1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (65-дарс). Фиқҳнинг таърифи

19:05 / 26.12.2019 1698 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Фиқҳ» сўзи луғатда дақиқ фаҳмни, яъни бир нарсани нозик жойларигача тушунишни англатади.

Шариат истилоҳида эса шаръий далиллардан фаръий ҳукмларни чиқаришга «фиқҳ» деб айтилади.

Ушбу таърифдаги «шаръий далил» истилоҳидан асосан Қуръони Карим оятларини ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тушунамиз.

«Фаръий ҳукмлар» эса луғатда аслийнинг тескариси, яъни шохобча, кичик аҳамиятли деган маънони англатади.

Шариатда эса ибодат ва муомалотларни ўз ичига олувчи ҳукмлар фаръий ҳукмлардир.

Фиқҳнинг маъноси Қуръонда келганига ва унинг аҳамияти қанчалар юксаклигига Тавба сурасидаги қуйидаги ояти карима ҳам далолат қилади:

ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ ﯻ ﯼ ﯽ ﯾ

«Мўминлар ёппасига (жангга) қўзғалишлари лозим эмас. Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Динни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирар эдилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар» (122-оят).

Бу ояти каримани уламоларимиз икки хил тафсир қилишган. Биринчи тоифа:

«Мўминларнинг ҳаммалари (жангга) қўзғалишлари лозим эмас. Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди, шунда жангга қўзғалмай қолар эдилар. Улар динни чуқур англаб, жиҳодга кетганлар қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирадилар. Шоядки, улар (яъни жиҳодга кетганлар) ҳазир – эҳтиёт бўлсалар», деган маънони илгари сурадилар.

Иккинчи гуруҳ уламоларимиз эса:

«Мўминларнинг ҳаммалари (жангга) қўзғалишлари лозим эмас. Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Улар (жангга қўзғалардилар ва жиҳод давомида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган мулоқотларда) динни чуқур англаб, (ўрганар эдилар. Жиҳоддан) қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирадилар. Шоядки, улар (яъни жиҳодга чиқмай қолганлар ҳам) ҳазир бўлсалар», деган маънони таъкидлайдилар.

Кўпчилик тафсирчиларда биринчи фикр олинган бўлса-да, иккинчи фикр ҳам кучли ҳисобланади.

Нима бўлганда ҳам, ояти карима ва уламоларимизнинг унга турли ёндашувларидан Ислом дини ўз динимизни чуқур англаб етишга қанчалик юқори аҳамият бергани яққол кўриниб турибди. Ҳатто жиҳодга бормай қолишга узр бўладиган бирдан-бир нарса ҳам диний илмларни чуқур ўрганиш учун бўлган ҳаракат бўлиши мумкин экан.

Агар ушбу ояти каримани ўрганишда иккинчи хил тафсир қилган уламоларимиз йўлидан борадиган бўлсак, қирғин-барот уруш бўлиб турганда ҳам Исломни чуқур ўрганишга ҳаракат қилиш лозимлиги таъкидланганини кўрамиз.

Бу ҳолат Ислом жамияти диний илмларни чуқур эгаллаган уламоларни кераклигича тайёрлашга алоҳида эътибор бериши лозимлигини кўрсатади. Шу билан бирга, уламоларнинг жамиятдаги ўринлари ва масъулиятлари юксак эканини ҳам таъкидлайди.

Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фиқҳни алоҳида мадҳ қилганлар. Мисол учун, қуйидаги ҳадисни олишимиз мумкин.

عَنْ مُعَاوِيَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ». رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

«Фиқҳ» сўзи, аввал айтиб ўтганимиздек, луғатда бир нарсани дақиқ жойларигача тушунишни англатганидан, шариат ҳукмини дақиқ жойларигача тушунишни таъминлайдиган илм ҳам «фиқҳ» дейилади. Ана шундай илмий малакага эга бўлган одамни «фақиҳ» дейилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», демоқдалар.

Демак, дин таълимотларини яхши тушунадиган бўлиш банда учун катта бахт-саодатдир, унга Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилганининг аломатидир. Чунки диний илмни ҳам бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи беради.

«Кифоя» китобининг 1-жузидан 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида намознинг қуйидаги одоблари мавжуд 1. Такбири таҳрима вақтида эркак киши қўлларини енгидан чиқариши. 2. Қиёмда саждагоҳга, давоми...

2963 19:00 / 27.01.2022
Фуруъу усулнинг муқобилига ишлатилиб шохобча маъносини англатади. Усулда фиқҳий аҳкомларни истинбот қилиш қоидалари устида иш боради. Фуруъда эса турли фиқҳий давоми...

3452 05:00 / 17.01.2017
Аммо ейиладиган қушнинг ахлати покдир. Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг устига кабутар тезак ташлаганда, тош билан артиб ташлаб, намоз ўқиган. Худди шундай ҳолат Ибн давоми...

3531 13:00 / 01.04.2021
Фарз қилинган вақтда намоз ўқиётган муқим одамга мусофир иқтидо қилса, у ҳам имомга ўхшаб тўлиқ намоз ўқийверади. Мазкур мусофирнинг фарзи ҳам имомга эргашгани давоми...

1070 19:00 / 21.09.2023