1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Аббосийлар халифалиги доирасидаги подшоҳликлар

05:00 / 24.02.2017 6548 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

АББОСИЙЛАР ХАЛИФАЛИГИНИНГ ИНҚИРОЗИ. Ал-Восиқ вафотидан кейин аббосийлар қудрати сўна бошлади, лекин Мутаваккил халифалик доирасида ҳали ҳам бир қанча гуруҳларни сақлаб келаётган эди. У оламдан ўтгач эса, халифалар соқчилар гуруҳи қўлида ўйинчоққа айланиб қолганлиги сабабли ҳокимиятни турк соқчилари эгалладилар. Худди шунинг учун ҳам олис вилоятлар назоратдан чиқа бошлади. Уларнинг ҳокимлари ярим мустақил бўлиб, тез орада ўз сулолаларини вужудга келтирдилар. Кейинчалик сулолалараро низолар бошланиб кетди, бундан халифалик доирасида салжуқийлар, турклар ёки ғазнавийлар каби ўзларининг йирик империяларини ташкил этган четдаги кишилар ҳам фойдаланмай қолмадилар. Миср ажралиб кетди, унинг ҳокимлари эса мустақил подшоҳлар бўлиб қолишди. Ғайритабиий, кўпинча зарарли ғояларни кўтариб юрувчи кишилар, масалан, исмоилийлар, карматийлар махфий ҳаракатлари билан Ислом негизларига путур етказдилар. Айни бир пайтда жаҳон тарихидаги бу катта давр юзлаб йиллар мобайнидаги куч-ғайрат натижасида вужудга келтирилган ҳамма нарсани йўқ қилган монголларнинг даҳшатли босқинчилиги билан якунланди. Ушбу бобда Мутаваккил вафотидан (861 йил) Бағдоднинг таслим бўлишигача (1258 йил) давом этган вақт тарихидан ҳикоя қилинади.

МУТАВАККИЛ ВОРИСЛАРИ – АЛ-МУТАМИД (870-892 йиллар). Мутаваккил ўлдирилганидан кейин турк соқчиларининг зобитлари аввалига бирин-кетин Мутаваккилнинг ўғилларини тахтга ўтқаздилар, лекин уларнинг ҳеч бири узоқ сақланиб қололмади. Шунда улар шаҳзодаларнинг бошқа қариндошларини подшоҳликка кўтармоқчи бўлиб кўрдилар, лекин уларнинг ҳам ҳеч қайсиси маъқул бўлмагач, ниҳоят 870 йилда Мутаваккилнинг кенжа ўғли Ал-Мутамид унвонини олди. Маълум вақтгача Самара халифалар қароргоҳи бўлиб хизмат қилиб келганди, Ал-Мутамид эса эски масканда маҳкам ўрнашиб олган турк ҳарбий саркардаларидан қутулиш учун пойтахтни Бағдодга кўчиришга қарор қилди. Анча вақтгача бунга муваффақ бўла билди, бироқ бошқа офатлардан ҳам шу тариқа енгилгина халос бўлиш қийин эди. Миср ҳокими Аҳмад ибн Тулун  мустақиллигини маълум қилди. Бунга халифа монеъ бўлолмади, чунки ибн Тулун ғоят кучли шахс эди. Кўп ўтмай, истеъдодли киши Али ибн Муҳаммад бошчилигида Ироқдаги дарёларнинг қуйилиш қисми атрофида яшовчи қоратанли қуллар қўзғолон кўтардилар.


ЗАНЖИЛАР ҚЎЗҒОЛОНИ. Ўзларини занжилар деб атаган бу одамлар   бизнинг давримизда коммунизм номи берилган ғояларни илгари сурган эдилар. Улар инсонларнинг тўлиқ бараварлигига, мулкнинг умумийлаштирилишига эътиқод қўйиб, динни қатъий равишда назар-писанд қилмасдилар. Улар ниҳоятда мустаҳкам интизом туфайли тез орада салобатли қўшин тузиб, халифаликка қарши ҳужумни бошлаб юбордилар. 871 йили Басрани босиб олиб, талон-тарож қилдилар. Сўнгра шимол томон юришда анча ерларни қўлга киритдилар. Буни кўриб Ал-Мутамид укаси Ал-Муваффақ бошчилигида уларга қарши катта қўшин ташлади. У занжиларни енггач, бидъатчиларни ҳам бостирди. Шу пайтда форслар юртининг марказий қисмида иғвогарлик авж олиб кетди: илгари темирчилик қилган, босқинчилик билан шуғулланган Яъқуб ибн Лайс энди баъзи кучларга бош бўлиб чиққан эди. Бундай қулай имкониятдан фойдаланишга қарор берган византияликлар Сиъилия орқали Шомга кириб боришди. Гарчи Миср ва Шом тулуний ҳокимларининг қўшинлари уларни дадил қарши олиб, чекинишга мажбур қилган бўлсалар-да, аббосий халифа византияликларнинг кучларини тўхтатишга ожизлик қилди.


АЛ-МУТАЗИД ВА АЛ-МУКТАФИЙ
(892-908 йиллар). Ал-Мутамидни Ал-Мутазид алмаштирди. Тулунийлар заифлашганликлари сабабли Миср ва Шом халифаликка қўшиб олинганлиги унинг подшоҳлигидан эсда қоладиган бирдан-бир воқеа бўлди. Ундан кейин ҳокимият тепасига келган Ал-Муктафий даврида византияликлар яна ўзларига яқиндагина панд берган чегара туманларига ҳужум қилдилар. Қўшинни Ал-Муктафийнинг ўзи бошқариб борди. Бу аббосий халифа учун сўнгги жанг бўлди. Ал-Муктафий насронийларни тор-мор келтириб, улар кетидан қувиб боришида йўл-йўлакай Кичик Осиёнинг жануби-ғарбида жойлашган машҳур Адалия қалъасига ҳужум қилди. Унинг шаҳарни эгаллашига вақти йўқ эди. Чунки орқа томондан Исломнинг бошқа душманлари – бидъатчи карматийлар мазҳабининг вакиллари ҳамла қилиб келишаётганди. Бу даҳшатли одамлар Исломдан ажралиб чиқиб, унга жуда катта зарар етказиш билан мусулмонлар тарихида сезиларли из қолдирдилар. Улар хусусида алоҳида гап очиш мақсадга мувофиқдир.


КАРМАТИЙЛАРНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ.
Улар шиа мазҳабининг мужоҳидлик йўналишини тарғиб қилишарди, бироқ юз йил мобайнида асосий мазҳабдан чиқиб, шу даражада тез-тез турланиб турдиларки, ҳатто уларни мусулмон санаш ҳам мушкул бўлиб қолди. Буларнинг барчаси шиалар ўртасида уларнинг олтинчи имоми ворисига нисбатан кескин қарама-қарши фикрлар келиб чиқишидан бошланган эди. Шуни ҳисобга олиш лозимки, ҳақиқий шиалар бутун мусулмон дунёсининг қолган қисми сингари суннийларнинг халифаларини Ислом раҳнамолари сифатида эътироф этмас эдилар. Шиалар ҳазрат Али авлодлари, жумладан, Имом Ҳусайн бутун фикру-хаёллари, амалий ишлари ва юриш-туришлари билан ўзларини Исломга бахшида этган ҳақиқий мусулмон йўлбошчилари бўлганликларига қатъий ишонардилар. Бундай авлодларни имомлар, деб аташарди. Олтинчи имом Жаъфар ас-Содиқ Карбалода азоблар ичида ҳалок бўлган Имом Ҳусайннинг буюк неваралари эди; Жаъфар ас-Содиқнинг Исмоил ва Мусо исмли иккита ўғли бор эди. Уларнинг каттаси отаси ҳаётлигидаёқ вафот этгани боисдан халқ Мусони еттинчи имом деб тан олди. Кейинчалик у Мусо Ал-Козим номи билан машҳур бўлди. Лекин шиа мазҳабидаги кишиларнинг кўплари ёш жиҳатидан катта Исмоил еттинчи имом, унинг ўғли Муҳаммад эса саккизинчи имом бўлиши лозим, деган фикрни ёйдилар. Шу талаб шиаликни ҳозиргача давом этаётган бир-бирига рақиб бўлган шохобчаларга парчалаб юборди. Исмоил давомчилари исмоилийлар сифатида ном чиқариб, ўзларини адолат юзасидан ҳақ деб билганлари ҳолда махфий фаолият олиб бордилар. Уларнинг кетма-кет алмашиб турган бошчилари бутун дунёда катта шов-шув кўтардилар. Бу раҳнамоларнинг биринчиси – Кармат, иккинчиси – Кайравонда ўзини Маҳдий деб танитган ва фотимийлар давлатини барпо этган Убайдуллоҳ, учинчиси – ёлланма қотиллар ташкилотчиси Ҳасан ибн Сабоҳ эса халқ орасида Шайх ул-Жабал (Кекса тоғлик) номи билан маълум.


КАРМАТ. Тўққизинчи аср охирига келиб исмоилийлар Ҳамдан Карматни ўзларига саркор билдилар. Моҳир ташкилотчи бўлган Кармат кўплаб ғайриисломий ғояларни, «яширин имом»га кўр-кўрона итоат қилишни ўзига мақсад қилиб олган эди. У муридларига ўзларича ҳеч қачон Аллоҳга ета олмасликларини, бунда уларга на хайр-саховатлари, на тоат-ибодатлари ва на Қуръон ўгитлари ёрдам бермаслигини зўр бериб сингдирарди. Инсонлар ўз эзгу орзу-ниятларини «яширин имом»га – барча сирли йўллар ва воситалардан воқиф илоҳий вужудга бегуноҳ садоқат-ла бутунлай боғламагунларича шундай бўлаверар эмиш. Агар муридлар ҳамма нарсада «яширин имом» иродасини бажарувчига қулоқ тутсалар, уларнинг гуноҳлари кечирилармиш. Кўп кишилар шу шартларни қабул қилиб, Кармат кўрсатмаларининг итоаткор ижрочилари бўлиб қолдилар. Кармат қазо қилгач, ташкилотга унинг ворислари етакчилик қила бошлашди. Улар анча вақтгача аббосийлар билан даъволашиб юриб, мағлубиятга учрадилар. Шундан кейин Ироқ ва Шомда уларнинг кучи камайиб кетди, бироқ Шарқий Арабистонда ўзларига таянч топиб, то ҳайбатли давлатга айланмагунларича ўша ёқдан туриб иш олиб бордилар; Арабистонни улар юз йилдан кўпроқ сўрашди.


КАРМАТИЙЛАР АРАБИСТОНДА. 
894 йили исмоилийларнинг олий қўмондонлиги Абу Саид ибн Баҳром ат-Танобийни Баҳрайнга – Арабистоннинг шарқий соҳилига яқин оролга юборди. Ўша ерда у бир қанча қабилаларни ўзига бўйсундириб, муайян имтиёзларга эга бўлган шайхларни уларга бошчи қилиб қўйди ва кўп ўтмай, янги давлат тузди. Муманияни (Садоқатлилар шаҳри) ўзига пойтахт қилиб олди. У ва сафдошлари исмоилийларнинг «яширин имом»ига нисбатан хайрихоҳ эдилар, аммо бу ерда, Арабистоннинг шимолий соҳилида Абу Саид ўзини мустақил ҳис қиларди. Унинг вафотидан кейин авлодлари ҳам ўз давлати кучига куч қўша бошладилар. Шу орада улар мутаассибларча садоқатли муридлардан ташкил топган қўшинга ҳам эга бўлиб олдилар. Ғарбда Наждга, шимолда Ироққа ва ҳатто узоқ ғарбдаги Ҳижозга юришлар уюштира бошладилар. 913-943 йилларда уларнинг қудрати чўққисига чиқди. Ана шу ўттиз йил мобайнида улар истаган томонларига ҳужум уюштиравердилар. 930 йилда Маккага бостириб бориб, уни эгалладилар. Каъбадаги Қоратошни ўз пойтахтларига олиб кетишди. Шу пайтнинг ўзида Шомнинг қуйи қисмига ҳужум қилдилар; Марказий Арабистонга юз йилдан кўпроқ эгалик қилиб туришди.


СЎНГГИ ҚУДРАТЛИ АББОСИЙ – АЛ-МУҚТАДИР (918-932 йиллар). Халифалик ҳали ҳам Ироқ, Шом, Миср, Форс ва Хузистонни ўз ичига олса-да, унинг имкониятлари тугаб борарди. Халифа ва зодагонлар серхаражат, фатхлик қилиш тўхтаган, солиқдан келаётган даромад кескин камайиб кетган, савдо издан чиқиб, карматийлар сингари унсурлар дастидан ҳаёт ҳам хатарли бўлиб қолган эди. Зўрлик билан қонунларга ва тартиб-қоидаларга бўйсундириш ҳам мушкуллашиб, суннийлар ва шиалар орасидаги фарқ ошаётган, халқ эса ҳаёт оқимидаги тартибга ишончини йўқотаёзган эди. Дунё кўплар кўзига қувончдан кўра кўпроқ қайғу-ғам мужассам бўлган бир макондек, бор шодликлар ҳам омонат кўриниб қолган эди. Карматийлар ташкилотига ўхшаган махфий ташкилотларга бош қўшганлар кўпая борди. Айрим кишилар тасаввуфни ёқлаб, диний тартиблар ва биродарликка қайтдилар. Шу даврдаги дунё воқеалари аббосийларнинг таъсир доирасини бутунлай ўзлаштириб олганлиги натижасида машҳур мутасаввуфлар пайдо бўлди.


ХАЛИФАЛИК ДОИРАСИДАГИ ПОДШОҲЛИКЛАР – ТОҲИРИЙЛАР (820-872 йиллар). Ал-Муқтадир вафотидан кейин халифалик подшоҳликлардаги таъсири бобида аббосийлар ҳокимияти иккинчи маррага ўтиб қолди. Шундай бўлса-да, мавжуд халифаликлар ҳамма жойда суннийлар ҳокимияти вазифасини бажаришда давом этдилар. Бу ўринда марказ билан алоқани узиб, анча вақтгача равнақ топиб келган подшоҳликларни ҳам назарда тутиш лозим. Тоҳирийлар салтанати биринчи бўлиб ўз ҳуқуқини тасдиқлаб олди. Халифа Маъмуннинг истеъдодли лашкарбошиси Тоҳир Хуросоннинг шимоли-шарқида асос солган бу подшоҳликка Марв пойтахт этиб танланди. Тоҳир оламдан ўтганидан кейин ўғли Талҳа Мозандарон билан Трансоксиания ўртасидаги бутун ҳудудга ҳоким бўлди. Унинг укаси Абдуллоҳ ҳам аббосийлар давридаги машҳур додхоҳлардан эди. Тоҳирийлар халифалар устунлигини тан олиб, шартлашилган солиқни тўлаб туришарди, лекин бошқа ҳамма нарсада мустақил эдилар. Уларнинг ўз ҳарбий кучлари, ҳукумати ва солиқ солиш қоидалари вужудга келганди, шунингдек, улар кишиларга васийлик қилишга ҳам одатланишганди. Қадимий форслар уруғига мансуб бўлган Сомон ана шундай ғамхўрлик кўрганлардан бири эди. Беғараз васийликка олинганлар орасида уруғнинг бошқа аъзолари ҳам топиларди, бу самимият тобора ошиб бораётгандек туюларди. Ва, ниҳоят, 872 йилда Сомоннинг авлодларидан бири бўлган Носир ибн Аҳмад тоҳирийларни ағдариб, Трансоксианияда сомонийлар салтанатини вужудга келтирди. Шунгача форслар юртида бошқа бир сулола пайдо бўлганди.


САФФАРИЙЛАР (867-908 йиллар). Қуйи табақадан чиққан Яъқуб ибн Лайс исмли истеъдодли киши бу сулоланинг асосчиси бўлди. У ўз ҳаётини мисгарлик (саффар)дан бошлаган бўлиб, сулола номи ҳам шунга нисбатан берилганди. У ёшлигида ғайриқонуний бир тўдага қўшилиб, вақти келганда унга бош бўлиб олди. Шунга қарамасдан, бу мустақил кишининг ёвузликка қўли бормасди, камбағалларга ғамхўрлик қилиб, улар дардига шерик бўларди. У фақат текинхўр бойларни талаб, яхши одамларга эса ҳеч қачон зарар етказмасди. Овозаси саройга етиб боргач, халифа унга додхоҳ унвонини инъом этиб, халифалик номидан қонунсизликка қарши кураш олиб боришга ижозат берди. Яъқуб мукофот сифатида берилган ерни кенгайтириб, Хуросон билан Форс  кўрфази ва у ёғи Синдгача бўлган минтақада қудратли ҳокимга айланди. Тоҳирийлардан Сеистонни ва Хуросоннинг қуйи қисмини тортиб олди. Саффар ҳатто Қобулни истило қилиб, ўз тасарруфидаги ўлкаларни Ислом Афғонистони деб атади. Барча элатлар унинг ўзини ва укаси Амирни халифа деб эътироф этиб, уларга содиқликка ваъда бердилар. Саффарийларни сомонийлар тахтдан ағдаришди.


СОМОНИЙЛАР (874-999 йиллар). Юқорида эслатиб ўтилганидек, сомонийлар авлодига мансуб бўлган Носир ибн Аҳмад Трансоксианияда тоҳирийларга қарши курашган киши эди. Унинг укаси Исмоил эса (892-907 йиллар) уларни Хуросондан батамом қувиб чиқарди. Бошқа сулолалар сингари сомонийлар ҳам халифанинг ҳукмронлигини эътироф этишар, лекин бошқа ҳамма нарсада ўзларини мустақил тутар эдилар. Назир II (913-943 йиллар) даврида улар ўз ерларини кенгайтириб, бутун шарқий халифаликка ва шарқий Ироққа ҳам ҳукмронлигини ёйдилар. Бухорони ўзларига пойтахт қилиб, Самарқандни катта обод шаҳарга айлантирдилар. Сомонийлар форс тилини рағбатлантириб, санъат ва фанга ҳомийлик қилишарди. Улар ҳукмронлиги даврида уч даҳо – файласуф, илми ҳикмат ва риёзиёт олими Абу Али ибн Сино, файласуф Ар-Розий ва буюк форс шоири Фирдавсий яшаб ўтди. Сомонийлар форсий тилни узоқ муддат давомида такомиллаштира бориб, арабларнинг мумтоз асарларини шу тилга ўгирдилар.


ҒАЗНАВИЙЛАР (961-1186 йиллар). Сомонийлар сулоласи ўнинчи аср охирига қадар ҳукмронлик қилди, бироқ шундан анча илгари унинг инқирозидан дарак бериб, Қобулда янги давлат вужудга келди. Унга сомонийларнинг собиқ турк қули Алптегин асос солди. У сомонийлар авлоди қироллигидаги тансоқчилар гуруҳида юксак мавъега эришгач, Хуросон ҳокими этиб тайинланди. Анча вақтдан кейин нафратга учраб, кичикроқ қўшин билан шарқий вилоятларга, Ғазна деган жойга бош олиб кетди ва у ерда мўъжазгина шаҳар-давлат барпо этди. Унга ворис бўлган қули ва куёви Сабуктегин анча истеъдодли киши эди.


САБУКТЕГИН (967-997 йиллар). У мустақилликка эришиб, ўз ерларини кенгайтирди. Ғарбда сомонийлар авлодининг сўнгги вакилидан Хуросонни тортиб олди, шарқда эса ҳозирги Покистон ва Афғонистон ҳудудида жойлашган Пешаварни эгаллади. Бу ерда унга ҳужум қилган Панжоб рожаси Жайпал мағлубиятга учраб, жуда катта миқдорда товон тўлашга рози бўлди. Лекин Жайпал Лахурга қайтиб келгач, сўзининг устидан чиқмади,  шунинг учун ҳам Сабуктегин унинг тасарруфидаги ерларга бостириб кирди. Бошқа рожаларга ёрдам сўраб мурожаат қилган Жайпал улардан мадад олиб, бирлашган кучлари билан Сабуктегин устига юриш қилди. Бироқ ҳиндларнинг яна омади чопмади. Натижада Ҳинд дарёсининг ғарб томонидаги ерлар ғазнавийлар ихтиёрига ўтди.


УЛУҒ МАҲМУД 
(999-1030 йиллар). Ғазнанинг бу буюк султони Маҳмуд Сабуктегиннинг ўғли эди, у ғазнавийлар шуҳратини бутун Осиёга ёйди. Маҳмуд отаси билан биргаликда кўрган тадбирларидан ўз уруғи билан сомонийлар орасида талашувлар бўлиб турганлигини, шарқда Панжобнинг шаҳий подшоҳлари билан рақобат мавжудлигини яхши билар эди. Шу пайтда Жайпал қазо қилиб, унинг ўғли Анадпал Панжобни бошқариб турган эди. Отаси сингари у ҳам  шартлашилган товонни тўлашдан бош тортди, бу Маҳмуд билан шаҳий подшоҳлари ўртасида уруш чиқишига яхши баҳона бўлди. Ўзаро тортишувлар Ислом азаматининг Ҳиндистон шаҳий подшоҳлари устига машҳур ўн еттинчи юриши билан якунланди. Қатъиятли сунний бўлган Маҳмуд Ғазна султони сифатида халифа деб эътироф этилди. Халифа унга «Ямин уд-Давла» (Давлатнинг ўнг қўли) унвонини берди. Шундан кейин Маҳмуд ўзининг ғазавот урушлари силсиласини бошлаб юборди. У Ҳиндистоннинг муҳим маданий ва диний марказларига ҳужумлар уюштирди, чунки қўшни рожалар шу масканларни қутқариш учун бирлашишларидан хабардор эди. Ғазнавийлар ўша пайтда ўн икки марта юриш қилганликлари тарихда қайд этилган. Ҳиндларнинг Гужарат вилоятига қарашли Катхиаваре деган жойдаги машҳур Сомнас зиёратгоҳига қилинган ҳужум уларнинг энг машҳуридир. Маҳмуд Рожпутан чўлини босиб ўтишга мажбур бўлган бу юришида қарийб барча ҳинд рожаларининг бирлашган кучларига қарши туришини яхши биларди. Бу жанговар саркарданинг жасурлиги ҳад-ҳудудсиз эди. Дастлабки пайтда анча кўп сонли ҳинд қўшинлари исканжасида бўлгани ҳолда ғолиб чиқиб, шаҳарни эгаллагач, Сомнас эҳромига кириб борди ва миллионлар илтижосига қарамай, ундаги бутни чилпарчин қилиб ташлади. У юртига катта ўлжа билан қайтди. Маҳмуднинг ғарбдаги зафарлари ҳам Хуросон ва бутун Форснинг қўшиб олинишидан қолишмайди. Шуҳрати  чўққисида у Ҳиндистондаги Жамна дарёси билан ғарбдаги Дажла дарёси ўртасида жойлашган бепоён кенглик ҳукмдори бўлиб турди.


МАҲМУДНИНГ ТАЪРИФИ.  Ҳинд тарихчилари Маҳмудни босқинчиликда, шаҳарлар ва эҳромларни шафқатсиз вайрон қилишда айблашади. Бу тўғри эмас, албатта. Маҳмуд учун Ҳиндистон «Дар ул-харб», яъни урушлар маскани бўлган. Шаҳий подшоҳлари Маҳмуднинг отасига қарши уруғчилик урушини қўзғадилар, кўп марталаб Сабуктегинга ҳамда Маҳмудга берган ваъдаларига вафо қилмадилар. Эҳтимол, «муқаддас уруш» олиб борган Маҳмуддан ўз Ватанини ҳимоя қилганликлари учун уларнинг қилмишларини оқлаш мумкиндир. Маҳмуднинг ўз таъбири билан айтганда, у бутпарастларга қарши ҳар йили ёки бир йил ўтказиб ғазавот уруши олиб борарди. Ўша пайтда бундай уруш қонуний бир ҳол ҳисобланарди. У ҳеч қачон шаҳарларни яксон қилмаган, оммавий қирғинларга йўл қўймаган.


МАҲМУД – САНЪАТ ҲОМИЙСИ. Ислом қаҳрамони сифатидаги шон-шуҳрати билан  Маҳмудга бас келадиган ҳокими мутлақлар кўп эмас. Ўз пайтида у Осиёнинг биринчи ҳокими эди. Жонажон шаҳри Ғазнада шу қадар кўп иморатлар, мактаблар, шунчалик беадад илмий муассасалар қурдириб, халқига ато қилиб, ўз пойтахтига кўплаб машҳур кишиларни даъват этдики, бу унинг номини XI асрдаги энг буюк илмпарвар сифатида тилларда достон айлади. Маҳмуд шоирлар ва машҳур кишиларга ҳар йили 400 минг динорлаб маблағ сарфлаши билан Фирдавсийни мислсиз «Шоҳнома» асарини ёзишга илҳомлантирган. У Ғазнада дорилфунунга асос солиб, машҳур файласуф, олим, сўз устаси ва шоир Ансорийни унга мударрисликка тайинлади. Бошқа кўпгина шоирлар, жумладан, Асади Тусий, устод Фирдавсий, Асжодий ва Фарруҳий ҳам шу ерда эдилар. Улуғ аллома Беруний ҳам Маҳмуд ҳузурида ишлади, лекин у шоҳнинг маслаҳатчиси Аҳмад ибн ал-Маймандий билан чиқиша олмай, шаҳзода Султон Масъудга қўшилди. Ғазнавийлар ҳақида битилган «Тарихи Ямини» асарининг муаллифи машҳур олим Утбий Маҳмуд саройида фаолият кўрсатган. Ўз паноҳида шунчалик кўп ёзувчилар, қизиқчилар ва олимларни тўплаб, бутун қитъада шу  қадар юксак обрўга эга бўлиш камдан-кам шаҳаншоҳга (шоҳга) насиб этган.


МАҲМУДНИНГ ВОРИСЛАРИ. Машҳур султонлар – Султон Масъуд ва билим бобидаги жонбозлиги билан донг таратган ўғли Султон Байрам ибн Масъуд унинг ворислари жумласидандир. Байрам фозилу фузалоларга совға-саломлар ва мукофотлар беришда жуда сахий эди. У «Маҳзани асрор» асарининг муаллифи Шайх Низомий ва Сайёд Ҳасан Ғазнавий сингари таниқли кишиларни саройга жалб қилди. Айни Султон Байрам подшоҳлиги даврида ва унинг раҳнамолиги туфайли «Калила ва Димна» масаллар мажмуи санскрит тилидан форсчага таржима қилинди. Ғазнавийлар тобора ҳолдан тойиб бораётган қиролликни юз йилдан кўпроқ давр бошқариб турганларидан кейин Панжоб томон суриб чиқарилдилар. Маҳмуднинг сўнгги вориси у ерда Шаҳобиддин Ғурий (1186 йил) ҳаётлигида Лахур ҳокими бўлиб турди.


БУВАЙҲИЙЛАР (945-1055 йиллар). Ғазнавийлар халифаликнинг узоқ шарқий бўлагида ҳукм суришаётган бир пайтда унинг марказий қисмида азим бир давлат вужудга келди. Уни халифаларнинг ўзлари бошқара бошладилар. Ал-Муқтадир давридан эътиборан халифа ҳузурида Амир ул-уламо хизмати таъсис этилди. Умуман, қиролнинг тансоқчи навкарлари бошлиғига бериладиган бу мансаб соҳиби халифаликдаги энг қудратли киши ҳисобланарди. Халифа Ал-Мустақфий даврида (944-946 йиллар) бу хизмат форсий наслдан бўлган Аҳмад  ибн Бувайҳа исмли таниқли кишига тегди. Аҳмад шу мавқеда ўрнашгач, унга Муизза уд-Давла унвони берилди. Бу масъулиятли мартаба халифа топшириғи деб қабул қилинарди. Аҳмаднинг отаси шарқий форслар қабиласининг сардори бўлиб, унинг сомоний қироллар хизматида у қадар юксак бўлмаган ҳарбий саркардалик вазифаларини эгаллаб турган уч ўғли бор эди. Форсга ҳужум қилиш арафасида ака-укалар ўз қўшинларини ташкил этганликлари натижасида Исфаҳон, Ҳузистон ва Кирмонни забт этдилар. Уларнинг ўзлари 934 йилга келиб Шерозда қўним топдилар, ўн бир йилдан кейин энг истеъдодлиси бўлган Аҳмад Бағдодга қарши жангга киришганида халифанинг тансоқчилари тумтарақай қочиб қолишди. Шу сабабли ҳам у Аҳмадни ўзининг ҳимоячиси сифатида хайрихоҳлик билан қабул қилишга мажбур эди. Аҳмадга бағоят юксак «Амир ул-Умаро» лавозими ато қилинди. Шундай қилиб, эътиқодли шиалар бўлган бувайҳийлар марказ ҳокимлари, сунний халифа эса улар ҳимоясидаги киши бўлиб қолдилар.


БУВАЙҲИЙЛАР ТУЗУМИ. Фавқулодда қобилиятли бувайҳий ҳукмдорлар халифалик маъмуриятини мустаҳкамлаш йўлида кўп ишларни амалга оширди. Савдо-сотиқ яхшиланди, қадимий ҳунармандчилик соҳалари яна барқ уриб ривожлана бошлади ва бутун мусулмон дунёсида халқ фаровонлиги юксалди. Улар турмушда ҳам анча ўзгаришлар ясадилар. Ўзлари шиаларга мансуб бўлганликларидан шу мазҳаб маросимлари ва байрамларини жорий эта бошлашди. Муҳаррам (мотам) кунлари нишонланиши қонунан мустаҳкамлаб қўйилди. Бувайҳийлар ҳазрат Али Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қонуний давомчилари эканликларини очиқдан-очиқ эълон қилдилар. Ҳум ал-Қодир (Илк ташриф куни) расман байрам қилинадиган бўлди. Шиалар анъаналарига қараганда, Ҳум ал-Қодир деган жойда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Али менинг давомчим бўлади», деган эканлар. Бувайҳийлар юз йилдан зиёдроқ ҳукм суришди. Ораларида ғоят маърифатли ҳукмдорлар бўлган, улар пойтахтлари Шерозни иккинчи Бағдодга айлантирдилар.


АДУД УД-ДАВЛА
(949-983 йиллар). Бу соҳада Адуд уд-Давла энг улуғвор подшоҳ эканлигини кўрсатди. У 34 йиллик узоқ ҳукмронлик даврида аббосийларга қарам бўлган ўлкаларнинг деярли ҳаммасида ўз ҳокимиятини ўрнатди. Халифанинг қизига уйланиб, ўз қизини эса унга турмушга берди. Шон-шуҳрати энг юксалган пайтда шаҳаншоҳ унвонини олди. Буюк бунёдкор бўлган Уд-Давла, айниқса, Бағдодда қурдириб, ўз шарафига Адудий номини берган беморхона туфайли довруғ таратди. Бу шифохонада маош олиб ишловчи 24 нафар табиб ва бошқа мутахассислар хизмат қиларди. Санъатнинг шу қадар катта ҳомийси бўлганлиги туфайли замондош шоирларнинг қасида ва мадҳияларига сазовор бўлди. Буюк араб шоири Ал-Мутанаббий ҳам унга бағишловлар ёзди.


ШАРОФ УД-ДАВЛА ВА СЎНГГИ БУВАЙҲИЙЛАР (983 йил). Адуд уд-Давла ўрнини унинг ўғли Шароф уд-Давла босди. Хорун ар-Рашиднинг ўғли Маъмун сингари у отасига қараганда ҳам кўпроқ фан жонкуяри эди. Истеъдодли кишиларнинг самимий дўсти ва мухлиси бўлган Шароф расадхона бунёд эттирди. Унинг ўғли Баҳо уд-Давла отаси ва бобосига ўхшади. Вазири Собир ибн Ардашер 913 йили Бағдодда машҳур кутубхонаси бўлган билимгоҳ бунёд эттирди. Таниқли араб шоири Ал-Маъаррий  шу ерда таҳсил кўрган. Бувайҳийлар ўша даврга хос яна бир фаолият тури билан маълумдирлар. Ўзларини «Иҳван ус-Сафо» (Соф оғайнилар) деб аташган кескин тадбирлар тарафдорлари бўлмиш шиа мазҳабига мансуб бир гуруҳ мутафаккирлар шу пайтнинг ҳар хил долзарб масалаларига бағишлаб ёзилган мақолаларидан «Расаил» мажмуасини туздилар. Сўнгги бувайҳийлар ўзаро жанжаллар оқибатида ер-мулкларидан маҳрум бўла бордилар. Қарийб эллик йил мобайнида кичик-кичик оралиқ подшоҳликлари вужудга келди. Улардан баъзиларининг ҳокимлари (бир-иккитаси) ўзларини султон деб аташиб, ўз даври тарихида из қолдирдилар, лекин ҳаммаси ҳам мусулмон маданияти тараққиётига маълум даражада ҳисса қўшдилар. Бувайҳийлар сулоласи ўн биринчи аср ўрталаригача, салжуқийлар тахтдан ағдарилгунларига қадар давом этди.


КИЧИК ПОДШОҲЛИКЛАР (1023-1096 йиллар). Кичик оралиқ подшоҳликларини муайян араб қабилалари вужудга келтирдилар. Мўсул билан Ҳалаб ўртасида Бани Таълиб томонидан асос солинган дастлабки қироллик Ҳамадоний авлоди номи билан юритиларди. Шу наслнинг энг донгдор султони Сайф уд-Давла византияликларга қарши ғазавот урушларини муваффақиятли олиб борди. Ўз вақтида маданиятнинг ажойиб ўчоғи саналиб келган унинг саройида буюк араб шоири Ал-Мутанаббий ижод қилди. Кейинроқ Ҳалабда бир сулола пайдо бўлди. Бани Қалб асос солган бу сулола вакиллари жанговар кишилар бўлиб, 60 йил мобайнида мирдосийлар деб ном олган кучли қўшинларига рақобатда бўлиб келдилар. Мўсул ҳамадонийларидан бўлган Бани Таълиб ва Бани Қалб сулоласи анча узоқ, яъни юз йилдан кўпроқ сақланиб турди. Ўз қироллиги ва сарҳадларини Ҳалаб ва ундан ҳам нарига кенгайтирган буюк жангчи Султон Муслим ибн Қурайш энг таниқли ҳокимларидан бўлди. Абдул Али ибн Марвон исмли бир курд одам Мўсулдан ғарбда, Диёрбакирда яна бир кичик подшоҳликка пойдевор қўйди. Номи ҳам унга нисбат берилиб,  марвонийлар деб аталган бу сулола юз йилга яқин яшади. Ҳамадонийлар ўрнига келган укалийлар қатори марвонийларни ҳам буюк салжуқийлар таслим этдилар.


САЛЖУҚИЙЛАРГА ҚАДАР БЎЛГАН ИСЛОМ ДУНЁСИ. Ҳали турклар мусулмон тарихида дастлаб пайдо бўлишларидан анча илгари аббосийлар сулоласи инқирозга юз тутди. Тоҳирийлардан тортиб бувайҳийларгача бўлган бошқа подшоҳликлар, айрим истисноларни ҳисобга олмаганда, юксак сиёсат майдонидан чиқиб кетишган ёки кетмоқда эдилар. Испаниядаги араблар заифлашиб, барбарлар эса кучга тўлишаётганди. Фотимийлар Ифриқияда деярли юз йил юрт сўрадилар. Ислом дунёсида шиалар ва суннийларнинг мутаносиб гуруҳи ўзига хос хусусиятга эга эди. Суннийлар Испанияда ҳукм суришар, фотимий шиалари эса Шимолий Африқони эгаллаган эдилар. Диёрбакир батамом суннийларга мансуб бўлса, бувайҳий шиалари Ироқ ва Форсда ҳукмронлик қилишарди. Трансоксиания батамом суннийлар ихтиёрига ўтди. Албатта бу гуруҳларнинг ўзаро муносабатларида совуқчилик мавжуд бўлиб, Ислом дунёсига Худо берган неъмат – бирлашиб ҳаракат қилиш ғояси қўпол равишда поймол этилаётган эди.


САЛЖУҚИЙЛАР. ТЎҒРУЛ. Бу воқеа ўн биринчи аср бошида (мусулмон йил ҳисобида V асрда), Туркистон чўлларидан туркларнинг қудратли ўғуз қабиласи Трансоксианияга кириб келиб, Бухоро атрофига жойлашган ва Ислом динини қабул қилган бир пайтда юз берди. Эркин тартибларни хушлаганликларидан улар суннийлар мазҳабига қўшилдилар. Раҳнамоларининг исми Салжуқ бўлганлиги боис уларни салжуқ турклари деб атай бошлашди. Серғайрат салжуқийлар тез орада бутун минтақада катта сиёсий эътибор қозондилар. Уларнинг сардорларидан бири – Салжуқнинг невараси Тўғрулбек ўз қабиласини зафарли юришга бошлаб, дастлаб Хуросонни қўлга киритди. У ерда яхши жойлашиб олгач, қўшинларни уч қисмга ажратаркан, бирига ўзи бош бўлди. Қолганларини эса укалари измига топшириб, биргаликда бостириб бориш билан вилоятларни кетма-кет қўлга кирита бошладилар. Ўша пайтда шарқда ғазнавийлар бирдан-бир қудратли куч ҳисобланишарди. Бироқ ўзаро низолардан тинка-мадори қуриган буюк Маҳмуд ворислари ўз жанжаллари билан овора бўлганликларидан янги истилочилик юришини қайтаришни хаёлларига ҳам келтирмасдилар. Ғарбий вилоятларини салжуқийларга жангсиз топширишди. Ички олишувлардан заифлашиб қолган бувайҳийлар ҳам салжуқийларга қаршилик кўрсата олмадилар. 1055 йилга келиб, Тўғрул халифаликнинг ғарбий ярмига эга бўлиб олди. Яна бир йил ўтгач, у Бағдодга юриш қилган пайтда турк додхоҳи Ал-Басасирий пойтахтда эди. Унинг салжуқийлар олдига тушиб чопқиллашини кўрган халифа миясидан «Ниҳоят шундан ҳам қутуладиган кун бор экан-а», деган фикр ўтади. У «Сунний мазҳабига мансуб бўлган салжуқийлар мени ҳам ҳурмат-иззат қилишиб, янада юксакроқ лавозимга ўтказиб қўйсалар керак», деб ўйлади. Айни шу илинжда Тўғрулни қувонч билан қарши олиб, 1056 йилда унга «Амир уш-Шарқ ва ал-Ғарб» («Машриқ ва Мағриб амири») унвонини инъом қилди.


АЛ-БАСАСИРИЙ ИНҚИРОЗИ. Тўғрул олдида Мўсул ҳамда Диёрбакирнинг шимолий подшоҳликларини забт этиш вазифаси турарди. У қўшин тортиб шу вилоятларни босиб олди. Бироқ у йўқлигида Мисрдаги шиа мазҳабига мансуб фотимийлардан ёрдам сўрашга кетган бувайҳий додхоҳ Ал-Басасирий катта қўшин билан қайтиб келиб, Бағдодни босиб олди. У халифани ҳам қаттиқ қўрқитди. Бундан хабар топган Тўғрул Бағдодга ошиқди. Юз берган қонли жангда Ал-Басасирий қўшинлари яксон қилиниб, унинг ўзи ҳам ўлдирилди. Натижада Тўғрул Шом ва Мўсулни истисно қилганда аббосийларга тегишли бутун ҳудудга ҳукмрон бўлиб, салжуқийлар империясини вужудга келтирди. 


БУЮК САЛЖУҚИЙЛАР. Салжуқийлар Тўғрул, унинг ўғли Алп Арслон, невараси Маликшоҳ ва чевараси – шу авлоднинг энг сўнгги ҳукмдори Султон Санжар бошчилигида тўртта подшоҳлик яратдилар. Султон Санжар қўлидан империяни Хоразм шоҳларининг янги мусулмон давлати тортиб олди. Маданийлашган бувайҳийларга қараганда турклар бирмунча ёввойисифат, лекин анча ғайратли ва жангари кишилар эдилар. Умуман олганда, «жоҳиллар» кўпгина буюк маданиятларни вайрон қилдилар, деган гап тўғри. Бироқ салжуқийларга келганда, улар фақат бир авлод ҳаёти мобайнида ўзлари барбод қилган нарсаларни тиклабгина қолмай, мусулмон маданияти чўққисига ҳам кўтарила билдилар. Ўз даврида улар жаҳон фанининг буюк ҳомийлари бўлдилар, олий илм масканларини очдиларки, бу маданиятнинг барқ уриб ривожланишига имкон яратди. Шу ишларнинг барчасида ўша даврда яшаб ўтган мусулмонлар пешқадам эдилар.


АЛП АРСЛОН. Унинг салтанати салжуқийларга дунё миқёсида катта шон-шуҳрат келтирди. Вақти келиб таназзулга юз тутган салжуқийлар империяси истилочи Тўғрулнинг шу муносиб ўғли туфайли ўз куч-қудратини қайта тиклади. Шундан кейин у икки нарса – хорижда Ислом динининг обрўсини ошириш, уни империянинг бутун ҳудудида жорий этиш хусусида жон куйдирадиган бўлди. Аббосийлар заифлашганликларини кўриб ҳаддан оша бошлаган византияликлар ўзларига чегарадош шимоли-ғарбий оралиқ подшоҳликлари вужудга келишлари ҳамоноқ мусулмонларга қарши сурункали уруш олиб боришга киришдилар. Алп Арслон Кичик Осиёга юриш қилиш билан ўз қўшинларини дин ҳимоясига отлантирди. Манзикерт яқинида Византия императорига қақшатқич зарба бериб, ўзини асир олди. Ўша ғалабадан кейин мусулмонлар Кичик Осиёнинг қоқ юрагига кириб бориб, у ерда маҳкам ўрнашиб олдилар. Шундан бери улар Онодўлини тарк этмадилар. Алп Арслон ўз амакиваччаларидан бири бўлган Сулаймон Қутлимишни Кичик Осиё марказининг ҳокими қилиб тайинлади. Бу ўлкани мусулмонлар Рум деб атай бошладилар. Рум салжуқийлари у ерда усмоний (усмонли) турклари пайдо бўлгунларига қадар ҳукмрон бўлиб турдилар. Улар дастлаб Никонни ўзларига пойтахт қилиб олдилар, лекин 1084 йилда салжуқийлар бу мамлакатнинг энг йирик кенти Икониум (Кўнйо)ни забт этиб, у ерда мустаҳкам қўним топдилар. Византиянинг Кичик Осиёдаги энг бой ва гўзал шаҳарчаси бўлган Икониум Рум салжуқийлари даврида катта шаҳарга айланди.


АЛП АРСЛОН ВА ФОРС. Халифалар шаҳрига даъвогарлик қилишни хоҳламаган Алп Арслон, гарчи халифа деярли унинг қўлидаги қўғирчоққа айланган бўлса ҳам, Исфахонни ўзига марказ қилиб танлади. Бироқ жума намозларида салжуқий султоннинг исми намойишкорона равишда халифа исмидан кейин хутбага қўшиб ўқиларди. Бидъатчиликдаги бу янгиликни бувайҳийлар жорий этишган эди. Лекин салжуқийлар халифага ҳеч қандай маъмурий ҳуқуқ бермаган бўлсалар ҳам, унинг иззат-ҳурматини жойига қўйишарди. Алп Арслон 1070 йилда Ҳалабни эгаллаб, кейинчалик фотимийлардан Ҳижозни тортиб олди. Шундай қилиб, муқаддас шаҳарлар бўлган Макка ва Мадина салжуқийлар тасарруфига ўтиб қолди. Алп Арслоннинг ўғилларидан бири бўлмиш Тутуш Шомга ҳоким қилиб тайинланиб, у ерда ҳам салжуқийлар сулоласига асос солинди. Айнан Султон Тутуш авлоди дастлабки салиб юришининг қаҳрига учради. Эл оғзига тушган подшоҳ бўлган Алп Арслон шарафига битилган кўплаб қасидалар бугунгача барҳаёт. Салжуқийлар келиши билан Ислом Шарқида янги қадриятлар ҳосил бўлди: кишиларнинг ҳаётга, санъатга, адабиёт ва фанга интилишлари кучайиб, шу соҳаларда анча-мунча катта қадамлар қўйилди.


МАЛИКШОҲ (1072-1092 йиллар). Алп Арслоннинг ўғли Маликшоҳ салжуқийларнинг энг йирик сиймоларидандир. Буюк ҳоким, бунёдкор, фавқулодда истеъдодли маъмур ва фаннинг йирик ҳомийси бўлган Маликшоҳ мислсиз туғма қобилият соҳиби эди. У Маккага олиб борадиган йўл бўйлаб масжидлар, кўприклар, ариқлар ва карвонсаройлар бунёд эттирди. Бағдоднинг бутунлай яроқсиз ҳолга келган қувурлари шохобчаси пухта ўрганиб чиқилиб, яхшилаб созланди. Маликшоҳ Орол ва Каспий денгизлари орасидаги ерларни қўлга киритиб, Хоразм деб номлади, ўзининг собиқ турк қули Ануштегинни унга ҳоким қилиб белгилади. Айни шу Ануштегин Ўрта Осиёда бора-бора қудратли кучга айланган ва пировардида салжуқийлар ҳокимиятига барҳам берган хоразмшоҳлар сулоласига асос солди. Маликшоҳ ҳукм сурган даврда фан тараққиётига жуда катта эътибор берилди, хусусан, бу соҳада унинг истеъдодли, садоқатли ва машҳур бош вазири Низом ул-Мулкнинг хизматлари беқиёсдир.


НИЗОМ УЛ-МУЛК. Маликшоҳнинг Низом ул-Мулкдек ҳалол-покиза, истеъдодли вазири бор эди. Бундай бахт камдан-кам қиролу султонларга кулиб боққан. Низом ул-Мулк ўта маданиятли, юксак маърифатли ва бутун умри давомида билимини оширишдан тўхтамаган бир киши эди. У давлатни бошқариш санъати тўғрисида сиёсий ва илмий аҳамияти жуда катта бўлган «Сиёсатнома» китобини ёзди. Бағдоддаги машҳур «Низомийа» дорилфунунига тамал тошини қўйди. Қўли очиқлиги билан илмгоҳнинг кўплаб олимларига куч-қувват бағишларди, шу туфайли бутун Ислом дунёсидан ва ҳатто четдан ҳам илмпарварлар шу даргоҳга оқиб келаверарди. Дунёда ардоқли илоҳиётчи, файласуф ва мутасаввуф аллома Имом ал-Ғаззолий шу дорилфунунда мударрислик қилди. Низом ул-Мулк риёзиётчи, фалакиётчи, олим ва шоир Умар Ҳайёмнинг дўсти ва ҳомийси эди. Исмоилийлардан чиққан таниқли ёзувчи ва сайёҳ Носир Хисрав ҳам шу даврда ижод этди.


ҲАСАН ИБН САБОҲ. 
Кейинчалик «Ассасинлар» деб атала бошлаган янги исмоилийлар мазҳабига асос солиниши шу киши номи билан боғлиқ. У Низом ул-Мулк ва Умар Ҳайёмни ўзига устоз биларди. Ибн Сабоҳ Элбрус тоғида  Аламут номли мустаҳкам истеҳком қурдирди. Ўз режаларини рўёбга чиқариш зарурати туғилганида эса қотилликлар ва суиқасдлар қилиш учун шу ерда махфий айғоқчилар тайёрлашни йўлга қўйди. Шунинг учун ҳам унинг хатти-ҳаракатларига берилган нисбат инглизча to assassinate (ўлдирмоқ) феълидан олингандир. Ҳукмдорлари ваъда қилган бу дунёдаги эркинлик ва нариги дунёдаги беҳишт учун ассасинлар уларга сўзсиз итоатда эдилар. Жаннатий ҳаётни ҳис қилишлари учун ёш ассасинларга Аламут қалъаси атрофидаги гўзал боғлардан ва серҳашам саройлардан жой бериларди. Шундай мурувват кўрган улар чор атрофда иш олиб бориб, йўлларида турган ёки беҳад кўп миқдорда пул тўлашдан бош тортган ёхуд Аламутнинг «Шайх ул-Жабал»и (Кекса тоғлик) амрига бўйсунишни хоҳламаган талайгина таниқли кишиларни ўлдириб юбордилар. Ниҳоят, Низом ул-Мулк Аламутга қарши юриш ташкил қилди. Бироқ қалъани забт этолмай, шайх буйруғи билан қатл қилинди. Бу исмоилийлар жамоаси зиммасидаги энг оғир жиноят бўлди, чунки Низом ул-Мулк чиндан ҳам Исломнинг буюк ўғлони эди.


МАЛИКШОҲНИНГ ВОРИСЛАРИ. Улар салжуқийлар шон-шуҳратига ҳеч нарса қўша олмадилар. Ўзаро жанжаллари натижасида империя салжуқийларнинг ҳар хил майда подшоҳликларига парчаланиб кетди. Кирмон, Ироқ, Курдистон ҳамда шарқий салжуқийлар подшоҳликлари шулар сирасидандир. Маликшоҳнинг ўғли шарқий салжуқийлар султони Санжар бу сулолага хос анча-мунча қудрату улуғворликка эга бўлган буюк раҳбар бўлди. Унга туркларнинг ҳали ҳам  мажусийликда қолиб келаётган янги шахобчасига қарши узоқ уруш олиб боришга тўғри келди. Уларнинг бошчиси Ғурийхон султон Санжарни ва Афғонистоннинг ғазнавий ҳокимини мағлуб қилиб, ҳокимлар сулоласини бошлаб берди. Салжуқийлар 1157 йилда хоразмшоҳлар томонидан тор-мор этилди.


ХОРАЗМ ШОҲЛАРИ. Ғурийхон шарқий салжуқийлар қироллиги султони устидан осонгина ғалаба қозонди, зеро Хоразмнинг салжуқий ҳокими шу даврга келиб аллақачон мустақилликка эришган эди. Отсиз исмли бу ҳукмдор биринчи ҳоким Ануштегинга невара бўларди. Анча ўтиб, Хоразм шоҳлари Ўрта Осиё ҳамда Хуросон ва Форсда ғоят қудратли давлатни вужудга келтирдилар. Алоуддин Муҳаммад (1199-1220 йиллар) унинг энг кучли соҳиби даврони бўлди. У Хуросонни  ғурийлардан тортиб олиб, Ислом динини қабул қилди. Бухоро ва Самарқандни эгаллаш билан бирга Форс истилосини якунлади. 1214 йили Афғонистонга ҳужум қилди ва Ғазнани қўлга киритди. Натижада XIII аср бошида Хоразм шоҳларининг ғоят кучли мусулмон давлати вужудга келди. Халифа билан аразлашиб қолган Султон Алоуддин унинг қасдига шиалар мазҳабига ўтиб, Ўрта Осиё учун ўзига халифа сайлади. Илғор ҳокимлардан бўлган Алоуддин даврида Ўрта Осиё мусулмон маданиятининг марказига айланди: Трансоксиания шаҳарларида мактаблар ва мадрасалар пайдо бўлди, савдо-сотиқ ривожланди, бу ўлканинг фаровон ҳаёти тўғрисидаги овоза эса бутун дунёга ёйилди. Бахтга қарши бу ҳолат Монголистонда янги пайдо бўлган ҳукмдорлар диққатини тортди. Булар саркардалари Темучин томонидан жанговар қўшинга жалб этилган монголлар2 эди. Эндиликда бу саркарда бутун дунёда Чингизхон (Худонинг дарраси) номи билан машҳурдир.


ЧИНГИЗХОН (1162-1227) ВА ШАҲЗОДА ЖАЛОЛИДДИН. Чингизхон Хоразм империясининг шарқий чегарасида юз берган бир ҳодисани ўзига қарши ҳужум билиб, ўрдаларини Ўрта Осиё устига сурди. Хоразм шоҳи унга қарши юборган қўшинлар монголларни қисқа муддатгина тўхтатиб турди, холос. Пешонаси шўрига шоҳ ажойиб ўғли – шаҳзода Жалолиддин билан келишмай қолганди ва сарой ичидаги найранглари билан унга қарши кайфиятини сездириб қўяр эди. Шердай дадил Жалолиддин ўткир заковати ва ақл бовар қилмайдиган матонати ҳамда ажойиб ташкилотчилиги билан ажралиб турарди. У лашкарларини тўплаб, монгол босқинчиларига қарши уюштирган ҳужумлари билан уларга сезиларли зарба берган бўлса-да, бир неча минггина жангчиси билан сон-саноқсиз монголларни йўлдан қайтара олмади. Чингиз Ўрта Осиёдаги кўплаб шаҳарлар аҳолисидан шафқатсиз ўч олиб, юз минглаб мусулмонларни қиличдан ўтказди, Алоуддинни таслим бўлишга мажбур этиб, Хоразм шоҳининг бошкентини эгаллади. Фақат Жалолиддингина тиз чўкмаган эди. Чингиз жангларда гоҳ ютиб, гоҳ ютқазиб, уни бутун Афғонистон бўйлаб таъқиб қилиб борди. Жалолиддин монгол ўрдаларини кўплаб марта, айниқса, Ҳайбар довони яқинидаги тор дарада мағлубиятга учрата олган ягона саркарда эди. Ниҳоят, Ҳинд дарёси соҳилидаги Атток деган жойда довюракларча сўнгги жангига киришди. Чумолидай ададсиз босқинчилар бир ҳовучгина жасур лашкарларни босиб-янчиб келаётганликларини кўриб, у отда учиб тик қирғоқдан Ҳинд дарёсига сакраб, итоаткор қироти билан нариги қирғоқ томон суза кетди. Нақл этадиларки, уни нишонга олиб отишаётган мерганларга кўзи тушган Чингиз уларни тўхтатаркан: «Душман бўлса ҳам, бунга ўхшаган жасурни ўлдириш мумкин эмас», деган экан. Шу аснода Жалолиддин дарёни кечиб ўтиб, Чингизга мағрур назар ташларкан, унга қарата камонидан беписандларча ўқ узади. Сўнгра ёрдам сўраб Деҳли қироли – собиқ қул, энди эса султон бўлган Элтутмиш саройига кириб боради. Лекин Чингиз Ҳиндистонга ҳужум қилмасин учун қирол унинг илтимосини рад этади. Жалолиддин дарҳол ўша ернинг ўзида чоғроқ қўшин тўплаб, Деҳли қироллигини босиб олади. Анчадан кейин Озарбайжонга ўтиб, ҳаётининг қолган қисмини у ерда ўзи учун қўлга киритган кичикроқ подшоҳликда ўтказади.


ҲАЛОКУХОН. Монголлар Чингизхон ҳаётлигида Хуросон ёки Форсга кириб бормадилар. Бу ерларни забт этиш вазифаси унинг невараси Ҳалокухон зиммасига тушди. У йўлида дуч келган ҳамма нарсани куйдириб, ўлдириб, йўқ қилиб, бутун мамлакатни шип-шийдон қилди… Бағдодни ҳам харобаликка айлантирди. Битта қилган яхшилиги ассасинларнинг Аламут қўрғонига барҳам берди. Айтишларича, у халифани ўз қўшинлари билан Шайх ул-Жабалга қарши монголлар тадбирида иштирок этишга таклиф қилган. Бироқ халифанинг қўшинлари йўқ эди. Ироқнинг салжуқий ҳукмдорлари эса жуда қўрқишарди. Шунга қарамасдан, анчагина кишилар Ҳалокухонга қўшилдилар. Улар орасида халифанинг маслаҳатчиси – шиалар «Муҳаққиқ аввал» (Дастлабки ҳақиқат ўрнатувчи) деб ҳисоблашадиган машҳур риёзиётчи олим Носириддин Тусий ҳам бор эди. Ҳалоку Бағдодни қамал қилиб босиб олгач, бу халифалар шаҳри, мусулмон маданиятининг ўчоғи, жаҳон маданий тараққиётининг маркази ҳам вайрон этилди. Кутубхоналарга ё ўт қўйилди, ё улардаги китоблар дарёга отилди, ҳашаматли саройлар, мактаблар, касалхоналар ва масжидларни эса монголлар бостириб келишларидаёқ хароб қилиб улгурган эдилар. Биринчи бўлиб халифа ва унинг оиласи қамоққа олинди, кейинроқ улардан кўпларининг боши кесилди. Исломга шу даражада қаттиқ зарба берилдики, кейин у бошқа ҳеч қачон ўз ҳолига қайтолмади. Ана шу истило шарафига Ҳалокухонга Элхон унвони берилиб, у Оксосдан қуйида жойлашган бутун минтақага ҳукмдор бўлиб олди. Форснинг иккинчи сулоласига асос солди. Бу хусусда навбатдаги бобда гап кетади.


АРАБ МАДАНИЯТИ. Арабларники деб ҳисобланмиш, лекин аслида турк, форс, шом, яҳудий, барбарлар (Испания ва Сиъилияда вужудга келган) маданиятларини ўз ичига олувчи ъивилизаъияни монголлар вайрон қилдилар. Бу маданиятларнинг ҳаммаси ҳам табиий равишда бевосита Ислом эътиқодига асосланган ҳолда тафаккур жараёнини жадаллаштиришга ва одамлар онгини уйғотишга йўналтирилган эди. Улар мазкур соҳада кўпгина ютуқларга эришиб, башарият маънавий ва руҳий меросининг умумий бойлигига ҳисса қўшдилар. Асарлари кутубхоналар, музейлар ва академиялар хазинасини бойитди, кўплаб вакиллари муаллимлар, олимлар, файласуфлар, шоирлар, мутасаввуфлар, рассомлар бўлиб етишиб чиқдилар. Буюк усталари эса санъат жабҳасида улуғ бунёдкорлик билан шуғулландилар. Шуларнинг ҳаммасини монгол отлиқлари йўқ қилиб ташлашди. Шундоқ ҳам сўниб қолган ҳаёт хавф-хатарга айланди, одамлар эс-ҳушларидан мосуво бўлдилар. Шунга қарамасдан, монгол истилоси бир фойдали жараён муваффақияти учун билвосита шарт-шароит яратди. Истеъдодли кишилар турли мусулмон давлатларига қочиб кетдилар. Кўплари бор нарсасидан ажратилди ёки қатл этилди. Қазоси етмаганларгина омон қолдилар. Бу жараёнда икки мамлакат бошқаларга нисбатан омадлироқ чиқди. Энг аввало Кичик Осиёга ва Рум салжуқийларининг кичкинагина юртига ҳамда Ҳиндистон султонликларига – Ислом дунёсининг шу икки мамлакатига кўчиб бориб, у ерда ҳам мусулмон турмуш тарзини ва тафаккурини қайта тиклашга киришган кишилар ҳақида ҳикоя қилишдан олдин кейинги аббосийлар даврининг айрим буюк вакилларига қисқача таъриф бериб ўтиш зарурга ўхшайди.


ИМОМ АЛ-ҒАЗЗОЛИЙ (1058-1111 йиллар). Ўша даврнинг энг йирик мутафаккири, эҳтимолки, мусулмон илоҳиятшунослигининг энг буюк намояндаси бўлмиш Абу Ҳамид ал-Ғаззолий 1058 йилда Хуросоннинг Тус (Машҳад) шаҳрида таваллуд топди. У ашаърий мактабидаги мунозараларда исботлашнинг мантиқан ва ақлан тўғри йўлларини кашф этишни эрта ўрганиб олган йирик олим эди. Ўткир ақл-заковати, зийраклиги ва теран билими билан у барча илоҳиятчилардан ўзиб кетди. Ал-Ғаззолий суннийлар мазҳабига узил-кесил таъриф берди. Обрўси мислсиз даражада юксаклигидан шиалар ҳам уни энг буюк зот деб ҳисоблайдиган бўлдилар. Ал-Ғаззолий Бағдоддаги Низомийа дорилфунунининг мударриси бўлиб ишлади, лекин кейинчалик шундай бир сирли кўникма (нур таратиш) ҳосил қилиб, сўфийликни ихтиёр этди. Бу холис мутафаккир суннийлар билан шиаларни ажратмас эди. Ал-Ғаззолий Ислом тафаккурини талайгина фалсафий чалкашликлардан поклаб, оддий одамлар ақли етадиган даражагача такомиллаштирди.


БУЮК ТАБАРРУК ЗОТЛАР ВА ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАРНИНГ АСОСЧИЛАРИ. Шу даврда Силсилаят ёки Тариқа деб номланувчи бир қанча сўфийлик ташкилотлари ва иттифоқлари вужудга келди. Ташкилотлар табаррук зотларнинг номлари билан машҳур бўлиб, уларнинг таълимотлари ҳамда васиятлари бу жамиятларга руҳ ва собитқадамлик бағишларди. Тарафдорлари Пири Пирон (Азизлар азизи) деб улуғланган бағдодлик Сайёд Абдул Қодир ал-Жилоний (1077-1168 йиллар) Қодириён жамияти ёхуд Силсилайи Қодирия деб ном олган энг йирик ташкилотга асос солди. Суҳровордия, Мавлавия, Рифъаия, Бектошия ва Нақшбандия номли бошқа тариқатлар ҳам мавжуд эди. Уларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолога садоқатни, пирга шак-шубҳасиз ишончни, эътиқод ёрдамида инсонни қутқариб қолиш, адолатпарварликни, бу ёруғ олам ташвишларига ва ҳаёт мақсадларига, шунингдек, бирор муродни кўзлаган куч-ғайратга бепарволикни тарғиб қиларди. Ташкилотлар кишилар эътиқодини сақлаб қолишда катта ёрдам берарди, бундай жамоаларнинг ўша пайтда вужудга келганлиги ғайритабиий туюлиши мумкин, лекин аслида улар шу оғир даврларда мусулмон ахлоқини мустаҳкамлашга катта хизмат қилдилар.


ИБН СИНО (980-1037) ВА АЛ-БЕРУНИЙ (973-1048). Ўша даврдаги энг йирик мусулмон файласуфи Абу Али ибн Ҳусайн бизга Абу Али ибн Сино сифатида машҳурдир. Оврупода эса уни Авиъенна номи билан яхши танишади. Сомоний султонлари даврида тиббиёт ва фалсафа соҳасида буюк олим сифатида донг таратган бу алломанинг тиббий асарлари деярли етти аср мобайнида бутун дунё табиблари учун энг зарур қўлланма бўлиб хизмат қилиб келди. Абу Райҳон Муҳаммад ибн ал-Беруний Ибн Синога бас келадиган кишилардан эди, уни бизнинг давримизда ҳам Ислом оламининг энг йирик риёзиётчиси ҳамда мангу улуғ маърифатчи деб эътироф этадилар. У ғазнавийлар даврида яшаб, Султон Масъуд подшоҳлик қилган замонда фаолият кўрсатди. Санскрит тилини яхши билган Ал-Беруний ундан форс тилига кўплаб асарлар таржима қилди. Аллома ер айланасининг узунлиги ва кенглигини ҳисоблаб чиқиб, унинг қутблари тўғрисида ишончли маълумотлар берди.


УМАР ҲАЙЁМ (1040-1124) ВА НОСИРУДДИН ТУСИЙ (1201-1274). Бу икки йирик фалакиётчи ва риёзиётчи олим ҳақида ҳам маълумот бериб кетиш зарур. Шунчаки кўнгил хуши учун рубоийлар битган Умар Ҳайём ўз даврининг буюк олими ва биринчи фалакиётчиси эди. Унинг рубоийлари Эдвард Фидчералднинг эркин таржимасида ҳозир жумла жаҳонда машҳур бўлиб кетди. Дунё пайдо бўлиб у тузиб чиққан ой тақвимига тенг келадиган аниқ жадвал тузилган эмас, биз бу билан ҳозир ҳам фахрлансак арзийди. Ҳалокухон билан дўстлиги ва иттифоқи Носируддин Тусийнинг обрўсини тушириб юборди. Шиа мазҳабининг қатъий тарафдори бўлганлиги учун айрим кишилар уни ҳатто суннийларга тегишли Бағдодни вайрон қилганликда айбламоқчи бўладилар. Бу ҳақиқатдан йироқдир. Ҳалокухон Тусийга алоҳида иззат кўрсатиб, унга Табриз яқинида йирик Мароға расадхонасини қурдириб, зарур китоблардан бой кутубхона яратиб берди. Бу китоблар Элхонга қарам бўлган барча ўлкалардан йиғиб келтирилди. Чунки мазкур минтақада барча йирик дорилфунунлар ўз вақтида монголлар томонидан йўқ қилинган эди. Фақат шундай хайрли ишлар бошида турганлиги учун ҳам Носируддин Тусийнинг номи ҳурмат билан тилга олишга арзийди.


ИБН ҲАВҚАЛ. АЛ-МУҚАДДАСИЙ – ЁҚУТ (1179-1229 йиллар). Шу даврда жуғрофия соҳасида ҳам айрим буюк сиймолар пайдо бўлди. Шулар сирасига кирувчи улуғ сайёҳ Ибн Ҳавқал ўз салафи Ал-Истаҳрий қўлёзмаларига, шунингдек, ўн икки йил саёҳат қилиб тадқиқотлар олиб борган Ал-Муқаддасий қайдномаларига қайта ишлов берди. Ал-Муқаддасийнинг жаҳон жуғрофия тараққиётида чинакам илмий тадқиқот билан шуғулланишнинг илк намунаси бўлган асари юксак қадрланади. Иккита луғат (биттаси – жуғрофий, иккинчиси – адабий) тузиб чиққан Ёқут ибн Абдуллаҳ бу соҳа олимлари орасида энг йириги эди.


АДАБИЁТ. АРАБ КЕЧАЛАРИ. «Минг бир кеча» номи билан машҳур буюк адабий асар ўша даврдаги жаҳон санъатининг энг юксак ютуқларидан бири ҳисобланади. Аслида у яхлит бир китоб ҳолида мамлуклар Мисрида пайдо бўлган эса-да, бутун ўша замоннинг халқ оғзаки ижоди ҳисобланади. Мажмуага кирган латифалар, ажойиб ҳикоятлар, достонлар, саргузаштли афсоналар ҳамда аббосийлар даври ижтимоий муҳитидан олинган ҳазил-мутойибалар шундай эркин тасаввурлар билан ўша даврга кўтаринкилик ва мафтункорлик бағишлаб турдилар. Бу араблар бутун инсониятга ато қилган турмуш тарзининг энг яхши ёдгорликларидандир. Унда нафис ҳис-туйғулар пардасига ўраб берилган турмуш ва тафаккур тимсоллари воситасида арабларга хос барча яхши-ёмон нарсалар ҳақида ҳикоя қилинади. Кўп жиҳатларига кўра, бу китоб биринчи манба бўлолмайди, чунки ундаги талайгина ҳикоятлар ҳинд, форс, юнон, Миср манбаларидан олинган. Лекин шу қадар сеҳрли сайқал берилганидан улар қандайдир бутунлай мафтункор ва янги асарлар сифатида қабул қилинадиган бўлди.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халифалик даврлари жуда ҳам қисқа ndash икки йил уч ойу бир ҳафта бўлди. Ўзи қисқа бўлишига қарамай, бу давр буюк ишларга тўла давоми...

1294 11:57 / 03 январь
Тарихчи Муҳаммад Афанди Инабасовнинг интернет сайтларидан бирида эълон қилган мақоласида ёзишича, Бухорони биринчи бўлиб ҳижрий 54 йили милодий 674 йил Ислом давоми...

4429 11:00 / 16.12.2020
Имом, ҳофиз, пешво Абу Яъло Абдулмўмин ибн Халаф ибн Туфайл ибн Зайд ибн Туфайл Тамимий Насафий.259 йилда туғилганлар.Боболари Туфайл ибн Зайд ҳамда Абу Ҳотим Розий, давоми...

1721 17:30 / 20.03.2019
Оиша розияллоҳу анҳо айтади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Одамларнинг қай бири яхши, деб сўрашди. Шунда у зот .Менинг замондошларим. Сўнг кейингилар, сўнг давоми...

2258 09:24 / 30 январь
Аудиолар

120144 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41808 14:35 / 11.08.2021