1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

ЗИКРНИНГ СИЙҒАЛАРИ

05:00 / 28.02.2017 4961 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қавл-ибора ила адо этиладиган зикрлар иккига; Қуръон ва Суннатда сийғаси-лафзлари келган ва мазкур икки манбада сийғаси келмаган зикрларга тақсимланади.

Аввало Қуръони Каримнинг ўзи бутунлигича зикрдир. Унинг қай бир оятини ўқиган одам кўплаб савобларга эришади. Қолаверса, Қуръони Каримнинг ўзида баъзи муносабатларга боғланган зикрлар ҳам бор.
Мисол учун Қуръони Каримнинг тиловатини бошлайдиган кишига истиъозани айтиш амр қилинган.
Аллоҳ таоло «Наҳл сурасида: «Қуръон ўқиган чоғингда, Аллоҳдан қувилган шайтон(шарри)дан паноҳ сўрагин», деган (98-оят).
Яъни, аввал «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм»ни айтиб туриб, кейин Қуръон қироатини бошлагин. «Аъузу биллаҳи»ни айтиш Қуръони Карим тиловати учун тилни поклайди. Кишини Аллоҳнинг китоби Қуръони Каримни ўқишга тайёрлайди. Шайтоннинг васвасасидан сақлайди. Бутун вужуди ва шуурини Аллоҳ томон буради. Ушбу ояти каримадан уламоларимиз Қуръон ўқишни бошламоқчи бўлган ҳар бир инсонга «Аъузу биллаҳи»ни айтиш вожиблиги ҳукмини чиқарганлар. Чунки Аллоҳ шунга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амри ҳар бир мўминга вожиб. Уни қилмаган одам гуноҳкор бўлади.
Суннатдаги зикрлар ҳам мутлақ қачон ва қаерда бўлса ҳам айтилаверадиган ҳамда бирор муносабат ёки ҳодисага боғланган бўлади.
Қуръони Карим ва Суннатдаги зикрлар жуда кўп бўлиб баъзи уламолар уларга алоҳида китобларни ҳам бағишлаганлар. Мисол тариқасида имом Нававийнинг «ал-Азкор» ва Сиддиқ Ҳасанхоннинг «Нузулул Аброр» китобларини эслаб ўтишимиз мумкин.
Нафл зикрларнинг афзали Қуръони Карим қироатидир. У ўзида барча зикрларни жамлагандир. Албатта, Аллоҳнинг каломининг бошқа каломлар устидан фазли Аллоҳ таолонинг ўз бандалари устидан бўлган фазли кабидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримни энг улуғ ибодат намозда қироат қилишни фарз қилган.
Кўплаб ҳадиси шарифларнинг иттифоқ қилишича, Қуръони Каримдан кейинги энг афзал зикр тўрт калима; Субҳаналлоҳи, вал Ҳамду лиллаҳи, ва лаа илаҳа иллаллоҳу, валлоҳу акбардир.
Шунинг учун зокирликни истаган одам аввал Қуръони Каримнинг қироатини маромига етказади. Кейин вақти ва имкони бўлса, тўрт калимани ва улардан сўнг бошқа зикрларни ўрнига қўяди.

Қуръони Карим ва Суннатда келмаган зикрлар

Умумий тарздаги зикрда Аллоҳ таолога мақтов маъносини билдирган, нуқсон маъносини ичига олмаган кишилар тарафидан айтилган зикрни қилса жоиз. Бу жумлага саҳобаи киромларнинг ўзлари қилган дуолар ҳам киради.
Албатта, ривоятларда келган зикрни қилиш одамлар ихтиро қилган зикрни қилишдан афзал.
Бу ҳақда имом Нававий қуйидагиларни айтади: «Яхшилик ва фазл Китоб ва Суннатдаги асарларга эргашишдир. Бу иккисида барча вақтларга кифоя қиладиган нарса бордир. Бизнинг асҳобларимиз шунга юрганлар. Машойихларнинг вирдлари ва ҳизблари ила машғул бўлишнинг ҳечқиси йўқ, улар ҳам бўлаверади».
Машҳур ҳанафий фақиҳ Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳи: «Намозда ёдланган дуони қилиш лозим. Аммо бошқа вақтларда эсига тушган нарса ила дуо қилса бўлаверади», деган.

Муайян муносабатларда ўзича дуо қилиш

Аслида аввал ҳам айтиб ўтилганидек, муайян муносабатларда Қуръони Карим ва Суннатда келган зикрларни қилиш афзал. Ўзича зикр қилишнинг ҳукми нима деган саволга иккига бўлиб жавоб берилади.
1. Агар зикр ибодатнинг рукни ёки вожиби бўлса, унинг ўрнига бошқа лафзни келтириш мутлақо мумкин эмас. Мисол учун азоннинг ёки намознинг зикрларини ўзгартирб бўлмайди. Азоннинг лафзлари, намозда ўқиладиган сура ва такбиру тасбиҳларни ўзгартириш мумкин эмас.
2. Зикр мустаҳаб бўлса, уни ўзгартириш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида бир оз тафсилот бор.
Агар ривоятда келган зикрни қилинса, афзал. Аммо ундан бошқа лойиқ зикрни айтиш ҳам жоиз.
Бунга мисол тавоф вақтидаги зикрдир. Агар ривоят қилинган зикрни айтса, яхши. Аммо ундан бошқасини айтса жоиз. Ундан қироат қилиш афзал.
Демак, тавофда афзали ривоятда келган зикр, кейин Қуръони Карим қироати ва охири мақомга лойиқ ривоят қилинмаган зикр.
Агар бир муносабатда қилинадиган зикр ривоятда бўлмаса, инсон муносабатга лойиқ зикрни қилиши жоиз. Бунга ийд билан табриклаш мисол бўлади.
Дуррул Мухтор китобининг соҳиби бу ҳақда: «Ийд билан, Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам қабул қилсин, деб табриклаш мункар эмас, деган.
Мазкур китобнинг шарҳчиси Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳи «Раддул Муҳтор» номли китобида: «Бунинг айтилишининг сабаби Абу Ҳанифа ва унинг асҳобларидан бирор нарса ривоят қилинмаганидир», деган.

Зикрга зиёда қўшилиши мумкинми?

Бу масалани қисқача қилиб айтадиган бўлсак, мустаҳаб бўлган зикрда муносиб зиёдани қилса бўлади. Баъзи саҳобалар шундоқ қилганлари ривоят қилинган.

ЗОКИРНИНГ ОДОБЛАРИ

Зикр қилувчи учун ўзига яраша одоблар мажуд. Ўша одобларга риоя қилган ҳолда адо этилган зикр қабул ва ижобат бўлиши умидлидир.
1. Аллоҳ таолодан зикрга ёрдам сўраш керак.
2. Зокир таҳоратли бўлиши керак.
3. Фазилатли маконларни ихтиёр қилиш керак.
Масжид, Ҳарамайни шарифайни ва шунга ўхшаш жойлар.
4. Фазилатли замонларни ихтиёр қилиш керак.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳининг айтишларича зикр учун энг афзал вақт Бомдод намозидан кейинги вақтдир. Ўша вақтда фаришталар ҳозир бўладилар.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи шунинг учун ҳам Бомдод намозидан то қуёш чиққуна гапириш ва ухлаш макруҳдир, деганлар.
Зикрнинг энг афзал мавсумларидан бири Зул Ҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигидир.
Қолган барча вақтларда зикр мустаҳабдир.
5. Солиҳ амаллардан кейин зикр қилмоқ.
Аллоҳ таоло «Жума» сурасида: «Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп зикр қилинг, шоядки ютуққа эришсангиз», деган (10-оят).
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Намозни адо этганингиздан сўнг Аллоҳни турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолингизда зикр қилинг», деган (103-оят).
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Ибодатларингизни тугатганигизда, Аллоҳни оталарингизни эслагандек, балки ундан ҳам кучлироқ зикр қилинг, деган (200-оят).
Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда:
«Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассаломнинг даврларида одамлар фарз намоздан қайтганларида овозни кўтариб зикр қилиш бор эди», дейилган.
6. Ноқулай ҳолатларда зикрни тўхтатиш лозим.
Бунга халога кирганда, жинсий яқинлик қилганда, Жума хутбаси бўлганда каби ҳолатлар киради.
7. Қиблага қараб зикр қилиш керак.
8. Рағбат, хушуъ ва хузуъ ҳамда тадаббур билан зикр қилиш лозим. Яъни, фикрни жамлаб, айтилаётган зикрнинг маъносини тушуниб қилиш керак.
9. Зикрни холи қолиб қилишга ҳаракат қилиш.
Одамлардан панада бўлиб хилватда зикр қилиш кўпчиликнинг ичидаги зикрдан афзалдир.
Ибн Ҳажар узун ҳадисда келган «агар бандам Мени ичида зикр қилса, Мен ҳам уни ичимда зикр қиламан» деган иборадан, махфий зикр ошкора зикрдан афзалдир деган ҳукмни чиқарган. Бундан бошқа ҳаислардан ҳам махфий зикр афзаллиги таъкидланган. Зотан у риёдан йироқдир.
Аммо шариатда овоз чиқариб айтиш лозим бўлган, лаббайка, азон ва иқомага ўхшаш ҳолатлардан овоз чиқариш лозим.

Зикр учун тўпланиш

Уламолар зикр учун тўпланиш ва унга бериладиган ажрлар баёнида келган ҳадисларни далил қилиб бу иш яхши экани ва у одамларнинг зикрга рағбатини қўзғаши ва азми қарорини оширини таъкидлаганлар.
Имом Нававий зикр ҳалқаларида ўтириш мустаҳабдир, деган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳалқа бўлиб ўтирган саҳобаларга айтган мақтов сўзлари ҳақидаги ҳадисни келтирган.
Ибн Таймия Қироат, зикр ва дуо учун жамланиш яхши ишдир. Агар уни мураттаб суннат қилиб олинмаса ва мункар бидъат ила бирлаштирилмаса, деган.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳи, агар бир қавм қироат, дуо ва зикр учун жамланса, қандоқ ҳам яхши деган.

Мўминнинг зикр чоғидаги ҳоли

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мўминнинг зикр чоғидаги ҳолини қуйидагича васф қилган: «Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир», (Анфол сураси, 2-оят).
Оятда мўминларнинг зикр пайтидаги сифати зикр қилинган.
Оят «Албатта», деган таъкид билан бошланаётгани диққатни тортади.
«Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи»лар... мўминлардир.
Аллоҳ таоло «Ҳадид» сурасида: «Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш, айни чоқда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!» деган (16-оят).
Инсон қалби тез ўзгарувчан нарса. Араб тилида «қалб» сўзи ўзгариш, айланиш каби маъноларни англатади. Қалбнинг тез ўзгарувчанлигини Қуръони Карим тез-тез эслатиб туради. Ушбу оят ҳам шундай эслатмалардан биридир. Инсон тез-тез Аллоҳнинг зикрини қилиб турса, қалби юмшайди, «мулойим бўлади, ҳис қилиш малакаси ошади.
«Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш…»
Оятдаги «нозил бўлган ҳақ» Қуръони Каримдир. Демак, уни тиловат қилиш ёдлаш, ўрганиш, унга амал қилиш инсон қалбини юмшатади.
Агар Аллоҳ тез-тез эслаб турилмаса, Қуръон ва шариатдан, дин таълимотларидан узоқлашилса, инсон қалбини моғор босади, бағри тошга айланади. Унга Аллоҳнинг зикри ҳам, диний таъли-мотлар ҳам таъсир қилмайдиган бўлиб қолади. Аввал Таврот ва Инжил каби илоҳий китоблар берилган яҳудий ва насронийларнинг вақт ўтиши билан оятда тасвирланганидек қалбларини моғор босиб, қаттиқ бўлиб қолган. Уларнинг кўплари фосиқлардир.
«…айни чоқда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!»
Лекин қотиб қолган қалблардан умид узмаслик керак. Аллоҳнинг ўзига ҳамма нарса осон. У худди қуриб-қақшаган ерни жонлантирганидек, моғор босиб қотиб кетган қалбни ҳам юмшата олади.
Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида: «Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?» деган (28-оят).
Ҳа, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканларини ҳис этадилар. Чунки бу қалблар дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳдан эканлигини яхши биладилар. Аллоҳдан ўзганинг қўлидан ҳеч нарса келмаслигини ҳам яхши биладилар. Бу дунёю у дунёнинг саодати Аллоҳнинг ихтиёрида эканини яхши биладилар. Шундай бўлганидан кейин нега Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасин?!
«Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?»
Бу оромнинг нелигини уни тотиб кўрганларгина биладилар. Иймонсизлар қалб ороми нима эканидан бутунлай бехабардир-лар. Улар ер юзидаги энг бадбахт одамлардир.
Дунёдаги энг бахтли одамлар эса, Аллоҳ томон йўналганлар, ҳидоят топганлар, иймон келтирганлар ва қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топганлардир.
Аллоҳ таоло «Зумар» сурасида: «Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширар. Ундан Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар. Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар», деган (23-оят).
Бу ояти каримада Қуръони Каримнинг васфи, унинг мўминларга таъсири ва у орқали ҳидоятга эришиш ҳақида сўз кетмоқда.
«Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширар».
Қуръони Карим энг гўзал сўздир. Унинг оятлари гўзалликда, пурмаъноликда, ҳикматда, тўғриликда ва ҳукмда бир-бирига ўхшашдир. «Такрорланадиган» бўлиши эса, ҳукмлари такрор-такрор келади, ҳикматлари такрор-таркор келади, ваъзлари, огоҳлантиришлари, ваъдаю таҳдидлари ҳам такрор-такрор келади. Шунингдек, суралари, оятлари такрор-такрор ўқилади, ёд олинади, ўрганилади.
«Ундан Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар».
Аллоҳдан қўрқадиган бандалар Қуръонни ўқиганларида, унинг тиловатларини эшитганларида баданлари титрайди. Унда-ги маънолардан таъсирланиб, уни туширган Аллоҳнинг ҳайба-тидан, Уни улуғлашдан қалблари титрайди.
«Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар».
Бу сифат Аллоҳ таолонинг аброр бандаларининг сифатидир. Улар Қуръон тиловатидан, ундаги маънолардан жуда қаттиқ таъсирланадилар. Огоҳлантирувчи, таҳдид қилувчи оятлар келганида хавфдан, қўрқинчдан баданлари титрайди, яхши ваъда ва раҳмат оятлари келганида умидворликдан баданлари ва қалблари юмшайди, Аллоҳнинг зикрига яна ҳам кўпроқ бериладилар. Бун-дай бўлиши яхшилик аломатидир.
Мазкур оятларда айтиб ўтилган ҳолатларда зокирга йиғи ҳам келиши мумкин. Бу ҳолни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васал-ламнинг бир неча ҳадисларида айтиб ўтилган.
Аммо зикр чоғида ўзидан кетиб йиқилиш, типирчилаб қо-лиш, бақир-чақир қилиш каби ҳолатлар Қуръони Каримда ҳам, ҳадиси шарифда ҳам мутлақо зикр қилинмаган.
Улуғ тобеъинлардан бўлган Қатода розияллоҳу анҳу «Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар» ояти тафсирида, бу Аллоҳнинг валийларининг васфидир. Парвардигор уларни ақл кетиши ёки хушдан кетиб йиқилиш билан васф қилмаган, деганлар.
Мазкур ҳолатни нотўғри эканига далил сифатида саҳоба ва тобеъинлардан кўплаб ривоятлар келган биз мисол тариқасида фақат бир дона ривоятни келтирамиз.
Ибн ал-Ҳож раҳматуллоҳи алайҳининг «ал-Мадхал» номли китобларида Ибн Зубайрдан қуйидагилар ривоят қилинади:
«Отамнинг олдига борган эдим:
«Қаерда эдинг?!» деди.
«Аллоҳни зикр қилаётган бир қавмни кўриб қолдим. Улар-дан бири Аллоҳдан қўрққанидан хушидан кетиб қолар эди. Улар билан бирга ўтирдим», дедим.
«Бундан кейин улар билан ўтирма!» деди.
Ўзининг бу гапи менга унча тасир қилмаганини кўриб яна:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръон тиловат қилганларини кўрдим. Абу Бакр ва Умарнинг Қуръон тиловат қилганларини кўрдим. Улар бундоқ бўлмас эдилар. Сен ҳалигиларни Абу Бакр ва Умардан кўра Аллоҳдан кўпроқ қўрқишади деб ўйлайсанми?!» деди.
Мен уларни тарк қилдим».

Зикр чоғида рақс тушиш, айланиш ва мусиқа чалиш

Уламолар зикр чоғида рақс тушиш, айланиш, мусиқа чалиш ва кўкисга ёки бошига уриш каби ишларни қаттиқ танқид қил-ганлар. Гапнинг чўзилиб кетишидан қочиб биргина мисол келтирамиз.
Машҳур ҳанафий олим Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг донғи кетган «Раддул Муҳтор» номли китобларида қуйидагиларни ёзган:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон қироати, жаноза, урушга бориш ва зикр чоғида овозни кўтаришни ёқтирмаганлар. Энди вужд ва муҳаббат деб номлаганлари қўшиқ чоғидагисини нима деса бўлади?! Албатта, бу нарса макруҳдир! Унинг динда асли йўқдир!»

Зикр чоғида қалбнинг қаттиқ бўлиши

Зикр чоғида қалбнинг қаттиқ бўлиши ниманинг аломати эканини Қуръони Каримнинг баъзи оятлари орқали тушуниб оламиз.
Аллоҳ таоло «Зумар» сурасида: «Қачонки Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи зикр қилинса, охиратга иймон келтирмайдиганларнинг қалблари сиқилиб кетар. Қачонки Ундан ўзгалар зикр қилинсалар, бирдан шодланиб кетарлар», деган (45-оят).
Ушбу ояти каримада мушрикларнинг уларнинг ҳузурида Аллоҳни зикр қилингандаги ҳоли баён қилинмоқда.
«Қачонки Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи зикр қилинса, охиратга иймон келтирмайдиганларнинг қалблари сиқилиб кетар».
Ҳа, кофир ва мушрикларга Аллоҳ таоло эслатилиб, Аллоҳнинг динига чақирилса, юраклари сиқилади. Аммо Аллоҳдан бошқа турли сохта худолар, Аллоҳнинг йўлидан бошқа турли йўллар, Аллоҳнинг шариатидан бошқа турли қонун-қоидалар зикр қилинса, шодланиб кетадилар.
«Қачонки Ундан ўзгалар зикр қилинсалар, бирдан шодланиб кетарлар».
Бу иш Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам, кейинги даврларда ҳам кўп бўлган.
Аллоҳ таоло «Зумар» сурасида: «Аллоҳ кўксини Исломга кенг қилиб очиб қўйган шахс ўз Роббидан бўлган нурда эмасми?! Аллоҳни зикр қилишдан қалблари қотиб қолганларга вой бўлсин! Ана ўшалар очиқ-ойдин залолатдадирлар», деган (22-оят).
Ушбу ояти каримада мўмин қалб билан кофир қалбнинг ора-сидаги фарқ очиқ-ойдин баён қилинади.
«Аллоҳ кўксини Исломга кенг қилиб очиб қўйган шахс ўз Роббидан бўлган нурда эмасми?!»
Албатта, Аллоҳ таоло кимнинг қалбини Исломга кенг очиб қўйса, ўша одамнинг қалби илоҳий нур ила тўлади, яъни, унинг қалби тўла нур бўлади. Ўша нурли қалб ўз ҳаёт йўлини ҳам Ислом нури билан ёритади. Ҳар бир ишида, ҳар бир тасарруфида унга тўғри йўл кўрсатиб туради.
«Аллоҳни зикр қилишдан қалблари қотиб қолганларга вой бўлсин!»
Улар Аллоҳни зикр қила олмайдилар. Чунки қалблари тош бўлиб қотиб қолган. Қотган тош ичини нур ёритмайди. Уларнинг қалбига Ислом нури ҳам, иймон нури ҳам кирмайди. Аллоҳнинг зикри нури кирмайди. Ана ўшаларга вой бўлмай, кимнинг ҳолига вой бўлсин?!
«Ана ўшалар очиқ-ойдин залолатдадирлар».
Очиқ-ойдин адашувдадирлар. Уларнинг йўлини ёритадиган нурлари йўқ. Шунинг учун қоронғуда адашиб, ҳалокат йўлига юриб кетадилар. Оқибатда ҳолларига вой бўлади.

Зикрни кўп қилиш

Зикрни иложи борича кўп қилиш мандубдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда зикрни кўп қилишга амр қилган.
Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида: «Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳнин кўп зикр қилингалар ва Унга эрта-ю, кеч тасбиҳ айтинглар», деган (41-42-оятлар).
Бошқа оят ва ҳадисларда ҳам худди шунга ўхшаш маънолар келган.
Банда қачон кўп зикр қилувчиларда бўлиши ҳақида турли ривоятлар бор.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ким Аллоҳни намозлардан кейин, эрта-ю кеч, ётар жойларда, уйқусидан уйғонганда, манзилига кирганда ва чиққанда зикр қилса, кўп зикр қилувчилардан бўлишини айтганлар.
Ибн Салоҳ эса ривоят қилинган собит зикрларни эрта-ю кеч, турли вақт ва ҳолатларда доимий равишда айтиб юрган одам кўп зикр қилувчиларда бўлишини таъкидлаган.

Вазифа, вирд, ҳизб ва уларнинг қазоси

Ушбу истилоҳларнинг ҳаммаси бир маънони, инсоннинг ўзи ўзига доимий равишда адо этиб юришни ихтиёр қилиб олган ишни билдиради. У Қуръон тиловати, муайян зикрни такролаш, нафл намоз ёки рўза каби нарсалар бўлиши мумкин.
Бунга имом Муслим Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларидир:
«Ким ўзининг ҳизбидан ухлаб қолганда, уни Бомдод ва Пешин намозлари орасида ўқиса, унга худди кечаси ўқигандек савоб ёзилади».
Бу ҳадисда Қуръондан бўлган ҳизб ҳақида сўз бормоқда.
Имом Нававий қуйидагиларни ёзганлар:
«Кимнинг тун ёки кунда, намоздан сўнг ёхуд ҳолатлардан бир ҳолда зикрдан вазифаси бўлиб уни адо эта олмай қолса, уни қазосини бажо келтиради.
Шавконий: «Саҳобий розияллоҳу анҳум махсус вақтларда қиладиган зикрлари қазо бўлса, уни кейин қазосини бажарар эдилар», деган.

Шариат тартибга солган зикрлар

Шариатда турли ҳолат, макон ва амалларга хос зикрларни тартибга солган. Бу зикрларни бизда дуо деб аташ одат бўлиб қолган. Мазкур зикрлар бир неча турга бўлинади.
1. Замонга хос зикрлар.
Эрталаб, кеч кирганда, янги ҳилолни кўрганда айтиладиган зикрлар кабилар.
2. Маконга хос зикрлар.
Масжидга, уйга ёки халога кирганда ва чиққанда қилинадиган зикрлар кабилар.
3. Ибодотларга хос зикрлар.
Намоз, рўза, ҳажга оид зикрлар бунга мисолдир.
4. Амал ва ҳолатларга хос зикрлар.
Уйқудан уйғонганда ва унга ётаётганда, кийим кийганда, таом еганда, сўйиш сўйганда, никоҳда, акса урганда, сафарда, уловга минганда қилинадиган зикрлар бунга мисолдир.
Бу ҳақда алоҳида китоблар битилган.
Зокирлик орзусида бўлган ҳар бир шахс мазкур зикрларни яхшилаб ўзлаштирмасдан туриб зокирман дейишга ҳаққи йўқдир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳасаднинг бир неча сабаблари бор. Уламоларимиз мазкур сабабларни ўрганиб чиқиб, асосийлари олтита эканини таъкидлаганлар. Уларни қисқача ўрганиб чиқамиз 1. давоми...

3304 17:00 / 05.02.2022
Саккизинчи офат ndash ғийбат..Ғийбат,нинг луғатдаги маъноси бир нарсанинг кўздан тўсилишидир.Уламолар ғийбатни қуйидагича таърифлайдиларЖуржоний айтади .Ғийбат давоми...

3037 13:00 / 13.02.2021
Ибн Қудома Мақдисий кибрнинг уч даражаси борлигини айтади 1. Кибр инсоннинг қалбида қарор топган бўлади. У ўзини бошқалардан афзал деб билади. Аммо у тиришиб, давоми...

4710 18:30 / 05.03.2022
Маҳзунлик йилиАллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз давоми...

4085 18:30 / 14.03.2017