1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Сунний тасаввуф

05:00 / 28.02.2017 4013 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сунний тасаввуф ўзи нима ва унинг вазифаси нимадан иборат? Аввало, турли омилларга кўра «тасаввуф» сўзи орқали ифода қилинаётган ҳақийқатнинг «руҳий тарбия», «тазкиятун-нафс», «сулук» ва шунга ўхшаш маънолар билан ифода қилинганини айтиб ўтмоғимиз лозим.

Қуръони Каримда дийнимизнинг шўъбаларидан ва нубувват орқали келган муҳим нарсалардан бири бўлган бу ҳақийқатни «тазкия» – «поклаш» деб аталган. Тазкия Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган тўрт муҳим нарсадан бири сифатида зикр қилинган.
Аллоҳ таоло «Жумуъа» сурасида қуйидагиларни айтади:
«У зот саводсизлар ичидан, гарчи улар бундан аввал очиқ залолатда бўлсалар ҳам, уларга оятларини ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда китобни ва ҳикматни ўргатадиган Расулни юборди» (2-оят).
Биз «саводсиз» деб таржима қилган маъно араб тилида «уммий» дейилиб, бу сўз ўқиш-ёзишни билмайдиган шахсга нисбатан ишлатилади. «Умм» – «она» дегани. Яъни, онадан туғилгандек ўқиш-ёзишни ўрганмай юрган, деган маънони тушуниш керак. Ўша давр араблари «уммий қавм» дейилган, чунки уларнинг ичларида ўқиш-ёзишни биладиганлари жуда оз бўлган.
Набийимиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўқиш-ёзишни мутлақо ўрганмаганлар. Албатта, Аллоҳ таолонинг улкан ҳикмати туфайли шундай бўлган. Нега ҳикмат деяпмиз? Чунки, саводсиз жамиятда уммий бўлиб ўсган, умрида ҳеч нарса ўқимаган-ёзмаган, ўзга дийнлар шариат ва маданиятларидан бехабар вояга етган, Аллоҳнинг Расули бўлганларидан кейин ҳам ўқиш-ёзишни ўрганмаган бир одам қирқ ёшга тўлганларида Аллоҳнинг иродаси билан халқларни дунёда энг мукаммал дийн бўлмиш Исломга даъват қила бошладилар.
Энди бевосита ояти кариманинг шарҳига ўтайлик.
«У зот саводсизлар ичидан, гарчи улар бундан аввал очиқ залолатда бўлсалар ҳам», Расул юборди.
Аллоҳ таоло арабларга ўзлари ичидан чиққан ва ўзларига ўхшаш уммий кишини элчи қилиб юборганини миннат қилмоқда. Бу элчи Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Бу элчининг вазифалари жумласига қуйидагилар киради:
Ўша уммий Расул арабларга
«...уларга оятларини ўқиб берадиган...»
Яъни, Расулуллоҳ алайҳиссалом ўзларига Аллоҳ томонидан тушаётган Қуръони Карим оятларини уммий қавмларга етказадилар;
«...ва уларни поклайдиган...»
Яъни, ўша Расул уларни куфр ва гуноҳлар ботқоғидан поклайди. Уларнинг қалбларини, руҳларини, виждонларини, муомалаларини, хуллас, барча-барча тарафларини поклайди.
Ўша поклаш «тазкиятун-нафс» – «нафсни поклаш» деб аталиб, мўминларнинг нафсларини кучлантириб сайқаллаш, уларга фазийлатларни касб қилдириш, уларни разолатлардан холий қилиш билан бўлади.
«...ҳамда китобни ва ҳикматни ўргатадиган Расулни юборди».
«Китоб»дан мурод Қуръони Каримдир, яъни, ўша Расул уларга Қуръон таълимотларини, ундаги амрларни, қайтариқларни ва аҳкомларни ўргатади.
«Ҳикмат»дан мурод эса Набийимизнинг суннатларидир. «Суннат» Набий алайҳиссаломнинг сўзлари, қилган ишлари ва ўзгалар томонидан айтилган сўз ёки қилинган ишни маъқуллаганликларидан иборатдир. Суннат мусулмонлар учун Қуръондан кейинги иккинчи манбаъ ҳисобланади. Дийнимизнинг кўпгина аҳкомлари, ҳаётимиздаги зарур таълимотлар Набий алайҳиссаломнинг суннатлари, ҳадисларидан олингандир.
«...гарчи улар бундан аввал очиқ залолатда бўлсалар ҳам...» дегани, Исломдан олдин дунё халқлари қаттиқ адашишда эканлиги, улар жаҳолат ботқоғида қулоқларигача ботиб ётганлигига ишоратдир.
Демак, тазкиятун-нафс Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бажаришлари лозим бўлган тўрт муҳим нарса: оятларни уммийларга тиловат қилиб бериш, уларга китобни таълим бериш, уларга ҳикматни ўргатиш ва уларни поклашдан биридир.
Нафсни поклаш ҳақида юқоридаги оятдан бошқа ояти карималар ҳам бор.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Шунингдек, ичингизга ўзингиздан, сизларга оятларимизни тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, сизларга китобни, ҳикматни ва билмайдиган нарсаларингизни ўргатадиган Расул юбордик» (151-оят).
Эътибор қилинса, ушбу оятда олти муҳим нарса ҳақида сўз бормоқда:
Биринчидан, ўзингиздан танлаб Расул юбордим, дейилмоқда.
Иккинчидан, у Расул сизларга оятларимни тиловат қилиб беради, дейилмоқда.
Учинчидан, сизларни поклайди, дейилмоқда.
Тўртинчидан, у Расул сизларга китобни – Қуръонни ўргатади, дейилмоқда.
Бешинчидан, ҳикматни ўргатади, дейилмоқда.
Олтинчидан, билмайдиган нарсаларингизни ўргатади, дейилмоқда.
Мазкур ишларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким бундай неъматларни ато эта олмайди. Ана ўша муҳим ишлар ичида тазкия ҳам бор.
Аллоҳ таоло «Аълаа» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Батаҳқиқ, ким пок бўлса, ютуқ топадир. Ва Робби исмини зикр қилса ва намоз ўқиса ҳамдир» (14-, 15-оятлар).
Ҳа, охиратда ютуққа эришиш учун, катта оловга кириб куймаслик учун, ўша олов ичида на ўлмай ва на тирилмай ашаддий азобда қолмаслик учун ҳар бир банда бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳлардан пок бўлиши, ўз Роббини зикр қилиб, намоз ўқиши шарт.
Бу ердаги покланиш ва зикрдан сиз билан биз ўрганаётган ҳақийқат кўзда тутилган.
Аллоҳ таоло «Шамс» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Ва нафс билан ва унинг мукаммал қилиниши билан қасам. Бас, унга фужурини ва тақвосини билдирди. Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди. Ва батаҳқиқ, ким у(нафс)ни кирласа, ноумид бўлди» (7 – 10-оятлар).
Аллоҳ таоло инсоннинг нафсини Ўзи яратади. Яратганда ҳам, ажойиб қилиб, камолга эришиш истеъдодига эга қилиб, ҳамма нарсасини мўътадил қилиб, турли қувват ва қобилиятларга эга қилиб, ақлли қилиб яратади. Инсон ўзини беками-кўст қилиб яратган Аллоҳ таолога иймон келтириши ва Унга итоату ибодат қилиши лозим ва лобуддир.
Аллоҳ таолонинг шунча нарсалар билан қасам ичишидан мақсад улардан кейин келадиган масалага, яъни инсон нафсининг пок бўлишига эътиборни тортиш, унинг аҳамиятини орттиришдир.
«Бас, унга фужурини ва тақвосини билдирди.»
Яъни, Аллоҳ таоло инсон нафсини беками-кўст қилиб яратган бўлишига қарамай, унга, унинг нафсига фужур йўли нимаю, тақво йўли нима эканини баён қилиб ҳам берди. Яхши нима – ёмон нима, иймон нима – куфр нима, савоб нима – гуноҳ нима, ҳидоят нима – залолат нима, ҳамма-ҳаммасини тушунтириб берди.
Ана шундан кейин энди:
«Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди».
Яъни, ким ўз нафсини куфрдан, ширкдан, нифоқдан, турли ёмонлик ва гуноҳлардан покласа, икки дунёда ютуққа эришади.
«Ва батаҳқиқ, ким у(нафс)ни кирласа, ноумид бўлди.»
Яъни, ким ўз нафсини куфр, ширк, нифоқ, турли ёмонлик ва гуноҳлар ила ифлос қилса, икки дунёда ноумид бўлади, ҳасратга учрайди.
Ушбу оятлардан тазкиятун-нафс – нафсни поклаш дийнимиздаги энг муҳим ишлардан бири эканини англаб оламиз. Бу муҳим ишни амалга оширадиган, йўлга қўядиган, ўргатадиган илмни «тасаввуф» деб аташ урф бўлиб қолган. Уни бошқа номлар билан атаса ҳам бўлар эди. Аммо, нима учундир, айни «тасаввуф» деган ном аталиб қолган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаи киромларининг буюк ҳаётларига диққат билан назар соладиган бўлсак, тазкиятун-нафс, ихлос ва ахлоқнинг олий намуналарини кўрамиз.
Улар шариатнинг амр этган нарсалари бўлган ибодатларни адо этишда бўлсин, юриш-туришда бўлсин, қироату тасбиҳда бўлсин, дуо ва зикрда бўлсин, касбу муомалада бўлсин–ҳар қандай ҳолатда ҳам ихлос, сабр, зуҳд, адаб, ҳаё, хушуъ, хузуъ, шавқу завқ каби олиймақом даражаларда бўлганларини кўрамиз.
Албатта, бу ҳолатларни диққат билан ўрганган одам у зотларни худди бошқа оламдан келган, ўзига хос ҳис-туйғу билан яшаётган, нафас олаётган кишилар деб ўйлар эди. Чунки, улар Аллоҳ таоло ила доимий алоқа ҳисси билан ҳаёт кечирар эдилар.
Худди шу маъно Набий соллаллоҳу алайҳи ва­салламнинг ҳадиси шарифларида «эҳсон» деб аталганини ҳар бир киши алоҳида эҳтимом билан ўрганмоғи лозимдир.
Илм аҳллари орасида «Жаброил ҳадиси» номи билан машҳур бўлган ҳадиси шариф ўзида улкан маъноларни мужассамлаштирган бўлиб, уни алоҳида эътибор билан ўрганилса, жуда кўп фойдалар ҳосил бўлади. Келинг, бу ҳадиси шарифни қўлдан келганича ўрганиб чиқайлик.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан, устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва:
«Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ислом – «Лаа илаҳа Иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», – дедилар.
«Тўғри айтдинг», – деди у.
Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
«Менга Иймон ҳақида хабар бер», – деди.
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Расулларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», – дедилар.
«Тўғри айтдинг», – деб тасдиқлади ва:
«Менга эҳсон ҳақида хабар бер», – деди.
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», – дедилар.
«Менга (қиёмат) соатидан хабар бер», – деди.
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», – дедилар.
«Унинг аломатларидан хабар бер», – деди.
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Чўри ўз хожасини туғмоқлиги, ялангоёқ, яланғоч, камбағал ва чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», – дедилар.
Сўнгра у қайтиб кетди. Бас, мен бирмунча вақт ғойиб бўлдим. Сўнгра у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Эй, Умар, сўровчи кимлигини билдингми?» – дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», – дедим.
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, у Жаброилдир. Сизларга дийнларингиздан таълим бергани келибди», – дедилар».
Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шариф инсон васфига ожиз бўлган улкан ҳақийқатларни ўз ичига олган. Чунки, унда Ислом, иймон, эҳсон нималиги ва қиёмат куни ҳақида маълумотлар берилмоқда. Ҳадиснинг охирида эса ушбу нарсаларнинг жамъи «дийн» деб аталмоқда.
Бу ҳадисда дийний таълим беришда амалий – кўргазмали дарс кўриниши баён қилинмоқда.
Имом Муслим Аммор ибн ал-Қаъқоъдан ривоят қилишларича, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар ичида ўтириб:
«Мендан сўрайдиган нарсангизни сўраб олинглар», – дедилар. Одамларни ҳайбат босиб, бирор нарсани сўрай олмай қолдилар. Шунда, ҳадисда васф қилинган, оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора, ўзида сафарнинг асари йўқ, ҳеч кимга таниш бўлмаган бир одам кириб келган ва васф қилинган ҳайъатда ўтириб олиб, ҳамма учун ўта муҳим бўлган саволларни бера бошлаган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол берувчининг,
«Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деган саволига:
«Ислом – «Лаа илаҳа Иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», деб жавоб бердилар.
Дийннинг амалий қисми бўлган шаҳодат калимасини айтиш, намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш ва ҳаж қилиш каби ибодатларнинг «Ислом» деб аталишини шундан билиб оламиз.
Сўровчининг:
«Менга иймон ҳақида хабар бер», деган сўровига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Расулларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», деб жавоб бердилар.
Бу, иймоннинг шаръий маъносидаги, яъни, шариат бўйича «Иймон» деб нимага айтилади, маъносидаги саволдир.
Жавобда эса, шариат бўйича иймоннинг бош масалалари ҳисобланган нарсалар умумий кўринишда айтилмоқда.
«Аллоҳга иймон келтириш» дейилгани, умумий гап. Лекин шариатга кўра, «Аллоҳнинг борлигига ишонаман» дейиш билан иш битмайди. Аллоҳга иймон келтиришни тафсилоти билан билиш лозим. Аллоҳ таоло Ўзи айтганидек, У зотнинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам васф этганларидек, иймон келтирмоқ лозим. Аллоҳнинг борлигига, қадимийлигига, азалийлигига, абадийлигига, исмларига, сифатларига ва ишларига тўғри равишда иймон келтиришлик лозим.
Шунингдек, Аллоҳнинг фаришталарига иймон келтириш уларнинг борлигига иймон келтириш билан тугал бўлмайди. Фаришталарга тугал иймон Аллоҳ таоло ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек бўлиши керак. Уларнинг васфларига, хизматларига ва хусусиятларига иймон келтириш лозим.
Шунингдек, Аллоҳ таолонинг китобларига, Расулларига иймон келтириш ҳам Қуръон ва Суннат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши лозим. Охират кунига бўлган иймон ҳам, яхшию ёмон қадарга иймон ҳам шариат кўрсатмаси бўйича бўлиши лозим. Бу ишда бировга тақлид қилиш билан иш битмайди. Шунинг учун, ҳар бир мусулмон ақийда масалаларини биладиган тақводор уламолардан ўрганиб олмоғи зарур. Иложи бўлса, ақийда китобларидан бирортасини ўрганиш, мухтасар матнлардан бирини ёдлаб олиш лозим.
Дийннинг эътиқод қисмига оид таълимотлари «иймон» деб аталишини шундан билиб оламиз.
Савол берувчининг учинчи саволи:
«Менга эҳсондан хабар бер», дейиш бўлди.
Бу ҳадиси шарифнинг сиз билан бизга ҳозирги баҳсимиз учун керакли жойи айнан шу ердан бошланади.
«Эҳсон» луғатда «яхшилик, гўзал иш» маъносини англатади. Унинг бу ҳадисдаги маъносини уламолар «ихлос» маъносида, деганлар.
Жавобда эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг оз сўзлари билан кўп маънони ифода эта олиш қобилиятларини кўрсатадилар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳсон таърифида:
«Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар, сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.
Ушбу таърифни ва у орқали «эҳсон»ни тўлиқ ва тўғри тушуниш учун аввало «ибодат» сўзи маъносини батафсил англаб олмоғимиз лозим.
Бизда «ибодат» деганда намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳаж қилиш каби нарсалар тушунилади. Албатта, бу нарсалар улкан ибодатлардир. Лекин ибодат маъноси фақат ушбу нарсалар билан чегараланмайди.
Бу сўз «абада» феълидан олинган бўлиб, «қуллик қилди» – «қул бўлди» маъносини билдиради. Абдуллоҳ – Аллоҳнинг қули, деганидир. Демак, ибодат – қуллик қилиш маъносидадир. Бу маъно форсчасига «бандалик» дейилади. Агар намоз, рўза ва ҳажнигина ибодат дейдиган бўлсак, ўша ибодатларни адо этиш пайтида Аллоҳга қуллик қилинади-ю, ундан кейин Аллоҳга қуллик тўхтайдими? Унда инсон намоз, рўза ва ҳаждан бошқа вақтда кимга қуллик қилади? Инсон намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳаж қилаётганда Аллоҳни кўриб тургандек бўлишга ҳаракат қилиши лозим-у, бошқа вақтда лозим эмасми? Ёки ўша ибодатлар пайтида «Аллоҳ мени кўриб турибди» деб тасаввур қилиши кераг-у, бошқа вақтларда «кўрмаяпти» деб ўз билганини қилавериши керакми?
Йўқ, асло ундоқ эмас! Аллоҳ таолога инсоннинг бандалиги – қуллиги доимийдир. Намоз ўқиётган инсон ҳам, ухлаётган инсон ҳам Аллоҳ таолонинг бандаси. Рўза тутаётгани ҳам, рўза тутмаётгани ҳам Аллоҳ таолонинг бандаси. Ҳаж қилаётган ҳам, иложини қила олмай ҳаждан қолган ҳам Аллоҳ таолонинг бандаси.
Гап, фақат, ўша банда ўзининг бандалигини тан олишида! Яъни, «Аллоҳнинг қулиман» деган одамнинг Аллоҳ таолога ҳақийқий қуллик қилишида!
Бошқача қилиб айтганда, ҳаётнинг ҳамма соҳаларида Аллоҳнинг айтганини қилиб яшашида! Бир хўжайиннинг хожалигини бўйнига олиб, унга хизматкор бўлган шахс хожасининг айтганларини қилмаса, хизматкорлиги қолмайди. Хожасидан қилмишига яраша жазо олишига тўғри келади. Аллоҳ таолога қул бўлгандан кейин ана шу қулликни ўрнига қўйиб яшамоқ керак.
Шунинг учун ҳам, уламоларимиз: «Аллоҳнинг розилигига етказадиган ҳар бир иш ибодатдир», дейдилар.
Шундан келиб чиқиб, мусулмон одам ҳар лаҳзада Аллоҳ таолони кўриб тургандек ихлос билан яшамоғи, У зотнинг розилигини олишга ҳаракат қилмоғи керак. Агар бу олий мақомга эришишга ожизлик қилса, ҳар лаҳзасини «Аллоҳ таоло мени кўриб турибди» деган эътиқод билан ўтказиб, ўшанга яраша ҳаракатда бўлмоғи лозим. Ана ўшандагина эҳсоннинг қуйи даражасига эришади.
Агар бу даражага эриша олмаса, намоз вақтида Аллоҳ таолога, касбу кор пайтида эса молу-дунёга бандалик қилади. Рўза пайтида Аллоҳ таолога, овқатланиш пайтида қорнига бандалик қилади.
Демак, эҳсон банданинг Аллоҳ таолони кўриб тургандек ихлос билан ибодат қилмоғи, ҳаёт кечирмоғидир. Жуда бўлмаса, «Аллоҳ мени кўриб турибди» деган ишонч билан, ўшанга яраша амал билан яшамоғидир. Бу даражага етмаган шахс эса, ҳали эҳсон ва ихлос даражасига етмаган бўлади.
Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, иймон, ислом ва эҳсоннинг қўшилувидан дийн ҳосил бўлар экан.
Иймон – эътиқод масалаларига оид илоҳий таълимотлар тўплами бўлиб, уни ўргатадиган илм «ақийда илми» деб аталади.
Ислом дийнининг амалий қисмини «шариат» дейилади. Бунга оид дийний таълимотларни ўргатадиган илм «фиқҳ илми» деб аталади.
Эҳсон – дийннинг қалбга боғлиқ тарбия қисми бўлиб, уни «тарийқат» ҳам дейилади. Бунга оид дийний таълимотларни ўргатадиган илм, одатда, «тасаввуф илми» деб аталадиган бўлиб қолган.
Буларнинг ҳаммаси биргаликда «дийн» дейилади. Чунки, бошқа бир ривоятда айтилишича, ушбу нарсаларни сўраган шахс қайтиб кетганидан сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга:
«Уни қайтаринглар», дедилар.
Саҳобаи киромлар қараб, ҳеч кимни кўрмадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:
«Бу Жаброилдир. Одамларга дийнларини ўргатгани келибди», дедилар.
Яъни, унинг саволлари одамларга дийнларини ўргатиш мақсадида берилган эди, дедилар. Бинобарин, ушбу саволларда зикр қилинган масалаларнинг мажмуаси «дийн» эканлиги тушунилади.
«Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турганидек ибодат қилмоғинг.»
Бу шиор тасаввуфнинг умумий шиоридир. Аммо, унинг вазифасини майдалаб тушунтиришдан аввал тасаввуфнинг илк босқичларини ўрганиш зарур. Чунки, юқорида ҳам айтиб ўтганимиздек, бугунги тасаввуф зиддиятлар майдонига айланиб қолган. Бу зиддиятларга асосли жавоб бериш учун ҳам тасаввуфнинг илк босқичларини, биринчи мутасаввифларни билмоқ зарурдир.
Энг биринчи мутасаввиф ким, деган саволга бироз шошилмай жавоб бериш керак. Зеро, бугунги кундаги тарийқатларнинг ҳаммаси ўз тарийқатларининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам турганларини иддао қилсалар ҳам, улардаги кўпгина усул ва қоидалар айнан шу тарзда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида, саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг даврларида бўлмагани кишини ўйга толдиради.
Агар кенг ва чуқур маънода тасаввуфга ёндошадиган бўлсак, энг биринчи мутасаввиф Одам алайҳис­салом бўладилар. Зеро, тасаввуфнинг асли бандаликни тан олмоқ ва Роббни танимоқдир. Бу борада Одам алайҳиссаломнинг мавқифлари ғоятда ибратлидир. Ул зот бобаракот илк нафаслариданоқ Роббни танидилар ва илк каломлари Роббул оламийнга ҳамд айтиш бўлди.
Яъни тасаввуфдаги биринчи мақом – иймондир. Лекин бу ҳали тўлиқ маънодаги иймон эмас. Балки фақатгина Яратувчи Зотнинг борлигини ва ўзини унга тобеълигини англаш холос.
Ҳали Унинг исмларини, сифатларини ва махлуқларини билмасданоқ Унинг ягона илоҳ эканини англаш ва Унга иймон келтириш, ҳамд айтиб Уни улуғлашдир.
Айни пайтда шу заифгина иймондан, иймони сағийрдан тасаввуфнинг иккинчи мақоми ҳам юзага келади. Бу, яккаю ягона Илоҳнинг ҳам бизга номаълум барча исм ва сифатларини ва махлуқларини ҳам Ўзи билдирган даражада билиш ва Унинг ҳукмларига бўйин эгиш, яъни таслим бўлишдир. Яъни, тасаввуфнинг иккинчи мақоми – ўзининг мусулмонлигини, Яратувчи ягона Зотнинг барча ҳукмларига бўйин эгишни изҳор этишдир. Бу изҳор ҳам қалбан, ҳам лафзан ва ҳам амалан бўлиб, банданинг тўлиқ таслимини ифода этади.
Ва бундан чиқадиган хулоса иймони кабийрдир, яъни тўлиқ иймондандир. Тўлиқ иймон айни пайтда, тўлиқ таслимни талаб қилади.
Бинобарин, боҳисларнинг «Иймон аввалми, исломми?» ёҳуд «Ислом ва иймон орасидаги фарқ нима?» каби саволарига жавоб ҳам шу мавқифдан аён бўлади. Яъни тўлиқ маънода иймонсиз ислом, исломсиз иймон бўлмайди.
Бинобарин, мўмин айни пайтда мусулмон ва муслим айни пайтда мўмин ҳисобланади.
Албатта, кўпгина фуқаҳоларимиз иймони сағийрни биринчи ўринга қўядилар ва «Роббни танигандан кейин, унга иймон келтиргандан кейин банданинг оқибати хайрли бўлаверади», деб ўйлайдилар.
Лекин Каломи Шарифда Аллоҳ таоло «Бугун сизга дийнингизни мукаммал қилиб бердим», деб айтиб қўйган. Бинобарин, бу Каломидан сўнг иймони сағийр банданинг саодати учун кифоя қилмайди.
Аллоҳ таоло дастлаб Одам алайҳиссаломдан кўп нарсани талаб қилмаган эди. Ўзи рухсат берган неъматлардан баҳраманд бўлиш ва бор-йўғи биргина тақиққа амал қилиш талаб қилинганда Одам алайҳиссаломдан. Ва бунинг сири Одамнинг исломини – таслимини синаш эди. Отамиз Одам алайҳиссалом иймондан ажрамаган ҳолда исломда, яъни амалда хато қиладилар. Манъ қилинган дарахтга рағбат қилишлари билан отамиз Одам алайҳисаломнинг исломи бузилди, яъни таслим мақомидан чиқдилар. Отамиз Одам алайҳиссаломнинг жаннатдан чиқишларига сабаб у кишининг иймонсизликлари эмас, балки таслимларининг – исломларининг гўзал сувратда бўлмаганидир.
Ислом – амал демакдир. Қалбан, лафзан ва амалан содиқ бўлмоқдир. Бинобарин, исломнинг иккинчи исми сидқдир. Лекин сидқ мақоми исломнинг энг қуйи даражасидир. Зеро, бу мақомда амал фақат фикран зоҳир бўлади. Амалнинг тўлиқ зоҳир бўлиши исломдир. Яъни банда учун исломдан кўра олийроқ мақом йўқдир.
Бас, Одам алайҳиссалом қалбан ва лафзан Аллоҳ таолонинг итоатидан чиқмаган ҳолда амалан хато қилдилар. Содиқлик мақомидан чиқдилар. Исломларига футур етди.
Бас, жаннатдан чиқарилдилар.
Ҳеч нарса Аллоҳ таолонинг амрисиз содир бўлмаса, отамиз Одам алайҳиссаломнинг гуноҳлари нима эдию, шайтон алайҳилаънанинг гуноҳи нима эди?!
Ҳолбуки, Шайтон алайҳилаъна ҳам отамиз Одам алайҳиссалом яратилгунларича ҳеч исён қилмаган, аксинча, Аллоҳ азза ва жаллага қуллигини энг гўзал сувратларда изҳор қилган эди-ку?!
Бунинг сири шундаки, Аллоҳ таоло Одамни яратганда унинг нафсини ҳайвоний ва малакий сифатларга мойил қилиб халқ қилди. Ва танлаш ихтиёрини берди. Ва бу ихтиёр Иблисга лаънат тамғаси илинмасидан аввал унда ҳам бор эди. Иблис ўтдан яратилган ва нафси ёмонликка мойил бўлса-да, Аллоҳ таолонинг қадари ила, то Одам алайҳиссалом яратилгунича, тоати ва ибодати билан иззат топди. Аммо Одам яратилганда ва Аллоҳ таолонинг амрига бўйсунган барча фаришталар унга сажда қилганларида, Иблис сажда қилишдан бош тортди. Зеро, унинг нафсидаги яширин «мен»и зоҳир бўлди.
Итоб қилинганда эса, тавба қилиш ўрнига ўзининг Одамдан афзал эканини айтиб саркашлик қилди. Мана шу кибри сабабли бўйнига тавқи лаънат осилди.
Чунки, у ўзи билиб-билмай, нафсининг сўзига кириб такаббурлик қилди. Кибриё сифати Яккаю Ягона Роббул оламийнга хос эканини, махлуқ камтар ва итоатгўй бўлиши лозимлигини унутди.
Орада йиллар ўтиб, Одам алайҳиссаломнинг вафотларидан сўнг тавбага йўл очилганда яна нафсининг сўзига кириб, «Ўзига сажда қилмагандим, қабрига сажда қиламанми?» деб гумроҳлик қилди.
Ҳолбуки, нафсининг сўзига кирмаганида, сажда Аллоҳ таолонинг қудрати учун эканини англарди.
Шунчалик обид, шунчалик олим бўлишига қарамай нафсига мағлуб бўлди.
Отамиз Одам алайҳиссалом эса, нафслари хоҳишига қараб эмас, Иблис алайҳилаънанинг васвасасига алданиб, гуноҳ содир этдилар. Аммо, Иблис алайҳилаънага ўхшаб гуноҳларидан тонмадилар ҳам, айбни бировга тўнкамадилар ҳам. Аксинча, гуноҳларини бўйинларига олиб, нафсларини маломат қилиб, дарҳол, Аллоҳ таолога тавба изҳор қилдилар. Чунки, Иблиснинг васвасаси ҳам бир синов эди. Шунчалик иззат-икром этилган Одам алайҳиссаломнинг нафслари учун, исломлари учун синов эди. Зеро, банданинг бандалиги, мўмин-му­сул­мон эканлиги, унинг иймону исломи Роббул оламийннинг амр ва наҳйиларига сўзсиз ва тўла-тўкис бўйсуниб, итоат этишда намоён бўлади.
Бас, ким Аллоҳ таолонинг амр ва наҳйиларидан бирортасига итоат этмаса, эътироз билдирса ёки ҳатто шубҳа қилса, иккиланса, унинг иймони Иймон эмас, исломи Ислом эмас.
Одам Аллайҳиссаломни арзимаган бир нарса билан синашнинг ҳикмати ҳам, сири ҳам шу, ҳақийқатни билдириб қўйиш эди.
Отамиз Одам алайҳиссалом бу ҳақийқатни тез англадилар ва дарҳол тавба қилдилар.
Демак, иймону исломдан кейин банданинг энг юқори мақоми тавба экан.
Барча тарийқатларда тавба солих учун энг биринчи шарт қилиб қўйилгани ҳам бежиз эмас.
Аммо, тасавуфнинг барча тарийқатлари сайри сулукни тавба мақомидан бошлаб тўғри қиладиларми? Бу йўлни охирги манзили ҳақида ихтилофли фикрлар нега бунча кўп? Вахдати вужуд, вахдати шуҳуд, комил инсон ва тасаввуфдаги турли мақомотлар борасида шариат ва тарийқат аҳли ўртасида тортишувлар, бир-бирини куфрда айблашлар ҳанузгача нега тугамаяпти? Мўмин-мусулмонларни шариат аҳли, тарийқат аҳли, маърифат аҳли ва ҳақийқат аҳли дея турли тоифаларга бўлишдан аввало кимлар манфаатдаор? Бу бўлишлардан Ислом дийнига фойда борми? Ва энг қизиғи, тасаввуф ва унинг тарийқатлари, сулукдаги мақомотлар ҳақида оғиз кўпиртириб гапирувчилар орасида бенамозлару ғайридийнлар кўплигининг сабаби нима? Тасаввуфнинг фазли ҳақида гапирувчилар бир-иккита ғайридийннинг тасаввуф орқали Исломга кирганларини оғиз кўпиртириб гапиришади-ю, аммо тасаввуфда чуқурлашаман деб куфрга кетган кўплаб мусулмонлар ҳақида нега лом-мим дейишмайди? Баъзи тарийқатларнинг кўплаб мусулмонларни залолатга кетказган ғояларию, сайри сулукдаги унча-мунча, мусулмон етиша олмайдиган мақомотларини нега кўпроқ тарғиб қиладилар? Нега? Нима сабабдан?
Дарвоқеъ яҳудийликдаги, насронийликдаги, қадимги Юнондаги, Мисрдаги, Ҳинд ва Эрондаги тасаввуфона йўналишларнинг Исломдаги тасаввуфга бирон-бир алоқаси борми? Умуман, тасаввуфнинг асоси нима? У қаерда ва қачон, нима сабабдан пайдо бўлган, ривожланган?
Агар ғоя бир бўлса, сафарнинг охирги манзили бир бўлса, сулуклардаги бу қадар кескин тавофутларнинг боиси нима? Нега бир тарийқат аҳли бошқа бир тарийқат аҳлини йўлдан адашганликда айблайди? Энг тўғри тарийқат қайси?
Бу каби саволлар жуда кўп. Айнан шу сабабли, шариатни қаттиқ ушлаган мусулмонлар тарийқат аҳлини тафриқа чиқарувчилар деб маломат қилишади. Ўз навбатида, тарийқатни қаттиқ ушлаган мусулмонлар тарийқатга кирмаган барчани гумроҳ деб биладилар.

Ҳолбуки, Ислом энг мўътадил, энг бағри кенг дийндир. Дийн нуқтаи назаридан, шариат ва тарийқат аҳлининг фақат адашган тоифалари, Қуръонга ва суннатга хилоф қилаётган томонларигина танқид қилинади. Аксинча, Қуръонга ва Суннатга зид бўлмаган ҳеч қандай амал беҳуда қораланмайди, агар у янги пайдо бўлган иш бўлса ҳам. Илло, шариат аҳли тарийқат аҳли учун ҳам ягона ҳукм шуки, аввало Қуръон ва Суннатда таъкидланган фарз, вожиб, суннат, нафл ибодатлар бажарилиши лозим.
Ибодатнинг энг оз даражаси, ўртачаси ва олий ҳолатдагиси бор. Шуларни фарқлаб олинса, ҳеч қандай зиддиятларга, тафовутларга ўрин қолмайди, иншоаллоҳ.
Аллоҳ таолога қай даражада қуллик қилиши, бандалигини изҳор этиши, Уни ва Расулларини, хусусан Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзига дўст тутиши, Уни ва Расулларини хусусан Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни севиши, севганда ҳам, дунёдаги қолган барча нарсалардан, ҳаттоки ота-она, бола-чақа ва ўзидан ҳам ортиқ севиши ва буни амалда исбот этишига қараб, руҳий ҳолати, одоб-ахлоқига кўра мўмин-мусулмонларнинг ҳам даражалари турлича бўлади. Яъни иймон нуқтаи назаридан барча мўмин-мусулмонлар тенг бўлсалар ҳам, амаллари, ихлослари ва эҳсонларига қараб, одобу ахлоқларига кўра уларнинг бу дунёдаги ва охиратдаги даражалари ҳам фарқ қилади.
Фақат фарз амалларни бажариб, суннатга амал қилмаётган кимса билан ҳам фарз, ҳам суннатга бирдай амал қилаётган кимсанинг даражаси бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бир хил бўлмайди. Айни пайтда, фарзу суннат амалларга қўшимча нафл ибодатларни ҳам ихлос ила адо этаётган мўмин-мусулмон аввалги ҳар икки тоифадан афзал ҳисобланади.
Албатта, бу амалларнинг барчаси холисаллиллоҳ бажарилгандагина эътиборга лойиқ бўлади. Аксинча, ўзига фарзу вожиб бўлган амалларнинг моҳиятини англамай, кўр-кўрона, хўжа кўрсинга, ҳатто баъзан бироз малолланиб (астағфируллоҳ) адо этаётган кимсанинг ибодатидан бирор фойда чиқиши қийин.
Фарзу вожиб, суннату нафл ибодатларни бажара туриб, амр ва наҳйиларга беэътибор бўлган кимса ҳам қаттиқ залолатдадир. Чунки, Аллоҳ таоло ва Унинг Расули Муҳаммад алайҳиссаломнинг амр ва наҳйиларига итоат этиш ҳам ибодатдир. Ибодат бўлганда ҳам, энг олий ибодатдир. Аслида, бандалигимизнинг моҳияти ҳам Роббимизнинг ва У зотнинг элчиси Муҳаммад алайҳиссаломнинг амрларига бўйсунишимиз ва наҳйиларига риоя этишимиздан иборатдир.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, отамиз Одам алайҳис­салом учун биргина нарса манъ этилган эди. Шу биргина тақиққа бир мартагина амал қилмаганлари қиёматга қадар елкаларида оғир юк бўлиб қолди. Гарчи меҳрибон Роббимиз у кишини афв этган бўлса-да, ўша биргина хатолари сабабли қиёмат куни ҳам пушаймонлик ила афсус-надомат чекадилар. Ўзларидан шафоат истаб келган мусулмон умматига шафоатчилик қилишга Роббул оламийндан андиша қиладилар. Бу ҳақда ҳадисларда батафсил маълумотлар келган.
Демак, банда учун иймон ва ислом билан бир қаторда эҳсон ҳам зарур экан. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: «Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоқ» лозим экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга таълим берган эҳсон мана шудир. Аслида, тасаввуф тарийқатларининг мақсади ҳам шу: Аллоҳни ҳар доим кўнгилда хис қилиш, умрнинг ҳар лаҳзасини Аллоҳ таолони рози қиладиган амаллар билан ўтказиш ва ибодатларни севиб адо этмоқлик.
Бандадан иймон ва исломни эҳсон даражасида исботлаш, ўзининг иймон ва исломи эҳсон даражасида эканини ҳар бир амали ила тасдиқлаш талаб этилади. Зеро, ана шу ҳолатда ҳар бир амал ибодатга айланади.
Буни бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим беряптилар ва у кишининг бу маънодаги, руҳий тарбияга оид, одоб-ахлоққа доир ҳадислари ниҳоятда кўп. Тўғри йўлдаги тасаввуф шайхларининг ҳаммалари ўз муридларини айнан Қуръони Карим оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари асосида тарбиялайдилар, камолга етказадилар.

Аслида, тарийқатларнинг тафриқатларига заррача ҳожат йўқ. Қуръонга ва суннати зид бирор амални ёки ғояни ўзига шиор қилиб олган ҳар бир тарийқат ботилдир.
Ҳаттои, тўғри йўлдаги тарийқатларнинг озми-кўпми фарқланиш ила турлича номланишлари ҳам бизнингча суннатга мувофиқ эмас. Юқорида айтиб ўтганимиздек, мақсад битта ва охирги манзил ягона экан, йўл ҳам, яъни тарийқ ёки тарийқатнинг номи ҳам биттадир. Бу Муҳаммадий тарийқатидир.

Тарийқатлар ўзларига асосий мақсад қилиб олган комил инсон ғояси баъзи шайхларнинг муболағага хаддан ташқари берилганлари натижасида залолат даражасига бориб қолган.
Олий руҳ даражасидаги (астағфируллоҳ), хотамул анбиёдан афзал (яна астағфируллоҳ) хотамул авлиё ҳақидаги гаплар, ваҳдатил вужуд ғояси, «Аналҳақ» даъвоси жазавага тушган мустаршиду муршидларнинг шатахотларидан бошқа нарса эмас.

Ғарбликларни, ғайридийнларни тасаввуфда қизиқтираётган нарса ҳам ҳақийқий ислом эмас, билки айнан мана шу каби шатахотлар, жазава ҳолатида айтилган гаплар, аслида.
Чунки, айнан мана шундай шатахотлар, жазава ҳолатида айтилган гаплар туфайли нафақат мусулмонлар оммаси, балки уларнинг раҳбарлари бўлмиш улуғ Имомлару шайхлар орасида ҳам тушунмовчиликлар, зиддиятлар бўлиб келмоқда.
Мусулмонлар орасидаги ички низолардан эса, кимлар манфаатдорлиги беш қўлдай аён.
Мусулмонлар орасидаги бундай зиддиятларни йўқотиш учун эса, бундан бир минг тўрт юз йил олдин Аллоҳ таолонинг Ўзи биз учун мукаммал қилиб қўйган дийнимиз асосларини яна бир бор яхшилаб уқиб олишимиз даркор.
Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Бугун сизга дийнингизни комил қилиб бердик». («Моида» сураси, 3-оят).
Аллоҳ таоло комил қилиб берган дийннинг асослари қуйидаги ҳадиси шарифда ўз аксини топган:
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини У зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва:
«Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ислом: «Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирмоғинг, намозини тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», – дедилар.
«Тўғри айтдинг», – деди у.
Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
«Менга иймон ҳақида хабар бер», – деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», – дедилар.
«Тўғри айтдинг», деб тасдиқлади ва:
«Менга эҳсон ҳақида хабар бер», – деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», – дедилар.
«Менга (қиёмат) соатидан хабар бер», – деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», – дедилар.
«Унинг аломатларидан хабар бер», – деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Чўри ўз хожасини туғмоғлиги, ялангоёқ, ялон­ғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», – дедилар.
Сўнгра у қайтиб кетди. Бас, мен бирмунча вақт ғойиб бўлдим. Сўнгра У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?» – дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», – дедим.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динларингиз дан таълим бергани келибди», – дедилар».
Яна бир ривоятда:
«У Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган беш нарсанинг ичидадир», дедилар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида (қиёмат) соати илми бор» оятини тиловат қилдилар. Сўнгра у қайтиб кетди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни қайтаринглар», – дедилар.
Одамлар ҳеч нарсани кўрмадилар. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу Жаброилдир. Одамларга динларини ўргатгани келибди», – дедилар».
Оятга амал қиладиган бўлсак, Қуръон тўлиқ нозил бўлгандан сўнг дийнга заррача бўлса ҳам янгилик олиб киришга ҳеч қандай ҳожат қолмаган. Бунга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Мусулмонлар юқоридаги ҳадисда айтилган уч асосга, яъни илм – иймон, амал – ислом ва ихлос – эҳсонга риоя этсалар, бас. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонлардан фақат битта нарсани Ўзига ва яратган нарсаларига тўлиқ иймон келтирган ҳолда ихлос билан ибодат қилишни талаб этган.
Иймонимиз – илмимимиз,
Исломимиз – амалимиз
ва эҳсонимиз – ихлосимиз
тўғри ва гўзал бўлиши учун йўл кўрсатувчи комил бир инсонни Ўзининг элчиси сифатида танлаб, бизга раҳбар этиб қўйган.
Бу элчи мукаммал дийн орқали ахлоқларимизни гўзал ҳолатда тарбиялаш учун юборилган.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Ва албатта, сен улкан хулқдасан» («Қалам» су­­­раси, 4-оят).
Бу ҳақийқатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам эътироф этадилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта мен карамли ахлоқларни мукаммал қилиш учун юборилдим», – дедилар». Байҳақий ривоят қилган.
Демак, биз учун комил инсон йўлбошчимиз, Роббимизнинг элчиси Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдир.
Биз кимга, нимага ва қандай иймон келтиришни шу кишидан ўрганамиз.
Аллоҳ таоло Китобига қандай амал қилишни, зиммамиздаги фарзу вожиб амалларни шу кишидан ўрганамиз.
Асосийси эса, Аллоҳ таолони севишни ва ибодатларимизни севиб, ички ҳузур билан, адо этишни бандалигимиздан рози бўлиб, бундан фахрланиб чиройли итоат этишни, ихтиёрий қуллик қилишни, ахлоқларимизни энг гўзал сувратга келтиришни ҳам шу кишидан ўрганамиз. Бунинг учун эса у кишини энг улуғимиз, устозимиз дея севамиз. Ҳар бир ҳолатимизда, дийний ва дунёвий амалларимизда шу устозимиздан, Роббимизнинг элчиси, ҳабиби Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишга у кишидек бўлишга интиламиз.
«Батаҳқиқ, сизлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди» («Аҳзоб» сураси, 21-оят).
Қуръони Каримга ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига зид бўлган ҳар қандай ишни, агар уни соҳиби ўликларни тирилтира олувчи каромат эгаси бўлса ҳам, қабул қилмаймиз. Аксинча, Қуръони Каримга ва суннатга зид бўлган ҳар қандай ишдан ҳам, унинг соҳибидан ҳам нафратланамиз.
Шу маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўғри давом эттираётган ҳар қандай шайхни ўзимизга устоз деб биламиз. Қуръони карим ва суннатга тўғри амал қилаётган барчага – шариат аҳлими, тарийқат аҳлими – дўстлигимизни изҳор этамиз.
Лекин Қуръони Каримга ва суннати набавияга хилоф бўлган ҳар қандай кимсани – олимми, соҳиби кароматми – қатъиян рад этамиз.
Ҳаттоки, иймонсиз, Исломсиз ҳолда бўлсаларда, Қуръони Каримда ва суннати набавияда мақталган баъзи сифатларга эга кимсалар бўлса, уларни ўзимизга дўст тутмаймиз. Уларга фақат ачинамиз. Ҳолларига афсус чекамиз, холос. Чунки, исломда бўлмаслар-да, иймон келтирмаган бўлсалар-да, мусулмонлар каби баъзи чиройли ахлоққа эга бўлган бундай кимсалар ўзларидаги бу гўзал сифатларнинг асоси қалбларида, руҳларида пинҳон иқрорлари – «Ал-Мийсоқ» кунида келтирган иймонлари эканини, бугун ана ўша иймонлари виждон шаклида қалбларида ғалаён қилаётганини англаб етмаган бечора кимсалардир.

Юқорида эслаб ўтганимиз Ҳинд ва Эрондаги, қадим Юнонистон ва Мисрдаги ва ниҳоят, насронийлик ва яҳудийликдаги тасаввуфона йўналишлардаги ислом тасаввуфига мос келувчи баъзи жиҳатлар ҳам ана ўша олис, унутилган иймоннинг шўъбаларидир, холос.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундай деб марҳамат қилади:
«Ва Исломни сизга дийн деб, рози бўлдим.» («Моида» сураси, 3-оят).
Бас, биз бугун Исломдан бошқа дийнни қабул қилмаймиз.
Шу маънода биз қабул қиладиган тасаввуф исломий руҳий тарбиядан ўзга нарса эмас. Яъни, биз қабул қиладиган тасаввуф шаръий амалларимизни эҳсон даражасида гўзал сувратда адо этишимизга ёрдам берувчи руҳия тарбия йўлидир. Айнан мана шу маънода тасаввуф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва у зотнинг саҳобаи киромлари розияллоҳу анҳумнинг йўлларидир.
Аслида, отамиз Одам алайҳиссаломнинг ва онамиз Ҳавво розияллоҳу анҳонинг ерга туширилишларининг ҳикмати ҳам шу – жаннат номли олий бир маконда абадий бахтли яшашга лойиқ даражада нафсларини тарбия эттириш эди.
Агар «тасавуф» деган истилоҳни ишлатиш умуман лозим бўлса, мана шу руҳ тарбиясининг номи тасаввуфдир. Ва тасаввуфнинг ўзини яна сифатлаш лозим бўлса, бу – сунний тасаввуфдир. Яъни, бундаги барча йўллар ва усуллар, ҳолатлар ва мақомлар Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламнинг суннатларида баён қилинган ҳамда васф қилиб, мақталган ва мўмин-мусулмонларга буюрилган, тавсия этилган ибодатлар ва уларнинг самараларидир.
Нафс тазкияси, руҳий тарбия борасидаги зуҳду тақво, ихлосу эътиқоднинг самараси ўлароқ зоҳир бўлувчи кароматлар эса тасаввуфдан кўзланган мақсад эмас, Роббул оламийннинг инъомидир.
Зеро, Роббул оламийн, ўзини тасаввуфда деб билмаган, аммо ибодатларини холисаллиллоҳ бажарувчи, эҳсонини, қуллигини гўзал сувратда намоён қилувчи бандаларига ҳам кўплаб кароматлар ато этгандир. Мана шунинг ўзи ҳам тасаввуф Аллоҳ таолога эҳсон даражасида гўзал қуллик қилишдан ўзга нарса эмаслигини кўрсатади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Тақво ҳимояга тайёргарликдир. Вараъ шубҳани даф қилишдир. 2. Тақво сабаби аниқ нарсадир. Вараъ сабаби гумон нарсадир. 3. Тақво инсоннинг ўзи сақланаётган давоми...

855 19:00 / 24.12.2023
Юқорида таъкидлаганимиздек, Исломда маънавий жиноятларнинг энг хассос шифокорлари Ўуръони Карим ва суннати шарифлардир. Шунинг учун ҳам quotбадгумонлик, жосуслик, давоми...

5690 05:00 / 28.02.2017
Зоҳидликнинг биринчи даражаси борига масрур, йўғига маҳзун бўлмасликдир. Зоҳидликнинг иккинчи даражаси мансабни мадҳ қилувчи ҳам, сўкувчи ҳам унинг олдида давоми...

1308 19:00 / 09.04.2023
Тавба улкан ибодатдир. Шу сабабли, унинг қабул бўлиши учун бир қанча шартлар мавжуд. Тавбанинг шартларига амал қилинсагина у қабул бўлади. Тавбанинг тўртта шарти давоми...

5916 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

118750 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40709 14:35 / 11.08.2021