1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Жинларнинг одамлар жисмига таъсири борми?

13:30 / 01.12.2019 3389 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзи ёмон жинларнинг одамларга таъсири бўлиши мумкин, дейишади уламоларимиз. Бунда кўпроқ одамнинг ўзи айбдор бўлади. Жинлар одамлардан ўзларига ишонганларига, васвасага учганларига, хаёлида турли салбий ҳолатларни ўйлаб юрганларига, жинлардан ёрдам сўраганларига, Аллоҳ таолонинг зикридан ва Қуръони Карим тиловатидан ғофил бўлганларига, жинлардан сақланиш учун ўқилиши лозим бўлган дуоларни ўқимай юрганларига тегиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга жинлардан сақланиш йўлларини ўргатганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закотини қўриқлашга вакил қилдилар. Биров келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлади. Мен уни тутиб олдим-да, «Аллоҳга қасамки, сени албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман», дедим. У: «Мен ҳожатмандман, бола-чақам бор. Қаттиқ муҳтожлигим бор», деди. Мен уни қўйиб юбордим.

Тонг отди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Ҳурайра, бу кеча асиринг нима қилди?» – дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, қаттиқ муҳтожлиги ва бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим», дедим. У зот:

«Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади», дедилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳали яна келади» деган сўзларидан унинг қайтиб келишини билиб, уни пойладим. Келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни тутиб олдим. «Сени албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман», дедим. У: «Мени қўйиб юбор, чунки мен муҳтожман, бола-чақам бор. Энди қайтиб келмайман», деди. Унга раҳмим келиб, қўйиб юбордим.

Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Эй Абу Ҳурайра, асиринг нима қилди?» дедилар. Мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули, қаттиқ муҳтожлиги ва бола-чақаси борлигидан шикоят қилган эди, раҳмим келиб, қўйиб юбордим», дедим. У зот:

«Билиб қўй, у сени алдабди. Ҳали яна келади», – дедилар. Уни учинчи марта пойладим. Келиб, егуликдан ҳовучлаб ола бошлаган эди, уни тутиб олдим. «Сени албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб чиқаман. Сен «Қайтиб келмайман», – деб, учинчи марта қайтиб келяпсан», дедим. У:

«Мени қўйиб юбор, Аллоҳ сенга манфаат берадиган калималарни ўргатаман», деди. «Нима у?» – дедим. У: «Қачон тўшагингга кирсанг, Оятул-Курсий «Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-ҳайюл-қойюм»ни бошидан бошлаб тугатгунингча ўқи. Шунда тонг оттиргунингча Аллоҳ томонидан устингда бир қўриқчи бўлади ва шайтон сенга яқинлаша олмайди», – деди. Уни қўйиб юбордим.

Тонг отди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Бу кеча асиринг нима қилди?» дедилар. Мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ менга манфаат берадиган калималарни ўргатишини айтган эди, қўйиб юбордим», дедим. У зот:

«Улар нима экан?» дедилар.

«У менга: «Қачон тўшагингга кирсанг, Оятул-Курсий – «Аллоҳу лаа илаҳа илла ҳувал-ҳайюл-қойюм»ни бошидан бошлаб тугатгунингча ўқи», деди ва менга: «Тонг оттиргунингча Аллоҳ томонидан устингда бир қўриқчи бўлади ва шайтон сенга яқинлаша олмайди», деб айтди», дедим». Улар (саҳобалар) яхшиликка энг ўч кишилар эди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Билиб қўй, ўзи ғирт ёлғончи бўлса ҳам, сенга рост айтибди. Уч кечадан бери ким билан гаплашаётганингни биласанми, эй Абу Ҳурайра?» дедилар.

«Йўқ», дедим. У зот:

«У шайтон эди», дедилар».

Имом Бухорий ривоят қилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан Фалақ ва Ан-Нас сураларини ўқиб, дам солиб юриш ҳақида кўплаб ривоятлар ворид бўлган. Ан-Нас сурасининг ўзида жинларнинг ёмонлигидан паноҳ сўраш очиқ-ойдин айтилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам халога кирсалар, «Аллоҳумма аъузу бика минал хубуси вал хобаиси» (Аллоҳим, Сендан эркагу урғочи ифлослар­(шайтонлар)дан паноҳ тилайман), дер эдилар».

Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилишган.

Ушбу дуони хало очиқ жойда бўлса, қазои ҳожатга тайёрланаётган вақтда, махсус жойда бўлса, унга киришдан олдин ўқиш керак. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуони доимо ўқир эдилар.

Эркак ва урғочи шайтонлардан паноҳ тилашнинг ҳикмати шуки, одатда хало жойида Аллоҳнинг номи зикр этилмагани учун эркак-урғочи шайтонлар у жойни ўзига қароргоҳ қилиб олган бўлади. Аллоҳдан паноҳ сўрамай кирган одамга зарар етказишлари мумкин. Шунинг учун ушбу ҳадисдаги дуони ёдлаб олиб, халога киришдан олдин ўқишни одатга айлантириш ҳар бир киши учун зарурдир.

«Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ва ноанъанавий даволаш каби ишларнинг бор ҳақиқати» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Салим ибн Мансур ибн Аммор айтади .Тушимга отам кирибдилар. .Аллоҳ сизга қандай муомала қилди, деб сўрасам, шундай дедилар .Парвардигор мени Ўзига жуда яқин тутиб, давоми...

1800 08:00 / 09.11.2019
Ҳар бир жамиятнинг эътиқод масалалари, амалий ҳаёти ва руҳиймаънавий жиҳатлари бўлади. Буларсиз инсон ва у мансуб бўлган жамиятнинг ҳаёти бўлиши мумкин эмас. давоми...

9671 10:10 / 02.07.2019
Бир киши садақа беришни ният қилиб, садақасини бир одамга берибди. Кейин билса, ўша одам ўғри экан. Одамлар .Кечаси ўғрига садақа қилишибди,, деб гапириб юришди. давоми...

2004 08:55 / 06.09.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Албатта, Биз Сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббинг учун намоз ўқи ва жонлиқ сўй,, деган Кавсар сураси, 1,2оятлар.Ушбу давоми...

2028 10:05 / 23.05.2020