1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёл бирор маййит учун уч кундан ортиқ аза тутиши ҳалол эмас

16:12 / 22.01.2020 2668 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умму Ҳабиба онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан 65та ҳадис ривоят қилганлар. Баъзи уламоларнинг таъкидлашларича, у киши бу борада Оиша онамиз ва Умму Салама онамиздан кейинги ўринда турадилар.

Умму Ҳабиба онамиз илмли, балоғат ва фасоҳатлари юқори даражада бўлган зотлардан эдилар.

У киши кўп нафл намоз ўқир ва нафл рўза тутар эдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати мутоҳҳараларига амал қилишда ҳам ҳаммага ўрнак эдилар.

Ҳумайд ибн Нофеъ розияллоҳу анҳу ривоят қилинади:

«Менга Зайнаб бинти Абу Салама ушбу ҳадиснинг хабарини берди. У айтди:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Умму Ҳабибанинг олдиларига кирдим. Ўша пайт унинг отаси Абу Суфён вафот этган кунлар эди. У сариқ рангли бир аралаш ёки бошқа хушбўй нарса келтиришларини сўради. Ундан бир қизчага суртиб кўрди-да, кейин ўзининг икки юзига суртиб туриб:

«Аллоҳга қасамки, ҳозир хушбўй нарса суртадиган ҳолим йўқ, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбардан туриб:

«Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёл бирор маййит учун уч кундан ортиқ аза тутиши ҳалол эмас. Фақат эрига тўрт ой-у ўн кун тутади» деганларини эшитган эдим», деди».

Умму Ҳабиба онамиз ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуни фитначилардан ҳимоя қилишга уринган кишилардан эдилар.

«Мўминларнинг онаси Умму Ҳабиба бинти Абу Суфён бир мешчада сув олиб келдилар. Улар у кишининг хачирларининг юзига урдилар. У киши:

«Бу одамнинг ҳузурида Бани Умайянинг васият қилган нарсалари бор. Тул ва етимларнинг моллари ҳалок бўлмаслиги учун сўраб олмоқчиман», дедилар.

«Ёлғончисан!» дейишди улар.

Кейин улар у кишининг хачирларининг арқонини қилич билан кесиб юборишди. Хачир ҳуркиб кетди. Мўминларнинг онаси йиқилиб тушай дедилар. Одамлар у кишини уйларига олиб боришди».

Шундай, фитнага мубтало бўлганларда ҳеч қандай одамгарчилик қолмайди. Уларнинг барча нобакорликларини бир томонга қўйиб, Умму Ҳабиба онамизга нисбатан қилган одобсизликларини олсак ҳам ҳар қанча қоралаш учун етиб, ортади.

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Умму Ҳабиба онамиз розияллоҳу анҳо ўлимлари олдидан мени чақирди ва:

«Орамизда кундошлар орасида ўтадиган нарсалар бўлиб ўтган. Ўша нарсалардан гуноҳларимиз бўлса, Аллоҳ сени ҳам, мени ҳам мағфират қилсин», деди.

«Аллоҳ сени уларнинг ҳаммасидан мағфират қилсин, Ўзи кечирсин. Мен ҳаққимни ҳалол қилдим», дедим.

«Сен мени масрур қилдинг, Аллоҳ сени масрур қилсин», деди у. Сўнгра Умму Саламага ҳам одам юбориб, худди ўша нарсаларни унга ҳам айтди».

Умму Ҳабиба онамиз розияллоҳу анҳо вафот этганларида ҳижрий қирқ тўртинчи сана эди.

Аллоҳ таоло Умму Ҳабиба онамиз розияллоҳу анҳодан рози бўлсин!

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аёл эрини рози қилиш билан ўзига жаннатни нақд қилиб олади. Умуман аёлнинг икки дунё саодатига ноил бўлиши учун эрининг розилиги муҳим ўрин эгаллайди. Расулуллоҳ давоми...

1255 19:40 / 06 февраль
Кун, ҳафта, ой ва йил биз қайси даврдамиз Масалан, ўтган эллик ва кейинги эллик йил билан қиёслаганда бизнинг вақтимиз қандай белгиланади Ийсо алайҳиссалом давоми...

1473 11:00 / 16.11.2023
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбаримиздир. У зот бизга ҳаёт сирларини ўргатдилар. Биз ҳақиқий ўлчовларни у зотдан билиб олдик. Ўзимиз яшаётган дунё давоми...

2119 10:54 / 03.02.2022
VРамазони муборакда Бадрда эришилган ғалаба мусулмонлар учун тарихий аҳамиятга эга эди. Ўша шонли ғалабадан кейин мусулмонлар жамияти тарих саҳнасига катта куч давоми...

2215 17:00 / 09.02.2019