1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Фақир ҳоким

11:00 / 30.12.2020 2290 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Саид ибн Омир розияллоҳу анҳуни Ҳимсга волий қилиб юборган эдилар.

Мадинага Ҳимсдан вакиллар келганда, Умар розияллоҳу анҳу улардан ҳимслик фақирлар рўйхатини тузиб беришни сўрадилар.

Рўйхат тузилиб, халифага тақдим этилди. Умар розияллоҳу анҳу рўйхатни кўздан кечираётганларида кўзлари Саид ибн Омир розияллоҳу анҳунинг исмларига тушди. Ҳайрон бўлдилар. Чунки ҳокимнинг исми фақирлар рўйхатида турганди. Одамлардан бу ҳақида сўраганларида, улар ҳокимнинг фақир эканлигини, «Аллоҳ таолонинг ҳузурида бу шаҳар аҳолиси борасида сўраладиган киши бўлсам, бу пулларни нима қиламан» деб маошларини мискинларга тарқатишларини айтишади.

Умар розияллоҳу анҳу Ҳимсга борганларида, аҳолидан ҳокимлари қандай ишлаётгани ҳақида сўрайдилар. Улар Саид ибн Омир розияллоҳу анҳунинг тўртта ишидан шикоят қилишади.

«То чошгоҳ вақтигача олдимизга чиқмайди. Кечқурун бирор кишига жавоб бермайди. Ойда икки кун олдимизга чиқмайди. Баъзида ўзидан кетиб қолиб, ҳушини йўқотади» дейишди.

Бу гапларни эшитиб, Умар розияллоҳу анҳу паст овозда «Эй Аллоҳ, уни энг яхши бандаларингдан деб биламан. Менинг у ҳақидаги фикримни ўзгартирмагин» деган маънода дуо қилдилар.

Шундан сўнг Саид розияллоҳу анҳуни чақиртириб, аҳолининг шикоятини у кишига айтадилар. Саид розияллоҳу анҳу «Чошгоҳ вақтигача олдимизга чиқмайди» деяптилар. Аллоҳга қасамки, бунинг сабабини айтишни ёқтирмагандим. Аҳлим учун хизматкор йўқ. Шунга ўзим хамир қориб, кўпчишини кутаман. Кўпчигач, нон ёпиб, Зуҳо намозига таҳорат олиб, кейин одамлар олдига чиқаман» дедилар. Умар розияллоҳу анҳу «Алҳамдулиллаҳ» дедилар.

Саид розияллоҳу анҳу сўзларида давом этиб, «Кечқурун бирор кишининг мурожаатига жавоб бермайди» деяптилар. Аллоҳга қасамки, бунинг сабабини айтишни ёқтирмагандим. Мен кундузи уларнинг хизматида бўлсам, тунда Роббимга ибодат қиламан» дедилар.

«Ойда икки кун олдимизга чиқмайди» деяптилар. Менинг хизматкорим йўқ. Бундан бошқа кийимим ҳам йўқ. Кийимимни ювиб, қуришини кутаман. Қуригач, кийиб, куннинг охирида уларнинг олдиларига чиқаман» дедилар ҳоким.

«Гоҳида ҳушимдан кетиб қолишимга келсак, мен Маккада мушриклик пайтимда Хубайб ибн Адийнинг ўлдирилишини кўрганман. Қурайш қавми уни ёғочга осиб қўйиб, гўштларини кесиб, «Ўрнингда Муҳаммад бўлишини, ўзинг соғ бўлишни истайсанми?» деб сўраганида, у «Аллоҳга қасамки, мен аҳлим ва болаларим билан бўлиб, офиятда ва дунё неъматлари ичра бўлган ҳолимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир тикон киришини истамайман» деган. Мана шу воқеани, Хубайбга ёрдам бермаганимни эслаганимда, Аллоҳнинг азобидан қўрққанимдан титраб, ҳушимдан кетиб қоламан» дедилар.

Саид розияллоҳу анҳу йиғлаган ҳолларида гапларини тугатганларида, Умар розияллоҳу анҳу ўзларини тутиб туролмадилар, баланд овозда «Саид ҳақидаги фикримни ўзгартирмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин» дедилар ва у кишини бағриларига босдилар.

Ибн Асирнинг «Усдул ғоба» асари асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Ихлос, луғатда .тозалаш, ва .тўғрилаш, деган маъноларни англатади. .Холис бўлди, дегани .мусаффо бўлди, маъносига тўғри келади. Бу икки маъно орасидаги фарқ шуки, давоми...

6795 15:03 / 16.03.2018
Савол Ўзим Қуръони Каримдан ҳар куни аранг бир пора ўқишга имкон топаман. Ўтмишдаги салафларимизнинг Қуръонни кунига бир ёки икки марта, баъзилари ҳафтасига, давоми...

2674 15:05 / 05.06.2020
. . .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Қачон Рамазон келса, жаннат эшиклари давоми...

2417 09:00 / 16.04.2021
1984 йилги ЛосAнжелес Олимпиадасининг дзюдо мусобақаси финалларидан бири олимпия тарихида ўзгача из қолдирган. Ўшанда мисрлик Муҳаммад Али Рашван жароҳат олган давоми...

3273 13:30 / 14.01.2020