1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Гўзал оқибат

08:15 / 15.09.2020 869 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдулвоҳид ибн Зайд айтади: «Бир куни денгизда бўрон кўтарилиб, кемамизни кимсасиз ороллардан бирига олиб бориб ташлади. Оролга чиқсак, бир киши ўтириб олиб, санамга сиғинаётган экан. Унга: «Биз санамга ибодат қилмаймиз», дедик. У: «Кимга ибодат қиласизлар унда?» деди. «Аллоҳ азза ва жаллага», дедик. У қизиқиб, сўрай бошлади:

– Аллоҳ ким?

– Арши осмонда, салтанати ерда бўлган Зот.

– Буни қаердан биласизлар?

– У Зот бизга мўъжизалар билан Пайғамбар юборган. Буни бизга ўша Пайғамбаримиз айтганлар.

– Пайғамбарингизга нима бўлди?

– Пайғамбарликни адо қилгач, Аллоҳ Ўз ҳузурига чорлаб, жонини қабз қилди.

– У сизларга бирор нарса қолдириб кетдими?

– У бизга Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Китобини қолдириб кетди.

– Менга уни кўрсатинглар.

Биз унга Мусҳафни олиб келиб, шундай дедик: «Унинг қироати қандай гўзал! Бир эшитиб кўргин-а!»

Унга бир неча оятларни қироат қилиб бердик. У таъсирланиб, йиғлаб юборди, «У Зотнинг Каломини эшитгач, Унга осийлик қилиб бўлмайди», деди-да, шаҳодат калималарини келтириб, мусулмон бўлди. Кейин уни ҳам бирга олиб кетишимизни илтимос қилди. Биз уни ҳам кемага олиб, йўлга тушдик. У ўша куниёқ Қуръондан бир неча сураларни ўрганиб олди. Кечаси ҳаммамиз ухламоқчи бўлаётган эдик, у: «Сизлар менга У Зот ухламайди деган эдиларинг-ку?» деди. Биз: «Ҳа, У Зот Ҳайй ва Қайюм, У Зотни мудроқ ҳам, уйқу ҳам босмайди», дедик. У: «Қулнинг Хожаси олдида ухлаши одобсизлик», деди-да, сакраб ўрнидан турди. Тонгача йиғлаб чиқди. Абадон деган жойга етганимизда шерикларимизга: «Бу одам Исломга энди кирди. Унинг ҳеч нарсаси йўқ экан, ёрдам қилайлик», дедим. Биз қўлдан келганча унга бир нималар бердик. У: «Бу нима?» деб сўради. «Бу сенга эҳсон», дедик. У эса: «Субҳаналлоҳ! Сизлар мени ўзингиз билмаган нарсага йўллабсизлар-ку! Мен оролда У Зотдан бошқа нарсага ибодат қилган пайтимда ҳам мени ҳалок қилмай, ризқлантириб турган эди. Энди Холиқ ва Раззоқ Зотнинг Ўзига ибодат қилганимда мени ташлаб қўярмиди?» деди.

Манзилга етгач, у билан хайрлашдик. Орадан бир муддат ўтгач, унинг ўлим тўшагида ётганини эшитдим. Борсам, сўнгги нафасларини олаётган экан. Унга салом бериб, «Бирор ҳожатинг борми?» деб сўрадим. «Мен У Зотни танимаган пайтимда сизларни ўша оролга келтириб қўйди. Ўшандаёқ ҳожатим раво бўлган», деди. Мен бир лаҳза унинг ёнида ўтирдим. Бироздан сўнг уйқу ғолиб келиб, кўзим илинибди. Туш кўрибман. Тушимда Абадон қабристонида бир гумбазли боғ, гумбаз остида эса бир сўри бор эди. Сўрида ҳусну жамолда тенги йўқ бир жория ўтирарди. Жория менга: «Аллоҳга қасам, унинг жанозасини тезлат, унинг ҳижрони мени қийнаб юборди», деди. Уйғониб кетдим. Қарасам, у жон таслим қилибди. Дарҳол уни ювиб, кафанладим, сўнг жаноза ўқиб, уни дафн қилдик. Ўша тунда яна туш кўрибман. У худди ўша гумбаз остидаги сўрида жория билан бирга ўтирар, атрофига қараб, ушбу оятни такрорлар эди: «Сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай. Дунё оқибати (жаннат) нақадар яхши!» (Раъд сураси, 24-оят).

«Солиҳлар гулшани» китобидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг дўстлари Унинг сонсаноқсиз неъматлари учун қанча шукр қилсалар, шунча озлигини ҳис этиб, барча ҳолларида шукрни зиёда қилиш ҳаракатида бўлишган.Зеро, давоми...

4435 14:10 / 01.10.2019
Азҳар шайхи Али Жодулҳақ раҳимаҳуллоҳдан .Нега шайх Шаъровий докторлик даражасини олмаганлар, деб сўрашганда, Азҳар шайхи .Ким у кишининг илмига эга бўлдики, давоми...

1813 10:00 / 01.05.2021
Фолбинларга ва фол кўрувчиларга шаръий китобларимизда .коҳин, ва .арроф, деб ном берилган. Коҳин баъзи яширин, сирли нарсаларни, тўғрироғи, ғайбни билишни даъво давоми...

4907 19:12 / 10.10.2018
Рамазон ойи ҳам яқинлашиб қолди. Бу ойнинг улуғлиги кўпчиликка маълум. Бу ойда бажариладиган амалларнинг савоби бошқа ойларга қараганда кўпайтириб берилишини давоми...

2915 12:30 / 01.05.2019