1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Ким маййитни ювса ғусл қилсин

16:09 / 22.12.2019 3333 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

وَعَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم كَانَ يَغْتَسِلُ مِنْ أَرْبَعٍ: مِنَ الْجَنَابَةِ، وَيَوْمَ الْجُمُعَةِ، وَمِنَ الْحِجَامَةِ، وَمِنْ غُسْلِ الْمَيِّتِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт нарсадан ғусл қилар эдилар: жунубликдан, Жумъа куни, қон олдирган ва маййитни ювгандан (кейин)».

Абу Довуд ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Оиша онамиз Пайғамбаримиз қиладиган ғуслларнинг баъзи сабабларини айт­моқдалар.

Ҳадиси шарифда:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт нарсадан ғусл қилар эдилар» дейилганидан бу тўрт нарсадан бошқа нарсадан ғусл қилиб бўлмас экан, деган фикрга бормаслик керак. Бошқа ҳадислардан бу ҳақиқат зоҳир бўлади. Мисол учун, икки ийд кунлари ва Арафот куни ғусл қилиш марғубдир.

Аммо бу ҳадисда фақат тўрт нарса зикр этилмоқда:

1. «Жунубликдан».

Бу ҳақда муфассал сўз юритилди.

2. «Жумъа куни».

Бу ҳақда кўплаб ҳадислар келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жумъа намози учун ғусл қилганлар, бошқаларни ҳам ғусл қилишга буюрганлар.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда «Жумъанинг ғусли ҳар бир эҳтиломга етган учун вожибдир», дейилган.

Бу маънодаги ҳадислар кўп. Шунинг учун ҳам баъзи мазҳабларда Жумъа кунги ғусл суннати муаккада дейилган.

Ҳанафий мазҳабида эса жумъа кунги ғусл суннат дейилган.

3. «Қон олдирганда».

Ўтмишда махсус услуб билан қон олдириш одати бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қон олдирганлар. Ундан кейин эса ғусл қилганлар. Чунки баданга қон сачраш эҳтимоли кучли. Ҳанафий мазҳабида бу масала тўлиқ ўрганиб чиқилиб, «Қон олдиргандан кейинги ғусл мандубдир», дейилган.

 4. «Маййитни ювгандан (кейин)».

Бу масалада келган ҳадисларда ихтиёр маййитни ювган одамнинг ўзига қўйилганлиги мулоҳаза қилинади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: «Маййитни ювар эдик. Бас, биздан баъзиларимиз ғусл қилар эдик. Баъзиларимиз ғусл қилмас эдик», дейилган.

Бошқа бир ҳадисда эса: «Албатта, маййитингиз пок ҳолида ўлади. Қўлларингизни ювиб олсангиз бўлади», дейилган.

Ушбу ва бошқа ҳадисларни ҳисобга олиб, Ҳанафий мазҳабида «Маййитни ювган одам ғусл қилиши мандуб», дейилган.

Бундай ҳолда битта ҳадисни ўқиб олгач, ўшанга қараб ҳукм чиқариб, кишиларнинг бошини қотирмаслик керак. Тажрибада шундай ҳолатлар ҳам бўлган. Ҳадис китобларининг биридан баъзилар:

«Ким маййитни ювса, ғусл қилсин, ким уни кўтарса, таҳорат қилсин», деган ҳадисни ўқиб олиб, кишилар ўртасида ихтилоф чиқарганлар.

Ҳолбуки, ўша одамлар бу масаладаги бошқа ҳадисларни ҳам ўқисалар, бу ҳадислар асосида уламоларимиз олиб борган илмий баҳсларни ўргансалар, ихтилофга ҳеч ўрин қолмайди.

Имом Абу Довуд мазкур ҳадисни мансух (амалдан қолган), деб очиқ-ойдин айтиб қўйган.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
368. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бомдод намозини ўқидилар ва .Фалончи борми, дедилар. .Йўқ,, давоми...

1163 19:00 / 10 февраль
545. Абу Салама ибн Абдурроҳмандан ривоят қилинади .Оиша розияллоҳу анҳо унга қуйидагининг хабарини берган .Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жуфти давоми...

3304 17:00 / 30.07.2021
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болаларга муомалалари 116. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади..Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

5672 15:10 / 18.01.2019
. .Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бирортангиз намозида таҳоратини кетказиб қўйса, бурнини ушласинда, давоми...

2661 14:33 / 19.07.2020