1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

«Шарқдан ғарбга» фильмидан иқтибос

11:05 / 24.12.2019 2020 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Зулматли асрлар»ни бошидан кечираётган зулматли ҳудудларга бир учи туташиб турган мусулмон ўлкалари ҳудудларининг барчаси Ислом нури билан порлаб турган давр. Бу буюк нур бошқаларнинг кўзини қамаштирар эди...

Шу ерда Буюк Британияда John Fothergill режисёрлигида, «Эс Де Медиа» компанияси томонидан тайёрланган «Шарқдан ғарбга» деб номланган етти бўлимдан иборат фильмнинг тўртинчи қисмидан олинган иқтибосни эътиборингизга ҳавола этишга ижозат бергайсиз.

«Дамашқ. Шом. Уммавийлар масжидидан мўминларни намозга чорлаб азон айтилмоқда. Кундалик ибодатлар вақтини белгиловчи бу анъана 1400 йилдан буён давом этиб келмоқда. Бу чорловга дунёнинг энг буюк динларидан бири бўлмиш Ислом аҳли лаббай деб жавоб беради. Бу жавоб ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатининг абадий барҳаётлигини тасдиқлайди. Айни пайтда, бу Исломдаги бошқа бир таълимотнинг – кашфиёт ва илмий тадқиқотларга интилиш, илмга бўлган чанқоқлик анъанасининг ҳам тасдиғидир.

Бу – ўрта аср Исломининг тамаддун тарихига қўшган, бироқ унутилган улкан ҳиссаси ҳақидаги ҳикоядир. Европа тарихининг зулматга чўмилган даврида мусулмонлар борлиқ ҳақидаги тушунчаларни умумлаштирдилар, таълим муассасаларига асос солдилар ва замонавий илм-фан пойдеворини қурдилар...

...Яқин Шарқда зулмат асрлари бўлмаган. Римликлар бу ерда узоқ тамаддунлар тарихининг кичик бир нуқтасидир, холос. Шарқий Рим империяси ўз ўрнини араб саҳросидан келган янги кучга бўшатиб берган.

Фотиҳлар ўзлари билан янги динни – Ислом динини олиб келишди. Халифалар бир аср мобайнида Дамашқда Қадимий Римдан афзал бўлган салтанат ҳукмдорларига айланишди. Янги Ислом дунёсининг ҳудуди Ҳиндистондан Испаниянинг ғарбий соҳилларигача етиб борди. Римга бостириб кирган қабилалардан фарқли ўлароқ, бу фотиҳларни жоҳил варварлар деб аташ мумкин эмас эди. Дамашқда ҳатто бинолар ҳам бор маданиятни вайрон қилиш эмас, балки тараққиётни ўз олдига мақсад қилиб қўйган давлатнинг тарихидан ажиб ҳикоялар сўзлайди.

706 йилда араб дунёсидаги энг биринчи ва энг катта масжид қурилиши бошланди. Масжиднинг бошланиш нуқтаси дунёдаги энг кўҳна қадамжолардан бири бўлмиш бино эди.

Уч минг йил муқаддам бу ерда Хаддод номли олиҳага сиғиниб, унга атаб қурбонликлар қилишарди. Биринчи асрда бу ерда Дамашқ Юпитерининг улкан эҳроми турарди. IV асрда у Яҳё чўқинтурувчининг мақбарасига айлантирилди. VIII асрга келиб эса бу ерда Ислом халифалигининг энг катта масжиди қурилди.

Уммавийлар масжиди Исломнинг тамаддун тарихининг таркибий қисми эканидан далолат беради. Янги мозаикалар ва миноралар насроний усталар томонидан эски базилика ва мажусийлар эҳромига монанд қилиб қурилган эди.

Атрофимиздаги меъморчилик обидалари халифалар бу ерда аввал бўлган нарсаларни бузмаганини, балки улар асосида янада гўзал ва бетакрор иморатлар қурганини исботлайди. Улар илм-маърифат соҳасида ҳам ана шундай камолот сари интилар эдилар.

Ушбу дин мозийдаги билимларни эҳтиром қилиш ва уларни ривожлантириш учун ўз асосларига эгадир. Мусулмонлар ҳар куни муайян вақтларда беш маҳал намоз ўқиб, ибодат қиладилар. Шунинг учун бу дин ўзининг илк кунлариданоқ вақтни аниқ ҳисоблаш жуда муҳим аҳамият касб этган.

Дамашқ жоме масжидининг минораси томида қуёш соати ўрнатилган бўлиб, уни XIII асрда Ибн Шотир ясаган. Бу қуёш соати масжиднинг ҳовлиси ва деворларини безаб турган, зеро Исломда ҳар кунги беш маҳал намоз вақтлари қуёшнинг осмондаги жойлашувига боғлиқдир. Қуёш соатисиз вақтни аниқлашнинг имкони бўлмаган.

Ушбу қуёш соати бугунги кунда ҳам амалда бўлган вақт тақсимини - бир кеча-кундуздаги 24 соатни кўрсатиш билан бирга намоз вақтларини ҳам кўрсатиб туради. Аниқ вақтдан ташқари, мусулмонлар ер шарининг қайси нуқтасида турганини билишлари ҳам зарурдир.

Чунки мусулмонлар сайёрамизнинг қайси бурчагида бўлишидан қатъий назар, Маккаи мукарраманинг қайси томондалигини билиш лозим, зеро намознинг қибласи – Маккаи мукаррама шаҳридир. Демак, мусулмонлар қуёш, ой ва бошқа сайёраларнинг ҳаракатланишига қараб аниқ вақтни ва турган жойларини аниқлай олишлари лозим.

Яратганга бўлган иймон ушбу қуёш соатини ўрнатган одамларнинг илмга бўлган интилишини тўсмаган, аксинча, уларни борлиқнинг моҳияти ва унинг сир-асрорлари, қонуниятларини ўрганишга, билишга ундаган.

Бу илмий тадқиқотлар фақат намоз вақтлари ва қиблани аниқлаш учунгина олиб борилмаган, бу интеллектуал интилишларга дунёни билиш, уни англаш иштиёқи ҳам сабаб бўлган, зеро Қуръони каримда инсонни теварак-атрофга, борлиққа, ундаги чексиз ҳикмат билан йўғрилган мукаммалликка, гўзалликка ақл кўзи билан назар солиш, само жимларининг аниқ ҳаракатини кузатиб, ақл юритишга, жумбоқларга жавоб топиб, муаммоларга ечим топиб, оламдаги сабабият қонунларини кашф этишга чақирувчи оятлар жуда кўпдир.

 «Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Шарқ ва Ғарб. Уларнинг қони ҳам, қон айланиши ҳам турлича. Бироқ баъзан қон алмаштириб туриш ҳаётий заруратга айланади,Джон Голсуорси Форсайтлар ҳақидаги давоми...

1791 09:00 / 27.06.2021
Иқтибос.Қуръон инсониятга араб тилида нозил қилинди. Бироқ у фақат араблар эмас, бутун башарият учундир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон Аллоҳнинг каломини етказиш давоми...

1414 15:00 / 16.12.2021
Сиз муҳтарам азизлар дунёдаги энг пок ва покизаликка қаттиқ риоя қиладиган халқ вакили эканингиз билан фахрланиб юрасиз, албатта. Лекин ўша фахр боиси бўлган давоми...

1476 17:06 / 06.11.2020
Оврупаликларнинг муҳим кашфиётларидан саналган атирлар айнан ҳаммомларнинг йўқлиги туфайли пайдо бўлди. Машҳур француз атирларининг асосий вазифаси биттагина давоми...

2258 08:30 / 16.06.2019
Аудиолар

121494 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42987 14:35 / 11.08.2021