1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

ҲАВОЙИ НАФСГА ЭРГАШИШ

05:00 / 28.02.2017 3563 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Агар тааммул ила мулоҳаза қиладиган бўлсак, инсон ҳаётидаги учрайдиган кибр, манманлик, ҳасад, мансабпарастлик, дунёпарастлик, зино, фоҳиша ишлар, ғийбат, чақимчилик каби барча маънавий хасталиклар ортида Ҳавойи нафсга эргашиш деб номланадиган бало туради.
Шунинг учун бу дунё ва охиратда нажот истаган банда учун бу нарсани яхшилаб таниб олиш ва ундан ҳазир бўлиш жуда ҳам муҳим иш ҳисобланади.
Ҳаво сўзи луғатда «бўшлиқ» ва «йиқилиш» маъноларини англатади. Осмон билан ер орасидаги бўшлиқни ҳаво деб номланиши ҳам шундан. У ўзи бўлишқ ва унга ташланган нарса пастга қараб йиқилади.

«Ҳавойи нафс» - нафснинг бўшлиғи ва йиқилишини англатади. Бинобарин, «Ҳавойи нафсга эргашиш» деганда нафсни бўш қиладиган ва уни қулатадиган нарсага эргашиш англанади.
Уламолар «ҳаво» таърифида: «Ҳаво нафснинг унга лаззат бахш этувчи ва шариат рухсат бермаган шаҳватларга мойил бўлишидир», деганлар (Куллиёт. 962 - бет).
Ҳавойи нафсга эргашишнинг таърифи қуйидагича: «Ҳавойи нафсга эргашиш нафснинг шаҳватга майлини устун қўйиш ва у бошлаган, Аллоҳ таолога маъсият бўладиган ишларга юришдир».

Ҳаво ва шаҳват орасидаги фарқ

Имом Мовардий бу фарқни қуйидагича баён қилади: «Ҳаво фикр ва эътиқодий нарсаларга оиддир. Шаҳват эса моддий лаззатларга хосдир. Бас, шаҳват ҳавонинг самарасидир. Ҳаво асл ва омдир» (Адабуд дунё ва дин. 38 – бет).

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ҳавойи нафсга эргашишни қаттиқ қоралаган.
Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида: «Уларга оятларимизни берганимизда, улардан ўзини олиб қочган ва уни шайтон эргаштириб кетиб, иғвога учганлардан бўлган шахснинг хабарини тиловот қилиб бер!
Агар хоҳласак, уни ўша(оят)лар билан кўтарар эдик. Лекин унинг ўзи ерга ёпишди ва Ҳавойи нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшар, уни ҳайдасанг ҳам, тилини осилтириб тураверадир, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверадир. Бу Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Бу қиссани ҳикоя қил, шоядки тафаккур қилсалар
», деган (175 – 176 – оятлар).
Агар одам боласи ўзини ҳам, илмини ҳам хор қилмаса, юксак мартабаларга кўтарилиши муқаррар.
«Агар хоҳласак, уни ўша(оят)лар билан кўтарар эдик».
Яъни, агар унинг мартабасини юксалтиришни хоҳласак, «ўша оятлар» билан мартабасини кўтарар эдик.
«Лекин унинг ўзи ерга ёпишди ва Ҳавойи нафсига эргашди».
Юксалишни хоҳламади, билган илмини оёқости қилди. Ҳавойи нафси ароқ ич, деса, ароқ ичди; ҳаром е, деса, ҳаром еди; ёлғон гапир, деса, ёлғон гапирди;
Бу дунёнинг чирияжак матоҳини деб ерга қапишди. Молу дунё, деди. Амал-мансаб, деди. Бандаларнинг кўнгли, деди. Аллоҳнинг эмас, уларнинг розичилиги, деди.
Ҳавойи нафсининг гапига кирди. Охири бориб, ахлат уюми оралаб, тилини осилтириб юрган итга ўхшаб қолди.
«Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайди, уни ҳайдасанг ҳам, тилини осилтириб тураверадир, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверадир».
Нима қилиб бўлса ҳам, ташланган ахлатни титиб еса бўлди.
Аллоҳ таоло «Қасас» сурасида: «Сен: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳузуридаги у иккисидан кўра тўғрироқ бир китоб келтиринг, мен унга эргашаман», дегин.
Агар сенга жавоб бера олмасалар, бас, билгинки, улар фақат Ҳавойи нафсларига эргашмоқдалар, холос. Аллоҳдан бўлган ҳидоятсиз, ўз Ҳавойи нафсига эргашгандан кўра ҳам гумроҳроқ кимса борми?! Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас», деган (49 – 50 – оятлар).
Аллоҳнинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги таклифларига кофирлар жавоб бера оладиларми?
Улар Таврот ва Қуръондан кўра тўғрироқ китоб олиб кела биладиларми?
Агар шу иш қўлларидан келса, бошқалар ҳам унга иймон келтириши керак бўлади. Лекин ҳозирча олиб кела олганлари йўқ.
Унда нима қилиш керак?
Кофирларнинг Қуръони Каримга, Ислом динига бўлаётган муносабатларини қандай баҳолаш лозим?
Ана шу саволларнинг жавоби ушбу оятда келмоқда:
«Агар сенга жавоб бера олмасалар, бас, билгинки, улар фақат Ҳавойи нафсларига эргашмоқдалар, холос».
Улар Ҳавойи нафсларига эргашмаганларида, бундай қилмасдилар: ё ўзлари энг тўғри китобни олиб келишлари, ёки Қуръонга эргашишлари керак эди. Улар Қуръонга эргашмадилар. Шунингдек, бошқа яхшироқ китоб ҳам олиб кела билмадилар. Демак, улар Ҳавойи нафслари ихтиёридаги кимсалардир. Ҳавойи нафсига эргашганлар ким ўзи?
«Аллоҳдан бўлган ҳидоятсиз, ўз Ҳавойи нафсига эргашгандан кўра ҳам гумроҳроқ кимса борми?!»
Албатта, йўқ. Қуръонга эргашмаган ҳар бир кимса Ҳавойи нафси йўлида юрган бўлади. Ҳавойи нафси ихтиёридаги ҳар бир кимса дунёдаги энг гумроҳ кимсадир. Агар бунга эътироз бўлса, Қуръондан кўра тўғрироқ китобни келтирсин!
«Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас».
Қуръон хабари ва унинг таълимотларини била туриб унга эргашмаган одамлар энг катта золимлардир. Бундай золимларни эса, Аллоҳ таоло ҳидоят қилмас.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Адолат ила туринг ҳамда агар ўзингиз, ота-онангиз ва қариндошларингиз зиддига бўлса ҳам, Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик берувчи бўлинг. Агар у бой бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам, Аллоҳ унга яқинроқдир. Ҳавойи нафсга эргашиб, адолатсизлик қилманг. Агар тилингизни бурсангиз ёки юз ўгириб кетсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир», деган (135 – оят).
Гувоҳлик жуда ҳам нозик ва масъулиятли иш. Чунки, гувоҳлик бериш йўли билан далил-ҳужжат етишмай турган ишлар ҳал бўлади. Бир оғиз гувоҳлик сўзи билан бировга ўлим ҳукми чиқиши ёки бекор қилиниши мумкин. Биров қамалиб кетиши ёки қутулиб қолиши мумкин.
Гувоҳлик беришда: «Ҳавойи нафсга эргашиб, адолатсизлик қилманг».
Ҳавойи нафс ўзини севишга, ота-она ва қариндошларга ён босишга ундаши мумкин. Нафс бойга хушомад қилишга ёки камбағалга меҳр кўрсатишга ва шунга ўхшаш нотўғри ишларга бошлаши мумкин. Ҳавойи нафсга берилиб:
«Агар тилингизни бурсангиз ёки юз ўгириб кетсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир».
У зот ўзи билиб, адолатла жазоингизни беради. Тилингизни буриб, нотўғри гувоҳлик беришингиз мумкин эмас.
Аллоҳ таоло «Тоҳа» сурасида: «Албатта, соат (қиёмат) келгувчидир. Ҳар бир жон саъйи-ҳаракатига яраша жазо олиши учун уни махфий тутурман.Ҳаргиз сени унга иймон келтирмайдиганлар ва ҳавойи нафсига эргашганлар ундан тўсмасинлар. У ҳолда ҳалок бўласан. (15-16-оятлар)
Ҳавойи нафсга эргашиш қиёматга куфрни келтириб чиқаради. Ҳавойи нафсига эргашиб, қиёматга иймон келтирмай юрганлар ўзларидан бошқаларни ҳам унга ишонишдан, иймон келтиришдан тўсишга ҳаракат қиладилар. Шунингдек, улар сенинг ҳам, эй банда, иймонингни тўсишга уринишлари мумкин. Аммо сен зинҳор уларнинг гапига қулоқ солма. Агар қулоқ солсанг, ҳалок бўласан.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам
«Эй, Аллоҳим! Мен Сендан инкор қилинган ахлоқлардан, амаллардан ва Ҳавойи нафслардан паноҳ сўрайман», дер эдилар». Термизий ривоят қилган.
Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сезгир ўз нафсини тергаган ва ўлимдан кейинни кўзлаб амал қилган одамдир. Ожиз нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан турли нарсалар орзу қилган одамдир», дедилар». Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Бошқача қилиб айиганда ўзини билган оқил одам ўзини ўзи тергаб, ҳавойи нафсини жиловлаб, Аллоҳ таоло кўрсатган чегарада юриб, охират учун амал қилади. Эси йўқ аҳмоқ эса Ҳавойи нафсига берилиб Аллоҳ таолонинг айтганини қилмай, У зотга тавба ҳам қилмай мени авф этишини орзу қиламан деб юради. Аллоҳ таоло бўлса «Тоатимга бахиллик қилганга қандоқ қилиб раҳматимни ҳадия қиламан» дейди.

Имом Абу Довуд қилган ривоятда: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг умматимдан бир қавмлар чиқадики, ҳавойи нафс уларга худди қутуриш касали ҳеч бир томирни қўймай киргандек киради», деганлар.
У зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида: «Нафсим қўлида бўлган Зот ила қасамки! Сизлардан бирортангиз токи унинг Ҳавойи нафси мен келтирган нарсага эргашмагунича, мўмин бўла олмайди», деганлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга юборган аҳдномада: «Аллоҳдан душманингизга қарши нусрат сўраганингиздек, ўз Ҳавойи нафсингизга қарши ҳам ёрдам сўранг. Аллоҳдан буни ўзимизга ҳам, сизга ҳам сўрайман», деган иборалар бор эди.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу: «Менинг қўрқадиган нарсам, Ҳавойи нафсга тобеъ бўлиш ва узун орзулар қилишликдир. Ҳавойи нафсга тобеъ бўлиш ҳақдан қайтаради. Узун орзулар эса охиратни эсдан чиқартиради. Огоҳ бўлинглар, бу дунё орқада қолиб кетади. Охират эса олдингизга чиқиб, кутиб олади. Сизлар охиратнинг боласи бўлинглар, дунёнинг боласи бўлиб қолманглар. Бугун амал бору ҳисоб йўқдир, эртага эса ҳисоб бору амал йўқдир», деганлар.

Ҳавойи нафсга эргашишнинг зарарларидан:

1. Ҳавойи нафсга эргашиш диннинг нуқсонидир.
Ҳавойи нафсга эргашиш шайтонга дўстлик, Роҳманга душманликдир.
2. Ҳавойи нафсга эргашиш Аллоҳ таолонинг наздида кўп гуноҳлардан кўра ёмонроқдир.
3. Ҳавойи нафсга эргашиш шайтонга энг яқин йўлдир.
4. Ҳавойи нафсга эргашиш кўплаб гуноҳларнинг онасидир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ҳавойи нафсга эргашиш инсонга унинг ҳаётидаги энг катта душмандир. У инсонни ҳайвон даражасидан пастга туширадиган офатдир.
Бу оғир дарднинг давоси Қуръони Карим ва суннати мутоҳҳара асосида нафсни поклаш билангина бўлиши мумкин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир мўминмусулмон банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири бахилликдир..Бахиллик, луғатда карамлилик ва сахийликнинг зиддидир.Уламолар давоми...

2759 19:00 / 18.04.2022
Иффатrdquo сўзи луғатда қабиҳ нарсадан тийилишrdquo маъносини англатадиИбн Манзур .Иффат аслида қолдиқнинг ўрнига ўтадиган нарсани тановул қилиш ила кифояланишдир. давоми...

5814 05:00 / 01.03.2017
Тасбеҳ луғатда улуғлашrdquo маъносини англатади. Истилоҳда эса Аллоҳ таолони барча нуқсонлардан холи деб эътироф этишrdquo маъносига тўғри келади. Тасбеҳ айтиш давоми...

3077 05:00 / 01.03.2017
Ҳар бир мўминмусулмон банда ҳазир бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан бири бахилликдир. Бахиллик луғатда карамлилик ва сахийликнинг зиддидир.Уламолар давоми...

3459 05:00 / 01.03.2017
Аудиолар

120140 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41804 14:35 / 11.08.2021