1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Салб юришлари

05:00 / 24.02.2017 8598 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ЎРТА ШАРҚ НАСРОНИЙЛАРИ ВА МУСУЛМОНЛАРИ. Арабистон ҳудудидан ташқарига чиқишда араблар икки халқ – Ғарб насронийлари ва Форс зардуштийлари билан жанг қилишга мажбур бўлган эдилар. Кейинроқ шарқий ҳиндлар билан олишувга тўғри келди. Бу халқларнинг биринчи гуруҳи мусулмонлар билан жуда кўп муштаракликка эга эди. Насронийлар Византия империясидан анча нарсаларни қабул қилиб олганликлари сингари араблар ҳам романлар ва юнонлар тафаккури меросини ўзлаштирдилар. Шундай қилиб, асрлар давомида бир-бирларига қарши қилич қайраб келганликларига қарамасдан, улар ўртасида ўзаро тушуниш учун замин пайдо бўлди. Энди зардуштийларга қарши уруш барҳам топганди; форслар дастлаб араблаштирилиб, сўнгра Исломга итоат эттирилдилар. Ғайриисломий халқларнинг учинчиси бўлган ҳиндилар билан кураш ҳикояси ҳали олдинда. Суриб чиқарилган насронийлар Ғарбда ўз мавқеларини тиклай бошладилар. Ўн биринчи аср охирига келиб улар Испанияда оролнинг учдан бир қисмини жангу жадаллар билан тортиб олдилар. Бироқ салжуқийлар Кичик Осиёни эгаллаб, мавқеларини тенглаштиришга эришганликлари сабабли янги муаммолар келиб чиқди. Қаттиққўл ва ғоят садоқатли мусулмонлар бўлган салжуқийлар насронийларнинг Кичик Осиё орқали ўтадиган йўлини ёпиб, маълум муддатгача уларнинг Фаластингача оқиб келишларини тўхтатиб қўйдилар. Бундай ҳолат насронийларни жиддий ташвишга солди.

РУМ САЛЖУҚИЙЛАРИ ВА ФОТИМИЙЛАР. Мусулмон дунёси Ўртаер денгизини ярим ой шаклида ўраб олган эди. Шу ярим ойнинг бир учи Мармар денгизига, иккинчи учи Миср соҳилига бориб тақаларди. Натижада ғазабга минган насронийларнинг ўзлари «динсизлар» деб ном берган (айрим жойларда ҳозир ҳам шундай дейишади) мусулмонларга қарши тадбирлар бошлаб юборишларидан бошқа иложлари қолмади. Ислом пайғамбари бутун дунёга Аллоҳ номидан ўз таълимотлари билан мурожаат қилганларидан бери беш юз йилга яқин вақт ўтган, ғарб эса шу давр мобайнида кўплаб мағлубиятларга учраган эди. Энди улар «муқаддас» даргоҳларини тортиб олишга қарор бердиларки, бу жуда яхши баҳона бўлди.


САЛИБ ЮРИШЛАРИНИНГ ТАРАФДОРЛАРИ.
Муқаддас зиёратгоҳ устидаги «хавф» кўпларни сергаклантирди. Энг аввал Византия императори норози бўла бошлади. Императорнинг Осиёдаги ерлари қўлдан кетиш арафасида эканлиги, ёвга таслим бўлмас бардошли кишилар эса Онодўлида жойлашиб олганликлари уни тез-тез исён кўтариб туришга ундарди. Ниҳоят, у Рим папасига мурожаат қилди. Ўша пайтда бу мартабада бўлган насронийлар черковининг ноиби кучли шахс Грегорий VII Оврупода пешқадамлик учун олмон императори билан кураш олиб борарди. Даъватга унинг «лаббай» жавоби ҳам тайёр эди, чунки у «Бундай тадбир Овруподаги барча насронийларни ўз байроғим остида бирлаштиришга ёрдам бериб, мени шу қитъадаги етакчи кучга айлантиради», деган умидда эди. Италияда давлат-шаҳарлар бўлган Венеъия, Генуя ва Пизани Ўрта Шарқ билан катта савдо манфаатлари боғлаб турарди. Улар Шом ёки Фаластин денгиз соҳилларида насронийлар ўрнашиб қолганликлари тақдирда ғоят қимматли битимларга эга бўлишларини ўйлаб, «муқаддас иш»га ёрдам бермоқчи бўлдилар. Шарқнинг эртаклардагидек чексиз бойликлари тўғрисида эшитган Оврупонинг кўпгина баҳодир жангчилари ва машҳур кишилари ўз улушларини олиб қолиш ниятида бу тадбирларга қўшилдилар. Улар орасида Исо йўлида курашиб келаётган ҳамда Оврупо кўзига тушган чўп бўлмиш «динсизлар»ни Исонинг душманлари ва энг ашаддий адоватчилар сифатида йўқ қилиб ташлашни хоҳлаётган чинакам мутаассиблар ҳам бор эди. Ниҳоят, салибчилар мусулмонларнинг кўп асрлик ҳукмронликларидан кейин ғарбдаги юксалишни намойиш қилдилар, шу давргача Исломдан норози бўлиб келаётган  халқлар у ер-бу ердан кўтарила бошладилар. Ўртаер денгизи, ундаги барча ороллар кўп асрлардан бери мусулмонлар тасарруфида қолиб келаётган эди. Ҳатто Италия ва Фарангистон жанубигача бўлган шимолий минтақа уларнинг мустамлакалари сирасига кирарди.


ЎРТАЕР ДЕНГИЗИДАГИ ОМАДСИЗЛИКЛАР. Охир-оқибат XI асрга келиб, мусулмонларнинг ишлари юришмай қолди. Италиядаги Пиза шаҳар давлатининг зарбаси билан Сардиниянинг Ислом тарафдорларидан ажратиб олиниши шундан дарак берди. Папа бу воқеани содир қилишга ошкора ижозатини дариғ тутмаганлигидан ташқари унинг амалга ошуви учун саъй-ҳаракатларини ҳам аямади. Италиядаги Кастилия ва Аргон қиролликлари арабларга қарши иттифоқ тузишиб, «муқаддас уруш»га дадил киришдилар. Руҳонийлар ҳамма жойда халқни оёққа турғиза бошладилар. Улар энди мусулмонлар батамом ҳолдан тойдилар, деб ўйлаб, бу тўғрида тобора эҳтирос ва ишонч билан гапирадиган бўлиб қолишди. Ҳар бир минбардан туриб: «Муқаддас даргоҳ қутқарилиши керак!» дея бақириб-чақиришга ўтдилар. Шу аснода Константинопол императори Комненус мурожаат қилган Папа вафот этиб, ўрнига Грегорий VII сингари қатъиятли киши бўлган Урбан II келди. У Византия императорининг таклифини дастлаб (1095 йилда) Писенъда ва ўша йили сал ўтиб Клермонтда икки марта черковларнинг Буюк йиғини мажлисида муҳокама қилдирди. Папа у ерда бутун насронийлар дунёсини жунбушга келтирган катта нутқ сўзлади. Унинг даъвати тезда Оврупонинг барча бурчакларида қўллаб-қувватланди. Ўзи фаранг бўлгани учунми, Папанинг чақириғи, айниқса, Фарангистонда кучли акс-садо берди. Бу  ишга дайди роҳиблар ҳам қўшилишиб, юрган йўллари бўйлаб халқ қалбига ғулғула солишни одат қилдилар. Питер де Ҳермит салиб юришини бошлаш учун ташвиқот олиб борган роҳиблардан бири бўлди.


БИРИНЧИ САЛИБ ЮРИШИ (1096-1099 йиллар). Тез орада Фарангистонда жуда катта қўшин тўпланди. Насронийларнинг бу ҳарбий кучларига буиллонлик Голдфрей, унинг укаси Болдвин, тулузалик граф Раймонд ҳамда Папанинг Пуядан келган вакили Адхемар бошчилик қилдилар. Улар бўлак-бўлак бўлиб, Константинопол орқали Кичик Осиёга кириб боришга қарор бердилар. Чунки Питер де Ҳермит ва унинг дайди роҳиб укаси Уолтер де-Пениллес кишиларни шу қадар кучли ҳаяжонга солган эдиларки, бунинг натижасида насроний отлиқлари аллақачон йўлга чиқиб, учраган ҳамма нарсани яксон этиб бораётган эдилар. Улар Кичик Осиёдаги салжуқийларга тегишли бўлган Румни вайрон қилишга ҳам улгурдилар. Рум салжуқийлари шу даврда кўплаб подшоҳликларга парчаланиб кетганликларидан бир жону бир тан бўлиб қарши туролмасликлари ҳам насронийларга жуда қўл келди. Салибчилар учун бу жуда қулай вазият эди. Улар Дорилаюм яқинида Кичик Осиёдаги салжуқийлар подшоҳлигининг бош ҳокими Қилич Султонни мағлубиятга учратиб, унинг пойтахти Никаяни босиб олдилар. Салжуқийлар Онодўли томон суриб чиқарган юриш қатнашчилари соҳилдаги ерларни эгалладилар.


БОЛДВИН ВА БОХЕМУНД.
Салибчилар Кичик Осиёнинг ғарбий қирғоғи бўйлаб жанубга йўл оларканлар, шарқий ва жанубий соҳилларни эгаллаб турган арман қиролликларигача етиб бордилар. Аксарияти насроний эътиқодида бўлган арманлар юриш қатнашчиларини яхши қарши олиб, ўзлари ҳам уларга қўшилиб кетдилар. Шундай қилиб, биринчи қўшин саркардаси граф Болдвин бутун Арманистонга қирол бўлди. Салибчиларнинг бошқа қўшинлари яна бир салжуқий шаҳзода – Ёғий Султон ҳокимлик қилаётган Антиох томон бостириб боравердилар. Бу шаҳар қаттиқ қаршилик кўрсатиб, саккиз ойлик қамалга дош бергач, ёрдам сўраб аббосийлар халифасига ва бошқа подшоҳларга мурожаат қилди. Бироқ салжуқийлар империяси бир-бирини кўролмайдиган кўплаб майда подшоҳликларга парчаланиб кетганлиги оқибатида ҳеч ким мададга етиб келмади. Ҳалаб ҳокими амир Ризвон юборган ёрдам эса жуда кечикди. Ёғий Султоннинг арман миллатига мансуб бир лашкарбошиси хиёнат қилиб салибчилар томонга ўтаркан, ўзига топширилган дарвозани уларга очиб берди. Мададга илҳақ бўлиб қамалда ётган пойтахт шу тариқа таслим бўлди. Салиб юриши иштирокчилари Мўсулнинг Қайбуқа исмли бошқа бир ҳукмдорини ҳам тор-мор қилганликларини кўрган мусулмон амирликлари маслакдошларига умуман ёрдам қўлини чўзмай қўйдилар. Фотимийлар, салжуқийлар, турклар ва бошқалар қиёфасида кўплаб турли-туман ҳокимларни кўравериб тўйиб кетган шомликларнинг қаршилик қилишга умуман юраклари бетламади. Шу туфайли Шом мамлакатининг шимолий қисмида насроний князлиги вужудга келиб, кейинроқ у граф Бохемунд қироллигига айланди. Қирол унинг пойтахти Антиохда доимий ўрнашиб қолди.


РАЙМОНД ВА ГОТФРЕЙ. Граф Раймонд шахсан ўзи эгалик қилиши учун анчагина ерни тортиб олишни кўнглига туккан эди. Мааррак ан-Нуъмон шаҳрини забт этиб, унинг юз минг кишилик мусулмон аҳолисидан шафқатсизларча ўч олди. Бу катта ҳақоратхўрликлар учун мусулмонлар ўзларини айблашди. Чунки ҳамма жойда пароканда ҳолда бўлганликлари сабабли улар ҳеч нарса қилолмайдилар. Годфрей жанубга йўл олиб, Раймонддан иложи борича тезроқ ўзига қўшилишини сўради. Ниҳоят, 1099 йил 7 июнда салиб юриши қатнашчиларининг қўшинлари насронийларнинг муқаддас шаҳри ҳисобланган Қуддус девори олдига келиб тўхтадилар. Беш ҳафта давом этган қамалдан кейин 1099 йил 15 июлда улар шаҳарга бостириб кириб, ғазаб устида у ердаги кўплаб мусулмонларни қиличдан ўтказдилар. Шундан сўнг Годфрей Фаластиннинг қолган қисмини ҳам забт этиш мақсадида жанубга қўшин юборди. Уларга қарши Ашкелон яқинида жанг қилган фотимийлар қўшини мағлубиятга учради. Шу билан қаршилик кўрсатиш тўхтатилиб, буиллонлик Готфрей Қуддус қироли деб жар солинди. Соҳил яқинида жойлашган шаҳарларни Венеъия ва Генуя сингари италян шаҳар-давлатларининг денгиз кучлари ўққа тутдилар. Бу давлатлар савдо кемалари кучини соҳил бўйлаб жойлашган ерларни босиб олиш учун бирлаштириб  ва ёрдамга юбориб, бунинг эвазига қатъий битимга эга бўлдилар. Энди Мармар денгизидан тортиб Фаластин жанубигача бўлган қирғоқ минтақаси салиб юришини амалга оширганлар қўлида эди. Фақат бир раҳнамо – граф Раймондгина ўз қироллигига эга эмасди. У ҳам тез орада соҳилда жойлашган муҳим шаҳар Триполини босиб олиб, уни бутун теварак-атрофи билан қўшиб ўз қироллигига айлантирди. Шундай қилиб, барча бошлиқлар мерос қолдира оладиган ер-мулкка эга бўлиб олганликлари билан биринчи салиб юриши якун топди.


САЛИБ ЮРИШЛАРИНИНГ ОҚИБАТЛАРИ. Мусулмонлардан жанг билан тортиб олинган соҳил бўйлаб ўрнашган салибчиларнинг ҳаммаси денгизга қаттиқ ишонч боғладилар, чунки Ўртаер денгизи уларни ғарб билан боғловчи йўл эди. Ислом Шарқи инқироз даврини бошидан кечираётган эди. Ғарб билан давом этган кўп асрлик урушларда шарқ беш юз йиллик ғолибликни қўлдан бермади. Ғарбнинг шарқни яна ҳам нарироққа суриб чиқариш нияти бор эдими? Бутун Оврупо албатта шуни кутарди, лекин бундай бўлиб чиқмади. Аксинча, тараққийпарвар шарқ билан яқиндан танишган салибчилар унинг санъати, маданиятига, турмуш тарзига қойил қолиб, барча шарқона нарсаларни зўр иштиёқ билан ўрганишга ва қабул қилишга киришдилар. Ўзаро ажойиб ижтимоий муносабатлар юзага келди. Шарқликларнинг гўё заиф кишилар бўлишлари тўғрисидаги эртакларни кўп эшитган насронийлар араб маданияти уларникига қараганда анча юксак эканлигини ўз кўзлари билан кўриб ишонч ҳосил қилдилар. Улар Муҳаммад алайҳиссалом умматларининг ҳақиқатгўйлиги, ҳалоллиги ва художўйлигига, Исони ҳам Аллоҳ таолонинг пайғамбари деб билишларига амин бўлдилар. Овруполикларни ваҳшийлар деб ҳисоблаб келган мусулмонлар эса насроний баҳодирлар муайян виждоний қоидаларга амал қилиб, ҳалол ҳамда моҳирона жанг қила билишларини, шунингдек, мусулмонларга хос бўлиб келган айрим нарсаларни янада такомиллаштиришга қодир эканликларини кўрдилар. Шу тахлитда дўстлик ва савдо алоқалари боғланди. Насронийлар арабча усулда уйлар қуришга, шарқона таомларга ўрганиб, шарқ мусиқасига меҳр қўя бошладилар, арабларга ўхшаб, кейинчалик эса улар билан биргаликда ов қилишдан завқланишга ва кўнгил ёзишга одатлана бордилар. Эҳтиёж туғилганда улар араб қўшинларидан ёрдам сўрардилар. Бундай ирқий ва маданий қотишув яхши самара бериб, шарқнинг кўпгина ихтиролари, жумладан, ўқ-дори (борут), қанд, қибланамо (компас) ва ҳоказо учун Оврупога йўл очилди. Тараққиёт анчагача шу йўсинда давом этди.


ЗАНГИЙЛАР (1127-1174). ИМОМИДДИН ЗАНГИЙ (1127-1146). Мусулмон дунёси илгаригидек Қашғардан Қурдобагача бўлган узлуксиз бепоён кенгликни англатмасди, шуни назарда тутган ҳолда ҳам бу олам ўз орасида бегоналар мавжудлигини борган сари кучлироқ ҳис қила борди, натижада бундай ҳолга қаршилик кўрсатиш фикри келиб чиқди. Аста-секин насронийларни мусулмон Яқин Шарқидан ҳайдаб чиқариш мақсади қарор топди. Бу ғоя туғилиши билан уни амалга ошириш учун курашчилар ҳам топила қолди. Ана шундай курашчи зангийлар деб аталган мусулмон ҳокимлари сулоласидан чиқди. Салжуқийлар императори Маликшоҳнинг ишончли вакили бўлган Имомиддин Зангий ғарбга жўнаб, аста-секин Мўсул билан Ҳалаб оралиғидаги ерларни эгаллади. Бу кучли инсон, қўрқув билмас жангчи кўп ўтмай, насронийлар устига ҳужум қилиб, кейинги даврда улар ихтиёрига ўтиб қолган Ар-Руҳ шаҳрини қамал қилди. Шом билан Бағдод ўртасидаги карвон йўлида жойлашган шаҳар тўрт ҳафталик қуршовдан кейин итоатга мажбур бўлди. 


ИККИНЧИ САЛИБ ЮРИШИ (1147-1149 йиллар). Оврупода салиб юриши руҳи ҳали тирик эди. Ар-Руҳ шаҳри таслим бўлганлиги тўғрисидаги хабар Папа Евгениус III қулоғига етгач, у авлиё Бернард Клейрваукдан навбатдаги салиб юришига даъват билан чиқишни сўрайди. Бу чақириққа тезда жавоб берган олмон императори Конрад III ва Фарангистон қироли Луис VII (Луи VП) 1147 йили иккинчи салиб юришини ташкил қилдилар. Бу саркардаларнинг қўшинлари ҳар қайси ўз йўли билан ҳали ҳам мусулмонларга қарам бўлган Дамашқ томон юра бошладилар. Юриш иштирокчилари шаҳарни қуршовга олиб турган бўлсалар ҳам, муваффақият қозониш ўрнига мағлубиятга учрадилар. Фақат мусулмонларга Эгей денгизида ҳужум қилган Сиъилия қироли Роберт де-Нормангина бу тадбирларда ғолиб чиқиб, мусулмонларни оролдан қувишга эриша олди.


НУРИДДИН ЗАНГИЙ (1146-1174 йиллар). Исломга берилган бу кучли зарба кенг жамоатчилик ғазабини қўзғади. Зангийлар авлодидан янги жангчи етишиб чиқди. Бу Имомиддин Зангийнинг истеъдодли ўғли Нуриддин эди. У 1146 йилда отаси ўрнига тахтга ўтириб, дарҳол салибчиларга қарши урушга отланди. Пойтахтини Мўсулдан Ҳалабга кўчиргани унинг биринчи қилган иши бўлди. Кенг жанг майдонини ҳосил қилиш учун у Дамашқни суст мусулмон ҳокимлари қўлидан олиб, салибчиларга қарши ҳужумга ўтди. Отаси фақат Ар-Руҳ шаҳрини эгаллаган бўлса, Нуриддин уни бутун теварак-атрофи билан бирга ўз ихтиёрига ўтказиб, собиқ насроний ҳоким граф Жосилин иккинчини қамоққа ташлади. Шундан кейин Антиох шаҳри ҳокими Бохемунд II устига бостириб бориб, ғолиб чиққач, уни ҳам ҳибсга олди. Катта хун тўламагунларича уларни қўйиб юбормади.


ШИРКУҲ (1164 йил). Кўп ўтмай, салибчилар қалбига даҳшат соладиган бўлиб қолган Нуриддин Ширкуҳ исмли истеъдодли додхоҳини Мисрнинг сўнгги фотимий халифаси ҳузурига элчи қилиб юборди. Ўта қобилиятли инсон бўлган Ширкуҳ халифа саройида орттирган кўплаб тарафдорларининг вазирликни қабул қилиш тўғрисидаги таклифига кўнди. Унинг Салоҳиддин исмли невараси ҳам ажойиб фазилатларини намойиш қилди. Ширкуҳ лавозимга тайинланганидан кейин узоқ яшамай, вафот қилгач, халифа Салоҳиддинни ўзига вазир қилиб олди. Шу даврдан яна мусулмонларга омад кулиб боқа бошлади, зеро бу шахс Ислом учун буюк курашчи, машҳур Султон Салоҳиддин ал-Айюбий бўлиб етишди.


САЛОҲИДДИН АЛ-АЙЮБИЙ
(1169-1193 йиллар). Салоҳиддин зангийлар даврида Шомдаги Баалбек ҳарбий маҳкамаси бошлиғи бўлган Айюб, яъни Ширкуҳ укасининг ўғли эди. Суннийларга мансуб Салоҳиддин яхши таълим кўрди, унинг Исломга меҳри жуда юксак эди. Қудратли вазир бўлиб етишгач, салиб юришларига чек қўйиш учун қўлидан келган барча ишларни қилди. Бунинг учун давлатга содиқ қудратли қўшин зарур эди. Амалда Миср ҳукмдори бўлган Салоҳиддин подшоҳликни орзу қила бошлади. У 1174 йили Нуриддин Зангий вафоти муносабати билан ана шундай имконият юзага келганлигидан фойдаланиб, Мисрни мустақил деб эълон қилди. Зангийлар унга қарши катта куч ташладилар. Қурун Ҳамоҳам атрофида Салоҳиддин уларни тор-мор келтириб, Шомни ўз ерларига қўшиб олди. Сўнгра укаси Туроншоҳни қўшин билан Ҳижозга юбориб, 1175 йилда бу вилоятни ҳам забт этгач, юришини давом қилдириб, Яманни қўлга киритди. Шундан кейин Салоҳиддин Бағдоддаги аббосий халифадан ўзининг Миср султони сифатида эътироф этилишини талаб қилди. Халифа бунга мамнуният билан розилик берганлигининг сабаби шунда эдики, натижада ҳатто шиаларга нисбатан ҳам кескин ҳаракатлар қилиш тарафдорлари ҳисобланмиш фотимийлар ҳукмронлиги барҳам топган бўларди. Шундай қилиб, Cалоҳиддин бирданига Миср, Ҳижоз, Яман ва Шом султонлигига муяссар бўлди.


ЁЛЛАНГАН ҚОТИЛЛАР. Насронийлар қўрқиб қолишди: кўзга кўринган лашкарбоши етакчилигида уларга қарши янги куч оёққа тураётган эди. Улар вужудга келган шароитдан чиқиб кетиш йўллари устида бош қотира бошладилар. Кимдир қотил ёллашни таклиф қилди. «Чиндан ҳам Салоҳиддинни ўлдиртирса бўлмасмикин? Бунга кимдир моддий жиҳатдан рағбатлантирилса, бас, қолганини Шайх ул-Жабал ўз зиммасига олади». Ана шу режалар натижаси ўлароқ, олдиндан мукофотларини олиб қўйган икки қотил Салоҳиддин томон жимгина йўл олиб, унга ҳужум қилишди, лекин иқболи бор экан, зарбага чап бериб омон қолди, ёлланган кишилар эса қўлга тушдилар. Ҳужум қилган шубҳали мусулмонлар исмоилийлар жамоасидан эканлиги султонни жуда дарғазаб қилди. У Шайх ул-Жабалнинг адабини бериб қўйиш мақсадида Рашид уд-Дин Синан (Шайх ул-Жабал)га қарши қўшин юбориб, унинг истеҳкоми ва қалъасининг кулини кўкка совурди. Бундан қўрқиб юраги ёрилаёзган Шайх сулҳ сўради. Салоҳиддин бошқа ҳеч қачон қарши қўл кўтармаслик ваъдаси учун унга сулҳ кафолати берадиган бўлди. Шартга кўнган Шайх сўзига амал қилди.


САЛОҲИДДИННИНГ САЛИБЧИЛАРГА ҚАРШИ ҲУЖУМИ. Шундан кейин насронийлар билан шуғулланган Салоҳиддин аввалига Тибермасга ҳужум уюштириб, 1187 йил 1 июлда уни ишғол қилди. Бунга жавобан насронийлар катта қўшин билан ҳужумга ўтдилар. 4 июлда Ҳиттин яқинида бўлиб ўтган олишувда насронийлар 20.000 жангчи билан қатнашган бўлсалар, Салоҳиддинда улар сони анча кўп эди. У рақиблари устига шундай важоҳат билан ёпирилдики, натижада улар тўда-тўда бўлиб қочиб қолдилар. Султон Қуддуснинг қўлга тушган қироли Гай Лусайнанскийга ҳақиқий қиролларга хос илтифот кўрсатди. Бироқ чатиллонлик Режиналдга нисбатан насроний зодагонлардан чиққан хоин сифатида жуда қаттиқ муносабатда бўлди. Сабаби Режиналд Салоҳиддинга берган сўзи устидан чиқмасдан, мусулмонлар билан ёмон муомала қилар, зиёратчилар карвонларини талаб, айбсиз ва бечора кишиларга зулм ўтказар эди. Салоҳиддин шахсан ўзи унинг бошини танасидан жудо қилишга берган ваъдасини бажарди. У Қуддусга ҳужум қилиб, юз йилдан бери насронийлар тасарруфида бўлиб келаётган бу шаҳарни ҳам босиб олди. Готфрей Буиллондан фарқли равишда у ҳеч кимни қатл эттирмади. Шундан кейин Қуддус қироллигининг насронийларга қарашли Антиох, Триполи ва Тир шаҳарларидан бошқа қисмларини ҳам ўзиники қилиб олди.


УЧИНЧИ САЛИБ ЮРИШИ (1189-1192 йиллар). Қуддуснинг қўлдан кетганлиги ҳақидаги хабар бутун Оврупони ҳаракатга келтирди. Қитъадаги барча қироллар насронийлик шарафи учун курашиш ниятида оёққа қалқдилар. Уларга қудратли қироллар учлиги бош бўлди. Англия қироли Ричард – Шер юрак, олмон императори Фредерик Барбаросса ва фаранг қироли Филипп II шу учликни ташкил қилди. Фредерик қуруқликдан, бошқалар эса денгиз орқали олға интилдилар. Куч-ғайратга тўлиб-тошган бўлса-да, Фредерик Шомгача етиб боролмай, Кичик Осиёдаги дарё кечувида сувга оқиб ҳалок бўлди. Ричард I мусулмонлардан Қибрисни тортиб олгач, тўхтаб қолди. Кейинчалик мазкур оролни у Қуддуснинг тахтдан ағдарилган қироли Гай Лусайнанскийга сотиб юборди. Шунинг учун Филипп II биринчи бўлиб етиб келиб, ўз истиқболига чиққан қирол Гайга қўшилди. Улар биргалашиб Фаластиннинг қуйи қисмида мусулмонларга тегишли бандаргоҳ шаҳар Аккрани қамал қилдилар.


АККРАНИНГ ТАСЛИМ БЎЛИШИ (1191 йил). Илгари асир тушиб тўланган хун ва бошқа ҳеч қачон курашмаслик тўғрисидаги ваъдаси учун Салоҳиддин томонидан озод этилган қирол Гай овруполик қироллар ҳужумга ўтганликларини эшитиб, лафзидан кечди. У ўз одамлари ва Фредерик қўшини билан келиб Филипп иккинчига қўшилди. Салибчилар денгиздан, қирол Гай қуруқликдан туриб Аккрага ташландилар. Буни эшитган Cалоҳиддин насронийларнинг қуруқлик томонидаги қўшинларини йўлидан супура бориб, шаҳарга ёрдамга шошилди. Лекин денгиз тарафдан қамал давом этарди. Шу аснода қуршов қатнашчиларига Ричард қўшинлари ҳам мададга етиб келиб, насронийлар қудрати яна ҳам ошиб кетди. Мусулмон ҳарбий кучлари шаҳар ичидан туриб кураш олиб бораётган эдилар, Салоҳиддин эса уларга ташқаридан ёрдам кўрсатарди. Лекин барибир насронийларни қувиб чиқаришга муваффақ бўлинмади. Салоҳиддин ёрдам сўраб халифага ва бошқа мусулмон подшоҳларига мурожаат қилди. Бироқ ҳеч ким етиб келмади. Икки йиллик қуршовдан кейин шаҳар таслим бўлиб, Султон Салоҳиддинни қаттиқ изтиробга солди.


ТАСЛИМ БЎЛИШ ШАРТЛАРИ. Насронийларнинг учта шарти бўлиб, мусулмонлар уларни қабул қилишга рози эдилар:

1) 200.000 пэсо тилла пул тўлаш;

2) насронийлар таълимотида айтилганидек, Исо чормих қилиб тортилган Муқаддас Хочни қайтариб бериш;

3) пулларни бир ой муддат ичида тўлаб бўлиш.

Шундай катта қарздан қутулиш учун бир ой жуда оз муддат, Салоҳиддинда эса уни бирданига узиш имконияти йўқ. У яна ёрдам сўрашга мажбур бўлди, бироқ вақт жуда зиқ. Шунда Аккра аҳолиси ўз бисотидаги пулларни йиғиб берди. Салоҳиддиннинг ўзи ҳам бутун мол-мулкини шунга бағишлади. Ойлик муддат эса ўтган эди. Натижада Ричард – Шер юрак 3000 шаҳарликни чопиб ташлашни буюрди. Қирол учун мутлақо нуомуносиб бу иши билан у ўз номига қора тортди.


САЛОҲИДДИННИНГ ОЛИЙЖАНОБЛИГИ. Икки йил бурун Қуддусни қайтариб беришда Ричард Салоҳиддин тутган йўлга бутунлай тескари қилиқ кўрсатганди. Ричарддан фарқли равишда Салоҳиддин эса мусулмонларга ҳам, босиб олган шаҳарининг насроний аҳолисига ҳам бир хил ҳиммат кўрсатиб, ғайридинларга солиқ солишни хаёлига ҳам келтирмаган эди. Бу инсоният тарихида ноёб намуна бўлиб, Салоҳиддин кўплаб марта ана шундай иш тутди. Унинг табиатига хос бундай олийжаноблик фазилатларини ҳатто овруполик подшоҳлар ҳам юксак қадрлади. Ричард I Салоҳиддиннинг бундай қилмишидан  қаттиқ ҳаяжонга тушиб, унинг укаси Малик ал-Одилга синглисини жуфти ҳалолликка олишни таклиф этди. Уни амакиваччаси Комилни эса тантанали равишда риъарлар сафига қўшиб, «Бани» номли энг олий инглиз нишони билан тақдирлади. Ҳеч қачон бир-бирларини кўрмаган бўлса ҳам, совға-саломлар алмашдилар. Шу тарзда улар, яъни салибчиларнинг саркори билан Салоҳиддин ўртасида ўзаро ҳурмат ва самимият давом этиб, 1192 йилда бу тинчлик битими тузилишига олиб келди. Насроний зиёратчиларнинг Қуддусга бемалол келиб-кетишларини таъминлаш ва олган ҳамма нарсаларини ҳамда зиёратчиларга аталган ерларни қайтариб бериш ваъдаси шу битимнинг асосий моддасини ташкил қилди.


САЛОҲИДДИННИНГ ФЕЪЛ-АТВОРИ. Салоҳиддин шундан кейин бир неча ой ўтиб вафот этганида ҳамма жойда мотам тутилди. У буюк жангчи, ажойиб подшоҳ, олийжаноб рақиб, санъатнинг саховатли ҳомийси, маърифатли мусулмон ва Ислом учун улуғ курашчи эди. Салоҳиддин янги йўллар қурдирди, суғориш  шохобчаларини бунёд эттирди, мактаб ва мадрасалар очдириб, уларни барча зарур нарсалар билан таъминлади. Шунингдек, Қоҳира қўрғонини ҳам бунёд эттирдики, у ҳозиргача чирой очиб турибди. Дамашқда таъсис этиб, жиҳозлатган Айюбий дорилфунуни кўп асрлар давомида фан ва маърифатнинг машҳур ўчоғи бўлиб келди. Салоҳиддин Оврупо учун мангуга жувонмардлик намунаси бўлиб қолди.


САЛОҲИДДИННИНГ ВОРИСИ – АЛ-ОДИЛ (1192-1218 йиллар). Салоҳиддиннинг уруғи айюбийлар империясини ўзаро бўлиб олди. Унинг катта ўғли Малик ал-Афал ўзига Шомни танлади, айюбийлар ичида энг қобилиятлиси бўлган Малик ал-Одил – буюк Салоҳиддиннинг укаси ва ўринбосари Мисрга эга бўлди, шунгача эса у қатъиятсиз Афалдан Шомни ҳам қабул қилиб олганди. Юксак маълумотли бу ҳукмдор Овруподаги кўплаб давлатлар билан элчилик ва савдо алоқаларини боғлаб турди. У 26 йил (1192-1218 йилларда) ҳукм суриб, айюбийлар номи ва шон-шуҳратини улуғлаб келди. Ундан кейин тахтга ўтирган ўғли Комил ҳам яхши бошчилик қилди. Лекин Комилдан сўнг айюбийлар ўзаро жанжаллар билан бўлиб, аста-секин ҳолдан тойдилар. Натижада Салоҳиддин вафотидан 40 йил ўтгач, насронийлар ўз вақтида бой берилган кўпгина шаҳарларни қайтариб олишга эришдилар.


ТЎРТИНЧИ САЛИБ ЮРИШИ (1202-1204 йиллар). Шундан кейин кўплаб салиб юришлари амалга оширилди. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам мусулмонларга қаратилган эмасди ва ҳар доим ҳам Қуддус ёки бошқа бирор муқаддас маскан учун олиб борилмади. Масалан, тўртинчи салиб юриши бевосита Папа хоҳишига зид равишда Константинополни босиб олишни мақсад қилиб қўйди. Агар у катта миқдорда пул ёки бошқа бирор шаклда товон тўламагудек бўлса, италян шаҳарлари бу юришда қатнашмасликларини билдиришди. Бундан ташқари юриш иштирокчилари Константинополда ўзларини яхши тутишмади. Улар маҳаллий ҳукумат ишларига аралашиб, саройдаги ҳийла-найрангларга қўшила бошладилар. Табиий равишда шунга яраша жазо чоралари кўрилиб, кўп қон тўкилди, шаҳарнинг византиялик ҳокими эса Кичик Осиёда жойлашган Никаига қочиб кетди. Константинопол тахтига ўз вакилларини ўтказиб қўйган салибчилар обрўсига путур етиб, улар ҳамма жойда ноқулайлик сеза бошладилар. Салибчилар раҳнамоларининг хулқ-атвори бутун насронийлар дунёсига салбий таъсир кўрсатишидан қўрққан папа ўз обрўсини тиклаш чораларини кўриб, маълум муваффақиятларга эришди. У янги салиб юриши ҳозирлигини ҳам бошлаб юборди. Бунинг учун анча вақт талаб қилинишига қарамасдан, 1218 йилда унинг жонбозлиги самара бера бошлади.


БЕШИНЧИ САЛИБ ЮРИШИ (1218-1221). КОМИЛ. Юриш учун анча маблағ зарур бўлганлигидан Папа бу масалада Венеъия ва Генуяга мурожаат қилди. Улар салиб юриши Мисрга қарши қаратилган тақдирдагина бунга қўшилишларини билдирдилар. Бу билан улар ўзларининг майда манфаатларини кўзлаётганликлари равшан бўлиб қолганди. Зотан, Узоқ Шарқ билан савдо-сотиқ Миср ва Қизил денгиз бандаргоҳлари орқали амалга оширилиши учун ҳам шу мамлакат уларга жуда керак эди. Ўша пайтда Мисрга ҳокимлик қилаётган айюбий Одилнинг ўғли Султон Комил отаси сингари ўша жумҳуриятлар билан яхши муносабатлар ўрнатганди. Шунинг учун ҳам ўзининг дўстона муносабатлари бу савдогарлар учун арзимас бир нарса эканлигидан ажабланди. Салибчиларнинг денгиз кучлари Мисрдаги Димйат (Димиетта) бандаргоҳини эгаллаганларида у бунга айниқса жиддий эътибор берди. Мудофаа жангларини уюштирган Султон юриш қатнашчиларини қуруқликка чиқиб олишларига қўймади. Икки йиллик курашлардан кейин уларни шу бандаргоҳ шаҳардан умуман қувиб ҳайдади. Юриш бошида турганлар бундан ҳайратда қолдилар. Чунки улар Комил мутаассибликдан воз кечиб, иродаси ҳам хойнаҳой бўшашиб кетган бўлса керак, деган хаёлга боришганди. У эса ғоят самимий, яхши, ўқимишли ва бошқа динлардан хабардор инсон бўлиб, уламолар ва насроний руҳонийлар билан бўладиган баҳс-мунозараларда қатнашиб турарди. Гувоҳлик беришларича, у ҳатто Мисрга ташриф буюрган авлиё ҳазрат Франъиска Ассисини меҳмон қилган. Кучли ҳарбий арбоб бўлган Комил айюбийларнинг кўпгина анъаналарини ҳам сақлаб қолди.


ОЛТИНЧИ САЛИБ ЮРИШИ 
(1228-1229). ФРЕДЕРИК II ВА КОМИЛ. Бу юриш бошқаларидан бутунлай ўзгача ўтди. Мақсади Қуддусни қайтариб олиш бўлгани ҳолда юриш бошчиси – Олмония императори ҳамда Неапол ва Сиъилия қироли бўлган Фредерик II шунга эришиш учун ўзига хос бир ғалати йўл танлади. Аслини олганда Қуддус сўнгги подшоҳининг Иоланде исмли қизига уйланган бу якка ҳоким мусулмонлар ихтиёридаги шу шаҳарга даъвогарлик қилишга ҳақли эди, дейиш жоиздир. У арабларни дўст билди, араб маданиятидан завқланар, атрофига араб файласуфлари, табибларини тўплаган, ўзи эса асосан Cиъилияда турар ва мутаассибликдан йироқ эди. Салиб юришига бошчилик қилишни Папа ундан илтимос қилди. Фредерик розилик берди, лекин йўлда бетоб бўлиб, уйига қайтди; иккинчи уринишни эса ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб кечиктирди. Таъна ва насиҳатлари Фредерикнинг бир қулоғидан кириб, иккинчи қулоғидан чиқиб кетаётганлигидан ташвишга тушган Папа уни черков марҳаматидан маҳрум этди. Ниҳоят Фредерик II юришга жазм қилганлигига шу вазият сабаб бўлганлиги эҳтимолдан холи эмас. У жимгина ҳамма нарсасини йиғиштириб, ҳали ҳам Султон Салоҳиддиннинг невараси Комил ҳокимлик қилаётган Миср томон йўлга чиқди. Комилнинг иккита амакиваччаси – шомлик айюбийлар эса ўз амакиларига қарши курашни давом эттираётган эдилар. Шунинг учун у Фредерик II билан иттифоққа киришиб, унга Қуддусни ва учинчи салиб юриши қатнашчилари қўлга киритган Аккрадан бошланувчи йўналишдаги ерларни ҳам беришни ваъда қилди. Фақат бир шарт биланки, шомлик айюбийларга қарши курашда Фредерик II унга мададкор бўлади. Фойдали шарт қабул қилинди: Фредерик II Қуддусга эга бўлди, Комил эса рақиблари устидан ғалаба қозонди. Комилнинг мазкур битимдаги мавқеи олийжанобликка кўп ҳам тўғри келавермасди, бу аслида ишга хиёнат бўлганлиги сабабли уни оқлаш қийин. Чунки Салоҳиддиннинг невараси бобосига қанчалар қимматга тушган нарсани оппа-осон ҳадя қилиб юбораверганлиги ғайритабиий туюларди. Яна ўн етти йилдан кейин Комил авлодининг вакили Султон ал-Комил Хоразм туркларининг тарқоқ кучлари билан биргаликда жанг қилиб, улар ёрдамида яна шаҳарни қайтариб олди. Шу билан мусулмонлар орасида Байт ул-Муқаддас номи билан маълум бўлган Қуддус 1246 йилда яна Ислом ихтиёрига ўтди.


СЎНГГИ (VII) САЛИБ ЮРИШИ (1240-1249). Бу юриш Султон ас-Солиҳ подшоҳлигининг сўнгги йилида Фарангистон қироли руҳоний Люис бошчилигида ўтди. Авлиё Люис ҳам Димйатни қўлга киритиб, Қоҳира томон Нил дарёсининг қуйилиш жойигача бостириб борди. У юриш учун йилнинг ноқулай мавсумини танлаган экан: тўлиб-тошиб оқаётган Нилнинг ҳатто ирмоқларидан ҳам кечиб бўлмасди, Люис лашкарлари ботқоқлик ичида қолиб кетдилар. Бу Ас-Солиҳ салибчиларга қарши юборган бир неча минг кишидан иборат аскар босқинчиларни тор-мор қилиб, уларнинг бошчисини кўплаб князлари билан бу иғвогарликда оғир ярадор бўлган насронийлар билан бирга қўлга тушириши учун етарли эди. Жанглар якунланай деб қолганда Ас-Солиҳнинг ўзи қаттиқ ярадор бўлди. Қамоққа олиб келинган руҳоний Люис билан муомалада олийжаноб қиролга кўрсатиладиган даражада илтифот намойиш қилди, бир ой ўтгач эса, унга ўз гуноҳини ювишга имкон бердилар. Авлиё Люис Шомга бориб, у ерда бир неча йил салибчиларнинг қалъаларини тиклаш билан машғул бўлди. Бу энг асосий салиб юришларининг сўнггиси эди. Ташаббус сўниб, кишилар бошқа жанг қилишни, ўшал жаннатмисол маконга қайтишни хоҳламайдиган бўлиб қолдилар, чунки у ерда бундан буён ҳаёт осон кечмаслигини ҳис қила бошладилар. Бундан ташқари Папада ҳам етарлича куч қолмаганди. Муқаддас жойларни қайтариб олиш учун бошқа катта уринишлар бўлмаганлигининг сабаби ҳам ўша эди. Фаластин йигирманчи асрдаги биринчи жаҳон урушига қадар мусулмонлар тасарруфида бўлиб келиб, шу даврдагина британияликлар уни турклар қўлидан тортиб олдилар. Ҳозир унинг ярмини яҳудийлар давлати ташкил этади.


АЙЮБИЙЛАР ИНҚИРОЗИ. Авлиё Люис бошчилигидаги салиб юришидан кўп ўтмай, Ас-Солиҳ қазо қилди, унинг вафотидан кейин эса истеъдодли беваси малика Шажар ад-Дорр ўғли Туроншоҳ Эронга саёҳатидан қайтиб келгунига қадар давлатни бошқариб турди. Туроншоҳ келгач, она раҳбарликни унга ишониб топшираркан, ёш шаҳзодага осон бўлмади. У ўз мавқеини сақлаб қолиш учун кўп ҳаракат қилди, лекин подшоҳнинг турк қулларидан ташкил топган мамлуклар, деб аталмиш соқчилари унга нисбатан анча кучли эдилар. Кўп ўтмай, соқчилар бошқа талайгина мусулмон ҳукмдорларга нисбатан ишлатган усулларини Салоҳиддиннинг ночор ворисларига ҳам қарши қўлладилар. Туроншоҳ ўлдирилиб, Шажар ад-Дорр муваққат ҳоким қилиб тайинланди. Аслида унинг номидан давлатни мамлуклар раҳнамоси Ойбак бошқарарди. Тез орада мамлуклар бутун айюбийлар империяси устидан ҳукмронликни очиқ-ошкора ўз қўлларига олдилар. Дастлаб 130 йил мобайнида баҳри мамлуклар уруғи, шундан кейин 150 йил давомида буржи мамлуклар авлоди ҳукм суришди.


БАҲРИ МАМЛУКЛАР (1250-1382). СУЛТОН БАЙБАРС (1260-1277). Мамлуклар биринчи шохобчасининг аҳамияти каттароқ бўлди, чунки у кўриникли подшоҳларни, жумладан, Исломнинг иккита буюк курашчисини ато қилди. Улардан бири бўлган Султон аз-Зоир Байбарс Исломнинг асл шамшири эди. Монголлар ва салибчиларни мағлуб қилган ҳам мамлукларнинг ана шу тўртинчи султони бўлди. Ҳалокухон Ўрта Шарқдаги мусулмон қиролликларини ағдариб, Бағдодни яксон этгач, Шом орқали Мисрни шип-шийдам қилишга йўл олганида Султон Байбарс Шарқдан унга қарши бориб, 1260 йил 3 сентябрда Айн Жалут деган жойда бўлиб ўтган жангда шу даврга қадар енгилмас саналиб келган монголларга қақшатқич зарба  берди. Султон Байбарс бу билан кифояланиб қолмади. У нигоҳини қудратли салибчиларга, ҳали ҳам уларнинг франк вакиллари қўл остида қолиб келаётган ўлкаларга қаратди. Зеро, франклар Ҳалокухон билан иттифоқ тузиб, уни мусулмонларга қарам ерларни қайтадан истило қилишга гижгижламоқда эдилар. Байбарс мусулмонларни ҳар йили насронийларнинг князликларига ғазавот урушлари олиб боришга сафарбар этиб турди. Бу князликлар эса насронийларнинг кўпгина «князлик уюшмалари» томонидан насроний эътиқодидаги аҳоли истиқоматгоҳларида ўзларига истеҳкомлар қуриб олишиб, кўпгина шаҳарлар ва кентлар устидан назорат қилиб турадиган жасур ва дадил жангчилар билан мустаҳкамланган эдилар. Темпел князларининг темплярлар, деб аталадиган уюшмаси ва госпитал ерлар ана шундай ташкилотлардан эди. Байбарс 1263 йилда Арсуф яқинида госпиталерлар истеҳкомига ҳужум қилиб, уни босиб олди. Келгуси йили темплярларнинг мудофаа қўрғони бўлган Сафадни эгаллади. У Салоҳиддинга ўхшаб ғанимларга раҳмдиллик қилиб ўтирмасди. Бундан ташқари унга кўпроқ мусулмонларга ҳеч бир соҳада шафқат кўрсатмайдиган насронийлар билан иш кўришига тўғри келди. Шундай қилиб, у Сафадни қўлга киритгач, асир тушган 2000 кишини темплярларга сотишдан бош тортиб, уларнинг ҳаммасини қатл эттирди. Насронийлар қалъасини олиши билан унга ўт қўйиш ёки ер билан яксон этиш, аскарларни эса қул қилиш Байбарс учун одатга айланган эди. Султон Байбарс душман қалбига даҳшат соларди. 14 кунлик қамалдан кейин салибчилар қалъаси Аркадни забт этиб, уни вайронага айлантирди. Шундан кейин Шом шимолида ўрнашиб олган кучли ассасинларга қарши чора-тадбирлар кўриб, уларни ҳам енгиб чиқди. Унинг подшоҳлик даврида додхоҳлари Миср жанубида жойлашган Нубияни ҳам қўлга киритдилар. Сўнгра у Бағдоддаги сўнгги аббосий халифанинг амакисини шу шаҳарда Ислом халифаси мартабасига кўтариб қўйди. Аббосий халифаларнинг иккинчи шохобчаси ана шу пайтдан эътиборан XVI аср бошига қадар давом этди. Бу халифалар «авқаф» деб аталадиган диний хайр-садақалардан ва мусулмон дунёси ҳукмдорларининг ҳадяларидан арзигулик бирор моддий имкониятга эга эмасдилар. Ҳатто усмонлилар ҳукмдори Боязид I ҳам халифага ўлпон тўлаб, фотиҳа олиб туришга мажбур эди.


БАЙБАРС ТАЪРИФИ. Султон Байбарс буюк лашкарбоши бўлишидан ташқари ажойиб ҳукмдор эди, у мамлуклар империяси учун кўп ишлар қилди. Янги йўллар қурдириб, ариқлар қаздирди; ҳарбий-денгиз кучларини ривожлантириб, замонавийлаштирди. Қоҳира ва Дамашқ орасида тез-тез хат-хабар алоқасини ўрнатди, шунингдек, кўплаб масжидлар қурдирди. Унинг ўзи ҳам холис қарашли киши эди. Бетарафлиги шу қадар эдики, Қоҳирада мусулмонларнинг ҳар қайси бошқа-бошқа мазҳабларига ханафийлар, шофеъйлар, моликийлар ва ҳанбалийларга мансуб бўлган тўртта қози тайинланди. Мисрда шу кунгача сақланиб келаётган Каъба учун ҳар йили ёпинчиқ тайёрлаб, Маккага етказиб бериш одати ҳам Байбарсдан бошланди. У Оврупо ва Узоқ Шарқдаги кўплаб подшоҳлар билан элчилик алоқалари ўрнатди, Олтин Ўрда хони (Чингизхон империясидан Шарқий Оврупони ва Русияни мерос қилиб олган мусулмонлар) билан иттифоқ тузди.


СУЛТОН ҚАЛАВУН (1279-1290 йиллар). Байбарсдан кейин тожу тахт Султон Сайфуддин Қалавунга ўтди. Салибчилар учун Султон Байбарсдан ҳам даҳшатлироқ душман бўлиб чиққан Султон Қалавун бутун ҳаёти давомида франкларга қарши самарали жанг олиб бориб, бирин-кетин Овруподаги бошқа мамлакатларни ҳам қўлга киритди. 1285 йилда Марқоҳ шаҳрига асос солган насроний князларнинг ташкилоти (Авлиё Жон) қўлидан шаҳарни тортиб олди.  Сўнгра биринчи салиб юриши пайтида тулузалик граф Раймонд томонидан забт этилган Триполи шаҳрига ҳужум қилиб, уни 1289 йили босиб олди. У салибчиларга қарши тадбирларида шу даражада музаффар эдики, ҳатто Малик ал-Мансур (Ғолиб ҳокими мутлақ) шаҳаншоҳ номи билан шуҳрат қозонди. Байбарсга ўхшаб монголларга қарши ҳам муваффақиятли кураш олиб борди. Ҳалокухоннинг насронийлар иттифоқига қўшилди, унинг Рим папаси ва Овруподаги бошқа подшоҳлар билан хат ёзишиб турадиган ўғли Абаға ўз иттифоқчилари талабига биноан Султон Қалавуннинг ошиб бораётган куч-қудрати ва шон-шуҳратига қарши боришга розилик берди. Қалавун уни 1280 йили Ҳимс атрофида мағлубиятга учратганидан кейин мамлуклар номи овруполиклар ва монголларга қўрқув соладиган бўлиб қолди.


ҚАЛАВУННИНГ ҲУКМДОРЛИК ФАЗИЛАТЛАРИ. Қалавун Исломга катта муҳаббат билан қарар ва шунинг учун ҳам душманларни кечиролмасди. Граф Болдвин Булонский салибчиларнинг биринчи князлигини ташкил этган Арманистон ҳали ҳам насронийлар тасарруфида бўлиб, Абаға билан мусулмонларга қарши иттифоқ тузган эди. Шунинг учун Қалавун Арманистонга қўшин юбориб, салибчилар бунёд этган барча қалъаларни эгаллади. Уларни вайрон қилиб, франклар истилоси даврида юриш қатнашчилари бузиб ташлаган мусулмон қалъаларини эса қайта тиклатди. Бугунгача Қоҳира ҳуснига гулдай ярашиб турган катта масжидни қурдирди. Бу шаҳарда дунёдаги энг йирик шифохонага асос солганлиги унинг буюк хизмати бўлди. У очдирган тиббиёт мактаби мутахассислар билан таъминланиб, янги ускуналар билан жиҳозланганлиги жиҳатидан юқумли касалликларга қарши эркаклар ва аёлларга айрим хоналарда ҳар хил даволаш ишларини олиб бориш ва кўпгина хасталиклар тўғрисида мутахассисларнинг маслаҳатларини ташкил этиш имконини берарди. Бу беморхона қўлга киритган ютуқларнинг аҳамияти бугунги замондошларимизнинг ҳам ақлини ҳайрон қолдиради.


ҚАЛАВУН АВЛОДЛАРИ. Қалавуннинг ўғли валиаҳд султон Ал-Ашраф 1291 йилда салибчиларнинг сўнгги қаршиликларини синдирди. Бу ҳатто буюк Салоҳиддин учун енгиб ўтиш қийин бўлган учинчи салиб юришининг барча жангларига сабаб хизматини ўтаган Аккра шаҳрида юз берди. Султон Ашраф эгаллаганидан кейин шаҳар қарийб 200 йилга барча салибчилардан тозаланди. Баҳри мамлукларга бахт кулиб боққан давр аллақачон ўтиб кетган эди. Ал-Ашрафнинг вориси Ан-Носир даврони машаққатли замонга тўғри келди. Унинг подшоҳлигида мамлуклар 1299 йил Ҳимс яқинида Ҳалокухоннинг чевараси Ғозондан мағлубиятга учрадилар. Бироқ уч йил ўтгач, Ғозон улар устидан тўла-тўкис ғалаба қозониш ниятида қайтиб келганида мамлукларнинг кучли қўшинлари қарши жангга киришиб, уни тор-мор қилдилар. Лекин бу саваш катта аланганинг сўнгги ёлқини бўлди. Шундан кейин баҳри мамлуклар диққатга сазовор бирор иш қилмадилар. Бир неча йилдан кейин ниҳоятда заифлашиб қолганларида уларни турк соқчиларининг буржи мамлуклар, деб аталган бошқа бир гуруҳи осонгина тахтдан ағдарди. Қоҳира қўрғонида (буржида) узоқ вақт қарор топганликлари сабабли улар шундай номга сазовор бўлдилар. Ан-Носир маданиятли подшоҳ ва санъатнинг буюк ҳомийси эди. У кўплаб бинолар, арклар, боғларни ҳамда йирик илмий марказга айланган Қоҳирадаги Носирийа мактабини бунёд эттирди.


БУРЖИ МАМЛУКЛАР (1382-1512 йиллар). Янги мамлук соқчиларига Борқуқ бошчилик қиларди. Забардаст шахс бўлган бу киши сўнгги баҳрий султонини осонгина тахтдан ағдарди. Буржилар энди наслдан-наслга мерос бўлиб ўтмайдиган янгича ҳукумат туздилар. Бу ҳукумат бир гуруҳ кишиларнинг ҳарбий бошлиқлар томонидан ўрнатиладиган ҳукмронлиги (олигархия) шаклига эга бўлиб, султоннинг ўғли ҳадеб отаси ўрнига даъвогарлик қилаверишига йўл қўйилмасди. Шунинг учун ҳарбий бошлиқларнинг ўзлари тез-тез жанжаллашиб, иғво уюштириб туришар, султонларнинг авлодлари эса тожу тахтни узоқ сақлаб туролмасдилар. Буржи мамлуклар кучли ҳукмдорларга эга бўлолмадилар, баҳри мамлуклардек муваффақиятларга эришолмай, тарихда бирорта кўзга кўринарли из қолдиролмай ўтдилар. Улар даврида турли вилоятларнинг ҳокимлари ҳаддан ташқари тез алмашиб турганликларидан ҳатто амалдорлар маҳкамасида ўз вазифасига қизиқиш сўниб кетди, кишилар лавозимларида ўзларини омонат сеза бошладилар. Нотўғри бошқарилаётган мамлакат тобора қашшоқлашиб борарди. Бу вазият Ўрта Осиёдан Амир Темурнинг Шомга юришини тезлаштирди. Натижада мамлакатда тартиб ўрнатилиб, унинг гуллаб-яшнаши таъминланди. Мисрда ҳам, Шомда ҳам темурийлар келгач, деярли бир аср мобайнида ташқи савдо алоқалари кенгайиб борди. Миср асосан Ҳиндистон ва Узоқ Шарқ билан савдо-сотиқ муносабатларини ўрнатди. Буржи мамлуклар маълум даражада куч-қувватга тўлдилар. Темплярлар Гай Лусайнанский ворислари назоратидаги мудофаа туманига айлантирилган Қибрисни эгаллаганликлари уларнинг ютуқларидан бири бўлди. Зеро, собиқ салибчилар бу ердаги сув йўлларида қароқчилик билан шуғулланиб, мусулмон кемаларига хавф солиб туришарди. Султон Барслей уларга қарши куч юбориб, оролни босиб олди. Князларни мағлуб қиларкан, минг нафар княз бўйнига занжир солиб, у ердан ҳайдаб чиқарди. Шундан кейин Родосни эгаллаб турган авлиё Жон князлари Султон Барслей билан сулҳ тузишга мажбур бўлдилар.


МАМЛУКЛАР ҚЎЛГА КИРИТГАН ЮТУҚЛАР. ИБН ТАЙЙИМА (1263-1326 йиллар). Мамлукларнинг шу икки шохобчаси ҳукмронлиги икки ярим аср давом этди. Бир-бирларини танимаган султонлар бошқа мусулмон ҳукмдорлари қандай иш тутганликларини ўрганиб чиқишга қарор қилдилар. Мамлуклар ҳукмронлик қилган замонда амалий фанлар, тарих, санъат ва касб-ҳунар соҳасида катта ишлар қилинди. Бироқ бир нечтагина номни ҳисобга олмаганда, ўша даврда бирорта йирик мутафаккир ёки олий даражадаги ёзувчи дунёга келмади. Имом ибн Таййима шу муҳитда яққол кўзга ташланиб турарди. Таги Ад-Дин Аҳмад ибн Таййима Дамашқда яшаб, дорилфунунда ҳанбалий ҳуқуқшунослигидан мударрислик қиларди. Бу йирик олим, баҳодир жангчи ва беназир мусоҳабачи қатъий қарашларга эга эди, кўп ҳолларда Қуръонга билимдонларча тафсирлар берарди. У бошқа кўпгина масалаларда ҳам ғоят дадил фикрларга амал қилардики, бу ўзгаларга ҳаддан ташқари кескин кўринарди. Ибн Таййима фавқулодда истеъдодли нотиқ эди; у жангчи сифатида савашишга ҳам қодир эканлигини монголларга қарши урушларда қатнашиб исбот этди.


ТАРИХ. ИБН ҲОЛЛИҚОН (1211-1282 йиллар). Мусулмон тарихидаги энг буюк таржимаи ҳолнавис Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳоллиқон ҳам шундай йирик шахслардан эди. У мусулмонлардан 865 машҳур кишининг таржимаи ҳолини акс эттириб берганлиги билан маълумдир. Унинг катта илмий қобилиятини намойиш қилган бу асар ўша даврнинг барча талабчан мунаққидлари томонидан умр баёни бобида мислсиз буюк асар деб эътироф этилди. Шу даврда яна уч тарихчи – Ибн Тангриберди, Жалолиддин Суютий ва Ал-Мағризий яшаб ижод этди. Улар аббосийлар салтанатининг тарихчилари сифатида айтарли кучли эмаслар, чунки асарларида ўзларигача ўтган ёзувчилар ижодидан фойдаланишган. Лекин, шунга қарамасдан, улар амалга оширган ишлар ўша давр тарихи учун муайян қимматга эгадир.


ФАНЛАР. Бу соҳада бир қанча буюк шахслар бўлган. Ибн Аби Усайбиаҳ (1203-1270) тиббиёт тарихи бобида танилган. У рўёбга чиқарган «Табобат илми тарихи» аксарияти айни бир пайтда файласуф ва олим бўлган 400 табибнинг ҳаёти ҳамда фаолиятини ўз ичига олади. Шу жиҳатдан ҳам унинг асари араб фанларининг қомуси саналади. Қалавун касалхонасининг табиби бўлган Али ибн ан-Нафия қон айланиш тартибини тушунтириб берди. Ал-Байтарий жониворларни даволаш соҳасида йирик мутахассис эди. Ҳалаблик Ибн Аби ал-Маҳосин ҳамда Абдул Фадл ибн ан-Нағид кўз шифоловчи катта табиблар эдилар. Султон Салоҳиддин саройида ҳакимлик қилган Ҳибатуллоҳ ибн Жумай тана жисмоний ҳолатига руҳиятнинг таъсирини ифодалаб, руҳий жиҳатдан шифолашга доир шу давргача бутунлай номаълум бўлган янгича даволаш усулини ташкил қилувчи тавсиялар ишлаб чиқди.


ҚУРИЛИШ. Мамлуклар, айниқса, уларнинг баҳрийлар шохобчаси масжид ва ёдгорликлар бунёд этишга катта эътибор бердилар. Осма қувурлар ўтказиб, кўприклар, боғлар, шаҳарга дарвозалар, масжидлар, мактаблар, хонақоҳлар қурдирган Баҳри Султон ан-Носир улар орасида энг машҳури эди. У 1304 йилда бунёд этган Носирийа мактабининг биноси меъморчиликнинг яхши намунаси ҳисобланади. Барқуқ, Қайт Бей (улар бунёд этган масжид ва мадрасалар ҳали ҳам мавжуд) ва Ал-Ғурий мамлукларнинг энг буюк бинокорлари саналарди. Услубий гўзаллиги жиҳатидан ажралиб турувчи улар бунёд этган бинолар мусулмон меъморчилигига ўзига хослик бағишлади. Умуман мамлуклар фан ва санъатда ўз изларини қолдирганликларини айтиб ўтиш лозимдир.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саҳобаларнинг кўплари бу сулҳни ёқтирмадилар. Натижаси уларга ёмон бўлиб кўринди. Улар ўзларини мағлуб бўлгандек, енгилгандек ҳис қилдилар. Улар орасида Умар ибн давоми...

1856 17:30 / 06.06.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Тамим қабиласига олти нафар амир тайинлаган эдилар. Улар ndash Зибриқон ибн Бадр, Қайс ибн Осим, Сафвон ибн Сафвон, Сабра давоми...

1511 09:25 / 19 февраль
МУСУЛМОН ИСПАНИЯСИДАГИ ИШЛАР АҲВОЛИ. Ватанида одамларни қиличдан ўтказиб, ўзларига йўл очган аббосийлар қисқа муддатда давлат тепасида мустаҳкам ўрнашиб давоми...

5911 05:00 / 24.02.2017
.Зид ва ўхшашлардан олий Аллоҳга ҳамд бўлсин Махлуқотларнинг энг яхшиси Муҳаммад Мустафога ва у зотнинг ҳидояту ҳақнинг имомлари бўлган ахлиоиласига салавот давоми...

1453 16:00 / 29.08.2023
Аудиолар

120128 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41793 14:35 / 11.08.2021