1445 йил 5 зулқаъда | 2024 йил 13 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Тарбия болаликдан бошланади

19:50 / 03.09.2019 2204 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсоннинг жисмоний, руҳий ва ақлий камолотига болаликда пойдевор қўйилади. Инсон шахсиятини тарбиялаш ҳам асосан унинг болалигидан бошланади. Яхши, гўзал тарбия олган болалар улғайгач хуш ахлоқли, гўзал одобли инсон бўлиб етишади ва Аллоҳнинг ҳидоят йўлида юриб, икки дунё саодатини қўлга киритади. Тарбияси бўш ёки ёмон тарбия кўрган болалар ношукр, ахлоқсиз ва беодоб кимсалар бўлиб улғаяди ва бундайлардан жамият катта зарар кўради. Қуръони каримда шундай марҳамат этилади: «Биз ҳақиқатан унга тўғри йўлни кўрсатдик – у шукр қилувчи ё ношукр бўлди» (Инсон сураси, 3-оят).

Исломда фарзанд тарбияси ҳали бола дунёга келмасидан олдин бошланади. Фарзандларини чинакам иймонли, солиҳ, диёнатли қилиб тарбиялашни истаган ота энг аввало унинг учун иймони бут, солиҳа, диёнатли, инсофли, гўзал ахлоқли она танлаши керак. Бу иш бола тарбиясига қўйилган илк қадамдир. Фарзанд туғилиши билан бу улуғ неъмати учун Аллоҳга кўп мақтов ва шукроналар айтиш, ушбу хурсандчиликни бошқалар билан баҳам кўриш, боланинг қулоғига азон айтиш, унга чиройли исломий исм қўйиш, биринчи кунданоқ уни ҳалол йўл билан ризқлантириш фарзанд тарбиясидаги асосий талаблардандир. Болангизнинг тили чиқиши билан унга «Аллоҳ», «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ), «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», «Ассалому алайкум» каби энг муҳим калималарни ўргатиш керак.

Давримизнинг атоқли олимларидан бири фарзанд тарбиясига бағишланган машҳур асарида бундай ёзган эди: «Болага энг аввал ахлоқий қоидаларни ўргатиш зарур. Бунга эътибор берилмаса, ўғил-қизингиз ғазаб, шалоқ сўзларни сўзлаш, лоқайдлик, ўйламай иш қилиш, бағритошлик ва очкўзлик каби ёмон иллатларнинг қурбонига айланади. У улғайгач, бу иллатлардан қутулиши оғир кечади. Чунки ахлоқсизликнинг ушбу кўринишлари унинг табиатига чуқур кириб кетган бўлади. Агар фарзандингиз барча воситаларни ишга солиб иллатлардан халос бўлиб олмаса, бир кун келиб жамиятда шарманда бўлади. Болалигида яхши тарбия олмаган кўплаб одамларнинг улғайганда одобсиз ва ахлоқсиз кимсаларга айланиши кўп кузатилган».

Болалар дин ҳақидаги, ахлоқий низомлар ва чиройли хулқ тўғрисидаги илк маълумотларни ўз уйи ва оиласида олади. Ислом одоб ва ахлоқ қоидаларига риоя этишга буюради ва икки дунё саодатига эришиш учун бунга болалар ҳам, катталар ҳам масъуллигини алоҳида уқтиради. Мавзуни янада тушунарли бўлиши учун ахлоқий низом ва исломий одоб қоидаларга яққол мисол Пайғамбар алайҳиссалом замонларига мурожаат қиламиз.

Фарзандингиз сир сақлай олсин!

Собитнинг ривоят қилишича, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу бундай деганлар: «Бир куни бошқа болалар билан ўйнаб турганимда Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга келдилар ва мени бир юмушга жўнатдилар. Шу туфайли онамнинг олдиларига кеч қайтдим. Уйга келсам, онам: «Нега кеч қолиб кетдинг?» деб сўраб қолдилар. «Аллоҳнинг Расули бир юмушни топширган эдилар», деб жавоб қилдим. Онам: «Нима юмушлари бор экан?» деб сўрадилар. «Бу – сир», дедим. Шунда онам: «Аллоҳнинг Расулининг сирларини ҳеч қачон ҳеч кимга айтма!» дедилар. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳнинг ўша сирларини кимгадир айтмоқчи бўлганимда, сенга айтиб берган бўлардим, эй Собит».

Келинг, Анаснинг айтган сўзларини бир мулоҳаза қилиб кўрайлик: «Расулуллоҳнинг ўша сирларини кимгадир айтмоқчи бўлганимда, сенга айтиб берган бўлардим, эй Собит». Бу ёш боланинг сўзлари эмас, ёш шогирдига ўзининг болалик хотираларини сўзлаб бераётган кекса шайхнинг гапларидир. Биз Пайғамбар алайҳиссаломнинг улуғ саҳобалари, Басранинг хатибини сўзларини тинглаяпмиз. У бу тарихий воқеанинг тафсилотларини билиб олиш учун устоз атрофида ҳалқа бўлиб ўтирган ёш шогирдларига болалигидаги ўша ҳаяжонли бир тарихни, ҳозиргача ўзини тўлқинлантириб келаётган воқеани сўзлаб бераётир.

Йиллар ўтди ва Анас улғайиб ўсмир бўлди, кейин йигитга айланди, сўнг ўрта ёш, ортидан кексалик ёшига етди. У юз йил умр кўрди ва кўплаб давлатларнинг юзага келиши ва қулашига гувоҳ бўлди. Шуларга қарамай, Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам сирларини ҳануз пинҳона сақлаб келяпти. У узоқ йиллар олдин болалар билан ўйнаб юрганида билган сирни ўшадан буён бирор марта очмади. Ҳатто энг ишончли шогирдига ҳам айтмади: «Расулуллоҳнинг ўша сирларини кимгадир айтмоқчи бўлганимда, сенга айтиб берган бўлардим, эй Собит».

Ҳалолликни ўргатинг!

Абдуллоҳ ибн Биср розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Онам бир бош узумни Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам элтиб беришимни буюрдилар. Мен эса уни йўлда еб қўйдим. Кейинроқ онам Расулуллоҳни соллаллоҳу алайҳи васаллам учратиб қолиб, у зотдан: «Абдуллоҳ сизга бир бош узумни элтиб бердими?» деб сўраб қолдилар. У зот: «Йўқ», деб жавоб бердилар. Кейинчалик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон мени учратиб қолсалар: «Хиёнат, хиёнат!» дер эдилар».

Улуғ Ислом мутафаккири Муҳаммад Ҳусайн ушбу ривоятни қуйидагича шарҳлайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болани айблаш ниятида эмас, шунчаки ҳазил йўли билан унинг эътиборини омонатга хиёнат қилмасликка қаратмоқчи бўлганлар. Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларини икки мартадан такрорлаганлари эса, хатога йўл қўйган болани келгусида бундан эҳтиёт бўлишни эслатиш учун бўлган. Бу иш ҳалоллик билан боғлиқ бўлгани учун Пайғамбар алайҳиссалом болани оғринтирмаган ҳолда сўзларни такрорлашдан фойдаланганлар».

 

Анвар Аҳмад таржимаси

«Hilol» журнали, 2-сонидан олинди.

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар .Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бетоб бўлиб қолди. Уни кўргани бориб, суҳбат қилдикndash Абу Абдурраҳмон, қандай тонг давоми...

1841 08:00 / 02.11.2019
Мазҳаббошимиз Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг саховати ўз даврида тилларда достон бўлган. У киши тижорат билан кун кўргани, тижоратида ҳалоллиги давоми...

2271 09:10 / 27.02.2019
Сафар ойи ҳижрийқамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир. Одатда, бу ой яқинлашиши билан кишилар орасида сафар ойида сафарга чиқса, тўй қилса бўлмасмишrdquo давоми...

1569 23:00 / 27.08.2022
Кўпчилик англаб олиши лозим бўлган ҳақиқатлардан бири шуки, бир шахсдан содир бўлган ҳар бир зулмга қарши унга ҳам ўшанча мислда жавоб қайтариш жоиз эмас. Мисол давоми...

3610 00:05 / 29.04.2017