1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Набий алайҳиссаломнинг қайтариқлари (ўнинчи мақола)

11:00 / 11.11.2020 1589 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳайвонларга зулмдан қайтариқлар

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу бундай дейдилар:

«Бир маҳал мен бир илонни ўлдирмоқчи бўлиб таъқиб этаётган эдим. Абу Лубоба менга: «Уни ўлдирма», деб қичқирди. Мен «Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам илонларни ўлдирмоққа амр қилганлар-ку», дедим. У: «Шундан кейин у зот хонаки (оқ) илонларни ўлдирмоқдан қайтарганлар, улар уйларда яшовчи жинлардир», деди».

Имом Бухорий ривоятлари.

Ҳишом ибн Зайд ривоят қиладилар:

«Мен Анас билан бирга Ҳакам ибн Айюбнинг ҳузурига кирдим. Анас бир гуруҳ болаларнинг бир товуқни боғлаб қўйиб тошбўрон қилаётганларини кўриб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жониворларни ушлаб олиб (қийнамоқдан) қайтарганлар», дедилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Язид ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бировнинг молини ўғирламоқдан (тортиб олмоқдан) ҳамда жониворларга азоб бермоқдан қайтарганлар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу молнинг юзига белги қўймоқликни рад этиб: «Жаноб Расулуллоҳ молнинг юзига тамға босмоқдан қайтарганлар», дедилар.

Имом Бухорий ривоятлари.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам махлуқлар юзига тамға босишдан ва юзига урмоқдан қайтардилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жониворларни (ҳайвон ва қушларни) нишон қилиб ўқ отишдан қайтарганлар».

Имом Термизий ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларни бир-бири билан уриштиришдан қайтардилар».

Имом Термизий ривоятлари.

Абдул Малиҳ отасидан шундай ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиртқич ҳайвонлар терисини ерга тўшашдан ва уни истеъмол қилишдан (ишлатишдан) қайтардилар».

Имом Термизий ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак ҳайвонни (урғочи ҳайвонни қочириб олиш учун) ижарага бериб ҳақ олишдан қайтардилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ҳеч ким бировнинг соғин ҳайвонини эгасининг рухсатисиз соғмасин! Биронтангиз ичимлик манбаингиз бировнинг қўлига ўтмоғини, (яъни) хазинангиз (эшиги) синдирилиб, бойлигингиз олиб кетилмоғини истайсизми? Дарҳақиқат, одамларнинг соғин ҳайвонлари елини улар учун ризқ-рўз манбаидир. Шу боис ҳеч ким бировнинг соғин ҳайвонини эгасининг рухсатисиз соғмасин!».

Имом Бухорий ривоятлари.

(Тамом)

Тўққизинчи мақола

Islom.uz архивидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади Парвардигор азза ва жалла Қуръон тиловати ва Менинг зикрим кимни Мендан давоми...

3592 19:10 / 14.04.2019
Жинлар одамларга илм ўргатиши ёки хабар етказиши мумкинмиЖинкашларга жинлар ўргатадиган нарса ва хабарлар асосан ёлғоняшиқ ва тахминий нарсалар бўлади. Гоҳида давоми...

2274 12:05 / 10.12.2019
Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади .Эй Одам болалари Шайтон отаонангизни авратларини ўзларига кўрсатиш учун устиларидан либосларини ечиб, жаннатдан давоми...

7535 14:00 / 03.07.2022
Ваҳб ибн Мунаббаҳ айтади .Бир обид Аллоҳга эллик йил ибодат қилди. Аллоҳ унга .Сени мағфират қилдим,, деб нидо қилди. У .Роббим, мен гуноҳ қилмаган бўлсам, нима учун давоми...

1983 07:10 / 14.05.2019