1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Қазо ва қадар

23:31 / 02.12.2016 9536 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Қадар» сўзи ўлчов маъносини англатади. Ислом ақийдасида эса Аллоҳ таоло азалда Ўз илми ва иродаси ила ҳар бир нарсани ўлчовли қилиб қўйганига эътиқод қилишни билдиради. 

  Аммо ушбу оддий тушунчанинг бузиб кўрсатилиши оқибатида, қазо ва қадар ақийдасига турли нотўғри тушунчалар аралашиб кетган.
Замон ўтиши билан турли омиллар сабабли исломий тушунчаларга ҳар хил бузуқ фикрлар, бидъат-хурофотлар аралашиб кетгани маълум.
Ўша исломий тушунчалар ичида энг кўп бузилгани, ҳатто тескари маънога айланиб кетай дегани, қазо ва қадар тушунчаси, десак муболаға бўлмас. Аслида эса бу ақийда жуда соф ва осон тушуниладиган нарсадир.
Уламоларимиз «қазо» ва «қадар»ни қуйидагича таърифлайдилар:
«Қазо – Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандоқ бўлишини азалдан билишидир».
«Қадар – ўша нарсаларнинг Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир».
Аҳли сунна ва жамоа мазҳабига биноан балоғатга етган мусулмонга Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳамма ишини махлуқотларга боғлиқ нарсаларнинг ҳаммасини аввалдан билишига иймон келтириши вожиб бўлади.
Қазо ва қадар ақийдаси, Аллоҳга иймон келтириш асосидаги Ислом ақийдаларидан бири ҳисобланади. Бу ақийда, тўғри маърифат асосида Аллоҳ таолони камол сифатлари билан сифатлашга асослангандир.
Ана ўша сифатларнинг бири – Аллоҳнинг илми, у илмнинг чегарасизлиги, Аллоҳ иродасининг шомиллиги ва қудратининг комиллигидир.
Қазо ва қадар ақийдаси, Аллоҳнинг ана шу сифатларига асосланган ақийдадир. Шунинг учун ҳам қазои-қадарга иймон бўлмаса, Аллоҳга бўлган иймон тугал бўлмайди.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билади. Уяси ичида ғимирлаётган чумолининг ҳаракатини-ю, ўз фалакида ҳаракат қилаётган сайёраларни ҳам билади. У зотнинг илмидан ҳеч нарса ғойиб бўлмайди. Аллоҳ таоло дунёдаги ҳар бир заррани ҳам ва унинг ҳаракатини ҳам билиб туради.
Шунингдек, Аллоҳ таоло қиёматгача нима бўлишини ҳам билади. Агар уларни билмаса, У зотнинг сифати камолиясига нуқсон етган бўлади. Ана ўша илоҳий илм «қазои-қадар» деб аталади.
Бунда жоҳил кишилар ўйлаганидек, Аллоҳ томонидан бандани мажбур қилиш йўқ, Балки, Аллоҳ таоло томонидан банда нима қилишини олдиндан билиш бор. Чунки Аллоҳнинг илми чегара билмасдир.
Уламоларимиз бу тушунчани осон фаҳмлаш учун қуйидаги мисолни келтирадилар.
Кайфиятингиз ёмон бўлиб турган пайтда ойнага қарадингиз. Аксингизни қавоғингиз солиқ, пешонангиз тиришган, аччиғингиз чиққан ҳолда кўрдингиз. Ана ўшанда ойнадан ўпкалашга ҳақингиз борми? Бу ойна менга жабр қилди, мени ёмон кайфиятга туширди, дея оласизми? Албатта, йўқ. Ойна сиздаги бор нарсани ўзингизга кўрсатди, холос. Қовоғингиз солинишига, пешонангиз тиришишига ва аччиғингиз чиқишига унинг ҳеч дахли йўқ. Қазои қадар ҳам шундай! У бандаларнинг фикрлари ва амалларини Аллоҳнинг Ўз илми азалийси ила билиши, холос.
Яна бошқа бир мисол. Устоз ўз шогирдларининг илмий савиясини яхши билади. Имтиҳон саволларини ёзган пайтда фалончи «аъло» баҳо олади, пистончи «яхши», деб айтди. Имтиҳон натижаси устоз айтганидек чиқди. Шогирдлар устоз айтган гап учун мазкур натижага эришдиларми? Ёки устознинг ўз тажрибасига асосланган ожизона илми уларни ўша баҳоларни олишга мажбур қилдими?
Албатта, Аллоҳга ҳеч қандай ўхшаш йўқ. Лекин тушуниш учун келтирилган шу мисолдан ҳам қазои-қадарда бандани бирор нарсага мажбурлаш йўқлигини англаб олишимиз зарур. Ожиз инсон ўзига қарашли нарсаларда шунчалик илмга эга бўлса, нима учун қудратли Аллоҳ, чексиз илм соҳиби бўлган зот, азалдан ҳамма нарсани билмаслиги керак?
Ўтган уламоларимиздан ал-Хаттобий қуйидагиларни айтадилар:
«Кўпчилик одамлар қазо ва қадарни Аллоҳ таоло томонидан Ўзи тақдир қилиб қўйган ишларга бандани қаҳр ила мажбур қилиш, деб ҳисоблайдилар. Уларнинг бу фикрлари нотўғридир. Қазо ва қадарнинг маъноси, бандаларнинг келажакда бўладиган ишларини Аллоҳ томонидан муқаддам билиб турилишидир».
Аллоҳ хоҳласа, бу борадаги ояти карима ва ҳадиси шарифларни ўрганиб чиқишимиз билан яна кўп нарсалар ойдинлашади.
Аллоҳ таоло: «Албатта, биз ҳар бир нарсани қадар ила яратдик», деган (Қамар, 49-оят).
Демак, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани ўлчов билан яратган ва ҳар бир нарсани билиб туради. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла халойиқнинг тақдирини қазо қилган чоғда, Ўз ҳузуридаги, Арш устидаги китобга, албатта, раҳматим ғазабимдан илгаридир», деб ёзди», дедилар». Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда қадар масаласининг бир қисми баён қилинмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ азза ва жалла халойиқнинг тақдирини қазо қилган чоғда» деганлари, азалда - ҳамма нарсаларнинг келажакда қандоқ бўлишини билган чоғда, деганларидир.
Демак, Аллоҳ таоло махлуқотларни яратишдан олдин келажакда уларнинг ҳоли қандоқ бўлишини билган. Чунки У зот илмининг чегараси йўқ. Ғайбнинг ишини У зотнинг Ўзигина билади. Бу дунёда қиёматгача бўладиган барча ишларни ҳам У зотнинг Ўзигина билади.
«Ўз ҳузуридаги, Арш устидаги китобга»даги китобдан мурод, «Лавҳул Маҳфуз»дир.
Демак, Аллоҳ таоло махлуқотлар тақдирини ёзган китобнинг номи, «Лавҳул Маҳфуз»дир. Бунга иймон келтириш ҳам лозим нарсалардан биридир.
«Арш» эса луғатда подшоҳ ўтирадиган тахтни англатади. Ақоид илми уламолари келтиришларича, оят ва ҳадисларда келган васфларга биноан, «Арш» оёқлари бор тахт бўлиб, уни фаришталар кўтариб туради. У худди олам устидаги қуббага ўхшайди. У махлуқотларнинг шифтидир. Аллоҳ таолонинг Аршга эҳтиёжи йўқ. Балки уни Ўзи билган ҳикмат учун яратгандир:
«Арш устидаги китобга» дейишда жисмий маъно кўзда тутилмаган. Чунки Аршнинг устида нарса йўқ. Аллоҳнинг ҳузуридаги олий маконлик кўзда тутилган.
«Ёзди» дейилишидан мурод эса қаламга ёзишни буюрди, деган маънони англатади.
Кўриб турибмизки, бу ҳадиси шарифда, ақоид илмида «ғайбиёт» деб номланган нарсалардан бир нечаси зикр қилинмоқда. Ҳадиси шарифда ўша ғайбий иймон келтириш лозим бўлган нарсалардан, Аршни, Китобни ва уларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мартабасини эслата туриб, Аллоҳнинг раҳмати ғазабидан илгари экани таъкидланмоқда. Бу эса сиз билан биз бандаларнинг доимо Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлишимиз учундир.
Аллоҳ таолонинг раҳмати ғазабидан ғолибдир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Раҳматим ҳамма нарсадан кенгдир», деган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф-табиат) ила туғилади. Бас ота-онаси уни яҳудий ва насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвонинг бут-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар.
Сўнгра Абу Ҳурайра «Агар хоҳласангиз: «Аллоҳнинг одамларни яратган фитратидир. Аллоҳнинг яратишини ўзгартириш йўқ. Ана ўша, энг тўғри диндир», деган оятни ўқинг», дер эди
».
Тўртовлари ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда Аллоҳ таоло инсонларни яратиш пайтида соф табиат билан яратса ҳам кейинчалик инсонлар, хусусан, ота-она тарбияси сабабли бу софликка футур етиши, унинг бузилиши ҳақида сўз бормоқда.
«Фитрат» дегани, соф табиат, динни тўғри қабул қилишга бўлган истеъдод, деганидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан, Аллоҳ таолонинг динини қабул қилиш истеъдоди билан туғилиши ҳақида хабар бермоқдалар.
Демак, Аллоҳ таоло ҳеч кимни аввалдан сен яҳудий бўласан, сен насроний бўласан, сен мажусий бўласан, деб мажбур қилмайди. Одамларнинг турли динга мансуб бўлишига сабаб бор:
«Бас, ота-онаси уни яҳудий, насроний ва мажусий қилади».
Яъни, ота-оналар ўз болаларини ўз динларида тарбиялашлари оқибатида болаларнинг соф табиати бузилиб яҳудий, насроний ва мажусий бўлиб қоладилар.
Шу жойда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони тўлиқроқ тушунтириш мақсадида, саҳобаи киромларга ҳиссий бир мисол келтирмоқдалар.
«Бу худди ҳайвоннинг бут-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар».
Яъни, ҳар бир ҳайвон боласи онасидан бут-бутун туғилади. Бирортасининиг қулоғи ёки бурни кесилмаган бўлади. Аммо эгалари белги қўйиш мақсадида ва яна бошқа ниятда қулоқларини кесадилар, бурунларини кесадилар ва ҳоказо.
Шунга ўхшаб инсон ҳам онадан соф табиат билан туғилади, у яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб туғилмайди. Ота-онасининг тарбияси туфайли яҳудий, насроний ёки мажусий бўлади.
Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадисни ривоят қилгандан сўнг,
«Агар хоҳласангиз, Аллоҳнинг одамларни яратган фитратидир. Аллоҳнинг яратишини ўзгартириш йўқ. Ана ўша энг тўғри диндир», деган оятни ўқинг», деб қўядиган одатлари бор эди.
Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида келган маънони Қуръони Карим ҳам тасдиқлашини билдириб қўймоқчи бўлар эдилар.
Ушбу ҳадисда катта ҳикмат мавжудлигини кўрамиз. Аввало, ўз қилмишига қазои қадарни рўкач қилиш нотўғри эканлигини тушуниб оламиз. Чунки Аллоҳ таоло ҳаммани соф табиат билан яратади. Баъзиларни соф табиатли, баъзиларни бузуқ табиатли қилиб яратмайди. Ўша соф табиатни сақлаб қолишда ёки уни бузиб юборишда инсоннинг ҳам ўрни бор.
Бу ишда ота-онанинг тутадиган ўрни жуда ҳам каттадир. Бола динининг шаклланишида ота-она ўз тарбияси билан муҳим ўрин тутади. Ота-онага Аллоҳ томонидан берилган неъматлар ичида энг улуғларидан бири фарзанддир. Ўша неъматнинг қадрига етиш эса уни берувчи зот яратган соф табиат ила Аллоҳнинг динида юрадиган қилиб тарбиялашдир. Бу ота-онанинг бурчидир. Ҳар бир мусулмон ота-она шу масъулиятни тўлиқ тушуниши керак.
Ушбу ҳадисда айтилган тарбиянинг аҳамиятига катта эътибор бериши керак. Агар кўпчилик ўйлаганидек, қазо ва қадар мажбурлаш бўлганида тарбия орқали турли динга кириб кетиш зикр қилинмаган бўлар эди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам ва Мусо алайҳиссаломлар Роббилари ҳузурида тортишиб қолдилар. Бас тортишувда Одам Мусодан ғолиб келди. Мусо: «Аллоҳ сени Ўз қўли билан яратган, ичингга Ўз руҳидан пуфлаган, фаришталарни сенга сажда қилдирган, сени жаннатига жойлаган, сўнг ўз хатойинг ила одамларни ерга туширган Одам сенмисан?» деди.
Шунда Одам: «Аллоҳ сени Ўз пайғамбарлигига ва каломига танлаб олган, ичида ҳар бир нарсанинг баёни бор лавҳларни берган ва муножот учун Ўзига яқинлаштирган Мусо сенмисан? Аллоҳ Тавротни менинг халқ қилинишимдан қанча олдин ёзган деб билдинг?» деди.
«Қирқ йил», деди Мусо.
«Унда, Одам Роббисига исён қилди ва адашди, деганини кўрдингми?» деди Одам.
«Ҳа», деди Мусо.
«Сен менга Аллоҳ таоло мени яратишидан қирқ йил олдин ёзиб қўйган амални қилганимни маломат қиласанми?» деди Одам.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бас, Одам тортишувда Мусодан ғолиб келди», дедилар
».
Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда энг нозик масалалардан бири бўлмиш, қазои қадар масаласининг энг нозик жойларидан бири баён қилинмоқда.
Бу масала, Одам Атодан тортиб, ҳатто Мусо алайҳиссаломдек улкан пайғамбарда ҳам савол пайдо қилгани ҳақида сўз кетмоқда.
Бу масала, ҳатто икки катта пайғамбар орасида ўзаро тортишувга сабаб бўлгани ҳақида баён қилинмоқда.
Бу ҳадисни муҳаддисларимиз турли йўллар ва турли матнлар билан чиқарганлар. Уларнинг ҳаммалари бир-бирини тўлдириб келади. Ўша ривоятларнинг бирининг матни қуйидагича:
«Мусо:
«Эй, Роббим бизни ҳам, ўзини ҳам жаннатдан чиқарган Одамни кўрсат», деди.
Бас, Аллоҳ унга отаси Одам алайҳиссаломни кўрсатди.
«Сен отамиз Одаммисан?» деди.
«Ҳа», деди.
«Аллоҳ ичингга Ўз руҳидан пуфлаган, исмларнинг барчасини ўргатган, фаришталарни сенга сажда қилишга амр қилган сенмисан?» деди.
«Ҳа», деди.
«Сени бизни ҳам, ўзингни ҳам жаннатдан чиқаришингга нима мажбур қилди?» деди.
«Сен кимсан?» деди Одам.
«Мен Мусоман», деди.
«Роббинг Ўз пайғамбарлигига танлаб олган сенмисан? Аллоҳ ҳижоб ортида туриб сен билан Ўзи орасида махлуқотларидан элчи қўймай гаплашган Бани Исроилнинг пайғамбари сенмисан?» деди.
«Ҳа», деди.
«Сен ўшанинг мен яратилишимдан олдин Аллоҳнинг китобида бор эканини билмадингми? Ўзимдан олдин Аллоҳнинг қазоси кетган нарсада мени маломат қиласанми?» деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бас, Одам Мусони тортишувда енгди. Бас, Одам Мусони тортишувда енгди. Бас, Одам Мусони тортишувда енгди», дедилар».
Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, гап, биринчи ҳадисни ўқиб зоҳиран қараганда хаёлга келадиган фикр ҳақида кетаётгани йўқ. Гап Одам алайҳиссаломнинг қилган хатоси Аллоҳ у кишига мажбур қилганидан содир бўлгани ҳақида бораётгани йўқ. Одам алайҳиссалом ўша машъум хатони қилиб, ман қилинган дарахт мевасидан еб қўйишимда менинг айбим йўқ, демоқчи ҳам эмаслар. Уни Аллоҳ менга мажбур қилиб бажартирди, шунинг учун мени маломат қилма, демоқчи ҳам эмаслар. Гап умуман бошқа нарса ҳақида бормоқда.
Аввало Одам алайҳиссалом ўз хатосини тан олиб, тавба қилгани маълум ва машҳур. Буни ҳамма бирдек эътироф қилади.
Қуръони Каримда Одам алайҳиссаломнинг тавба қилишлари ҳақидаги оятлар такрор-такрор келган. Одам алайҳиссалом машъум хатони қилиб, ман қилинган дарахтнинг мевасидан едилар.
Аллоҳ: «Нима учун ман қилинган нарсани единг?!» деб итоб қилди.
Ўшанда Одам алайҳиссалом:
«Эй, Роббим, Ўзинг аввалдан тақдир қилганинг учун едим.. Менда айб йўқ», демади. Балки:
«Эй, Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Ўзинг бизни мағфират қилмасанг, бизга раҳм қилмасанг зиёнкорлардан бўламиз», деди.
Одам алайҳиссаломдек зот Аллоҳ таолога бир гапни, Мусо алайҳиссаломга бошқа гапни айтмайди. Ўзидан содир бўлган бир хато ҳақида Аллоҳга, «айб менда», деб туриб, Мусо алайҳиссаломга, «менда айб йўқ», демайди.
Биз ўрганаётган ҳадисда гап Одам алайҳиссаломнинг хатосини тан олмасдан, унга қадарни рўкач қилаётгани ҳақида бормаётгани шундан. Ундоқ бўлса гап нима ҳақида бормоқда?
Ушбу мавзудаги ҳадисларни ўрганиб чиқсак, қуйидагилар маълум бўлади; Мусо алайҳиссалом ўз даврларида кўп машаққатларни чекдилар. Ўзларидан бошқа одам фарзандлари ҳам қийинчилик ичида яшаётганларини кўрдилар.
Айниқса, Бани Исроилнинг Фиръавн зулми остида турли азоблар чекаётганига жонли гувоҳ бўлдилар. Албат-та, «бу машаққатлар, қийинчиликлар, азоб-уқубатларнинг сабаби нима?» деб ўйлаганлар.
Охири бориб, «Одам жаннатдан қувилмаганда шу нарсалар бўлмасмиди?» деган фикрга ҳам келганлар. Ҳамма балонинг боши Одам Ато содир этган биринчи хатода, деган хаёлга борганлар.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолога мурожаат қилиб:
«Эй, Роббим, менга бизни ҳам, ўзини ҳам жаннатдан чиқарган Одамни кўрсат», деганлар.
Сўнгра Аллоҳ таоло у кишига оталари Одам алайҳиссаломни кўрсатган ва ораларида мазкур тортишув бўлиб ўтган.
Тортишувни диққат билан ўргансак, кўп нарса маълум бўлади.
Мусо алайҳиссалом инсониятнинг машаққат чекишини Одам алайҳиссаломга юкламоқчи бўлмоқдалар. Агар сен ўша машъум хатони қилмаганингда, инсоният жаннатдан чиқмай юраверар эди, бунчалик қийинчилик, азоб-уқубат ва машаққатлар бўлмас эди, демоқчи бўладилар.
Одам алайҳиссалом эса инсониятнинг дунёга келиши ва мазкур ҳолатда яшашига ўз хатоларининг алоқаси йўқлигини исбот қилмоқчи бўладилар.
Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг хатоси туфайли бу одамларни яратгани йўқ. Инсонларнинг бу шаклда яшашини тақдир қилгани йўқ. Бу нарса олдиндан белгилаб қўйилган эди. Одам алайҳиссалом тортишувда шу далилни келтирдилар.
Мусо алайҳиссалом ҳам бунга қаноат ҳосил қилдилар. Шу тариқа Одам алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломни енгдилар.
Ушбу ҳадиси шарифни ўрганиш давомида кўпгина ҳикматлардан бохабар бўлдик. Жумладан, бир мавзу бўйича битта ҳадиснинг сиртига қараб туриб ҳукм чиқариб юбориш хатарли эканини яхши тушуниб олдик.
Қадимдан кўпчилик нобакорлар, ушбу биз ўрганган ҳадиснинг сиртидан ҳукм чиқариб:
«Одам қадарни рўкач қилиб кўрсатиб, Мусони енгди, биз ҳам гуноҳимизни ихтиёримиз билан қилаётганимиз йўқ, Аллоҳ тақдиримизга ёзган экан, қандоқ қиламиз», деган баҳона қилиб келганлар.
Аслида эса Одам алайҳиссалом ўзида бутун инсониятнинг бахтсизлиги учун жавобгарликни инкор этган, бу нарса Аллоҳнинг азалдан белгилаб қўйган илми асосида бўлаётганини айтган эканлар. Аммо биринчи хатога йўл қўйган чоғларидаёқ, эътироф этиб тавба қилганлар. Аллоҳ таоло у кишининг тавбаларини қабул этган.
Демак – дейди, аввалги уламоларимиз – инсон ўз касбига жавобгар, у Аллоҳнинг амри билан бўлган ва ўзининг дахли йўқ нарса учун маломат қилинмайди. Оламнинг мавжудлигига ва унда одамларнинг тарқалганига Одам алайҳиссаломнинг хатолари сабаб ҳам эмас, одамларнинг машаққатларига у киши жавобгар ҳам эмас.
Демак, нобакорларнинг ўз гуноҳларига қадарни узр қилиб кўрсатишлари ҳам тўғри эмас. Агар улар айтган гап тўғри чиқиб, инсон ҳамма ишини мажбур бўлиб қилганида эди, дунёнинг низоми тамоман мантиқсиз бўларди. Унда яхши билан ёмоннинг фарқи қолмас эди. Чунки яхши яхшиликни мажбур бўлиб қилмоқда. Шунинг учун яхшилиги унга фазл бўла олмайди. Ёмон ёмонлигини мажбур бўлиб қилмоқда. Шунинг учун ёмонлиги унга айб бўла олмайди. Ким нима қилса жавобгар эмас, хоҳлаган ёмонлигини қилаверади.
Бу жуда ҳам хатарли фикр, дунёнинг бузилишига чақириқдир. Бу – дунёдаги динлар, шариатлар, пайғамбарлар, илоҳий китоблар – ҳаммаси беҳуда, деган гап. Чунки улар одамларни ёмонликдан қайтариб, яхшиликка чақирадилар.
Ўз амалига қадарни рўкач қиладиган нобакорлар эса:
«Буларнинг фойдаси йўқ, инсоннинг фақат олдиндан белгилаб қўйилган нарсани бажаришдан бошқа иложи йўқ», дейдилар.
Ушбу фикр қаерда тарқалса, ўша ерда бало-офат ҳам тарқайди. Ўша ерда ёмонлик ҳеч қандай тўсиқсиз бемалол урчийди. Ҳар қандай масъулият, жавобгарлик осонлик билан тарк этилади. Оқибатда ҳамма нарса расво бўлади. Тарихда бунга мисоллар жуда кўп.
Қазою - қадар ақийдасини тузатиб, асл исломий ҳолига келтириш диний ислоҳнинг муҳим вазифаларидандир. Қазо ва қадар ақийдаси аввалгидек мусулмонларни ўлимдан, қийинчиликдан қўрқмай: «Бизга Аллоҳ ёзган нарсадан бошқа ҳеч мусибат етмас», деб олға юришга чорлаши керак.
Қазою қадар масаласи, инсон ўз касби учун жавобгар эканини исбот қиларкан, мусулмонларни фақат яхшилик қилишга, барча ёмонликларни тарк этишга биринчи омил бўлиши керак. Ҳеч ким қазои қадарни рўкач қилиб, ўзини масъулиятдан олиб қоча олмайди. Бир ўғри ҳазрати Умарга:
«Қазои қадар шу экан, ўғрилик қилибман, нега энди қўлимни кесар экансан?» деганида у киши:
«Сен қазои қадар ила ўғрилик қилган бўлсанг, мен қазои қадар ила қўлингни кесаман», деган эканлар.
Кейин ҳазрати Умар ўз вазифадорларига:
«Уни аввал ўттиз дарра уриб, сўнгра қўлини кесинглар!» дедилар.
«Нима учун?» дейишди.
«Аллоҳ таолога нисбатан ёлғон нисбат бергани учун дарра урилади ва ўғрилик қилгани учун қўли кесилади», дедилар.
Қазои қадар дангасалик, гуноҳларни қилишга баҳона бўлиши мутлақо мумкин эмас. Бу масала улуғ ишларни бажариш ва олий ғояларга эришиш унвони бўлиши зарур.
Қадарни қадар ила даф қилиш маъносини ҳам унутмаслик зарур.
Очлик қадари озуқаланиш қадари ила даф қилинади.
Чанқоқ қадари сероб бўлиш қадари ила даф қилинади.
Беморлик қадари даволаниш қадари ила даф қилинади.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Шомга борганларида у ерда вабо тарқалганини эшитиб орқага қайтишга қарор қилдилар.
Шунда Абу Убайда розияллоҳу анҳу:
«Аллоҳнинг қадаридан қочибми?» деди.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу унга:
«шуни сендан бошқа айтса бўлмасмиди!? Ҳа, Аллоҳнинг қадаридан, Аллоҳнинг қадарига қочамиз. Айтгин-чи, агар сенинг туяларинг бўлса-ю улар икки бўлинган бир водийга тушсалар. Бўлакларнинг бири серҳосил бўлса-ю бошқаси қуруқ бўлса, ҳосилдорида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан, қуруғида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан. Шундай эмасми?!» дедилар.
Бу ишда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобалари ҳаммамиз учун яхши ўрнакдирлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақирликка қарши иш билан, жаҳолатга қарши илм билан, беморликка қарши даволаниш билан курашганлар. У зот маҳзунлик, ожизлик, дангасалик каби ҳолатлардан паноҳ тилаганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қадар масаласини нотўғри талқин қилишдан қайтарганлар.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда у зот:
«Охири замонда бир қавмлар пайдо бўлади. Улар маъсиятларни қиладилар. Сўнгра, буни бизга Аллоҳ тақдир қилган, дейдилар. Уларга радд қилувчи киши худди Аллоҳнинг йўлида қилич яланғочлаган киши кабидир», деганлар.
Қазо ва қадар масаласи тўғри англаб етилганда ва унга тўғри амал қилинганда мусулмонлар ўзларининг аввалги шон-шуҳратларини тиклашлари, ана шунда улар дунёда ўзларининг муносиб жойларини олишлари мумкин.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
У киши айтадиларки:
«Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис айтдилар. У зот содиқу масдуқдирлар:
«Сизнинг ҳар бирингизнинг халқ қилиниш моддаси онасининг қорнида маний ҳолида қирқ кун жам қилинади. Сўнгра ана шу мислича алақа (зулуксимон қон) бўлади. Сўнгра ана шу мислича музға(чайналган гўшт) бўлади. Сўнгра ичига руҳ пуфланади. Ва тўрт калима: ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки некбахтлигини ёзиш амр қилинади. Ундан бошқа илоҳи маъбуд йўқ зот билан қасамки, бирингиз аҳли жаннатнинг амалини қилиб келиб, ўзи билан жаннат орасида бир аршин қолганда, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қиладида, унга киради. Албатта, бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан дўзах орасида бир аршин қолганида, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, аҳли жаннатнинг амалини қилади-да, унга киради», дедилар
».
Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилган.
Бу ҳадиснинг аввалида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳабиб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзлари рост, тасдиқланган зот эканликларини таъкидлаб қўймоқдалар. У кишининг:
«У зот содиқу масдуқдирлар», деган гапи шу маънони ифода қилади.
Содиқлик сифати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг машҳур, энг кўп тарқалган сифатларидан бири эканлиги яхши маълум. Масдуқликлари эса яъни, ростгўйликлари тасдиқланган зот эканликлари ҳам худди шундоқ маълум ва машҳурдир.
Ровийнинг аввал бу сўзларни айтиб олиб, кейин ўзлари эшитган ҳадисни ривоят қилишга киришишларидан мақсадлари – бу ҳадисда келадиган маъноларга шак-шубҳа бўлмаслиги керак, деганларидир.
Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг илми нақадар чексиз эканлиги, нақадар шомил эканлиги, нақадар аниқ эканлиги баён қилинмоқда.
Шунингдек, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани аниқ ўлчов билан қилишлиги, у ўлчов ўзгармаслиги ҳамда ўша нарсаларни Аллоҳ таоло азалдан қиёматгача аниқ ва равшан билиб туриши баёни қилинмоқда.
Келинг, ҳадиси шарифда баён этилган фикрлар билан бирма-бир танишиб чиқайлик:
«Сизнинг ҳар бирингизнинг халқ қилиниш моддаси онасининг қорнида маний ҳолида қирқ кун жам қилинади».
Ким жам қилади? Албатта, Аллоҳ таоло жам қилади. Демак, ҳар бир инсон отасининг сулбидан маний ҳолида онасининг қорнига - бачадонига ўтиши фақат Аллоҳнинг илми ва тадбири ила бўлади. Дунёдаги неча миллиардлаб одам ўтган бўлса ҳаммаси шундоқ бўлган. Ҳозирги лаҳзада дунё бўйича неча сулбдан қанча маний, неча раҳимга ўтаётган бўлса ҳам Аллоҳ билиб турибди.
Лекин манийнинг бачадонга ўтиши бола пайдо бўлди, дегани эмас. Ўша манийдаги уруғлик аёлнинг тухумига урчиши керак. Бу эса Аллоҳнинг иродаси, тадбирисиз бўлмайди. Ота-она жинсий алоқа лаззатини ҳис қилишлари мумкин, лекин маний нима бўлаяпти? Уруғлик урчияптими, йўқми? - била олмайдилар. Ҳомила бўлган-бўлмаганини била олмай, аломатларидан биладиганларига мурожаат қиладилар. Уруғликнинг урчиши ҳақида уларнинг ҳеч қандай илми йўқ. Буни фақат чексиз илм соҳиби – Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади.
Аллоҳ таоло отанинг сулбидан ўтган манийнинг онанинг қорнида қирқ кун жамланиб туришини ирода қилган экан. Ана ўша муддатда турган маний урчиса, ҳомила бўлади. Ундан олдин тушиб кетса, ҳомила бўлмайди. Албатта, бунинг ҳаммаси Аллоҳнинг илми ва қудрати билан бўлади.
«Сўнгра ана шу мислича алақа (зулуксимон қон) бўлади».
Яъни, юқорида зикр қилинган муддат мислича-қирқ кун-алақа ҳолида туради. «Алақа»ни эски китобларимизда «лахта қон», деб айтилган. Араб тилида «Алақа» сўзи зулукни англатади. Ҳа, қон сўрадиган ҳайвон, зулук, арабчада «Алақа», дейилади.
Аллоҳ таоло ана ўша сон-саноқсиз бачадонлардаги нутфаларни алақага айланиш жараёнини яхши билиб туради ва тадбирини қилади. Бу жараённи У зоти Олийдан бошқа ҳеч ким билмайди.
Ҳатто аёлларнинг ўзлари ҳам ўз бачадонларидаги нутфа қайси лаҳзада қандоқ қилиб нутфадан алақага айланганини билмайдилар. Битта бачадондаги жараённи бутун дунё бир бўлиб пойласа ҳам, унга аралаша олмайди, аниғини билмайди. Аллоҳ таоло эса ҳамма бачадонлардаги жараённи билиб турувчидир. Одам дунёга келгандан бери қиёматгача билувчидир.
«Сўнгра ана шу мислича музға (чайналган гўшт) бўлади».
Яъни, алақа бўлгандан сўнгра ана шу муддат - қирқ кун мислича музға бўлади. Энди зулуксимон лахта қон бачадонда чайналган гўшт ҳолига айланиб, қирқ кун туради.
Бу ҳам олдин васф қилинганидек, фақат ягона Аллоҳ таолонинг илми ва тадбири ила бўлади. Аллоҳ таоло ирода қилмаса, хоҳ нутфалик, хоҳ алақалик, хоҳ музғалик ҳолида, бошқа ҳолга айланмай бачадондан тушиб кетади. Бечора бачадон эгаси эса уни тушиш жараёнидаги ўзгаришлардан сезади, холос.
«Сўнгра ичига руҳ пуфланади».
Яъни, музға бачадонда қирқ кун тургандан кейин ичига руҳ-жон пуфланади. Ушбу жараён энг муҳим жараён ҳисобланади. Бу–ҳаётнинг улкан сир-синоатидир. Ҳозиргача ҳеч ким жон нима, у инсон ичига қандоқ пуфланади, билмайди.
Инсон ўзининг узоқ ҳаёти давомида бу сирни англаб етиш учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилди, аммо англай олмади. Ҳамма нарсани билишни даъво қилаётган инсон шунчалар жоҳил, у дунё сирларини биламан, деб даъво қилади-ю, ақалли ўзини ҳам билмайди.
Бу сирни фақат Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзигина билади. Фақат билибгина қолмай, тадбирини ҳам қилади.
Ана энди, биз ўрганаётган мавзу – қазо ва қадарга тегишли жараён бошланади.
«Ва тўрт калима: ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки некбахтлигини ёзиш амр қилинади».
Кимга амр қилинади?
Вакил қилинган фариштага амр қилинади.
Ким амр қилади?
Аллоҳ таоло амр қилади.
Нима амр қилинади?
Ёзиш амр қилинади.
Ёзиш нима дегани?
Ёзиш билимни қайд қилиш, дегани.
«Илмни ёзиш ила қайд қилинглар» дейилган бир асарда. Ёзиш илмни янада аниқроқ исбот қилиб қўйишни англатади. Бирор нарсани ёзиб, илмни қайд қилиб қўйиш, бошқа бировни ўша ёзилган нарсага мажбур қилиш, дегани эмас.
Хусусан, ўша ёзилган нарса сир тутилса, умуман ҳеч қандай таъсири бўлмайди. Бўлиши мумкин ҳам эмас.
Инсон онаси қорнида турганида, келажакда бўладиган унга тегишли маълумотлар, Аллоҳнинг илмида қайд қилинади.
Хўш, ушбу илмни ёзиб қўйиш - қайд қилишни уни мажбурлаш, деб бўладими?
Йўқ, албатта!
Хусусан қайд қилинган нарсалар, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган нарсалар-ку! 

  Энди мазкур тўрт нарсани алоҳида ўрганиб чиқайлик:
1. Ризқ.
Дунёдаги барча жонзотларнинг ризқини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади.
Бу жонзотларнинг қайси бирига қачон, қанча ва қандоқ ризқ тегишини Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди.
Бутун дунё тўпланиб, биргина жонзотнинг бир лаҳзалик ризқини билмоқчи бўлсалар, бунга эриша олмайдилар.
Халқ ичида «ютганинг ўзингники, чайнаганинг гумон», деган нақл бор. Бу гап ризқ Аллоҳдан бошқа ҳаммага гумон эканлигини таъкидлаш учун айтилган. Кишининг оғзида чайнаб турган таоми ўзига ризқ бўладими-йўқми, била олмайди, деган маънодаги гап.
Аслида бу ҳам унча аниқ ифода эмас. Ютганинг ҳам гумон бўлади. Чунки томоқдан ўтган нарсани ҳам тўлиқ ризқ бўлади, деб айта олмаймиз. Аллоҳ унинг ризқ бўлишини хоҳламаса, ўша таом заҳарга айланиб, инсонни бемор қилиши ёки ҳалок этиши мумкин. Ёки кўнгилни айнитиб, қусқи бўлиб, чиқиб кетиши мумкин. Хўш, шунчалик сир нарса инсон ҳаётига таъсир қилиши мумкинми? Йўқ, албатта!
Барча жонзотларни йўқдан бор қилган зот ҳам, жумладан, инсонни яратган зот ҳам, Аллоҳ таолодир.
Унинг нутфалигидан олдин ҳам, ўлгандан кейин ҳам барча ҳолатларини аниқ биладигон зот Аллоҳдир.
Дунёдаги барча ризқларни яратган, уларни яхши ва тўлиқ биладиган, тадбирини қиладиган зот ҳам Аллоҳдир.
Бинобарин, ҳар бир инсонга қанча ва қандоқ ризқ тегишини ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзи билиши ғариб нарса эмас.
Ўша Ўзи билган нарсани фаришталаридан бирига айтиб, ёздириб қўйиши ҳам қийин эмас.
Агар Аллоҳ таоло ҳар бир жонзотнинг ризқини аниқ ва тўлиқ билмаса, Аллоҳлиги қолармиди?! Аллоҳнинг бу илмида мажбурлаш аломати йўқ.
2. Ажал.
Бу ҳам фақат Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайдиган нарсалардан. Аллоҳ Ўзининг шомил илми ила барча жонзотларнинг, жумладан, ҳар бир инсоннинг ажалини аниқ билади.
Аллоҳдан бошқа ҳеч ким, ҳатто муқарраб фаришталар ҳам, бирор жонзотнинг ажалини билмайди.
Дунёнинг ҳаммаси тўпланиб, бир дона кичкина қумурсқанинг ажалини билишга ҳаракат қилсалар ҳам, уддалай олмайдилар.
Дунёдаги барча жонзотларни, жумладан инсонларни яратган зот – Аллоҳ.
Уларга жон ато этган зот – Аллоҳ.
Уларни ўлдирадиган зот – Аллоҳ.
Бинобарин, ҳар бир жонзотнинг, жумладан, ҳар бир инсоннинг ажалини фақат Аллоҳнинг Ўзи билиши ғариб эмас.
Ўша Ўзи билган нарсани фаришталаридан бирига айтиб ёздириб қўйиши қийин эмас.
Агар Аллоҳ ҳар бир жонзотнинг ажалини тўлиқ ва аниқ билмаса, Аллоҳлиги қолармиди?!
Аллоҳнинг бу илмида ҳам мажбурлаш йўқ.
3. Амал.
Бунинг илми ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хос бўлган нарсалардан бири.
Инсон нафақат бошқаларнинг, ҳатто ўзининг ҳам бироздан сўнг нима қилишини аниқ билмайди.
Инсон бир нарсани ният қилади, унинг учун интилади. Аммо ўша ишнинг амалга ошиши ёки амалга ошмаслиги Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасига боғлиқ. Аллоҳ хоҳлаган иш бўлади, хоҳламагани қолади.
Шу сабабдан, Аллоҳ таоло ҳар бир инсоннинг туғилганидан тортиб, ўлгунча қадар қиладиган амалини тўлиқ ва аниқ билиши ғариб эмас.
Чунки инсонни Аллоҳ яратган ва унинг барча имкониятлари, хусусиятлари ва бошқа нарсаларини тўлиқ ва аниқ биладиган ягона зот – Аллоҳ.
Шунингдек, инсон ҳаёт кечирадиган дунёни яратган зот ҳам – Аллоҳ.
Бу дунёнинг икир-чикирлари, майда-чуйдаларигача тўлиқ ва аниқ биладиган зот – Аллоҳ.
Инсоннинг ҳам, дунёнинг ҳам, тасарруфини қилиб турадиган зот – Аллоҳ.
Бинобарин, инсоннинг нима амал қилишини ягона Аллоҳнинг Ўзи билиши ҳақ гап.
Агар, Аллоҳ бу нарсани билмаса, Аллоҳлиги қолармиди?!
Аллоҳ ўша Ўзи билган инсон амалларини фаришталаридан бирига айтиб, ёздириб қўйиши қийин эмас.
Ўз навбатида Аллоҳнинг бу илми бандани у ёки бу амални қилишга мажбурлаш ҳам эмас.
4. Бадбахт ёки некбахтлик.
Ҳар бир инсон бахтли ёки бахтсиз эканлигини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Билганда ҳам Ўзининг ҳамма нарсани қамраб олувчи илми ила азалдан билади. Нафақат инсонга онасининг қорнида жон пуфлаганда, балки азалдан билади.
Ушбу ҳадисда айтилаётган маъно, ўша азалий илмни қайд қилиш, холос.
Бутун инсоният тўпланиб олиб, ичларидан битталарини ҳақиқий бахтли ёки бадбахт эканини билишга уринсалар ҳам, била олмайдилар. Ҳатто пайғамбарларнинг саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фақат Аллоҳнинг билдириши ила ўн кишигагина жаннатга кириш ҳақида башорат берганлар, холос.
Қолганларни нима бўлишини Аллоҳнинг Ўзигина билади.
Агар Аллоҳ буни билмаса, Аллоҳлиги қолармиди?!
Аллоҳ таоло ўша илмни фаришталаридан бирига айтиб ёздириб қўйиши қийин эмас.
Шу билан бирга, ўша илмни ёзиб қайд қилиб қўйиш бандани бадбахт ёки некбахт бўлишига мажбур қилиш эмас.
Чунки илм бир нарсани кашф қилувчи нурдир, бировни мажбур қилувчи куч эмасдир!
Эътибор берайлик, энди ҳадиснинг давомида нима учун одамлар бир-бирларининг ёки ўзларининг бадбахт ёки некбахтлигини била олмасликлари баён қилинади.
Пайғамбаримиз ҳадиснинг бу қисмини:
«Ундан бошқа илоҳи маъбуд йўқ зот билан қасамки», деб бошламоқдалар. Бу эса келажак гапнинг ўта муҳим эканига далолатдир.
«...бирингиз аҳли жаннатнинг амалини қилиб келиб, ўзи билан жаннатнинг орасида бир аршин қолганда, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қилади-да, унга киради».
Одамнинг нима бўлишини ким билар эди? Ҳатто ўша одамнинг ўзи ҳам билмайди. Умр бўйи тоат-ибодатда юриб, охирида шайтоннинг иғвосига учиб, иши расво бўлиши мумкин.
«Албатта, бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан дўзахнинг орасида бир аршин қолганида, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, аҳли жаннатнинг амалини қилади-да жаннатга киради».
Бунақаси ҳам бўлиши мумкин. Умр бўйи нима қилиб юрган бўлса-да, охирги пайтда инсонлиги қўзиб, яхши бир амал билан ҳоли батамом ўзгариб қолиши мумкин.
Шунинг учун ҳам «Ақоид» уламолари ушбу ҳадиси шарифни ва шунга ўхшаш бошқа ҳадисларни далил қилиб:
«Аҳли қибладан муайян шахсни жаннати ёки дўзахи эканлигига қатъий ҳукм қилиб бўлмайди», дейдилар.
Аммо юқорида зикр қилинган икки ҳолатда ҳам қадарнинг, Аллоҳнинг азалий илмининг мажбурий таъсири йўқ. Китобнинг ўзиб кетиши эса унда ёзилган илмнинг ўта аниқ ва пухта эканини билдиради, холос.
Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳнинг илми шомилу комил, аниғу пухта, ҳамма нарсани қамраб олувчи экани баён қилинди.
Бу ҳақиқатни бирма-бир ўрганиб чиқдик.
Ҳадиснинг охирида инсон ўз амали асосида ҳукм чиқариб, Аллоҳни унутиб қўймаслиги ёки кўнгли бироз бўлса ҳам бошқа томонга бурилиши мумкин эмаслиги таъкидланмоқда.
Биров «умрим бўйича яхши амал қилдим, энди албатта жаннатга кираман», деб хотиржам бўлмасин!
Ҳатто умрининг охирги лаҳзасида ҳам иш бошқачага айланиб кетиши мумкин. Чунки ҳамма нарса Аллоҳнинг амри билан бўлади.
Биров «мен умрим бўйи гуноҳ қилиб ўтдим, энди албатта, дўзахга тушаман», деб ноумид бўлмасин!
Ҳатто умрининг охирги лаҳзасида ҳам иш бошқачага айланиб кетиши мумкин. Чунки ҳамма нарса Аллоҳнинг амри билан бўлади.
Ишларнинг хотимасига қараб якун ясалади. Умрнинг интиҳоси қачонлигини ҳеч ким билмайди. Шунинг учун, ҳаётнинг ҳар лаҳзасини умрнинг охири, деб билиш керак.
Яхшилик қилиб юрганлар, охирги иши ёмонлик бўлиб қолмаслиги учун интилиши керак.
Ёмонлик қилганлар, қолган ҳар бир лаҳзани умрнинг охирги лаҳзаси, деб яхшилик қилишга ўтиши керак.
Қазо ва қадарга бўлган иймоннинг фойдаси ҳам шунда! Кишини доимо яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариб туришда!

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир нарса, ҳатто ожизлик ва ақллилик ҳам қазои қадар билан», дедилар
».
Икки Шайх ва Имом Молик ривоят қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадисларида ҳар бир нарса қазои қадар билан бўлишини таъкидламоқдалар.
Бунга иймон келтириш, мўмин-мусулмон одамнинг Аллоҳга бўлган иймонининг тугал бўлишидир.
Ҳадиснинг охирида кишилар унча эътибор бермайдиган икки нарса – ожизлик ва ақллилик ҳам қазои қадар ила эканлиги айтилмоқда.
Албатта, бу нарсалар фитрий, асл табиатда бор нарсалар бўлиб, Аллоҳ таоло ҳар бир инсонни яратиш пайтида ушбу нарсаларни ҳам қўшиб яратади.
Одатда булар инсоннинг дахли йўқ нарсалар ҳисобланади. Аллоҳ кимга ўткир ақл берса, ақлли бўлади. Аллоҳ бермаса, аксинча бўлади. Шунингдек, ожизлик ҳам.
Фақат инсон ўзига берилган нарсани тўғри ишлатишда масъулдир. Ақли ўтмас одамдан: «Нимага ақлингни ўткир қилиб олмадинг», деб сўроқ қилинмайди. Аммо «нима учун ақлингни етганича ишлатмадинг», дейилиши мумкин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига Қурайш мушриклари қадар ҳақида тортишиб келганларида, «Улар юзтубан дўзахга судраладиган кунларида, «Жаҳаннам азобини татиб кўринг! Албатта, Биз ҳар нарсани қадар билан яратдик» ояти нозил бўлди».
Араб мушриклари Аллоҳ таолонинг борлигига ишонганлари билан унинг баъзи сифатларига ишонмас, жумладан, қадар масаласига ҳам иймон келтирмас эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом даъватини бошлаб, ҳақ динни баён қила бошлаганларида, улар турли қаршиликлар кўрсатдилар. Жумладан, у зот алайҳиссалом қадар масаласини баён қилганларида, бунга қарши турдилар. Уларнинг бошлиқлари тўпланиб келиб Пайғабаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қадар ҳақида мужодала қилдилар:
«Қадар деган нарса йўқ, Аллоҳ ҳамма нарсани илгаридан билиши мумкин эмас. У ишларни вужудга келганидан сўнггина билади», дедилар.
Ана ўшанда Аллоҳ таоло уларнинг бу гаплари зиддига «Қамар» сурасидаги:
«Улар юзтубан дўзахга судраладиган кунларида, «Жаҳаннам азобини татиб кўринг! Албатта, Биз ҳар нарсани қадар билан яратдик» оятини нозил қилди.
Шу билан мушрикларнинг гаплари нотўғри, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари тўғри эканлиги исботланди.
Ушбу ҳадисни бу ерда келтиришдан мақсад, ким қадарга иймон келтирмаса, албатта, қиёмат куни юзтубан ҳолида дўзахга судралади, демоқдир. Судраб кетилаётганда эса: «Жаҳаннам азобини татиб кўринг! Албатта, Биз ҳар нарсани қадар билан яратдик» дейилади, деган маънони таъкидлашдир.
Ҳозирги кунимиздаги ҳам баъзилар ўзларига ўхшаган баъзи ожиз бандаларнинг тахминдан айтган башоратларига, қилган ўлчов, ҳисоб-китобларига ишонишади. Уларга қойил қолиб, таҳсинлар ўқишади. Аммо ўша бандаларнинг ҳаммасини яратган Зотнинг қазои қадарига ишонгилари келмайди. Ушбу ҳадисда келган оятда зикр қилинган ҳолга улар ҳам тушишлари турган гап.
Ушбу ҳадисдан мушрикларга ўхшаб, қадарни инкор қилмаслик, у ҳақда мужодала қилмаслик фойдасини оламиз. Шунингдек, қадарни инкор қилганлар қиёмат куни оғир аҳволга тушишларини билиб оламиз.

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ халойиқнинг тақдирини осмонлару ерни халқ қилишидан минг эллик йил олдин ёзди» дедилар».
Бу икки ҳадисни Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло халойиқнинг тақдири қандоқ бўлишини азалдан, улар вужудга келишдан олдин билишини баён қилмоқдалар.
Ҳадиси шарифда баён қилинган ёзиш, «Лавҳул Маҳфуз»га бўлган. Эллик минг йил қанча эканини Аллоҳнинг Ўзи билади. Чунки бизнинг тасаввуримиздаги йил ўлчови осмонлару ер яратилганидан кейин, ернинг ҳаракатига асосланиб пайдо бўлгандир. Бу эллик минг йил эса осмонлару ер яратилишидан олдин бўлганлиги ҳадисда очиқ-ойдин айтиб турилибди.
Аллоҳ илмининг чегараси йўқ бўлганидан кейин ҳамма нарсани билишига шубҳа йўқ. Агар У зот маълум вақтгача билиб, ундан нарисини билмайдиган бўлганида, Унинг камолот сифатларига нуқсон етар эди. Бу эса Аллоҳ таолонинг олий зотига асло тўғри келмайди.
Бу ҳадисдан оладиган фойдамиз:
Аллоҳ халойиқнинг тақдирини осмонлару ернинг яратишидан эллик минг йил аввал ёзганлиги. Шунга иймон келтирамиз, шуни тасдиқлаймиз!

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтдиларки:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, Аҳли жаннат ва Аҳли дўзахлар билинганми?» дейилди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳа», дедилар.
«Унда амал қилувчилар нима учун амал қиладилар?» дейилди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Барчага ўзи учун халқ қилинган амал муяссардир», дедилар
».
Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда саҳобаи киромлар Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан қадар тўғрисида дастлабки маълумотларни эшитган одамда пайдо бўладиган саволларни сўрамоқдалар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан дастлаб қадар тўғрисидаги гапларни эшитганларидан сўнг, уларда ҳам бу савол туғилган бўлиши мумкин.
Саҳобаи киромлар томонидан:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, Аҳли жаннат ва Аҳли дўзахлар билинганми?» дейилди».
Яъни, ким Аҳли жаннат, ким Аҳли дўзах бўлиши олдиндан билинганми? дейишди. Билувчи маълум ва машҳур бўлганидан «билинганми?» лафзи қазои қадар масаласи Аллоҳнинг илмидан эканлигига яна бир далилдир.
«Белгиланганми», «тайин қилинганми», «ҳукм қилинганми» каби сўзлар ишлатилмаган, балки, «билинганми» ишлатилган.
Бу саволга Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳа», дедилар».
Яъни, «Ҳа, Аҳли жаннат ва Аҳли дўзахлар билинган», деганлари.
«Унда амал қилувчилар нима учун амал қиладилар?» дейилди».
Яъни, Аҳли жаннат кимлиги ҳам, Аҳли дўзахнинг кимлиги ҳам билинган бўлса, унда овора бўлиб. амал қилишнинг нима кераги бор?
Бу саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Барчага ўзи учун халқ қилинган амал муяссардир», деб жавоб бердилар.
Бу жумлага уламоларимиз:
«Ҳар бир инсон ўзи учун халқ қилинган амалга муяссар бўлади; саодатманд инсон, аҳли саодатнинг амалига, бадбахт инсон эса аҳли шақоватнинг амалига муяссар бўлади, шунинг учун Аллоҳ амр қилган амалларни қилиш ҳар бир инсондан матлубдир», деб маъно берганлар.
Ҳа, Аллоҳ таоло барча бандаларини амал қилишга амр этган. Шариатнинг ҳаммаси ҳам, Қуръони Карим ҳам, суннат ҳам Аллоҳнинг бандаларига қилган амрларидан иборатдир. Ушбу амрларга амал қилиш бандадан талаб қилинган. Ўша амрларга амал қилган бандага саодат ваъда қилинган.
Шунингдек, бандаларга қазои қадарга иймон келтириш амр қилинган. Қазои қадарга иймон келтирган бандага саодат, иймон келтирмаган бандага, бадбахтлик ваъда қилинган.
Аммо бандаларга қазои қадар тўғрисида тортишиш, чуқур кетиш буюрилмаган. Аллоҳнинг бу ҳақидаги илмини билиш ҳам, қазои қадарни баҳона қилиб, амални тарк этиш ҳам амр қилинмаган.
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон инсоннинг келгуси ишларда қазои қадарни қандоқ тушуниши лозимлиги баён этилган.
Мусулмон инсон бўлажак ишларда «Барчага ўзи учун халқ қилинган амал муяссардир» жумласини шиор қилиб олиб, ўзини амалга уриши керак. Ўзи учун яхшилик амалларни қилиш муяссар эканини исботлашга ҳаракат қилиши керак.
Бундай яхши ишларга муяссар бўлганда эса хурсанд бўлиши даркор. Баъзи кўнгилсиз ишлар бўлиб қолганда, уларни хато, ожизлик ҳисоблаб, дарҳол тавба қилиши, ёмон амаллар ўзи учун муяссар эмаслигини исбот қилишга уриниши керак.
Бўлажак ишлар қаршисида мусулмон инсон ўзини қазои қадарга нисбатан қандай тутиши лозимлиги тўғрисидаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баёнлари ана шундан иборат.
Саҳобаи киромларнинг ҳамда салафи солиҳларимизнинг тушунчалари ва амаллари ана шундан иборат.
Улар доимо ўзларини яхши ишга муяссар кишилар, дея ҳисоблаб яшаганлар. Мусулмон бўлишларини катта бахт аломати, деб билишган.
Ҳаётлари давомида ўзларини доимо яхши ишга уриб яшашган.
Тақво билан бетавфиқликка бирданига дуч келсалар, яхши амалга муяссар бўлиш ниятида ўзларини тақвога урганлар.
Сахийлик билан бахилликка дуч келсалар, ўзларини сахийликка урганлар.
Ишчанлик ва дангасаликка дуч келсалар, ўзларини ишчанликка урганлар.
Бутун умрларини қандай қилиб кўпроқ савобли амал қилар эканман, деган фикр ва ҳаракат билан ўтказганлар.
Шунинг учун ҳам улар чарчоқ, машаққат, қийинчилик ва ўлимдан заррача қўрқмаганлар.
Шунинг учун ҳам барча тўсиқларни осонлик билан енгганлар.
Шунинг учун ҳам уларга доимо муваффақият ёр бўлган.
Қазои қадарга бўлган шу шаклдаги иймон заифлашганда эса ҳамма ишлар орқага кетди.
Амал қилиш ўрнига қазои қадарни тескари таъвил қилиб «амалнинг фойдаси бўлармикан ёки йўқми» деб, қуруқ сафсата сотилганда ишлар расво бўлди.
Бунинг натижасида, беҳуда жанжал кўпайди. Исломий фазилатлар ўрнини иккиланиш, қўрқоқлик, дангасалик ва бошқа разолатлар олди.
Натижада, салафи солиҳлар ўрнига Қуръони Каримда айтилганидек:
«Уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган ўринбосарлар келдилар».
Мусулмонлар ўз шахсиятларини, муносиб ўринларини тикламоқчи бўлсалар, қазои қадарга бўлган иймонларини аввалги соф ҳолига келтиришлари ҳам ўта зарур ишлардан бири эканини унутмасликлари керак.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ўз ўғлига:
«Эй, ўғлим! Сен то ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини, ўзингни четлаб ўтган нарса сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан.
Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Албатта, Аллоҳ аввал яратган нарса – Қаламдир. У зот унга:
«Ёз», деди.
«Эй, Роббим, нимани ёзаман?» деди.
«Ҳар бир нарсанинг қиёмат пайти бўлгунча тақдирларини ёз», деди, деганларини эшитганман.
Эй, ўғлим! Албатта, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ким мана шундан бошқа (ақийда)да ўлса, мендан эмас», деганларини эшитганман», деган
».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Барчага ўзи учун халқ қилинган амал муяссардир» жумласи бор ҳадисларини мусулмон инсоннинг келгуси ишларда қазои қадарни қандай тушуниши лозимлигини баён қилувчи ҳадис, деб атаган эдик.
Ушбу ҳадис эса мусулмон инсоннинг бўлиб ўтган ишларида қазои қадарни қандай тушуниши лозимлигини баён қилувчи ҳадисдир.
Улуғ саҳобийлардан бўлмиш Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу мўминлик ва оталик бурчларини адо этиб, ўз ўғилларига қазои қадарга иймон келтиришдан дарс берганлар. У киши ўз ўғилларига мурожаат қилиб:
«Эй, ўғлим! Сен то ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини ва ўзингни четлаб ўтган нарса сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан», демоқдалар.
Қаранг, иймон ҳақиқати таъми – қазои қадарга ишонишда! Ўзига етган нарсани: «бу мени четлаб ўтиши мумкин эмасди, албатта, шу нарса бўлиши керак эди», деб билишда! Ўзига етмай, ундан четлаб ўтиб кетган нарсани: «бу шундоқ бўлиши керак эди, барибир менга етмас эди», деб билишда!
Агар бунга жиддийроқ эътибор берадиган бўлсак, гап бўлиб ўтган ишлар ҳақида кетмоқда.
«Ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини».
Яъни, сенга етган яхшилик сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини билмагунингча Иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан!
Бу яхшилик ўзимнинг усталигимдан, бошқалардан устунлигимдан ёки фалончининг ёрдамидан етди, деб ўзингдан кетма.
Шу нарсага Аллоҳнинг хоҳиши бўлган экан, менга етди, деб Аллоҳга шукр айт!
Шунингдек, сенга етган ёмонлик сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини билмагунингча иймон ҳақиқати таълимини топа олмассан!
Бу ёмонлик фалон нарса бўлгани учун ёки фалончининг қўли билан етди, агар ундоқ бўлмаганда бундоқ бўлар эди, дейдиган бўлсанг, иймон ҳақиқати таъмини топишингга йўл бўлсин!
Қачон «шу нарса менга етиши керак эди, четлаб ўтиши мумкин эмас эди, мен қазои қадарга иймон келтирадиган одамман», десанггина, иймон ҳақиқати таъмини топишдан умид қилсанг бўлади.
Ўтган ишга афсус-надомат чекиш, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам овора қилиб, ақл-заковатни, куч-имкониятни, самарасиз уриниш ва вақтни беҳуда ўтказишга сарфлаш мусулмон одамга тўғри келмайди.
Шунинг учун бўлиб ўтган ишни қазои қадардан кўриб, келажакни ўйлаш, келажак учун ҳаракат қилиш керак.
«Ўзингни четлаб ўтган нарса сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан».
Сени бир яхшилик четлаб ўтса аттанг қилиб: «ундоқ қилмай бундай қилганимда бу яхшилик мени четлаб ўтмасмиди?» деб юрма!
Ёки бу иш фалончининг айби билан бўлди, агар ўшанинг айби бўлмаганда, бу яхшилик мени четлаб ўтмас эди, деб юрма!
Ундоқ қилсанг, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан.
Бу яхшилик мени четлаб ўтиши керак экан, шундай бўлди, менга етиши мумкин эмаслиги учун етмади, десанггина иймон ҳақиқати таъмини топа олурсан!
Чунки шундагина қазои қадарга чин иймон келтирган бўлурсан!
Агар сени бир ёмонлик четлаб ўтган бўлса, «Усталик қилиб бу ёмонликдан четлаб қолдим», деб қувонма!
Фалончининг ёрдами бўлмаганда ишим чатоқ эди, деб юрма. Бунда қазои қадарга шак келтирган бўласан!
«Шу ёмонлик мени четлаб ўтиши керак эди, менга етиши керак эмас эди, шундай бўлди», дегин.
Ана шунда иймон ҳақиқати таъмини топа оласан.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ўз ўғилларига қилган насиҳатлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан келиб чиққанини билдириш учун:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Албатта, Аллоҳ аввал яратган нарса – Қаламдир.
У зот унга:
«Ёз», деди.
«Эй, Роббим, нимани ёзаман?» деди.
«Ҳар бир нарсанинг қиёмат пайти бўлгунча тақдирларини ёз», деди, деганларини эшитганман», деб гапларини давом эттирдилар.
Демак, Аллоҳ таоло халойиқни, борлиқни яратишдан олдин, Ўзи ҳаммадан олдин яратган Қаламга айтиб қиёмат қоимгача бу дунёда бўладиган ишларни ёздириб қўйган. Ана ўша нарсага ҳар бир мусулмон иймон келтириши керак. Ана ўшанда ўтган нарсага ноўрин муносабатда бўлиб, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам қийнамайди, қазои қадар ақийдасига шак келтирмайди.
Худди шу ақийдада яшаб, худди шу ақийдада ўлиш ҳар бир мусулмон учун ниҳоятда зарурдир. Чунки бу ақийдадан четга чиққан одам залолатга кетган бўлади. Шунинг учун ҳам Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким мана шундан бошқа (ақийда)да ўлса, мендан эмас», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари «менинг йўлимда эмас» деганларидир. Бу эса жуда оғир гапдир. Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлидан бошқа йўлда бўлишдан Аллоҳ асрасин.
Бу ҳадиснинг ҳикмати қазои қадар ақийдасидан кўзланган ҳикматнинг асосини ташкил қилади, десак муболаға бўлмайди.
Бу эса инсоният учун жуда зарур нарсадир.
Ўйлаб кўрадиган бўлсак, қазои қадар ақийдаси асосан бўлиб ўтган нарсага нисбатан ишлатилади. Бировга мусибат етади, бировнинг бошига оғир иш тушади, молида, жонида нуқсонга учрайди, яна биров кўзлаган яхшилигига эриша олмайди.
Ана шунда афсус-надомат бошланади. Умидсизлик юзага чиқади. Нима учун шундай бўлди деган савол пайдо бўлади. Бу мусибатларнинг сабабини ахтара бошлайди. Ўз фикрича мусибатига сабабчи бўлганларга душманлик қилишни бошлайди. Ўзи руҳий маънавий зарар кўргани етмагандек, бошқаларга зарар етказиш, ижтимоий алоқаларни бузиш ҳам бошланади. Қўйингки, ўтиб кетган иш учун, қайта тиклаб бўлмайдиган нарса учун, ҳуда-беҳуда зарар кўриш бошланади.
Қазои қадарга ишонган одам эса ушбу ҳадиси шарифга амал қилади-да «менга етган ушбу нарса мени четлаб ўтиб кетиши мумкин эмас эди, муқаррар иш бўлди. Қазои қадардаги бор нарсага беҳуда афсус-надомат чекиб ўтиришнинг ҳожати йўқ, энди ўзимга муяссар бўлган ишни қилишдан қолмай», дейди.
Беҳудага асабини бузишдан, руҳий - маънавий эзилишдан, ақл-заковат, куч-қудрат сарфлашдан, ўзига ҳам ўзгаларга ҳам зарар етказишдан тийилади. Куч ва имкониятларини келажаги учун сарфлашга ўтади.
Бу ҳолат фақат мусулмонларда бўлиши мумкин, холос.
Франсалик олимлардан бири ўзининг мусулмон бўлишига сабаб бўлган ҳодиса ҳақидаги хотираларида жумладан, қуйидаги маъноларни айтади:
«Илмий гуруҳ билан узоқ Жазоир қишлоқларидан бирида эдик. Бир куни қаттиқ шамол турди. Бош кўтариб, кўз очишнинг имкони бўлмай қолди. Ерли аҳоли бутун имкониятларини ишга солиб, ўзларини, молу-мулкларини қутқаришга ҳаракат қилар эди. Шамол эса борган сари кучаяр, йўлда нима тўғри келса учириб кетар эди.
Шамол бир неча кун давом этди. Зарар кўрмаган турар жой қолмади. Тирик ҳайвон қолгани аломати ҳам йўқ эди. Дову дарахт, экин-тикин тўғрисида гапирмаса ҳам бўлаверади. Умуман ҳаётнинг асари қолмади. Биз ўзимизча: « Энди, ерли аҳоли бошқа жойга кўчиб кетса керак» деб ўйлар эдик.
Шамол тўхтади. Аммо биз кутган нарсаларнинг бирортаси ҳам бўлмади. Ҳеч ким «дод-вой» солмади. Ҳеч ким бўлиб ўтган фалокатдан шикоят қилмади. Ҳамма ўз жойидан чиқиб, ҳеч нарса бўлмагандек, қолган-қутган нарсаларни тартибга солишни бошлади. Биров кўрилган зарарига афсус-надомат чекмас, фақат қолган нарсалардан фойдаланиб, ҳаётни аввалгидай давом эттириш пайидан бўлар эди. Бу оддий, саҳровий одамларнинг ўзларини тутишлари менга қаттиқ таъсир қилди.
Сўраб-суриштириб улар қазои қадарга ишонишларини, ўша ақийдага биноан иш тутаётганларини билдим».

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Банда тўрт нарсага иймон келтирмагунича мўмин бўла олмайди; Албатта, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва албатта, мен Аллоҳнинг Расулиман-у, У зот мени ҳақ ила юборганига шаҳодат беради.
Ўлимга иймон келтиради.
Ўлгандан кейин қайта тирилишга иймон келтиради.
Қадарга иймон келтиради», дедилар
».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадисларида мўмин-мусулмон киши иймон келтириши лозим бўлган тўрт нарсани алоҳида таъкидламоқдалар.
Шу тўрт нарса ичида қадарга иймон келтириш ҳам бор. Ҳадиснинг аввалида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитувчига кучли таъсир қилувчи олий услубни ишлатмоқдалар. Яъни,
«Банда тўрт нарсага иймон келтирмагунча, мўмин бўла олмайди», демоқдалар.
Бу комил иймон ушбу тўрт нарсадан иборатдир, дегани эмас, албатта. Лекин мазкур тўрт нарсага иймон келтириш ўта муҳим эканини, буларсиз иймон ҳақида сўз ҳам очиб бўлмайдиган нарсалар эканини таъкидлашдир. Сўнгра ўша тўрт нарсани батафсил баён қилишни бошлайдилар.
1. «Албатта, Аллоҳдан ўзга Илоҳ йўқлигига ва албатта, мен Аллоҳнинг Расулиман-у У зот мени ҳақ ила юборганига шоҳидлик беради».
Бу тавҳид калимасидир, иймоннинг аслидир, инсоният учун энг зарур нарсадир. Шу нарсага иймон йўқ экан, бошқа нарсаларга ҳам иймон бўлмайди. Шу шоҳидлик бўлмаса, амаллар ҳам қабул қилинмайди. Инсоният фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилиши, фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги Пайғамбар, деб билиши керак. Аллоҳ у кишини ҳақ дин билан юборганини тан олиши керак. Ким шуни тили билан айтиб, дили билан тасдиқласа, мўмин бўлади, акс ҳолда – мўмин бўла олмайди.
2. «Ўлимга иймон келтиради».
Яъни, ўлимнинг ҳақ эканини тан олади. Ана шунга ишониб, ўлимни кўз олдига келтириб яшайди. Бу ҳар бир инсон учун вожиб эътиқод эканини ва унинг ниҳоятда зарур эканини таъкидлашга ҳожат бўлмаса керак. Ўлимга ишонмаган, уни кўз олдига келтириб яшамаган одамдан яхшилик кутиб бўлмайди. Халқ ичида ёмон одамлар ҳақида «ўлмайман, деб ўйлармикан», деган гап юради.
Бу унинг ёмонлиги ўлимга иймони йўқлигидан келиб чиқади, деб билишдандир. Ўлимни ўйлаш ҳар бир инсон учун ўта зарур бўлганидан ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлимга иймон келтиришни тўртта муҳим нарса ичида Аллоҳга ва Расулга иймон келтиришдан кейин зикр қилмоқдалар.
3. «Ўлгандан кейин қайта тирилишга иймон келтиради».
Агар бу иймон бўлмаса ўлимга ишонишнинг ҳам ҳожати йўқ. Ўлгандан кейин қайта тирилишга ишониш, бу дунёда қилинган ишларнинг сўроқ жавобига ишониш демакдир. Бу эса ўз навбатида инсонни доимо яхшилик қилишга чорловчи омилдир. Агар дунёдаги ёмонликлар асосан ўлгандан кейин қайта тирилишга иймон йўқлиги ёки унинг заифлигидан келиб чиқади десак, муболаға қилмаган бўламиз. Шунинг учун ҳам ушбу ҳадиси шарифда бунга бўлган иймон алоҳида таъкидланиб келмоқда.
4. «Қадарга иймон келтиради».
Бу қадарга бўлган иймоннинг нақадар муҳимлигининг яна бир бор таъкидидир. Бу ҳақда ушбу бобнинг аввалидан бошлаб сўз юритиб келинмоқда.

Абу Азза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачонки, Аллоҳ бандага бирор ерда ўлмоқни қазо қилган бўлса, унинг учун ўша ерда бир ҳожатни қилиб қўяди», дедилар
».
Сўнгги икки ҳадисни Термизий ривоят қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисларида қазои қадар ҳақлигини, уни Аллоҳ таолонинг Ўзи жорий қилишини баён қилмоқдалар.
Мисол учун, бир одамнинг маълум бир жойда вафот этиши қазои қадар қилинган бўлса, Аллоҳ унинг учун ўша ерда бирор ҳожатини чиқарадиган қилиб қўяди. Банда ҳожатини кўзлаб боради-ю, қазосидаги бор ўлимни ўша жойда топади.
Бундай ҳолатларда халқ ичида «ажали етиб қолган эканда, ўз оёғи билан борибди», дейилади.
Бу нарса Аллоҳ таолонинг қанчалик мудаббир ва банданинг қанчалик тадбирсиз эканини кўрсатади.
Бу нарса Аллоҳ таолонинг илми қанчалик чексиз, банда қанчалик жоҳил эканини кўрсатади.
Бу нарса Аллоҳ таоло қанчалар қодир, инсон қанчалар ожиз эканини кўрсатади.
Қазои қадарга тегишли ҳар бир ишда, ҳаракатда шу маъноларни такрорлаш мумкин.
Шунинг учун ҳам қазои қадарга иймон келтиришга Ислом алоҳида эътибор берган ва у иймоннинг асосларидан ҳисобланган.

ХОТИМА

Қазои қадарга бағишланган мазкур бобда бир ояти карима ва ўндан ортиқ ҳадиси шариф ўргандик.
Албатта, қазои қадарга тегишли ҳамма оят ва ҳадислар шулардан иборат дегани эмас. Лекин масаланинг моҳияти, асосий йўналишлари атрофлича кўриб чиқилди. Шундан келиб чиқиб, баъзи бир хулосаларни чиқарсак ҳам бўлади.
Аввало бир масала бўйича бир ёки бир неча ҳадисга суяниб ҳеч ҳукм чиқариб бўлмас экан. Иложи борича атрофлича ўргангандан сўнггина, бир нарса дейиш керак.
Ушбу бобдаги баъзи ҳадисларда банданинг ҳеч қандай ихтиёри йўққа ўхшаб кўринса, айримларида аксинчага ўхшаб кўринади.
Баъзиларида иш бўлишидан олдин қазои қадарга қандай муносабатда бўлиш баён қилинган. Бошқаларида эса иш бўлиб ўтгандан кейин қазои қадарга қандоқ муомалада бўлиш баён қилинган ва ҳоказо.
Қазои қадар масаласини баён қилувчи оят ва ҳадисларда зоҳиран бандани мажбурлаш ва ихтиёрига қўйиб бериш маънолари борлиги баъзи кишиларнинг йўлдан озишига сабаб бўлган. Улардан бир қисмлари «банда бу дунёда ҳамма ишни ўз ихтиёри билан эмас, мажбур бўлиб қилади» деганлар.
Ана шундай фикр ва эътиқоддаги кишилар «Жабрия» мазҳабидагилардир. Бу мазҳабнинг кўзга кўринган тоифаларидан бири, Жаҳм ибн Сафвон Самарқандийга мансуб «Жаҳмийя» тоифасидир.
Жабрия мазҳабига қарши ўлароқ баъзилар: «Инсон ўзининг ҳамма ишларида ҳурдир, у ўз ихтиёри билангина иш қилади, ўз амалини ўзи халқ қилади», деганлар. Булар «Қадария» (қадарни инкор этувчи) деб аталган бўлиб, уларнинг асосчилари «Мўътазилийлар»дир. Ушбу икки тоифа ҳам адашган ҳисобланади.
Исломнинг соф ақийдасини тутиб қолган Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби эса ўртача йўл тутган.
Улар «Инсоннинг дунёдаги ўзига ориз бўладиган ишларда ихтиёри борлари ҳам бор, ихтиёри йўқлари ҳам бор», деганлар. Уларнинг таъкидлашича, инсон ўз ихтиёри йўқ ишларда жавобгар эмас, аксинча ихтиёри бор ишларда жавобгардир.
Ҳақиқат ҳам шунинг рост эканини кўрсатади. Саҳобалар, тобеъинлар ва ўтган салафи солиҳларнинг барчалари шу эътиқодда бўлганлар.
Ривоят қилинишича, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Имом Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ розияллоҳу анҳудан сўраган эканлар:
- Эй, Расулуллоҳнинг ўғиллари, Аллоҳ ишни бандаларга тафвиз қилиб топшириб қўйганми?
- Аллоҳ таоло Роббликни бандаларга топшириб қўйишдан юқоридир!
– Бўлмаса уларни мажбур қилурми?
– Аллоҳ таоло аввал уларни бир ишга мажбур қилиб туриб, сўнгра азоблашдан кўра одилроқдир!
– Бу нима дегани?
– Бу ўртача дегани. Мажбур қилиш ҳам йўқ, бутунлай қўйиб бериш ҳам йўқ. Зўрлаш ҳам йўқ, эга қилиб қўйиш ҳам йўқ.
Бу жавоблар нақадар тўғри эканини сиз билан биз юқоридаги баҳсларимизда англаб етдик.
Гоҳида қадар истилоҳи ва унинг муродифлари дунёни ва ундаги нарсаларни тартибга солиб турувчи қонун-қоидалар, тузумлар ва сабабларга ҳам ишлатилади.
Мисол учун «Албатта, Биз ҳар бир нарсани қадар билан яратдик», ояти маъноси «ўлчов билан яратдик», бўлади.
Яъни, дунёдаги ҳар бир нарсанинг ўзига яраша ўлчови, миқдори бор, дегани. Бу маънодаги оятлар анчагина бор.
Қазои қадар иймоннинг рукнларидан бўлиб, унга ҳеч қачон эътиборсизлик билан қараб бўлмайди. Бу соҳада доимо ҳушёр бўлиш керак. Ана ўша ҳушёрлик, эҳтиёткорлик йўқолса, инсон залолат йўлига кириб кетиши ҳеч гап эмас. Қадимда шундай ишлар кўп бўлган.
Кўпчилик айнан қадар масаласида ё у тарафга, ё бу тарафга оғиб, залолатга кетган. Қадар ва унга тегишли масалалар катта фитналарнинг келиб чиқишига сабаб бўлган. Мусулмонларга улкан зарарлар етказган.
Шунинг учун ҳам Аҳли сунна ва жамоа уламолари бу масалада қаттиқ турган. Ҳар бир мусулмон бу масалада ўзини қандоқ тутиши лозимлигини аниқ иборалар билан ифода этиб, ақийда китобларига битиб қўйганлар.
Бу ҳақда Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг – яъни, омма мусулмонларнинг ақийдавий мазҳабининг энг мўътабар китобларидан «Ақийдаи Таҳовийя»нинг матнида жумладан қуйидагилар айтилади:
«Аслида қадар Аллоҳ таолонинг махлуқотлардаги сирридир. У нарсадан муқарраб фаришта ҳам, юборилган набий ҳам хабардор эмас. У нарсада чуқур кетиш, назар солиш хорлик сабабчиси, маҳрумлик нарвони ва туғён даражасидир. У нарсага назар солишдан, фикр қилишдан ва васвасадан эҳтиёт бўлинг ва яна эҳтиёт бўлинг. Чунки Аллоҳ таоло қадар илмини Ўз бандаларидан ўраб қўйгандир ва уларни уни қасд қилишдан қайтаргандир. Аллоҳ таоло Ўз китобида: «У зот қилганидан сўралмас, улар сўралурлар», дегандир.
Бас, ким «нима учун бундоқ қилди?» деб сўраса, Қуръоний ҳукмни рад қилган бўлур. Ким Қуръоннинг ҳукмини рад қилса, кофирлардан бўлур».
Ушбу сўзлар кўплаб аччиқ тажрибалар бўлиб ўтгандан кейин қадар тўғрисидаги ояту ҳадислар, саҳобаларнинг айтган гаплари атрофлича ўрганиб чиқилгандан сўнг битилган. Бу натижага эришгунча Аҳли сунна ва жамоа уламолари кўп тортишувларни, мунозараларни, ҳужжат солиштиришларни ва тажрибаларни бошларидан ўтказганлар. Охир-оқибат мусулмонлар оммаси бу масалада мазкур қоидаларга амал қилсалар фойдали бўлади, деган қарорга келганлар.
«Аслида қадар Аллоҳ таолонинг махлуқотлардаги сирридир».
Яъни, қадарни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Бу дунёда махлуқотларга нима қадар қилинганини билиш Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хос.
«У нарсадан муқарраб фаришта ҳам, юборилган набий ҳам хабардор эмас».
Аслида муқарраб фаришта ва юборилган пайғамбарлар кўп сир-асрорлардан хабардор бўладилар. Аммо Аллоҳ таоло қадар илмини улардан ҳам сир тутган. Улар ҳам махлуқотларга нима қадар қилингани ҳақида ҳеч нарса билмайдилар. Чунки қадар масаласи, Аллоҳ илмининг чексиз эканини баён қилувчи масаладир.
«У нарсада чуқур кетиш, назар солиш хорлик сабабчиси, маҳрумлик нарвони ва туғён даражасидир».
Яъни, қадар масаласида чуқур кетиб, уни текширишга ўтиш охири хорликка сабаб бўлади. Ўз эгасини кўп нарсадан маҳрум қилади. Охири келиб туғёнга кетишига сабаб бўлади. Дарҳақиқат, Қадария ва Жабрия мазҳаблари ва уларга эргашганлар шу ҳолга тушганлар.
«У нарсага назар солишдан, фикр қилишдан ва васвасадан эҳтиёт бўлинг ва яна эҳтиёт бўлинг».
Яъни, қадар илмини биламан, деб уринишдан, у тўғрида: «нимага ундоқ бўлди, нимага бундоқ бўлди, ундоқ қилса нима бўлар эди», каби фикр қилишдан эҳтиёт бўлинг. Шунингдек, ҳамма нарса маълум бўлса, амалнинг нима кераги бор, унинг ўрнига бундоқ деса бўлмасмиди каби васвасалардан ҳам эҳтиёт бўлинг. Чунки ҳамма нарса сизга эмас, Аллоҳга маълум. Аллоҳ сизни қадарга иймон келтиришга, амрига, шариатига амал қилишга буюрган, шуни қилинг!
«Чунки Аллоҳ таоло қадар илмини бандаларидан ўраб қўйгандир».
Бандалар ҳаммаси бир бўлиб кичик бир зарранинг қадарини билишга уринсалар ҳам, била олмаслар.
«Ва уларни уни қасд қилишдан қайтаргандир».
Яъни, Аллоҳ таоло бандаларни қадар илмини билишни қасд қилишдан қайтаргандир.
Аллоҳ таоло Ўз китобида:
«У зот қилганидан сўралмас, улар сўралурлар», дегандир».
Яъни, Аллоҳ таоло нима қилса Ўзи билади. Ундан биров «бу ишни нима учун қилдинг»? деб сўрай олмайди.
Аммо Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳаммасидан ҳар бир ишни «нима учун қилдинг?» деб сўрайди.
«Бас, кимки, нима учун бундоқ қилди?» деб сўраса Қуръоннинг ҳукмини рад қилган бўлур».
Яъни, кимки бўлган нарса Аллоҳнинг қазои қадари экан, деб таслим бўлмасдан, «Аллоҳ нима учун бундоқ қилди?» деб сўраса, Қуръоннинг «У зот қилганидан сўралмас», деган ҳукмини рад қилган бўлади.
«Ким Қуръоннинг ҳукмини рад қилса, кофирлардан бўлур».
Шунинг учун ҳам бу масалада ўта эҳтиёткор бўлмоқ керак. Эҳтиёткорлик шу даражада бўлиши керакки, ҳатто қадар масаласида чуқур кетадиганларга яқинлашмаслик ҳам даркор. 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . Асмо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан давоми...

2239 19:00 / 30.01.2023
Уламоларимиз Ислом билан иймон орасидаги алоқа, .Қайси бири умумий, деганга ўхшаш саволлар ҳақида узунданузоқ баҳс қилганлар. Бу мавзу бўйича алоҳида китоб давоми...

1270 19:00 / 06.11.2023
Араб тилидаги .калом, лафзи .сўз,, .гап,, .жумла, каби маъноларни англатади..Илми калом, ақоид илмининг энг машҳур номидир. Бу ном, аввал ҳам айтилганидек, ҳижрий давоми...

8318 10:20 / 08.10.2018
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлМуҳайминБу сўз ҳамма нарсани қамраб олувчи деган маънони билдиради. Бу исмнинг маъноси шуки, Аллоҳ бандаларнинг барча ҳолатларига давоми...

6623 08:18 / 20.04.2017
Аудиолар

120125 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41791 14:35 / 11.08.2021