1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

ВАРАЪ

05:00 / 28.02.2017 3208 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Вараъ» сўзи араб тилида бир нарсадан ўзини тийиш ва тортиниш, хижолат бўлиш маъносини билдиради.
Уламолар «вараъ»нинг истилоҳий маъноси ҳақида бир бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтганлар:
Муновий: «Вараъ сени шубҳага солган нарсани тарк қилмоғинг, айб бўладиган нарсани манфий қилмоғинг ҳамда энг ишончлисини олиб, нафсни машаққатга солмоғингдир.
Баъзилар: «Таом ва либосга назар солиб, шубҳаси борини тарк қилмоқдир», деганлар.
Яна бир қавлга биноан, у шубҳали нарсалардан четда бўлиб, хатарли нарсаларни муроқаба қилишдир», деган.
Роғиб: «Вараъ дунё матоҳларини олишга шошилишни тарк қилишдир», деган.
Вараъ ҳаром ва макруҳ нарсалардан бўлади, вожиб ва мустаҳаблардан эмас.

Вараъ ҳақида келган ҳадислардан намуналар: Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам менга: «Илмнинг фазли ибодатнинг фазлидан яхшидир. Динингизнинг яхшиси вараъдир», дедилар». Тобароний ва Баззор ривоят қилган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир кишининг ибодати ва ижтиҳоди зикр қилинди ва бошқа бир кишининг вараъи зикр қилинди. Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Вараъга бошқа нарсани алмаштирма», дедилар».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумо садақанинг хурмосидан бир дона олиб оғзига солди. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиҳ-қиҳ! деб ташлатмоқчи бўлдилар. Сўнгра: «Биз садақа емаслигимизни сезмовдингми?» дедилар». Икки Шайх ривоят қилишган.
Муслимнинг ривоятида: «Бизга садақа ҳалол эмаслигини билмабмидинг?!‌» дедилар», дейилган.
Ибн Можа Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган узун ҳадисда жумладан шундай дейилади: «Тадбирга ўхшаш ақл йўқ. Ўзини тийишга ўхшаш парҳезкорлик йўқ. Ҳусни хулқчалик ҳасаб йўқ». Имом Аҳмад «Зуҳд»да Муҳаммад ибн Сийрийндан ривоят қилади:
«Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан бошқа одамни еган таомини ўзини мажбурлаб қусиб юборганини билмайман. Унга бир таом келтирилган эди, ундан еди. Кейин унга: «Буни Нўъмон розияллоҳу анҳу олиб келган эди», дейилди.
«Менга Ибн Нўъмоннинг коҳинликдан топганини егиздингизми!?» деди-да, ўзини мажбурлаб қусиб юборди».
Абу Нуъайм «Ҳуля»да Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг бир қули бўлиб, у ишлаб бир нарсалар топиб келар эди. Бир кеча у таом олиб келди. У киши ундан бир луқма тановул қилди. Қул унга:
«Сенга нима бўлди? Ҳар кеча мендан сўрар эдинг. Бу кеча сўрамадинг?» деди.
«Бунга мени очлик мажбур қилди. Буни қаердан топдинг?» деди у.
«Жоҳилият пайтида бир қавм олдидан ўтиб, уларга дам солган эдим. Ўшанда улар менга бирор нарса беришни ваъда қилишган эди. Бугун уларнинг олдиларидан ўтиб кетаётсам, тўй бўлаётган экан ўша ваъда қилган нарсаларини беришди», деди қул. Абу Бакр:
«Мени ҳалок қилай депсан-ку!» деди ва қўлини ҳалқумига тиқиб қусишга урина бошлади. У нарса чиқмай туриб олди. Унга:
«Бу нарса фақат сув билан чиқади», дейилди. У бир жомда сув чақирди-да, ундан ичиб қусишга уринди. Охири у нарсани чиқариб ташлади. Шунда унга:
«Аллоҳ раҳмингни есин, бир луқмани деб шунчалик қиласанми?!» дейилди. У эса:
«Агар бу жоним билан қўшилиб чиқадиган бўлганида ҳам, албатта, чиқарар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, «ҳаромдан ўсган ҳар бир жасадга олов ҳақлидир», деганларини эшитганман. Ушбу луқмадан жасадимда бирор ўсиш бўлиб қолмасин деб қўрқдим», деди.

Вараънинг турлари ва даражалари:

Роғиб вараъни уч турга тақсимлаган:
1. Вожиб.
Бу турдаги вараъ ҳаромлардан сақланишдан иборат бўлиб, барчага баробардир.
2. Мандуб.
Бу турдаги вараъ шубҳалардан сақланишдан иборат бўлиб, ўртачалар учундир.
3. Фазийлат.
Бу турдаги вараъ кўп мубоҳлардан ҳам тийилиш ва энг оз заруратлар ила кифояланишдан иборат бўлиб, набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар учундир.
Имом Ғаззолий вараъни тўрт даражага тақсимлаганлар:
Биринчи даража: Адолатлилар вараъи бўлиб, унда ҳаромлигига фатво берилган ва уни қилганлар фосиқ ва осий бўлиши шубҳасиз бўлган нарсалардан четда бўлишдан иборатдир.
Иккинчи даража: Тарк қилиш вожиб эмас, балки мустаҳаб бўлган шубҳали нарсалардан четда бўлишдан иборатдир.
Абул Ҳавроо Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳасан ибн Алига: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан нимани ёд олгансан?» дедим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Ўзингни шубҳага солган нарсани қўй ва шубҳага солмаган нарсани қил»ни ёд олганман», деди». Термизий, Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.
Бу ердаги қайтаришни танзийҳий - эҳтиётий деймиз.
Баъзи ҳолатларда бундай нарсалардан вараъ қилиш макруҳ ҳам бўлиб қолиши бор. Мисол учун бир киши ов қилишдан тартинади ва ов ҳайвони биров мулки ёки қўлидан қочгани бўлиши мумкин, дейди. Бу вараъ эмас, васвасадир.
Учинчи даража: Бу муттақийлар даражаси бўлиб, у ёмон оқибатдан қўрқиб баъзи рухсат берилган нарсаларни тарк қилишдан иборатдир.
Атийя розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Токи банда ҳечқиси йўқ нарсани, бирор нарсаси бўлмасин дея тарк қилмагунича тақводорлар даражасига етмас», дедилар». Термизий, Ибн Можа ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Ҳаромга тушиб қолишимиздан қўрқиб, ҳалолнинг ўндан тўққизини тарк қилар эдик», деганлар.
Имом Суютий «ад-Дуррул Мансур»да келтирадилар:
«Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Тугал тақво банда Аллоҳга ҳаттоки зарра ҳажмидаги нарсада ҳам тақво қилмоғи ва ўзи билан ҳаромнинг орасида ҳижоб бўлмоғи учун ҳаттоки баъзи ҳалол билган нарсаларини ҳам ҳаромлигидан қўрқиб тарк қилмоғидир», дедилар».
Тўртинчи даража: Бу сиддиқлар даражаси бўлиб, уларнинг наздида ҳалол топиш сабабида маъсият бўлмаган, унинг ёрдами ила маъсият қилинмадиган, ундан ҳозир ҳам, келажакда ҳам шаҳват қондириш кўзланмаган нарсадир. Уни фақат Аллоҳ таоло учун, ибодатга қувват топиш учун ва ҳаётни сақлаб қолиш учун тановул қилинадиган нарсадир.

Вараънинг фойдаларидан:

1. Вараъ иймоннинг энг олий мартабаларидандир.
2. Вараъ эҳсоннинг энг афзал даражаларидандир.
3. Вараъ мўминнинг хотиржам қилади.
4. Вараъ мўминнинг қалбига роҳат бағишлайди.
5. Вараъ бор жамият пок ва солиҳ бўлади.
6. Вараъни Аллоҳ таоло яхши кўради.
7. Вараъни халқ яхши кўради.
8. Вараъ эгасининг дуоси қабул.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ.Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин. Оламларга раҳмат этиб юборилган зот Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммадга саловоту саломлар давоми...

4081 05:00 / 01.03.2017
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрадиларndash Завқ ва ўйинкулги орзуларини совутиб қўювчи нарса ўлимни кўп хотирлангҲадиснинг шарҳи бундайЎлимни кўп давоми...

3700 10:02 / 26.11.2018
Аллоҳ Расули саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки Улар мўминлар закотни адо қилгувчи кимсалардир Мўъминун сураси, 4оятrdquo. Абу Ҳурайра ривоят қилади Аллоҳ давоми...

2921 11:04 / 13.11.2018
Ҳирс ва тамагирликнинг давоси сабр, илм ва амалдан иборатдир. Унинг юзага келиши беш нарса ила бўлади 1. Маишатда тежамкор бўлиш ва сарфхаражатда мулойим давоми...

2716 19:00 / 18.06.2022