1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Соғлиққа зарарли нарсаларнинг ҳаром қилиниши

05:00 / 01.03.2017 2544 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломда соғлиқни сақлаш йўлида кўрилган чораларнинг энг муҳими инсон соғлиғи учун зарарли бўлган нарсаларнинг ҳаром қилиниши. Ҳозирги кунга келиб соғлиқни сақлаш бўйича анча муваффақиятларга эришилган бўлса ҳам, ушбу со¬ҳада, яъни, инсон соғлиғи учун зарарли бўлган нарсаларни ҳаром қилинишида Ислом диничалик бошқа бирор дин айтарли ҳеч нарса қила олгани йўқ.

Исломда эса бу масала минг беш юз йил илгари ҳал этилган.
Аллоҳ таоло:
«Албатта, шайтон, хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайдир. Энди тўхтарсизлар?! Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилинг ва ҳазир бўлинг! Агар юз ўгирадиган бўлсангиз, билингки, Пайғамбаримиз вазифаси аниқ етказиш, холос», деган.
Бу ояти каримада хамр билан қимор сабабли мусулмонлар орасида ўзаро адоват ва ёмон кўришлик пайдо бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Хамрнинг шахсга, оилага, жамиятга ва бутун инсониятга келтирадиган зарарлари ҳақидаги маълумотлар жуда ҳам кўп. Бу ҳақиқатларни мусулмон ҳам, кофир ҳам, худосиз ҳам, ҳатто ароқхўр ҳам яхши билади.
Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқа муҳаддисларимиз келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Тибиъ» ҳақида сўралди. У асалнинг набийзидир. Бас, у зот: «Ҳар бир ичимлик маст қилса, ҳаромдир», дедилар».
Қадимги вақтда асалга сув аралаштириб маълум муддат идишда сақлаб хуштаъм набийз қилиб ичилар эди. Афтидан набийз қилаётганда вақти ўтиб кетиб асалнинг набийзи, хамрга айланиб қолиш ҳоллари ҳам тез-тез учраб турганга ўхшайди. Шунинг учун баъзиларда: «Асалнинг набийзини ичса бўладими, йўқми?» деган савол пайдо бўлиб қолган. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраганларида умумий қоида бўладиган жавобни бердилар:
«Ҳар бир ичимлик маст қилса, ҳаромдир», дедилар.
Мана шу қоидани ҳар бир мусулмон яхшилаб ўрганмоғи ва амал қилмоғи лозим. Ичимликнинг номи, қандоқ идишда сақлангани ва, яна бошқа сифатлари эмас, маст қилиш-қилмаслиги эътиборли. Ҳар қандай маст қилувчи ичимлик ҳаромдир.
Чунки ундоқ нарсалар ўз ичувчисига кўплаб зарарлар келтиради. Жумладан, унинг соғлигига футур етказади.
Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар Ториқ ал-Жўъфий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда шундоқ дейилади:
«У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан хамр ҳақида сўраганида, у зот ундан қайтардилар ёки уни тайёрлашини ёқтирмадилар. Шунда у:
«Мен уни даво учун қиламан», деди.
«У даво эмасдир. У дарддир», дедилар Пай¬ғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам».
Саҳобалардан Ториқ ал-Жўъфий розияллоҳу анҳу хамр тайёрлаш иши билан шуғулланар эканлар. Хамрнинг ҳаром қилингани ҳақида ҳукм собит бўлганидан кейин ҳамма нарса аён бўлди. Хамрга оид ишларни қилиш ҳам ҳаром қилинди. Лекин Ториқ ал-Жўъфий розияллоҳу анҳу яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан хамр тайёрлаб сотиш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида сўрадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни хамр тайёрлашдан қайтардилар. Аммо мазкур саҳобий хамрни мастлик учун ичишга тайёрламас эканлар, шунинг учун у зотга:
«Мен уни даво учун қиламан», деди.
Демак, Ториқ ал-Жўъфийнинг саволи дардга даво учун хамр тайёрласа бўладими, деган маънода экан. Худди шу савол ҳозиргача одамлар орасида тез-тез такрорланиб туради. Баъзилар даво учун бир оз хамр истеъмол қилса бўлар экан, деган гапларни айтган ҳоллари ҳам бўлган. Хамр ҳақидаги бу саволнинг ҳақиқий тўғри жавоби эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жавобларидир:
«У даво эмасдир. У дарддир».
Демак, даво учун бир оз хамр истеъмол қилса бўлар экан, деган гап мутлақо асоссиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хамр даво эмаслиги ҳақидаги гаплари уни даволаниш мақсадида ҳам истеъмол қилиб бўлмаслигини англатса, хамрнинг дард эканини баён қилувчи гаплари эса илмий мўъжиза бўлиб чиқди. Хамрнинг кўпи ҳам, ози ҳам, маст бўлиш учун ичилгани ҳам, даво учун ичилгани ҳам, дарддан иборат эканини илмий тажрибалар собит қилди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир маст қилувчи хамрдир. Ҳар бир хамр ҳаромдир», деганлар.
Шунинг учун маст қилувчи ичимликми, чекимликми, ҳидланадиганми ёки игна ёрдамида қабул қилинадиганми, ҳамма-ҳаммаси ҳаром. Уларнинг ҳаром қилинишининг асосий сабабларидан бири инсон соғлиғи учун зарарли бўлганидир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда .Ана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир. У ила Аллоҳ хоҳлаган кимсани ҳидоят қилур, Зумар сураси, 23оят деб марҳамат қилган.Доктор Лоуренс Браун давоми...

3410 09:30 / 21.03.2022
Маълумки, бу дунё ҳамма инсонлар учун вақтли бир макондир. Инсон бу дунёда қанча яшамасин, бир кун у бу ўткинчи дунёни тарк этади. Бунинг устига, Пайғамбаримиз давоми...

7837 16:58 / 18.08.2017
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир иш қилдилар. Кейин бунга рухсат бердилар. Бир қавм ундан ўзини олиб қочди. Бу Набий давоми...

2672 05:00 / 03.03.2017
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳни ёд этиб. Бир муддат фазилатли шайх ҳазратлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент Ислом давоми...

2074 09:02 / 19.07.2022