1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Уламолар ғуслдан олдин таҳорат қилиб олиш суннат деганлар

17:03 / 09.02.2020 3504 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم إِذَا اغْتَسَلَ مِنَ الْجَنَابَةِ يَبْدَأُ فَيَغْسِلُ يَدَيْهِ، ثُمَّ يُفْرِغُ بِيَمِينِهِ عَلَى شِمَالِهِ فَيَغْسِلُ فَرْجَهُ، ثُمَّ يَتَوَضَّأُ وُضُوءَهُ لِلصَّلَاةِ، ثُمَّ يَأْخُذُ الْمَاءَ فَيُدْخِلُ أَصَابِعَهُ فِي أُصُولِ الشَّعَرِ حَتَّى إِذَا رَأَى أَنْ قَدِ اسْتَبْرَأَ حَفَنَ عَلَى رَأْسِهِ ثَلَاثَ حَفَنَاتٍ، ثُمَّ أَفَاضَ عَلَى سَائِرِ جَسَدِهِ، ثُمَّ غَسَلَ رِجْلَيْهِ. رَوَاهُمَا الْخَمْسَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жунубликдан ғусл қилсалар, аввал икки қўлларини ювишдан бошлар эдилар. Сўнгра ўнг қўллари билан чап қўлларига сув қуйиб, фарж­ларини ювар эдилар. Кейин эса намозга қиладиган таҳоратларини бажарар эдилар. Сўнгра сувни олиб, панжаларини сочлари остига киритар эдилар. Токи, сув яхши етганига ишонганларидан кейин бошлари устидан уч ҳовуч сув қуяр эдилар. Кейин қолган таналарига сув қуяр, сўнгра оёқларини ювар эдилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Оиша онамизнинг бу ҳадислари Маймуна онамизнинг юқоридаги ҳадисларини таъкидлаб, унда зикр қилинмай қолган баъзи нарсаларни баён қилиб келмоқда.

1. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жунубликдан ғусл қилсалар, аввал икки қўлларини ювишдан бошлар эдилар».

Бу маъно биринчи ҳадисда ҳам келган. Уламоларимиз олдин икки қўлни ювиб олишни суннат деганлар.

2. «Сўнгра ўнг қўллари билан чап қўлларига сув қуйиб, фаржларини ювар эдилар».

Бу маъно ҳам олдинги ҳадисда келган, лекин ўнг қўл билан чап қўлга сув қуйиб олиш айтилмаган. Аммо айтилмаса ҳам шундай тушуниш бор. Чунки бошқача бўлиши мумкин эмас. Нопок жойларни ушлаш учун ажратилган чап қўлни тўғридан-тўғри тоза сувли идишга солинмайди.

3. «Кейин эса намозга қиладиган таҳоратларини бажарар эдилар».

Бошқа нарсани тушуниш керак эмас. Араб тилида қўл ювишни ҳам таҳорат қилди, де­йилаверади. Шунинг учун бу ҳадисдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳорат қилганларини бошқача тушуниш керак эмас. Бу ерда айнан намозга қилинадиган таҳорат зикр қилинган.

Уламолар «Ғуслдан олдин таҳорат қилиб олиш суннат», деганлар.

4. «Сўнгра сувни олиб, панжаларини сочлари остига киритар эдилар».

Чунки соч узун бўлганлигидан унинг остига сув етмай қолиш хавфи бор. Шунинг учун бу ишга алоҳида эътибор берилган.

Уламолар бу ишни вожиб деганлар.

5. «Токи сув яхши етганига ишонганларидан кейин бошлари устидан уч ҳовуч сув қуяр эдилар».

Бу худди бошни алоҳида ювиб олгандек эди.

6. «Кейин қолган жасадларига сув қуяр, сўнгра оёқларини ювар эдилар».

Бу маъно олдинги ҳадисда ҳам ўтди.

Оиша онамизнинг «қилар эдилар», «қуяр эдилар» каби ибораларни ишлатишларидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари шундай эканлиги тушунилади.

Маймуна онамизнинг ҳадисларида бир ғусл васфи келган. Оиша онамизнинг ҳадисларида эса доимий одат ҳақида сўз бормоқда.

Бу икки ҳадисдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғусллари сифатини ўрганиб олдик. Энди ҳар биримиз ғуслимизни ўша Ҳабиби Роббил оламийннинг ғуслларига ўхшатиб қилишимиз керак.

 

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
723. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бақийъулғарқадда жанозада эдик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга келиб ўтирдилар. Биз у давоми...

2379 19:00 / 11.06.2022
423. Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўзахни зикр қилдилар ва ундан паноҳ сўрадилар. Сўнг юзларини уч марта давоми...

2849 13:00 / 23.10.2020
816. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим .Агар одамларнинг айбини давоми...

1948 19:00 / 30.12.2022
Мусулмонлар бирбирларига акаукадир220. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Каъба бино қилинганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Аббос давоми...

3676 16:00 / 19.07.2019