1445 йил 22 шаввол | 2024 йил 01 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Намозни вақти кириши билан ўқиш

11:00 / 10.05.2020 2332 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир розияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари (вақти) ҳақида сўралди.

«Бас, у киши:

«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинни қуёш қиздирган пайтда, Асрни қуёш тирик турганида, Шомни қуёш ботганида, Хуфтонни одамлар кўп бўлса, эртароқ, оз бўлса, кечроқ, Бомдодни тонг қоронғисида ўқир эдилар», деди».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ўзлари кўрган ҳолатни баён қилмоқдалар. У кишининг айтишларича, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда Пешин намозини заволдан кейин, қуёш қиздирган пайтда ўқир эканлар.

Арабларда бу вақт «ҳожира» дейилади. Бунда ҳижрат маъноси бўлиб, ҳаво исиб кетганлиги учун ҳамма ишини ташлаб, уйига қараб ҳижрат қиладиган — қочадиган вақти бўлади.

«Асрни қуёш тирик турганида» ўқир эканлар.

Бу – қуёшнинг ранги ҳам, иссиқлиги ҳам ўзгармай турганида, яъни ботишига яқинлашмай туриб, деганидир. Кўриниб турибдики, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аср намозини ҳам худди Пешин каби олдинги вақтида ўқиган эканлар.

«Шомни қуёш ботганида» ўқир эканлар.

Бу ҳам бошқа намозлар каби дастлабки вақтида ўқишдир.

«Хуфтонни одамлар кўп бўлса, эртароқ, оз бўлса кечроқ» ўқир эканлар.

Хуфтонда вақт бемалол бўлгани ва иш ёки дам олишга шошилинмагани учун у жамоат етарли бўлса, эртароқ, бўлмаса, одам кўпайишини кутиб, кечроқ ўқилар экан.

«Бомдодни тонг қоронғисида ўқир эдилар».

Тонг отганидан кейинги қоронғилик даври ҳам Бомдод намозининг олдинги вақти ҳисобланади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Беш вақт намознинг вақтларини билиш лозимлиги.

2. Намозни вақти кириши билан ўқишга шошилиш кераклиги.

Бошқа ривоятларда Пешинни бир оз ҳаво совиганда, Бомдодни ёруғлик яхши тарқаганда ўқиш ҳам зикр этилган.

3. Жамоатни кўпайтиришни кутиб туриш жоизлиги.

4. Олим кишилардан савол сўраб туриш кераклиги.

5. Сўралган нарсанинг ўзига жавоб бериш жоизлиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
399. Абул Ҳайяж Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Алий ибн Абу Толиб менга .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени юборган нарсага сени юборайми давоми...

659 19:00 / 05 апрель
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Абдуллоҳ исмли бир киши бор эди. Унинг лақаби .эшак, эди. У давоми...

3738 19:09 / 28.04.2017
Йигирманчи суннатАбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сизлардан бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги нарсани давоми...

3477 19:00 / 20.06.2019
1. Аллома Ибн Мунир айтади Пайғамбар алайҳис салом кўксларининг ёрилиши ва ул зотнинг бунга қилган сабрлари худди Аллоҳ таоло Забиҳуллоҳ Исмоил алайҳис саломни давоми...

3552 18:59 / 28.04.2017