1440 йил 17 жумадис сони | 2019 йил 22 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR
Тазкия

АЛЛОҲНИНГ МУҲАББАТИ

05:00 / 28.02.2017 995 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Муҳаббат» сўзи «ҳубб» ўзак-сўздан олинган бўлиб, аслида лозим тутиш ва сабот маъносини англатади. Бирор нарсага муҳаббат қўйган одам мазкур маҳбубни лозим тутади ва унга собит туради.

Муҳаббатнинг истилоҳий маъноси ҳақида уламолар бир- бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни келтиришган:
1. Роғиб айтади: «Муҳаббат нафснинг ўзи яхши деб билган ва гумон қилган нарсага мойил бўлишидир. У икки хил бўлади. Бири табиий бўлиб, у инсонда, ҳайвонда ва гоҳида жонсиз нарсада ҳам бўлади. Бошқаси ихтиёрий бўлиб, у фақат инсонга хос бўлади».
2. Кафавий шундай дейди: «Муҳаббат ҳаддан ошган розиликдир. У икки қисмдан иборат.
Биринчиси, ҳар бир мукаллафда бўлади. У иймонда лозим ва лобуд нарсадир. Унинг ҳақиқати Аллоҳ таолодан келган нарсани ҳукми ва тақдирига ҳеч қандай эътирозсиз қабул қилишдир.
Иккинчиси, фақатгина мақомот эгаларида бўлади. Унинг моҳияти қазо қилинган нарсадан қалбнинг қувонч ва сурурга тўлиши ва розилигидир».
Аллоҳнинг муҳаббати барча нарсани У зотга ҳиба қилишдан иборатдир. Ундан сенга ҳеч нарса қолмайдир.
Бундан мурод иродангни, азмингни, ишларингни, нафсингни, молингни ва вақтингни ўзинг муҳаббат қўйган зотга ҳиба қилмоғингдир. Уларнинг барчасини У зотнинг розилигига бағишламоғингдир. Улардан ҳеч нарсани ўзингга олиб қолмайсан. Фақат У зот Ўзи берганини оласан.
Аллоҳ таолонинг муҳаббати мақомотларнинг энг олийсидир. Шавқ, унс ва ризо каби кейинги мақомотлар ушбу мақомнинг самараларидир. Тавба, сабр ва зуҳд каби олдин келадиган мақомотлар бу мақомнинг муқаддималаридир.
Ислом уммати Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига муҳаббат қилмоқ фарз эканига ижмоъ қилган.
Аллоҳ таолонинг муҳаббатига оид ояти карималардан намуналар:
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ, албатта, Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтирур. Улар мўминларга хокисор, кофирларга қаттиққўл, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилурлар ва маломатчининг маломатидан қўрқмаслар. Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, хоҳлаган одамига берадир. Аллоҳ фазли-карами кенг ва билувчи зотдир», деган (54-оят).
Демак, Аллоҳ таоло ер юзида Ўз динининг барқарор бўлишига восита қилган бандалари алоҳида сифатларга эгадир. Биринчиси – ўзаро муҳаббат. Яъни, Аллоҳ уларни севади, улар ҳам Аллоҳни севадилар.
Бу ўзаро муҳаббат энг катта ва қувватли боғланишдир. Аллоҳнинг динига хизмат қилувчиларга, ўша динда мустаҳкам турувчиларга Аллоҳнинг муҳаббати бўлар экан. Дунёда ўзини билган инсон учун бундан улкан бахт йўқ.
Ожиз бир инсоннинг муҳаббатига сазовор бўлган шахс ўзини қанчалар бахтли ҳис этади. Биз сўз юритаётган муҳаббат эса, ҳамма бандаларнинг Робби, бутун оламларнинг холиқи, икки дунёнинг Молики, барча махлуқотлар Холиқи, уларга жон ато қилган, нозу неъмат берган, қиёмат куни ҳисоб-китоб қиладиган Зотнинг муҳаббати!
Аллоҳнинг маҳбуби бўлишдан юқори бахт йўқ. Шу билан бирга, бу муҳаббатга эришишнинг фақат бир йўли бор – мусулмон бўлиш, ихлосли мусулмон бўлиш.
Аллоҳнинг севгисини қозонган бандаларнинг ўзлари ҳам Аллоҳни севадилар. Демак, севги-муҳаббат икки тарафламадир. Аллоҳни севиш қандай улкан бахт. Бу севги дунёдаги ҳамма севгилардан устун турадиган севги бўлиб, бу севги жо бўлган қалбда бошқа севгилар ҳам соғлом бўлади.
Аллоҳни севгувчи одам доимо ўз маҳбуби розилиги учун ҳаракат қилади. Ўзида шундай севги пайдо қила олган одам дунёни ҳам бошқача кўради. Дунёдаги ҳамма нарсани ўз қадр-қиммати билан танийди. Фақат мусулмон инсонгина бундай севгига соҳиб бўла олади.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари қаттиқдир», деган (165-оят).
Аммо ҳақиқий иймонли инсонлар бор муҳаббатларини Аллоҳ таолонинг Ўзига қаратганлар ва бу муҳаббатлари жуда ҳам қаттиқдир. Қалбларида Аллоҳдан бошқанинг муҳаббатига ўрин йўқ.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қиладир», деб айт», деган (31-оят).
Аллоҳга бўлган муҳаббат, иймон қуруқ гап эмас. У одамлар орасида ўзининг иймони, Аллоҳга муҳаббати борлигини айтиши билан собит бўладиган нарса ҳам эмас. Аллоҳга ҳақиқий муҳаббат, ҳақиқий иймон тилда айтиладиган ҳис-туйғу ёки баъзи расм-русумларни адо этишдан иборат иш эмас. Аслида, у Аллоҳга ва Унинг Расулига тўлиқ бўйсунишдан иборат.
«Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг».
Ким қалбида Аллоҳга муҳаббат борлиги даъво қилса, бу даъвонинг тўғри ёки нотўғрилигига ҳукм Пайғамбар алайҳиссаломга эргашишига қараб чиқарилади. Агар у Пайғамбар алайҳиссаломга тўғри эргашса, даъвоси тўғри. Эргашмаса, тўғри эмас. Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга эргашиш ҳар бир бандага битмас-туганмас бахт-саодат келтиради. Бу нарса оятда қуйидагича баён қилинмоқда:
«Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир».
Мўмин банда учун Аллоҳнинг муҳаббатидан ҳам яхшироқ бахт-саодат борми?! Бунинг устига, унинг гуноҳларини ҳам мағфират қилиб турса!
Аллоҳга муҳаббат ҳақидаги ҳадислардан намуналар: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Расули, Қиёмат қачон бўлади?» деб сўради.
«Сен унга нима тайёрладинг?» дедилар.
«Мен унга кўп намоз, рўза ва садақа тайёрлаганим йўқ. Лекин Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббат қиламан», деди.
«Сен, ўзинг муҳаббат қилганлар билан биргасан», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:«Биз ҳам шундоқми?» дедик.
«Ҳа», дедилар. Ўша куни қаттиқ хурсанд бўлдик»ни зиёда қилинган». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Демак, Аллоҳ таолога ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат улуғ нарса. Бу муҳаббат бу дунёда Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишга ва у дунёда жаннатга етаклайди. Жаннатда бўлганида ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топади; Аллоҳ ва Унинг Расули у учун ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши». Бешовларидан Абу Довуд ривоят қилмаган.
Ушбу ҳадисда Исломнинг энг асл тушунчаларидан бири бўлган комил иймон ҳаловатини қайси йўл билан топиш мумкин экани баён қилинмоқда. Чунки иймон ҳаловатини топиш оддий ҳол эмас.
«Ҳаловат» сўзи «ҳолва»дан олинган бўлиб, «ширинлик» маъносини англатади. Асли моддий маънода ишлатиладиган бу сўз, бу ерда истеъора ила маънавий маънода келмоқда.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сўз бошида: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса иймон ҳаловатини топади», деб эшитувчини қизиқтириб олдилар. Иймон ҳаловати ҳаммани қизиқтирадиган нарса. Ҳамма: «Қандай қилиб иймон ҳаловатини топса бўлар экан?» деб юради. Иймон ҳаловатини уч нарса билан топиш мумкинлигини эълон қилиш эса, ҳамманинг эътиборини ўзига тортиши турган гап.
«Аллоҳ ва Унинг Расули ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари».
Комил иймонга эга бўламан, иймон ҳаловатини топаман, деган одам Аллоҳ таолони ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўп севмоғи лозим. Зотан бу сиз иймон бўлиши ҳам мумкин эмас.
Хўш, Аллоҳ ва Унинг Расулини севиш нима билан бўлади? Бу борадаги муҳаббатни қандай тушунмоқ керак? Уламоларимизнинг бу саволга берган жавобларидаги иборалари турлича бўлса ҳам маъноси бирдир.
У ҳам бўлса, Аллоҳга муҳаббат унинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир. Аллоҳ яхши кўрган нарсани яхши кўриб, Аллоҳ ёмон кўрган нарсани ёмон кўришдир.
Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат у зотнинг шариатлари ва суннатларини лозим тутмоқдан иборат.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда жумладан қуйидаги дуо бор: «Эй, бор Худоё, албатта, мен Сендан яхшиликларни қилишни, ёмонликларни тарк этишни, мискинларга муҳаббат қилишни, мени мағфират қилишингни ва менга раҳм қилишингни, қачон бир қавмни фитнага учратишни ирода қилсанг, мени фитнага учрамаган ҳолимда вафот этдиришингни сўрайман. Мен Сендан муҳаббатингни, Сенга муҳаббат қиладиганларнинг муҳаббатини ва Сенинг муҳаббатингга яқинлаштирадиган амалнинг муҳаббатини сўрайман». Термизий ва Ҳоким ривоят қилган.
Бу дуода биз ўрганаётган Аллоҳнинг муҳаббати мавзусига оид икки жумла бор.
«Сендан муҳаббатингни, сўрайман».
Аллоҳнинг муҳаббати мўмин-мусулмон кишининг энг олий ғоясидир. Мўмин қалбда фақат Аллоҳнинг муҳаббати бўлиши керак. Бошқа нарсанинг муҳаббатига қалбида жой қолмаган кишигина бир мақомга эришган бўлади. Бундоқ мақомга эриши учун доимо Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраш керак.
«Сенинг муҳаббатингга яқинлаштирадиган амалнинг муҳаббатини сўрайман».
Демак, амал билан одам Аллоҳнинг муҳаббатига яқинлашар экан. Амални қилиш учун эса, унга муҳаббат қилиш керак экан. Ўша амалнинг муҳаббатини ҳам доимо Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраб туриш лозим экан.

Абдуллоҳ ибн Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуоларида: «Эй, Аллоҳим! Мени муҳаббатинг ила ва муҳаббати Сенинг даргоҳингда менга манфаат берадиган шахснинг муҳаббати ила ризқлантиргин. Эй Аллоҳим! Менга муҳаббатини ризқ қилиб берган нарсангни Ўзинг муҳаббат қилган нарсада мен учун қувват қилгин. Эй, Аллоҳим! Мен муҳаббат қилган нарсалардан мендан четда қилганларингни менга Ўзинг муҳаббат қилган нарсаларда қувват қилгин», дер эдилар». Термизий ривоят қилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, мукофотнинг катталиги балонинг катталигига қараб бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло қачон бир қавмга муҳаббат қилса, бало ила синаб кўради. Ким рози бўлса, унга ризолик бўлади. Ким ғазаб қилса, унга ғазаб бўлади». Термизий ривоят қилган.
Аллоҳ таолонинг бир қавмга муҳаббат қилишининг кетидан синов келиши ҳам бор. Ўша синовдан муваффақият билан ўтиш лозим.
Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлиб сабр қилган бандадан Аллоҳ таоло рози бўлади. Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлмай ўзига етган балодан ғазаби чиқса, ўша бандага Аллоҳ таолонинг ғазаби бўлади.
Шунинг учун мўмин банда ўзига етган ҳар бир кўнгилсизликни Аллоҳ таоло томонидан синов деб билиб сабр қилса, Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлса, албатта, Аллоҳ таоло ҳам ундан рози бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ таоло айтади: «Ким менинг валийимга душманлик қилса, батаҳқиқ, Мен унга уруш эълон қилурман. Бандам Менга Мен унга фарз қилган нарсаларим ила яқинлашгани каби Менга маҳбуб нарса ила яқинлаша олмас. Бандам менга нафллари ила яқинлашишида бардавом бўлса Мен унга муҳаббат қилурман.
Қачон Мен унга муҳаббат қилсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўлурман. Агар Мендан сўраса, албатта, унга берурман. Агар у Мендан паноҳ тиласа, Мен уни Ўз паноҳимга олурман. Ҳеч бир нарсада мўминнинг жони ҳақида иккиланганимдек иккиланган эмасман. У ўлимни ёқтирмайди. Мен эса унга ёмонлик қилишни истамайман». Бухррий ва Аҳмад ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда жуда нозик масалалар нозик иборалар ила баён қилингандир. Шунинг учун унинг зоҳирий маъносига учмасдан уламоларимиз узоқ изланишлар оқибатида эришган нозик натижаларни ҳушёрлик билан ўзлаштиришимиз лозим.
Аллоҳ таолога алоҳида яқин бўлиш шарафига муяссар бўлган саодатманд зотлар қандай тарзда Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилганларининг баёни ҳадиси шарифнинг давомида келади.
«Бандам Менга Мен унга фарз қилган нарсаларим ила яқинлашгани каби Менга маҳбуб нарса ила яқинлаша олмас».
Бундан Аллоҳ таолога яқин бўлиш учун банда аввало ўзига фарз қилинган нарсаларини ўринлатиб адо этадиган бўлиши керак. Фарз амалларни бекаму кўст адо қилган банда Аллоҳ таолога яқинлик касб қилган бўлар экан. Фарз амалларни қилмай туриб, Аллоҳ таолога яқин бўлиш ҳақида ўйлаб ўтириш ҳам мумкин эмас экан.
Фарз амалларни тўлиқ адо этиб, Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилган бандалар яна ҳам яқинроқ бўлиш имконига эга эканлар. Бунинг учун улар нафл ибодатлар билан машғул бўлмоқлари лозим.
«Бандам менга нафллар ила яқинлашишида бардавом бўлса, Мен унга муҳаббат қилурман».
Агар банда фарзларни тўлиқ адо қилганидан кейин нафлларни бардавом бажариб турса маълум даражага етганида Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлар экан.
«Қачон Мен унга муҳаббат қилсам, унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўлурман».
Бу жумлада келган Аллоҳ таолонинг «Унинг эшитадиган қулоғи бўламан» дегани банданинг фақат Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсаларни эшитадиган бошқа нарсаларни эшитмайдиган ҳолга етиб қолишини билдиради. Бу ерда зинҳор зоҳирий маънони хаёлга келтирмаслик керак.
Шунингдек, кўрадиган кўзи деганда банда Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсадан бошқа нарсани кўришдан ўзини тортадиган, ушлайдиган қўли деганда банда фақат Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсаларни ушлайдиган бўлишини ва юрадиган оёғи деганда банда фақатгина Аллоҳ таолони рози қиладиган ишларга юрадиган ҳолга етишишини тушунмоқ керак.
Демак, банда фарзларни адо этиш ила Аллоҳ таолога яқин бўлади. Нафл ибодатлари кўп қилиш ила Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлади. Сўнгра фақат Аллоҳ таолони рози қиладиган нарсаларни эшитадиган, кўрадиган, ушлайдиган ва Аллоҳ таолони рози қиладиган жойларга юрадиган ҳолга эришади. Бу ҳол унинг учун алоҳида бир мақомга эришиш имконини беради. У ҳолда нималар бўлишини Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларидан билиб оламиз:
«Агар Мендан сўраса, албатта, унга берурман. Агар у Мендан паноҳ тиласа, Мен уни Ўз паноҳимга олурман».
Қисқа қилиб айтиладиган бўлса, бу ҳолда банда дуоси тўхтовсиз қабул бўладиган шарафга ноил бўлади. Валийларнинг ҳоли шу.

Аллоҳ таолонинг муҳабатини жалб қилувчи сабаблар:

Мазкур сабаблар ўнтадир:

1. Қуръони каримни таддаббур ила маъноларини фаҳмлаб қироат қилиш.
2. Фарз ибодатларни тугал қилгандан кейин нафл ибодатлар ила Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш. Бу нарса муҳаббат даражасидан ўтиб, маҳбубиятга эриштиради.
3. Барча ҳолатларда – тил, дил, амал ва ҳол билан Аллоҳ таолонинг зикрида бардавом бўлиш. Банданинг зикрдан бўлган насибасига қараб, муҳаббатдан бўлган насибаси белгиланади.
4. Ҳавои нафс ғалаба қилганда Унинг муҳаббат қилган нарсаларини ўзинг муҳаббат қилган нарсалардан устун қўймоғинг.
5. Қалбнинг У зотнинг исмлари, сифатларини яхши мутолаъа ва мушоҳада қилиши ҳамда таниши. Бас, ким Аллоҳ таолони исмлари, афъоллари ва сифатлари билан таниса, шубҳасиз, Унга муҳаббат қилади.
6. У зотнинг зоҳирий ва ботиний яхшилиги, эҳсони, неъматларини мушоҳада қилиш.
7. Аллоҳ таолонинг олдида қалбнинг бутунлай синиши.
8. Илоҳий нузул вақтида (кечанинг учдан бири қолганда) У зот билан холи қолиб, муножот қилишва каломини тиловат қилиш. У зотнинг ҳузурида бандалик одобларини ўрнига қўйиш ва бу ҳолни истиғфор ҳамда тавба ила хатм қилиш.
9. Содиқ муҳаббатлилар мажлисларида ўтириб уларнинг каломларидан энг ширин меваларини териш.
10. Аллоҳ таоло билан қалб орасида тўсиқ бўладиган ҳар бир нарсадан узоқда бўлиш.
Аллоҳнинг муҳаббати аломатлари:
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтирур. Улар мўминларга хокисор, кофирларга қаттиққўл, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилурлар ва маломатчининг маломатидан қўрқмаслар. Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, хоҳлаган одамига берадир. Аллоҳ фазли-карами кенг ва билувчи зотдир», деган (54-оят).
Аллоҳ таоло динининг ер юзида барқарор бўлишни ирода этган. Бу иродани юзага чиқаришда баъзи бандаларини восита – сабаб қилади. Мана шу шарафли ишга мусулмон уммати танланган.
Аллоҳ таоло Ўз динининг ер юзида барқарор бўлишига восита қилган бандалари алоҳида сифатларга эгадирлар:
Биринчиси – ўзаро муҳаббат. 
«Аллоҳ, албатта, Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган қавмни келтирур».
Яъни, Аллоҳ уларни севади, улар ҳам Аллоҳни севадилар. Бу ўзаро муҳаббат энг катта ва қувватли боғланишдир. Аллоҳнинг динига хизмат қилувчиларга, ўша динда мустаҳкам турувчиларга Аллоҳниг муҳаббати бўлар экан.
Аллоҳнинг севгисини қозонган бандалар Аллоҳни севадилар. Демак, севги-муҳаббат икки тарафламадир. Аллоҳни севиш қандай улкан бахт. Бу севги дунёдаги ҳамма севгилардан устун турадиган севгидир. Бу севги жо бўлган қалбда бошқа севгилар ҳам соғлом бўлади.
Мазкур бандаларнинг сифатларидан иккинчи ва учинчиси – «Улар мўминларга ҳокисор, кофирларга қаттиққўл»дирлар.
Яъни, Аллоҳ ўз динини ер юзида муқаррар қилиш учун танлаган бандалари аввало мўминларга хокисор (тавозуъли) бўладилар. Иймон (дин) қардошлари билан ўзаро муомалаларда мулойим, лутфли, ширинсўз бўладилар. Меҳрибон, шафоатлидирлар. Мўмин биродарларига ҳеч озор бермайдилар.
Бу ҳоллари улар учун пастлик ёки хорлик эмас, балки Аллоҳнинг дини йўлидаги қардошликлари ҳурмати, диний биродарлик туйғусидир. Бу қардошлик тилёғламалик, сунъий муомалаларни ўртадан кўтаради, уларнинг алоқаларини соф иймон ва Ислом алоқасига айлантиради.
Шу билан бирга, мазкур кишилар кофирларга қаттиққўлдир. Чунки уларнинг кофирлар билан бўладиган алоқалари якка шахс алоқалари эмас, балки бу доирадан юқори турадиган алоқадир. Яъни, бу ерда гап шахсий алоқа ҳақида эмас, дин устида кетмоқда.
Аллоҳнинг муҳаббати учун танлаб олинган бандаларнинг тўртинчи сифатлари шуки, улар:
«Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилурлар»
Аллоҳнинг динини, шариатини, иродасини ер юзида барқарор қилиш учун энг зарур нарса Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишдир. Аллоҳнинг динини ер юзида барқарор этиш учун танлаб олинган кишилар шахсий мақсадлар йўлида эмас, фирқа, тоифа, қабилалари манфаати учун эмас, балки фақат Аллоҳ йўлида жиҳод қиладилар.
Аллоҳнинг муҳаббати учун танлаб олинган бандаларнинг бешинчи сифатлари – «Маломатчининг маломатидан қўрқмаслар».
Аллоҳнинг муҳаббати учун жидди жаҳд қиладиган одамга маломатчиларнинг маломатидан қўрқишнинг нима кераги бор? Маломатчилик кенг тарқалган дард. Ҳар нима қилсанг ҳам, одамлар барибир маломат қилавериши мумкин. Шунинг учун Аллоҳнинг айтганидан қолмаслик керак. Агар маломатчиларнинг маломатидан қўрқиб, уларга риоя қилинса, муҳаббат Аллоҳ учун эмас, улар учун бўлиб қолади.
Бинобарин, Аллоҳнинг муҳаббатини ихтиёр қилган қавмдан бўлиш:
«Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, хоҳлаган одамига беради. Аллоҳ фазли карами кенг ва билувчи Зотдир».
Аллоҳнинг бундай кенг фазли-карамидан баҳраманд бўлган кишилар бу улуғ иноятнинг қадрига етмоқлари лозим.

Аллоҳ муҳаббатининг фойдалари:

1. Аллоҳнинг муҳаббати иймон камолотига далилдир.
2. Аллоҳнинг муҳаббати Ислом гўзаллигига далилдир.
3. Аллоҳнинг муҳаббати У зот ила учрашув шавқидир.
4. Аллоҳнинг муҳаббати бор қалбни Аллоҳ таолонинг баракаси давомли равишда ўраб туради.
5. Аллоҳнинг муҳаббатининг асари қийинчилик ва ғам-ғусса пайтида зоҳир бўлади.
6. Аллоҳнинг муҳаббати бу дунё неъмати ва сурури ўлароқ охират неъмати ва сурурига етказади.
7. Аллоҳнинг муҳаббати мусибат пайтида тасалли беради.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, банданинг қалби Аллоҳ таолонинг муҳаббати, ибодати ва зикри билан тўлиб-тошган бўлса, бундай қалбда дунёнинг муҳаббатига жой қолмайди. Бундай банда бадани билан молу мулк учун ҳаракат қилаётган чоғида ҳам қалби доимо Аллоҳ таолонинг зикри билан банд бўлади.
У нақшбандийларнинг «даст ба кору дил ба ёр» шиорига амал қилган бўлади. Оқибатда қалби Аллоҳ таоло муҳаббати ила тўлади. Қалби илоҳнинг муҳаббати ила тўлиб-тошган бандага Аллоҳ таоло ҳақиқий маънодаги бойликни ато қилади ва уни қашшоқликдан қутқаради.
Аксинча, қалбида Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва ибодати ҳамда зикри билан обод бўлмаган банданинг очкўз бўлиб доимий қашшоқликда қолиши ҳам турган гап.
Гап моддий маънодаги молу дунёнинг кўп ёки озлигида эмас. Балки банданинг ўша молу дунёга бўлган муносабатидадир.
Тарихда молу дунёси ҳадсиз-ҳисобсиз бўлган тариқат шайхлари анчагина бор. Уларнинг бошқа бойлардан фарқи ўз молу дунёларига заррача муҳаббат қўймасдан фақат Аллоҳ таолонинг ибодати ва зикри билан машғул бўлиб, қалбларида молу дунё муҳаббатига жой қолмаганидадир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Хожа Ориф Ревгарий қуддиса сирруҳуБу зот ҳижрий 560 сана, милодий 1165 санада Ревгарда таваллуд топганлар ва ҳижрий 660 сана, милодий 1212 санада ўша ерда вафот давоми...

437 13:15 / 18 январь
Аллоҳ буюради Аллоҳ фазлу карами билан ато қилган нарсаларнинг закотини беришга бахиллик хасислик қилган кимсалар ҳаргиз бу қилмишларини ўзларини учун яхшилик давоми...

929 18:09 / 17.11.2018
Дарҳақиқат, ғийбатчи икки жиноят қилган бўлади биринчи ndash Аллоҳ таолонинг ҳаққига, У қайтарган ишни қилиб жиноят этади, бунинг каффорати қилган ишига тавба қилиб, давоми...

934 05:00 / 28.02.2017
Иффатrdquo сўзи луғатда қабиҳ нарсадан тийилишrdquo маъносини англатадиИбн Манзур .Иффат аслида қолдиқнинг ўрнига ўтадиган нарсани тановул қилиш ила кифояланишдир. давоми...

1044 05:00 / 01.03.2017
Топ рейтинг www.uz Openstat