1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

БАНДАНИНГ «АЗИЗ» СИФАТИДАН НАСИБАСИ

05:00 / 28.02.2017 3227 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Азиз», «иззат» ва «изз» сўзларининг ўзаги бир бўлиб, луғатда «шиддат», «қувват», «ғолиблик» ва «салобат» маъноларини англатади.

Роғиб иззатни қуйидагича таърифлайди: «Иззат инсон-ни мағлуб бўлишдан ман қилувчи ҳолатдир».
Қуръони карим оятларидан намуналар: Аслида иззат Аллоҳ таолога хосдир. Қуръони каримнинг юзга яқин оятида Аллоҳ таолони азиз сифати ва иззат У зотнинг ўзига хослиги зикр қилинган.
Шу билан бирга, Аллоҳ таоло кимга хоҳласа, иззатни бериши таъкидлаган.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Сен: «Эй барча мулкнинг эгаси Роббим! Хоҳлаган кишингга мулк берурсан ва хоҳлаган кишингдан мулкни тортиб олурсан, хоҳлаган кишингни азиз қилурсан, хоҳлаган кишингни хор қилурсан. Барча яхшилик Сенинг қўлингда. Албат-та, Сен ҳар бир нарсага қодирсан. Кечани кундузга киритурсан ва кундузни кечага киритурсан, ўликдан тирикни чиқарурсан ва тирикдан ўликни чиқарурсан ҳамда хоҳлаган кишингга беҳисоб ризқ берурсан», деб айт», деган (26–27-оятлар).
Улкан ва битмас-туганмас ҳақиқатни ичига олган ёлво-риш, дилдан чиқиши лозим бўлган дуо! Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло борлиқни ўз тасарруфига олиб, тадбирини қилиб ту-рувчи зот эканини англаб етилганини баён қилувчи дуо! Аллоҳ таолонинг ибодатга сазовор ягона зот эканини, бутун борлиқ мавжудот устида ягона қоим зот эканини билувчи шахснинг дуоси! Инсонга тааллуқли ишлар бу дунёдаги ишларнинг фақат озгина улуши эканини англаб етган шахснинг дуоси! Бўйсуниш, мадад сўраш фақат Аллоҳнинг Ўзидан бўлиши зарурлигини тушуниб етган шахснинг дуоси!
«Сен: «Эй барча мулкнинг эгаси Роббим!»
Аллоҳ таоло дунё мулкига эгаликда ҳам шериги йўқ Зотдир. Шунинг учун ҳам:
«Хоҳлаган кишингга мулк берурсан ва хоҳлаган кишингдан мулкни тортиб олурсан».
Агар дунёда бир кимса бирон бир мулкка эга бўлса, ҳақиқий молик бўлган Аллоҳ таоло унга Ўзи ирода қилган ҳикмат бўйича вақтинчалик, арзимаган мулкни бериб қўйган бўлади. Бинобарин, хоҳлаган пайтида ундан мулкни тортиб олиб қўйиши мумкин. Мулкни вақтинчалик қарзга олган одам ҳақиқий моликнинг шартига мувофиқ тасарруф қилса, бахт-саодатга эришади. Агар ҳақиқий Моликнинг шартига мувофиқ иш тутмаса, ўзидан кўраверсин.
«Хоҳлаган кишингни азиз қилурсан, хоҳлаган кишингни хор қилурсан».
Барча мулкнинг эгаси ёлғиз Аллоҳ таолодир. Нима ҳукмни ирода қилса, ўша ҳукмни чиқаради.
«Барча яхшилик Сенинг қўлингда».
Бу яхшиликларни хоҳлаганингга берасан, хоҳлаганингга бермайсан.
«Албатта, Сен ҳар бир нарсага қодирсан».
Сенинг қудратингнинг чегараси йўқ. Нимани хоҳласанг, шуни қиласан. Айни чоғда, Сен фақат башарнинг ишини эмас, балки ундан бошқа ишларнинг ҳам тадбирини қиласан.
Аллоҳ таоло иззатни Ўзидан кейин Расулига ва мўминларга ҳам нисбат берган.
Аллоҳ таоло «Мунофиқун» сурасида: «Улар, агар Мадинага қайтиб борсак, албатта азиз хорни ундан чиқарур, дерлар. Ҳолбуки, азиз-лик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларига хос-дир. Аммо мунофиқлар билмаслар», деган (8-оят).
Бу оятда зикр қилинган дўқни мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай қилган, азиз деганда ўзини кўзлаб, хор деганда Пайғамбаримиз алайҳиссаломни назарда тутган.
«Мадинага қайтиб борсак», дейилгандан мурод Мусталақ қавмига қарши ғазотдан қайтиб Мадина шаҳрига борсак, деганидир.
«Улар, агар Мадинага қайтиб борсак, албатта, азиз хорни ундан чиқарур, дерлар».
Бундан кўриниб турибдики, мунофиқлар қарши турли жабҳа ва услубларни, шу жумладан, маҳаллийчиликни ҳам ишга соладилар. Маълумки, Пайғамбар алайҳиссалом ва муҳожирлар Мадиналик эмаслар, балки бу ёққа дин учун Маккадан ҳижрат қилиб келганлар.
Мунофиқлар Мадинанинг туб аҳолиси бўлмиш ансо-рийларда турли йўл билан маҳаллийчилик руҳини қўзиб, уларни ўз дин-қардошларига қарши қўйишга ҳам уринган-лар. Улар бундай йўллар билан мўминларни хор қилмоқчи бўлдилар.
Лекин Аллоҳ таоло уларнинг ўзларини хору зор қилиб қўйди. Улар ўйламаган тарафдан бошларига балоларни олиб келди.
Мазкур ҳодисада Абдуллоҳ ибн Убай ва унинг нифоқдаги шерикларининг ишлари фош бўлгандан сўнг одамлар ичида Расулуллоҳ Абдуллоҳ ибн Убайни қатл этишга фармон берганмишлар, деган гаплар тарқалди.
Баъзи шижоатли мусулмонлар у зотдан бу ишни амалга оширишга рухсат ҳам сўрадилар. Лекин Пайғамбар алайҳиссалом кўнмадилар.
Бу хабар мунофиқлар раҳбари Абдуллоҳ ибн Убайнинг ўғлига ҳам етиб боради. Шунда у йигит Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига шошилиб келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, эшитишимча, отамни ўлдиришга амр бермоқчи экансиз, Аллоҳга қасамки, мендан кўра отасини ҳурмат қиладиганроқ одам йўқлигини ҳамма билади. Сизнинг амрингизни бажариб отамни қатл этган кишини кўриб юриш менга оғир бўлади. Шунинг учун изн берсангиз, мунофиқ отамнинг бошини ўзим танасидан жудо қилсам», дейди.
Пайғамбар алайҳиссалом унга ҳам рухсат бермайдилар.
Ҳа, иймон ҳақиқий бўлса бунга ўхшаш мўъжизалар со-дир бўлади. Мунофиқлар ўзларини азиз билиб, мўминларни хор қилишга уринсалар ҳам Аллоҳ уларнинг ўзини икки дунёда хору зор қилиб қўяди.
Бунга Абдуллоҳ ибн Убайнинг бошига тушган кўргиликлар яққол мисол бўлади.
Имом Абу Довуд ривоят қилишларича, одамлар (ўша ғазотдан сўнг) қайтиб Мадинага яқинлашиб келганларида Абдуллоҳ ибн Убайнинг ўғли шаҳарга кираверишда қиличини яланғочлаб турди. Одамлар бир-бир унинг олди-дан ўтиб кетавердилар. Қаршисига отаси Абдуллоҳ ибн Убай келганда: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ изн берма-гунчаларича бу ердан ўтмайсан, албатта, у зот азиз, сен эса хорсан», деди.
Абдуллоҳ ибн Убай ўғлидан Расуллоҳга шикоят қилди. Ўғил эса: «Аллоҳга қасамки, эй Расулуллоҳ, сиз изн берма-гунингизча шаҳарга кирмайди», деди.
Расулуллоҳ изн бердилар. Шундан кейингина ўғил ота-сига: «Расулуллоҳ изн берган бўлсалар, ўтавер», деди.
Мунофиқлар ва кофирлар нимани ўйласалар ўйлайверсинлар, лекин Қуръони карим рост хабар берган:
«Ҳолбуки, азизлик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларга хосдир. Лекин мунофиқлар билмас-лар».
Ушбу ояти карима мусулмонлар заиф бўлиб, уларга турли ҳужумлар уюштирилиб турган пайтда нозил бўлган.
Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига душманларга қарши курашда ёрдам берди. Арабистон ярим ороли аҳолиси у кишига эргашди. У кишидан сўнг халифалари даврида ўша пайтдаги дунёнинг икки улкан салтанати тиз чўкди; дунёда Ислом дини тарқалди. Ҳақиқий азизлик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларга хослиги исбот бўлди.
Аллоҳ таоло Ўзининг охирги китоби Қуръони Каримни ҳам азиз дея сифатлаган ва мадҳ этган.
Аллоҳ таоло «Фуссилат» сурасида:

«Албатта, ўзларига Зикр келганда унга куфр келтирганлар... Албатта, у азиз китобдир. Унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмас. У ўта ҳикматли ва ўта мақталган зотнинг туширга-нидир», деган (41–42-оятлар).
Ушбу икки оятда Қуръони карим оятларига куфр келтирганларга таҳдид қилинмоқда ва Қуръони Карим сифатлари ҳақида сўз кетмоқда.
Зикр Қуръони карим номларидан бири бўлиб, «эслатма» маъносини билдиради.
«Албатта, у азиз китобдир».
Албатта, Қуръони карим азиз-ғолиб, кучли ва иззатли китобдир. Унга куфр келтирганлар мағлуб, кучсиз ва хор-дирлар.
«Унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмас».
Бу азиз китобга умуман ботил яқин кела олмайди.
Азиз китоб бўлганидан кейин ботил қандай қилиб унга яқинлаша олсин?
Азиз Зотнинг азиз китоби Қуръони Каримга қиёматгача абадул-абад ботил яқин кела олмайди. У соф ва соғлом ҳолида илоҳий мўъжиза бўлиб қолади.
Бу башорат ҳам Қуръоннинг илоҳий китоб эканига ёрқин далилдир. Мана, асрлар ўтибдики, унинг бирор ҳарфи ўзгаргани, унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келгани йўқ! Ва шундай давом этажак, иншааллоҳ.
«У ўта ҳикматли ва ўта мақталган зотнинг ту-ширганидир».
Қуръон ўта ҳикматли зот бўлмиш Аллоҳ таолонинг но-зил қилган китобидир. Шунинг учун у ҳикматга тўла китоб-дир. Унинг оятлари, кўрсатмалари, амрлари, қонун-қоидалари ҳикматлидир.
Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бер-ган нусратини ҳам «азиз» деб сифатлаган.
Аллоҳ таоло «Фатҳ» сурасида: «Албатта, Биз сенга равшан фатҳни бердик. Аллоҳ сенинг аввал ўтган гуноҳларингни ва кейингиларини мағфират этиш, неъматини батамом қилиш ва сени тўғри йўлга бошлаш учун... Ва Аллоҳ сенга иззатли нусрат бериши учун», деган (1–3-оятлар).
Бу оятларда «Ҳудайбия сулҳи» улкан фатҳ ва иззатли нусрат бўлгани таъкидланмоқда. Чунки айни шу сулҳдан кейин мусулмонлар учун барча яхшилик йўллари очилди ва кетма-кет иззатли нусратлар берилди.
1. “Ҳудайбия Ислом даъвати учун фатҳ бўлди, Исломда бундан улуғроқ фатҳ бўлган эмас”, дейдилар салаф уламо-ларимиз.
Бунгача мусулмонлар қаерда бўлсалар, урушга йўлиқар эдилар. Сулҳ тузилиб, уруш тўхтагандан сўнг одамлар бир-бирларидан амин бўлдилар. Бир-бирлари билан учрашиб, ўтиришиб, гаплашиб-баҳслашадиган бўлдилар.
Озгина ақли бор одам бўлса, бундай суҳбатлардан кейин Исломни қабул қилар эди. «Ҳудайбия сулҳи» билан Макканинг амалий фатҳи орасида ўтган икки йил мобайнида ундан аввалги ўн тўққиз йилдагидан кўпроқ одам Исломга кирди. Эсингизда бўлса, Ҳудайбияда иштирок этганларнинг сони бир минг тўрт юз эди. Икки йилдан сўнг Макка амалий фатҳ қилинганида ўн минг киши қатнашди.
Уларнинг ичида Холид ибн Валид ва Амр ибн Оссга ўхшаш улкан фотиҳ саҳобийлар ҳам бор эдилар.
2. «Ҳудайбия сулҳи» Ислом ерларининг кенгайишига ҳам сабаб бўлди. Аввал ҳамма куч-эътибор мушрикларга қаратилган эди. Сулҳ тузилиб, уларнинг ёмонлигидан омонда бўлинганидан сўнг, яҳудийлар билан ҳисоб-китобни жойига қўйишга имкон пайдо бўлди.
Пайғамбар алайҳиссалом Шом йўлидаги Хайбар номли жойдан Ислом учун доимий хавф-хатар бўлиб турган яҳудийларни чиқаришга муяссар бўлдилар. У ерларни фатҳ қилиб, ўлжаларни фақат Ҳудайбияда иштирок этганларга бўлиб бердилар.
3. Бу сулҳ мусулмонлар билан мушриклар орасини фатҳ қилди – очди. Авваллари мушриклар Исломни ва му-сулмонларни ҳеч тан олмас эдилар. Бундан бир йил илгари Макка мушриклари атрофдан одам тўплаш мақсадида Ма-динага бостириб боришган, бу билан мусулмонларни ниҳоятда оғир аҳволга солиб қўйишган эди.
Қурайш қабиласини йўлбошчи деб биладиган бошқа араб қабилалари ҳам бундан қаттиқ таъсирланган эдилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом умрага бирга боришга чақирганларида, улардан ҳеч ким қўшилмаган.
Аксинча, улар, мусулмонлар бу сафардан соғ қайтмайдилар, деб ўйлаган эдилар. Мунофиқлар эса, бундан ҳам ёмонроқ гумонларга боришган эди.
Лекин Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз бошлиқ мусулмон-ларга нусрат берди. Сулҳ тузилиб, Қурайшликлар Пайғамбар алайҳиссаломни ва ҳақ дин бўлган Исломни тан олишди. Мусулмонларни ўзларига тенг деб эътироф этиб, уларга илтимос билан мурожаатда бўлишди.
Ҳеч шубҳа йўқки, бу воқеа Ислом тарихидаги энг улкан фатҳ эди. Шу боисдан ҳам бу фатҳни Қуръони карим «рав-шан фатҳ» деб номлади.
4. Ушбу улуғ ҳодисадан кейин бошқа қабилалар ва жа-моалар ҳам мусулмонларга ҳурмат назари билан қарай бошладилар. Уларга аввал қўшилмаган аъробийлар узр ай-тиб кела бошлашди.
Мадинаи Мунавварадаги мунофиқларнинг ҳам овозлари пасайиб қолди. Турли тарафлардан араб қабилалари ўз вакилларини Пайғамбаримиз ҳузурларига юборадиган бўлдилар.
5. Шу билан бирга, Ҳудайбия қалбларни ва нафсларни ҳам фатҳ қилди. Кишилар Ислом учун ҳар қандай фидо-корликка тайёр ҳолга келдилар.
Бунга дарахт остидаги «Ризвон» байъати мисол бўла олади. Буларнинг ҳаммаси улкан ютуқ ва буюк фатҳ эди.
“Ва Аллоҳ сенга иззатли нусрат бериши учун”.
«Иззатли» дегани – устидан ҳеч ким ғолиб кела олмай-диган, дегани. Яъни, Аллоҳ Пайғамбаримиз алайҳиссаломга шундай иззатли ёрдам берадики, ундан ҳеч ким ва ҳеч нарса ғолиб кела олмайди.
Юқоридаги оятларда зикр этилган улуғ илоҳий марҳаматлар: равшан фатҳ, аввалу охир гуноҳларнинг мағфират қилиниши, Аллоҳ неъматларининг тўкис қилиб берилиши, сироти мустақимга ҳидоят қилиниши ва иззатли нусрат бериши – Ҳудайбия сулҳнинг аниқ фатҳ бўлишига боғланмоқда.
Нима сабабдан шунча нарса сулҳга боғланяпти? Негаки Пайғамбаримиз алайҳиссалом сулҳни Байтуллоҳни улуғлаганликларидан туздилар. Натижада, Аллоҳ у зотни мазкур иш билан мукофотлади.
Ўйлаб кўрсак, ўша пайтда Байтуллоҳ кофирларнинг қўлида бўлиб, улар мусулмонлар билан уруш чиқариш учун қўлларидан келган барча чораларни кўрар эдилар. Ҳатто қирқ-эллик кишини юбориб, мусулмонлар ичида фитна чиқаришга уриниб ҳам кўришди.
Лекин Пайғамбар алайҳиссалом бошчилигидаги мусул-монлар сабр-чидам кўрсатиб, фитнага учмадилар, Байтуллоҳнинг ҳурматини жойига қўйдилар. Аллоҳга энг итоаткор бандалар эканликларини исботладилар.
Расули акрамнинг туялари ётиб олганида, «Буни филни ушлаган нарса ушлади», дедилар. Ҳолбуки, фил билан келган Абраҳа ва унинг одамлари Байтуллоҳни бузиш ниятида эди, Расули акрам ва саҳобаи киромлар эса, уни улуғлаб зиёрат этишга келаётган эдилар.
Яна сулҳ куни Пайғамбар алайҳиссалом: «Менинг на-фсим иззати қўлида бўлган Зот билан қасамки, бугун Қурайш Аллоҳнинг улуғлаган нарсаларини эҳтиром этувчи нимани сўраса, бераман», дедилар.
У зоти бобаракот Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога итоат этиб, сулҳга кўнганликлари учун Аллоҳ у кишига улуғ неъматлар ато қилди.
Суннат, сийрат ва ҳадисдан намуналар

Абу Кабша Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Уч нарсага қасам ичаман: банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас; банда бир зулмга учрасаю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур; банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очади». Термизий ривоят қилган.
Бу ҳадис ўч олиш имконига эга бўла туриб, ўзига зулм қилган одамни афв қилиш кишининг иззатини зиёда қиладиган фазилатли иш эканини кўрсатади.
Золимнинг зулмини рад этиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи. Аммо шахсий масалаларда бировдан зулмга учраб, уни афв қилиш фазилат ва азизликдир. Чунки ўзаро афв қилиш бўлмаган жамиятда тартибсизлик ва зулм кўпаяди. Бундай жамият аъзолари орасида ўзаро душманлик руҳи кучаяди. Оқибатда ўша жамият таназзулга юз тутади.

Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга витрнинг қунутида айтадиган калималарни ўргатдилар: «Эй бор Худоё, мени Ўзинг ҳидоят қилган бандаларинг ичида ҳидоят қилгин, менга Ўзинг офият берган кишиларинг ичида офият бергин. Ўзинг қарамоғингга олган кишилар ичида мени ҳам қарамоғингга олгин. Менга берган нарсаларингни баракали қилгин. Ўзинг қазо қилган нарсалар ёмонлигидан мени сақлагин. Албатта, Сен ҳукм қилурсан, Сенга ҳукм қилинмас. Албатта, Сен дўст тутган банда хор бўлмас ва Сен душман бўлган иззатли бўлмас. Роббим Муқаддас ва олий бўлдинг».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Насаий: «Ва саллолоҳу алан набиййи Муҳаммад»ни зиёда қилган.

Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. Оғриқ мени ҳалок қилишига сал қолган эди. Бас, у зот: «Ўшани ўнг қўлинг билан ушлагин ва етти марта «Аъузу би иззатиллаҳи ва қудратиҳи мин шарри маа ажиду», дегин», дедилар. Бас, ўшандоқ қилган эдим, Аллоҳ мендаги бор нарсани кетказди. Шундан буён аҳлимга ва улардан бошқаларга ҳам шуни буюраман». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Дуонинг маъноси: Аллоҳнинг иззати ва қудрати ила ўзимда ҳис қилаётган нарса ёмонлигидан паноҳ тилайман.

Ибн Умардан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй бор Худоё! Исломни ушбу икки одамнинг – Абу Жаҳл ёки Умар ибн Хаттоб – Ўзингга маҳбуб бўлган бири билан азиз қилгин!» дедилар. Бас, у зотга иккисидан маҳбуби Умар бўлди. Эртасига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам-нинг олдиларига келиб мусулмон бўлди». Термизий ривоят қилган.
Ибн Саъд, Абу Яъло, Ҳоким ва Байҳақийлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Бир куни Умар қиличини яланғочлаб чиқди. Унга йўлда Бани зуҳралик бир киши учраб қолди. У:
– Қаерга кетаяпсан, эй Умар? – деб сўради.
– Муҳаммадни ўлдиргани кетяпман, – деди Умар.
– Муҳаммадни ўлдирсанг, Бани Ҳошим ва Бани Зуҳрадан қандоқ эмин бўласан? – деди ҳалиги одам.
– Сен ҳам диндан чиққанга ўхшайсан! – деди Умар.
– Сенга бир гап айтайми? Куёвинг билан синглинг диндан чиқдилар! Ҳа, сенинг динингдан чиқдилар!
Умар йўлидан қайтиб, иккисининг олдига борди. Улар-нинг ҳузурида Хаббоб ибн Арт бор эди. У Умарнинг шарпа-сини сезиб уй ичига беркиниб олди. Умар кириб:
– Бу висир-висир нима?! – деди.
Улар «Тоҳо» сурасини қироат қилишаётган эди. Иккиси:
– Ўзаро гапимиздан бошқа нарса йўқ,– дедилар.
– Эҳтимол, икковинг диндан чиққандирсанлар?! - деди у.
Шунда куёви унга: «Эй Умар, агар ҳақ сенинг динингдан бошқада бўлса…», дейиши билан Умар унинг устига ўзини ташлаб, босиб олиб ура бошлади. Синглиси уни эридан нари қилиш учун келди. Умар синглисини ҳам уриб, юзини қонга белади. Ғазабланган сингил:
– Агар ҳақ сенинг динингдан бошқада бўлса, мен: «Ашҳаду аллаа илаҳа илаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳ» дейман, – деди.
Шунда Умар:
– Ўзингиздаги ёзилган нарсани менга беринглар. Ўқиб кўрай-чи, – деди.
У ўқишни билар эди. Синглиси:
– Сен нажассан. Буни фақатгина покланганлар ушлай-дилар. Тур, ғусл ёки таҳорат қилиб кел, – деди.
У туриб таҳорат қилиб келди. Сўнгра ёзилган нарсани олди. У “Тоҳо” сурасини: «Албатта, Мен Ўзим Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт»гача ўқиди ва:
– Мени Муҳаммаднинг олдига олиб боринглар, – деди.
Умарнинг гапини эшитиб, Хаббоб беркинган жойидан чиқиб:
– Эй Умар хурсанд бўл, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан пайшанба кечаси «Эй бор Худоё! Ис-ломни Умар ибн Хаттоб ёки Амр ибн Ҳишом билан азиз қилгин» деб қилган дуолари сени хақингда бўлишини орзу қиламан, – деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафонинг пастидаги ҳовлида эдилар. Умар ўша ҳовлига югуриб борди. Унинг эшиги олдида Ҳамза, Толҳа ва бошқалар туришган эди. Ҳамза:
– Ана Умар. Агар Аллоҳ унга яхшиликни ирода қилган бўлса, мусулмон бўлади. Агар ундан бошқани ирода қилган бўлса, биз учун уни қатл қилиш осон бўлади», – деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ичкарида эди-лар. У зотга ваҳий нозил бўлаётган эди. У зот чиқиб Умар-нинг олдига келдилар. Унинг ёқаси ва қиличбоғидан тортиб туриб:
– Эй, Умар! Аллоҳ сенга Валид ибн Муғийрага туширган ор ва азобни туширмагунча қайтмайсанми?! – дедилар. Умар:
– Ашҳаду анлаа илаҳа илаллоҳу ва ашҳаду аннака абдуллоҳи ва Расулуҳу! – деди».
Ана шу ҳаяжонли лаҳзада ҳовлида турганлар овозла-рини борича «Аллоҳу акбар!» деб бутун Маккани бошларига кўтариб такбир айтдилар. Умар:
– Эй Аллоҳнинг Расули, биз ҳақда эмасмизми? – деди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Ҳақдамиз, – дедилар.
– Ундоқ бўлса нимага беркинамиз?! – деди Умар.
Мусулмонлар биринчи марта икки саф бўлиб очиқчасига Байтуллоҳ томон йўл олдилар. Бир сафни Ҳамза, иккинчисини Умар бошлаб борар эди. Улар масжидга кирдилар. Қурайшликлар бир Ҳамзага, бир Умарга қараб ичларидан зил кетар эдилар.
Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга «Форуқ» лақабини бердилар.
Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганига олти йил бўлиб, зулҳижжа ойи эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ёшлари эса йигирма олтида эди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, қандоқ қилиб қиёмат куни кофир юзтубан ҳашр қилинади?» деди. «Уни дунёда икки оёғида юргизган зот, қиёмат куни уни юзи билан юргазишга қодир эмасми?!» дедилар. «Албатта! Роббим иззати ила Қасам!» деди Қатода». Икки шайх ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Садақа молни ноқис қилмас: Аллоҳ афв ила бандага иззатдан бошқани зиёда қилмас: ким Аллоҳ учун тавозуъ қилса, албатта, Аллоҳ уни юқорилатмай қўймас». Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда: «Афв бандага иззатдан бошқани зиёда қилмас. Бас, афв қилинг! Аллоҳ сизни азиз қилур. Тавозуъ бандага юқориликдан бошқани зиёда қилмас. Бас, тавозуъ қилинг! Аллоҳ сизни юқорилатур. Садақа молни кўпайишдан бошқани зиёда қилмас. Бас, садақа қилинг! Аллоҳ азза ва жалла сизни бой қилур», дейилган.
Азизу мукаррам бўлишни истаса, афв қилишни одат қилайлик.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожилар шайтонга тош отадиган «Ақаба» номли жойда Ясрибда истиқомат қилувчи Хазраж қабиласига мансуб бир гуруҳ кишиларга дуч келдилар. Улар олти кишидан иборат эди: Асъад ибн Зарора, Авф ибн Ҳорис, Рофеъ ибн Молик, Қутба ибн Омир, Уқба ибн Омир ва Жобир ибн Абдуллоҳ.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан:
– Сизлар ким бўласизлар? – деб сўрадилар.
– Хазражликлармиз, – дейишди.
– Яҳудийларнинг дўстлариданми? – дедилар.
– Ҳа, – дейишди.
– Ўтирсаларингиз, бир гапим бор эди, – дедилар.
– Хўп, – деб ўтиришди.
У зот уларни Аллоҳга даъват қилдилар. Қуръони ка-римдан тиловат қилиб, Исломга чақирдилар.
Хазражликларнинг қалбларида Исломга кириш тайёр-гарлиги бор эди. Бироқ уларнинг юртида яҳудийлар ҳам яшар эдилар. Яҳудийлар аҳли китоб бўлганлари учун кўп нарсаларни билар эдилар. Агар араблар билан яҳудийлар ўртасида жанжал чиқиб қолса, яҳудийлар уларга: «Бизнинг пайғамбаримиз чиқиш вақти яқинлашиб қолди. Биз унга эргашамиз ва сизларни Од ва Ирамга ўхшатиб қатл қиламиз», дер эдилар.
Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур хазражликларга гапириб бўлишлари билан улар бир-бирларига қарашиб: «Билдингизми?! Бу яҳудийлар васф қиладиган пайғамбарнинг худди ўзи-ку! Улардан олдин ий-мон келтириб қолиш керак!» дейишди.
Уларнинг барчалари иймонга келдилар. Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Биз ўз қавмимизни қолдириб келганмиз. У қавмга ўхшаш адоватли ва ёмон қавм бўлмаса керак. Шояд Аллоҳ уларни сиз саба-бингиздан жам қилса. Биз бориб уларни ҳам сизнинг ишин-гизга даъват қиламиз. Уларга сиздан қабул қилган динни таклиф қиламиз. Агар Аллоҳ уларни сизнинг атрофингизда жамласа, сиздан иззатли одам бўлмайди», дедилар.
Сўнгра келаси йили яна учрашишга ваъдалашиб қайтиб кетишди.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умму Су-лайм розияллоҳу анҳо Абу Анаснинг олдига келиб:
– Бугун сен ёмон кўрган нарса ила келдим, – деди.
– Сен доимо олдимга анави аъробийнинг олдидан мен ёмон кўрган нарсани олиб келаверасан! – деди Абу Анас.
– У аъробий эди. Лекин Аллоҳ уни танлаб олиб, пайғамбар қилди.
– Келтирган нарсанг нима?!.
– Ароқ ҳаром қилинди.
–Бу сен билан менинг ажрашимиз, – деди.
Сўнгра мушрик ҳолда ўлиб кетди.
Сўнгра Абу Толҳа розияллоҳу анҳу Умму Сулаймнинг олдига келди. Умму Сулайм унга:
– Мадомики мушрик экансан, сенга тегмайман, – деди.
– Йўқ. Бу сенинг тақдиринг эмас.
– Менинг тақдирим нима?
– Сенинг тақдиринг сариқ (тилло) билан оқ (кумуш)да.
– Албатта, мен гувоҳлик бераман ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам гувоҳ қиламанки, агар сен мусулмон бўлсанг, сенинг Исломинг туфайли розиман. Эй Анас, тур! Амакингни бошлаб бор!» деди Умму Сулайм.
У(Абу Толҳа) туриб қўлини елкамга қўйди. Юриб бориб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашганимизда у зот бизнинг каломимизни эшитдилар ва кейин: «Мана, Абу Толҳа, икки кўзи орасида Ислом изза-ти!» дедилар.
У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди ва: «Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу», деди”. Имом ал-Баззор ривоят қилган.
Иброҳим ибн Шайбон айтади: «Шараф тавозуъда, азизлик тақвода ва ҳуррият қаноатда».

Азизликнинг фойдалари:

1. Азизлик мардлик ва олижанобликдир.
2. Азизлик иффат ва поклик манбасидир.
3. Азизлик жамият омонлигига сабабдир.
4. Азизлик фазилатни кўпайтиради.
5. Азизлик разилатни йўқотади.
6. Азизлик ила икром жалб қилинади.
7. Азизлик ила ёмонлик рад қилинади.
8. Азизлик Аллоҳ таолога бўлган ишончга далолатдир.
9. Азизлик диндаги қувватнинг кўринишидир.
10. Азизлик Исломнинг гўзал сифатларидандир.
Ҳар бир мусулмон дини ва диёнати, ватани, миллати, оиласи ва ўзининг иззатини жойига қўйиш ҳаракатида бўлиши керак. Бунда Қуръони карим ва Суннати мутоҳҳарани ўзига дастур қилиб олиши керак.

10. Жаббор.
Жаббор – олий қадар, улуғ. Унинг олдида ўзгалар ўзини хор тутади.
11. Мутакаббир.
Мутакаббир – кибриёси ва улуғлиги муболағали Зот. Унинг олдида бошқалар қул бўлиб турадиган Зот.
12. Холиқ.
Холиқ – асли ва ўхшаши йўқ нарсаларни аниқ бир ўлчовлар билан яратувчи. Аллоҳ махлуқлар вужудга келти-рилишидан олдин Холиқ, деган васфга эга эди. У халойиқни халқ қилганидан бошлаб Холиқ исмини олгани йўқ. Холиқ мутлақ вужудга келтирувчидир.
13. Бориъ.
Бориъ – йўқдан пайдо қилувчи, вужудга келтирувчи.
Бориъ тафовутсиз қилиб вужудга келтирувчидир.
14. Мусоввир.
Мусоввир – махлуқотларнинг сувратини шакл-лантирувчи. Ҳар бир нарсага ўзига хос суврат берувчи.
15. Ғаффор.
Кўп мағфират қилиб, бандаларнинг айбини Ўз фазли ила уларни итоб қилмасдан кечиб юборувчи.
16. Қаҳҳор.
Барча махлуқотларни қабзасида тутиб, уларни Ўз ҳукми ва қудрати ила бўйсундириб турувчи.
17. Ваҳҳоб.
Неъматларни беҳисоб берувчи.
18. Раззоқ.
Кўплаб ризқ берувчи. Ризқларни ва уларнинг воситала-рини яратувчи. Аллоҳ махлуқотларига ҳеч бир оғирликсиз ва қийинчиликсиз ёки ёрдам сўрамасдан ризқ берувчидир.
19. Фаттоҳ.
Кўплаб нарсаларни очувчи. Ўз раҳмат хазинасини бан-даларига очувчи.
20. Алийм.
Ҳар бир нарсани билувчи. Бўлган ва бўладиган, аввалги ва охирги, зоҳир ва ботин нарсаларнинг барчасини билувчи.
21. Қобиз.
Руҳларни қабз қилувчи – тутувчи. Хоҳлаган кишисининг ризқини қабз қилувчи. Қалбларни қабз қилувчи.
22. Босит.
Руҳларни кенгликка қўйиб юборувчи. Хоҳлаган киши-сининг ризқини кенг қилиб қўювчи. Қалбларни кенг қилувчи.
23. Ҳофиз.
Пасайтирувчи. Мисол учун, кофир ва фосиқларнинг мартабасини уларни хору зор қилиб пасайтиради.
24. Рофиъ.
Кўтарувчи. Мисол учун, мўмин ва тақводорларнинг мартабасини азизу мукаррам қилиб кўтаради.
25. Муъизз.
Азиз қилувчи. Кимни хоҳласа, тўғри йўлга солиб азиз қилади.
26. Музилл.
Хор қилувчи. Кимни хоҳласа, эгри йўлга юргани учун хор қилади.
27. Самийъ.
Ҳар бир нарсани эшитувчи.
28. Басийр.
Ҳар бир нарсани кўрувчи.
29. Ҳакам.
Ҳукм қилувчи.
30. Адл.
Мутлақ адолат қилувчи.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Такаббурлик кишининг шаклшамойилидан билиниб туради. Уни кишининг юзидаги аломатлардан, назар солишидан, бошини тутишидан, ўтиришидан, овозининг оҳангидан, давоми...

3509 18:30 / 19.03.2022
1даража Бу даража энг ёмони ҳисобланади. Унда риёкор савобни мутлақо ирода қилмайди. Мисол учун, одамлар кўришлари учун намоз ўқийди. Аммо ўзи ёлғиз бўлса, давоми...

2095 19:00 / 20.11.2021
Бир солиҳ кишининг яҳудий қўшниси бор эди. Улар кўпинча бирга ўтиришарди.Солиҳ киши бирор иш қилишни хоҳласа .Эҳтиёжлар фақат Набий алайҳиссаломга салавот айтиш давоми...

16709 11:51 / 03.04.2017
1. Шукр иймоннинг мукаммалигидир. 2. Шукр Исломнинг гўзаллигига далолатдир. 3. Шукр неъмат берувчининг ва неъматнинг эътирофидир. 4. Шукр неъматнинг давоми...

929 19:00 / 09 март
Аудиолар

120100 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41768 14:35 / 11.08.2021