1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

70-боб. Яҳудий қўшни

13:05 / 20.12.2019 2712 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мужоҳиддан ривоят қилинади:

«Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг олдида эдим. Унинг хизматчиси қўйнинг терисини шилаётган эди. Шунда у киши:

«Эй ғулом! Қўйни сўйиб бўлгандан кейин (тарқатишни) яҳудий қўшнимиздан бошлагин», деди.

Шунда ўша ердагилардан бири:

«Яҳудийдан?! Аллоҳ сени аҳли салоҳдан қилсин», деди.

«Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшни ҳақидаги тавсияларини эшитганман. Ҳатто уни меросхўр қилиб қўярмиканлар, деб чўчиганмиз (ёки ўйлаб қолганмиз)», деди».

Ушбу ривоятда қўшнининг ҳаққи унинг мусулмон бўлишига боғлиқ эмаслиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг уйларида қўй сўйиш бошланиши билан хизматчига мазкур қўйнинг гўштидан яҳудий қўшнига беришни унутмасликни қайта-қайта таъкидлашлари бежиз эмас.

Ўша пайтда ҳам баъзи кишилар яҳудийларнинг душманликлари эътиборидан, буларга яхшилик қилиб бўлмайди, деган фикрда эканликлари ривоятдаги кишининг Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг гапларидан ажабланиши мисолида кўриниб турибди.

Ҳа, оддий инсоний ўлчовда уларга яхшилик қилиб бўлмаслиги турган гап. Аммо Ислом Аллоҳ таолонинг дини бўлиб, у инсоннинг нуқсонларини тўлдириб туради. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшнининг ҳаққи тўғрисида ғоятда таъкидли гапларни айтганлар. Демак, дини, миллати ва қабиласидан қатъи назар, фақат қўшни бўлгани учун унинг қўшнисида ҳаққи бор.

Шунингдек, қўшни фосиқ ва фожир бўлса ҳам, унинг қўшнисида ҳаққи борлиги ўз-ўзидан маълум бўлади. Фосиқ ва фожир қўшнига яхшилик қилиш ўтган салафи солиҳларимизнинг одатларидан бўлган.

Абу Ҳанифа ниҳоятда парҳезкор ва тақводор бўлишлари билан бирга, хатокорларга нисбатан бағрикенг эдилар. У кишининг кечани мастлик билан ўтказадиган қўшниси бор эди. У бор овози билан бақириб:

«Зое қилдилар. Қандай йигитни зое қилдилар,

Оғир кунда керакли ҳимоячини зое қилдилар»,

деб қўшиқ айтиб чиқарди. Унинг овози кечаси билан Абу Ҳанифанинг оромларини бузар эди.

Бир кеча мазкур қўшнининг овози чиқмай қолди. Тонг отганда Абу Ҳанифа суриштириб, унинг мастлиги туфайли қамалиб қолганини билдилар. Волийнинг ҳузурига бориб, уни қамоқдан озод қилдилар.

Икковлари қайтиб келишаётганда Абу Ҳанифа унга:

«Эй йигит! Сени зое қилдикми?» дедилар.

«Йўқ. Муҳофаза қилдингиз. Аллоҳ ажр берсин!» деди у.

Абу Ҳанифа билан бирга бўлган ўша йигит ичишни ташлади, илм ҳалқаларининг аъзоларидан бўлди ва охири Куфанинг фақиҳларидан бирига айланди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Мусулмон шахсда мусулмонмас қўшнининг ҳам ҳаққи борлиги.

2. Ўзига етган моддий нарсалардан қўшнига ҳам бериб туриш кераклиги.

3. Сўйилган қўйнинг гўштидан яҳудий қўшнига берилгани.

4. Илмли кишилар қўшнининг ҳаққини бошқаларга эслатиб туриши лозимлиги.

5. Қўшнининг ҳаққи меросхўрнинг ҳаққига яқин экани.

Шу ўринда ушбу масала бўйича оят ва ҳадислар жуда ҳам кўплигини яна бир бор эсга олиб қўйишимиз керак бўлади.

Юқорида келтирилган маълумотларнинг ўзи ҳам оламга татигуликдир. Кишилар ушбу таълимотлардан бир оз бўлса-да хабар топиб, уларга амал қилганларида, қўшнилар орасидаги кўнгилсизликлар барҳам топарди.

Ҳозирги кунимизда ҳам динини маҳкам тутган мўмин-мусулмонлар бу масала бўйича келган таълимотларга қўлдан келганича амал қилиб, унинг яхшиликларидан баҳраманд бўлиб келмоқдалар. Қўшни ҳаққига риоя қилган маҳалла ва жамиятларда кўпгина муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлиб келмоқда.

Аммо минг афсуслар бўлсинки, баъзи ҳолатларда қўшничилик алоқаларида, қўшниларнинг бир-бирлари билан бўлган муомалаларида Ислом таълимотлари унутилиб қолаётган ҳоллар ҳам йўқ эмас. Албатта, бундай ҳолатларда кўнгилсизлик ва нохушликлар юзага чиқади, маҳалла ва жамиятнинг тинчи бузилади.

Асосийси ушбу таълимотларга аста-секин, қадамма-қадам амал қилишга ўтайлик. Уларни ҳаётимизга татбиқ қилиб, яхшиликларидан баҳраманд бўлайлик. Қўшниларнинг аҳил-иноқ бўлиб, ўзаро эҳтиром, бир-бирига меҳрибонлик асосида тинч-тотув ва саодатли яшашларига нима етсин!

«Одоблар хазинаси» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кексалиги туфайли намозда қийналадиган кишиларга ўтириб намоз ўқишга рухсат берилган..Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунги давоми...

2246 17:00 / 30.10.2019
Ҳар бир инсон ким бўлишидан қатъий назар, бир кун келиб кексаяди. Аммо кексайиш билан кексайишнинг орасида фарқ бор. Энг яхши кексайиш яхшилик билан яшаб, яхшилик давоми...

1857 14:40 / 14.10.2019
Амр ибн Абу Қурра Киндийдан ривоят қилинади.Отам Салмонга синглисига уйланишни таклиф қилди. У буни қабул қилмади ва Буқайра исмли озод қилган чўрисига давоми...

2230 09:19 / 12.09.2021
Абдуллоҳ ибн Соиб отаси орқали бобосидан ривоят қилади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Бирортангиз соҳибининг нарсасини ўйин қилиб ёки жиддийлик давоми...

1968 17:00 / 21.05.2022