1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқ бўлган махфий, яширин риё

05:00 / 01.03.2017 3650 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Билинг! Дарҳақиқат, риё равшан ва махфий бўлади. Равшан риё – бу инсонни амал қилишга ундайди ва рағбатлантиради (қизиқтиради, мажбур этади). Ундан кўра сал махфийроқ риё – бу амал қилишга мажбур қилмайди, лекин Аллоҳ таоло йўлида бўладиган амални енгил этади. Бир киши ҳар тунда таҳажжуд намозини ўқишни одат қилган ва унга бу оғир келади. Агар уйига бир меҳмон келиб қолса, у ғайратга келади ва таҳажжуд намозини адо этиш унга енгил кечадиган кишига ўхшайди.

Ундан кўра яна енгилроқ риё – бу амалга таъсир қилмайди, уни енгил этмайди ҳам. Лекин шу билан бирга қалбида у секиндир – шошилмайди. Қачон амалга дуо таъсир этмаса, буни турли аломатлар орқали билиш мумкин. 

Бунинг энг очиқ ва равшан аломати – одамлар унинг тоат-ибодатидан хабардор бўлсалар, у жуда хурсанд бўлади. Баъзан мухлис бунда ихлос билан амал қилади-да, риёни қасд этмайди, балки уни ёмон кўради. Амали шунга кўра қараб бўлади. Лекин агар одамлар ундан хабардор бўлсалар, бундан у хурсанд бўлиб роҳатланади. Бу нарса қалбидан ибодат шиддатини енгиллаштиради. Бу хурсандчилик ундаги махфий риёга далолат қилади. Ва хурсандчиликка олиб келади. Агар қалбнинг одамларга нисбатан илтифоти бўлмаса эди, одамларнинг хабардорлигидан қалби масрур бўлмасди. Бас, у жуда яхши биладики, ҳақиқатдан ҳам риё қалбида олов тошга таслим бўлгандек бўйсунади. Одамларнинг хабардор бўлиши унда шодлик ва хурсандчилик асарини намойиш этади. Сўнг агар одамларнинг хабардорлиги сабабидан бўлган лаззатланишни ҳис этса, бу нарсани у ёмон деб билмайди. Балки у секин-асталик билан ҳаракат қилади ва ўзининг ҳолатидан одамлар хабардор бўлишларига очиқдан-очиқ эмас, балки киноя йўли билан ишора этади.

Баъзан риёни яширади. Риёни изҳор этишга сўз, ишора ёки очиқлик билан ҳаракат этмайди. Лекин бунга турли аломатлар орқали ишора этади, масалан, озғинликни, ранг сарғайишини, овозни пасайтиришни, лабларнинг қуришини, кўз ёшларининг асарини, кечаси билан таҳажжуд намози ўқиганлигига далолат этадиган эснашликни изҳор этиши каби.    

Бундан ҳам махфийроқ риё шу ўринда бўладики, уни қилаётган амалидан бошқалар хабардор бўлишини хоҳламайди ва уни беркитади, лекин шу билан бирга агар одамларни кўрса, улар биринчи бўлиб салом беришларини, очиқ юз ва ҳурмат-эътибор билан кутиб олишларини, унинг ҳожатларини ғайрат билан тезда адо этишларини, унинг билан бўладиган муомалада илтифот этишларини, мурувват кўрсатишларини ва авф қилишларини, ўтирадиган жойини кенг-мўл этишларини яхши кўради. Худо кўрсатмасин, бирон-бир киши буларни бажаришда кам-ноқислик этса, унинг қалбига бу оғир ботади. Нафси гўё беркитиб қилган тоатига эхтиромни-ҳурматни тақозо этади. 

Халойиққа тааллуқли бўладиган барча нарсада, қачонки ибодатнинг вужуди бўлмагани каби бўлмаса, махфий риё аралашмасидан холи бўлмайди. Буларнинг барчаси ажр-савобни камайтириши мумкин. Бу ҳолатдан фақатгина сиддиқлар-ростгўйларгина саломат бўладилар. 

Ваҳб ибн Мунаббаҳдан бизларга ривоят этилишича, обидлардан бир киши ўз асҳобларига айтди: “Бизлар туғёндан қўрқиб мол-мулкларимиз, бола-чақа, аҳли-аёлларимиздан ажрашдик. Биз аҳли мол-дунёга мол-мулклари сабабидан уларга бўладиган бу туғёндан кўра, бизнинг ишимизга кирадиган туғёндан кўпроқ қўрқамиз. Дарҳақиқат, биримиз агар бирон кишига учрашиб қолса, динидаги мавқеига кўра улуғланишни яхши кўради. Агар унинг дунёвий ҳожати бўлса, динидаги ўрнига биноан ҳожати дарҳол раво этилишини истайди. Агар бирон-бир нарса сотиб олса, динидаги обрў-эътибори сабабидан у нарсани унга арзон қилиб сотилишини яхши кўради”. 

Бу гапларнинг хабари ўша ернинг подшоҳига етиб борди. Подшоҳ одамлари билан отланиб, уни зиёрат этишга қасд қилди. Тоғу-тошлар, водий-ер одамларга лиқ тўлди. Бас, обид сўради: “Бу нима?” Унга жавоб беришди: “Бу подшоҳ”. Обид соҳибига қарата айтди: “Менга таом келтир!” Унга кўкатлар, майиз ва турли егуликларни келтирди. Обид лунжларини тўлдириб, очкўзлик билан уларни ейишга киришди. Подшоҳ унинг бу ҳолатини кўриб айтди: “Бу одамда ҳеч бир яхшилик йўқ!” У шу сўзларни айтиб, орқасига қайтиб кетди. Бас, обид киши айтди: “Мендан уни қайтарган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!” Подшоҳ уни маломат қилиб қайтганди.  

Ҳақиқий мухлислар махфий риёдан доимо хавфда бўладилар. Яхши амалларидан одамларни ғафлатда қолдиришга ва у амаллардан уларнинг хабардор бўлмасликларига тиришардилар. Одамлар ўз фаҳш ишларини қанчалик беркитишга уринсалар, ҳақиқий мухлислар ўзларининг солиҳ амалларини одамлардан ундан ҳам зиёда беркитишга ижтиҳод этардилар. Буларнинг барчаси Аллоҳ таоло қиёмат кунида ихлосларига мувофиқ равишда ажру-савоб беришини умид этардилар.  

Махфий риёга аралашган нарсалар жуда кўп, уларнинг сон-саноғига етиб бўлмайди. Қачонки, инсон ўзидаги ибодатдан хабардор бўлиш ёки хабардор бўлмасликнинг ўртасидаги фарқни билса, бас, бундай риёдан бир насиба бор. Лекин барча амалга аралашган нарса ажр-савобни камайтирмайди ва амални бузмайди. Балки бу ўринда ҳал қилувчи сўз мавжуд. 

Сўралсаки: “Агар тоат-ибодати билинса, бундан хурсанд бўлмаган инсонни топа олмайсан. Буларнинг ҳаммаси мазаммат этиладими?” Жавоб бериб айтамизки, дарҳақиқат, хурсандчилик икки қисмга – яхши ва ёмонга бўлинади. Биринчи – яхши хурсандчилик. Бунда унинг қасди Аллоҳга бўлган тоат ва ихлосини беркитиш бўлади. Лекин, вақтики, халойиқ унинг ишидан хабардор бўлса, у Аллоҳ таоло буларга буни билдирди ва аҳволининг чиройли томонини изҳор этди, деб билади. Бас, у Аллоҳ таолонинг чиройли ато этган марҳамати, унга берган назари ва кўрсатган лутфи-карами сабабидан хурсанд бўлади. Аллоҳ таоло тоат ва маъсиятни беркитишга қодир. Бас, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унинг тоатини бандаларига изҳор этди ва маъсият-гуноҳларини беркитди. Ёмонликни сатр этиш, яъни беркитиш ва чиройли нарсани изҳор этишдан ҳам улуғроқ лутф йўқ. Бас, унинг хурсандчилиги ҳам мана шу нарса учундир. У одамларнинг мақтовига ва уларнинг қалбларида ўрин олишга муҳтож эмас ёки Аллоҳ таоло унинг чиройли нарсасини изҳор этишини ва бу дунёда ёмонлигини беркитишини қиёмат кунида Аллоҳ таоло унга мана шундай муомала этади, деб бунга мазкурларни далил қилиб келтирмайди. Мана шу маъно ҳадиси шарифда ҳам ворид бўлган.    

Одамларнинг ҳузурида бир мақоми борлигидан одамлар унинг аҳволидан хабардор бўлишлиги сабабидан хурсанд бўлса ва одамлар уни мақташлари, улуғлашлари, дунёвий ҳожатларини раво этишлари ҳосил бўлса, бу макруҳ, мазаммат этилган ва номуносиб ишдир.    

Агар сўралсаки: “Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтган ҳадис сабаби нима?” Ул зот айтдилар: “Бир киши сўради: “Эй Расулуллоҳ! Бир одам амал қилади, бас, уни беркитади. Агар ундан хабардор бўлинса, у ажабланади”. Бас, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Унга икки ажр бўлгусидир: беркитиш ажри ва ошкоралик ажри”. Имом Байҳақий “Шааб”да, Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят этишган.

Жавоб бериб айтамизки, дарҳақиқат, бу заиф ҳадис. Буни Имом Термизий ҳам ривоят этган. Баъзи аҳли илмлар бу ҳадисни қуйидагича тафсир этадилар: “Ҳадиснинг маъноси қуйидагича бўлади: одамларнинг яхшилик билан мақташлари уни ажаблантиради. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари далилдир: “Сизлар Аллоҳ таолонинг ер юзидаги шаҳидларисиз”.    

Имом Муслимнинг муфрад ҳадисларида Абу Зарр розийаллоҳу анҳудан ривоят этилган. Ул зот айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди: “Эй Расулуллоҳ! Бир киши яхши бир амални бажаради ва одамлар уни мақташади, мадҳ этишади. Шундай киши ҳақида нима деб айтасиз?” Ул зоти шариф жавоб бериб айтдилар: “Бу мўминга тез келган бушро-хурсандчиликдир”. 

Агар одамлар унинг қилган яхшиликларини билганликлари учун ажабланса, қойил қолса ва бу иши учун уни иззат-икром этсалар, бас, бу риёдир.



РИЁ БИЛАН ҚИЛИНГАН ҚАЙСИ АМАЛ ХАБАТА (БЕКОР) БЎЛИШИ ВА ҚАЙСИ АМАЛ ХАБАТА БЎЛМАСЛИГИНИНГ БАЁНИ



Агар бандага риё ворид бўлса, яъни учраб қолса, у қуйидаги ҳолатлардан бирида бўлади: риё бандага у ибодатдан фориғ бўлгандан кейин ёки олдин келади. Агар унга ибодатдан сўнг хурсандчилик ориз бўлса ва бу хурсандчилик у ибодатини изҳор этмаса ҳам, зоҳир бўлса, бу хурсандчилик қилган амалини зое (бекор) қилмайди, зеро ибодат ихлос сифати билан тамом бўлди, ундан кейин ҳосил бўлган сифат эътиборга олинмайди, хусусан, агар у ибодатни изҳор этиш ёки у ҳақда сўзлашга таклиф этилмаган бўлса. 

Аммо ибодат ҳақида у тугаганидан кейин гапирса, ибодатни изҳор этса, бас, бу хавфлидир. Ғолибо, амал қилаётган вақтида унинг қалбида риёнинг бир тури ўрнашган бўлади. Агар риёдан омонда бўлса ҳам, амалининг ажри ноқис бўлади. Дарҳақиқат, сиррий амал билан ошкора амалнинг ўртасида етмиш даража мавжуд.                      

Ихлос билан бошлаган намозга ўхшаб ибодатни тамомлашдан олдин риё ворид бўлса, агар бу нарса фақат хурсандчилик бўлса, унинг амалга ҳеч бир таъсири бўлмайди. Агар риё фақат хурсандчилик учун бўлса, у вақтда у амалга таъсир қилмайди. Агар риё амалга боис риё бўлса, масалан, одамларга ўзининг қандай эканлигини билдириш учун намозни узун қилиб ўқиса, бу риё ажр-савобни йўққа чиқаради (бекор этади). 

Ибодатга яқин бўлган риё, масалан, риё қасди билан намоз ўқишни бошласа, агар намозни шу ҳолда тамомласа, намози намоз ҳисобланмайди. Агар намоз ўқиётган вақтда бу риёсига пушаймон қилса, унга намозни янгидан бошлаши лозим бўлади. Аллоҳ таоло билгувчи Зот.



РИЁ ДАВОСИ ВА РИЁДАГИ ҚАЛБ МУОЛАЖАСИНИНГ ЙЎЛИ ҲАҚИДА



Дарҳақиқат, риё барча солиҳ амалларни барбод этувчи эканлигини ва Аллоҳ таоло ёмон кўришига сабабчилигини яхши билдингиз. Чиндан ҳам риё ҳалок этувчилар жумласидан бўлиб ҳисобланади. Унинг ҳолати мана шундай бўлгани учун ҳам уни йўқотиш учун енг шимариб, астойдил ҳаракат этишга лойиқ. Уни муолажа этишда икки мақом бор: 

Биринчи мақом – унинг томирлари ва асл-ўзакларини, улардан майда шохчалари тарқалади, бутунлай  юлиб-узиб ташлаш керак. 

Иккинчи мақом – ҳозирги ҳолда ундан бўладиган хатарни даф этиш лозим.  

Биринчи мақомнинг шарҳи шуки, риёнинг асли мансаб ва ўрин топишни яхши кўришлик эканини билдик. Агар у ажратиб ташланса, уч усулга қайтади: бу – мақтов лаззатини севиш, мазаммат аламидан қочиш, одамлар қўлидаги нарсаларни таъма қилиш. Бунга “Саҳиҳайн”да Абу Мусо розийаллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадис гувоҳдир. Унда айтилишича, бир киши Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб деди: “Эй Расулуллоҳ! Бир киши шижоат билан уришади, бошқа бир киши қаттиқ ғазаб ва кибрлилик билан ва бошқа бир одам риёкорона уришади. Шулардан қайси бири Аллоҳ йўлида уришиши ҳақида бизга айтиб берсангиз”. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки Аллоҳ таоло калимаси юқори бўлиши йўлида муқотала этса, бас, ана шу Аллоҳ таоло йўлида бўлади”.

“Шижоат билан уришади” сўзининг маъноси, яъни уни эслашлари ва мақташлари учундир. 

“Қаттиқ ғазаб ва кибрлилик билан уришади” сўзининг маъноси, яъни уни қаҳх ва мазаммат қилишларини ёқтирмайди. 

“Риёкорона уришади” сўзининг маъноси, яъни ўрнини, мақомини билиш йўлидадир. Бу мансаб қалблардан ўрин олишининг лаззатидир. 

Гоҳо инсон мақтовни ёқтирмайди, лекин мазамматдан эҳтиёт бўлади, масалан, икки шарт киши ўртасидаги қўрқоқ одам каби. Зеро, у мазаммат этилмаслиги учун уруш жабҳасида собит туради ва қочиб қолмайди. Гоҳо инсон билимсизлиги билан мазаммат этилишидан хазар қилиб, билиб-билмай фатво беради. Бу уч хил иш одамларни риё сари ҳаракатлантиради. 

Бунинг муолажаси шуки, инсонга бир нарса ҳозир ёки келажакда фойдали ва яхши, деб гумон этилса, унга қасд этади ва уни адо этишга рағбат қилади. Агар бу нарса ҳозир лаззатли ва келажакда зарарли эканини билса, ундан четланиш унга осон бўлади ва ундан рағбатини узади. Бу асал лаззатли, лекин унда заҳар борлигини билган кишига ўхшайди. У дарҳол бундан юз ўгиради.

Бу рағбат йўли ҳам шу кабидир. Рағбатида бўладиган зарарларни билиши лозим. Чиндан ҳам инсон риё зарари ва қалбига бўладиган яхшиликни зое кетказганини, охиратда ҳоли нима бўлишини, қиёматда азобга йўлиқиши, аҳволи ёмон бўлишини ва хор-зорликка мубтало бўлишини, шу билан бир қаторда бу дунёда халойиқ қалбларини мулоҳаза қилиш сабабидан ғам-андуҳга тушиши, зеро одамларни рози этиш ниҳоятда қийин иш эканлигини билиши зарур. Бир гуруҳни рози қилган нарса иккинчи гуруҳни хафа-норози этади. Кимки Аллоҳнинг ғазабида уларни рози этишни истаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади ва уларни ҳам бундан ғазаблантиради. Сўнг уларнинг мақтовларидан унга нима фойда бўлади? Уларнинг мақтовлари учун Аллоҳнинг мазамматини олишнинг нима кераги бор? Уларнинг мақтовлари учун ризқини ҳам, умрини ҳам зиёда қилиб қўймайди. Фақирлик ва мискинлик кунида фойда ҳам қилмайди. Шу каби нима учун мазамматларидан эҳтиёт бўлади? Уларнинг мазамматлари бирон-бир нарсада зарар қила олмайди. Ажалини тезлаштирмайди, ризқини кенгайтирмайди ҳам. Дарҳақиқат, барча бандалар ожиздирлар. Улар ўзларига бирон-бир зарар ёки фойдани Аллоҳнинг изнисиз қила олмайдилар. Улар ўлим, ҳаёт, қайта тирилишга молик эмаслар. Агар инсон буни ўз қалбида қарор топтирса, риёдаги рағбати сўнади. У Аллоҳ таолога қалби билан иқбол этади. Чиндан ҳам оқил киши зарар берадиган ва фойдаси оз нарсага ҳаргиз рағбат этмайди.

Аммо одамлар қўлидаги нарсаларга таъма қилиши уни охир-оқибатда ҳалок этади. Билиш зарурки, чиндан ҳам Аллоҳ таоло ҳар бир қалб учун бериш ва ман қилишни пайдо этган. Ундан бошқа ризқ бергувчи йўқ. Кимки одамлардан таъма қилса, у хор-зорликдан холи бўлмайди. Агар муродига етса, миннат ва таҳқир-хўрланишдан қочиб қутула олмайди. У қандай қилиб ёлғон, ваҳм ва фасод умид билан Аллоҳ ҳузуридаги беминнат нарсани тарк этади.

Бу борадаги энг фойдали даво ибодатларни махфий этишга ўзини ўргатиш, фаҳш-фасод эшикларини маҳкам беркитгандек, риё билан қилинадиган ибодатлар эшикларини тақа-тақ ёпиши лозим бўлади. Зеро, риёни даволашда амалларни махфий қилиш мисолидек даво йўқ. Бу нарсага ўрганиш аввалида инсонга жуда қаттиқ бўлади. Агар у ўзини мажбурлаб, бир муддат сабр қилса, ундан ўрганиш қийинчилиги соқит бўлади. Аллоҳ таоло унга ёрдам қўлини чўзади. Бас, бандадан ҳаракат бўлса, Аллоҳдан тавфиқ бўлади, албатта.

Иккинчи мақом шарҳи шуки, ибодат асносида ориз бўлган риёни даф қилади. Бу риёни ҳам билиш лозимдир. Бас, чиндан ҳам ким қатъий ҳаракат қилса, қаноат ва одамлар кўзидан ўзини ерга уриш (соқит этиш) билан қалбидан риё ўринларини суғуриб ташлайди. Одамларнинг мадҳ ва мазамматларига парво қилмайди. Дарҳақиқат, шайтон ибодат вақтида уни ҳеч қачон тарк этмайди, балки риё қадамлари билан унга рўбарў бўлади. Агар халойиқ унинг ибодатларини билишлиги ва ундан хабардорлиги хотирисига келса, уларни қуйидаги сўзларни айтиб ўзидан даф этади: “Халқ билан нима ишинг бор. Улар ибодатингни билдилар-у ёки билмадилар, сенга нима? Аллоҳ таоло сенинг аҳволингни билгувчи. Аллоҳдан ўзгани билишида нима бор?”            

Агар мақтов офатига рағбат қўзғалса, унга риё офатларини эслатади, ёмонликка учрашини билдиради. Рағбатни ёмонликка ўзгариши билан солиштиради. Бас, чиндан ҳам одамларнинг хабардорлигини билиши истак-майлни (хоҳишни) қўзғайди. Риё офатини билиш кароҳият-ёмон кўришликни, жирканишни вужудга келтиради.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Истиғфор ҳақида айтилган фикрларни баъзи бир кишилар нотўғри тушуниб, инсон ҳар қанча гуноҳ ишларни қилса ҳам, уларни кечиши осон экан, деган хаёлга келиш мумкин. давоми...

5138 05:00 / 28.02.2017
Ўнинчи ҳикмат Амаллар суратлардир ва уларнинг руҳи эса, унда ихлос сирининг борлигидирrdquoКелинг Ўнинчи ҳикмат шарҳини бошлашдан олдин, ўтган тўққизинчи давоми...

3039 05:00 / 01.03.2017
Мақолага сарлавҳа қилиб олинган бу уч маънавий жиноят бирбирлари билан чамбарчас боғлиқдир. Бунга ажабланиш керак эмас. Зотан, барча маънавий жиноятлар давоми...

3670 05:00 / 28.02.2017
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади Аллоҳ кўп савоб берувчидир, ўта билувчидир, давоми...

488 19:00 / 25 февраль
Аудиолар

118752 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40710 14:35 / 11.08.2021