1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Гуноҳнинг тўрт сифати

16:40 / 15.03.2019 6259 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Билинг! Чиндан ҳам инсонда кўп ахлоқ ва сифатлар мавжуд, лекин гуноҳларнинг манбаи тўрт сифат билан чегараланади:

Биринчи сифат – ҳукмронлик сифатлари. Булардан кибрланиш, фахрланиш, мақтов ва сано, иззат ва олийлик, шу кабиларни талаб қилишни севиш вужудга келади. Бу инсонни ҳалок этгувчи гуноҳлардир. Баъзи инсонлар бу гуноҳлардан ғафлатда бўладилар ва уларни гуноҳ деб ҳисобламайдилар.
Иккичи сифат – шайтоний сифатлар. Бундан ҳасад, ёмон кўриш, ҳийла, алдаш, макр, фирибгарлик, мунофиқлик ва фасод-порахўрликка буюриш кабилар тарқалади.
Учинчи сифат – ҳайвоний сифатлар. Бундан ёмонлик, қорин ва фарж (жинсий аъзо) шаҳвати майлини қондириш вужудга келади. Бунинг орқасидан зино, бесоқолбозлик, ўғрилик келиб чиқади. Майл-истак йўлида мол-мулкни совуради.
Тўртинчи сифат – йиртқичлик сифати. Бундан ғазаб, нафрат, одамларни ўлдириш ва уруш билан ҳужум қилиш, мол-мулкни босиб олиш келиб чиқади. Табиатда бу сифатларнинг даражаси мавжуд.
Ҳайвоний сифат биринчи ғолиб бўлади. Сўнг унга йиртқичлик сифати эргашади. Агар бу иккиси жамланса, иккиси макр, алдаш, ҳийла каби шайтоний сифатларда ақлни ишлатади. Сўнгра ҳукмронлик сифати ғолиб бўлади.  
Булар гуноҳларнинг оналари ва манбаларидир. Сўнг бу манбалардан куфр, бидъат, нифоқ, ёмонликни беркитиш каби гуноҳлар отилиб, аъзои бадан ва қалбга ўтади. Бу гуноҳларнинг баъзиси кўзда, баъзиси эшитишда, айримлари тилда, бошқа бири қорин ва жинсий аъзода, баъзилари икки қўл ва икки оёқда, айримлари инсоннинг ҳамма жойида бўлади. Буларни батафсил айтишга ҳожат йўқ. Чунки улар очиқ ва равшан, барчага маълум. Сўнг гуноҳлар одамлар ҳуқуқларига, банда билан Парвардигори ўртасидаги ҳуқуқларга тааллуқли нарсаларга бўлинади.  
Бандалар ҳуқуқларига тааллуқли нарсалардаги иш анча қаттиқ. Банда билан Парвардигори ўртасидаги авф (кечириш) умидлироқ ва яқинроқдир. Аммо Аллоҳ билан банда ўртасидаги гуноҳ ширк бўладиган бўлса, бу кечирилмас гуноҳдир. (Яъни, бир инсон шикр гуноҳи билан вафот этса, наъузу биллаҳи мин залика, уни Аллоҳ мағфират этмайди. Аммо ўлимидан олдин ширкдан тавба қилиб, Исломни маҳкам тутса, иншааллоҳу таоло, уни мағфират этади.) Аллоҳ Фурқон сурасининг 70-оятида марҳамат қилиб айтади: “Кимда-ким тавба этса, иймонга келса ва солиҳ амал этса, бас, Аллоҳ таоло ана шуларнинг ёмонликларини яхшиликка айлантиради. Аллоҳ таоло кечирувчи ва раҳмли Зот”.
Оиша розийаллоҳу анҳо айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло ҳузуридаги девонлар учтадир: Аллоҳ эътибор бермайдиган девон, Аллоҳ таоло ундан бирон-бир нарсани тарк этмайдиган девон, Аллоҳ таоло ҳеч бир кечирмайдиган девон”.
Аллоҳ таоло ҳеч бир кечирмайдиган девон – бу Аллоҳ Ўзи хабар бериб айтган қуйидаги оятдадир: “Албатта кимда-ким Аллоҳга шикр келтирса, бас, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром этади” (Моида сураси, 72-оят).
Аллоҳ таоло ҳеч бир нарсага аҳамият бермайдиган девон – бу банданинг ўзи билан Аллоҳ ўртасида ўзига зулм этишидир, Аллоҳ таоло уни авф этади. Агар хоҳласа, кечиб юборади.
Аллоҳ таоло унда бирон-бир нарсани тарк этмайдиган девон – бу бандалар бир-бирларига зулм қилишади. Бас, қасос иложсиз мавжуддир.

Бошқа бир бўлиш

Билинг! Чиндан ҳам гуноҳлар сағира ва кабирага бўлинади. Бу тўғрида ихтилофлар кўп бўлган. Кабираларнинг сони ҳақида турли ҳадислар мавжуд. Кабира (улкан) гуноҳларнинг сони тўғрисидаги саҳиҳ ҳадислар бешта.
1. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилиб айтдилар: “Етти катта ҳалок этувчи гуноҳлардан четланинглар”. Саҳобаи киромлар сўрашди: “Нима улар?” Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб айтдилар: “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр қилиш, Аллоҳ ҳаром этган нафсни беҳақ ўлдириш, рибохўрлик, етим молини ейиш, душман ҳужум этганда қочиш, пок, мўмина, ҳеч нарсадан бехабар аёлларни (ноўрин сўзлар билан) бўҳтон қилиш, иснодда қолдириш (масалан, жалаб, ғар каби сўзлар билан)”. Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Молик ривоятлари.
2. Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом гуноҳи кабира тўғрисида сўралдилар. Ул зот жавоб бериб айтдилар: “Аллоҳ таолога бир нарсани тенг этишинг. У сенинг Холиқинг”. Сўрашди: “Яна қайси?” Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сен билан таомланишидан қўрқиб болангни ўлдиришинг”. Сўрашди: “Яна қайси?” Расулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар: “Қўшнингнинг хотини билан зинода бўлишинг”. Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий, Ибн Ҳанбал ривоятлари.
3. Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилиб айтдилар: “Қуйидагилар улкан гуноҳлардир: Аллоҳ таолога ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”. Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий, Даромий, Ибн Ҳанбал ривоятлари.
4. Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Сизларга энг улкан гуноҳ ҳақида хабар берайми? Ёлғон сўз ёки ёлғон гувоҳлик бериш”. Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳанбал ривоятлари.
5. Абу Бакрадан ривоят этилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида гуноҳи кабиралар зикр этилди ёки ул зотдан шу ҳақда сўралди. Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнбошлаб ўтирган эдилар, тўғриланиб ўтирдилар, – огоҳ бўлинглар, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик”. “Пайғамбар алайҳиссалом бу сўзни такрорлайвердиларки, ҳатто биз айтдик: “Расулуллоҳ, шоядки, бу сўзни айтишдан тўхтасайдилар”. Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий, Даромий, Ибн Ҳанбал ривоятлари.  
Гуноҳи кабиралар ҳақида уламолар турли ихтилофларга боришган. Кабира гуноҳлар тўғрисидаги ҳадислар уларнинг ададига далолат этмайди. Шариат соҳиби инсонлар гуноҳи кабиралардан қўрқишлари мақсадида уларнинг ададини номаълум этди, лекин ҳадислардан кабира гуноҳларнинг жинси билинади, шунингдек, бу ҳадислар орқали энг улуғ гуноҳларни ҳам билиш мумкин бўлади.
Аммо гуноҳи кабираларнинг сағиралари (кичиклари)ни билиш жуда қийин.  
Уламойи киромлар кабира гуноҳларнинг сони ҳақида бир қанча сўзларни айтишган. Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят этилишича, ул зот гуноҳи кабиралар тўртта, деб айтган эканлар.
Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят этилишича, ул зотга кабира гуноҳлар еттита, деган сўзлар етиб келганида, ул зот айтган эканлар: “Гуноҳи кабиралар етмишга яқин, улардан энг яқини еттита”.
Абу Солиҳ Абдуллоҳ ибн Аббосдан нақл қилиб айтади: “Гуноҳи кабиралар дунёда ҳад уришни вожиб этган гуноҳлардир”.
Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят этилади. Гуноҳи кабиралар жумласига Нисо сурасининг аввалги оятидан то “Сизлар қайтарилган кабиралардан эҳтиёт бўлишларингиз вожиб”, деган ояти каримаси ўз ичига олган гуноҳлар киради. (Бу Нисо сураси аввалидан то 31-оятга қадар.)
Саид ибн Жубайр ва ундан бошқалар айтишди: “Гуноҳи кабира – бу Аллоҳ таоло оташи дўзах билан қўрқитган барча гуноҳлар”.
Абу Толиб Маккий айтди: “Хабарлар жумласи билан жам этилган ўн етти гуноҳ гуноҳи кабирадир. Тўрттаси қалбда: ширк, маъсиятда давом этиш, Аллоҳ таоло марҳаматидан ноумид бўлиш, Аллоҳ таоло макридан эминда бўлиш. Тўрттаси тилда: ёлғондан гувоҳлик бериш, пок афифа аёлларга туҳмат қилиш, ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол, деб қасамёд этиш (қасам соҳибини оташи дўзахга дохил этади) ва сеҳр-жоду қилиш. Учтаси қоринда: ароқ-шароб ичиш, етим молини золимона ейиш (ўзлаштириш), рибохўрлик. Иккитаси фаржда (жинсий аъзода): зино қилиш ва бесоқолбозлик этиш. Иккитаси қўлда: ноҳақ одам ўлдириш ва ўғирлик қилиш. Биттаси оёқда: жабҳадан қочиш. Биттаси бутун баданда: ота-онага оқ бўлиш”. Бунга яна бошқа гуноҳлар зиёда бўлиши ёки ноқис бўлиши мумкин. Зеро, етимни уриш ва уни азоблаш унинг молини ейишдан ҳам улкан гуноҳ бўлиб ҳисобланади. Аллоҳ билгувчи Зот.

Дунёдаги яхшилик ва ёмонликларга қараб охиратда даражаларни белгилаш кайфияти

Билинг! Чиндан ҳам одамлар бу дунёда тафовутли бўлганларидек, охиратда ҳам улар фарқли бўлишади. Улар тўрт қисмга бўлинадилар: ҳалок бўлувчи, азобланувчи, нажот топувчи ва ғолиблар.
Бунга мисол шуки, бир подшоҳ иқлимлардан бирини босиб олса, унинг баъзи аҳолисини ўлдиради, айримларини азоблайди, аммо ўлдирмайди. Улардан баъзиларини озод этади. Улар нажот топадилар. Баъзиларига эса тўн ёпади, сарпо кийгизади. Улар ғолиблардир.
Агар подшоҳ одил бўлса, уларни бу каби қилмайди, балки бир нарсага лойиқлиги билан уларга даража беради. Подшоҳ мулкка лойиқлигига қарши бўлган ва васийлик аслида унга бўйсунмаган одамни ўлдиради. Унинг подшоҳлигини эътироф этиш билан бирга унинг хизматида ноқислик этган кишини азоблайди. Унинг хизматига қоим бўлган ва подшоҳлигини эътироф этган одамни озод этади. Бутун умри давомида подшоҳ хизматида ва унинг ёрдамида бўлган одамга сарпо кийдиради. Барча бу тақсимотдагилар неъмат ва азобланишда ўзларининг аҳволларига қараб фарқланадилар. Бу нарсага ҳадиси шарифда ворид бўлган қуйидаги Пайғамбар алайҳиссаломнинг сўзлари гувоҳдир. Чиндан ҳам инсонлардан баъзиси пулсирот устидан чақмоқдек ўтади. Баъзилари эса оташи дўзахда етти минг йил қолиб кетади. Бир лаҳза билан етти минг йил ўртасидаги тафовут катта.              
Азобнинг қаттиқ бўлишидаги ихтилоф шуки, қаттиқ азобдаги юқори даражанинг ниҳояти йўқ. Унинг энг қуйи даражаси ҳисоб-китобнинг муноқашаси билан азоблашга ўхшайди, чунончи подшоҳ хизматида баъзи лаёқатсизларни ҳисоб-китобида муноқаша-тортишиш билан азоблайди, сўнгра уни авф этади. Гоҳо қамчи билан савалайди ёки азобларнинг бошқачаси билан азобга солади.
Саодат аҳли неъматда бўлишининг даражалари ҳам шу каби фарқли бўлади. Бу ишларнинг ҳаммаси нақлий далиллар ва маърифат нури билан маълумдир.  
Тафсилий баён жиҳатидан қуйидаги сўзларни айтамиз: барча кишики, иймон аслини маҳкам ушлаган, ҳамма гуноҳи кабиралардан четлашган ва фарз амалларининг барини яхши адо этган бўлиб, ундан айрим гуноҳи сағиралар содир бўлган ва унда давом этмаган бўлса, ундан бу гуноҳи сағиралар авф этилганга ўхшайди. Қуръони карим оятларида воридким, гуноҳи кабиралардан четлашишлик гуноҳи сағираларга каффорат бўлади (уларни ювиб кетади).  
Бу ҳолат Аллоҳга муқарраб (яқин) бўлганлар ёки тўғри йўлда бўлганларда бўлади. Бу уларнинг иймон ва ишонч даражаларига қараб турли хил бўлиши мумкин. Агар иймон ва ишончи оз ва заиф бўлса, унинг ўрни қуйида бўлади, агар иймони кўп ва қувватли бўлса, унинг ўрин-даражаси олий бўлади.
Сўнгра муқарробинлар (Аллоҳга яқин бўлганлар) Аллоҳ таолони билишликларининг тафовутига қараб фарқланадилар. Аллоҳ таолони билишда орифларнинг даражалари чекланмайди. Зеро, маърифат денгизининг соҳили йўқ, чиндан ҳам унда ғаввослар ўзларининг қудратларига қараб шўнғишади. Бас, тўғри йўлдагиларнинг олий даражалари Аллоҳга яқин бўлганларнинг энг қуйи даражасидадир. Бу гуноҳи кабиралардан эҳтиёт бўлган ва фарзларни адо этганларнинг ҳолидир.      
Аммо гуноҳи кабира қилган ёки Исломга бепарво бўлган киши агар ажали-ўлими яқинлашишидан олдин ҳақиқий тавба қилса, у гуноҳ қилмаган кишилар сафига ўтади, зеро гуноҳлардан тавба қилган киши гуноҳсиз одамга ўхшайди. Ювилган кийим аслида кир бўлмаганга ўхшайди.
Агар инсон тавба этишидан олдин вафот этса, унинг иши хатарлидир. Балки гуноҳда давом этишликдаги унинг ўлими иймони ларзага келиши учун сабаб бўлиши мумкин. Умрининг хотимаси ёмонлик билан тугайди, хусусан, агар унинг иймони тақлидий бўлган бўлса. Зеро, тақлидий иймон бир оз шак-шубҳа ва хаёл билан таназзулга яқин бўлади. Аллоҳдан қўрқувчи ориф киши хотимаси ёмон бўлиш хавфидан узоқда бўлади. Тавба қилмай вафот этган кишига бўладиган азоб кабира гуноҳнинг ёмонлиги ва гуноҳда у қанчалик давом этганига мувофиқ бўлади. Сўнг содда тақлидий иймон соҳиблари жаннатга нозил бўлишади. Ҳақни кўрувчи орифлар жаннатнинг энг юқори, олий ерига тушишади. Қиёмат кунида бандаларнинг даражалари ҳақида зикр этганларимизнинг ҳукми сабабларнинг зоҳирига қараб бўлади. Бунинг мисоли касалга шак-шубҳасиз ўлимни ҳукм қилган табиб ҳукмига ўхшайди. Бетоб жисми иложни қабул этмайди, бошқа бир касалнинг дарди енгил бўлиб, уни даволаш ҳам осон кечади. Бу гумон кўпинча тўғри бўлади. Гоҳо эса табиб ҳам билмаган ҳолда у бетоб ҳалок бўлишга келади. Гоҳо кўриниши ва дарди енгил бетобнинг ўзи билмаган ҳолда ажали битиб қолади. Бу Аллоҳ таолонинг махфий сирларидандир. Сабабларнинг соҳиби бўлмиш Аллоҳ тартибга солган сабаблар билан тирикларнинг руҳида сир-асрорлар мавжуд. Башарият бу сирларнинг тагига етишишда ҳеч бир кучга молик эмас. Шу каби охиратда нажот топиш ва ҳалок бўлишнинг сабаблари махфийдир. Инсон у махфийликдан хабардор бўлиш қувватидан маҳрумдир. Шунингдек, гуноҳкорларнинг гуноҳлари кўп бўлса ҳам, охиратда авф этилиши жоиз бўлади. Аллоҳга зоҳирий итоати кўп бўлган мутеъ инсонга ғазаб этилиши ҳам мумкин. Чиндан ҳам эътимод тақвода, тақво эса қалбда. Қалбнинг ҳолатлари гоҳо қалбнинг соҳибига ҳам махфий бўлади. Иш шундай бўлса, бошқа одамларга қандай бўлади?
Нажот топувчилардан биз саодат ва ғалабасиз фақат саломат бўлганларни назарда тутамиз. Улар бир қавм бўлиб, хизмат қилмадилар, сарпо кийдирилса, хизматда кам бўлмадилар, азоблансалар, уларнинг ҳолати жиннилар ва кофирлар болалари ҳамда даъват етиб бормаган одамларнинг вазиятига ўхшайди. Уларда бирон-бир маърифат ҳам, бош тортишлик, итоатсизлик, гуноҳкорлик мавжуд эмас. Улар тож бўлишга лойиқдирлар.
Ғолиблар – орифлардир (билувчилардир). Улар муқарраб ва ўзиб чиқувчилар бўлиб, уларга беркитиб қўйилган хурсандчилик ва розичиликни бирон-бир жон билмайди. Улар жаннатга кириш учун харис эмаслар, балки улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билан учрашиш ва Унга назар солиш (қараш)га иштиёқманддирлар.
Уларнинг мисоли муҳиб (севучи)га ўхшайди, бас, у бу ҳолда ўзидан ғофил, бехабар бўлади. У баданига етаётган нарсани сезмайди. Унинг маҳбубидан бошқа ғам-ташвиши йўқ. Бас, ана шулар Аллоҳнинг розилигига етишувчилардир. Инсоният қалбига келмайдиган улуғ мақомга васл бўладилар. Ҳасанот-яхшиликларга бўладиган даражалар тақсимотининг баёнидаги бу қадар сўз кифоя.          

Кичик гуноҳлардан улкан гуноҳларга айланувчи нарсалар

Билинг! Чиндан ҳам гуноҳи сағиралар (кичик ва майда гуноҳлар) унда доимо давом этиш ва муттасил уни қилиш сабаби билан катта бўлади. Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Давом этиш билан сағира (кичик гуноҳ) йўқ, истиғфор айтиш билан кабира (катта гуноҳ) йўқ”. Дайламий Фирдавс “Муснад”ида ривоят этган. Имом Захабий бу ҳадисни номаълум хабар, деб айтган.
Билинг! Дарҳақиқат, бўлиб ўтган ва қайтадан қилинмаган кабирани авф этишлик банда доимо қиладиган сағиранинг авфидан кўра умидлироқдир.
Бунинг мисоли шундай: кетма-кет тош устига томаётган сув томчилари албатта тошга таъсир этади. Агар бу томчиларни бир бор йиғиб туриб тошга сепилса, унга ҳеч бир таъсир қилмайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом бундай деб марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таолога агар оз бўлса ҳам, давом этган амал энг севимлидир”. Имом Бухорий ривоятлари.  
Сағира гуноҳни каттага айлантирадиган сабаблардан бири – гуноҳни кичкина деб билишдир. Дарҳақиқат, гуноҳни ҳар вақт кичкина деб билишдан қалб нафрати ва уни ёмон кўришлик келиб чиқади.
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтдилар: “Мўмин киши гуноҳларига тоғнинг тагида туриб, устига тоғ қулаб тушишидан қўрққани каби қарайди. Фожир киши эса гуноҳларини бурнига қўнган пашшачалик билади. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу шундай айтган эдилар. Имом Бухорий ва Муслим ўз “Саҳиҳ”ларида буни ривоят этишган.
Мўминнинг қалбида Аллоҳ таолонинг улуғлигини билгани учун кичик гуноҳ катта бўлади. Агар гуноҳкор бўлган У Зотнинг улуғлигига боқса, кичик гуноҳлари каттага айланганини билади.
Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ида Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят этилган ҳадисда марвийдурким: “Дарҳақиқат, сизлар бир амалларни қиласизларки, улар соч толасидан ҳам нозикроқдир. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг аҳдларида биз бу амалларни ҳалок этувчи гуноҳлардан деб ҳисоблардик”.
Билол ибн Саъд розийаллоҳу анҳу айтдилар: “Хато-гуноҳларни кичик деб билма, лекин кимнинг ҳузурида осий бўлганингга боқ!”      

Сағира гуноҳлар билан хурсанд бўлиш ва улар билан мақтаниш сабаблари

Чунончи, бир инсон хурсанд бўлиб бундай дейди: “Мени кўрдингми? Фалончининг обрўсини ер билан яксон қилдим. Мен унинг барча айбу-ёмонликларини айтиб, уни роса ҳам хижолатга солдим”. Ёки бир тожир-савдогар айтади: “Мен унга қандай қилиб қалбаки нарсани ўтказганимни, уни қандай алдаганимни ва ҳаққидан уриб қолганимни кўрдингми?” Бас, бу ва бу кабиларнинг барчаси билан сағира гуноҳлар кабирага айланади.
Шу жумладан, Аллоҳ таолонинг сатрини (беркитишини) ва унга нисбатан ҳалимлигини, муҳлат берганини эътиборга олмаслик. Гуноҳи зиёда бўлиши учун муҳлат беришлик билан бу нарса унга ёмон бўлиши мумкинлигини у билмайди.
Яна бир кишининг гуноҳ қилиши, сўнгра бошқа одамнинг уни зикр этиши. Имом Бухорий ва Муслимнинг “Саҳиҳ” ларида Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилиб бундай дедилар: “Ошкора равишда гапирадиганлардан бошқа барча умматим офиятдадирлар. Бир одам кечаси бир ишни қилади ва эрталабга дохил бўлади. Аллоҳ унинг кечаси қилган ишини беркитган эди. Бас, у айтади: “Эй фалончи! Кеча мен фалон-фалон ишни қилдим”. Аллоҳ таоло унинг қилган ишини беркитган эди, у эса Аллоҳ беркитган нарсани фош этди”.
Шунингдек, гуноҳкор бўлган киши (унга) эргашиладиган олим бўлиши. Бас, агар ундан бир гуноҳ содир бўлгани билинса, (унинг) гуноҳи катта бўлади. Харир-ипак кийим кийиш, золимлар зулмини инкор этмай, уларнинг ҳузурига ташриф этиш, обрўлиларга тил теккизиш, мансаб қасдида илмлар билан машғул бўлиш, масалан, жадал тотишув илмини ўрганиш кабилар. Бу гуноҳларга олим киши эргашса ва вафот топса, унинг ёмонлиги дунёда беркилади. Агар гуноҳи ўзи билан бирга ўлса, қандай ҳам яхши-я!            
Ҳадиси шарифда марвийдирким: “Кимки бир ёмон ишни йўлга қўйса, шу ишнинг гуноҳи ва ундан кейин шу ишни кимлар қилса, улардан бирон-бир гуноҳ ноқис бўлмай, унга бўлади”. Имом Муслим, Насаий, Ибн Можа, Доримий ва Ибн Ҳанбал ривоятлари.
Олимга икки вазифа вожибдир: биринчиси – гуноҳни тарк этиш. Иккинчиси – агар гуноҳ қилса, уни беркитиш.
Олимларга гуноҳ ишда эргашилса, уларнинг гуноҳлари зиёда бўлаверади. Шу каби агар яхшиликда уларга эргашилса, уларнинг ҳасанотлари (яхшиликлари) ортиб боради.
Олим одамга киймак ва нафақа этмакда ўртача йўлни тутмоғи лозим бўлади. Олим оз сарфиётга мойил бўлсин! Чунки барча инсонлар унга қараб туришади.      
Олим ўзига эргашиладиган нарсадан жуда эҳтиёт бўлмоғи лозим. Агар у султонлар ҳузурига ташриф этиш ва дунё молини йиғишга рухсат этса, бунга бошқалар эргашади. Олимга бунинг гуноҳи бўлади. Балки у султон ҳузурига киришда маъсиятдан саломат қолади. Аммо бошқалар у қандай қилиб гуноҳдан саломат бўлганини фаҳмлашмайди.
Бизга ривоят этилишича, бир подшоҳ одамларни тўнғиз гўштини истеъмол қилишга мажбур этган экан. Унинг ҳузурига бир олимни келтиришибди. Подшоҳнинг эшик оғаси унга қарата дебди: “Мен сизга хослаб бир улоқ сўйдим, шундан енг! Вақтики, олим подшоҳ ҳузурига кирган эди, унинг олдига таом яқинлаштирилди. Аммо олим уни емади. Бас, подшоҳ уни ўлимга амр этди. Эшик оғаси унга деди: “Мен сизга айтмадимми, ахир у улоқ гўшти эди-ку?!” Олим: “Менга эргашадиган одам менинг ҳолимни қаердан билади?” деди.

Тавбанинг шартлари ҳақидаги фасл

Билинг! Чиндан ҳам тавба пушаймон бўлишдан иборат бўлиб, азм ва қасдни вужудга келтиради. Бу пушаймонлик маъсиятлар инсон билан унинг маҳбуби ўртасида парда бўлишлигини билдиради.
Пушаймонлик – бу маҳбуб фироқини қалб сезган вақтида уни азоблашдир. Унинг белгиси узоқ хафалик ва йиғлаш. Агар одам боласи бошига бир мусибат тушганини билса ёки бир киши ундан кўнгил сўраса, йиғиси узоқ бўлади ва мусибати қаттиқлашади. Қайси нарса унга ўзидан ҳам азизроқ? Қайси уқубат оташи дўзахдан қаттиқроқ? Гуноҳ орқали уқубат нозил бўлишида қайси сабаб унга далолат этувчироқдир? Қайси хабар берувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра содиқдоқдир? Агар табиб унинг боласи касалдан тузалмайди, деб хабар берса, ўша ҳолда унинг хафалиги кучаяди. Боласи ўзидан ҳам азиз ва табиб Аллоҳдан ва Унинг расулидан ҳам билгувчироқ эмас. Ўлим оташи дўзахдан ашаддий эмас, касаллик ўлимга далолат этишда Аллоҳнинг ғазабига олиб келадиган ва бу билан дўзахга рўпарў бўладиган гуноҳдан кўра йўлловчироқ эмас.
Тавба этувчи киши қазо бўлган намозларини ёки шартларига риоя этилмай ўқилганми – шуларни бир тафтиш этмоғи лозим бўлади. Масалан, у намозни нопок кийим билан адо этган бўлиши ёки нотўғри ният билан ўқиган бўлиши мумкин.  
У буларни билмасдан жаҳолат билан қилганлиги учун бу ҳолдаги намозларининг барчасини қайтадан адо этади.
Шу каби унинг бўйнида рўза ёки закот ё ҳаж ёхуд шунга ўхшаш фарзлар бўлса, уларнинг барчасининг қазосини адо этади. Буларни тафтиш қилиб билади.            
Аммо гуноҳлари тўғрисида эса балоғат ёшига етган вақтдан бошлаб қилган барча маъсият-гуноҳларини текшириши зарур бўлади ва уни мулоҳаза этади. Бу гуноҳлардан ўзи билан Аллоҳ таолонинг ўртасида бўлгани бўлса, бунинг тавбаси пушаймон бўлиш ва истиғфор айтиш билан бўлади.  
Сўнгра гуноҳларининг ҳажми-миқдорига назар ташлайди. Ҳар бир гуноҳ ўзига яраша муносиб бўлган яхшилик талабида бўлади. Мазкур ёмонликлар миқдорида яхшиликларни қилади. Аллоҳ таоло айтди: “Чиндан ҳам яхши амаллар ёмонликларни кетказади” (Ҳуд сураси, 114-оят). Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Ёмонлик ортидан яхшилик қил, ёмонликни маҳв этади”. Имом Термизий, Даромий, Самарқандий ва Ибн Ҳанбал ривоятлари.      
Зикр этганларимизга қуйидаги мисолларни келтирамиз: мусиқа-ашула тинглашнинг каффорати Қуръони каримни тинглаш ва зикр мажлислари билан бўлади. Мусҳафи шарифни бетаҳорат ушлашнинг каффорати уни ҳурматлаш ва кўп ўқишлик билан амалга ошади, агар имкон топса, бир Қуръони каримни кўчириб ёзади ва уни вақф этади. Шароб-ароқ ичишнинг каффорати ҳалол ичимликларни эҳсон қилиш билан бўлади. Шундай қилиш билан қарама-қаршилик сулукида боришга ўтинг! Зеро, касалликлар унинг қарама-қаршиси билан даволанади. Бу инсон ўзи билан Аллоҳ таоло ўртасидаги нарсаларнинг ҳукмидир.                                          
Бандаларнинг бир-бирларига қилган зулмларида ҳам Аллоҳга гуноҳкор бўлишлик мавжуд, зеро Аллоҳ таоло бандаларини зулм қилишдан қайтарган. Бандаларга зулм қилган золим Аллоҳ таолонинг қайтарганини қилган бўлади. Бунинг учун золим пушаймон қилиши ва келажакда бундай зулмни қайта қилмасликка азму-қарор этиши керак. Биринчи қисмда зикр этилганидек, золим қилган зулмлари қарама-қаршисида яхшиликларни қилмоғи лозим бўлади. Одамларга азият берганининг муқобилида уларга турли эҳсонларни қилади. Мол-мулкларни тортиб олишнинг каффорати ўзининг ҳалол мол-дунёсидан садақа қилиш билан бўлади. Уларнинг обрў-эътиборларига зиён етказишнинг каффорати дин аҳлига сано-мадҳ айтиш билан бўлади. Жон соҳибини қатл этишнинг каффорати бир қулни озод этиш билан амалга ошади.
Бу Аллоҳ таолонинг ҳаққига тааллуқли нарсаларда бўлиб, агар Аллоҳнинг ҳаққини адо этса ҳам, бандаларга қилган зулмлардан фориғ бўлмагунича кифоя қилмайди.
Бандаларга зулм қилиш нафс-жонда ёки мол-дунёда ё обрў-эътиборда ёхуд қалбларга азият беришда бўлади.
Биринчиси – агар бир кишини хато қилиб ўлдирса ёки унинг яқинларига ўзи ё ота қариндошлари томонидан хунини бериш лозим. Агар қасддан бир кишини ўлдирса, қасос шартлари билан ундан қасос олиш вожиб бўлади. У ўзини қон соҳибига топшириши керак. У хоҳласа, унинг қасосини олиб ўлдиради ва агар хоҳласа, уни авф этади. Қотил ўзининг ишини беркитиши жоиз эмас. Агар зино қилган ёки ўғрилик этган ё ароқ ичган ёхуд Аллоҳ таолонинг ҳади урилиши вожиб бўлган ишни қилган бўлса, бу ҳолларда у ўзининг ишини беркитади, зеро бу амаллардан тавба қилишда ўзини фош этиш лозим бўлмайди, балки унга ўзининг қилган гуноҳларини беркитиши вожиб бўлади. Агар унинг иши ҳокимга оширилса, у унга жазо белгилайди (ҳад уради), иш ўрнига тушади. Унинг тавбаси тўғри бўлиб, Аллоҳ таоло ҳузурида мақбулдир. Бунга Моиз ва Ғомидия қиссаси далилдир. (Икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларида зино этишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ҳад урдилар ва ҳад уларнинг қилган гуноҳларига каффорат бўлишини баён этдилар. Ҳадисларда ривоят этилган, чунончи Имом Термизий ривоят этган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Кимки шу нарсани қилган бўлса (яъни, зинони) ва унга ҳад жорий этилса, шу (ҳад) унинг гуноҳларига каффорат бўлади”.)
Пок аёлга туҳмат этиш ҳадди (жазоси) ҳам шу каби бўлиб, ҳадга лойиқ одамни муҳокама этиш лозим бўлади.
Иккинчиси – мол-дунёга тааллуқли зулмлар, масалан, босиб олиш, хиёнат, молиявий муомалаларда алдаш. Золим киши ўзи қилган молиявий зулмларни ўз эгаларига қайтариши ва бу зулмлардан чиқиши вожиб бўлади.
Бунинг учун мазлумларга ҳисоб-китобини ёзсин ва уларнинг ҳуқуқларини тўла адо этсин, уларнинг ҳақларини қонуний деб эътироф қилсин. Агар унинг зулми кўп бўлиб, уларни адо этишга қодир бўла олмаса, у вақтда у имкони борича адо этишга ҳаракат этсин! Унинг олдида яхшиликларни кўпайтириш йўли мавжуддир, қиёмат кунида қасос вақтида қилган яхшиликлари ундан олиниб, мазлумлар тарозусига қўйилади, агар бу ҳам кифоя қилмаса, у вақтда мазлумларнинг ёмонликларидан олиниб золимнинг гуноҳлари устига зиёда этилади.
Бу кафолат зиммадаги ва жорий маблағлар тўғрисида собит бўлган зулмларнинг ҳукми. Агар унинг ҳузурида шунга ўхшаш мол ёки маблағ бўлса-ю, унинг эгаси ёки меросхўрлари борлиги маълум бўлмаса, у вақтда бу мол ёки маблағни садақа-эҳсон қилади. Агар ҳалол мол ёки маблағ ҳаромга аралашган бўлса, ҳаромнинг миқдорини ижтиҳод бидан билади. Ва шу миқдордаги маблағ ёки молни садақа этади.
Учинчиси – шаън ёки обрў-эътиборга жиноят қилиш, қалбларга азият етказиш. Бундай зулм қилган кишига одамларнинг ҳар бирига қилган жинояти миқдорини билиши ва уларнинг ҳуқуқларини эътироф қилиши вожиб бўлади. Чиндан ҳам мубҳам ҳолда эътироф этиш кифоя қилмайди. Балки агар уни билса ҳам, нафси уни ҳалол деб билмайди. Магарам, у жиноят эсга олинса, азият зиёда бўлади, худди беркитилган айбларидан бирига нисбат берилганига ўхшайди ёки унинг жорияси билан қилган зино кабидир. Бас, унга лутф-меҳрибончилик этишга ҳаракат этсин ва унга эҳсонлар берсин, сўнгра мубҳам-ноаниқ қилиб ҳалол этсин. Бу каби мисолдаги адолатсизлик қиёмат кунида яхшиликлари билан ўрнига келади, адолат қоим бўлади. Шу каби ана шу мазлумлардан бири вафот топса, бас, золимнинг иши кеч бўлади. Энди унинг иши кўплаб яхшиликлар қилиш билан тўғриланади. Қиёмат кунида бу қилган жабр-зулми учун ундан эваз олинади. У яхшиликлари оғир бўлган вақтдагина халос бўла олади.

Фасл

Тўғри, ҳақиқий тавбанинг шарти келажакда гуноҳга ўхшаш гуноҳларга асло қайтмаслик ва қилмасликка азму-қарор қилишдир. Бунга жиддий ва қаттиқ азм этади.
Бунинг мисоли касалга мева зарар қилишини билган бетобга ўхшайди. Бас, модомики, у касал экан, бирон-бир мева тановул этмасликка жиддий азму-қарор этади. Бу азмни шу ҳолда таъкид этади. Агар иккинчи бир ҳолда мевага бўлган иштаҳаси унга ғолиб бўлишини билса ҳам, лекин у ҳеч қачон тавба этувчи бўлмайди. Агар у тавба тўғрисидаги азмни шу онда таъкид этмаса, тавба қилувчи одам ишининг бошида узлатга чекиниши, гапирмаслиги, оз таом еб, оз ухлаши, ҳалол таом ейиши, шубҳали емак ва киймакларни тарк этиши ва шаҳватдан узоқда бўлиши билан унинг тавбасини билиш мумкин бўлади.  
Баъзилар айтди: “Кимки шаҳватини (истак-майлини) тарк этишда содиқ бўлса ва шу ҳолда етти йил жаҳд этса, шаҳватга асло мубтало бўлмайди”. Айримлар яна деди: “Кимки гуноҳдан тавба қилиб, етти йил тўғри бўлса (мустақим бўлса), у ҳеч қачон гуноҳга қайтмайди”. (Минҳожул қосидийн)

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Шайтон бирингизга келиб .Буни ким яратди Уни ким яратди, дейди. Ҳатто .Роббингни давоми...

3704 19:45 / 27.12.2018
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу масжидга кираётиб, эшик олдида турган бир кишига .Хачиримни ушлаб тур,, деб илтимос қилдилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу давоми...

1361 08:00 / 03.08.2020
Абдурраҳмон ибн Маҳдий айтади .Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳдек қалби юмшоқ инсонни кўрмаганман. Мен кечаси у зотнинг ибодатларини кузатардим. У зот кечанинг давоми...

2428 08:00 / 18.03.2020
Отаонанинг ўзлари тарбияда намуна бўлсалар, бу фарзандлар тарбиясида самарали бўлиб, уларнинг қалбларига ижобий таъсир қилади. Зеро, гўдак, чақалоқ, бола давоми...

1955 11:02 / 16.07.2020