор ва қувғинга учраган ҳолда кирур».
Улар бу дунё ҳой-ҳавасларига берилиб, шаҳват ва лаззат ортидан қувиб, ҳаётларини гуноҳ қилиш билан ўтказадилар. Энди жаҳаннамда ўша гуноҳларига яраша азоб чекадилар.
Аллоҳ таоло «Аҳқоф» сурасида: «Куфр келтирганлар дўзахга кўндаланг қилинган кунда (уларга): «Ҳаёти дунёдаёқ ҳузур ҳаловатингизни кетказиб, мазасини татиб бўлгансиз. Бугунги кунда ер юзида ноҳақ кибру ҳаво ва фисқу фасод қилганингиз учун хорлик азоби ила жазоланурсиз», дейилур», деган (20 – оят).
Гуноҳкорлар қиёмат куни дўзахга кўндаланг қилинганда, улар албатта, қўрқиб, бўлари бўлади. Лекин азоб яна ҳам зиёда бўлсин учун жисмоний қийноққа қўшиб, маънавий қийноқни ҳам ўлганннинг устига тепгандек, таъна сўзлари айтилади.
«Куфр келтирганлар дўзахга кўндаланг қилинган кунда (уларга): «Ҳаёти дунёдаёқ ҳузур ҳаловатингизни кетказиб, мазасини татиб бўлгансиз».
Бугун сизларга ҳеч қандай ҳузур, ҳеч қандай ҳаловат йўқ, сиз «Ҳаёти дунёдаёқ ҳузур-ҳаловатингизни кетказиб, мазасини татиб бўлгансиз», дейилади.
Чунки улар «Бу дунёда уйнаб қол, гуноҳ нима қилади»ни ўзларига шиор қилиб яшаганлар. Беш кунлик дунёда уйнаб маза қилиб олайлик, эртага ўлсак ҳаммаси ортда қолади, тупроққа қоришиб кетамиз, дейишган. Ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормаганлар. Хулласи калом, охиратга ҳеч нарса қўймай, бу дунёда тугатиб бўлганлар. Шунинг учун натижа ҳам, ниятларига яраша бўлган-уларга бу дунёда маза бўлиб, охиратда эса фақат азоб қолган.
«Бугунги кунда ер юзида ноҳақ кибру ҳаво ва фисқу фасод қилганингиз учун хорлик азоби ила жазоланурсиз», дейилур».
Қиёмат кунида улар хорлик азоби ила жазоланадилар. Чунки улар бу дунёда кибру ҳавода бўлганлар. Кибр фақат Аллоҳ таолога хос. Бандасининг на кичик ва на катта ишларда такаббурликка ҳаққи йўқ. Хорлик азобининг яна бир сабаби «фисқу фасод қилганингизда», яъни Аллоҳнинг шариатидан чиққанингиздадир. Аллоҳ таоло такаббурликдан ва шариатга хилоф йўл танлашдан Ўзи сақласин !
Бу дунёга ружуъ қўйиб охиратни унутишни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қаттиқ қоралаганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё мўминнинг қамоғи ва кофирнинг жаннатидир», дедилар».
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга охиратда берадиган жаннат ва унинг неъматлари олдида бу дунёнинг роҳат фароғатлари қамоққа ўхшаб қолади. Шунингдек, Аллоҳ таоло кофир ва мунофиқларга охиратда берадиган дўзах ва унинг азоблари олдида бу дунёнинг роҳат фароғатлари улар учун жаннатга ўхшаб қолади.
Муставрид ибн Шаддод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўзи ўлган қўйнинг устида турган гуруҳда бўлган эдим. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана шуни аҳли арзимас нарса сифатида ташлаб юборган деб ўйлайсизларми?» дедилар.
«Арзимагани учун ташлаб юборишганда, Эй Аллоҳнинг расули,», дейишди.
«Дунё Аллоҳ учун манашу аҳлига бўлгандан ҳам арзимас бир нарсадир», дедилар».
Иккисини Муслим ва Термизий ривоят қилган
Албатта, ўзи ўлиб қолган қўй эгаси учун тезроқ қутулиши керак бўлган ёқимсиз матоҳга айланиб қолади. Аллоҳ таоло учун бу дунё ҳам ундан ҳам кўра арзимасроқ экан.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар дунё Аллоҳ наздида чивиннинг қанотича қимматга эга бўлганида кофирни ундан бир хўплам сув билан ҳам суғормас эди», дедилар».Термизий ривоят қилган.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзига куфр келтирган кофирларга ҳам бу дунё неъматларини бераверади. Агар дунё Аллоҳ таолонинг наздида бирор қимматга эга бўлганда кофирга ундан ҳеч нарса берилмас эди. Чунки у ўзининг куфри ила бирор қимматли нарсага эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган.
Шу боис Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонлар ҳам молу дунё тўплаш ила Аллоҳ таолони рози қила олмайдилар. Аммо ўша молу дунёни Аллоҳ таолони рози қиладиган равишда тўплаб, сарфлаш ила савоб касб қилиш мумкин.
Бани Феҳрнинг биродари Муставрид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунё охиратда бирингиз панжасини денгизга солгани мислича ҳам эмас. Бас, нима ила қайтишига назар солсин», дедилар».Термизий ривоят қилган.
Агар банда бутун оламдаги молу дунёни тўплаб охиратга олиб келса ҳам унга бирор фойда бермайди. Агар бутун оламдаги молу дунёни тўплаганда ҳам охиратда худди денгизга бир панжани солганда ҳеч қандай ўзгариш бўлмагандек тураверади. Шунинг учун ҳар бир банда бу дунёда охиратга нима билан қайтишига назар солмоғи лозим. Агар охиратда бирор мақомга эришиш нияти бўлса ўшанга лойиқ иймон, ибодат ва амали солиҳларни қилиши керак. Жумладан молу дунёни ҳам ўша мақсадда ишлатиши зарур.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинглар! Дунё малъундир ва ундаги нарсалар малъундир. Илло Аллоҳнинг зикри, У зотнинг яхши кўрган нарсаси, олим бўлиш ва таълим олиш мутаснодир», дедилар». Термизий ривоят қилган.

БУ ДУНЁ ҲАҚИҚАТИ ВА МОҲИЯТИ

  Агар банда мазаммат қилинаётган бу дунёнинг ўзи нималигини, унинг қайси нарсасидан чатда бўлиши керагу, қайси нарсасидан четламаса ҳам бўлаверишини билмагунича уни ёмонлашнинг маърифати фойда бермайди.
Аслида дунё ва охират икки ҳолатдан иборатдир. Улардан яқин турадигани дунё деб аталади ва ўлимдан олдин бўлади. Улардан охирда турадигани охират деб аталади ва ўлимдан кейин келади.
Сеннинг ўлимдан олдин унда насибанг, ғаразинг, шаҳватинг, лаззатинг бор ҳолат дунёдир. Ҳар бир майл, насиба ва ҳисса бор нарса ёмон бўлавермайди. Булки бундай нарсалар уч қисмга тақсимланади.

 Биринчи қисм

  Банда билан бирга охиратга ҳам борадиган, ўлимдан кейин ҳам самараси у билан бирга қоладиган нарсалардан иборат.
Улар илм ва амалдир.
Илм деганда Аллоҳ таолони, Унинг сифатлари, фаришталари, китоблари, расуллари, еридаги ва осмонидаги мулклари ва набийсининг шариати ҳақидаги илм англанади.
Амал деганда эса, Аллоҳ таолонинг розилиги учун ихлос билан қилинадиган ибодат англанади.
Гоҳида олим учун илм бу дунёдаги энг лаззатли нарсага айланиб қолади. У илм лаззати деб таомдан, уйқудан ва никоҳдан воз кечиши мумкин. Чунки илм унинг учун мазкур нарсалардан кўра лаззатлироқ. Ҳа, илм унинг учун бу дунёнинг энг лаззатли насибасига айланиб қолгандир. Аммо биз дунёни ёмонламоқчи бўлсак, мазкур ҳолатни охиратдан деб айтамиз.
Баъзи обидлар ибодат лаззатига шунчалари бериладики, агар уни бу нарсадан ман қилинса, унинг учун энг қаттиқ азобга айланиб қолади. Унинг учун ибодат бу дунёдаги энг лаззатли нарсага айланган. Аммо бу ёмонланадиган дунёга қўшилмаслиги аниқ.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен учун бу дунёгиздан уч нарса маҳбуб қилинди: аёллар, хушбўй нарсалар ва намоз кўзимнинг қорачиғи қилинди», дедилар». Насаий ва Ҳоким ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда намоз бу дунёнинг лаззатларидан ҳисобланмоқда. Шунга ўхшаш нарсалар бир қанча бор. Улар бу дунёнинг нарсалари. Уларни кўзимиз билан кўриб турамиз.

 Иккинчи қисм

  Банда билан бирга охиратга бормайдиган, ўлимдан кейин самараси у билан бирга қолмайдиган нарсалардан иборат.
Уларга маъсиятлар, эҳтиёждан зиёда мубоҳ нарсалар, керагидан ортиқ жамланган молу дунё, беҳуда ҳойи ҳавас ва шунга ўхшаш бошқа нарсалар киради. 

 Учинчи қисм

  Юқорида зикр қилинган икки қисмнинг ўртасидаги нарсалардир. Бу дунёнинг охират амаллари учун ёрдам берадиган нарсалари ушбу учинчи қисмни ташкил қилади.
Мисол учун керакли озиқ – овқат ва кийим – кечак. Соғ – саломат яшаб юриш ва илм ва амалга эриши учун зарур бўлган нарсалар ҳам шунга дохил. Булар биринчи қисмдаги нарсаларга ўхшаб дунё нарсалари эмас. Аммо ўша биринчи қисмга ёрдам берувчи воситалардир. Банда илм ва амалга етишиш учун уларни ҳар қанча тановул қилган бўлса ҳам, бу дунё учун бўлмайди.
Агар ўша нарсаларни илм ва амал учун эмас оний лаззат учун тановул қилган бўлса, бу дунё учун бўлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жаъданинг мавлоси Абу Яҳёдан ривоят қилинадиМен Абу Ҳурайрадан қуйидаги ҳадисни эшитганман Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссаломга Эй Расулаллоҳ, фалончи аёл давоми...

6008 18:20 / 18.05.2018
Бир ўйлаб кўринг, одам ўзини ўзи ярата оладими Йўқ, ярата олмайди ҳам. Нафақат ўзини, балки ўзидаги бирор тукни ҳам йўқдан бор қила олмайди. Шунингдек, одам ўз давоми...

3450 13:00 / 18.01.2021
Аллоҳ таоло Воқиъа сурасида қуйидагиларни айтади .Сўнгра сиз, эй адашганлар, ёлғонга чиқарувчилар, 51оят. Ундан кейин сиз, эй иймон, ҳидоят, тўғри йўлдан давоми...

1140 19:00 / 18.09.2023
Ўлимни, охират кунини, ул кун ҳар бир одам бу дунёдаги қилмишлари юзасидан сўроқсавол қилинишини ўйлаш ҳар қандай шаккок, кофирни ҳам ўйлантириб қўяди. Шундай давоми...

42590 05:00 / 03.12.2016
Аудиолар

118751 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40710 14:35 / 11.08.2021