1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Қаноат

05:00 / 01.03.2017 3907 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн. Вассолату вассаламу ала Саййидина Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳабиҳи тоййибийна тоҳирийн. 

Абу Жаъфар Мансур (аббосий халифалардан) халифаликка сайланганда элчилар, турли мансаб кишилари унга саломларни етказгани ва халифаликка сайлангани билан табриклагани кела бошлашди. 

Шу орада бир кекса киши ҳам келди. Уни кўрган Абу Жаъфар “Бу қария ҳозир бизга ўлим ҳақида гапириб, кўнглимизни дунёдан узишга чақиради. Мен ўзим у гап бошламасидан олдин бизга мавъиза қилишини сўрайман” деди ва “Эй қария, бизга насиҳат қилинг” деди. Шунда бояги киши “Эй мўминларнинг амири, сизга кўрган нарсамни гапирайми ёки эшитган нарсамними?” деб сўради. Абу Жаъфар “Кўрган нарсангизни гапиринг. Чунки, кўриладиган нарса одатда эшитиладиган нарсадан кам учрайди” деди. 

Шунда ҳалиги кекса киши: “Эй мўминларнинг амири, мен Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳни кўрдим. Вафот этганда, ўзидан ўн битта фарзанд қолдирди. Фарзандларига ўн саккиз дирҳам мерос қолдирди. Ўзи беш дирҳамга кафанланди, тўрт дирҳамга қабр кавлатилди, қолган тўққиз дирҳам эса, фарзандлари орасида тақсимланди. Ҳар бир болага бир дирҳамдан камроқ улуш тегди. 

Яна Ҳишом ибн Абдулмалик (уммавийлар халифаси)ни ҳам кўрдим. Вафот этганда, ортидан бир қанча фарзандлар ва тўртта хотини қолди. Ҳар бир хотинига саксон минг динор олтин мерос тегди. (Маълумки, агар эрнинг фарзанди бўлса, хотинига мероснинг саккиздан бири тегади. Шу саккиздан бир улуш эса, тўртта хотинга тенг тақсимланади. Агар ҳар бир хотинга саксон минг динор улуш теккан бўлса, у ҳолда тўртта хотинга берилган мерос уч юз йигирма минг динор бўлади. Бу Ҳишом ибн Абдулмалик қолдирган динорларнинг саккиздан биридир. Демак, динорларнинг саккиздан бири уч юз йигирма минг динор бўлса, қолган динорлар бундан ҳам кўплиги маълум бўлади. Булар ҳали мероснинг динорлардан иборат қисмидир. Ҳишомдан яна кўчмас мулклар, боғу роғлар ва бошқа бойликлар ҳам қолган). 

Орадан бир муддат ўтгач, Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳнинг ўғилларидан бирини кўрдим. У йигит отасидан бир дирҳамдан камроқ мерос олган эди. Шу йигит ўз молидан Аллоҳ йўлида жанг қилиш учун юзта чавандозни от-улов, кийим-кечак, озиқ-овқат билан таъминлаганини кўрдим. 

Яна Ҳишом ибн Абдулмаликнинг ўғилларидан бирини ҳам кўрдим. У қўлини очиб, одамлардан “Садақа беринглар!” деб садақа сўраётган эди”. 

Отасидан миллионлаб динорларни мерос қилиб олган ўғилнинг аҳволини кўринг! 

Мол бойликни пайдо қилмайди. Баъзи одамлар бой бўлиш учун мол тўплашга қаттиқ эътибор берадилар. Аммо ўзларида қаноат деган нарса бўлмайди. Қаноати йўқ кишида нафс роҳати, хотиржамлик бўлмайди. Доим моли кўпроқ бўлишини талаб қилади. Моли кўпайгани сари яна кўпайтиришнинг пайидан бўлади. 

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳнинг ўғиллари бир дирҳамдан камроқ меросга эга бўлди. Аллоҳ таоло мана шу оз бўлса-да, ҳалол бўлган пулга барака берди. 

Бир ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом “Қаноат тугамайдиган хазинадир” деганлар. Ҳадиснинг ўзи заиф бўлса-да, унинг маъноси саҳиҳдир. 

Қаноат – Аллоҳ таоло тақсимлаб қўйган ризққа рози бўлишдир. Бу эса нажотга эришиш сабабларидандир. 

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу охиратда нажот топишни истадилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, “Эй Расулуллоҳ, нажот нима?” дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Тилингни сақла, уйинг сени сиғдирсин (уйингдаги бор нарсага қаноат қил ва кўпроқ уйингда бўл), хатоларингга йиғла” дедилар. 

Буюк саҳоба нажотга эришишни ирода қилдилар ва унга эришишнинг сабабини сўрадилар. Баъзи одамларга дин ишларидан гапирсангиз, “Аллоҳ мени ҳидоят қилади” дейишади. Тўғри, ҳидоят Аллоҳнинг қўлида. “Аллоҳ мени ҳидоят қилади” деяётган одам агар касал бўлиб қолса, ҳеч бир табибга бормасдан, соғайишнинг ҳаракатини қилмасдан, дори сотиб олмасдан, “Аллоҳ менга шифо беради” деб уйида ўтирадими?! Ёки ўша одам ризқ талабида меҳнат қилмай, ишга бормай, “Аллоҳ менга ризқ беради” деб уйида ўтирадими?! 

Эй инсон, Аллоҳдан шифо сўраб, ўзинг ҳам шифо излаб табибга боряпсан. Тузалишнинг чорасини кўряпсан, тўғрими? 

Эй инсон, Аллоҳдан ризқ сўраб, ўзинг ҳам ризқ талабида эртадан кечгача меҳнат қиляпсан. Ризқ топишнинг чорасини кўряпсан, тўғрими? 

Худди шунингдек, Аллоҳдан ҳидоят сўраяпсанми, энди ҳидоятга эришиш сабабларини ҳам излашинг, талаб қилишинг лозим бўлади. 

Юқоридаги ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом учта энг буюк нарсани, нажотга эришиш чорасини таълим бермоқдалар: тилингни сақла, уйинг сени сиғдирсин, хатоларингга йиғла. Мавзуимизга оид қисми – уйинг сени сиғдирсин, деган жумладир. Бунинг маъноси қаноатли бўл, Аллоҳ сенга тақсим қилган ризққа рози бўл, дегани.

Бир сафар Пайғамбар алайҳиссалом Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга “Ҳузур-ҳаловатли, дабдабали ҳаёт кечиришдан сақлан! Чунки, Аллоҳнинг бандалари роҳат-фароғатда яшовчилар эмас” дедилар. 

Яъни Аллоҳнинг солиҳ бандалари тўкин-сочин, дабдабали ҳаёт кечирмайдилар. Ҳадисда биз роҳат-фароғат деб таржима қилган калима “танаъъум” деб келган. Бу сўз ҳожатсиз яхши овқатлар, лаззатли ичимликлар, чиройли либослар ила ҳаёт кечиришни англатади. Бу нарсалар ҳаром бўлмаса-да, тарк қилган афзалроқ. Нима учун? Сабаби шуки, нафс бундай тўкин ҳаётга одатланади. Вақтлар ўтиб яшаш тарзи ўзгариб, киши фақир бўлиб қолса, бойликка, тўкинликка ўрганган нафс танг ҳаётга сабр қила олмайди. Натижада ўзи одатланган ҳаёт тарзига эришиш, ўшандай яшашни шароитини қайтариш учун ҳаромга ўтиб кетиши мумкин. Шундай ҳаёт кечирадиган кимсалар ҳам йўқ эмас. Улар аввал нафсини бойларча яшашга ўргатиб қўйган бўлади, кейинчалик нафси фақирликка сабр қила олмай, ҳаром бойлик эвазига бўлса-да одатланган ҳаёт тарзида яшашга ўтади. Аллоҳ таоло уларни фақирлик ила имтиҳон қилаётганини билишмайди. 

Аллоҳ таоло Қуръонда “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир” деган (Бақара, 155-157). 

Ким охират ҳақида фикр қилса, унда қаноат ҳосил бўлади. Муҳими инсон охират учун фойдали ишларни қилишидир. Бу дунёда эса, Аллоҳ таоло яхши кўрган бандасига ҳам, яхши кўрмайдиган бандасига ҳам бойлик бераверади. 

Қиссаларда ривоят қилинишича, Фиръавн илоҳликни даъво қилган. У тўрт юз йил яшаган экан. Умри давомида бирор марта ҳам бош оғриғидан шикоят қилмаган экан. Бу яхшиликнинг далили эмас, яхшиликнинг аломати эмас. Аллоҳ таолонинг унга дунё бергани яхшиликнинг аломати эмас. 

Ҳатто Имом Аҳмад ўзларининг “Муснад”ларида қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар: “Бир аёл ўз қизини турмушга беришни истаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Келиб, ўз қизини у зот алайҳиссаломга васф қила бошлади. Қизини ундай, бундай деб мақтади ва гап орасида “Қизим ҳеч қачон касал бўлмаган. Ҳеч қачон бирор нарсадан шикоят қилмаган” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Менинг унга эҳтиёжим йўқ” дедилар”. 

Аёл “Қизим ҳеч қачон касал бўлмаган” деганда Пайғамбар алайҳиссалом “Менинг унга эҳтиёжим йўқ” дедилар. Яъни қизнинг ҳеч қачон касал бўлмагани яхшилик аломати эмас. Шунинг учун у зот алайҳиссалом у қизга эҳтиёжлари йўқлигини айтдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса (раво кўрса), уни мусибатга учратади”. Имом Бухорий ривояти. 

Яъни Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни синовга учратади, балолантиради, имтиҳон қилади. Лекин бу бало, бу имтиҳон динида эмас, дунёсида бўлади ва у бандага ўша балога сабр қилишини ҳам насиб этади. Шунинг учун ҳам солиҳ зотлар энг кўп ва энг қаттиқ мусибатларга учраган кишилар бўлганликларини кўрамиз. Мусибатга энг кўп учраганларнинг аввалида анбиёлар, солиҳлар ва улардан кейинги даражадаги кишилар турадилар. Кишилар ўз даражаларига қараб имтиҳонга учрайдилар. Киши ўз дини (тақвоси)нинг миқдорига қараб имтиҳон қилинади. 

Ривоят қилишларича, солиҳлардан бир киши жузом (мохов) деган касалликка йўлиқибди. Бу жуда оғир, ҳалокатли касалликдир. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом “Мажзум (мохов касаллиги билан оғриган киши)дан арслондан қочгандек қочгин!” деганлар. Имом Бухорий ривояти. 

Мазкур солиҳ зот мана шу оғир касаллик билан оғриган эканлар. Бу касалликда кишининг аъзолари аста-секин тўкилиб боради. Оёқ-қўллар бирин кетин эриб, оқиб кетади. Иссиқ ўлкаларда бундай касалликка дучор бўлганлар баъзан мавжуд бўлади. Бунда аввал аъзолар қизаради. Кейин қораяди, кейин ёрилади, оқа бошлайди. Оқиб-оқиб тугайди. Солиҳ киши ҳам шу касалликка йўлиқиб, бир-кетин аъзолари туша бошлади. Яъни оёқ-қўллари узилиб туша бошалади. Ҳатто унинг оила-аъзолари ҳам ундан жиркана бошлашди. Улар ҳам унинг касаллигига сабр қила олмадилар ва уни кўтариб, ташқарига олиб чиқиб, йўлнинг ўртасига ташлаб қўйдилар. Қурт-қумурсқалар, йиртқич қўшлар келиб, у зотнинг бошларидан, кўзларидан ея бошлади. Бориб-бориб, кўзлари ҳам кўрмай қолди. У зотнинг эса, улардан қочишга оёқлари, уларни ҳайдашга қўллари йўқ эди. Бутун баданларига яралар, тошмалар ҳам тошиб кетди. 

Йўлдан ўтаётган бир киши у зотни ўшандай оғир ва аянчли ҳолда кўрди. Яъни оёқ-қўллари узилиб тушган, кўзлари ўйилган, баданларига яралар тошган, йўлнинг ўртасига ташланган, иссиқда қийналган бир аҳволдаги кишини кўрди. Кўрди-ю, “Сенинг касаллигинг, сенга етган мусибат бунчалар оғир, машаққатли бўлмаса! Сенинг ўзинг эса, бу балоларга бунчалар сабрли бўлмасанг!” деди. 

Йўловчининг бу гапларини солиҳ зот эшитдилар ва: “Ҳой киши, сен менинг ҳолимдан ажабланяпсанми?! Менга зикр қилувчи тил, қўрқувчи қалб, балоларга сабр қилувчи жасад берган Аллоҳга ҳам бўлсин! Аллоҳга қасамки, эй Роббим, агар Сен менинг устимга балоларни ҳар қанча ёғдирсанг ҳам менинг Сенга бўлган муҳаббтим фақат зиёда бўлади” дедилар. 

Бунинг сабаби Аллоҳ таоло Ўз мулкида Ўзи истагандек тасарруф қилишини, Ўз халқига Ўзи истагандек ҳукм қилишини у солиҳ зот биларди. Аллоҳ таоло қиладиган ишларидан сўралмайди, балки бандалар қилган ишларидан сўраладилар. Муҳими диннинг саломатлигидир. 

Агар дунё кишига фақат динини қолдирса,

Дунёдан нима нарса кетса ҳам унга зарар қилмайди.

Яъни дунёда кишининг фақат дини қолса, бошқа нарсаси қолмаса, дунёнинг ўша кишидан кетиши асло зарар қилмайди.  Муҳими киши Аллоҳ унга тақсим қилган ризққа қаноат қилиши ва динининг саломат бўлишидир. 

Аллоҳ таолодан айбларимизни ўзимизга кўрсатиб қўйишини, қаноат билан ризқлантиришини, барчамизни гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига (фойдалисига) эргашадиганлардан қилсин. Вассаламу алайкум вароҳматуллоҳи ва барокатуҳ.     


Шайх Иброҳим Аккоснинг “Калимату хойр” кўрсатувидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Муҳаббат, сўзи .ҳубб, сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, аслида лозим тутиш ва сабот маъноларини англатади. Бирор нарсага муҳаббат қўйган одам мазкур маҳбубни лозим давоми...

1209 19:00 / 03.06.2023
Ушбу сарлавҳадан беш кунлик ўткинчи дунёни охиратдан устун қўйиш маъноси англанади. Албатта, бу энг ёмон маънавий хасталиклардан бири ҳисобланади. Бу дунёга давоми...

2123 19:00 / 20.08.2022
Ҳикоя қилинишича, бундан бир неча юз йиллар олдин чироқ ўрнида оловдан фойдаланиладиган даврда бир бадавлат киши яшар эди. Уни барча хос хизматларини бажарадиган давоми...

2657 05:00 / 01.03.2017
Биринчи тўсиқ Банданинг амалининг кўзга кўриниши. Унинг ўз амалидан ғурурланиши. Амали туфайли Унинг учун амал қилинган Зотдан тўсилиши.Бу ҳолатдан қутулиш учун давоми...

2358 19:00 / 04.02.2023
Аудиолар

118802 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40752 14:35 / 11.08.2021