1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Шукрнинг ҳақиқати

05:00 / 28.02.2017 5094 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шукр араб тилида аслида оз ем билан семирадиган ҳайвонга нисбатан ишлатилади. Неъмат берувчига мақтов сўзларини айтишга шукр сўзини ишлатиш машҳур бўлган.

Шукр қилиш неъмат берувчи зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган зотнинг розилиги учун ишлатиш билан мукаммал бўлади.
Уламоларимиз шукрнинг истилоҳида бир бирини тўлдирувчи бир неча тарифларни айтганлар.
Кафавий: «Шукр урфда неъмат учун берилган ҳар бир мукофатдир. Шукрнинг асли, неъматни тасаввур ва изҳор қилишдир. Шукр бандадан бўлганда эҳсонга нисбатан бўлган ирфондир. Аллоҳ таолодан бўлганда савоб ва ажр ҳамда гўзал мақтовдир», деган.
Муновий: «Шукр икки хил бўлади. Биринчиси, тил шукри бўлиб, у неъмат берувчига мақтов айтиш билан адо этилади. Иккинчиси, аъзоларнинг шукри бўлиб, неъматга яраша мукофат тавдим қилиш билан адо этилади», деган.
Аллоҳнинг шукр қилувчилик сифати банданинг оз қилган амалига ҳам кўп савоб бериш билан уни мукофотлайди, деганидир.

Шукрнинг қоидалари:
Ферузободий айтади: «Шукр соликларнинг энг олий даражасидир. У ризо манзиласидан устундир. Чунки у ризони ўз ичига олади ва яна зиёда ҳам бўлади. Ризо шукрнинг ичида бўлади. Зотан ризосиз шукр бўлмайди. Шукр иймоннинг ярмидир. У беш қоида асосига бино қилингандир:
1. Шукр қилувчининг шукр қилинувчига хузуъи.
2. Шукр қилувчининг шукр қилинувчига муҳаббати.
3. Шукр қилувчининг шукр қилинувчи неъматини эътроф қилиши.
4. Шукр қилувчининг шукр қилинувчига неъмат учун мақтов айтиши.
1.Шукр қилувчининг ўзига етган неъматни неъмат берувчига ёқмаган нарсага ишлатмаслиги.
Бас, бу қоидалардан бирортаси йўқ бўлса, шукрда ўшанинг миқдорича нуқсон бўлади».

Шукрнинг турлари:
Шукр уч турга тақсимланади:
1. Қалб шукри. Бу неъматни тасаввур қилишдан иборат.
2. Тил шукри. Бу неъмат берувчига мақтов айтишдир.
3. Аъзолар шукри. Бу неъматга яраша мукофат ила бўлади.
Шукр ҳақидаги ояти карималардан намуналар:
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қиладир?! Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчи зотдир», деган (147 - оят).
Аллоҳ таоло ношукр ва кофир бандаларни нима учун азоблайди?
Уларни азоблашдан бир фойда топадими?
Ёки уларни азоблашдан лаззат оладими?
Албатта, Аллоҳ ношукр ва иймонсизларни азоблашдан ҳеч фойда топмайди ва уларни азоблашдан лаззат ҳам олмайди.
«Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қиладир?!»
Бу азобнинг асосий сабаби, банданинг шукр қилмагани ва иймон келтирмаганидир. Ношукр ва иймонсиз бу дунёда азобланса, қилган хатоси эвазига, тўғри йўлга қайтсин, деб қилинади. Уни охиратда азоблаш эса, ношукрлиги ва кофирлигининг жазосидир. Аслида,
«Аллоҳ шукр қилувчи ва билувчи зотдир».
Яъни, шукр қилган бандаларидан рози бўлади ва уларга улуғ ажрларни беради.
Бу оятда Аллоҳ таоло шукрни иймон билан тенглаштирмоқда.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз», деган (152 - оят).
Шукр қилиш неъмат берувчи зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган зотнинг розилиги учун ишлатиш билан бўлади. Аммо тили билан шукр деса-ю, амали билан Аллоҳнинг айтганидан бошқани қилса, куфрони неъмат қилган бўлади. Мўмин-мусулмон доимо Аллоҳни зикр этиб, унга шукр қилгандагина, иши олға босади.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло шукрни куфрнинг муқобилига қўймоқда.
Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида: «Бас, Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан ҳалол-пок ҳолида енг. Ва агар унга ибодат қиладиган бўлсангиз, Аллоҳнинг неъматига шукр қилинг», деган (114 - оят).
Одам Аллоҳ унга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсаларни ейиш билан бирга, Аллоҳнинг неъматига шукр ҳам этади. Бу эса, Аллоҳга ибодат қилиш доирасига киради. Шунинг учун ҳам оятда, «агар ибодат қиладиган бўлсангиз», дейилмоқда.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунлардан тутадир. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки шукр қилсаларингиз», деган (152 - оят).
Ҳа, Исломдаги ибодатларни фарз қилиб, бандалик бурчини адо этишга, гуноҳларни ювишга, ажр-савоб олишга шароит яратиб берган Аллоҳ таолони тинмай улуғлаб, унга доимо шукр қилиш керак. Ҳар бир фарз ибодат бандада Аллоҳ бошлаган ҳидоятнинг қадрига етиш ҳиссини кучайтириши керак.
Аллоҳ таоло «Намл» сурасида: «Китобдан илми бор шахс: «Мен уни сенга кўзингни очиб юмгунингча келтирурман», деди. Қачонки (Сулаймон) у(тахт)ни ўз ҳузурида қарор топганини кўргач: «Бу Роббимнинг фазлидандир. Мен шукр қиламанми ёки куфрони неъмат қиламанми, синаш учундир. Ким шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилур. Ким куфрони неъмат қилса, бас, Роббим беҳожат ва карамли зотдир», деди», деган (40 - оят).
Ҳа, Аллоҳ таоло баъзи бандаларига фазлидан бирон неъмат берадиган бўлса, унда синов ҳам бўлади. Қани, банда бу неъматга шукр қиладими ё ношукр бўладими? Яна шуни ҳам унутмаслик керакки, бундай неъматларга шукр ёки куфрони неъмат қилишнинг Аллоҳга ҳеч қандай фойда-зарари йўқдир. Нима бўлса, банданинг ўзига бўлади.
«Ким шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилур. Ким куфрони неъмат қилса, бас, Роббим беҳожат ва карамли зотдир».
Шукр қилган савоб олади. Аллоҳ унга берадиган неъматларини янада зиёда қилади. Куфрони неъмат қилган одам эса, гуноҳкор бўлади ва Аллоҳ берадиган неъматларини узиб қўяди. Аллоҳ бандасининг шукр қилишига эҳтиёжи йўқ, у карамли зотдир. У неъматларини Ўз карами ила беради, шукр учун эмас.
Аллоҳ таоло «Иброҳим» сурасида: «Ва Роббингиз сизга: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб билдирганини эсланг», деган (7 – оят).
Шукр неъмат берувчи зотга мақтов сўзларни айтиш ва ул неъматни Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлашдан иборатдир.
Берилган неъматга шукр этиш инсоннинг тўғри йўлда–мустақим эканлигини кўрсатади.
Шукр қилувчи инсон Аллоҳ таоло ўзини доим кузатиб туришини ҳис этади ва неъмат етганда зоҳир бўладиган манманлик, исроф ва шунга ўхшаш салбий ҳолатлардан холи бўлади. Натижада ўзига берилган неъматлардан фойдаланиб, яхши амалларни кўпайтиради.
Неъматга куфронда бўлиш эса, унинг Аллоҳ томонидан берилишини тан олмаслик, унга ҳамду сано айтмаслик ва неъматни номаъқул йўлларда ишлатишдан иборатдир. Етган неъматга куфрон этиш уни берган зотга–Аллоҳга куфр келтиришдир.
Бундай одамлар, неъматни менга Аллоҳ берди, демайди, балки, унга ўз илмим, ҳаракатим ва усталигим туфайли эришдим, дейди. Шу сабабдан ўзларидаги моддий имкониятларни ҳаром-хариш, манманлик, шуҳратпарастлик ва шунга ўхшаш салбий йўлларга ишлатадилар. Оқибатда қаттиқ азобга учрайдилар.
Ҳолбуки, шукр банданинг ўзига фойда келтиради, холос. Аллоҳ таоло унга ҳожатманд эмас.

Шукр ҳақида келган ҳадислардан намуналар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳга шукр қилмаса, одамларга ҳам ташаккур қилмайди», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида: «Одамларга ташаккур қилмаган, Аллоҳга шукр қилмайди», дейилган.
Аллоҳ таолонинг яхшилигини билмаган набокор банданинг яхшилигини билармиди! Бундай нусхалар доимо ва ҳар кимга нисбатан ношукр бўладилар. Аллоҳ таоло ўшалардан бўлишдан Ўзи асрасин! Омин!

Абдуллоҳ ибн Ғанном ал-Баёзий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким субҳ кирганда «Аллоҳумма маа асбаҳа бии мин неъматин фа минка ваҳдака лаа шарийка лака. Фалакал ҳамду ва лакаш шукр», деса, батаҳқиқ ўша кунининг шукрини адо қилибди. Ким худди ўшани кеч кирганда айтса, батаҳқиқ ўша кечанинг шукрини адо қилибди», дедилар».

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Роббим менга Макканинг Батҳосини олтин қилиб беришни таклиф қилди. Мен «Йўқ, эй Роббим! Лекин бир кун тўйиб, бир кун оч бўлганим яхши, деб уч ёки шунга ўхшаш айттилар ва давомида, «Оч қолсам Сенга тазарруъ қилиб, Сени зикр қилурман. Тўйган чоғимида Сенга шукр қилиб, ҳамд айтурман» дедим», дедилар».
Термизий ривоят қилган.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг қўлларидан ушлаб:
«Эй, Муоз, Аллоҳга қасамки, албатта, мен сени яхши кўрурман. Эй, Муоз, мен сенга ҳар бир намоздан кейин, «Аллоҳумма аъиннии ала зикрика ва шукрика ва ҳусни ибадатика» демоқлигингни тарк қилмасликни тавсия қиламан», дедилар».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Ушбу ривоятдаги дуонинг маъноси:
«Эй, бор Худоё, менга зикрингни, шукрингни ва ҳусни ибодатингни қилишга Ўзинг ёрдам бергин».

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда туравериб ҳаттоки қадамлари ёки болдирлари шишиб кетарди. Кейин У зотга (бу ҳақда) айтиларди. Бас, У зот, шукр қилувчи банда бўлмайманми?» дердилар».
Икки шайх, Насаий ва Термизий ривоят қилган.
Термизийниг лафзида:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқийвериб икки оёқлари шишиб кетди. Шунда У зотга:
«Сизнинг аввалгию охирги гуноҳингиз мағфират қилинган бўлса ҳам шунчалик такаллуф қиласизми?!» дейилди. Бас, У зот:
«Шукр қилувчи банда бўлмайманми?» дедилар».
Ё Аллоҳ!
Камтарликни қаранг!
Шукр қилишга бўлган интилишни қаранг!
Инсониятнинг улуғи бўлмиш, Аллоҳнинг энг севикли Пайғамбари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсум–гуноҳ қилмайдиган–зот эдилар. Бунинг устига Аллоҳ таоло У зотга Қуръонда, олдинги кейинги гуноҳларини –фаразан бўлса-мағфират қилганини эълон ҳим қилган эди.
Дунёда таҳажжуд намозига эҳтиёжи йўқ битта одам бўлса, ўша одам, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар. Лекин, шундоқ бўлса ҳам, таҳажжудни кўп ўқиганларидан оёқлари шишиб кетибди. Бу ҳолга етишдан мақсад битта, шукр қилувчи банда бўлиш.

Шукрнинг фойдаларидан:
1.Шукр иймоннинг мукаммалигидир.
2.Шукр Исломнинг гўзаллигидир.
3.Шукр неъмат берувчи ва неъматнинг эътирофидир.
4. Шукр неъматнинг муҳофазасидир.
5. Шукр неъматнинг зиёда бўлишига сабабдир.
2.Шукр Роббнинг розилиги сабабидир.
3.Шукр Роббнинг муҳабати сабабидир.
4.Шукр халқниннг муҳаббати сабабидир.
5.Шукр нафс хотиржамлиги ва ақл комиллигидир.
Имом Байҳақий қилган ривоятда ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Албатта, неъмат шукр ила улангандир. Шукр эса зиёдага боғлангандир. Уларнинг иккиси бир жойга жойлаштирилгандир. Бандандан шукр узилмагунича Аллоҳдан зиёда қилиш узилмайдир».
Имом Ибн Можа ва Ибн Асокирлар Муҳаммад ибн Каъб ал-Қаразийдан келтирган ривоятда ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Аллоҳ шукр эшигини очиб, зиёда эшигини беркитиб қўймас. Аллоҳ дуо эшигини очиб, қабул эшигини беркитиб қўймас. Аллоҳ тавба эшигини очиб, мағфират эшигини беркитиб қўймас.
Сизларга Аллоҳнинг китобидан тиловат қилиб берурман. Аллоҳ таоло, «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман», деган.
У зот яна, «Агар шукр қилсангиз, зиёда қилурман», деган.
У зот яна, «Мени зикр қилинглар, сизни зикр қилурман», деган.
У зот яна, «Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли зот топадир», деган».
Рустам ўз сўзида Форсларни улуғлади. Арабларни ерга урди. Уларнинг ҳолати ёмон бўлганлиги ва ночор яшаганларини эслади.
Муғийра: «Аммо сен бизнинг ёмон ҳолатда, ночор ҳаётда ва ихтилофда эканлигимиз ҳақида қилган васф тўғри. Буни инкор қилмаймиз. Дунё айланиб туради. Шиддатдан кейин фаровонлик келади. Агар Аллоҳ сизга берган нарсаларга шукр қилганингизда ҳам, шукрингиз сизга берилган нарсадан оз бўлар эди. Аммо шукрнинг озлиги сизнинг ҳолингизни ўзгартирибди. Аллоҳ бизга бир Пайғамбар юборди», деб ўзидан олдингиларнинг гапини такрорлади.
Машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳақиқий тақвони:
«Аллоҳга итоат этиб, исён этмаслик, уни эслаш ва унутмаслик, унга доимо шукр қилиб, куфр кетмаслик», деб таърифлаганлар.

ШУКРНИНГ ҲАҚИҚАТИ

Албатта, шукр соликлар мақомотидан биридир. У ҳам бошқа мақомотлар каби илм, ҳол ва амал ила юзага келади. Ушбу нарсаларни яхшилаб ўрганиб чиқилса шукрнинг ҳақиқатини англаб олиш мумкин бўлади. Зотан бошқа барча гаплар бу маънони иҳота қилишга етишмайди.

- Илм.
Бу асос бўлиб, ундан ҳол пайдо бўлади. Илм уч нарсани - неъматнинг ўзини, унинг ҳақида неъмат эканини ва неъмат берувчининг зотини, неъмат бериш учун зарур бўлган сифатларини ва ўша Зотдан унга неъмат содир бўлишини – билишдан иборатдир.
Демак, неъмат, неъмат берувчи ва неъматланувчи бўлиб, унга неъмат берувчидан неъмат қасд ва ирода ила берилиши керак. Ушбу ишларнинг барчасини билиш лозим. Булар Аллоҳ таолодан бошқа неъмат берувчиларга оиддир. Аллоҳ таоло ҳақида эса барча неъматлар Аллоҳ таолонинг Ўзидан эканини, фақат Унинг Ўзигина неъмат берувчи эканини ва воситачилар Унинг томонидан беминнат хизматкор қилинганини билиш лозим.
Худди шу маърифатдан тавҳид ва тақдис келиб чиқади. Иймон маърифатлари ичида тақдис биринчи ўринда туради. Қачон маққадас зотни таниса ва ўша зотдан бошқа бирорта мақаддас йўқлигини билиб етса, тавҳид бўлади.
Сўнгра дунёдаги ғарча нарсалар мазкур Биттадан вужудга келганини билади. Барча нарсалар унинг неъмати бўлади. бу маърифат тақдис ва тавҳиддан кейинги учинчи ўриндаги маърифат бўлади.
Демак, барча нарса Аллоҳ таолодан эканига маърифат ҳосил қилмагунингча шукр қила олмайсан. Агар бу борада озгина шубҳанг бўлса ҳам на неъматни, на неъмат берувчини таниган бўласан. Маърифатинг ноқис бўлиши ила ҳолинг ноқис бўлади. Ҳолнинг ноқислиги амалнинг ноқислигига олиб боради.

- Ҳол. 
Неъмат берувчининг инъомидан ҳосил бўлган хузуъ ҳамда тавозуъ аралаш қувончга ҳол дейилади. Бу нарса қувонч шукр бўлиши учун асосий шарт, қувонч неъмат ёки инъомдан эмас, балки неъмат берувчидан бўлиши керак.

- Амал.
Неъмат берувчининг мақсадидаги ва унга маҳбуб бўлган нарсани қилиш амал дейилади. Амални неъмат берувчининг маърифатидан ҳосил бўлган қувонч ила қилинади.
Бу борадаги амал дил, тил ва аъзоларга боғлиқ бўлади.
Дил билан шукр қилиш барча халққа яхшиликни қасд қилиш билан бўлади.
Тил билан шукр қилиш Аллоҳ таолога ҳамду сано сўзларини изҳор қилиш билан бўлади.
Аъзолар билан шукр қилиш Аллоҳ таолонинг неъматларини У зотнинг тоатига ишлатиш ва маъсиятига ишлатмаслик билан бўлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мурид бозорга кираётиб, қуйидаги ҳадисда келган дуони ўқийди. . ,. . , . ,. .Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий давоми...

2223 12:30 / 29.12.2018
Тасаввуфга бўлган дастлабки алоқани камина ходимингиз хотирасидаги баъзи чизиқлар орқали англашга ҳаракат қилиб кўрайлик.Оққорани ажрата бошлаганимизда, давоми...

4782 14:29 / 18.10.2018
.Иймон, ndash эътиқод масалаларига оид илоҳий таълимотлар тўплами бўлиб, уни ўргатадиган илм .ақийда илми, деб аталади.Ислом динининг амалий қисми .шариат, дейилади. давоми...

5024 13:04 / 21.11.2018
.Лаа илааҳа иллаллоҳу, ndash .Аллоҳдан бошқа илоҳ ибодатга сазовор зот йўқ,. Ушбу калима тавҳид калимаси бўлиб, барча набийлар ўз умматларини шунга даъват қилган. Ушбу давоми...

1320 00:00 / 27.11.2022
Аудиолар

118745 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40706 14:35 / 11.08.2021