1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тааммул

05:00 / 28.02.2017 4659 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Тааммул» сўзи «синчиклаб қараш», «диққат билан назар солиш» ва «чуқур ўйлаб кўриш» маъноларини англатади.

Уламолар тааммулни қуйидагича таъриф қиладилар:
«Тааммул ваъзланиш ва ибрат олиш мақсадида коинотларга диққат билан назар солишдир».
Тааммул, тафаккур ва тадаббур орасидаги фарқ
Сиртдан қараганда кўпчиликка ушбу уч сўзнинг маъноси бир хилга ўхшаб кўринади. Аммо илмий таҳлил қилинадиган бўлса, натижа тамоман бошқача чиқади. Биз фақат хулосани айтиб ўтамиз:
–Тафаккур ақлий сурати бўлиши мумкин ишларда далил йўли билан фикрнинг жавлон уришидир.
–Тадаббур ишларнинг оқибатига ақлий назар солишдир.
–Тааммул шошмасдан, давомли равишда ибрат олиш учун диққат билан назар солишдир.
Қуръони Каримда «тааммул» сўзининг айни ўзи келмаган бўлса ҳам, унинг ўрнига кўпгина оятларда «назар солиш» ва «кўриш» сўзлари келтирилиб, бандаларни тааммулга чақирилган.
Осмонлар ва ернинг яратилишини тааммул қилишга чақирувчи оятлардан намуналар:
Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: «Албатта, осмонлару ернинг яратилишида, кечаю кундузнинг алмашиб туришида, одамларга манфаатли нарсалари ила денгизда юриб турган кемада, Аллоҳнинг осмондан сув тушириб, у билан ўлган ерни тирилтириши ва унда турли жондорларни таратишида, шамолларни йўналтиришида, осмону ер орасидаги итоатгўй булутда ақл юритувчи қавмлар учун белгилар бор» («Бақара» сураси, 164-оят).
Ушбу оятларда зикр қилинган ҳолатларни доим кўриб, уларнинг ичида яшаб юрамиз. Шу қадар кўникиб кетганмизки, алоҳида эътибор бермай қўйганмиз, тааммул қилиб кўрмаганмиз. Ҳолбуки, буларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг борлигига катта бир далилдир. Мисол учун,
«осмонлару ернинг яратилишида»ги ҳақийқатларни бир ўйлаб, тааммул қилиб кўрайлик. Дарҳақийқат, инсоф билан, ақлни жойига қўйиб, бир ўйлаб кўрайлик-чи, осмонлару ерни ким яратган?
Осмонларнинг чегарасини ҳали биров аниқлай олгани йўқ.
Ундаги бор нарсалар, ҳамма-ҳаммасини ким яратган?
Аллоҳ таолонинг борлигини инкор қилаётган худосизларми?
Ёки бошқа бирорта яратувчи борми?
Осмонлару улардаги улкан сайёраларни қўйинг, энг яқин осмондаги энг кичик сайёра бўлмиш ерни олиб кўрайлик.
Уни ким яратган, ундаги инсон ва жонзотлар ҳаётига зарурий нарсаларни ким мослаштирган?
Ҳавосини, сувини ва ҳоказоларни ким ҳозиргидек қилиб қўйган?
Аллоҳ таолонинг борлигини инкор қилаётган худосизларми ёки яна бирорта бошқа яратувчи борми?
«... кечаю кундузнинг алмашиб туришида...»
Ҳар куни иккови алмашиб туради. Бири узайса, иккинчиси қисқаради. Биз уларни бошимиздан ўтказиб, умримизнинг ҳисобини шу кеча ва кундузлар ила ўлчаймиз, аммо уларнинг шундай алмашиб туришини ким жорий қилгани ҳақида ўйламаймиз, тааммул қилмаймиз.
Кечасининг ўзига хос қанчадан-қанча хусусиятлари бор, кундузининг ўзига хос қанчадан-қанча хусусиятлари бор. Агар улар бўлмаса, ер юзида ҳаёт бўлиши қийин.
«... одамларга манфаатли нарсалари ила денгизда сузиб юрган кемада...»
Буни кемага тушганлар яхши билишади. Кемада сафар қилган инсон, денгиз ўртасида, мовий рангли чексиз сувликда, бўронлару довулларда қолган инсон Аллоҳ таолонинг қудратига қойил қолмасдан иложи йўқ. Уни фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи қудрати ила сақлаб турганига ишонч ҳосил қилади.
«Аллоҳнинг осмондан сув тушириб, у билан ўлган ерни тирилтириши ва унда турли жондорларни таратишида...» ҳам ақлни ишлатганлар ва тааммул қилганлар учун улкан аломат-белгилар бор.
Агар Аллоҳ азза ва жалла осмондан сув туширмаса, ерни тирилтирмаса, ер юзида ҳаёт бўлиши мумкинмиди? Ана шу қудратини эсга солиш учун баъзи диёрларга бир муддат сув туширмай қўйса, ўсимликлардан тортиб ҳайвонлар ва ниҳоят одамларгача ҳалокатга учрашининг хабари бизларга тез-тез етиб турибди-ку! Шунда ҳам ўзимизга хулоса чиқариб олмаймиз.
«Шамолларни йўналтиришида, осмону ер ўртасидаги итоаткор булутда ҳам ақл юритувчи қавмлар учун...»
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ягоналигига кўпдан-кўп белгилар бор. Бу шамол ва булутларнинг борлиқда Аллоҳ жорий қилган қоидаларга итоат этиши, ўзига юклатилган вазифани сўзсиз бажариши, улардан келадиган манфаат ёки зарар–буларнинг ҳаммасининг тасарруфотини ягона яратувчи ва бошқарувчи Зот–Аллоҳ қилмаса, ким қилади?!
Ушбу аломатларни кўра-била туриб, улардан мўл фойдаланиб туриб, яна Аллоҳ таолони инкор этадиган инсон, агар инсон деб аталса, заррача ҳам ақлга эга бўлмайди.
Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло Ўз оятларини, улардаги белгиларни фақат ақл эгаларигина тааммул қила олишларини таъкидлаб шундай дейди: «Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор» («Оли Имрон» сураси, 190-оят).
Осмонга назар солиб тааммул қилган ва ақлини ишлатган одам, ерга назар солиб тааммул қилган ва ақлини ишлатган одам, кечаю кундузнинг алмашишига назар солиб, тааммул қилган ва ақлини ишлатган одам, албатта, Аллоҳ таолонинг ягоналигига, қудратига, яратувчилигига қойил қолмасдан иложи йўқ.
Осмонлару ердаги ажойиб мутаносиблик бутун дунё тортилиш қонуни ила шундай бўлиб турганини илм-фан исботлайди. Лекин ўша қонунни ким ижод қилди?!
Осмонлару ердаги ҳамма нарсалар азалий эмас, балки кейин пайдо бўлганини ҳам бироз тааммул қилган ва ақл ишлатган одам дарров тушуниб етади. Демак, уларни пайдо қилувчи зот бор. У зот Аллоҳ таолодир.
Кеча-кундузнинг алмашиб туриши ернинг қуёш ва ўз ўқи атрофида айланиб туришидандир. Лекин уни яратган ва қуёшни ҳам ўз ўқи атрофида айланадиган қилиб қўйган ким? Албатта, Аллоҳ жалла жалалуҳудир.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: «У, осмонлару ернинг мулки Унга хос бўлган, Ўзига фарзанд тутмаган, мулкида шериги бўлмаган, ҳар бир нарсани ўлчов ила ўлчаб яратган Зотдир» («Фурқон» сураси, 2-оят).
Бу оятда Аллоҳ таолонинг: «Ҳар бир нарсани ўлчов ила ўлчаб яратган Зотдир», деган қавлини тааммул қилиб кўрайлик.
Яъни, нарсаларни шундай яратибгина қўймай, аниқ ўлчов билан ўлчаб, шаклини, ҳажмини, замони ва макони, бошқа нарсалар билан бўладиган муносабати ва алоқаларини ҳам аниқ қилиб яратган.
Худди шу охирги сифат ҳақида турли илмий кашфиётлардан кейин фикр-мулоҳазалар, маълумотлар кўпайди.
Авваллари бу оятни ўқиган ёки эшитган одам, Аллоҳ ҳамма нарсани ўлчов билан яратган экан, деган содда тушунча билан кифояланиб қолган.
Ҳозирда эса, ўша аниқ ўлчов ила яратиш нима ва қандай экани хусусида аниқ илмий маълумотлар пайдо бўлди.
Мазкур маълумотлар турли йўллар билан одамларга етказилмоқда. Аммо кўпчилик инсонлар дунёдаги нарсаларнинг яратилишидаги бу мўъжизавий дақиқликларга эътиборсизлик билан қарайдилар.
Аслида, бу нарсаларнинг биттасигагина ибрат кўзи билан қараган ва тааммул қилган заррача ақли бор одам иймонга келиши керак.
Мисол учун, ҳавони олайлик. Уламоларнинг айтишича, ҳавонинг йигирма бир фоизини кислород ташкил қилар экан. Нима учун ундан ортиқ ёки кам эмас?
Ким бу аниқ ўлчов ила ҳавони ўлчаб яратди? Агар мазкур ўлчов бузилса, нима бўлади?
Олимларнинг таъкидлашларича, агар ҳавода кислороднинг миқдори йигирма бир фоиздан кўпайиб кетса, ердаги жуда кўп нарса куйиб кетар экан.
Еру осмон, тоғу тош, уммону қитъаларни бир ёққа қўйиб, ҳашарот ёки микроблар каби энг кичик нарсаларни олсак ҳам, уларнинг инсон ақли лол қоладиган даражада аниқ ўлчов билан яратилганини кўрамиз.
Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг холиқлиги, тадбиркорлиги ва улуғлиги белгисидир. Одамлар ўша нарсаларни кўрганларида уларни аниқ ўлчов ила яратган Зотга иймон келтиришлари, фақат Унгагина ибодат қилишлари лозим.
Аллоҳ таоло яна шундай деб марҳамат қилади: «У, сиз кўриб турганингиздек, осмонларни устунсиз яратган, сизларни тебратмаслиги учун ер юзига оғир тоғларни ташлаган ва у(ер)нда ҳар турли жониворларни таратиб қўйган зотдир. Ва осмондан сув тушириб, у билан у(ер юзи)нда турли гўзал ва карамли жуфтларни ўстириб қўйдик» («Луқмон» сураси, 10-оят).
Ушбу ояти каримада инсон доимо мулоқотда бўладиган, доимо кўриб турадиган, аммо улар Аллоҳ таолонинг қудратига, ҳикматига далил эканига эътибор қилмайдиган мавжудотларга диққат жалб этилмоқда.
«У, сиз кўриб турганингиздек, осмонларни устунсиз яратган...»
(Ушбу жумланинг «У, осмонни сиз кўрадиган устунсиз яратган», деган маъноси ҳам бор).
Дарҳақийқат, инсон доим боши устидаги осмонни кўриб туради. Инсон боши устида кўрадиган ҳамма бинонинг устуни, таянчи бор. Аммо биноларнинг энг улкани, энг бепоёни бўлмиш осмонларнинг устуни йўқ. Ҳажмини идрок этиб бўлмайдиган бу мовий гумбазни бирорта устунсиз кўтариб қўйиш – яратиш фақат чексиз иззат, қудрат ва ҳикмат соҳиби Аллоҳ таолога хосдир. У зот яна:
«...сизларни тебратмаслиги учун ер юзига оғир тоғларни ташлаган...»
Инсон тоғларни салобат рамзи деб билади. Оятда ер одамларни тебратмаслиги учун тоғлар яратилгани айтилмоқда.
Лекин бу маъно ўзига хос услуб билан айтилмоқда: «яратган» дейилмасдан, «ташлаб қўйилган» дейилмоқда. Шу нозик фарқ ҳам Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига ишорадир.
Дунёдаги энг салобатли, энг виқорли, энг оғир бўлиб кўринган тоғларни, худди арзимаган нарса каби, «ташлаб қўйган», деб айтилмоқда.
Оғир тоғлар ерда мувозанатни сақлаб туришини илм яқинда тушуниб етди. Аллоҳ таоло ўн беш аср муқаддам Ўз китобида айтиб қўйган ҳикматни инсон илми эндигина англади. Бу тоғларни Аллоҳдан бошқа ким яратади?
«...ва у(ер)нда ҳар турли жониворларни таратиб қўйган зотдир.»
Ер юзида қанчадан-қанча жониворлар бўлган, ҳозирда ҳам бор. Одам боласи уларнинг баъзиларини билади, холос.
Ўша билганларини олиб кўрадиган бўлса ҳам, уларнинг ҳар бирида Аллоҳ таолонинг қудратига ва ҳикматига ёрқин далиллар топилади.
Ушбу ҳақийқатни тааммул қилган ва англаб етган одам иймон келтирмай иложи йўқ. Аллоҳ таолонинг қудратига тан бермай иложи йўқ. Аллоҳ таолонинг ҳикматига қойил қолмай иложи йўқ.
«Ва осмондан сув тушириб, у билан у(ер юзи)нда турли гўзал ва карамли жуфтларни ўстириб қўйдик.»
Инсон доимо кўриб турадиган, доимо эҳтиёжи тушиб турадиган нарсалардан бири сувдир. Аммо ҳар ким ҳам сув ҳақида чуқурроқ тааммул қилиб, фикр юритавермайди.
Сув қаердан пайдо бўлган? Ушбу оятда айтилишича, у осмондан туширилган. Хоҳ денгиздаги сув бўлсин, хоҳ дарёдаги ё кўлдаги ва ёки булоқдаги–ҳамма-ҳаммаси осмондан тушган. Бу ишлар Аллоҳ таолонинг чексиз қудрати ва ҳикмати ила бўлгандир.
Ер юзидаги ўсимликлар ҳам доимо инсон кўз ўнгида ўсиб, ривожланиб туради. Уларнинг турлари, шакллари, ривожланишлари ва бошқа-бошқа хоссалари Аллоҳ таолонинг чексиз қудрати ва ҳикматига ёрқин далилдир.
Оятда «ўсимликларни ўстириб қўйдик», дейилмасдан, «карамли (гўзал ва фойдали) жуфтларни ўстириб қўйдик», деб айтилмоқда. Бу ерда, аввало, ўсимликлардаги гўзаллик ва фойдага ишора қилиняпти, қолаверса, улар жуфт бўлиши ҳам билдириб қўйиляпти.
Аллоҳ таолонинг китобида ўн беш аср илгари зикр этилган бу ҳақийқатга илм яқиндагина етди. Ҳар бир ўсимликда эркак ва урғочи хўжайралар бўлиб, улар бир-бири билан чатишгандагина мева ҳосил бўлиши энди тушуниб етилди. Ўсимликларни бундай қилиб яратишга фақат Аллоҳ таологина қодирдир.
Ерда ўсадиган нарсалар ҳақида тааммул қилиш
Аллоҳ таоло бандасини ер юзида Ўзи яратиб қўйган турли ўсимликлар ҳақида тааммул қилишга буюради: «Ва ер юзида қўшни бўлаклар бор. Шунингдек, узумлар, боғлар, экинзорлар, шохлаган ва шохламаган хурмолар бўлиб, бир хил сув ила суғориладилар ва уларнинг баъзиларининг мевасини баъзилариникидан афзал қилурмиз. Бунда, албатта, ақл ишлатувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир» («Раъд» сураси, 4-оят).
Бу ояти каримада эътибор экин-тикинларга қаратилмоқда. Ер юзида бир-бирига ёнма-ён турли хил майдонлар–экинзор ерлар бор. Ўша ерларда турли узумзорлар, боғ-роғлар, шохлаган ва шохламаган хурмолар ўсади. Ўша боғлар ва дарахтлар бир хил сув билан суғорилади. Ер бир, сув бир, озуқа бир, лекин:
«Уларнинг баъзиларининг мевасини баъзилариникидан афзал қилурмиз».
Бу ҳам Аллоҳ таолонинг қудратига далолатдир.
Дарҳақийқат, тааммул қилиб ўйлаб кўрадиган бўлсак, ҳозирда бир неча юз хил узум нави бор: улар бир ерга экилса ҳам, бир ариқдан суғорилса ҳам, меваси ҳар хил. Таъми ҳам бошқа-бошқа. Хўш, буни ким қилади? Албатта, Аллоҳ таоло қилади.
Экинлар ҳам шундай. Улар бир хил ерга экилади, бир хил суғорилади, аммо таъми хилма-хилдир. Хурмо ҳам шундай. Ер бир, сув бир, лекин мевасининг таъми бир-бириникига ўхшамайди. Хўш, буни ким қилади? Албатта, Аллоҳ таоло.
Ушбу ҳақийқатни ҳар бир одам ақл ишлатиб, тааммул қилиб англамоғи лозим.
«Бунда, албатта, ақл ишлатувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир.»
Ақлини ишлатмаганлар, тааммул қилмаганлар эса, ақли йўқ ҳайвонлардек юраверадилар.
Аллоҳ таоло яна марҳамат қилиб айтадики: «Аллоҳ осмондан сув тушириб, у ила ерни ўлимидан кейин тирилтирди. Албатта, бунда эшитадиган қавмлар учун оят – белгилар бордир» («Наҳл» сураси, 65-оят).
Сув бўлмаса, ер юзида ҳаёт ҳам бўлмайди. Аллоҳ таоло ердаги ҳамма нарсани муҳайё қилса-ю, сув бермаса, ҳаёт йўқ. Ўша мавжуд нарсаларнинг бирортасини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким ярата олмайди.
Бу ўринда ер юзидаги Аллоҳ таоло яратган бутун мавжудотни эмас, балки биргина сувни олайлик.
«Аллоҳ осмондан сув тушириб, у ила ерни ўлимидан кейин тирилтирди.»
Ер ўлик бўлса, ер юзидаги нарсалар ҳам жонсиз бўлади. Ер тирилиши билан унинг устидаги ҳамма нарсаларга жон киради. Демак, сув ҳамма нарсага ҳаёт бағишлайди. Сувни эса, фақатгина Аллоҳ таоло тушира олади. Ҳамма нарсага ҳаётни фақат Аллоҳ таологина бера олади. Демак, ҳамма нарсага маъбуд бўлишга фақат Аллоҳ таологина ҳаққлидир.
«Албатта, бунда эшитадиган қавмлар учун оят– белгилар бордир.»
Эшитганидан ибрат оладиган ва тааммул қиладиган қавмлар учун мазкур нарсада Аллоҳ таолонинг ибодатга сазовор ягона зот эканига доир белги-аломатлар бор.
Ўтган умматлар ҳоли ҳақида тааммул қилиш
Аллоҳ таоло ўтган умматлар ҳолидан хабар бериб шундай дейди: «Биз сендан илгари ҳам фақат шаҳар аҳлидан эр кишиларга ваҳий юборганмиз. Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати нима бўлганига назар солмайдиларми? Албатта, охират диёри тақво қиладиганлар учун яхшироқдир. Ақл юритмайдиларми?!» («Юсуф» сураси, 109-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тасалли бериб, кофир ва мушрикларнинг у кишини инкор этишларига эътибор қилмасликка, аввалги Набийлар ҳам у зотга ўхшаган инсонлар бўлганига ишора этмоқда.
«Биз сендан илгари ҳам фақат шаҳар аҳлидан эр кишиларга ваҳий юборганмиз.»
Яъни, аввалги Набийларнинг ҳаммаси шаҳар аҳолисидан бўлган. Чунки шаҳар аҳли тарбияли, муомалали, даъват ишларини олиб боришда сабр-матонатли бўладилар, яна шунга ўхшаш зарурий сифатларга эгалар.
Шунингдек, аввал ўтган Набийларнинг ҳаммаси ҳам эркаклар бўлганлар. Хотин киши ёки фаришталар эмас. Чунки, аёлларнинг табиий, жисмоний тузилишлари Набийликдек оғир вазифага мос эмас. Ва фаришталар ҳам одамларга Набий бўлишлари мақсадга мувофиқ эмас.
Бу ҳақда бошқа жойларда батафсил сўз юритилган.
Ўша шаккок кофир ва мушриклар:
«Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати нима бўлганига назар солмайдиларми?!»
Чунки, ўтганларнинг изига назар солиш, уларнинг ким бўлганликларию нима ҳолга тушганликлари ҳақида тааммул ва тафаккур қилиш ҳар қандай шаккокнинг ҳам қалбини ларзага келтиради.
Дунёдан дабдаба ила ўтган не-не жаҳонгирлар, паҳлавонлар, олимлар, донишмандлар, бойлар ва устомонларнинг ҳеч нарсага етишмай, тупроққа қоришиб ётиши, қолдирган асарлари ҳаробага айланиб кетгани ҳар қандай тош қалбни ҳам эритиб юборади.
Улар ибрат назари билан ва тааммул билан мазкур оят-белгиларни мулоҳаза қилиб кўрсалар:
«Албатта, охират диёри тақво қиладиганлар учун яхшироқдир», деган гапга ишонч ҳосил қилган бўлардилар. Ахир:
«Ақл юритмайдиларми?!»
Ақл юритмасалар, тааммул қилмасалар, бу ҳақийқатни тушуниб етмайдилар ва ҳалокатга учрайдилар. Ақл юритсалар, тааммул қилсалар, ўзларига яхши.
Аллоҳ таоло яна бандаларини огоҳлантириб шундай дейди:
«Улардан илгари уларнинг масканларида юрган асрлардан қанчадан-қанчасини ҳалок қилганимиз ҳам ҳидоят қилмадими? Албатта, бунда ақл эгалари учун ибратлар бордир» («Тоҳа» сураси, 128-оят).
Инсонлар ўтганлардан ибрат олмай ўзича бепарво юрса, юраверадилар. Лекин атрофларига қарасинлар, тарихга назар солсинлар, тааммул қилсинлар. Ўзлари яшаб турган жойларда яшаб ўтганларнинг ҳоли нима бўлганини ўйласинлар, тааммул қилсинлар. Ўзлари турган жойда ундан илгари яшаб ўтганларнинг кўпларининг ҳалокатга учрашига нима сабаб бўлганини билиб қўйсинлар.
Агар инсонлар инсоф билан назар солсалар, ўзларидан илгари ўтган авлодлар, асосан, Роббиларидан юз ўгирганлари учун, Унинг оятларига иймон келтирмаганлари учун ҳалок бўлганларини кўрадилар.
«Улардан илгари уларнинг масканларида юрган асрлардан қанчадан-қанчасини ҳалок қилганимиз ҳам ҳидоят қилмадими?»
Ахир ўтган кофир ва золимларнинг ҳалокатга учрашлари кейин келганларга ўрнак бўлиши керак-ку!
Бу тушунча, шубҳасиз, уни ҳидоятга бошлаши зарур-ку!
«Албатта, бунда ақл эгалари учун ибратлар бордир.»
Агар улар ўтмишдан ибрат олиб, ҳидоятланмаган бўлсалар, уларнинг ақллари йўқдир. Чунки, мазкур ишларда фақат ақл эгалари учун–тааммул қиладиганлар учун ибратлар бордир. Бундай ҳодисалардан фақат ақл эгалари, уларнинг ҳам тааммул қилганларигина ибрат оладилар.
Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло бандаларини қайта ва қайта тааммул қилишга буюради: «Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмасларми?! Уларнинг булардан қувватлари кўпроқ эди ва ерга ишлов бериб, уни булар обод қилгандан кўра кўпроқ обод қилган эдилар. Ва уларга Расуллари очиқ-ойдин(оят)лар билан келдилар. Аллоҳ уларга зулм қилмас эди, лекин улар ўзларига зулм қилардилар» («Рум» сураси, 9-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларни ўтган умматларнинг ҳолини тааммул қилиб, улардан ўрнак олишга чақирмоқда:
«Ер юзида юриб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солмасларми?!»
Ана шунда ўтмишдаги кофир ва мушриклар нима оқибатга дучор бўлганларини яққол кўрар эдилар. Ҳолбуки, ўша олдингилар ҳозиргилардан яхшироқ ҳолатда эдилар.
«Уларнинг булардан қувватлари кўпроқ эди...»
Қадимда ўтган кофирлар ҳозирги кофирлардан кўра кўпроқ куч-қувватга эга эдилар. Аммо оқибатлари ёмон бўлди. Уларга нисбатан заиф бўлган ҳозирги кофирларнинг оқибати нима бўлар эди?
«...ва ерга ишлов бериб, уни булар обод қилгандан кўра кўпроқ обод қилган эдилар.»
Аввалги кофирлар ободончилик масаласида ҳам ҳозирги кофирлардан устун эдилар. Улар ерга кўпроқ ишлов берганлар. Деҳқончиликни жуда ҳам ривожлантирганлар. Шунингдек, ердан турли маъданларни чиқариш ва бошқа ободончилик ишларини тараққий эттирганлар.
Ўзлари яшаб турган масканларини ушбу оятлар нозил бўлаётган давр кофирларидан кўра кўпроқ обод қилганлар. Шундай вазиятда:
«...уларга Расуллари очиқ-ойдин(оят)лар билан келдилар».
Уларни Аллоҳ таолонинг ибодатига, тавҳид ақийдасига даъват қилдилар. Агар улар Расуллар даъватига «лаббай», деб жавоб берганларида, иймонга келганларида:
«Аллоҳ уларга зулм қилмас эди...»
Ҳаммалари бахту саодатга эришар эдилар. Аксинча, кофир ҳолларида қолдилар ва:
«...улар ўзларига зулм қилардилар».
Чунки, улар ўтган умматларнинг ҳолини тааммул қилиб улардан ўрнак олмас эдилар.
Инсоннинг халқ қилиниши ҳақида таааммул қилиш
Аллоҳ таоло инсонни яратиши ҳақида шундай деб марҳамат қилади: «Эй одамлар! Агар қайта тирилиш ҳақида шуб-ҳа қиладиган бўлсангиз, бас, Биз сизга баён қилишимиз учун сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра алақадан, сўнгра битган-битмаган бир чайнам гўштдан яратдик. Ва бачадонларда хоҳлаган нарсамизни маълум муддатгача қарор топтирармиз. Кейин сизларни бувак ҳолингизда чиқарармиз. Сўнгра вояга етишингиз учун (тарбия қилармиз). Сиздан вафот қилиб кетадиганлар ҳам, билганидан кейин ҳеч нарсани билмай қоладиган даражада ночор умрга етадиганлар ҳам бор. Ва ерни қақраган ҳолда кўрарсан. Қачонки, Биз унга сув туширсак, у сесканадир ва кўпчийдир. Ҳамда ҳар хил гўзал жуфтларни ўстирадир» («Ҳаж» сураси, 5-оят).
Одамнинг табиати қизиқ. Билмай туриб, тааммул қилмай туриб, ўзини яратган Холиқ ҳақида, Унинг мавжудлиги, қудрати ва бошқа сифатлари ҳақида тортишаверади. Аммо ўзининг қандай пайдо бўлганини ўйлаб кўрмайди, тааммул қилмайди.
Қайта тирилиш, савол-жавоб, ҳисоб-китоб, жазо-мукофот ҳақида гап кетса, ўйламай-нетмай, тааммул қилмай, дарҳол, шубҳа қилишга тушади.
Бу ҳақийқатни атрофлича тааммул ва тафаккур этмасдан туриб, инкор этади. Аллоҳ таолога иймон келтирмагани, охиратдан умиди йўқлиги учун, ўлгандан кейин қайта тирилишни ҳам инкор қилади. Агар қайта тирилиш ҳаққ бўлса, ўзининг ҳоли вой бўлишини билгани учун ҳам, унга кофирлик қилади.
Аммо холисона тааммул қилса, ўйлаб кўрса, бундай қилмаган бўлар эди. Ўзининг аслига бир назар солса, қайта тирилиш ҳеч гап эмаслигини тушуниб етарди.
Бу оятда мазкур масала батафсил муолажа қилинмоқда. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларига хитоб қилиб:
«Эй одамлар! Агар қайта тирилиш ҳақида шубҳа қиладиган бўлсангиз», билиб қўйингки,
«Биз… сизларни тупроқдан...» яратдик, демоқда.
Сизнинг отангиз Одамни тупроқдан яратганмиз. Инсонни қуруқ тупроқдан яратган Зот ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!
Инсонни йўқдан бор қилган ва унга жон берган Зот уни қайта тирилтириб, Ўзи олган жонни қайта кирита олмайдими?!
«...сўнгра нутфадан...» яратдик.
Инсон йўқ эди. У отасининг нутфа–спермасидан дунёга келди. Бу манийда минглаб уруғлар бўлиб, улардан фақат биттасигина онанинг тухумига урчийди. Бошқалари беҳуда йўқ бўлиб кетади.
Оддий кўзга кўринмас ушбу маний ҳайвончалар билан баркамол инсон орасида қанча фарқ бор?!
Ана шу заррадан одам яратган Холиқ ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!
«...сўнгра алақадан...»
Араб тилида «алақа» деб, аслида, зулукка айтилади. Яқингача алақани «қотган лахта қон» деб айтиб келинган. Аммо илм ривожланиб, бачадондаги ҳомиланинг турли жараёнларини суратга олиш имкони туғилди.
Шунда Қуръони Каримда «алақа» деб номланган босқичдаги ҳомила бачадонга зулукдек ёпишиб туриши маълум бўлди. Алақанинг сурати ҳақийқий зулук билан солиштирилса, уларни фарқлаб бўлмайди.
Ҳомилани ўрганишда дунёда етакчи ҳисобланган америкалик ва канадалик олимлар бу ҳол билан қизиқиб, Қуръони Каримда ҳомила ҳақида келган оятларни ўрганиб чиқдилар. Ва ҳомила хусусидаги энг тўғри илм Қуръон илми эканини таъкидладилар, уни илоҳий китоб сифатида тан олдилар.
Хўш, ўша зулукка ўхшаш қотган лахта қон билан инсон орасида қанча фарқ бор?
Мазкур қонни бирор кишига кўрсатиб, келажакда мана шу сенга ўхшаган одам бўлади, деса, ким ишонади?
Лекин Аллоҳ таоло шуни қилади. Ана ўша ишни қилиб, бир парча алақа қондан одам яратган Аллоҳ таоло ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!
«...сўнгра битган-битмаган бир чайнам гўштдан...»
Ҳомила ривожланиб, алақасимон лахта қон шаклидан бир парча чайналган гўшт ҳолига ўтади. Ана ўшанда унга шакл киради. Шакл кирса, битган бўлади. Шакл кирмаса, битмаган бўлади ва бачадондан тушиб кетади.
Энди, ўша бир парча чайналган гўштга ўхшаш нарса билан инсон орасида қанча фарқ борлигини бир ўйлаб кўрайлик?
Ўша гўштдан инсон яратган Аллоҳ таоло ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!
«Сизга баён қилишимиз учун яратдик.»
Яъни, сизга қудратимиз қанчалик эканини баён қилиш учун сизни яратдик.
«Ва бачадонларда хоҳлаган нарсамизни маълум муддатгача қарор топтирармиз.»
Юқорида васф қилинган босқичлар ўтганидан кейин Аллоҳ таоло хоҳлаганини онанинг бачадонида маълум муддатгача, туғилиш вақти келгунича қолдиради, хоҳлаганини тушириб юборади.
Демак, ҳомила нутфа, алақа ва музға босқичларидан ўтганидан кейин ҳам ҳали одам бўлиш-бўлмаслиги аниқ эмас. Ана ўша босқичлардан ўтказган Аллоҳ таоло унинг бола бўлишини хоҳласа, она бачадонида қолдиради.
Хоҳламаса, тушириб юборади. Ана шуларга қодир Зот ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!
«Кейин сизларни бувак ҳолингизда чиқарармиз.»
Яъни, онангизнинг қорнидан чақалоқ ҳолингизда чиқарамиз.
Туғиш нима эканини уни бошидан ўтказиб кўрганлар билади. Аллоҳ таолонинг инояти бўлмаса, чақалоқнинг она қорнидан ажралиши ўз-ўзича рўй беравермайди. Шундай қийин, мураккаб жараённи жорий этган Аллоҳ азза ва жалла ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!
«Сўнгра вояга етишингиз учун (тарбия қилармиз)».
Янги туғилган гўдак қанчалар ожиз эканини ҳамма билади. Фақат Аллоҳ таолонинг иноятигина уни бу дунёда ушлаб қолади. Ҳеч бир жонзотнинг боласи одам боласидек ожиз бўлмайди. Кўпгина жонзотлар онасидан туғилганидан кейин бироз вақт ўтиб, ҳаракатга тушиб, кунини кўриб кетаверади.
Аммо одам боласи узоқ муддатли тарбия ва иноятга муҳтож. Янги туғилган гўдак билан вояга етган инсон орасида катта фарқ бор. Бу ишни ҳам Аллоҳ таоло қилади. Ана шундай ишга қодир Аллоҳ таоло ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!
«Сиздан вафот қилиб кетадиганлар ҳам, билганидан кейин ҳеч нарсани билмай қоладиган даражада ночор умрга етадиганлар ҳам бор.»
Яъни, чақалоқлик даврида, ундан кейинги даврларда вояга етмай ўлиб кетадиганлар ҳам бор. Қариб, мункиллаб, ҳамма нарсани унутиб қўядиган ёшга етадиганлар ҳам бор. Агар одам боласининг ўзига қолса, ҳеч ўлмас эди. Аммо бу иш унинг ҳам ёки бошқа бирор зотнинг ҳам қўлида эмас.
Фақат Аллоҳ таолонинг, ҳар бир нарсага қодир ягона Илоҳнинг қўлида. У зот кимга умр берса, яшайди, бермаса, ўлади. Ана шу нарсага қодир Зот ўлган одамни қайта тирилтира олмайдими?!
Оятнинг охирида Аллоҳ таоло ўлганларни тирилтира олишининг исботига бошқа бир мисол ҳам келтиради:
«Ва ерни қақраган ҳолда кўрарсан».
Қуриб, қақраб ётган ер. Худди ўликка ўхшайди. Унда ҳаётдан асар йўқ.
«Қачонки, Биз унга сув туширсак, у сесканадир ва кўпчийдир.»
Ерга сув тушганида, унда жонланиш сезилади. Ҳаёт аломатлари пайдо бўлади.
«Ҳамда ҳар хил гўзал жуфтларни ўстирадир.»
Сув тушмасидан олдин бирорта ўсимликнинг ҳиди ҳам йўқ эди. Аммо сув тушгач, турли-туман гўзал ўсимликлар униб чиқди.
Ўлиб, чириб, тупроққа қўшилиб кетганлар ҳам ҳозирча асарсиз йўқ бўлиб кетганга ўхшайди. Аммо вақт-соати келиб, Аллоҳ таоло қақраб ётган ердан ҳаёт ундирганидек, бир амр билан ҳаммаларини қабрларидан чиқариб олади.
Қушнинг ҳоли ҳақидаги тааммул
Аллоҳ таоло бандаларни яратган барча нарсалардан, ҳаттоки, осмонда учиб юрган қушлардан ҳам ибрат олишга буюради:
«Тепаларида (қанотларини) ёйиб ва йиғиб (учаётган) қушни кўрмайдиларми? Уларни Роҳмандан бошқа ушлаб турувчи йўқ. Албатта, У барча нарсани кўрувчидир» («Мулк» сураси, 19-оят).
Бошқа махлуқотлар қатори қуш ҳам Аллоҳ тао¬ло қудратининг ёрқин далилидир. Унинг бошқа жонлиқлардан фарқ қилиб, чексиз осмонда соатлаб учишининг ўзиёқ алоҳида мўъжиза.
Шунинг учун ҳам, оятда қушнинг учишига эътибор тортилмоқда.
Дарҳақийқат, осмондаги қушга назар солиб, унинг қанотини ёйиб ва йиғиб учиб юрганини тааммул қилиб кўрган одам ўзига етарли ибрат олиши турган гап.
У қушни ким осмонда ушлаб турибди? Нимага у ерга тушиб кетмаяпти? Албатта, бу каби тааммул инсоннинг тўғри йўлга юришига сабаб бўлиши керак.
Аллоҳ таолонинг махлуқотларидаги ажойиботлар ҳақидаги тааммул
Қуръони Каримда бу борада кўплаб сураларда бир қанча оятлар келган. Чўзилиб кетмаслиги учун биз фақат иккита сурадан бир неча оятларнигина мисол тарийқасида келтирамиз.
Аллоҳ таоло «Воқиъа» сурасида:
«Ўзингиз чиқарадиган манийни ўйлаб кўринг-а!
Уни сизлар яратасизми ёки Биз яратувчимизми?!
» деган (58-, 59-оятлар).
Инсоннинг яралиши эркак киши манийсининг аёл киши бачадонига тўкилиши ва у ердаги урчишдан бошланади.
Демак, инсон яратилишининг бошланиш жараёни эркакнинг манийси экан. Ўша манийни ким яратади? Инсоннинг ўзи яратадими?
Йўқ, албатта! Роҳман сифатли Аллоҳ таоло яратмаса, бошқа ҳеч ким ярата олмайди. Инсон бу ишда воситачи, холос.
Умуман, одамнинг дунёга келишида ота-она бир восита бўладилар, холос. Эркак уруғи аёл бачадонига тўкилиб бўлгач, уёғига икковлари ҳам ҳеч бир жараёнга аралаша олмай, томошабин бўлиб қараб тураверишади. Бошқа ҳеч нарса қила олишмайди.
Ўша бир томчи жирканч сувнинг баркамол инсонга айланиши учун Аллоҳ таолонинг қудрат қўли ишга тушади.
Илмий тадқиқотларда тасдиқланган натижаларга кўра, эркакдан аёл бачадонига тушган манийда миллионлаб ҳайвонлар бўлар экан. Шулардан фақат биттасигина аёл тухуми билан урчийди экан. Ана шу пайтда инсон шакллана бошлайди.
Урчишдан кейин тухумча миллион-миллион ҳужайраларга бўлинади. Уларнинг ҳар бир тўпи ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, бошқасидан фарқ қилади.
Бир тўпи суяк ҳужайралари бўлса, бошқаси асаб ҳужайралари, учинчиси кўз бўлиши лозим бўлган ҳужайралар, тўртинчиси қулоқ ва ҳоказо.
Бу тўпларнинг ҳар бири ўз вазифасини тўла бажаришга киришади. Кўз ҳужайралари жуда аниқлик ва нозиклик билан ўз жойини топиб жойлашиб, кўзни ташкил қиладилар, қоринга ёки сонга ёпишиб қолмайдилар. Айнан кўз бўладилар, дунёнинг машҳур рассомлари ўхшата олмай қийналадиган мўъжиза кўзга айланадилар.
Бошқа ҳужайра тўплари ҳам, худди шунга ўхшаб, ўз вазифаларини адо этадилар. Ушбу ишларнинг қайси бирига инсон, ота ёки она аралаша олади? Ёки бу жараёнлар ўз-ўзидан кечади, деб ўйлайсизми?
Ундан кейин, инсон деганимиз фақат кўз, қулоқ, қўл, оёқдан иборат эмас. Унинг руҳи бор. Инсонга руҳни ким беради?
Унинг ҳис-туйғулари, феъл-атвори, тафаккури ва ҳоказолари бор. Буларни унга ким беради? Отасими ёки онасими? Ё бўлмаса, бу нарсалар ҳам тасодифан пайдо бўлиб қоладими?
Жавоб битта, у ҳам бўлса, инсонга буларнинг ҳаммасини Роҳман сифатига эга бўлган Аллоҳнинг Ўзигина беришга қодир.
«Инсоннинг бошланиши» деганда шулар тушунилади.
Унинг охири ҳам улкан мўъжиза, кишининг ақлини лол қолдирадиган ишдир. Буни ҳам ғофил инсон тузукроқ ўйлаб кўрмайди, тааммул қилмайди.
Ҳар куни қанчадан-қанча кишилар вафот этади. Лекин бу жараённи ҳеч ким тааммул ва тафаккур ила кузатмайди. Ўлим кўп такрорланаверганидан инсон бу ҳодисага кўникиб қолган.
Аслини олганда, бу ҳодиса ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг қудратига далолат. Кейинги оятлар ушбу ҳақийқатни баён қилади:
«Орангиздаги ўлимни Биз белгилаганмиз ва Биз ожиз эмасмиз. Сизнинг ўрнингизга сизга ўхшашларни алмаштиришдан ва сизларни ўзингиз билмайдиган ҳолда яратишдан» («Воқиъа» сураси, 60-, 61-оятлар).
Ўлим ўзи нима?
Қаердан келади?
Ким уни бошқаради?
Шу каби саволларга фақат «Аллоҳ» деб жавоб беришдан ўзга чора йўқ.
Аллоҳ таоло агар хоҳласа, ҳозирги инсониятнинг ҳаммасини бирданига йўқотиб, ўрнига тоат-ибодатлироқ бошқаларини яратиб олиш қудратига эга.
Аллоҳ таоло ҳозирги инсонларни ўзларининг хаёлларига ҳам келмаган шаклда, бошқача ҳолда яратиши ҳам мумкин эди. Унга бунинг ҳеч қийини йўқ. Чунки, йўқдан бор қилган Аллоҳ таолога борни бошқача қилиш юмуши ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Йўқдан бор қилиш қандай бўлишининг баёни юқоридаги оятларда келди, буни ҳамма билди.
«Ва дарҳақийқат, аввалги яратилишни билдингиз-ку, эсласаларингиз-чи!» («Воқиъа» сураси, 62-оят).
Сўнгра Аллоҳ таоло Ўз қудрати далолатларидан яна бири бўлган ўсимлик дунёсини қандай ўстириши ҳақида сўз очади.
«Ўзингиз экаётган нарсани ўйлаб кўринг-а! Уни сиз ундирасизми ёки Биз ундирувчимизми?» («Воқиъа» сураси, 63-, 64-оятлар).
Инсон ва ҳайвон фойдаланадиган ўсимликни олиб кўрайлик. Унинг униб ўсишида, мева-маҳсулот беришида инсоннинг қандай ўрни бор?
Инсон Аллоҳ таоло яратган ерга Аллоҳ таоло яратган уруғни, Аллоҳ таоло яратган тан аъзоларини ишлатиб сепади, холос. Қолганига ҳеч нарса қўлидан келмасдан қараб тураверади.
Уруғнинг униб чиқиши учун ер, сув, уруғлик ва кимёвий моддаларнинг ўзигина кифоя қилмайди.
Уруғнинг ичида Аллоҳ таолонинг қудрат қўли ҳаракатга солиб турган ички имконият бор. Ана ўша тизим ишга тушиб ажойиботлар содир бўлади. Кўпгина ўзгариш, ўсишлардан сўнг уруғи олинган набототга ўхшаш ўсимлик ўсиб чиқади.
Унга ким шакл беради?
Ким ранг беради?
Ўз-ўзидан бўладими ё?
Инсон бу ишни амалга ошириш у ёқда турсин, ўша ўсимликка ўхшатиб расм чиза олмай овора бўлади.
Ҳаммасини ҳам бир ёққа қўйиб туриб, «Биринчи ўсимлик қаёқдан пайдо бўлди?» деб савол берайлик-чи.
Жавоб битта! Роҳман сифатли Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким пайдо қилган эмас!
Ушбу ҳақийқатни эслатиб туриш учунми, баъзида, ҳамма шарт-шароит бўлиб турса ҳам, экин ўсмай қолаверади ёки ўйлаган ҳосилни олиб бўлмайди.
Чунки, бу ишда инсон бир воситачи, холос. Ҳақийқий иш бажарувчи Аллоҳ таолонинг Ўзи. У ҳар бир нарсага қодир!
«Агар хоҳласак, Биз уни қуруқ чўпга айлантириб қўямиз. Сизлар эса, надоматда ажабланиб: «Албатта, биз зиён кўрганлармиз. Балки маҳрум бўлганлармиз, (дейсизлар)» («Воқиъа» сураси, 65–67-оятлар).
Зироатни Аллоҳ таоло ўстириши аввал таъкидланиб, бу борада ҳам инсоннинг ожизлиги унинг эсига солинган эди. Ушбу уч оятда инсоннинг мазкур ожизлиги бошқа томондан таъкидланмоқда
«Агар хоҳласак, Биз уни қуруқ чўпга айлантириб қўямиз.»
Ҳа, Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган лаҳзада ям-яшил бўлиб турган дов-дарахт, ўт-ўлан ва экин-тикинларни қуруқ чўпга айлантириб қўйиши жуда ҳам осон. Бу ишни бандаларига эслатиб туриш учун ҳар замонда, намуна тарийқасида мисоллар кўрсатиб ҳам туради.
Агар Аллоҳ таоло хоҳлаб набототларни қуруқ чўпга айлантириб қўйса, бандалар нима қила олади? Ҳеч нарса. Уларнинг қила оладиган иши:
«...надоматда ажабланиб:
«Албатта, биз зиён кўрганлармиз.
Балки маҳрум бўлганлармиз», дейиш бўлади, холос.
Бас, шундай экан, бандалар ўзлари экаётган нарсаларни ундирувчи зот–Аллоҳ таолога иймон келтириб, У зотга ибодат қилсалар бўлмайдими?
Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилувчи ҳужжатларни келтиришда давом этиб, инсон ҳар доим муҳтож бўлиб турадиган неъматлардан бири бўлмиш сув ҳақида сўз очади:
«Ўзингиз ичадиган сувни ўйлаб кўринг-а! Уни булутлардан сиз туширасизми ёки Биз туширувчимизми?» («Воқиъа» сураси, 68-, 69-оятлар).
Сув ҳаёт манбаъи дейилади. Сувсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Хўш, ушбу сувнинг вужудга келишида инсоннинг қандай хизмати бор?
У сувни ичишдан ва уни булғашдан бошқа юмушга аралаша олмайди. Ҳаммаси фақат Роҳман сифатли Аллоҳ таолонинг қудрати билан бўлади.
Охирги пайтда инсон булутлардан ёмғир ёғдиришга уриниб кўрди. Лекин бу тажриба, холос. Бу уринишнинг оқибатида катта ноқулайликлар ҳам келиб чиқмоқда. Қолаверса, бу иш бор нарсага таъсир ўтказишдан иборат, холос. Худди, ер остидан булоқ ёки қудуқ қазиб сув чиқазгандек.
Инсон кундалик ҳаётида давомли равишда сувга эҳтиёж сезади, уни тинмай истеъмол қилади. Лекин сувнинг асли қаердан келганини кўп ҳам тааммул қилиб, ўйлаб кўрмайди.
Агар инсоф билан, синчиклаб ўрганганда эди, Аллоҳ таолонинг қудратига қойил қолиб, ибодатига шошиларди. Чунки, Аллоҳ таоло хоҳласа, бир зумда сувнинг чучуклик хусусиятини йўқотиб, доим шўр қилиб қўйиши ҳам мумкин. Ҳа:
«Агар хоҳласак, Биз уни шўр қилиб қўямиз. Шукр қилсангиз-чи!» («Воқиъа» сураси, 70-оят).
Аллоҳ таолонинг неъматларини ўзининг зиддига солиштириб кўрилганда қадрига етилади. Ғофил бандалар тайёр сувни хоҳлаганича ишлатиб юриб ўрганиб қолганлар. Уларга бу нарса ўзи шундай бўлиши керакдек кўринади.
Шунинг учун ҳам, ҳаёт манбаъи бўлган сувни уларга берган Зотни унутиб қўядилар. Лекин улар бир тасаввур қилсинлар-а:
«Агар хоҳласак, Биз уни шўр қилиб қўямиз».
У ҳолда бандалар нима қила оладилар? Дунёдаги барча сувлар шўр бўлиб қолди. Бутун дунёнинг ҳоли нима бўлади? Шўр сувни қайта ишлаб чучук қилиб олаверадиларми? Буни қилиш учун қанча куч-қувват, маблағ, вақт ва илм керак?
Қолаверса, қайта ишланган сув Аллоҳ таоло берган сувчалик бўлармиди?! Яна, сувни қайта ишлашни Аллоҳ таоло билдирмаса, банда қаердан ҳам била олар эди!
Эй, ожиз бандалар!
«Шукр қилсангиз-чи!»
Келаси оятларда Аллоҳ таолонинг инсонга берган яна бир неъмати–олов ҳақида сўз кетади:
«Ўзингиз ёқадиган оловни ўйлаб кўринг-а! Унинг дарахтини сиз яратгансизми ёки Биз яратувчимизми?» («Воқиъа» сураси, 71-, 72-оятлар).
Оловсиз ҳам инсон ҳаётини тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳар доим унга инсоннинг ҳожати тушиб туради. Лекин оловнинг ёниши ва ундан фойдаланиш одатдаги ҳолга айланиб, уни ким яратган, ёниш хусусиятини унга ким берган, деб ўйлаб кўриш доим ҳам эсга келавермайди.
Оловнинг ёқилғиси дарахт. Унинг қандай вужудга келишини аввал ўргандик. Нима учун, дарахт дарахтга ишқалса, ўт чиқади? Олов мўъжизасини ҳали ҳеч ким ўргана олгани йўқ.
Агар Аллоҳ таоло бандаларга олов неъматини бермаганида, уни келтириб чиқарувчи сабабларни жорий қилмаганида бандаларнинг ҳоли нима бўлар эди?
Ҳеч бўлмаса, шуни ўйлаб, тааммул қилиб кўрмайдиларми?
Ўзлари ёқадиган оловнинг дарахтини яратган Зотга иймон келтириб, ибодат қилмайдиларми?!
Ҳа, ўйлаб кўрсинлар! Тааммул қилсинлар!
«Биз у(олов)ни эслатма ва йўловчилар учун манфаат қилиб қўйдик» («Воқиъа» сураси, 73-оят).
Одамлар бу дунёда ёқадиган оловнинг эслатма бўлиши–жаҳаннам оловини эслатиб туришидир. Йўловчилар учун фойдали бўлиши эса, қадимда кишилар сафарга чиққанларида ўт-олов ёқиб исинишар, озиқ-овқат пиширишар ва бошқа юмушларда фойдалар олишар эди.
Демак, ҳар бир банда оловни кўриши билан жаҳаннамни эслаб, ундан сақланиш чораларини кўриши лозимлигини яна бир ёдга олиши лозим экан. Ҳар бир банда оловни кўриши билан Аллоҳ таоло унга берган фойдаларни эслаши керак экан.
«Бас, улуғ Роббинг исмини поклаб ёд эт!» («Воқиъа» сураси, 74-оят).
Шунча неъматларни ато қилган Роббул оламийн мушрик ва кофирларнинг туҳмат эътиқодлари ва гап-сўзларидан покдир. Мазкур неъматларнинг эгасини таниган ҳар бир инсон Холиқ Аллоҳ таолога тасбиҳ айтиб, ибодат қилишга ўтади.
Аллоҳ таоло яна бундай деб марҳамат қилади:
«Улар назар солмасми: туянинг қандай яратилганига?
Ва осмоннинг қандоқ кўтарилганига?
Ва тоғларнинг қандоқ ўрнаштирилганига?
Ва ернинг қандоқ текислаб қўйилганига?
» («Ғошия» сураси, 17–20-оятлар).
Ушбу ояти карималарда Аллоҳ таоло Ўз қудратини кўрсатиш учун инсонлар, хусусан кофирларга Ўзининг яратган нарсаларидан тўрттасига назар солиб, тааммул қилиб кўришни тавсия қилмоқда:
1. «Туянинг қандай яратилганига» назар солмайдиларми?
Қуръон нозил бўлган пайт ва жойда одамларга энг яқин ҳайвон туя бўлган, шунинг учун уларнинг эътибори туяга тортиляпти.
Ҳақийқатан, туя бир мўъжиза. Унинг тузилиши–қулоқ, бурун, кўз, оёқ, туёқлари саҳро учун мослашган. Шунинг учун ҳам, уни араблар «саҳро кемаси», дейишади. Туя иссиқ ҳавода юришга мослашган, сув ичмай бир неча кунлаб юриши мумкин ва ҳоказо.
Энди, «саҳро кемаси»нинг яратилишидаги баъзи бир ажойиботларга, қисқача бўлса ҳам, назар солайлик.
Туянинг кўзлари бошининг юқори қисмига жойлашган бўлиб, ортга қараш имконини беради. Унинг қовоқлари эса қумни тўсишга мослашгандир.
Шунингдек, туянинг бурун катаклари ва қулоқлари ҳам қум киришини тўсадиган жунлар билан жиҳозланган.
Саҳрода шамол туриши билан туянинг тумшуқлари ҳам, қулоқлари ҳам жисмига тортилиб, қумдан зарар кўрмайдиган ҳолатга келиб олади.
Туянинг туёқлари ҳам алоҳида шаклдаги суякларга кийгизилган гўшт ва теридан иборат қўлқоп бўлиб, қумда бундан бошқа туёқ билан юкли равишда юриш мумкин эмас.
Туя саҳрода оч қолганда, қуруқ ёғочни, ҳатто тиконни ҳам еб кетаверади.
Туянинг ўркачи ўзига хос озуқа омборидир. Агар туя саҳрода оч қолса, ўша ўркачидаги «омбор»дан озуқа олаверади.
Саҳрода энг зарурий нарса сув ҳисобланади. Туяни Аллоҳ таоло бу эҳтиёжига ҳам мослаб яратган. Аввало, туя тер чиқмайдиган қилиб яратилган. Яъни жисмидаги сувни ўзида сақлаб туради. Қолаверса, туянинг бурни оғзига уланган.
Шунинг учун, унинг нафас олиши туфайли чиққан буғ ҳам яна оғзи орқали ичига қайтади.
Шу билан бирга, туя бир йўла кўп сув ичиб олиш қобилиятига эга. У олтмиш литргача сув ичиши мумкин. Бу эса, унга саҳрода олти кундан ўн кунгача сув ичмай юриш имконини беради.
Ушбу зикр қилинган нарсалар Аллоҳ таолонинг, ўша туяни яратган Зотнинг қудратига далил эмасми?
Ҳа, туянинг ва ҳар бир жонзотнинг яратилишига ибрат назари билан, ақлни ишлатиб қараган инсон Аллоҳ таолонинг қудратига тан бермай иложи йўқ.
2. «Ва осмоннинг қандоқ кўтарилганига» назар солмайдиларми?
Осмон ҳам ҳамма жойда барчанинг назари тушиб турадиган нарса. Лекин унинг улканлиги, ичидаги нарсаларнинг кўплиги, интизоми ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларига ибрат назари билан, ақлни ишлатиб қараган инсон Аллоҳ таолонинг қудратига тан бермай иложи йўқ.
3. «Ва тоғларнинг қандоқ ўрнаштирилганига» назар солмайдиларми?
Тоғлар ҳам ўз салобати ила ҳамманинг назарига тушиб турадиган нарса. Уларнинг тузилиши, сир-асрори ва бошқа ажойиботлари ақлни ишлатган, эътибор назари солган инсонларни Аллоҳ таолога иймон келтиришга ундайди.
4. «Ва ернинг қандоқ текислаб қўйилганига» назар солмайдиларми?
Ердаги ажойиботлар доимо ақлли кишиларни иймонга йўллаб келган. Ким эътибор назари билан қараса, тааммул қилса, кўп нарсани топади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, суннатлари ва ҳадисларида ҳам тааммул ўз ўрнини топган.
Чунки, Набий алайҳиссалом ваҳий келишидан аввал Ҳиро ғорида айнан тааммул билан машғул эдилар.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечалари ўқийдиган намозлари айнан тааммулга бойлигини кўпгина ривоятлардан англаб оламиз.
Ўтган салафи солиҳларимиз тааммулга алоҳида муносабатда бўлганлар.
Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қиладилар:
«Абу Шурайҳ юриб кетаётиб бирдан тўхтаб, ўтирди ва кийимига бошини ўраб йиғлай бошлади.
«Сени нима йиғлатди?» дейилди.
«Умримнинг ўтиб қолганини, амалимнинг озлиги ва ажалимнинг яқинлигини тааммул қилдим», деди».
Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳи: «Аллоҳ азза ва жалланинг неъматлари ҳақида тааммул қилиш энг афзал ибодатлардандир», деган.
Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳи:
«Қуръонни унга амал қилиш учун туширилган, одамлар бўлса, унинг қироатини амал қилиб олдилар»,–деди.
«Унга амал қилиш қандай бўлади?»–дейилди.
«Ҳалолини ҳалол, ҳаромини ҳаром қилиш билан. Амрига бўйсуниш ва қайтарганидан қайтиш билан. Ҳамда унинг ажойиботларини тааммул қилиш билан»,–деди.
Абу Сулаймон Дороний раҳматуллоҳи алайҳи: «Уйимдан чиққанимда кўзим нимага тушса, албатта, унда Аллоҳнинг неъмати ва мен учун ибрати борлигини тааммул қиламан», деган.

Тааммулнинг фойдаларидан:

1. Тааммул бандага бу дунё ва охиратда манфаат беради.
2. Тааммул ила банда яхшилик ва ёмонликларни ажратади.
3. Тааммул тақводор бўлишга ёрдам беради.
4. Тааммул ўз эгасига замон ўзгаришларидан омонлик беради.
5. Тааммул бандани қаноат асосидаги иймонга олиб боради.
6. Тааммул қалб кўзи ила кўриш далилидир.
7. Тааммул ақл баркамоллиги далилидир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир мўмин мусулмон банда ҳазир бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири кибр ва манманликдир.Кибр ва манманлик бирбирига яқин ва ўхшаш салбий давоми...

11796 05:00 / 01.03.2017
Тавҳид ва ибодат .Тавҳид, сўзи луғатда .ваҳҳада, феълининг ўзаги бўлмиш .тавҳид, масдаридан олинган бўлиб, бирор нарсага бирлик ва ёлғизликни нисбат беришни ва унда давоми...

3538 05:00 / 01.03.2017
Илмсиз киши ҳам ўзини илмли қилиб кўрсатиш ила ҳузурланади. Диний илмга оид гапларни гапириб турганда шайтон унинг хаёлига олим ва фозил бўлиб қолгани ҳақидаги давоми...

2917 17:00 / 01.05.2021
Қачон Аллоҳ сенга тоатни ва Ўзи ила ундан тоатдан беҳожат бўлишни ризқ қилиб берса, билки, батаҳқиқ, У Зот сенга ошкора ва пинҳона неъматларини мукаммал қилиб давоми...

3238 05:00 / 07.03.2017
Аудиолар

118755 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40714 14:35 / 11.08.2021