1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Теримиз ҳақида нималарни биламиз?

17:30 / 21.07.2020 3149 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тери сезги аъзосидир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا بِآيَاتِنَا سَوْفَ نُصْلِيهِمْ نَارًا كُلَّمَا نَضِجَتْ جُلُودُهُم بَدَّلْنَاهُمْ جُلُودًا غَيْرَهَا لِيَذُوقُوا الْعَذَابَ ۗ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَزِيزًا حَكِيمًا

«Оятларимизга куфр келтирганларни албатта оловга киритиб, куйдирурмиз. Қачонки терилари етилиб пишганда, азобни тотишлари учун уларга бошқа тери алмаштирурмиз. Албатта, Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир» (Нисо сураси, 56-оят)

Ушбу оятда Аллоҳ таоло терининг вазифаси ҳақида баён қилиб, тери оғриқ ва азобни сезиш жойи эканини таъкидлаган.

Бу ҳақда бугунги кун илми нима дейди?

Албатта, терига бириктирилган муҳим вазифалардан бири сезиш вазифасидир. Бу сезиш ушлаб кўриб сезиш, ҳароратни сезиш ва оғриқни сезишдан иборат. Терининг сатҳида сезги нуқталари мавжуд бўлиб, ҳар сантиметр квадрат майдонда жойлашган бу нуқталар тананинг турли жойларида турли миқдорда тарқалган. Танадаги сезги нуқталари энг кўп жойлашган жой бармоқлардир. Сезиш ҳисси ўша нуқталар орқали тери остидаги асаб толаларига ўтказилади. Ҳа, тери танамиздаги оғриқни сезадиган аъзодир.

Қани айтингчи, бундан бир минг тўрт юз йил олдин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа ҳеч кимда бўлмаган махсус текшириш аппаратлари бўлганми? Ёки бу ҳақиқатларни Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали билдирганми?  Албатта, Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақиқатларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга билдиргандир!

Инсонлар авваллари одам танасининг барча қисми сезувчан, қаерига урсангиз ҳам оғриқни сезаверади. Бошига урсангиз ҳам оғриқни сезади, кўзига урсангиз ҳам оғриқни сезади, чунки тананинг ҳамма жойи сезувчидир деб ўйлашарди. Танани ёриб ўрганиш илми ривожлангач, ҳақиқат маълум бўлдики, инсон танасининг ҳамма жойи сезувчи эмас, балки фақат тери сезувчидир. Ана шу тери оғриқни сезадиган аъзодир. Масалан сиз нинани бир инсоннинг танасига киритсангиз, нина терига кираётганда оғрийди. Теридан ўтиб, гўштга етиб борганда оғриқни сезмайди. Кейин олимлар бу жараённи микроскоп орқали кузатдилар ва асаблар тери остида жойлашганини аниқладилар.

Шунингдек, улар сезги асаб толалари бир неча хил бўлишини ҳам аниқладилар. Баъзи асаб толалари ушлаб, тегиниб ҳосил бўладиган сезгиларни сезса, баъзилари босим тушиши пайтидаги сезгиларни сезар, айримлари иссиқликни, баъзи асаб толалари эса совуқликни сезар экан.

Олимлар шунингдек, иссиқлик ва совуқликни сезувчи асаб толалари фақатгина тери остида жойлашишини ҳам аниқладилар.

Агар кофирнинг териси дўзах азобида ёниб бўлса, нима бўлади? Кофир кимсалар мусулмонларга «Сизлар бизни олов билан қўрқитасизлар. Теримиз оловда ёниб битса, оғриқни сезмаймиз» дейишган.

Аллоҳ таолонинг юқоридаги ояти уларнинг мазкур даъволарини пучга чиқаради:

«Оятларимизга куфр келтирганларни албатта оловга киритиб, куйдирурмиз. Қачонки терилари етилиб пишганда, азобни тотишлари учун уларга бошқа тери алмаштирурмиз. Албатта, Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир» (Нисо сураси, 56-оят)

Аллоҳ таоло дўзахда азобаланаётган кофирнинг териси ёниб битгач, у қайтадан азобни тотиши учун унга янги тери алмаштиришини баён қиляпти. Шунингдек, Роббимиз дўзахда азобланаётган кимсанинг ошқозони, ичакларига қандай азоб етишини ҳам баён қилган. У Зот Қуръони Каримда шундай деган:

«(Улар) оловда мангу қолувчи ва ўта қайноқ сув ила суғорилиб, ичаклари титилиб кетган кимсага ўхшарми?» (Муҳаммад сураси, 15-оят)

Бу оятда кофирларнинг ичакларига қандай азоб берилиши баён қилинмоқда. Кофирларнинг ичаклари титилиб кетиши айтилмоқда.

Танани ёриб кўриб ўтказилган текширишлардан шу нарса маълум бўлдики, ичакларда иссиқлик ва совуқликни сезадиган асаблар бўлмас экан. Ичаклар фақат титилиб кетар экан. Агар ичаклар титилса, азоб ичаклар остидаги ички аъзоларга тегса, ундаги оғриқ, азоб даҳшатли бўлади. Чунки ичаклар остида жигар, буйрак, ошқозон каби аъзолар бор. Ўта қайноқ сув ичакларни титиб юборса, бу жуда даҳшатли азоб бўлади.

Қуръони Карим терига бўладиган азобни ҳам, ошқозон-ичакларга бўладиган азобни ҳам шу даражада баён қилдики, бундай баён тери ва ичакларнинг таркибини ўта яхши билувчи Зот томонидангина бўлиши мумкин.

Юсуф Ҳожи Аҳмаднинг «Қуръони Карим ва Суннати Мутоҳҳарадаги илмий эъжоз энциклопедияси» ва Абдулмажид Зиндонийнинг «Илм иймон йўлидир» китоби асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади.

 

Мавзуга оид мақолалар
Ислом соғликнинг Аллоҳ таоло томонидан бандага берилган улуғ неъмат эканини, унинг учун банда шукр килиши лозимлигини таъкидлаш билангина кифояланиб қолмайди. давоми...

2921 15:02 / 29.06.2020
Кундан кунга Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳарадаги илмий мўъжизалар, ҳақиқатлар илмий томондан ҳам аниқланмоқда. Ушбу мақолада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи давоми...

2224 09:02 / 01 март
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган .У Зот сизларга дин этиб, Ўзи Нуҳга васият қилган ва сенга ваҳий қилган ҳамда Иброҳим, давоми...

2895 12:37 / 05.02.2022
Туянинг оғзи шундай мустаҳкам қилиб яратилганки, ҳар қандай тиканли ўсимликларни истеъмол қилиб кетаверади. Бошқа жонзотларнинг оғзи эса бу каби ўсимликлардан давоми...

2291 14:04 / 26.06.2022