1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Болага жисмоний тарбия бериш (иккинчи мақола)

10:44 / 05.05.2020 1262 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Абу Довуд Муҳаммад ибн Али ибн Руконадан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Рукона Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кураш тушди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни йиқитдилар».

Уламоларимиз ушбу кураш мусобақаси ҳақидаги ҳадиси шарифнинг ўзига хос қиссасини ҳам ривоят қиладилар.

Имом Абу Довуднинг ривоятида бу қисса қуйидагича баён этилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Батҳода эдилар. У зотнинг ҳузурларига Рукона ибн Язийд қўй-эчкиларини ҳайдаб келди ва:

«Эй Муҳаммад, мен билан курашга тушасанми?!»– деди.

«Совринга нима қўясан?» – дедилар.

«Қўйларимдан бирини», – деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан курашга тушдилар ва уни йиқитдилар. Кейин эса қўйни олдилар. Рукона:

«Яна қайта тушасанми?» – деди. Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Охири у:

«Эй Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, ҳеч ким ёнимни ерга теккиза олмаган эди. Мени йиқитган сен эмассан!» – деди-да, Исломга кирди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қўйларини қайтариб бердилар».

Бундан мусулмон кишининг мусулмон бўлмаган киши билан ҳам мусобақа ўтказиши мумкинлиги аён бўлади. Шунингдек, спорт орқали яхшиликларни тарқатиш, кишиларни Исломга киритиш ҳам мумкинлиги тасдиқланади. Яна, Руконага ўхшаб, баъзи ҳовлиққанлар бўлса, попугини пасайтириб қўйиш ҳам мумкин бўлади. Бунинг учун эса мусулмонлар доимий равишда бадантарбия билан шуғулланиб, соғ-саломат ҳолда тайёргарлик кўриб юришлари лозим бўлади.

Бошқа ривоятларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларни кураштириб, мусобақалар ўтказишга ўзлари бош бўлганлари ҳам айтилади. Уҳуд ва бошқа баъзи урушлар бошланишидан олдин ўспирин мусулмон йигитлар келиб, ўзларининг аскарликка қабул қилинишларни талаб қилганлар. Ўшанда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кураштириб, ғолиб келганларни қабул қилганлар.

Имом Бухорий ва имом Муслимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда:

«Ҳабашийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида «ҳироб» ўйнашаётган эди. Умар кириб қолди-да, эгилиб тош олиб, уларга ота бошлади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Умар, тек қўй уларни!» – дедилар».

«Ҳироб» – қурол ушлаб, чапдастлик намуналарини кўрсатадиган ҳарбий спорт ўйини. Мазкур ҳабашийларнинг бу ўйини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида бўлган. Бу ҳол ҳам бадантарбияга аҳамият беришнинг бир намунасидир.

Имом Бухорий ва имом Аҳмад Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорда камон отиш мусобақаси ўтказаётган асламлик кишилар ҳузуридан ўтиб қолдилар ва:

«Эй Бану Исмоил! Отинглар! Отангиз мерган эди. Отинглар! Мен Бану Фулон биланман!» – дедилар. Шунда тарафлардан бири қўлларини тийдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларга нима бўлди? Отмай қўйдинглар?» – дедилар. Улар:

«Сиз улар билан бўлсангиз, қандай қилиб ҳам отар эдик?!» – дейишди. Шунда у зот:

«Отинглар! Мен ҳаммангиз биланман!» – дедилар».

«Бахтиёр оила» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир,, дедилар.Термизий ривоят давоми...

5291 11:05 / 21.12.2019
. . .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кимнинг учта қизи бўлса, уларнинг хархашалари, давоми...

3453 10:55 / 27.12.2019
.Талоқ, сўзи луғатда .моддий ва маънавий тугунни ечиш, маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса, махсус лафз ила никоҳни кетказиш ёки унинг ҳалоллигини нуқсонга давоми...

2277 11:00 / 11.08.2022
Бизнинг динимизда туғилган фарзанд қиз бўлса, қувончни бўрттириброқ қилиш тавсия этилади. Одатда, ўғил туғилганда хурсандчилик каттароқ бўлади. Аммо, шариатда давоми...

3609 12:14 / 14.12.2019