1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ал Ҳикам ул Атоиййа шарҳи (7)

05:00 / 01.03.2017 3249 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Гарчи вақти таъйин қилинган бўлсада ваъда қилинган нарсанинг амалга ошмаслиги сени ваъда ҳақида шубҳалантириб қўймасин. Чунки,  у сенинг қалб кўзинга нуқсон етказиши ва қалб нурингни ўчириб қўйиши мумкин”

Қуръон каримда Аллоҳ таоло Ўзининг буюк зотига мусулмонлар учун мажбурият қилиб олган ваъдалар жуда кўпдир. У ваъдаларни амалга оширишни мусулмонларнинг дуо қилиб сўрашларига боғлиқ қилиб қўймаган. Балки, мусулмонлар ўзлари иймонларида содиқ бўлсалар, Аллоҳга берган аҳдларига вафо қилиб, У зотнинг буйруқларини бажарсалар Ўз зотига вожиб қилиб олган ваъдани устидан чиқади.

Ана шу Аллоҳ таоло ўз зотига вожиб қилиб олиб, буйруқларини бажарган бандаларга берган қатъий вадаларидан баъзилари:

“Албатта, Биз Расулларимизга ва иймон келтирганларга дунё ҳаётида ва гувоҳлар турган кунда ҳам нусрат берурмиз”(Ғофир сураси 51-оят) 

 “Бас, Роббилари уларга ваҳий қилдики: “Қасамки, Биз золимларни албатта ҳалок қилурмиз. Ва улардан сўнг у ерга сизни жойлаштирурмиз. Бу эса, ҳузуримда туришдан хавф қилганлар ва ваъийдимдан қўрққанлар учундир””(Иброҳим сураси 13-14-оят )

 “Биз эса, ер юзида хўрланганларга беминнат неъмат беришни, уларни пешво қилишни, уларни ворислар қилишни ва ер юзида уларга имконлар беришни истаймиз”(Қасос сураси 5-оят)

 “Эркакми, аёлми – ким мўмин бўлган ҳолда солиҳ амал қилса, Биз унга пок, гўзал ҳаёт кечиртирамиз ва, албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз”(Наҳл сураси 97-оят)

 “Эй, иймон келтирганлар, агар Аллоҳга ёрдам берсангиз, сизга ҳам ёрдам берур ва қадамларингизни собит қилур”(Муҳаммад сураси 7-оят) ва бошқалар.


    Кўпчиллик мусулмонлар Қуръони каримдаги шунга ўхшаш оятларни ўқиб, Аллоҳ таолонинг буйруқларини ўз ҳаётларида татбиқ қилган бандаларига қилган ваъдалари устида тўхталиб, ушбу ваъдаларнинг барчаси ёки уларнинг аксари бугунги кунда рўёбга чиқмаётганини кўрадилар. Масалан, мусулмонлар Аллоҳ таоло ваъда қилганидек азиз эмаслар, золимлар бемалол уларнинг устидан ҳукмронлик қилиб, мустамлака қилиб ҳақларини поймол қилмоқда. Аллоҳ таъло ваъда қилганидек уларни ҳалок қилмаяпти. Мусулмонларнинг кўплари Аллоҳ таолонинг ваъдасига мувофиқ гўзал, яхши ҳаётга эришолмай, хору-зорликда ночор ҳаёт кечирмоқдалар ва ваҳоказолар...

Ана шу Аллоҳ таолонинг ваъдаларига шубҳа қилувчиларга қарата Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳи: “Гарчи вақти таъйин қилинган бўлсада ваъда қилинган нарсанинг амалга ошмаслиги сени ваъда ҳақида шубҳалантириб қўймасин.

Чунки,  у сенинг қалб кўзинга нуқсон етказиши ва қалб нурингни ўчириб қўйиши мумкин” деб хитоб қиляптилар.

Лекин, баъзилар: “Қандай қилиб, шубҳаланмайин, ваҳоланки воқеъликда ўзим ваъданинг аксини, яъни амалга ошмаганини кўриб турибманку?” деб савол бериши мумкин. 


Жавоб шуки, Аллоҳ таолонинг ваъдаси ростлиги ҳақида унинг шубҳага боришининг сабаби, у доимо Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги ўзининг ҳақлари ҳақида изланиб, уларга етишишга интилади-ю, лекин ўзининг зиммасидаги Аллоҳ таолонинг вожиб ҳақлари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.


Шунинг учун ундай кишилар Аллоҳ таолонинг: “Эй, иймон келтирганлар, агар Аллоҳга ёрдам берсангиз, сизга ҳам ёрдам берур ва қадамларингизни собит қилур” (Муҳаммад сураси 7-оят) деган сўзини ўқиганда ёки эшитганда: “Мана, биз муъмин-мусулмонлармиз, масжидларимиз номозхонлар билан обод, рамазонда ҳаммамиз рўза тутамиз ва ҳаж вақтида ҳаж қилишга шошиламиз. Демак, биз Аллоҳнинг динини қўллаб-қувватлаяпмиз. Энди, У зотнинг бизни қўллаб ёрдам бергани қани? Нима учун бизларни ҳимоя қилмаяпти?” деб танқид билан таъна қилиши мумкин.

Бу гапларни гапиришининг сабаби, у ўзининг ва барча умматнинг Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги ҳақларини катталаштириб кўрсатадиган микроскоп орқали кўради ва зое қилиб юрган зиммасидаги Аллоҳ таолонинг ҳақларига эса, жудаям хира бир ойнадан қарайди. 

Ислом шиорлари, арконлари давомли бажарилаётганини, масжидлар намозхонлар билан тўлалиги, рамазонда кундузлари рўза тутилиб, кечалари ибодатда бедор бўлинаётганини ва ҳар йили Макка ҳожилар билан тўлиб-тошишини айтиб Аллоҳ таолога миннат қиладилар.

Лекин ана шу умумий ибодатлар қуруқ ҳаракатлардан иборат бўлиб қоляптику! Ана шу ибодатлар ҳозирги мусулмонларнинг ҳаёт тарзига, одоб-аҳлоқига ўз таъсирини ўтказа олмаяптику! Ана шу ибодатлари уларнинг уйларига кириб, исломни жудаям ғариб бўлиб қолганини, оилалар ҳавою нафс ва шаҳавот кечаларига берилиб кетганини кўрсатиб бера олмаяптику! Ёшу-қари аксар вақтини телевизор тагида ўтказиши, ёшлар ўқишни ўрнига компъютер ўйинлари-ю интернет билан овора бўлиб қолганичи!

Ана шу ибодатлари Исломнинг илдизидан шоҳигача паст санайдиган фикрларини уларнинг мийясидан чиқариб ташла олмаяптику! Мусулмон бўла туриб ибодат ва диний илм ўрганишни қолоқлик ҳисоблаб, гоҳида европача янгича ҳаётни, гоҳида уларга ўхшаб дин асирлигидан халос бўлган эркин ҳаётни орзу қиладилар. Аммо, улар Аллоҳ таолога миннат қилиб, у орқали У зотдан ҳақларини талаб қилмоқчи бўлаётган исломнинг асосий рамзи саналган ҳозирги кунда оддий тақлидий хатти-ҳаракатлардан иборат бўлиб қолган ибодатлар эса, ҳамма яхши билганидек, улар худди ўз остида дахшатли зулматни тўсиб турган юпқа, шаффоф парда холос. Агар ана шу юпқа пардани бир оз кўтарилса жамиятнинг асл қиёфаси равшан намоён бўлади.

 Ана шундай деяётганларнинг кўплари Аллоҳ таолонинг йўлидан адашган, унинг аҳкомларини менсимайдиган ва диндан йироқдаги ҳатто энг муҳим, оддий асосларини ҳам билмайдиганлар бўлиб, бу гаплари билан Аллоҳ таолога эътироз билдирганларида эса умумий исломий ибодатларни ва бошқаларни динда мустаҳкамлигини рўкач қиладилар. 

    Улардаги бундай тасаввурнинг пайдо бўлишининг сабаби нимада? Биласизми?

Сабаб шундаки, инсон Аллоҳ таолодан узоқлашиб, дунёга ва унинг ғам-ташвишларию, орзу-ҳавасларига ғарқ бўлгани сари унинг қалб кўзи олдида Аллоҳ таолонинг ҳақлари озайиб, кўринмай қолади ва кўз ўнгида ўзининг орзу-умидлари кўпайиб кетиб, ўзини Аллоҳ таолодан ҳақдор деб билади. Агар шу каби инсон ўзи беш вақт намозни ўқиб турган, ҳаж мавсумида одамлар билан Байтуллоҳга бориб, ҳажни адо қилган ва ҳар рамазон ойида рўза тутиб юрган бўлсаку қатъий тарзда: “Мен зиммамдаги Аллоҳ таолонинг барча ҳақларини адо қилиб қўйдим. Энди, Аллоҳ таоло ўз китобида солиҳ бандаларига ваъда қилган ҳақларимга эриша олсам бўлди” деб, туриб олади.

Аммо, инсон ҳарқанча Аллоҳ таолони, унинг сифатларини танигани сари ва дунё орзу-ҳавасларидан узоқлашгани сари унинг қалб кўзи олдида зиммасидаги Аллоҳ таолонинг ҳақлари кўпайиб, катталашиб боради. Ўзи муносиб бўлган ҳақлари эса, кўринмай балки йўқ бўлиб боради. 

Масалан, яқиндагина тавба қилиб, Аллоҳ таолога қайтган бир йигитнинг ҳолатини тасаввур қилинг. У, ўзича беш вақт намозни қандай қилиб бўлса ҳам адо қилиб, ўтмишда қилиб юрган фаҳш ишлар ва кабира гуноҳлардан ўзини сақлаб юрган бўлса ўзини мана шу ишлари билан сиддиқлар даражасига етиб олган деб ўйлайди. Агар, исломий ҳақиқатларни англаб, билимини ошириб, Аллоҳ таолони ва У зотнинг сифатларини кўпроқ таниса, зиммасидаги Аллоҳ таолонинг ҳақларини бажаришда сустлик қилаётганини ва ғофиллик қилиб, фикри хаёлини жамламасдан ва фарзларни ўзига кифояланиб, уларни тўлдирувчи суннатларни тарк этиб кўп хато-камчиликларга йўл қўяётганини била бошлайди. Ундаги бундай ҳис-туйғулар уни тоатларни кўпайтиришга ва уларни мукаммал тарзда, суннатга мувофиқ бажаришга ундаб туради. Ислом ҳақиқатларини, моҳиятини англаб, тушунгани ва Аллоҳ таолога бўлган муҳаббати, таъзими зиёда бўлгани сари ўзининг тоат-ибодатларига қараса улар Аллоҳ таолонинг буюк ҳақлари ва ўзи ичида сузиб юрган унинг чексиз, беҳисоб неъматлари олдида ҳеч нарсага арзимайдиган жудаям озгина бўлиб кўринади. Шунинг учун ҳам тоат-ибодатларни кўпайтириб, уларни ҳар-хил нуқсонлардан соф ҳолда бажаришга ҳаракат қилади. Ҳолат мана шундай бўла туриб, бу инсон қандай қилиб Аллоҳ таолонинг зиммасида ҳаққим бор деб ўйлаши ва талаб қилиши мумкин? У зотнинг ҳақларини адо қилишда сустлигини бутун вужуди билан ҳис қила туриб, қандай қилиб  У зот солиҳ бандаларига ваъда қилган гўзал ҳаётни талаб қила олиши мумкин?

Саййидимиз Аллоҳнинг росули Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам роббиларини барча инсонлардан кўра кўпроқ таниганлари, кўпроқ яхши кўрганлари, кўпроқ улуғлаганлари ва У зотдан ҳаммадан кўра кўпроқ қўрққанлари учун ҳам Аллоҳ таолонинг ҳақларини адо қилишни тасаввур қилишдан ҳам йироқ бўлганлари учун, У зот берган шунча буюк неъматларига У зотга муносиб шукр қилишдан ожизлик қилаётгандек ва Аллоҳ таолонинг ҳаққида бепарволик қилиб, камчиликка йўл қўяётгандек туйғуни бошқалардан кўра кўпроқ ҳис қилиб, У зотдан уялиб, хижолат бўлганларидан худди қилиб қўйган гуноҳидан Аллоҳ таолодан кечиришини сўрамоқчи бўлган кишидек  қалбан сиқилиш ҳолати у кишини эгаллаб оларди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қалбим тўсилиб (сиқилиб) қолади, шунинг учун бир кеча-кундузда Аллоҳ таолога юз марта истиғфор айтаман” деган сўзларининг маъноси айнан мана шудир.


Ушбу ҳақиқатни баъзи солиҳ зотлар: “Аброрларнинг ҳасаноти муқаррабларнинг саййиотидир” деб ифода қилганлар.


Ушбу биз баён қилган ҳақиқатни биз қуйида Имоми Шотибийнинг “Ал-Мувафақот” номли китобларидан сизга нақл қилиб берадиган жумлаларда яна ҳам равшанроқ тушуниб олишингиз мумкин: “Биринчи қисм иймон аҳди, ислом шарти ҳукмига ҳеч бир зиёдасиз амал қиладиганлар ҳолатидир. Иккинчи қисм таъзим, қўрқув, умид ва муҳаббат ҳислари ғолиб бўлгани туфайли амал қиладиганлар ҳолатидир. 

Қўрқув ҳайдаб борувчи қамчидир. Умид эса, етакловчи йўл бошчи. Муҳаббат ундаб турувчи кучдир. Муҳаббат қилувчи маҳбубига соғинч билан интилиб, бор кучини сарфлаб амал қилади. Унга қийинчилик осон туюлади, узоқ эса яқинлашади. Куч-қуввати йўқолади, ўзини муҳаббатнинг ҳаққини ҳам адо қила олмаган ва неъматларнинг ҳам шукрини адо қила олмаган деб, билади”.

 Ушбу ҳақиқатни тушуниб етиб охири хулоса қилишимиз керак бўлган натижа шуки Аллоҳ таоло шартларини бажарган бандаларига берган, буюк зотига қаъий қилиб олган аҳдига, ваъдасига ҳеч қачон хилоф қилмайди. Лекин Аллоҳ таолони ҳақиқий маънода таниб, қалблари У зотга нисбатан муҳаббат ва таъзимга тўлганларгина ушбу шартларни билиб, унга тўғри баҳо берадилар.

Аммо, фақатгина ислом шартлари асосида Аллоҳ таолога ибодат қиладиганлар эса, зиммаларидаги Аллоҳ таолонинг бирор бир ҳаққини эсламасдан, У зотдаги ўзларининг ҳақларини ҳисоб-китоб қиладилар. Улар Аллоҳ таолонинг: “Бас, Роббилари уларга ваҳий қилдики: “Қасамки, Биз золимларни албатта ҳа¬лок қилурмиз. Ва улардан сўнг у ерга сизни жойлаштирурмиз. Бу эса, ҳузуримда туришдан хавф қилганлар ва ваъийдимдан қўрққанлар учундир”(Иброҳим сураси 13-14-оят) деган сўзидаги ва: “Бу эса, ҳузуримда туришдан хавф қилганлар ва ваъийдимдан қўрққанлар учундир” деган сўзининг маъносини тушуниб етмайдилар. Шунингдек Аллоҳ таолонинг: “Менинг аҳдимга вафо қилинг. Мен ҳам сизнинг аҳдингизга вафо қилурман. Ва Мендангина қўрқинг”(Бақара сураси 40-ояти) деган сўзининг маъносини ҳам идрок қила олмайдилар. Чунки, Аллоҳ таолога фақатгина ислом шартлари асосида ибодат қилаётганлар исломга мансубликларидан кейинги нарсаларга эътибор бермайдилар.

Бир ҳарбий аскар 1967 йилда бўлган (Сурия ва Исроил ўртасидаги ) урушдан мағлубият билан Дамашққа қайтиб келаётганларида бўлган воқеъани айтиб берганди. Ўшанда йўлда намоз вақти бўлиб қолиб, дарҳол шериклари билан бир жой топиб намоз ўқий бошлашибди. Шу пайт уларнинг олдидан рус миллатига мансуб разветкачи аскарлар ўтиб қолиб, уларнинг намоз ўқишларини тамоша қилиб туриб, намоз ўқиб бўлишгандан кейин уларга қарата: 

“Ахир, илоҳингиз сизларга ёрдам бермадику! Нега унга намоз ўқиб ибодат қиляпсизлар? Деган экан. Лекин, мусулмон аскарлар унга нима деб, жавоб беришни билишмаган. 

Мен ана шу аскарга: “Сизлар унга жавобан: “Бизни Аллоҳ таолога қилган гуноҳларимиз, Унинг буйруқларидан юз ўгирганимиз ва ҳарбий лагеримизда тўлиб ётган ифлос ишларимизга яраша жазоламагани учун, ерга юттириб, устимиздан яшин тушириб ёки устимиздан тош ёғдириб йўқ қилиб юбормай, тирик қолдирганига шукр қилиб намоз ўқияпмиз” дейишингиз керак эди” дедим. Анави савол берган рус аскарлари Парвардигорнинг ҳақларини билмайдиганлар эмас, балки улар илоҳий зотни ўзини ҳам борлигини билмайдиган, борлигини эсдан чиқарганлардир. 

Аллоҳ таолонинг валий бандаларидан бўлган бир солиҳ зотга шогирдлари: “Бизнинг Аллоҳ таолога бўлган иймону ишончимиз зиёда бўлиши учун кароматларингиздан бирини кўрсатсангиз” дейишганда, у зот: “Аллоҳ таоло мени ҳар лаҳзада мукаррам қилиб турган энг ажойиб кароматларни кўрмаяпсизларми?” дебдилар. Шунда улар: “Йуқ! Ҳеч нарсани кўрганимиз йўқ” дейишибди. Шайх уларга жавобан: “Ер мени  ютиб юбормасдан ёки осмондан яшин тушиб куйдириб юбормасдан ернинг устида хотиржам, бемалол юришим Аллоҳ таолодан бўлган каромат эмасми? Чунки мен У зотнинг ҳақларини, буйруқларини бажаришда давомли сусткашлик, дангасалик қилишим туфайли ҳалокатга, уқубатга лойиқ бўлсамда, У зот мендан олдинги кўплаб гуноҳкорларни ҳалок қилганидек ҳалок қилмасдан мени ўзи ҳимоя ва риоясига олиб, асраб турибди. Мана шунинг ўзи каромат эмасми?” дебдилар.

Ушбу солиҳ зотнинг айтган гаплари такаллуф билан ўзини кўрсатиш учун айтилган сохта гап эмас, балки ич-ичидан сидқи дилдан айтилган гап бўлиб,  ҳар-бир қалби Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат, таъзим ва У зотдан бўлган қўрқувга тўлиб тошган, У зотнинг берган турли хил неъматларини идрок қилган ва хусусан Аллоҳ таолонинг: “Осмондаги зот сизларни ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми? У (ер) эса изтиробда ҳаракатланиб туради. Ёки осмондаги зот сизларга азоб шамолини юборишидан омонда бўлдингизми? Бас, албатта огоҳлантириш қандай бўлишини билурсизлар”(Мулк сураси 16-17-оят)деган сўзини ўқиб, доим эсида сақлаб юрган мусулмоннинг ҳолати мана шундай бўлади.    

    Ҳар-бир мусулмон атрофидаги кўраётган ҳодисаларни тушунишда хатога йул қўймаслиги учун авволо Аллоҳ толонинг бандалари орасидаги жорий суннатлари ва қоидаларини ўрганиб, танишиб олиши лозим. Ана шу қоидалардан бири, У зот гоҳида жамиятдаги айримларнинг жинояти сабабли ҳаммани жазога тортишидир. Бу ҳақда Қуръони каримда хабар бериб: “Ва сизлардан фақат зулм қилганларгагина етмайдиган фитнадан сақланинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ – иқоби шиддатлидир” (Анфол сураси 25- оят)дейди. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни таъкидлаб, Зайнаб онамиз розияллоҳу анҳо: “Ичимизда солиҳлар бўла туриб ҳам, ҳалок бўламизми?” деганларида, У зот: “Ҳа ! Агар ёмонлик кўпайиб кетса” деганлар. 

Шунинг учун ҳам ҳозирги баъзи мусулмонлар: “Биз ибодат қилсак, тўғри йўлда бўлсак, бизнинг гуноҳимиз нима? Нега бошқалар сабабли бошимизга бало-офатлар келяпти?” дейишмасин. Ушбу қоида Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида ҳам жуда қаттиқ кўринишда амалга оширилди. Уҳуд жангида Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам эллик нафар камончиларни тепаликка жойлаштириб, мусулмонларни орқа тамондан ҳимоя қилиб туриш ва токи ўзлари изн бермагунларича ғалабани кўзлари билан кўрсалар ҳам ўз жойларидан жилмасликка амр этдилар. Уруш бошлангач мушриклар енгила бошлади. Аллоҳ таоло мусулмонларни ғалаба билан қўллаб-қувватлади. Мушриклар жудаям ёмон мағлубиятга учраб, ортларида молу дунё ва ўлжаларни қолдириб қочишди. Тепаликдаги камончилар мушрикларнинг бошига тушган мусибатни кўриб, уруш тугаганига шубҳа қилмадилар ва тезроқ тушиб пастдагиларга қўшилиб ўлжаларни йиғиб олишни ўзаро маслаҳат қилишди. Бу фикрни баъзилари қўллаб-қўвватлашди, қолганлари эса: “Бу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига хилоф қилиш, бўйунсинмаслик” деб огоҳлантириб, эътироз билдиришди. Лекин, ўзларича ижтиҳод қилдиб: “Бу ерда туришимиздан фойда йўқ” деганлар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изн беришларидан олдин шошилиб тушиб кетишди. 

Хўш, оқибатда натижа нима бўлди? Аллоҳ таоло қўрқиб, тушкунликкка тушуб қолган мушрикларнинг қалбига журъат ва қатъийликни солиб қўйди. Улардан бир қисми Холид ибни Валид бошчилигида деярли бўшаб қолган камончилар турган тепалик тамон бурилишди ва у ерда собит қолган камончиларни ўлдиришди. Кейин, яқиндагина қалблари қатъий ирода ва ғалаба завқига тўлгандан сўнг, Аллоҳ таоло қўрқув ва изтироб солиб қўйган мусулмонларнинг орқасидан ўқлари билан бостириб боришди. Шу пайт ғалаба мағлубиятга айланди қолди, кўплаб мусулмонлар бу мағлубиятнинг қурбони бўлишди. Мана шуларнинг ҳаммаси айрим мусулмон аскарлар қилган хато ёки итоатсизлик сабабли бўлди. Йигирма беш нафар мусулмоннинг хатоси туфайли бутун бошли қўшин жазоланди. Ҳатто ана шу итоатсизликлар ва бепарволикларида Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг борликлари ҳам уларни ҳимоя қила олмади. Балки, бу мағлубиятнинг учқуни Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга ҳам етиб, олди тишлари синди ва мушриклар қазиб қўйган чуқурга йиқилиб тушдилар. Аллоҳ таоло бандаларини тутадиган ана шу илоҳий суннатни инсонларнинг зеҳнларида мустаҳкам ўрнатиш учун, улар қайтиб ундай хатога йўл қўймасликлари учун ўша ҳолатни тасвирлиб берувчи баёнини нозил қилди: 

“Батаҳқиқ, Аллоҳ сиз Унинг изни билан уларни қира бошлаганингизда Ўз ваъдаси устидан чиқди. Ниҳоят, заифлашиб, амр ҳақида ихтилоф қилиб ва сиз суйган нарсани кўрсатганидан сўнг, осийлик қилгунингизга қадар. Орангизда дунёни истайдиган кишилар ҳам бор ва орангизда охиратни истайдиган кишилар ҳам бор. Сўнгра, имтиҳон қилиш учун сизни улардан бурди. Батаҳқиқ, сизни афв этди. Аллоҳ мўминларга фазлу марҳаматлидир” (Оли  Имрон сураси 152-оят) 

Эй, биродарим! Аллоҳ сизга раҳм қилсин! Бир ўйлаб кўриб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирга бўлган аскарлар орасида йигирма беш нафар кишилар содир этган хато ёки гуноҳ билан ҳозирги кундаги кўчалар, чойхоналар ва тунги барлар тўла содир этилаётган бузуқликлар ва гуноҳларни солиштириб кўринг! Буларнинг баъзилари ҳатто куфрга олиб борадиган даражадаги гуноҳларку! Сўнг ўша хато туфайли Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва асҳобларига теккан одоб таёғи билан, бугунги биз мусулмонларга теккан одоб таёқларини солиштириб кўринг! Хотиржам, бемалол қилиб юрган хатарли гуноҳларимиз оқибатида ҳам, қирилиб, ҳалок бўлиб кетмасдан Аллоҳ таолонинг ажоиб фазлу марҳамати ва беҳисоб эҳсонига кўмилиб яшаб юрибмизку! 

Ҳолат мана шундай бўла туриб ҳам, биров Аллоҳ таолонинг ваъдалари ҳақида шубҳа қиладиган бўлса ва У зот унга ҳали бермаган икромига ҳақдорликни даъво қилса ёки: “Бугунги жамиятимиз Аллоҳ таоло солиҳ бандаларига ваъда қилган нусратга ҳақли” деб даъво қилса, албатта, бундай шубҳаланиш ва даъво қилиш Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ айтганларидек у кишининг қалб кўзи кўр бўлиб қолгани ва қалбининг нури ўчиб қолганига далилдир.

Аллоҳ таолонинг илоҳий қоида ва суннатларидан яна бири, яратувчи Роббилари билан алоқада бўлишнинг охирги ипларини ҳам узиб ташлаган ва Аллоҳ таолога чиройли қайтиш ҳақидаги умидларининг энг заиф қолдиқларини ҳам йўққа чиқарган адашган, ҳаддан ошган золимларга қиладиган муомаласи бўлиб, Аллоҳ таоло уларнинг олдида дунёвий манфаатларни ҳамма эшикларини очиб қўйиб, дунёни ҳаммасини уларнинг ҳою-ҳаваслари, истакларига бўйсундириб қўяди. Ана шу билан улар ҳаддан ошишда ва дунёга маст бўлишда зиёда бўладилар ва оқибатда улар учун Аллоҳ таоло тайёрлаб қўйган азоб шиддатли ва қаттиқроқ бўлади. Ундан кейин Аллоҳ таоло уларни олганда ғолиб, қудратли олувчининг олиши билан олур. 

    Ушбу илоҳий қоидани қувватлаб, таъкидлаб келувчи қуйидаги Қуръоний оятларни ҳам фикрлаб кўринг: 

“Ҳали, куфр келтирганлар мусулмон бўлишни ҳам истаб қолурлар. Уларни тек қўявер, еб-ичиб, баҳраланиб, орзулар ила машғул бўлиб юраверсинлар. Бас, тезда билурлар” (Ҳижр сураси 2-3-оят) 

“Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни эса, улар билмайдиган томондан аста-секин оламиз. Уларга муҳлат бериб қўяман. Албатта, Менинг «ҳийлам» метиндир” (Аъроф сураси 182-183-оят) 

“Сен ҳаргиз, Аллоҳни золимлар қилаётган амаллардан ғофил, деб ўйлама. Фақат, уларни кўзлар қотиб қоладиган кунга қолдирадир, холос” (Иброҳим сураси 42-оят)

“Батаҳқиқ, Биз сендан олдинги умматларга ҳам Росуллар юборганмиз. Сўнгра, шояд, тазарруъ қилсалар деб, уларни йўқчилик ва қийинчиликлар ила тутганмиз. Бизнинг баломиз уларга етганда, тазарруъ қилсалар эди! Лекин қалблари қаттиқ бўлди ва шайтон уларга қилаётган ишларини чиройли кўрсатди. Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида, уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Ўзларига берилган нарсалардан ховлиқиб турганларида, уларни тўсатдан тутдик. Қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар” (Анъом сураси 42-44-оят) 

Мана шу илоҳий суннат ҳақида сўзловчи оятлар сиз гоҳида кўриб турган ҳолатларнинг изоҳидир. Лекин, жуда кўп жоҳил, нодон кишилар тушунмасдан, ҳаддан ошган залолатдаги халқларнинг чексиз беҳисоб нозу-неъмат ичида ҳузурланиб юрганларидан ажабланадилар. Ҳолбуки у нарсалар Аллоҳ таоло айтганидек давоми йўқ арзимас матоҳ холос. Ундан ташқари зоҳиран қараганда бахт-саодат, шоду-хуррамлик воситаси бўлиб кўринсада, ҳақиқатда эса уларнинг ичида бахтсизлик, ҳалокат ва аламли изтиробларнинг уруғи яширинган бўлиб, фақатгина Аллоҳ таоло ўзи биладиган махфий вақти соати келганда ана шу бахтсизлик ва бало-офат уруғлари ҳузур-ҳаловат, неъматлар ичида роҳатланиб юрган ана шу бечоралар устида ёрилиб чиқиб, Аллоҳ таолонинг: “Ўзларига берилган нарсалардан ховлиқиб турганларида, уларни тўсатдан тутдик. Қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар” (Анъом сураси 44-оят) деган сўзи ўз тасдиғини топади. 

Демак, шундай бўла туриб, бугунги кунимизда ҳам биров келиб: “Мана, биз мусулмонлармизку! Аллоҳ таоло биздан ўз марҳаматини, берган ваъдаларини тўсиб қўйган, анави инкор қилувчи, ҳаддан ошган золимларни эса, уларга ваъда қилмаган эҳсонлару нусратини бериб азиз қилиб қўйди” дейдиган бўлса, аниқ билингки бу гапи у кишининг қалб кўзи кўрлигига ва Аллоҳ таолонинг хитобидан юз ўгирганлигига далилдир.

Агар, бироз ўйлаб кўрса Аллоҳ таоло ҳидоятдаги мўъмин бандаларига муомала қиладиган ва У зотни инкор қилган залолатдагиларга ишлатадиган қоидаларини билиб оларди.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баъзида киши таҳажжуд намози ўқийдиган одамлар билан бирга тунаб қолиши мумкин. Улар кечанинг кўп қисмини намоз ўқиш билан ўтказишар экан. У эса маълум соатдагина давоми...

2437 17:00 / 25.12.2021
Биринчидан, кофирлик диндаги зарурий нарсалардан бирини инкор қилиш билан бўлади. Бошқача қилиб айтганда, иймон келтириш вожиб бўлган ҳар бир нарсани инкор қилиш давоми...

2598 17:00 / 31.07.2021
1. Аллоҳ таоло мунофиқнинг амалини қабул қилмайди. 2. Мунофиқнинг қалбида марази бўлади. У мусулмонларга етган мусибатдан масрур ва нусратдан маҳзун бўлади. 3. давоми...

2143 18:30 / 26.06.2021
Абдуллоҳ ибн Муборак айтадилар Аллоҳнинг уйини ҳаж қилиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш мақсадида сафарга чиқдим. Бир давоми...

3125 05:00 / 11.03.2017
Аудиолар

118780 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40728 14:35 / 11.08.2021