1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (52-дарс). Мавсуъалар

15:48 / 26.09.2019 2950 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳозирги кундаги жамоавий муаллифлар китоблари ичида энг кўзга кўрингани ва машҳури Кувайт давлати Вақф ва Исломий Ишлар вазирлиги томонидан таълиф қилинган «Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя» номли асардир.

«Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя»нинг муаллифлари муқаддимада бу каби асар яратиш замон тақозоси эканини, уни яратиш фикри 1951 йили Парижда бўлиб ўтган Ислом фиқҳи ҳафталиги иштирокчилари қабул қилган баёнотда ўз аксини топганлигини айтиб ўтганлар.

«Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя»нинг яратилиш тарихидаги дастлабки босқич беш йилни ўз ичига олиб, у 1971 йили охирига етган. Бу босқичда режа тузилган, Ибн Қудоманинг «Муғний» китоби асосида фиқҳий луғат тайёрлашган ва элликта мақола ёзилган. Улардан баъзилари тажриба учун нашр қилинган ва мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари эътиборга олинган.

Кейин кутиш ва тайёргарлик кўриш учун беш йил кетган. Уламолар ва мутахассислар билан алоқалар ўрнатилган ва жиддий иш бошлашга ҳозирлик кўрилган. Яна тўққизта мақолани нашр қилиб, фикр-мулоҳазалар тўпланган.

1977 йили 1 мартда эълон қилинган 8/77 рақамли вазирлик қарорига биноан Вақф ва Исломий Ишлар вазири раислигида ва саккиз киши аъзолигида «Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя»нинг бош ишчи гуруҳи тузилган. Шундан кейин бу асарни яратиш бўйича жиддий иш бошланган.

«Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя»нинг биринчи жузи аввалида фиқҳнинг таърифи ва тарихи тўғрисида, унинг ривожи, фиқҳий мазҳаблар ва китоблар ҳақида осон ва тушунарли услубда кўпгина фойдали маълумотлар берилган.

«Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя»нинг муаллифлари ҳижрий ўн учинчи асргача бўлган Ислом фиқҳи меросини янги аср руҳида баён қилишни ўзларига мақсад қилиб олганлар. Унда мазҳабий баҳс ва муноқашалардан, шахсий маънода бир қавлнинг иккинчисидан афзаллигини айтиб ўтиш ва қонунларни зикр қилишдан четланганлар.

«Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя»га номи зикр қилинган уламоларнинг таржимаи ҳоллари, усулул фиқҳ, янги пайдо бўлган масалалар ва фиқҳнинг камёб луғатлари бўйича иловалар ҳам қилинган.

«Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя»да маълумотлар алифбо ҳарфлари тартибида берилган. Мисол учун, биринчи истилоҳ «Аимма» сўзи бўлган.

Энг аввал мазкур истилоҳнинг луғавий таърифи берилган.

Кейин худди шу сўз бошқа қайси маъноларда ишлатилиши ҳам бирин-кетин айтиб ўтилган.

Кейин эса аиммага, яъни имомларга тегишли шаръий ҳукмлар батафсил келтирилган.

Маълумотлар қайси манбалардан олингани жуз ва бетлари билан ҳар саҳифанинг остида аниқ кўрсатилган.

Баъзи ҳолатларда мазкур сўз ёки истилоҳлар фиқҳнинг қайси бобларида ишлатилиши ҳам айтиб ўтилган.

«Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя»да холислик ва мужтаҳид фуқаҳолар ва фиқҳий мазҳабларни қадрлаш ҳамда мўътадиллик равшан сезилиб туради. Услуб ва тил масаласи юқори даражада гўзал ва тартибли. Бу асарни ҳамма мақтайди ва қадрлайди. Уни чоп этиш ишлари ҳам аъло даражада йўлга қўйилган. Бу ишнинг бошида турганлар ва илмий ишларини амалга ошираётганлар ихлосли кишилардир. Ушбу сатрларнинг соҳиби – камина ходимингиз уларнинг кўпи билан таниш ва иш жараёни билан ошно бўлган.

2007 йил март ойида «Ал-мавсуъа ал-фиқҳийя»нинг қирқ беш жузи барчаси чоп этилиб, Аллоҳ таолонинг ёрдамида бу катта илмий иш охирига етди.

«Фиқҳий йўналишлар ва китоблар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
3. Ўғилнинг қизи, ўғил набиранинг қизи ва ҳоказо.Бу бандда зикр қилинган меросхўрларнинг ҳолатлари олти хил бўладиБиринчисиМаййитнинг ортидан ўз қизи ёки ўғли давоми...

1420 11:08 / 25.02.2020
Қурбонлик қурбон ҳайити кунлари сўйиладиган ҳайвондир. Фуқаҳолар истилоҳида қурбонлик .Махсус ҳайвонни махсус вақтда сўйишдир,. Қурбонлик шариатга иккинчи давоми...

4122 05:00 / 17.01.2017
Маконнинг пок бўлиши шартлигига далил Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади .Бир аъробий туриб, масжидда бавл қилди. Одамлар унга ёпишиб кетишди. Шунда Набий давоми...

2538 18:00 / 30.09.2021
Ҳумайд ибн Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Менга Зайнаб бинту Абу Салама ушбу уч ҳадиснинг хабарини берди. У.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти давоми...

3594 05:00 / 06.03.2017