1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қоғоз пулдан закот чиқариш

20:16 / 19.05.2020 2236 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аввало нақд пулдан закот чиқариш фарз бўлиши учун унда қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши керак:

1. Пул нисобга етган бўлиши керак.

Тилла пул бўлса, йигирма динор, кумуш пул бўлса, икки юз дирҳам эканлигини яхши билиб олдик. Аммо ҳозир тилла ҳам, кумуш ҳам пул сифатида ишлатилмайди. Қоғоз пулдан қандай қилиб закот чиқарилади? Унинг нисоби қанча?

Кумуш халқаро миқёсда умуман пул ўрнида қабул қилинмай қўйди. Тилла эса пул ўлчови сифатида дунё бўйича мақбул бўлиб турибди. Шунинг учун уламолар «Қоғоз пулни тилланинг қиммати билан ўлчаш керак», деганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида йигирма динор пулнинг оғирлиги йигирма мисқол эди. Йигирма мис­қол эса саксон беш грамм бўлади. Демак, ҳар йили саксон беш грамм тилланинг баҳоси қоғоз пулнинг нисоби бўлади.

Кимда 85 грамм тилланинг қимматига тенг ёки ундан кўп қоғоз пул бўлса, закот бериш фарз бўлади. У одам пулини ҳисоблаб туриб, икки ярим фоизини закотга бериши керак.

Баъзи ҳолларда тилланинг нархи жуда кўтарилиб кетиб, бир юртда пули нисобга етадиганлар камайиб кетиш ҳоллари ҳам бўлиб туради. Шунда уламоларимиз «камбағалга фойдали томонини олиш» қоидасига кўра «Кумушнинг нархини нисоб қилиш керак», дейдилар. Ана ўшанда 595 грамм кумушнинг баҳоси нисоб деб қабул қилинади.

Ҳамаср уламоларимиздан баъзилари «Агар тилла ҳам кумушга ўхшаб, нархи тушиб, номақбул бўлиб қолса, ўртача нархдаги йигирмата қўйнинг нархини нисоб қилиб олиб, қоғоз пулдан закот чиқариш керак», дейдилар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида икки юз дирҳамга йигирмата қўй келар экан. Табиийки, бунда ўртача катталикдаги қўй эътиборга олинган. Чунки закотга тегишли ҳайвонлар ҳақида гап кетганда доимо ўртачаси кўзда тутилади.

Демак, мабодо пулнинг нисобини қўйнинг қиймати билан ўлчашга тўғри келиб қолса, қўйнинг нархи ўртача бўлган пайтда ўртача қўйлардан йигирматасининг нархи пулнинг нисоби бўлади.

Лекин ҳозирча амалда саксон беш грамм тилланинг нархи нисобдир. Ҳанафий  мазҳаби уламолари «Тиллага бир оз бошқа маъдан аралаштирилган бўлса ҳам бўлаверади», деганлар.

Шу жойда бир масалага алоҳида эътибор беришимиз лозим. Закотнинг нисоби, яъни молларнинг қийматлари турли нав молларда турлича чиқмоқда. Тилла ва кумушнинг нисоби деб эътибор қилинган маблағга йигирмата қўй келмоқда. Агар қўйнинг нисоби қирқталигини эътиборга оладиган бўлсак, қўйнинг нисоб нархи пулникидан икки баробар кўп бўлиб кетмоқда. Бунинг сабаби нима?

Бу жойда жуда ҳам нозик бир масала бор. Ислом шариати қанчалик мукаммал шариат эканлигини шундан ҳам билиб олсак бўлади. Қўй доим ўсиб турадиган мол. Шунингдек, бошқа ҳайвонлар ҳам туғади, семиради, жун, сут каби маҳсулотлар бериб туради. Замонавий тил билан айтганда, улардан ишлаб чиқариш маҳсулотлари олинади ва фойда келиб туради. Шунинг учун уларнинг эгаларига кенглик берилган – закот бериши кечга сурилган ва нисоби оз қилиб белгиланган.

Пул эса уйда ишлатилмай туради, яъни ўз-ўзидан кўпаймайди. Натижада жамиятга фойдаси ҳам тегмайди. Шунинг учун йиғилиб, туриб қолган пул ҳайвоннинг қийматидан икки баробар кам бўлса ҳам ундан закот бериш керак. Токи бир қисми камбағалларнинг қўлига бориб тегсин, ишлаб чиқаришга ишлатилсин. Қолган қисмини ҳам эгаси ишлатишга ҳаракат қилсин, акс ҳолда закотга берилиб, камайиб қолади.

Бир неча киши шерик бўлиб, ширкат тузса ва жамланган мол нисобга етса-ю, аммо ҳар бир аъзонинг улуш моли унга етмаса, Ҳанафий мазҳаби бўйича закот фарз бўлмайди. Шофеъий мазҳаби «Бу ҳолатда закот фарз бўлади», дейди.

2. Бир йил тўлиши керак.

Нақд пуллардан ёки уларнинг ўрнига ўтадиган нарсалардан закот фарз бўлиши учун лозим бўлган шартлардан бири – ўша пул нисобга етган ҳолида тўлиқ бир йил туриши керак. Ҳанафий мазҳаби бўйича йилнинг ўртасида пул нисобдан камайиб қолса ҳам, лекин йилнинг бошида ва охирида тўлиқ бўлса, закот фарз бўлаверади.

Фойдага келган моллар – ойлик маош, иш мукофотлари, ҳунар орқасидан топилган пуллар, ижарага қўйилган иморатлар, меҳмонхона, завод ёки фабрика ва машиналардан тушган фойдалар асл молга – сармояга қўшилиб туриб, закот чиқарилади.

Шофеъий мазҳабида «Бу пулларга ҳам бир йил тўлиши керак», дейилган.

3. Қарздан холи бўлиши.

Пулдан закот фарз бўлиши учун унинг ичида қарзга қайтариб бериладиган пул бўлмаслиги керак. Айтайлик, бир одамнинг қўлида нисобга етган пули бор. Шу билан бирга, қарзи ҳам бор. У аввал қарзини бериши керак. Уни бергандан кейин пули нисобдан кам бўлиб қолса, бу одамга закот фарз бўлмайди.

4. Ҳожати аслиядан ортиқ бўлиши керак.

Дейлик, бир кишининг қўлида нисобга етган пули бор. Аммо у ўзига ва қарамоғидаги кишиларга қишлик ёки ёзлик кийим олиши керак. Ёки бир йиллик озиқ-овқатининг сарф-харажати ҳам бор. Яна уй сотиб олиши керак. Уйига керакли анжомлар, касб-ҳунари учун асбоблар, миниш учун, зарурат учун улов ёки ўқиш учун китоб олиши керак. Ушбу нарсаларни ёки улардан баъзиларини олганда пули нисобдан камайиб қолса, бу одамга ҳам закот фарз бўлмайди. Чунки закот ўзига тўқ, эҳтиёжларидан ортиқча пули бор бўлган бой одамларга фарздир.

Бир одамда ҳам тилла пул, ҳам кумуш пул бўлса, икковини қўшиб ҳисоблаб, нисоб аниқланади. Кейин икковидан улушига қараб, алоҳида-алоҳида закот чиқарилади. Демак, бир кишида турли пуллар бўлса, уларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида нисобга етиши шарт эмас. Мисол учун, доллар алоҳида, марка алоҳида, сўм алоҳида, рубл алоҳида нисобга етиши керак эмас. Бор пулларни қўшиб ҳисоблаб, нисобга етган-етмагани аниқланади ва ҳар бир пулдан ҳиссасига қараб, закот чиқарилади.

Ҳозирги кунимизда закот чиқариладиган молларнинг асосий турларидан бири пул бўлиб қолган. Айниқса шаҳар жойларда мол-мулк асосан пул шаклидадир. Шунинг учун унинг нисобини ҳар йили аниқлаш, ўз вақтида закотини бериб, Аллоҳнинг амрини бажо келтириш, молиявий ибодатни адо этиш лозим бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Бугунги кунда ўзларини турли хил жозибадор номлар билан атаб, одамларни тўғри йўлдан оғдириш билан шуғулланаётганлар ҳамда уларнинг найрангига давоми...

5319 11:35 / 05.07.2019
Аллоҳга иймон бўлмаса, бошқа нарсага иймон бўлиши мумкин эмас. Шундай экан, иймон масаласининг бош рукни бўлмиш Аллоҳга иймон келтириш нима ўзиИслом нуқтаи давоми...

5635 19:05 / 26.02.2020
Савол Шайтон инсоннинг туғилиши билан унга боғланиб қолиши ва ҳар бир инсон ўз шайтони билан туғилиши ростмиЖавоб Шайтон инсонларнинг туғилишидан бошлабоқ давоми...

6116 07:04 / 30.10.2018
Мужоҳиддан ривоят қилинади .Умар ибн Абдулазизга суиқасд уюштирилди. Хизматкори унинг таомига заҳар солган эди. Умар ибн Абдулазиз мени чақириб, .Одамлар мен давоми...

1423 08:35 / 13.04.2020