1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

АЛЛОҲГА ВА УНИНГ РАСУЛИГА МУҲАББАТ ҚИЛАДИГАН ШАХС

05:00 / 28.02.2017 3479 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуйида Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббатлари билан тилларда достон бўлган авлод – саҳобалар авлоди вакилларидан бирига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берган гувоҳлик ва унинг самараси ҳақида қисқача сўз юритамиз.

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Хайбарда Али Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ортда қолган эди. Унинг кўзи оғриб қолган эди. У: «Мен ортда қолар эканман-ми?!» деди-да, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб олди.
Аллоҳ фатҳ қилган тонгнинг кечасидан олдинги оқшом чоғида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, эртага байроқни Аллоҳ ва Унинг Расули муҳаббат қиладиган кишига берурман ёки Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббат қиладиган киши олур. Аллоҳ унга фатҳ берур», дедилар.
Биз қарасак, Али турибди. Шуни умид қилган эдик. «Мана Али», дейишди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам байроқни унга бердилар. Аллоҳ унга фатҳ берди
». Икки шайх ривоят қилган.
Бу ривоятдан кўзи қаттиқ оғриб, бетоб бўлиб ётган ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Хайбар ғазотига жўнай олмай қолганларини тушуниб оламиз.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом лашкарларини олиб, Хайбарга жўнаб кетганлари ҳақидаги хабарни эшитган Али ибн Абу Толиб хасталикларига қарамай ўринларидан туриб, у зотга етиб олган.
Албатта, у кишига ўхшаш зотлар узрлари бўлса ҳам жиҳоддан қолишни ўзларига эп кўрмайдилар. Уларнинг буюклиги бундан бошқа нарсага изн бермайди. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу худди анна шу тоифадаги буюкларнинг ичида ҳам нодир шахслардан бири эди. Аллоҳ таоло томонидан у кишига берилган шахсий сифатларнинг Ислом ила тобланиши айнан ана ўша шахсни юзага келтирган эди.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни: «Албатта, ушбу байроқни Аллоҳ унинг қўли ила фатҳ қиладиган, Аллоҳни ва Унинг Расулини яхши кўрадиган ва Аллоҳ ҳамда Унинг Расули уни яхши кўрадиган кишига берурман», дедилар.
Одамлар кечаси билан уни кимларига берилиши ҳақида гаплашиб чиқдилар. Тонг оттирганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордилар. Ҳаммалари уни ўзига берилишини орзу қилар эди.
Бас, у зот: «Али ибн Абу Толиб қани?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, унинг икки кўзидан шикояти бор», дейишди.
«Унга одам юборинглар», дедилар у зот.
Уни келтирилди. У зот унинг икки кўзига туфладилар ва ҳақига дуо қилдилар. Худди хаста бўлмагандек бўлиб тузалди. Бас, у зот унга байроқни бердилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, уларга қарши то биз каби бўлгунларича уруш қиламанми?!» деди Али.
«Сен уларнинг қаршисига шошилмай бор. Сўнгра уларни Исломга даъват қил. Уларга вожиб бўлмиш Аллоҳнинг ҳақлари тўғрисида хабар бер. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг сабабингдан бир кишини ҳидоятга солмоғи сен учун энг афзал неъматлардан кўра яхшироқдир», дедилар». Икки шайх ривоят қилган.
Бу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаларидан бирига шоҳид бўлмоқдамиз. Беморнинг кўзларига дам солиб, дуо қилишлари билан худди кўрмагандек бўлиб тузалиши катта мўъжиза. Бу иш ўша пайтда у зотнинг ҳар бир ҳаракатларини синчковлик билан кузатиб турган дўсту душманнинг орасида бўлгани билан ҳам эътиборга сазовордир.
Ушбу ҳадиси шарифдан яна бир улкан исломий ҳақиқатни англаб оламиз. Мусулмонлар фатҳ ишларини уруш учун эмас, кишиларни яхшиликка, Исломга даъват қилиш учун олиб борганлар. Агар уруш қилиш нияти бўлса, Хайбар аҳли ўша ишга лойиқ эдилар.
Ўша пайтда Хайбар Исломга ва мусулмонларга қарши халқаро марказга айланган эди. У ердан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши, Ислом давлатига қарши турли иғво ва ҳаракатлар тинмай чиқиб турган эди. Ўша кундан бир кун аввал уруш ҳам бўлган эди.
Шундай бўлса-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан байроқни олган ҳазрати Али уларга қарши ўзларига ўхшагунча уруш қилишлари ҳақидаги масалани ўртага ташладилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар, яна бир бор уларни масалани тинч йўл билан ҳал қилишга, Исломга даъват қилишга иршод қилдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хайбар куни Али ибн Абу Толибнинг: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг сабабингдан бир кишини ҳидоятга солмоғи, сен учун энг афзал неъматлардан кўра яхшироқдир», деган сўзлари мусулмонларнинг фатҳ ишларидаги шиори бўлиб қолган эди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни: «Албатта, ушбу байроқни Аллоҳ унинг қўли ила Фатҳ қиладиган, Аллоҳни ва Унинг Расулини яхши кўрадиган кишига берурман», дедилар.
Умар айтди: «Мен амирликни фақат ўша куни яхши кўрдим. Бас, унга мен даъват қилинсам эди, деб ошиқдим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алини даъват қилдилар ва уни унга бердилар ҳамда: «Юриб бор. Аллоҳ сенга фатҳни бергунича бошқа томонга қарама», дедилар.
Али бир оз юрди. Сўнгра тўхтади. Бошқа томонга қарамади ва: «Эй Аллоҳнинг Расули! Одамларга қарши нима учун уруш қиламан!» деди.
«Уларга қарши токи «Лаа илаҳа иллаллолҳу ва Муҳаммадан Расулуллоҳу», деб шаҳодат бергунларича уруш қил! Агар улар шуни қилсалар, сенда қонларини ва молларини ман қилурлар. Илло ҳаққи ила. Ҳисоблари эса Аллоҳ таолога ҳавола» дедилар.
Икки шайх ривоят қилган.
Бу ривоятда аввалги ривоятдаги маънолар таъкидланиши билан бирга тўлдирилиб ҳам келмоқда.
Биз Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудек улуғ зотнинг: «Мен амирликни фақат ўша куни яхши кўрдим. Бас, унга мен даъват қилинсам эди деб ошиқдим», деган гапларидан ўша куни ҳазрати Усмон ибн Аффон қанчалик улуғ мақомга эришганларини билиб оламиз.
Дарҳақиқат, ўша куни ўта нозик вазият юзага чиққан эди. Мусулмонлар бир кун аввал қанча уринмасинлар яҳудийларнинг «ал-Қамус» номли қўрғонини забт қила олмадилар. Ана шунда янаги ҳамла учун нафақат уста ва тадбиркор, қўрқмас ва баҳодир, балки Аллоҳга етишган, Аллоҳга ва Унинг Расулига ҳақиқий муҳаббати бор қўмондон зарур бўлиб қолди. Ана ўша шахс Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу эди.
Шунинг учун барчанинг, менга бўлса эди, деб нафасини ичига ютмай кутиб турган нарсасини – байроқни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айнан Али ибн Абу Толибга бердилар.
Байроқни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қўлларидан қабул қилиб олган Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Ислом лашкарларини мардонавор равишда бошлаб, Аллоҳдан фатҳу нусрат тилаган ҳолда топширилган вазифани адо этишга ошиқди.
Тиш-тирноғигача қуролланган маккор душман ичида беркиниб турган қўрғон дарвозаси олдига етиб борганда Ислом баҳодири: «Мен Али ибн Абу Толибман!» деб наъра тортди.
Душман Али ибн Абу Толиб кимлигини яхши билар эди. Шунинг учун бу наъра уларнинг қалбига қўрқинч солди.
Икки орада аёвсиз жанг бошланди. Қалъа ҳимоячилари асосий эътиборини Али ибн Абу Толибга қаратган эдилар. Уларнинг нияти нима қилиб бўлса ҳам у кишига зарар етказиш эди.
Шунинг учун ҳар томонлама ҳазрати Алига зарбалар беришарди. Ана шундай кучли зарбаларнинг биридан кейин Али ибн Абу Толибнинг қўлидаги қалқон учиб кетди.
Душман қиличлари ва найзаларидан бўлган ўрмон ичида ўзини ҳимоя қиладиган воситасиз қолди ва: «Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, ёки Ҳамза татиган нарсани мен ҳам татийман, ёки Аллоҳ менга фатҳ берур!» дея наъра тортди.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу душман ила қалқонсиз жанг қила туриб, қалъа эшикларидан бирига яқинлашиб бордилар. Одамлар, нима бўлар экан, деб қараб туришарди. Улар нима бўлганини билмай қолишди. Фақат билганлари ҳазрати Али дарвозага яқинлашиб борганда «Аллоҳу Акбар!» деб наъра тортганли ва бурилиб қараганларида унинг қўлида қалқон ўрнида дарвоза тургани бўлди.
Ўша ерда бўлганлардан бири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари Абу Рофеъ розияллоҳу анҳу: «Ўша эшикни мен билан бирга яна етти киши ердан олмоқчи бўлган эдик, кўтара олмадик», дейди.
Мусулмонлар яна ҳам руҳланиб кетдилар. Жанг авж олди. Али ибн Абу Толиб кўчириб олган дарвоза ўрнидан қалъа ичига кириб душманга қарши ажал уруғини соча бошлади.

Жобир ибн Самурата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Хайбар куни Али эшикни орқасига қўйиб кўтариб турди. Мусулмонлар унинг устидан тушиб у (қалъа)ни фатҳ қилдилар. Кейин уни судрадилар, фақат қирқ кишигина кўтара олди». Ибн Асокир ривоят қилган.
Кўп ўтмасдан «Қамус» қалъаси ичкарисидан Аллоҳ лашкарларининг «Аллоҳу Акбар! Хайбар енгилди!» деган ғалаба садолари янгради.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яна бир мўъжизалари собит бўлди: Аллоҳ ва Унинг Расулига муҳаббат қиладиган шахс – ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг қўли ила Хайбар фатҳ қилинди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Ҳалийм, сифати .ҳилм, сўзидан олинган бўлиб, луғатда .шошмасдан оқилона иш тутиш, ва .ёмонлик қилганга ёмонлик қайтармаслик, маъноларини билдиради.Уламолар ҳилмни давоми...

3309 05:00 / 28.02.2017
Билингки Киши ўз вақтларидан унумли фойдаланиши ва уни беҳуда кетишидан хавф қилиши, бир макондан бошқа бир маконни орзу қилиш эмас. Шунингдек киши айни пайтда, у давоми...

2880 05:00 / 01.03.2017
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деган .Қуръонни кўтарган одамлар ухлаганда кечаси бедорлик билан, одамлар оғзи очиқ юрганда кундузи рўзадорлик билан, давоми...

3147 13:54 / 02.05.2020
.Риё, сўзи аслида кўриш маъносини англатади. Шариатда эса, Аллоҳ учун эмас, хўжакўрсинга амал қилиш .риё, дейилади.Аллоҳ жалла шаънуҳу .Ким Роббисига рўбарў бўлишни давоми...

2691 05:00 / 28.02.2017
Аудиолар

120149 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41811 14:35 / 11.08.2021