1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Эрли аёллар

12:05 / 27.08.2019 5470 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кўча кўйда хатти-ҳаракатларида озгина енгиллик бор аёллар ҳақида кексаларимиз «эри борми?» деб сўрашади. Кўпдан буён кузатиб юрибман. Бу савол бугун аёлларга нисбатан жуда кўп маротаба ишлатилаяпти. Аёлларимиз орасида эрлари борлигини унутиб қўйишган, ёхуд эрига, эр деб қарамайдиганлар учрамоқда. Нега, сабаби нима? Кузатганларим эса жуда аянчли!

У аёл ҳар кун шаҳарга ишга боради. Ҳеч қачон у билан бирга кетмаган, ёнида ўтирмаган эдим. Унинг эри катта бир ташкилотда ҳисобчи бўлиб ишлар, кейин йиллик даромаддан камомад чиқиб қамалиб кетган эди. Адашмасам аёл қайсидир бир ташкилотда фаррошлик қилади. Кийиниши ўта замонавий, занг мисоли бўялган сочлари сўнги урфда турмакланган, калта юбкаси, тор кофтаси, ҳар хил упа-супа суртилган юзига қараб одамлар унга бошқача кўз билан қарашади. Кечагина уни кимдир чет эл машинасида қишлоққа ташлаб кетибди. Қайсидир ҳайдовчига иккинчи эмиш, хуллас ҳар хил миш-миш, мен бу миш-мишлардан уни ҳимояламоқчи бўламан. Нега бунақа одамлар, эри қамалиб кетган бўлса, бечора шаҳарга тушиб оғир иш қилиб келади. Ахир болаларини боқиш, керак-ку. Сен ёшгина нарса яхши-ёмонни қандай биласан? Ўйлайман, ростдан ҳам қайдан биламан. Лекин билиш учун кучлироқ эътибор қиламан. Аёл ростдан ҳам ўта замонавий кийинади, қўлидан телефон тушмайди, ҳаммага кулиб қарайди, кулишлари ўзига ярашмайди.

Бир куни ишга шошиб кетаяпсам, у ҳам машина кутаётган экан, уловга бирга чиқдим ва ёнига ўтирдим.

Машина энди жойидан жилган эди, унинг соткасидан уят сўзлар «Алло….. (у сўзни айтишни истамайман ҳам) мен машинага чиқдим, ўша жойда кутиб туринг, деди». Ҳамма унга нафрат билан қаради. Айниқса, кексалар. Тўғриси ўзимдан уялиб кетдим. Уни фарзандлари учун шаҳарга бориб ишлаб келишидан яхшиликни кўрган кўнглимни ёмон кўриб кетдим. Эри қамоқда. Нега бегона одамни кўчада кутиб туришга мажбур қилиб, уни ҳаёли аёллар ҳеч ким эшитмаса ҳам ўз жуфтига айтишдан уяладиган сўзлар билан аташи юрагимга оғир ботди. Аёл тушиб кетгандан сўнг бир кекса онахон: «Эри қамалиб кетган. Ўлиб кетган эмас, одамлардан бўлмаса ҳам фарзандларидан, Аллоҳдан хаё қилса бўлар эди», деди. Ўша онахонга қарадим. Онахон 60 ёшни қаршилаган. Исмлари Жума ая. У кишининг синглиси амакимнинг аёли. Улар ая ҳақида гапирганда бир чиройли тарихни эшитгандек бўламан. Онахон энди турмуш ўртоғи билан унаштирилганда ҳарбий хизматга олиб кетишади. Ўша вақтларда ҳарбий хизмат муддати 3 йил бўлиб, йигит яна анча вақт бошқа мамлакатда қолиб кетади. Онахон эса одамларнинг тан-дашномига эътибор қилмасдан йигитни кутади. Вақт ўтиб йигит қайтиб келади ва чиройли уй қуришади. Тақдирни қарангки, эндигина яхши яшаб, яхши бир оила бўлишганида йигитнинг бошига ташвиш тушиб, узоқ муддатга арзимаган сабаб билан қамалиб кетади. Аёл эса фарзандларига ҳам, ўзига ҳам гард юқтирмай эрини кутади. Жазо муддати тугаб, эр қайтиб келгандан сўнг, кўп йил яшамасдан ўлим уларни ажратади. Онахон эса ҳали ҳам кўнгил уйига сабрдан, вафодан уй қуриб ирода билан яшаб келмоқда.

Нега аёллар бир хил эмас? Иккаласининг ҳам эри қамалган. Иккаласи ҳам бир миллатнинг аёллари. Нега улар ҳар хил кўз билан қарашади ҳаётга? Аёлдан сўрайман, балки ночорликдир. Сиз ҳам шу оғир кунларни бошингиздан кечиргансиз, хаётда бўлади-да, бошида эри борлар чарчаб қоляпти рўзғор ташвишларини кўтара олмай, уни дарров нотўғри тушунмайлик. Онахон жилмайиб қарайди. Менинг акам бор эди, қайнотам, қайнонам бор эди, қийинчиликларимда оримни ош қилганман болам, аёл учун қийинчилик ҳам, камбағаллик ҳам, ғам ташвиш ҳам сабрдир, ўзи йўқни кўзи йўқ деган гап, эрли аёлларга тегишли эмас. Эрининг хаёли ҳам хотин учун азиздир. Аёл эрининг хаёлига ҳам сиғиниб қараши лозимдир дейишади. Чиндан  ҳам шундай эканми, сиғиниб яшаш …

Мақолани бошлашимдан олдин бирга ишлайдиган ҳамкасабамга мурожаат қилдим. У киши сени бир жойга олиб бораман. У ерда кўрганларинг мақолангда ёритилса, хурсанд бўлар эдим, дедилар. Мен рози бўлдим. Орадан 2 кунлар ўтиб опа мени кечга яқин Кармана туманидаги Дўрмон қишлоғига бошлаб бордилар. Сарамжон-саришта хонадонда мақоламга асос бўладиган қандайдир воқеа бор экан, деб аввалига ҳайрон бўлдим. 15 ёшли қиз бизни кулиб қарши олди ва онаси ўтирган хонага бошлади. Хонага кираверишда оёқ кийимлар турадиган жойда эркак кишининг ялтираб турган туфлисини кўриб, турмуш ўртоғи ишдан вақтли қайтган экан, деган ноқулайлик билан хонага кирдим. Хонадон соҳибаси қандайдир бир китоб мутолаа қилиб турган экан, бизни кўриб хурсандчилик билан қарши олди. Анча вақт аёл билан суҳбатлашдик. Мен бу аёлнинг мақолам билан қандай боғлиқлиги борлигини қидириб чарчадим. Ҳолатимни сезган ҳамкасабам, аёлга «ҳали ҳам турмуш ўртоғингизни унутмай қийналиб юрибсизми?» дедилар. Аёл маҳзун тортди, мен унутсам фарзандларим унутади. Қариндош-уруғ унутади, эл унутади, деди. Кўз олдимга ташқарида ялтираб турган эркаклар туфлиси келди. Фарзандиникидир, деган хаёлда дастурхон попугини ўйнаб турган 35 ёшлардаги аёлга тикилдим. Эътибор қилмаган эканман. Аёлнинг лаблари тишлар изидан яра бўлиб кетган нигоҳларида қандайдир бир дард уя қурганлиги маълум эди. Ёқимсиз жимликдан сўнг ҳамкасабам қистови билан кетишга чоғландик. Аёл эса овқат маҳали бўлиб қолганлиги сабабли таомсиз кетмайсизлар, дея овқат сузишга чиқиб кетди. Дастурхон устида овқат келишини кутиб турган 2 ўғилни қайси бири бояги туфлини кийиши мумкинлигини ўйлаб охирига етолмадим. Негаки, болаларнинг ёши 10-12 ёшларда эди. Аёл таом сузиб келди. Эътиборимни дастурхон тўрига оила бошлиғи ўтирадиган жойга сузиб келинган овқат тортди. Таомни битта кўп сузиб келибсиз, дедим. Фарзандлар ҳам, ҳамкасабам ҳам негадир аёлга эмас, менга қарашди. Қарашлар замирида эса … Уларни тушунишга қанча харакат қилмай, уддалай олмасдим. Тўғриси, ҳар хил фикрлар руҳиятимда ғужғон ўйнар, қандай хулосага келишни билмас эдим? Тезроқ бу ердан кетишни, ташқарига чиқиб, ҳамкасабамдан кўрганларим изоҳини сўрашни хоҳлар эдим. Бу сирли хонадондан чиқишимиз билан ҳамкасабамга термулдим. Эшитганларим эса аёлнинг турмуш ўртоғи 10 йил олдин автоҳалокат туфайли вафот этган. Аёл 10 йил мобайнида қазо қилган эрини кийимларини ювар, уларга дазмол босар, ҳар куни эрталаб оёқ кийимни тозалаб ишга кетадилар, деб ташқарига қўйиб қўяр экан. Ҳаттоки, ҳар доим эрига овқат сузиб келар, овқатни дастурхон тўрига қўйиб, кейин фарзандларига едирар экан. Бу сўзларни эшитиб тилимдан чиққан биринчи унинг ақли жойидами дедим. Ҳамкасабам эса аёлнинг лабларига қарадингми, сенга ўхшаган ҳар бир одам бу ҳолатга изоҳ сўраганда, ёки излаганда аёл гапиролмайди, ичидаги изтиробларини тишлари билан лабларига босади, дедилар. Кўз олдимга эшик олдида ялтираб турган туфли, дастурхон устига сузиб келинган ортиқча овқат. Тиш излари яра қилиб ташлаган лаблар, ичида мунг, соғинч, изтироб, қотиб қолган маюс кўзлар келди. Тилимдан эса ИРОДА, САБР, ҚАНОАТ, АЁЛ, СЕВГИ деган сўз учиб чиқди. Нега бундай бўлди билмайман. Билганим, аёл эрини хотирасига суяниб яшаётган ва бу дунёда уни ушлаб турган ягона нарса ҳам шу хотиралар ва мен тан берган ирода эди.

Аллоҳ таоло айтади: «Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни, насиҳатларинг кор қилмаса), уларни ётоқларда тарк қилингиз, (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг) сўнгра (яъни, шунда ҳам сизларга бўйинсунмасалар), уринглар! Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманглар. Албатта, Аллоҳ энг юксак ва буюк бўлган зотдир» (Нисо сураси, 34-оят).

Воҳидий раҳимаҳуллоҳ айтганларки: «Бу оятдаги «итоатсизлик»дан мурод – эрга осийлик қилиш, яъни, такаббурлик билан эрининг буйруқларига хилоф иш юритишдир».

Ато раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «У (яъни, итоатсизлик) – эри учун ўзига оро бермаслик (хушбўйлик сепмаслик), ўзи билан ҳузурланишига йўл қўймаслик ва илгариги мутеълик ҳолати ўзгариб қолишидир. Ундай хотинларга Аллоҳ Китоби ила «панд-насиҳат қилинглар», Аллоҳ уларга буюрган ишларни эслатинглар».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Уларни ётоқларда тарк қилиш – тўшакда хотинига орқасини ўгириб, гапирмай ётишидир», деган бўлсалар, Шаъбий ва Мужоҳидлар: «Хотини билан бир жойда ётмаслик, яқинлашмаслик», дейишган.

Уларни уришдан мурод қаттиқ, бирон аъзосига жароҳат етказадиган қилиб эмас, билакс секин уришдир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Одоб бериш учун кафти билан кўксига туртиш каби», деганлар.

Эр хотинининг итоатсизлигини ушбу оятда зикр қилинганидай, Аллоҳ изн берган суратда тузатиши, бартараф этиши лозим.

Дарҳақиқат, атрофга қараб қайсидир бир аёлнинг эри чет элда ишлашга кетганини ва аёл бошқа одам билан нозик туйғулар исканжасида юрганини, қайсидир бир аёлнинг эри оғир бетоблиги, лекин аёл эри бетоб бўлгандан сўнг синфдоши билан севишиб қолганини, эри ҳам аёл ҳам яхши бир ташкилотда ишлаши, бир байрам баҳонасида аёл уйга келмай, ишхонасидаги бир эркак билан меҳмонхонада тунаганини кўрдим, эшитдим. Сиз ҳам бундай манзараларга кўзингиз тушганини биламан. Миллатимиз учун энг ёмони, бу аёлларнинг фарзандлари бор, қизлари бор, улар эртага аёл, она бўлади. Бу аёллар тарбиялаган фарзандлар эртага от ўрнини той босар қабилида қадам ташламайдими? Ёхуд бу ноъмақбул ҳаракатларни давом эттирмайдими? Мени шу нарса ташвишга солди ва яна юрагимга оғриқ солган энг ёмони айрим ўзбек аёлларида итоат, сабр, бурч, эътиқод, ирода деган туйғулар қачон йироқлашди экан? Миллатимиз аёлларига шу хислатлари учун ҳам иззат-эҳтиром кўрсатишган. Нега энди не-не замонлар оша ўзга халқларни лол этиб келган ўзбек  аёлининг бугунги кўринишида юқоридаги каби иллатлар учрамоқда? Баъзи бир аёлларимиз замон ўзгарди, эркакларнинг ўзи-чи дейишмоқда! Эркакларни қўя турайлик ўзимизга назар солайлик Назаримда замон аёл учун ҳеч қачон ўзгармайди. Ўзгармасин ҳам.


Муаллиф
Юлдуз Қурбонова
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир одам .Эй Аллоҳнинг Расули, бир одам қилган амалини яширади. Агар у билиниб давоми...

3337 21:30 / 05.03.2019
2008 йил бундан 13 йил олдин ndash Ўзбекистон Республикаси Президентининг .Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия давоми...

1499 15:00 / 07.08.2021
Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳанбал айтади .Отамнинг вафоти яқинлашди. У кишининг ёнларида ётардим. Қўлимда бир парча латта бор эди. Жон таслим этишлари оғирлашиб, кейин давоми...

2177 08:48 / 13.05.2020
Кўпчилик катта фақиҳ имомлар, муҳаддислар ва мужтаҳидлар томонидан Исломнинг мадори деб аталган ҳадиси шарифлардан бири қисқача қилиб .Зуҳд ҳадиси, деб давоми...

1922 18:40 / 29.01.2019