1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Хулқланиш

05:00 / 28.02.2017 3112 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Руҳий тарбия соҳасида «тахаллуқ» – «хулқланиш» деганда Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ила хулқланиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу борада эргашиш кўзда тутилади.

Руҳий тарбия бобида китоб ёзишнинг ўзи қийин эканини аввал ҳам бир неча бор таъкидлаб ўтган эдик. Ўша қийин мавзу ичида энг оғири ушбу боб эканини алоҳида таъкидламоқчимиз.
Шунинг учун, бу бўлимга киришдан олдин ўзимизни ҳам, ўқувчимизни ҳам алоҳида эътиборли бўлишга, гап-сўз ва маъноларни аралаштириб юбормасликка чақирмоқчимиз.
Аввало, Аллоҳ таолонинг зоти ҳақида сўз юритилганда маълум сифатлар билан сифатланган ва маълум исмлар билан номланган Зот ҳақида сўз кетишини билиб олишимиз керак.
Шунингдек, Аллоҳ таолонинг баъзи сифатлари билан бандаси ҳам сифатланишини билишимиз лозим. Мисол учун, кўриш, эшитиш, гапириш, илм, ирода, қудрат ва ҳаёт каби сифатлар ила Аллоҳ таоло ҳам, бандаси ҳам сифатланади. Аллоҳ таолонинг карам, сабр, ҳилм, шукр каби гўзал исмлари билан бандалари ҳам сифатланади.
Лекин бир сифатни ҳам Аллоҳ таолога, ҳам У зотнинг бандасига нисбатан ишлатишдаги фарқ Аллоҳ таолонинг Ўзи билан бандаси орасидаги фарққа ўхшашдир.
Мисол учун, кўриш сифатини олайлик. Аллоҳ таолонинг кўриши чегарасиздир ва Робблигининг белгисидир. Банданинг кўриши жуда ҳам тор доирада бўлиб, Аллоҳ азза ва жалла белгилаган ҳудудда чегараланган. Шу билан бирга, ундан бандалик чегарасида кўриш талаб қилинган бўлиб, унинг ҳаром нарсаларни кўриши тақиқланган. Бу унинг бандалик мақомидир.
Эшитиш сифати ҳам шунга ўхшашдир. Аллоҳ таолонинг эшитиши чегарасиздир ва Робблигининг белгисидир. Банданинг эшитиши жуда ҳам тор доирада, Аллоҳ таоло белгилаган ҳудудда чегараланган. Шу билан бирга, ундан бандалик чегарасида эшитиш талаб қилинган бўлиб, ғийбат, чақимчилик ва фаҳш сўзларга ўхшаш нарсаларни эшитиш унинг учун тақиқланган. Бу унинг бандалик мақомидир.
Аҳли илмлар орасида «Аллоҳнинг хулқи ила хулқланинглар» деган гап бор. Бу гап ўша рухсат берилган доирадаги хулқланишга ишорадир. Энг муҳими, Аллоҳ таоло Ўзининг баъзи сифатлари ила бандаларини сифатлаб қўйган ва бу ҳақийқат Қуръони Каримда ҳам ўз ифодасини топган.
Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Расул келди» («Тавба» сураси, 128-оят).
Бу ояти каримада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий сифатларидан бир нечтаси зикр қилинмоқда.
«Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган», яъни, бошқа ёқдан келмаган, осмондан тушмаган, балки ўзингиздан бўлган бир киши Расулуллоҳ бўлиб келди.
Ўйлаб кўрсангиз, бу ҳол ўзингиз учун шараф, обрў. Ўз ичингиздан шундай олий мақомга сазовор инсон чиққанидан хурсанд бўлишингиз ва унга эргашишингиз керак.
«...сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган», яъни, у Набий сизнинг машаққат чекишингизни, қийинчиликда қолишингизни мутлақо истамайди. Доимо сизга енгиллик, осонлик бўлишини хоҳлайди.
«...сизнинг (саодатга етишишингизга) ташна», яъни, бу Набий сизнинг икки дунё саодатига эришишингизга ташна. Шунинг учун ҳаракат қилади.
«...мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Расул келди».
Дунё тарихида кишиларга у зотдек марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас.
Бу улкан ҳақийқатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва ҳадисларидан билиб оламиз.
Биз «марҳаматли» ва «меҳрибон» деб таржима қилганимиз «раъуф» ва «роҳийм» сифатлари аслида Аллоҳ таолонинг сифатларидан, аммо Аллоҳ таолонинг Ўзи бу сифат билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сифатламоқда.
Масалани яна ҳам аниқроқ тушуниб олишимиз учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан бирига мурожат қиламиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Аллоҳ раҳматни юз қисмга бўлди. Ўз ҳузурида тўқсон тўққиз қисмини тутиб қолди. Ерга бир қисмини нозил қилди. Ўша қисмдан махлуқотлар бир-бирларига раҳим қиладилар. Ҳаттоки от ўз боласига мусийбат етказмаслик учун туёғини ундан кўтаради», деганларини эшитдим».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Ер юзидаги махлуқотларга назар соладиган бўлсак, бир-бирига раҳим қилиш уларнинг хилқатларида борлигини кўрамиз. Ҳатто кўринган нарсага даҳшат соладиган йиртқич ҳайвонлар ҳам боласига ўта раҳимли бўлиши ҳеч кимга сир эмас.
Бу ҳолат ҳар бир махлуқда бор. Бундан истисно бўлган бирор махлуқ йўқ. Бу раҳимни уларга Аллоҳ таоло бермаса, қаердан ҳам олар эдилар? Аммо дунёни тўлдириб турган бу раҳимлилик Аллоҳ таолонинг раҳматининг юздан бири, холос. Ўша раҳматнинг қолган тўқсон тўққиз қисми Аллоҳ таолонинг ҳузурида. Бошқа сифатлар ҳақида ҳам шу гапни айтишимиз мумкин.
«Ихлос» сурасида бешта сифат фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзига хослиги баён этилган. Буни ҳам яхши билиб олиш зарур. Мазкур сифатлар қуйидагилар:
1. Ваҳдоният.
Аллоҳдан бошқа бирор нарса ёки кимса ваҳдоният сифати ила сифатланмайди. У зотдан бошқа барча нарса ва кимсаларнинг адади кўп, ёки кўп бўлишга қобилиятлидир.
2. Авваллик ва қадимлик.
Аллоҳдан бошқа бирор нарса ёки кимса авваллик ёки қадимлик сифати ила сифатланмайди. У зотдан бошқа барча нарсалар ва кимсалар яратилган бўлиб, қадим эмас.
3. Азалийлик ва боқийлик.
Аллоҳдан бошқа бирор нарса ёки кимса азалийлик ва боқийлик сифати ила сифатланмайди. У зотдан бошқа барча нарсалар ва кимсалар фонийдир.
4. Доимий қоимлик ва беҳожатлик.
Аллоҳдан бошқа бирор нарса ёки кимса қоимлик ва беҳожатлик сифати ила сифатланмайди. У зотдан бошқа барча нарсалар ва кимсаларни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган ва улар ҳожатманддирлар.
5. Ўхшаши йўқлик.
Аллоҳдан бошқа бирор нарса ёки кимса ўхшаши йўқлик сифати ила сифатланмайди. У зотдан бошқа барча нарсалар ва кимсаларнинг ўхшаши бордир.
Аллоҳ таолонинг баркамол сифатлари ичида «азамат», «кибриё», «рубубият» каби У зотнинг мақомидан бошқага ишлатиб бўлмайдиганлари бор. Шунинг учун ҳам, Роҳман, Зулжалол, Жаббор, Робб, Моликул мулк каби исмлар билан махлуқларни номлаб бўлмайди. Бу ҳақийқатни ҳам яхшилаб англаб олиш керак.
Келгуси саҳифаларда мазкур икки соҳа–Аллоҳ таолонинг ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан хулқланиш ҳақидаўзимиз билган маълумотларни қўлдан келганича тақдим қилишга ҳаракат қиламиз.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тақво билан вараъ орасидаги фарқлар қуйидагилардан иборат Тақво ҳимояга тайёргарликдир. Вараъ шубҳани даф қилишдир. Тақво сабаби аниқ нарсадир. Вараъ сабаби давоми...

844 19:00 / 22.10.2023
Тариқатдаги кишининг кундалик вазифалари аниқ бўлади. Бунда у аввало кундалик фарз ва вожиб амалларга алоҳида эътибор беради. Ўзининг бурчи бўлган бу амалларни давоми...

3860 12:04 / 27.11.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди, балки давоми...

3149 05:00 / 01.03.2017
Нафсингни тадбир қилишдан халос қил. Сен учун сендан бошқаяъни Аллоҳ таоло бажарган ишни сен ўзинг учун бажармоқчи бўлма.Баъзи инсонлар Бу ҳикматда Ибни Атоуллоҳ давоми...

3306 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

120124 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41790 14:35 / 11.08.2021