1445 йил 7 шаввол | 2024 йил 16 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ҳисобот бериш ва назорат қилиш

05:00 / 28.02.2017 3733 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтди: «Қиёмат кунида ҳар бир жон қилган яхшилигининг ҳозир бўлганини билади» (Оли-Имрон сураси, 30-оят). Аллоҳ таоло яна бир ояти каримада айтади: «Биз қиёмат кунида адолат билан ҳисоб-китоб этурмиз. Бирон бир жонга зулм этилмайди» (Анбиё сураси, 47-оят).Қалби илоҳий нур билан тўлган арбобларнинг таҳқиқлари шуни билдирадики, чиндан ҳам уларни бу хатарлардан фақат ўзларига ҳисобот беришликни лозим тутишлари ва ўзларини ҳаққоний назорат этишлари қутқаради, холос. Кимки бу дунёда ўзини ҳисоб-китоб қилса, қиёмат кунидаги ҳисоб-китоби осон кечади, ҳолати чиройли бўлади, иншааллоҳ. Кимки бу дунёдаги ҳисоб-китобига бепарво бўлса, ҳасрати катта бўлади (давомли бўлади). Вақтики, улар чиндан ҳам фақатгина Аллоҳга итоат этишгина нажот беришини билишади. Зеро, Аллоҳ таоло уларни сабр ва нафсларини ҳимоя этишга амр этиб айтди: «Эй мўминлар! Сабр қилинглар, сабру тоқатли бўлинглар ва ҳимоя этингизлар» (Оли-Имрон сураси, 200-оят). Яъни, ўзларингизни ҳимоя этинг, дейилмоқда. Биринчидан, нафсларингиз билан шартлашиш, назорат  этиш, ҳисоб-китоб қилиш, иқоб-жазолаш, қийнаш, итобга солиш (койиш) билан уни ҳимоя этинглар. Басират аҳли учун нафсни ҳимоя этишда олти мақом мавжуд. Бу мақомларнинг асли ҳисоб-китоб этишдир. Лекин ҳар бир ҳисобот нафс билан шартлашиш  ва уни назорат этишдан кейин бўлади. Ҳисоботдан кейин ҳам фойда бўлмаса, унда нафсни койиш ва жазолаш амалга оширилади. Ҳар бир мақомни шарҳлаш лозим бўлади.


Биринчи мақом – шартлашиш. Билинг! Чиндан ҳам тижоратчи тижоратда яхши фойда олиш талабида шерикдан фойдаланади ва у билан шартлашади, ҳисоб-китоб қилади, уни кузатиб назорат ҳам қилади. Шу каби ақл ҳам нафс-руҳга шерик бўлишга муҳтож бўлади. Унга бир қанча вазифаларни топширади ва бир қатор шартларни шарт этади. Шундан сўнгра уни нажот йўлига иршод этади. Нафсни назорат этишдан ҳеч қачон ғафлатда қолмайди, зеро унинг хиёнат этиши ва дастмояни зое этишидан омонда бўлмайди. Бундан кейин унинг ҳисоб-китобини қилиш лозим бўлади. Ундан келишилган шартларга вафо қилишини талаб этади, зеро бу тижоратнинг фойдаси олий фирдавс жаннатидир. Бу борада нафс билан қилинган дақиқ ҳисоб-китоб дунё фойдасидан бўлган нозик ҳисоб-китоблардан чандон марта аҳамиятлидир. Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига иймон келтирган ҳар бир ақлли кишига ўзининг ҳисоб-китобидан ғафлатда қолмаслик (бўлмаслик) қатъий вазифадир. Унинг ҳаракатлари, оромлари ва хотираларида унга тазйиқ ўтказиш лозим бўлади. Чиндан ҳам умрнинг ҳар бир нафаси нафис (нозик) дурдир, унинг ҳеч бир эвази йўқдир.


Агар банда субҳ (бомдод) намозидан фориғ бўлса, нафси билан шартлашиш учун қалбини бир соат фориғ этмоғи лозим бўлади. У ўзига бундай деб айтади: «Умр – менинг бор топган-тутганимдир. Агар дастмоямни йўқотсам, тижоратим орқага кетади. Фойда топиш ҳам бўлмайди. Аллоҳ таоло менга бу янги кунда муҳлат берди, ажалимни бир кунга кечиктирди. Бу кун билан менга неъматини берди. Агар Аллоҳ таоло менинг жонимни олганида, мен яхши амал қилишим учун дунёга мени яна бир бор қайтаришини умид этардим. Эй нафс! Чиндан ҳам ўзингни ўлиб қайтадан тирилгандек ҳисобла. Бир кунни беҳуда ўтказишдан эҳтиёт бўл, сақлан! Эй нафс! Билгинки, дарҳақиқат бир кеча-кундуз йигирма тўрт соатдан иборат. Чиндан ҳам бандага ҳар куни саф тортган йигирма тўрт сандиқ хазина қўйилади. Унга шу сандиқ хазиналаридан бири очилади. Унинг ичи шу соатда қилган ҳасанот-яхшиликларидан бўлган нур билан лиммо-лим тўлганини кўради. Бу нурларни кўриб у жуда ҳам хурсанд бўлади. Агар фаразан бу нур оташи дўзах аҳлига тарқатилса, оташ-олов аламини сезишдан уларни даҳшатга соларди. Унга бошқа қоп-қоронғу, зулмат, ундан бадбўй ҳид таралиб, қоронғулиги уни ўраб оладиган бошқа бир сандиқ очилади. Бу Аллоҳ таолога осий бўлган соатидир. Унда қўрқиш, саросима ва ноумидлик пайдо бўлади. Агар бу нарса жаннат аҳлига тақсимланса, жаннат неъматлари унга заҳар бўлади. Унга уни хафа ҳам, хурсанд ҳам қилмайдиган бўм-бўш бошқа бир сандиқ – хазина очилади. Бу унинг ухлаган ёки ғафлатда бўлган ё бўлмаса рухсат этилган амаллар билан машғул бўлган соатидир. Унинг бўм-бўшлигига афсус-надомат этади. У жуда кўп фойдага етишишга қодир киши бепарво бўлиб, уни ўтказиб юборгандек бўлади. Бутун умри давомида ўтказган вақтларининг хазинаси унга мана шундай бирма-бир намойиш этилади. У ўзига дейди: "Эй нафс! Бугун хазинангни обод этиш учун ҳаракат этиб қол! Уни бўш қолдирма. Эй нафс! Ялқовлик, бекорчилик, роҳат-фароғатга мойил бўлма. Сен олий даражалардан маҳрум бўлиб қоласан, сендан бошқа унга етишади».


Баъзилар айтди: «Фараз этингки, ёмонлик қилувчининг гуноҳидан ўтилди. Яхшиларнинг савоби ҳам бекор бўладими?» Бу ўзининг вақтлари ҳақидаги ўзига қилган (васияти) тавсиясидир. Сўнгра ўзининг етти тана аъзоларига қилган бошқа тавсиясини баён этади. Бунга кўз, қулоқ, тил, қорин, фарж (таносил аъзоси), қўл ва оёқ дохилдир. Уларнинг ҳаммасини нафси ихтиёрига топширади, зеро жон-нафс – бу абадий тижоратда уларни риоя этувчи ходимдир. Бу аъзолар билан амаллар камолига етади. Нафсига билдирадики, чиндан ҳам жаҳаннам шу аъзоларнинг ададига мувофиқ, етти дарвозаси борлигини билдиради. Кимки Аллоҳ таолога мана шу етти аъзоларидан қай бири билан осий бўлса, мана шу жаҳаннам эшикларидан бири унга тайин бўлади. Бас, у мазкур аъзоларни гуноҳлардан ҳифзу ҳимоя этишга тавсия этади.

Кўзни ҳалол бўлмаган нарсаларга қарашдан ёки бир мусулмонга камситиш билан боқишдан ва керак бўлмаган ҳар қандай нарсага қарашдан сақлайди ва уни назар солиш тижорати ва фойдаси йўлида машғул этади. Бу Аллоҳ таолонинг инсон учун яратган ажойиб санъатларига эътибор назари билан боқиш, Аллоҳ таолонинг китобида ва Унинг расули суннатларидаги яхши амалларга амалий руҳ билан қараш, ваъз-насиҳат ва истифода олиш учун ҳикматли китобларни мутолаа этишдир.


Шундай қилиб, ҳар бир аъзонинг ўзига лойиқ ва муносиб тавсиясини бериш лозим бўлади. Хусусан, тил ва қоринга алоҳида иршодот зарур. Биз юқорида тил офатлари ҳақида сўз юритдик. Уни ўзига тааллуқли бўлган зикр айтиш ва эслатиш, такрор-такрор илм олиш ва таълим бериш, Аллоҳ бандаларини Аллоҳ йўлига иршод этиш, икки томон ўртасини сулҳга келтириш ва бошқа хайрли амаллар йўлида машғул этиш лозим бўлади.


Қоринни очкўзликни тарк этишга, шубҳали нарсалардан ва шаҳватдан эҳтиёт бўлишга даъват этади. Емак-ичмакда зарур миқдорда бўлади. У ўзига шарт қилади, агар нафси мана шулардан бирига хилоф иш тутса, уни қорин истагидан маҳрум этиб жазолайди. Натижада нафси кўпгина ўзи истаган нарсаларга етиша олмайди. Ҳамма тана аъзолари ҳақида шундай йўл тутади. Буни чуқур вақт ўрганиш узоқ вақтни талаб қилади. Тана аъзоларининг ибодати ва гуноҳларининг махфий бўлиши ҳам шу кабидир.


Сўнгра кеча ва кундузида такрорланиб турадиган ибодатларнинг вазифалари ҳақида, адо этиш қодир бўладиган нафл ибодатлар ва уларни кўпайтириш борасидаги тавсияларни тез-тез такрорлаб туради. Инсон нафси шу нарсаларга ўрганиб олгунга қадар бу шартларга ҳар куни муҳтож бўлади. Лекин ҳар бир кун янгиликлардан холи бўлмайди, унинг янги ҳукми бўлади. Аллоҳ бунга ҳақлидир. Бу нарса дунё амалларидан бўлган раҳбарлик ёки тижорат, шунга ўхшаш нарсалар билан машғул бўлган одамда кўп содир бўлади. Зеро, Аллоҳ таолонинг ҳаққини адо этишга муҳтож бўлинмайдиган оддий беташвиш кун жуда оздир. Шунга биноан у нафсига тўғри бўлишликка, Ҳаққа бўйсунишга шарт қўяди. Шаддод ибн Авс розийаллоҳу анҳудан ривоят этилади. Расулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар: «Зийрак одам ўзини айблайди, ўлимдан кейин асқотадиган нарсалар учун амал қилади. Ожиз одам ҳавойи нафсига эргашган ва Аллоҳга таманно (орзу) этган бўлади». Имом Термизий, Ибн Можа ва Ибн Ҳанбал ривоятлари. Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу айтдилар: «Ҳисобот беришларингиздан олдин ўзингизни ҳисоб-китоб этингизлар. Амалларингиз тарозуга тушмасдан олдин уни тортиб кўринглар. Энг улуғ намойиш куни бўлган – қиёматга ҳозирлик кўринглар». «Шу куни сизларга амалларингиз кўрсатилади. Сизлардан ҳеч бир нарса махфий этилмайди» (Ал-Ҳоққа сураси, 18-оят). 


Иккинчи мақом – назорат этиш. Агар инсон ўзига-ўзи тавсия этса ва биз зикр этган нарсаларни ўзига шарт қилиб қўйса, унга фақат нафсини назорат этиш ва мулоҳаза юритиш қолади. Эҳсон нималигини тафсир этишда келган саҳиҳ ҳадис воридким, Пайғамбар алайҳиссалом эҳсон ҳақида: «Аллоҳ таолога худди уни кўриб турганингдек ибодат этишингдир. Агар сен Уни кўрмасанг ҳам, У сени кўриб туради», деганлар. Расулуллоҳ алайҳиссалом бу орқали ибодат вақтида Аллоҳнинг азаматлигини ва У назорат этиб туришини қалбда ҳозир этишликни ирода этганлар. Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.


Айтишларича, Шиблий бир куни Абу Ҳусайн Нурий ҳузурига ташриф этди. У киши қимир этмай ўтирар ва зоҳирларидан бирон-бир нарса ҳам қимирламас эди. Шиблий сўради: «Бу муроқаба ва сукунликни кимдан ўргандингиз?» У киши жавоб берди: «Бизнинг бир мушугимиз бор эди, шундан ўрганганман. Агар у ов қилишни хоҳласа, тош устида шундай писиб пойлардики, ҳатто унинг бирон-бир туки қимирламасди».

Инсон ўзини амалдан олдин ва амал вақтида ҳам муроқаба (назорат) қилиб туриши лозим бўлади. Уни ҳавойи нафси ҳаракатга солаяптими  ёки уни Аллоҳ таоло хоссатан ҳаракатлантирмоқдами? Агар Аллоҳ таоло бўлса, уни бажаришда давом этади, акси бўлса, уни тарк этади. Мана шу ихлосдир.


Ҳасан айтдилар: «Ўзининг ташвишларида бўлган бандани Аллоҳ раҳм айлайди. Агар бу ташвиш Аллоҳ учун бўлса, унда давом этади. Агар у бошқага бўлса, уни кечиктиради. Бу банданинг тоатдаги муроқабасидир. У итоатда мухлис бўлиши лозим. Унинг гуноҳдаги муроқабаси тавба, надомат ва гуноҳдан бутунлай чиқиш (четланиш) билан бўлади. Унинг рухсат этилган амаллардаги муроқабаси одоб-ахлоққа риоя этиш, неъматларга шукр айтиш билан бўлади. Ҳар бир неъматга сабр этиш лозим. Буларнинг барчаси муроқабадан холи эмас».


Ваҳб ибн Мунаббиҳ Оли Довуд ҳикмати ҳақида бундай дедилар: «Оқил киши тўрт соатдан ғафлатда қолмаслиги вожибдир: Парвардигорига муножот этадиган соатдан, айбларини ўзига билдирган дўст-биродарларига бағрикенглик қиладиган соатдан, ўзи ва ҳаром эмас, ҳалол нарсалардаги лаззатлари ўртасидаги холи соатдан, зеро бу  бир соат бошқа соатларга ёрдам ва қувват беришдир. Ейиш ва ичиш билан машғул бўладиган соатда амалларнинг афзали бўлган – зикр ва фикрлаш амалидан холи бўлмаслик лозим. Чунки тановул этаётган таомда шундай ажойиботлар борки, агар у шулар ҳақида фикр юритса, аъзолар билан бўладиган амаллардан бу кўпроқ яхшидир.


Учинчи мақом – амалдан кейинги ҳисобот. Аллоҳ таборака ва таоло айтди: «Эй мўминлар! Аллоҳга ибодат этиб, Унинг азобидан қўрқинглар. Ҳар бир нафс эртанги кун – қиёматга нима ҳозирлаганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар» (Ҳашр сураси, 18-оят). Бу амал бўлганидан кейин уни ҳисоб-китоб қилишга ишорадир. Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу шу каби айтган эдилар: «Ҳисоб-китоб этилмасингиздан бурун ўзингизни ҳисоб-китоб қилинг!» Ҳасан айтдилар: «Мўмин киши ўзига ҳукмрон бўлади ва ўзини муҳосаба этади (тафтиш этиб ҳисоб-китоб қилади)». У киши давом этиб айтдилар: «Чиндан ҳам мўмин тўсатдан бир нарса маъқул келиб, уни кўнгли истаб қолса, «Аллоҳ номига қасамёд этаманки, мен сени ҳақиқатдан ҳам хоҳлайман, сен менга зарурсан. Лекин Аллоҳга қасамёд этаманки, сенга етишиш учун бирон-бир чора ёки ҳийла йўқ. Ҳайҳот, ўртамизда тўсиқ бор», деб айтади.


Ундан бирон-бир камчилик содир бўлса, у ўзига мурожаат этади ва: «Мен буни хоҳламаган эдим. Бунга менинг ҳеч бир дахлим йўқ. Иншааллоҳ, бу нарсага асло қайтмайман (қилмайман)».

Чиндан ҳам мўминлар Қуръони карим уларни бир-бирларига маҳкам этиб боғлаган қавмдир. Қуръони карим улар билан ҳалокат ўртасини ажратувчидир. Дарҳақиқат, мўмин дунёда асирдир, у ўзини озод этиш йўлида ҳаракат этади. У ҳатто Аллоҳ таолога мулоқот бўлгунга қадар бирон-бир нарсадан омонда бўлмайди. У чиндан ҳам қулоғи, кўзи, тили ва барча тана аъзолари ҳақида жавоб беришини яхши билади.

Билинг! Чиндан ҳам бандага куннинг бошида бир вақт бўлиши ва шу вақтда у ўзи билан шартлашиб олиши лозим бўлганидек, унга куннинг ниҳоясида ўзига бир соатни ажратиб, кун давомида нима амал қилганини ҳисоб-китоб этиши лозим бўлади. Дунёда тижоратдаги шериклари билан ҳар йил охирида ёки ой, кун ниҳоясида ўзаро ҳисоб-китоб этганидек иш тутади.


Ҳисоб-китоб қилишнинг маъноси бу – дастмоясига қараш, фойда ва камчилик-зиёнлар зиёда эканлигини билишдир. Унинг дастмояси – динидаги фарз амаллардир. Зиён топиши – гуноҳлардир. У биринчидан фарзларни ҳисоб-китоб этади. Агар у бирон-бир гуноҳ қилган бўлса, ўзини жазолашга ўтади. Ўзини жазолаш бу – ўзидан камчилик бўлиб ўтиб кетган амалларни мукаммал этади.

Айтишларича, Тавба ибн Самт асирликда эди. Жуда ҳолдан тойиб, беҳол бўлди. У ўзига-ўзи ҳисобот берди. Шу вақтда у олтмиш ёшда эди. У кунларини ҳисоблади. У йигирма бир минг беш юз кунни ташкил этди. У қичқирди ва айтди: «Во, шўрим қуриди… Подшоҳга йигирма бир минг беш юз гуноҳ билан мулоқотда бўламанми?! Қандай қиламан? Бир кунда ўн минг гуноҳ!..» Сўнгра ҳушидан кетиб ерга йиқилди ва жон таслим этди. Одамлар узоқдан келган овозни эшитишди: «Во, ажабо! Бир сакраш билан Фирдавси аълога ўтиб кетди». Банда шу каби ҳар бир нафсини, қалби қилган гуноҳларни ва ҳар соатда тана аъзоларидан бўлган маъсиятларни ҳисоб-китоб этмоғи лозим бўлади. Чиндан ҳам инсон ҳар бир қилган гуноҳи учун ҳовлисига бир тош отса, ҳовлиси оз муддат ичида тошга тўлиб тошди. Лекин инсон гуноҳларни сақлашда бепарво бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда айтди: «Аллоҳ уларни ҳисоб этади, улар эсдан чиқаришади» (Мужодала сураси, 6-оят).


Тўртинчи мақом – камчилик, хато қилганлиги учун нафсни жазолаш. Билинг! Чиндан ҳам мурид агар ўзини ҳисоб-китоб қилса, кўплаб хатоларини ёки қилган гуноҳларини кўради ва билади. Уларга бепарво бўлмаслиги лозим бўлади. Агар бепарво бўлса, гуноҳлар қилишга яқин бўлади ва улардан ажралиши қийин бўлади, балки у нафсини аҳли аёли ва болаларини (итоб этганидек) жазолаганидек жазолаши зарур бўлади.

Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят этиладики, у киши бир куни шаҳар четидаги боғларига бориб, кейин қайтиб келсалар, одамлар аср намозини ўқиб бўлишган экан. Шунда у киши дедилар: «Мен бугун боғимга чиқдим. Қайтиб келсам, одамлар аср намозини адо этиб бўлишибди. Боғимни мискин-бечоралар фойдасига инъом этдим». Имом Лайс бу ривоят шарҳида бундай дедилар: «Чиндан ҳам Умар жамоат билан аср намозини адо эта олмагани учун ўзини шу йўл билан жазолаган». Бизга етиб келган нақлга биноан, Умарни бир иш мағриб намозидан машғул этиб қолган, ҳатто намоз вақти ўтиб, икки юлдуз осмонда кўринган. Вақтики, намозни адо этадилар ва икки қулни озод этадилар.


Ҳикоя этишларича, чиндан ҳам Тамим Дорий розийаллоҳу анҳу бир кеча ухлаб қолиб таҳажжуд намозига тура олмадилар. Шу қилган ишларининг жазоси сифатида бир йилгача кечалари ухламай бедор бўлдилар.

Ҳассон ибн Синон бир бино олдидан ўтиб қолдилар ва сўрадилар: «Бу бино қачон қурилган?» Сўнгра ўзларига ўзлари дедилар: «Ўзингга керак бўлмаган нарса ҳақида сўрайсан-а! Сени албатта бир йил рўза тутиш билан жазолайман». Айтган ваъдаларига мувофиқ у киши бир йил рўзадор бўлдилар. (Бу ҳикоя у кишининг исломларида рост-содиқ эканлигига далолат этади.) Ҳадиси шарифда воридким: «Киши ўзига алоқаси йўқ нарсани тарк этиши унинг чиройли исломидандир». Имом Термизий, Ибн Можа, Молик ва Ибн Ҳанбал ривоятлари.


Ўзига жазо беришда жоиз ва ҳалол бўлмаган усуллардан фойдаланиш қатъий мумкин эмас. Бунга мисол шундай: ҳикоя этилишича, Бани Исроил қавмидан бўлган бир киши қўлини бир бегона аёл сонига қўйди. Қилган ишининг жазоси сифатида қўлини оловга тиқиб, уни шол этди. Яна шулардан бири бир аёлга бориш учун оёғини ишга солди, кейин ўйлаб туриб айтди: «Бу оёқ билан нима қилмоқчи бўлдим?!» Вақтики, оёғини бу ишдан тортишни ирода этди. Шунда у айтди: «Ҳайҳот! Аллоҳга гуноҳкор бўлишга қадам қўйган бу оёқ мен билан бўлмайди». У  оёғини ташқарида қолдиради, ҳатто ёмғир ва шамолларда қолиб, оёғи кесилиб тушади. Яна шулардан бири бир аёлга қаради ва жазоси учун кўзини ўйиб ташлади. Бу ишларнинг барчаси ҳаромдир (ҳисобланади).


Бани Исроил қавми шариатида шундай қилиш жоиз бўлган эди. Бизнинг миллат аҳлидан ҳам баъзи бир тоифалар шу йўлга киришган. Уларнинг бундай қилишларига илмсизликлари ва жоҳилликлари олиб келган. Чунончи, Ғазвон Зоҳиддан ривоят этилишича, у бир куни номаҳрам аёлга қаради, шундан кейин кўзига урди, ҳатто кўзи шишиб чиқди.

Улардан баъзилари ривоят этишича, шундай кишилардан бири қаттиқ совуқ куни эҳтилом бўлди. У ғусл қилишдан ўзини тўхтатиб турди. Бу ишининг жазоси учун фақат кийим-бошида ғусл қилишга, уни ечмаслик ва сиқмасликка қарор қилди. Кийимлари жуда қалин бўлиб, оғирлиги йигирма килоча  келар эди. Бу илмсизликдир. Инсон ўзига бундай муомала этмаслиги керак. Мен «Талбис Иблис» китобимда билимсизликка асосланган ибодат этувчиларнинг шу хилдаги аҳволлари ҳақида кўп зикр этиб ёзганман.


Бешинчи мақом – курашиш (ҳаракат этиш). Агар инсон ўз-ўзини тергаб ҳисоб-китоб этса, нафси бир гуноҳни қилишга яқин бўлганини билса, юқорида айтиб ўтилганидек, уни жазолаши лозим бўлади. Агар ялқовлиги билан зиёда фазилатли ишларни бажариш ёки вирд қилиб олган дуоларни адо этишда ўзини секинлик ёки бўшашишлик ҳолида кўрса, ўзига оғир вардларни адо этиш билан адаб бериши лозим бўлади. Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят этиладики, ул зот бир пайт жамоат билан намозни адо этишдан кечикиб қолдилар. Шунда эрта субҳга қадар тунда қоим бўлдилар. 

Агар нафси авродларни ўқишга итоат этмаса, у вақтда нафси билан курашади ва қодир бўлгунига қадар уни вирдлари ўқишга мажбур этади.


Абдуллоҳ ибн Муборак айтдилар: «Чиндан ҳам солиҳ кишилар яхшиликни ўз-ўзидан адо этишади. Биз эса яхшиликни мажбуран қиламиз». Нафс устидан ғалаба қилишда унга мужтаҳидларнинг хабарларини ва уларнинг фазилатлари ҳақида ворид бўлган ҳикояларни эшиттириш кўп фойда беради. Қодир бўлган киши улар билан бўлиш ва ишида уларга эргашишга ҳаракат этиши матлубдир.

Улардан айримлари деди: «Агар менда ибодатда бўшашлик (сустлик) воқеъ бўлса, дарҳол Муҳаммад ибн Воеънинг юзига ва ижтиҳодига қарардим ва бир ҳафта шундай қилардим». Омир ибн Абду Қайс бир кеча-кундузда минг ракат намоз ўқирди. Асвад ибн Язид шунчалик кўп рўзадор бўлардики, ҳатто у кўкариб, сарғайиб кетарди. Масруқ ҳаж қилган вақтда фақат сажда қилган ҳолда ухларди. Довуд Тоий нон ўрнига талқон аралашган сув ичар ва ўртасида эллик оят ўқир эди. Караз ибн Вабра бир кеча-кундузда уч бор хатм туширарди. Умар ибн Абдулазиз ва Фатҳ Мусилий қонли кўз ёш тўкиб йиғлардилар. Қадимгилардан қирқ нафар киши хуфтон намозига олган таҳоратлари билан бомдод намозини ўқир эди. Абу Муҳаммад Харирий ухламай, гаплашмай ва бирор нарсага суянмай, ҳатто оёғини узатмай, бир йил Каъбада турди. Унга Абу Бакр Қаттоний: «Бунга сиз қандай эришдингиз?» деди. У жавоб бериб айтди: «Ичимдаги ростлик илми зоҳиримга ёрдам этди». Одамлар обида аёл Заҳла ҳузурига ташриф этиб, у билан ўзига раҳм этиши ҳақида сўзлашди. У айтди: «Чиндан ҳам бу кунлар тез ўтгувчидир. Кимгаки бугун бир нарса ўтиб кетса, эртага унга етиша олмайди. Эй биродарлар! Аллоҳ номига қасамки, мен албатта Аллоҳ учун намоз ўқийман, бутун ҳаётим давомида албатта рўза тутаман, кўзимда кўз ёши қолмагунича албатта йиғлайман».


Кимки бу қавм сийратларига назар ташлаб, уларнинг ҳаракат бўстонларида сайр этишни хоҳласа, «Сифат ас-Сафва» номли китобимга боқсин, ўқисин. Бас, бу қавмнинг хабарларини билади. Шунда у ўзини уларга нисбатан ўлган деб билади. Бундан ташқари китобда обида аёллар ҳақидаги хабарлардан огоҳ бўлиб, ўзининг ҳеч ким эмаслигини билади.

Олтинчи мақом – нафсни итоб қилиш (койиш) ва унга танбеҳ бериш ҳақида. Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу айтдилар: «Кимки Аллоҳ таоло зотида ўзини ёмон кўрса, Аллоҳ таоло уни Ўз нафратидан эмин (омон) этади».


Анас розийаллоҳу анҳу айтдилар: «Мен Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу бир боғга кирганларини ва қуйидаги сўзларни айтганларини эшитдим. Мен билан у кишининг ўртамизда девор бор эди, холос. У киши: «Умар ибн Хаттоб энди амирул мўминин! Баракаллоҳ! Аллоҳга қасамёд этаманки, эй Ибн Хаттоб, Аллоҳдан қўрқиб иш тутасан ёки сени албатта азоблайман», дедилар».

Бухтарий ибн Ҳориса айтдилар: «Мен бир обид ҳузурига кирдим. У олдида олов ёқиб, ўзини итоб этар эди. У ўзини итоб этишда давом этди ва жон таслим қилди».

Агар солиҳлар тўғрисида зикр этилса, баъзилар айтарди: «Уф-уф, менинг ҳолимга вой бўлсин!»


Билинг! Чиндан ҳам сизга нафсингиз душманларнинг душманидир. У ёмонликка даъват этувчи қилиб халқ этилган. У доимо ёмонлик сари мойилдир. Сиз уни тўғри йўлга солишингиз, поклашингиз керак ва ёмонлик манбаларидан уни четлатишга амр этилгансиз. Уни ўз Парвардигори ибодатига қаҳр занжири билан занжирбанд этиб чорлашингиз лозимдир. Агар унга бепарво бўлсангиз, у асовлашади ва бўйсунмай қолади, ана ундан кейин унга асло ғолиб бўла олмайсиз. Агар уни койиб танбеҳ бериб туришни лозим тутсангиз, у тинч бўлади, деган умиддамиз. Уни зикр этиб, эслаб туришдан асло-асло ғафлатда бўлманг. Унга иқбол этиш вазифангиздир. Нафснинг жоҳиллиги ва нодонлигини ўзига уқтиришингиз керак. Унга жумладан бундай деб айтасиз: «Эй нафсим! Сенинг жоҳиллигинг мунча ҳам катта! Сен закийлик ва фаросатлиликни даъво этасан, ваҳоланки сен одамларнинг ичида энг нодони ва жоҳилисан. Сен жаннатий ёки дўзахий бўлишингни биласанми? Улардан қайси бирига боришни билмайдиган киши қандай қилиб бепарво бўлади? Балки бугун ёки эртага жони олинур! Эй нафс! Билмайсанми? Ҳар бир келувчи яқиндир. Чиндан ҳам ўлим ҳеч бир ваъдасиз тўсатдан келади. У ёшу қарига қарамайди, балки, ҳар бир нафасда тўсатдан ўлим ҳосил (воқеъ) бўлиши мумкин. Агар ногоҳ  ўлим содир бўлмаса, тўсатдан касаллик ориз бўлиши мумкин, сўнгра у ўлимга олиб келади. Сенга доимо яқин бўлган ўлимга нима учун сен ҳозирлик кўрмайсан? Сенга нима бўлди? Эй нафс! Агар сен Аллоҳ мени кўрмайди, деб гуноҳ қилишга журъат этган бўлсанг, сенинг бу жаҳолатинг жуда ҳам каттадир. Агар Аллоҳ сенинг ишингдан хабардорлигини билиб гуноҳ этсанг, сенинг тентак, аҳмоқлигинг бунча ҳам кучли, ҳаёинг эса бунча ҳам оз. Қанчалик ҳам беҳаёсан! Сенда Аллоҳнинг азобига тоқат борми? Буни иссиқ ҳаммомда бир соат ўтириш ёки бармоғингни оловга яқинлаштириш билан синаб кўр! Эй нафс! Агар шаҳват муҳаббати сени тўғри йўлдан қайтарса, бешубҳа, пок бошқа шаҳватларни талаб эт! Баъзан бир луқма кўп луқмаларни ман этади.


Табиб бемор яхши бўлиши учун уч кун сув ичмасликка ва кейин умр бўйи сув ичиш мумкинлигига ишора этган бемор ақли ҳақида сиз нима дейсиз? Истак ҳаққини адо этишда ақл тақозоси нимадан иборат? Бутун умр бўйи неъмат-роҳатда бўлиши учун уч кун сув ичмай сабр эта оладими? Ёки дарҳол истагини амалга ошириб, сўнгра умр бўйи дард-алам тортишни лозим топадими? Умрингизнинг ҳаммаси ва бунга қўшимча жаннат аҳли неъмати ва аҳли дўзах азоби муддати бўлган абадийлик уч кун ва унга қўшимча бутун умрдан озроқдир. Балки дунё умри қўшиш билан бўлса, бир лаҳзадан ҳам озроқдир. Кошки шундай бўлса эди! Истаклардан сабр қилиш дарду алами қаттиқ ва узоқроқми ёки оташи дўзах остидаги олов азоби аламлироқми? Кимки қийналиш оғриғига сабр-бардош бера олмаса, охиратда азоб оғриғига қандай тоқат қила олади? Мансаб, лавозим муҳаббати сизни машғул этдими? Аммо олтмиш ва шунга яқин ёки узоқ йилдан кейин сиз ҳам ва сиз билан бўлган аҳли мансаб ва лавозимли одамлар ҳам асло ҳаёт қолмайдилар. Дунё, ўзининг  разил шериклари, кўплаб қийинчиликлари ва тезда фанога кетишидан хавф қилиб тарк этмадими? Бутун олам Парвардигори ҳузурида бўлишликни аҳмоқлар суҳбатида қолишга алмаштирасизми? Кўп нарса беҳуда кетди, умрдан бир лаҳзаси қолди, холос. Агар нафс билса эди, зое кетган нарсаларга афсус-надомат этарди. Нафс аслида аввал дунёда вақтни беҳуда ўтказганига пушаймон этиши лозим эди. Эй нафс! Дунёнинг қисқа кунларида узун айёмлар учун амал қил! Саволга жавоб ҳозирла! Дунёдан мажбуран чиқишдан олдин ундан мардлар чиқиб кетганидек чиқ! Зеро, кимки тунни ўзига бўйсундирса, кундуз ўз ҳолича ўтаверади. Бу мавъиза тўғрисида фикр эт! Агар унинг таъсири бўлмаса, мусибатинг учун зор-зор йиғла! Раҳмат денгизидан кўз ёшларини оқизсин!»


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаббат бобиАбул Қосим Наср Обозий1 айтади .Муҳаббат, ва .машаққат,сўзларидаги нуқталар бирбирига яқиндир. Муҳаббат кўзи билан машққатнинг кўзига қаралса, давоми...

3695 05:00 / 01.03.2017
Келин саломrdquo бидъатми ёки...Аллоҳ таолога беадад ҳамдусаноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз давоми...

8589 18:23 / 14.03.2017
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг.Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у давоми...

3765 14:00 / 18.05.2019
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш борасидаги воситалардан бири таҳоратдир.Араб тилидаги .таҳорат, сўзини ўз тилимизга таржима қиладиган бўлсак, .поклик, деган давоми...

3780 13:45 / 01.02.2020
Аудиолар

119936 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41636 14:35 / 11.08.2021