1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

БАНДАНИНГ «АДЛ» СИФАТИДАН НАСИБАСИ

05:00 / 28.02.2017 3644 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Адл» сўзи адолат, тўғри бўлиш, ҳақ ила ҳукм қилиш каби бир бирига яқин маъноларни англатади. Биз ўзимизга яқин бўлган адолат сўзини ишлатамиз.
Уламолар адолатни қуйидагича таърифлайдилар:
Фатҳул Қодийрда: «Адолат Аллоҳ таолонинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига мувофиқ ҳукм юритишдир. Фақат фикрга караб эмас», деган.
Абдурроҳман ибн Носир Саъдий: «Вожиб ҳақларни адо қилиш ва ҳақдорларга ҳақларини баробар бериши адолатдир», деган.
Журжоний: «Адолат камчиликка йўл қўйиш билан ҳаддан ошиш орасидаги ўртача ишдир. Шариатдаги адолат эса, ҳақ йўлда мустақийм бўлиш ва динда ман қилинган нарсадан четта бўлишдан иборат ҳақ йўлдир», деган.

1. Адолат икки турли бўлади.
Мутлақ адолат.
Бу ақл яхшилигини тақозо қиладиган ва ҳеч қачон мансух бўлмайдиган ва душманлик деб атаб бўлмайдиган ишлардир. Мисол учун яхшилик қилганга яхшилик қилиш ва ёмонлик қилмаганга ёмонлик қилмаcликка ўхшаш ишлар.
2. Адолат экани шариат орқали билинадиган адолат.
Бу адолат баъзи замонларда мансух бўлиши мумкин. Бунга қасос олиш, жиноятга хун олиш ва муртаднинг молини олиш каби ишлар киради.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: «Ким сизга душманлик қилса, сиз ҳам унга шунга ўхшаш душманлик қилинг» (Бақара. 194) ва «Ёмонликнинг жазоси ўз мислидек ёмонликдир», деган (Шўро. 40). Бу ердаги адолат душманлик ва ёмонлик деб аталмоқда.
Шунга ўхшаш ишлар Аллоҳ таолонинг «Албатта, Аллоҳ адолат ва эҳсонга амр қилади» деган (Наҳл. 90) гапига туўғри келади. Мукофот ва жазони қилгани яраша файтариш адолатдир. Яхшиликка кўпроқ яхшилик қайтариш, ёмонликка озроқ ёмонлик қилиш эҳсон бўлади.
Имом Мовардий «Адабуд дунё вад дин» китобида адолат ҳақида қуйидагиларни ёзади: «Дунёнинг ҳоли салоҳиятли бўлиши учун зарур ишлардан бири шомил адолат қоидасидир. Адолат улфатга чақиради, итоатга ундайди. У билан элу юрт обод бўлади, молу мулк зиёда бўлади, насл кўпаяди ва давлат омон бўлади.
Ер юзининг хароб бўлиши учун ва халойиқнинг виждонини бузилиши учун жаврдан тезроқ тасир қиладиган нарса йўқ. Чунки жаврнинг тўхтайдиган бекати ва етиб борадиган интиҳоси йўқдир. Унинг ҳар бир бўлагининг фасоддан насибаси бордир.
Баъзи балоғатли кишилардан нақл қилинадики, адолат Аллоҳнинг халойиқ учун қўйган ва ҳақ учун ўрнатган тарозисидир. Бас, У зотга унинг мезонида хилоф қилма ва султонида қарши турма.
Ва адолат учун икки нарса ила мадад ол. Тамаънинг озлиги ва вараънинг кўплиги.
Агар адолат дунёнинг тутиб турадиган қоидалардан бири бўладиган бўлса, инсон ўзига ўзи адолат қилишдан бошлаши ва кейин бошқага адолат қилиш лозимдир.
Унинг ўзига ўзи адолат қилиш аввало ўзининг фойдасига юриб, зараридан қайтиши билан бўлади. Кейин эса, барча ҳолатларда ҳаддан ошмаслик ва камчиликка йўл қўймаслик ила бўлади. Зотан, ҳаддан ошиш жаврдир ва нуқсонга йўл қўйиш зулмдир. Ким ўзига зулм қилса, ўзгага зулм қилиш турган гап. Ким ўзига жавр қилса, ўзгага жавр қилиш осонроқ.
Ўзидан бошқага адолат қилишда инсоннинг ҳоли уч қисмдан иборат бўлади.
1. Инсоннинг ўзидан паст одамга адолат қилиши.
Бунга раҳбарнинг ўз қўли остидагиларга адолати мисол бўлади. Бу борадаги адолат тўрт нарса билан юзага чиқади.
Осонга эргашиш, қийинни йўқотиш, куч ишлатишни тарк қилиш ва ҳаққа эргашиш.
2. Инсоннинг ўзидан юқори одамга адолат қилиши.
Бунга ишчининг ўз раҳбарига адолати мисол бўлади. Бу борадаги адолат уч нарса билан юзага чиқади.
Ихлос билан итоат қилиш. Қўлидан келган хизматни қилиш. Садоқатли бўлиш.
3. Инсоннинг ўз тенгиларга адолати.
Бу борадаги адолат уч нарса билан юзага чиқади. Ўзини устун қўйишдан четланиш. Эркалашдан четта бўлиш. Озор бермаслик.
Мазкур ҳолатларга ўзи хос ишлар боғлиқ бўлади. Улардаги адолат нуқсон ва исроф ҳолатлари орасидаги ўртача ишни тутиш билан бўлади. Зотан, адолат мўътадилликдан олингандир. Ким мўътадилликдан чиқса, адолатдан чиққан бўлади.
Бас шундай экан, ҳар бир афзал нарсадан афзал эмас нарсага ўтиш адолатдан унинг зиддига ўтишдан иборат бўлади.
Ҳар бир бузуқликнинг сабаби адолат ҳолатидан унинг зидди бўлган икки ҳолат зиёда ва нуқсон ҳолатларидан бирига ўтишдан иборатдир. Бинобарин, адолатдан фойдалироқ нарса йўқ ва адолатнинг зиддидан зарарлироқ нарса йўқ».
Исолмда гувоҳлик берувчилар адолатли бўлиши шарт қилинган. Бундаги адолат ҳам ўзига яраша шартларга эга.
Уламолар истилоҳида мазкур адолат-кишидаги бир малака бўлиб, уни катта гуноҳларни ва мубоҳ пасткашликларни қилишдан манъ қиладир.
Имом Ибн Ҳажар мазкур адолатни қуйидагича тафсир қиладилар: «Адолатдан мурод бир малака бўлиб у ўз соҳибини тақводорликни ва мурувватини лозим тутишга бошлайдир. Тақводан мурод эса ширк, фисқ ва бидъат каби ёмонликлардан четда бўлишдир».

Адолат учун тўрт шарт:

1. Ислом
2. Балоғатга етганлик
3. Оқиллик
4. Тақво вужудга келиши лозимдир.

Қуръони Карим ва адолат

Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида: «Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарур. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз», деган (90 - оят).
«Муфассирлар шоҳи» лақабини олган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у киши: «Қуръондаги энг жамловчи оят шу оятдир. Эргашиладиган яхшиликни ҳам, четланиши лозим бўлган ёмонликни ҳам жамлаб зикр қилган», деганлар.
Албатта, Аллоҳ: «Адолатга», амр этади.
Аллоҳ буюрган адолат–исломий мутлоқ адолатдир. Бу адолатга кўра, ҳар бир шахс, жамоат ва ҳар бир қавмга одилона муомалада бўлинади. Унда ҳавои нафсга, дўстлик ёки душманликка, насабга, қудачилик ёки қариндошликка, бойлик ёки камбағалликка, кучлилик ёки заифликка қараб муомала қилинмайди.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг. Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалингиздан харабдор зотдир», деган (8 - оят).
Дарҳақиқат, ўзи учун ёки оиласи, қавми-қариндоши, миллати ёки бошқа эътиборлар учун эмас, фақат Аллоҳ учун ҳақда туриш керак. Бу осон иш эмас.
Шунингдек, кези келганда ўзига қарши, ҳатто ота-онаси, бола-чақасига қарши адолатли гувоҳ бўлишга ҳам тўғри келади. Ниҳоятда оғир иш.
Бундай мўъжизасифат ишлар фақат иймоннинг таъмини тотган, Исломнинг ҳақиқатини англаган кишилардангина содир бўлади. Бунга кўҳна тарихнинг ўзи гувоҳ.
Кетидан бундан ҳам машаққатлироқ даражадаги иш айтилади:
«Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга адолат қилмасликка олиб бормасин».
Бу дегани–душманига нисбатан ҳам адолатли бўлиш, деганидир. Ўзи ёмон кўрган қавмларга ҳам ҳеч қандай шарт-сўзсиз, тўғридан-тўғри, фақат адолат ила муомалада бўлишни тақозо этади. Бу эса, унча-мунча инсоннинг қўлидан келмайди.
Аммо иймон-Ислом неъматидан баҳраманд бўлганларга, Аллоҳнинг розилигини кўзлаб ҳаёт кечираётганларга бу иш ҳам айни муддао, кўзланган мақсад. Мусулмонлар динларини маҳкам тутган пайтларида бу сифатларини бутун дунёга амалда кўрсатганлар.
Инсоният тарихи аввал ҳам, кейин ҳам бундай намуналарни кўра олгани йўқ. Фақат мусулмонлардан, улар Исломни маҳкам тутган пайтларида кўрган, холос. Бунинг мисоллари сонсиз-саноқсиз. Биргинасини бу ерда келтирамиз: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуни Хайбар номли жойга юбориб, уларнинг мевалари ва зироатлари маҳсулини ўлчаб келишни топширдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерни фатҳ қилган чоғларида Хайбар аҳли билан маҳсулнинг ярмини беришга келишган эдилар.
У ерда яшовчи яҳудийлар Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуга пора бериб, ишда фойдаларига ўзгариш қилмоқчи бўлдилар.
Шунда Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу уларга қараб: «Аллоҳга қасамки, ҳузурингизга мен учун халойиқнинг энг маҳбуби бўлган зот олдидан келдим. Сизлар эса, Аллоҳга қасамки, мен учун маймун ва тўнғиздан ҳам баттарсизлар. Аммо у кишини яхши кўришим ва сизларни ёмон кўришим, сизларга адолатсизлик қилишимга сабаб бўла олмайди», дедилар.
Шунда яҳудийлар ажабланишиб: «Осмонлару ерни тутиб турган нарса ҳам шу ўзи», дейишган.
Бундай соф, Аллоҳ учун адолат ўрнатиш бошқа ҳеч бир миллатда, тузум ёки динда бўлмаган, бўлмайди ҳам.
Ҳақиқий адолат фақат ҳақиқий тақводор қалб эгасидангина содир бўлиши мумкин. Ояти карима шуни таълим беради бизга:
«Адолат қилинг. Бу тақвога оид ишдир».
Қалбида тақвоси бор инсонга унинг Аллоҳдан хабардорлиги, Яратганнинг розилигини топишга уриниш ҳисси соф адолат учун ҳаракат қилишига туртки бўла олади. Чунки фақат тақводор инсонгина:
«Албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардор зотдир», деган огоҳлантиришга тўлиқ ишонади.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қилур. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир», деган (58 - оят).
Аллоҳ таоло мусулмонларга юклаётган буюк вазифалардан бири одамлар орасида адолат ила ҳукм юритишдир.
«...ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қилур».
Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Модомики ҳоким жабр қилмаса, Аллоҳ у биландир. Агар жабр қилса, ўзини ўзига вакил қилиб қўяди», деганлар.
Бошқа бир ҳадисда: «Бир соатлик адолат, олтмиш йиллик ибодатдан яхшидир», дейилган.
Эътибор билан мулоҳаза қиладиган бўлсак, ояти каримада:
«Агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз» дейиляпти.
Ҳа, айнан «одамлар» орасида, мусулмонлар орасидагина ёки бошқа бирор махсус тоифа орасида эмас. Ким бўлишидан қатъий назар, барча одамлар орасида адолатли ҳукм юритиш мусулмонларнинг бурчидир.
Воқеликда ҳам мусулмонлардан бошқа ҳеч ким, ҳеч қайси тузум ёки жамият бу ишни уддалай олмаган. Исломни ҳукм ҳақидаги назариясига биноан ҳукмни ва давлатни бардавом бўлмоғи учун асосий шарт–адолатдир. Иймон асосий шарт эмас.
Уламоларимиз, иймонли ва адолатсиз ҳукм узоқ давом этмайди, аммо ҳукм адолатли бўлса, бардавом бўлади; ҳам иймонсиз, ҳам адолатсиз ҳукм эса, доимо вақтинчалик ҳукм бўлади, деб алоҳида қайд этганлар.
Бир оятни ўзида икки буюк асосга–ҳам омонатга, ҳам адолатга иршод қилишлик катта марҳаматдир. Шунинг учун оятни давомида:
«Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур!» дейилмоқда.
Бизнинг бурчимиз эса, Аллоҳ таолонинг ваъзини жон қулоғимиз ила тинглаб, унга амал қилишдир. Чунки Аллоҳ биз бандаларининг бу амрга қандай амал қилаётганимизни эшитиб, кўриб турибди.
«Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир».
Эшитиш ва кўриш эса, охиратдаги ҳисоб-китоб учундир. Албатта, Аллоҳ Ўзига хос эшитиш хусусияти билан ҳамма нарсани эшитади ва ўзига хос кўриш хусусияти билан ҳамма нарсани кўради. Ҳеч бир нарса Унинг эшитиш ва кўриш қудратидан четда қолмайди.
Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида: «Агар мўминлардан икки тоифа урушиб кетсалар, бас, ўрталарини ислоҳ қилинг. Агар улардан бири иккинчисига тажовуз қилса, сиз тажовуз қилганига қарши, то у Аллоҳнинг амрига қайтгунича урушинг, агар қайтса, бас, ўрталарини адолат билан ислоҳ қилинг. Одил бўлинг, албатта, Аллоҳ адолат қилгувчиларни суядир», деган (9 - оят).
Аслида, мўмин-мусулмонлар бир оила фарзандларидек, дўст-биродар бўлишлари зарур. Уларнинг бир-бирлари билан урушишлари ҳаром.
Аллоҳ кўрсатмасин-у, лекин мабодо шундай бўладиган бўлса, қолган мўминларга урушиб кетган ўша икки тоифани яраштириб, сулҳга келтириб қўйиш вожиб бўлади.
Ислоҳ қилиб бўлингандан сўнг ўша урушган икки тоифадан бири сулҳни бузиб, иккинчисига тажовуз қилса у тоифани «тоифаи боғия», деб аталади ва унга қарши барча уруш қилади.
Одатда бир-икки сўзга кўнмаган шахс ёки тоифага нисбатан орадаги ислоҳ қилувчиларда ҳам маълум хафачилик, гинахонлик пайдо бўлиб қолади.
Урушдан кейин Аллоҳнинг амрига қайтган «тоифаи боғия» билан иккинчи тоифани яна ислоҳ қилиш пайтида, мазкур руҳий ҳолат, хафачилик ва гинахонлик ўзини кўрсатиб, адолатсизликка йўл қўйилмасин, деб оятнинг охирида такрор-такрор адолатли бўлишга амр қилиниб, яна Аллоҳ адолатлиларни севиши таъкидланмоқда.
«Одил бўлинг, албатта, Аллоҳ адолат қилгувчиларни суяди».
Урушиб кетган тарафлар ўртасини ислоҳ қилиш низомига ҳозирги кунда инсониятнинг ҳожати тез-тез тушиб турибди. Лекин низом тўлиқ ва адолатли бўлмаганидан орада янада кўпроқ низолар чиқишига сабаб бўлмоқда.
Қуръони Карим бундан ўн тўрт аср аввал олиб келган низом эса энг адолатли низомдир. Чунки, бу низом бўйича урушиб қолган бандаларнинг орасидаги можаро барча бандаларнинг баб-баравар тарбиячиси бўлган Аллоҳ-Роббил оламийннинг ҳукми билан ҳал этилади.
Бу илоҳий низомда адолат, инсоф, амонат ва поклик асос қилиб олингандир.

Суннати мутоҳҳара ва адолат

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта адолат қилувчилар Аллоҳнинг ҳузурида нурдан бўлган минбарларда, Раҳмон азза ва жалланинг ўнг томонидандирлар. У зотнинг икки қўли ҳам ўнгдир. Улар ҳукмларида, аҳлларида ва ўзлари эга бўлган нарсаларда адолат қиладиганлардир», дедилар. Муслим ва Насаий ривоят қилган.
Абу Ҳурайра разияллоҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мусулмонларнинг қозилигини талаб қилсаю, унга эргашгандан сўнг адолати жаврига ғолиб келса, унга жаннат бўлур. Кимнинг жаври адолатидан ғолиб келса, унга дўзах бўлур», дедилар. Абу Довуд ривоят қилган.
Демак, қозидан талаб қилинадигон асосий нарса адолат ила ҳукм қилишдир. Қайси бир қози адолат ила ҳукм қилса жаннатни касб қилади. Аксинча, қайси бир қози жавр ила ҳукм қилса, дўзахни касб қилади.
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Отам мени кўтариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар ва: «Эй, Аллоҳнинг Расули, гувоҳ бўлинг, мен Нўъмонга ўз молимдан бу-буни, бердим», деди.
«Ҳамма ўғилларингга, шунга ўхшаш бердингми?» дедилар у зот.
«Йўқ», деди.
«Бунга мендан бошқани гувоҳ қил», дедилар ва сўнгра: «Сени уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши хурсанд қиладими?» дедилар.
«Ҳа», деди.
«Ундоқ бўлса, йўқ!» дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда: «Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар», дейилган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинлари орасида тақсимни адолат билан қилар эдилар ва: «Эй, бор Худоё! Бу ўзим эга бўлган нарсадаги тақсимим. Сен ўзинг эга бўлиб, мен эга бўлмаган нарсада мени маломат қилмагин», - дер эдилар». Икковини Сунан эгалари ривоят қилишган.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳунайн куни бўлганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тақсимлашда баъзи одамларни устун қўйдилар. У зот ал-Ақраъ ибн Ҳобисга юзта туя бердилар. Уяйнага ҳам шунча бердилар. Арабларнинг ашрофларидан баъзиларига ҳам бердилар ва уларни ўша куни тақсимлашда устун қўйдилар. Шунда бир киши: «Аллоҳга қасамки, бу тақсимлашда адолат қилинмади. Бунда Аллоҳнинг розилиги ирода қилинмади», деди.
Бас, мен «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар бераман» дедимда у зотнинг ҳузурларига бориб у айтган гап ҳақида хабар бердим.
У зотнинг юзлари ўзгариб тери бўяладиган қизил қонга ўхшаб кетди ва: «Агар Аллоҳ ва Унинг Расули адолат қилмаса, ким адолат қилади?! Аллоҳ Мусони раҳмат қилсин! У бундан ҳам кўпроқ озор еб сабр қилган эди», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбларини улфат қилиш лозим бўлган кишиларга ўлжадан кўп нарса берган эдилар. Уларнинг ичида ушбу ривоятда номлари зикр қилинган ал-Ақраъ ибн Ҳобис, Уяйна ва бошқа задогонлар бор эди. Тақсимлашдаги ҳикматни англаб етмаган бир киши бу ишда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни адолатсизликда айблашга бориб етди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу тақсимлаш айни адолат эканини ва ҳалиги танқидчининг гапи озор эканини баён қилдилар.

ҲАЗРАТИ УМАР АДОЛАТИ

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳақларида у кишининг адолатлари ҳақида алоҳида банд қилишнинг ўзи қизиқ туюлади. Чунки дунёда Умар ва адолат сўзлари бир-бирининг ўрнига ишлатса бўладиган даражада машҳур бўлган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳар бир ишлари адолатдан иборат бўлган. Кўпчилик ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуни эсалаганда «Умари одил» демаса қандайдир камчиликка йўл қўйгандек бўлиб қолади.
Шундоқ бўлса ҳам ҳозирда адолатга муштоқлик кучайгани учун, кишиларда адолатли одам қандоқ бўлганини билиш истаги кучайгани учун ва қадимги китобларимизда ҳам «Умар адолати» номли сарлавҳаларни кўрганимиз учун бу мавзуъга алоҳида бир мурожаат қилишни маъқул топдик.
Ибн Асокир, Саъид ибн Мансур ва Байҳақийлар аш-Шаъбийдан ривоят қилади: «Умар билан Убай ибн Каъбнинг орасида (хурмо) талашув бўлиб қолди. Умар: «Мен билан ўзинг орамизда (ҳукм қилиш учун) бир одам танла», деди.
Икковлари Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни танладилар. Иккиси унинг олдига бордилар. Умар: «Ҳузурингга иккимиз орамизда ҳукм чиқаришинг учун келдик. Ҳукм уйида берилур», деди.
Улар киришганда Зайд тўрдан жой кўрсатиб: «Бу ерга, эй мўминларнинг амири», деди. Умар унга: «Бу биринчи жаврдир. Ҳукмингда зулм қилдинг. Мен талашган одам билан бирга ўтиришим керак», деди.
Икковлари унинг қаршисига ўтирдилар. Убай даъво қилди. Умар инкор қилди. Шунда Зайд Убайга: «Мўминларнинг амирини қасам ичишдан афв қил. Мен бу нарсани ундан бошқа учун илтимос қилмайман», деди.
Ана ўшанда Умар қасам ичиб, Умар билан овом халқдан биттасини тенг кўрмагунча Зайд қози бўлмаслигини таъкидлади».

ЖОРИЯ ҚИССАСИ

Имом Тобароний, Ибн Асокир ва Байҳақийлар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Бир Жория Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг олдиларига келиб: «Хожам менга туҳмат қилиб, ўтнинг устига ўтқазиб, фаржимни куйдириб қўйди», деди.
Умар унга: «У сени ўша нарсани қилаётганигни кўрдими?» деди.
У: «Йўқ», деди.
Умар: «Сен унга бирор нарсани эътироф қилдингми?» деди.
У: «Йўқ», деди.
Умар: «Уни олдимга келтиринглар!» деди.
Умар у одамни кўрганида: «Аллоҳнинг азоби ила азоблайсанми?!» деди.
У: «Эй мўминларнинг амири, у мени ўз нафсида туҳмат қилди», деди.
Умар: «Сени уни ўша нарсани қилаётганини кўрдингми?» деди.
У: «Йўқ», деди.
Умар: «У сенга ўша нарсани эътироф қилдими?» деди.
У: «Йўқ», деди.
Умар: «Нафсим қўлида бўлган зот ила қасамки, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, «мамлук учун хожасидан, бола учун волидидан қасос олинмайди», деганларини эшитмаган бўлганимда сендан унинг қасосини олган бўлар эдим», деди ва уни юз қамчи урди.
Сўнгра жорияга: «Сен кетавер, озодсан! Сен Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг мавлосисан! Гувоҳлик бераманки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, «Ким ўт билан куйдирилса ёки қийналса, у озоддир, у Аллоҳнинг ва Унинг Расулининг мавлосидир», деганларини эшитганман», деди».

НИБТИЙ ВА УБОДА ИБН СОМИТ

Имом Байҳақий Макҳулдан ривоят қилади: «Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу Байтул Мақдиснинг олдида бир нибтийни уловини ушлаб туриш учун чақирди. У бош тортди. Шунда уни уриб бошини ёрди. У Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга шикоят қилди. Умар унга: «Буни бундоқ қилишингга нима сабаб бўлди?» деди. У: «Эй мўминларнинг амири, уловини ушлаб туришга амр қилган эдим, бош тортди. Мен аччиғим тез одамман. Бас, уни урдим», деди.
«Ўтир! Қасос учун!» деди Умар: Шунда Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу: «Қулинг учун биродарингдан қасос оласанми?!» деди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қасосни тарк қилиб, дия бериш ҳақида ҳукм чиқарди».

ИЁС ИБН САЛАМА ҚИССАСИ

Тобарий Иёс ибн Саламадан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бозордан ўтди. Унинг дарраси бор эди. У мени бир туртиб, «йўлдан четда тур», деди. Кийимимнинг бир четига тегди. Келаси йили менга учраб: «Эй Салама, ҳажга бормоқчимисан?» деди.
«Ҳа», дедим.
У мени қўлимдан тутиб, уйига олиб борди. Олти юз дирҳам берди ва: «Ҳажингга ишлат. Билиб қўй, бу ўша туртганим учун», деди.
«Эй мўминларнинг амири, менинг эсимдан чиқибди», дедим.
«Менинг эсимдан чиқмабди», деди у».
Ўйлаб кўрайлик-а, бир одамнинг дарра билан сал туртиб қўйгани ноўрин бўлгани учун Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўша ишни бир йил давомида ўйлаб юрганлар. Қандоқ қилсам ўша ишни ўрнига келтираман, деган хаёл билан яшаганлар. Ҳолбуки, ўша иш соҳиби Салама розияллоҳу анҳу бўлган ишни унутиб юборган, эҳтимол, эътиборга сазовор иш деб ҳисобламаган эди. Аммо Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўша ишдан кўнгилларида қолган нохушликни ювиб юбориш учун Салама розияллоҳу анҳунинг ҳаж сафари сарфиётини кўтаришга қарор қилган эдилар.
Бу адолат қандоқ ҳам ажойиб адолат. Оддий фуқарога бўлган муомалада содир бўлган оддий бир ишнинг узрини айтиб қўйилса ҳам бўлар эди. Лекин ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўша одамнинг ўзининг ёдидан ҳам чиқиб кетган ҳодисанинг узрини бошқача қилиб, олий мақомда қилиб айтдилар ва ўзларининг қалбларида бирор нуқтачалик ҳам афсус-надомат қолмайдиган қилиб ишни ҳал этдилар. Бундоқ ишни қилиш учун мустаҳкам иймонга соҳиб бўлган ҳоким бўлиши керак эди. Бундоқ адолатни ўрнатиш учун Аллоҳ таолодан қўрқадиган ҳоким керак эди. Бундоқ адолатни юзага чиқариш учун Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотларидан сув ичган ҳоким лозим эди. Бу сингари ишни амалга ошириш учун Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу керак эди.

БАҲРАЙН ОМИЛИ ҚИССАСИ

Имом Ибн Жарир Тобарий Язийд ибн Мансурдан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга унинг Баҳрайндаги омили Ибн Жоруд ёки Ибн Абу Жоруднинг олдига Адриёс номли бир одамни келтирилгани ва унинг мусулмонларнинг душмани ила мактуб ёзишгани ҳамда уларга қўшилишни қасд қилгани собит бўлгани, унинг бўйни урилгани. Ўшанда у, «эй Умарим! Эй Умарим!» деб тургани етди.
Умар розияллоҳу анҳу ўша омилига мактуб юбориб, етиб келишини амр қилди. У келди. Умар уни қўлида найза билан кутиб ўтирар эди. У Умарнинг олдига кирди. Умар найза билан соқолини юқорига кўтариб: «Адриёс, лаббайка! Адриёс, лаббайка!» дейишга турди.
«Эй мўминларнинг амири, ахир у мусулмонларнинг сирини очиб мактуб ёзди. Уларга қўшилиб кетишга қасд қилди», деди Ибн Жоруд.
«Қасди учун қатл қилдингми?! Биздан ким ҳам қасд қилмайди!? Агар одат бўлиб қолиши хавфи бўлмаганида, унинг учун сени қатл қилар эдим», деди Умар».

ВАҲБ ИБН ЗАЙД РИВОЯТИ

Имом Байҳақий Ваҳб ибн Зайддан ривоят қилади: «Бир куни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу икки қўлини қулоғига тиқиб олиб: «Воҳ, лаббайкоҳ! Воҳ, лаббайкоҳ!» деб чиқди.
«Унга нима бўлибди?» деди одамлар.
«Унга хабар келди. Амирларидан бири дарёдан ўтмоқчи бўлган экан. Кема топа олмабди. У одамларига, «дарёнинг чуқурини биладиган одам топинглар», депти. Бир чолни топиб келишибди. У совуқдан қўрқаман, депти. Ўшанда совуқ вақти экан. Уни мажбур қилибди. Уни совуқ олибди. Эй Умарим! деб нидо қилибди ва ғарқ бўлибди», деди бир киши.
Умар унга мактуб ёзди. У келди. Бир неча кун (Умар) ундан юз ўгирди. Бировдан хафа бўлса шундоқ қилар эди. Сўнгра унга: «Сен ўлдирган одам нима қилди?!» деди.
«Эй мўминларнинг амири, мен уни ўлдиришни қасд қилмаган эдим. Ўтиш учун бирор нарса топа олмадик. Сувниинг чуқурини билмоқчи бўлувдик. Биз бундоқ, бундоқ жойларни фатҳ қилдик», деди.
«Мен учун сен қилган ҳамма ишдан кўра битта мусулмон одам маҳбубдир! Агар одат бўлиб қолиши хавфи бўлмаганида, унинг учун сени бўйнингдан чопар эдим. Унинг аҳлига хунини бер! Чиқ олдимдан! Сени кўрмайин!» деди Умар».

ҲОМИЛАСИ ТУШГАН АЁЛ

Имом Байҳақий ва Абдурраззоқлар Ҳасандан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эри ғойиб бир аёлга одам юборди. У (эр) у (аёл)нинг олдига кириб турар эди ва буни инкор қиларди. Ўша аёлга одам юборди. Унга: «Умарга ижобат қил», дейилди.
«Вой шўрим қурсин. Уни менда нима иши бор экан?» деди.
Йўлда кетаётиб, қўрққанидан уни тўлғоқ тутиб қолди. Бир ҳовлига кириб, бола ташлади. Бола икки марта овоз чиқариб, ўлиб қолди.
Умар Набий алайҳиссаломнинг саҳобаларига масалаҳат солди. Улардан баъзилари, сенда айб йўқ, сен далолат қилувчи ва одоб берувчисан, дедилар. Али жим ўтирар эди. У Алига қараб: «Сен нима дейсан?» деди.
«Агар улар ўз фикрларидан айтган бўлсалар, фикрлари хато. Агар сенга ёқиш учун айтган бўлсалар, сенга насиҳат қилишмаяпти. Менимча сенга унинг хуни вожиб бўлади. Чунки аёлни сен қўрқитдинг. У сенинг сабабингдан бола ташлаб қўй-ди», деди у.
У Алига боланинг хунини Қурайшга тақсимлашни амр қилди. Яъни, унинг хунини Қурайшдан олинади. Чунки у хато қилган эди».
Биров бошқани хато йўл билан, ноқасддан ўлдириб қўйса, шариат ҳукми бўйича ўлганнинг хунини ўлдирганнинг ота тараф қариндошлари тўлайдилар. Бу ҳолда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу боланинг ўлмига хато тариқада сабаб бўлганлари учун, унинг хунини у кишининг қариндошлари Қурайш қабиласи тўлайдиган бўлмоқда.

ҲАЖ МАВСУМИДАГИ АДОЛАТ МАЖЛИСЛАРИ

Ибн Саъд ва Ибн Роҳавайҳ Атодан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу омилларига мавсумда унинг ҳузурига келишни амр қилар эди. Улар жамланганда: «Эй одамлар! Мен ўз омилларимни сизларнинг жонларингиз ва молларингизга мусийбат етказишлари учун юборганим йўқ. Уларни ораларингизда тўсиқ бўлишлари учун ва пайларингизни бўлиб беришлари учун юборганман. Кимга шундан бошқа иш қилинган бўлса турсин!» деди.
Бир одамдан бошқа ҳеч ким турмади. У туриб: «Эй мўминларнинг амири сизнинг омилингиз фалончи мени юз дарра урди», деди.
«Нима учун уни урдинг! Тур, у қасосини олсин!» деди.
Шунда Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу туриб: «Эй мўминларнинг амири агар бу ишни қилсангиз, гап кўпаяди ва сиздан кейингилар ҳам қиладиган одат бўлиб қолади», деди.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини қасос олишга тутиб берганларида, мен қасос олишга шароит яратмайми?!» деди Умар.
«Ўзимизга қўйиб беринг. Уни рози қиламиз», деди.
«Бу сизларнинг ишингиз. Рози қилинглар», деди у.
Унга икки юз динор; ҳар қамчига икки динордан фидя берди».

ҲАЗРАТИ АЛИ АДОЛАТИ

Имом Байҳақий, Ибн Асокир ва Ибн Абдулбаррлар Кулайбдан ривоят қиладилар: «Али розияллоҳу анҳуга Асфиҳондан мол келди. У киши уни етти улушга бўлди. Бир дона нон ортиб қолди. Уни еттига бўлиб, ҳар улушга бир бурдадан қўйди. Сўнгра қисм амирларини чақирди. Улар орасида қуръа ташлаб, кимга аввал беришни аниқлади».
Имом Байҳақий Ийсо ибн Абдуллоҳ ал-Ҳошимийдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилади: «Али розияллоҳу анҳунинг олдига икки аёл сўраб келишди. Улардан бири араб, иккинчиси у(аёл)нинг озод қилган чўриси эди. Уларнинг ҳар бирига бир кардан (960 соъ) таом ва кирқ дирҳамдан беришга амр қилди. Чўри бўлган аёл ўзига берилган нарсани олиб кетди. Араб аёл: «Эй мўминларнинг амири! Менга манавунга берганча берасанми!? Мен араб бўлсам, у озод қилинган чўри бўлса!?» деди. Шунда Али розияллоҳу анҳу унга: «Мен Аллоҳ азза ва жалланинг китобига назар солиб, валади Исмоилнинг валади Исҳоқдан ортиқчалиги борлигини топмадим», деди».
Ибн Асокир Али ибн Робийъадан ривоят қилади: «Жуъда ибн Ҳубайра Али Розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келиб: «Эй мўминларнинг амири! Ҳузурнингга икки киши келади. Бир сени жонидан ҳам яхши кўради. Бошқаси агар сени сўйишга қодир бўлса, албатта, сўяди. Сен бўлса унинг фойдасига, бунинг зарарига ҳукм чиқарасан!?» деди.
Али розияллоҳу анҳу унинг кўксига бир шапатилади-да: «Бу менинг ишим бўлганда, қилар эдим. Илло бу Аллоҳнинг ишида!» деди».
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу адолат билан ҳукм қилар эдилар. У киши адолатда аввало ўзлари бошқаларга намуна бўлар эдилар.
Абу Мусо розияллоҳу анҳу бир кишини уриб, сочини олдириб ташладилар. Ҳалиги киши олиб ташланган сочини йиғиб олиб, шикоят қилиш учун ҳазрати Умар ибн Хаттоб ҳузурларига жўнади ва бориб у кишига: «Абу Мусо мени ўз улушимни тўлиқ беришини талаб қилганим ва ўз насибамдан оз олишга рози бўлмаганим учун урди. У мени сенинг ҳузурингга ҳурмати борлигидан ўзидан қасос олмаслигинг учун, мусулмонлар ичида обрўси улуғлигидан ишониб урди», деди.
Умар розияллоҳу анҳу ўз волийси Ашъарийнинг бу қилган ишидан қаттиқ афсусланди ва унга: «Агар бу ишни кўпчилик ичида қилган бўлсанг, унга кўпчилик ичида ўтириб, сендан қасос олишига имконият яратиб бер. Агар ўша ишни холий жойда қилган бўлсанг, холий жойда ўтириб, унга ўзингдан қасос олишига имконият яратиб бер. Бўлмаса, иш бошқача бўлади», деб мактуб ёзди.
Даъвогор киши мазкур мактубни олиб бориб Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга берди.
Ҳодисадан хабардор бўлган кишилар ўртага тушиб, амир, Абу Мусони афв қилишини илтимос қилдилар. Аммо, даъвогор киши кўнмади.
Шунда Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу уларнинг олдига чиқиб ўтирди ва даъвогорга: «Кел, мендан қасосингни ол», деди.
Ана шундагина даъвогор кишининг кўнгли жойига тушди ва бошини осмонга кўтариб: «Эй бор Худоё! Мен уни афв этдим», деди.
Рустам мусулмонлар томон ўз элчиларини юборди. Форс элчилари мусулмонларнинг бошлиғини тополмай анча вақт овора бўлишди. Чунки Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг алоҳида ажратилган жойи ҳам, кийими ҳам йўқ эди. У киши лашкарлари билан аралашиб юрар эдилар. Элчилар у кишини одамлар орасида ерда ўтириб гаплашаётган ҳолда топдилар.
Ўзларини таништирган элчилар Форс давлати раҳбарлари мусулмонлар вакили билан гаплашмоқчи эканлигини билдиришди.
Саъд ибн Абу Ваққос орқаларига шундай қараган эдилар, ерда ёнбошлаб ётган, юпун кийинган Робиъ ибн Омир исмли саҳобага кўзлари тушди. Унга: «Сен булар билан боргин, бошлиқлари бизнинг вакилимиз билан гаплашмоқчи экан», дедилар.
Робиъ розияллоҳу анҳу бир чапдаст ҳаракат билан найзасига таяниб от устига сакраб минди ва элчиларга қараб: «Кетдик!» деди.
Элчилар лол бўлиб туриб қолдилар. Бир жулдурвоқи кийинган «вакил»га, бир ерда ўтирган «амир»га қарашди. Ўзаро бир нималарни гаплашдилар-да, ниҳоят, катталари Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга: «Бундан кўра тузукроқ одам йўқми?» деди.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Ичимизда тузугимиз шу, вакил юборишни сизлар сўрадингиз, биз эмас», дедилар.
Ноилож қолган элчилар ўша вакилни олиб, йўлга тушдилар. Қароргоҳга яқинлашишлари билан элчилар отдан тушиб, таъзим қилиб юра бошладилар. Мусулмонларнинг вакили Робиъ розияллоҳу анҳу эса, уларнинг бу кулгули ҳолларини томоша қилиб, отдан тушмай, кулиб ичкарига кирди. У қиличини қинига солиб тақиб олган, қўлида найзаси бор эди. У оти билан гиламнинг устига чиқди. Аммо қоровуллар бирдан ёпирилиб, уни от устидан тортиб олишди ва улуғлари олдига от миниб бориб бўлмаслигини англатишди.
Робиъ ибн Омир розияллоҳу анҳу отини ўша ердаги болишлардан иккитасига боғлади. Арқонини ҳам ўша ерга қўйди. Сўнгра тўқимини олиб тахлади. Унга силоҳингни қўй деб ишора қилишди. У: «Ўзимча келганимда амрингиз ила иш қилар эдим. Аммо мени сизлар чақириб келдингиз», деди.
Кейин у киши бошини мағрур тутиб, найзасини ерга қадаб-қадаб кета бошлади. У ҳар сафар найзасини ерга урганида, ерга тўшалган бир йўлбарс терисини ёки серзийнат гиламни тешар эди. У қасддан майда қадам босар ва кўпроқ нарсага найза санчар эди.
Робиъ розияллоҳу анҳу тўғри бориб, найзасини гиламга санчиб қўйиб ерга ўтирди ва: «Биз сизларнинг зийнатингизга ўтирмаймиз», деди.
Форсларнинг каттаси Рустам таржимонга: «Ундан сўра-чи, нима учун келишди экан?» деди.
Робиъ розияллоҳу анҳу бу савол жавобига асрлар бўйи қоида бўлиб қолган жумлани айтди. У: «Аллоҳ таоло бизни бандаларни бандаларга ибодат қилишдан Аллоҳга ибодат қилишга, динларнинг жабридан Исломнинг адлига, бу дунё торлигидан у дунё кенглигига чиқариш учун юборди», деди.
Сўнгра у ўз гапида давом этиб: «Аллоҳ Ўз Расулини Ўз дини ила халойиққа юборди. Ким уни қабул қилса, биз ҳам қабул қиламиз ва уни ўз ерида тарк қиламиз. Ким бош тортса, то жаннатга тушгунимизча ёки зафарга эришгунумизча у билан уруш қиламиз», деди.
Рустам: «Батаҳқиқ, гапингизни эшитдик. Бу ишни биз назар солиб чиққунча ортга суриб турсангиз бўладими?» деди.
«Ҳа! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга душманларга уч кундан ортиқ имкон бермаслигимизни суннат қилганлар. Биз сизлардан уч кунгача хабар олиб турамиз. Ишингга назар сол. Берилган муддатдан кейин уч нарсадан бирини танла;
Ислом-унда биз сени ўз ерингда тарк қиламиз.
Жизя-уни қабул қилиб сени тек қўямиз ва агар бизга ҳожатинг тушса сенга ёрдам берамиз.
Ёки тўртинчи куни бўладиган уруш. Магар сен уни бошлайдиган бўлсанг (аввал бўлиши ҳам мумкин). Мен ўз шерикларим номидан бунга кафилман», деди.
«Сен уларнинг каттасимисан?» деди Рустам.
«Йўқ. Лекин мусулмонлар бир-бирларига нисбатан худди бир жасадлар. Уларнинг энг кичиги берган омонликка энг каттаси ҳам амал қилади», деди-да Робиъ розияллоҳу анҳу қайтиб кетди.
Рустам ўз одамлари билан холи қолганда уларга: «Шу одамнинг гапига ўхшаш гапни ҳеч кўрганмисизлар?» деди. Улар писанд қилимасликларини айтишди. Рустам:
«Шўрингиз қурисин! Мен фикрга, гапга ва аламга назар соламан. Араблар кийим бошга писанд қилмайдилар. Аммо ҳасабни яхши соқлайдилар», деди.
Эртасига у Саъд розияллоҳу анҳуга, кечаги кишини бизга юбор, деб одам юборди. У бўлса Ҳузайфа ибн Миҳсон ал-Ғатафонийни юборди. У келиб Робиъ нима қилган бўлса, ўшани қилди, нима деган бўлса, ўшани деди.
Рустам: «Аввалги бизга нимага келмади?» деди.
У: «Амиримиз бизнинг орамизда кенгчиликда ҳам, торчиликда ҳам адолат қилади. Бугун менинг навбатим», деди.
Рустам: «Ваъда қачонгача?» деди.
У: «Кечадан бошлаб уч кун», деди.
Учинчи куни Рустам Саъд розияллоҳу анҳуга, бир кишини бизга юбор, деб одам юборди. Саъд розияллоҳу анҳу Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳуни юборди. У келиб тахтда ўтирган бошлиқнинг ёнидан жой олди. Аммо хизматкорлар дарҳол у кишини пастга ўтиришга мажбур этишди. Шунда Муғийра розияллоҳу анҳу: «Бизга сизлар ҳақингизда, адолатли подшоҳларингиз ҳақида хабарлар борар эди. Сиздан кўра эси паст қавмни кўрмаганман. Биз араблар бир-биримизни банда қилиб олмаймиз. Илло душман тарафдан жанг қилган бўлса бошқа гап. Мен сизлар ҳам бизга ўхшаб қавмингизга насиҳат қиласизлар деб ўйлабман. Бу қилганларингиздан кўра бир-биринингзни робб қилиб олганингиз хабарини берганингизда яхши бўлар эди. Бу иш ила узоққа бора олмайсиз. Мен сизларга ўзимча келганим йўқ. Сизлар мени чақирдингиз. Бугун сизлар, албатта, мағлуб бўлишингизни англадим. Бу ҳолат ва бу ақллар билан мулк бардавом бўлмайди», деди.
Хизматчилар: «Аллоҳга қасамки, араб рост гапирди», дедилар.
Деҳқонлар: «У қулларимизни ўзига доимо жалб қилиб турадиган гап айтди. Умматимизнинг ишини бачканалаштирган ўтганларимизнинг додини Худо берсин», дедилар.

Адолатнинг фойдаларидан:

1. Адолат жамиятда бақарорликни таъминлашга хизмат қилади.
2. Адолат жамиятда хотиржамликни таъминлашда хизмат қилади.
3. Адолат мулкнинг барлавомлигидир.
4. Адолат Аллоҳ таолонинг розилигига эриштиради.
5. Адолат халойиқнинг розилигига эриштиради.
6. Адолат одамларни ўз эгасининг ёмонлигидан сақлайди.
7. Адолат соҳиблари барча яхшиликка эришадилар.
8. Адолат кўпгина хайрли ишалар ва тоатларнинг ўрнини босади.
9. Адолат Исломда комил ва шомилдир.
10. Адолат жаннатга элтувчи йўлдир.

Мўмин-мусулмон одам ўзига, қўл остидагиларга, оила аъзоларига, барча инсонларга ва махлуқотларга нисбатан адолатли бўлишга ҳаракат қилмоғи матлубдир. Бунинг учун у адолатга ундовчи оят ва ҳадисларни тез – тез ўқиб, ўрганиб туриши лозим. Адолат ҳақидаги қиссалардан баҳраманд бўлиб туриши керак. Адолатнинг фойдалари ва адолатсизликнинг зарарларини эсга олиб туриши зарур.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
учинчи мақолаТасаввуфни шариатдан ажратиш, инсон терисини баданидан шилиб олишга ўхшаган нарсадир. Чунки шариатсиз тасаввуф ғояларига эришиш мумкин эмасдир. давоми...

2992 08:35 / 13.11.2018
Гарчи вақти таъйин қилинган бўлсада ваъда қилинган нарсанинг амалга ошмаслиги сени ваъда ҳақида шубҳалантириб қўймасин. Чунки, у сенинг қалб кўзинга нуқсон давоми...

3291 05:00 / 01.03.2017
Аллоҳ таоло .Бас, тунга киришингизда ҳам, тонгга киришингизда ҳам Аллоҳга тасбеҳ айтинг. Осмонлару ердаги ҳамду сано Уникидир. Оқшомда ва пешинда ҳам,, деган Рум, давоми...

65200 05:00 / 28.02.2017
.Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади,. Яъни ҳалоллигида шубҳа бор нарсадан сақланган одам дини ва обрўсини поклаган бўлади. Шунинг давоми...

803 19:00 / 21 январь