1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Бу дунёда тоатларнинг мукофоти, гуноҳларнинг жазоси

05:00 / 01.03.2017 3278 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу дунёдаги яратилган ҳар бир нарса охиратдаги нарсаларнинг бир кўриниши, намунасидир. Бироқ уларнинг ташқи кўриниши ўхшасада, аслида, бир-биридан мутлақо фарқ қилади.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Жаннатдаги бирор нарса дунёдаги бирор нарсага ўхшамайди. Уларнинг фақат исми ўхшайди, холос”. 

Ҳа, жаннатдаги неъматлар бу дунёдаги неъматларга зоҳиран ўхшасада, аслида, бир-биридан тубдан фарқ қилади. Масалан, бу дунёдаги анорни олиб кўрайлик. Жаннатда ҳам анор бор. Бироқ, жаннат анори билан биз мазза қилиб ейдиган анорнинг ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Дўзахдаги азоблар билан бу дунёдаги мусибатлар борасида ҳам худди шундай дейиш мумкин. 

Биз ушбу мақолада бу дунёдаги ўша намуна бўладиган азоб ёки мукофотлар ҳақида қисқача гапириб ўтмоқчимиз. 

Золим қилган зулмига ўлишидан олдин бу дунёда ҳам азобланади. Бошқа гуноҳларни содир этганларда ҳам худди шу ҳол содир бўлади. Қуръони каримдаги “Кимки ёмонлик қилса, ўша (ёмонлик) билан жазоланур” (Нисо, 123), оятининг мазмун-моҳияти ҳам шундан иборатдир. 

Кўпинча гуноҳ қилиб юрувчи одамнинг жонига, молига, оиласига ҳеч нарса бўлмай, соғ-саломат юрганини кўриб қоламиз. Ўзимизча “Ана, гуноҳ қилса ҳам соғ-омон юрибди-ку!” деб ўйлаймиз. Ваҳоланки, ўша одам қилаётган гуноҳларига қиёматда азоб берилишини ўйламай ғафлатда юрганининг ўзи унинг учун бу дунёдаги жазодир. 

Баъзи уламолар: “Гуноҳдан кейин яна гуноҳ қилиш, аввалги гуноҳ учун жазо, яхшиликдан кейин яна яхшилик қилиш, аввалги яхшилик учун мукофотдир” дейишган. 

Кўпинча, бу дунёдаги жазо маънавий бўлади. 

Бани Исроил қавмидан бир киши: “Эй Роббим, Сенга қанча гуноҳларни содир этаман. Нега мени ҳеч азобламайсан?” деб сўраганида, унга “Сени кўп жазолайман. Лекин сен эътибор бермайсан. Сени ўзимга муножот қилганингда ҳис қиладиган ҳаловатингдан маҳрум қилиб қўймадимми?!” дейилган экан. Азобнинг дунёдаги ушбу тури ҳақида бироз ўйлаб кўрган киши, албатта, англаб етади. 

Роббимиз Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “(Эй, инсонлар!) Сизларга не мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳ) сабаблидир. Яна У кўп (гуноҳлар)ни афв этиб турур. (Акс ҳолда мусибат бундан ҳам кўп бўлур эди.)” (Шўро, 30).

Баъзилар кўзларини тийишга эътиборсизлик қилиб, номаҳрамларга бемалол қарашади. Натижада, кўриб, ибрат олиш неъматидан маҳрум бўлишади. 

Тиллари билан ғийбат, ёлғон, чақимчилик, туҳмат, бўҳтон ва бошқа гуноҳларни содир этишади. Натижада, ростгўйлик, таъсирли гапириш, кўп Қуръон ўқиш, Аллоҳни кўп зикр қилиш каби неъматлардан маҳрум бўлишади. Буларга қўшимча тарзда уларнинг қалблари ҳам софликдан, салимликдан маҳрум бўлади. 

Еяётган таомлари, ичаётган ичимликларининг ҳалол ёки ҳаромлигига эътиборсиз бўлишади-да, пировардида, кечалари туриб ибодат қилиш ҳамда ибодатлардаги ҳаловат неъматидан мосуво бўлишади. Бунинг акси ўлароқ, ўзини тузатган, тақво қилган киши ҳам тақвосининг мукофотини бу дунёнинг ўзидаёқ қўлга киритади. 

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло: “Бегона аёлга назар солиш шайтоннинг заҳарланган ўқларидан бир ўқдир. Кимки ўша қарашни менинг розилигим учун тарк қилса, мен унинг ўрнига бир иймон бераманки, унинг ҳаловатини қалбида ҳис қилади” деди” дедилар. 

Бошқа бир ҳадисда “Тонгда ухлаш ризқни қияди” дейилган бўлса, яна бирида эса “Банда қилган гуноҳи сабабли ризқдан маҳрум бўлади” дейилган. 

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мен Аллоҳ азза ва жаллага гуноҳ қилганимда, шу гуноҳимнинг жазосини хулқимдан, уловимдан ва жориямдан кўраман”. 

Усмон Найсабурий Жума намозига кетаётганларида пойабзалларининг боғичи узилиб кетди. Уни тузатишга бир соат вақтлари кетди. Шунда у киши: “Бунинг ипи жума намозига ғусл қилмаганим сабабли узилди” дедилар.  

Юсуф алайҳиссаломнинг акалари у кишига зулм қилишга қўл уришди ва “Уни (Миср бозорида) арзон – саноқли дирҳамларга сотдилар”, кейинчалик, қилмишларининг жазоси ўлароқ ўша сотган укаларига “Бизга хайр-садақа қилгин” деб ялиндилар. 

Юсуф алайҳиссалом Азизнинг хотини Зулайхо ҳаром ишга чорлаган пайтда сабр қилганлари учун ўша аёлга ҳалол йўл билан эга бўлдилар. 

Юсуф алайҳиссаломни йўлдан урмоқчи бўлиб, ниятига етолмаганда “(Зулайхо) деди: “Оилангга ёмонликни раво кўрган кишининг жазоси ҳибсга олиниш ёки аламли азобдан бошқа бўлмаслиги керак”. Кейинчалик, бу қилмишининг жазоси ўлароқ “Азизнинг хотини (Зулайхо) деди: “Мана энди, ҳақиқат рўёбга чиқди. Ундан мен (жинсий) майллик талаб қилган эдим”. 

Оятга эътибор берсак, ўз оғзи билан бегуноҳ Пайғамбарга туҳмат қилган аёл яна ўз оғзи билан ҳамма айб ўзида эканини тан олмоқда. Албатта, бу ҳол қилмишининг дунёдаги жазосидир. 

Агар банда Аллоҳ розилигини кўзлаб маъсиятни тарк этса, албатта, бунинг мукофотини бу дунёнинг ўзида ҳам кўради. Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳадисда шундай деганлар: 

“Агар камбағал бўлиб қолсангизлар, садақа бериш орқали Аллоҳ билан савдо қилинглар”. 

Яъни, садақа қилиб туриш фақирлик, камбағалликнинг олдини олади ёки камбағалликдан тезроқ қутулишга ёрдам беради. 

Баъзилар вақтинчалик, ўткинчи роҳат ва лаззатни деб гуноҳларга қўл уришади. Нафсларига шариат ман қилган йўлларни кенг очиб қўйишади. Натижада эса, бу дунёда бир умр шармандалик, охиратда эса аламли азобга дучор бўлишади. Ўйлаганлари тескари натижа беради. Яъни, бир соатлик лаззат бир умрлик надоматга айланади. 

Аллоҳ таоло барчаларимизни фақат солиҳ амал қиладиган, гуноҳлардан узоқ юрадиган бандаларидан қилсин. Омин! 


Абул Фараж ал-Жавзийнинг “Сойдул хотир” 

китобидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Шотибий бидъатни икки хил таъриф қилган 1. Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у ила шариатга ўхшатиш киритилади. Унга юриш ила Аллоҳга ибодат давоми...

2746 18:14 / 02.10.2021
.Ҳадис ва Ҳаёт, силсиласида ўттиз тўртинчи рақам билан келган .Яхшилик ва ахлоқ китоби, ҳозирги замонимизда ахлоқ бобида алоҳида ёзилган китоблар муқаддимаси давоми...

3783 13:45 / 31.08.2019
Имом Заҳабий ва бошқа уламолар кибрнинг гуноҳи кабира эканини таъкидлаганлар.Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади .Эсла, фаришталарга давоми...

2667 20:00 / 12.03.2022
Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади .Эй иймон келтирганлар Аллоҳга тақво қилинглар ва Унинг Расулига иймон келтиринглар. У Зот Ўз раҳматидан давоми...

1102 19:00 / 11.11.2023