1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қасддан еб-ичиш ва қайт қилиш

20:10 / 24.05.2019 1766 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким Рамазондан бир кунни Аллоҳ берган рухсатсиз оғзи очиқ ҳолда ўтказса, умрбод рўза тутиб ўтказса ҳам, унинг қазосини адо эта олмас», дедилар». 

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Шарҳ: Маълумки, бемор, мусофир, қари кишилар, шунингдек, ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳам рўза тутишлари узрли бўлган кишилар ҳисобланади. Мазкур тоифалардан бошқалар, албатта, Рамазон ойи рўзасини тутишлари шарт. Рамазон ойи рўзасини тутмаган одам гуноҳкор бўлади. Узрсиз бир кун рўзани тарк қилган одам умр бўйи рўза тутиб ўтса ҳам, ўша рўзасини тутмаган куннинг савоби ўрнини тўлдира олмайди. Чунки фарз рўзани ўз вақтида тутиш инсонни жуда ҳам катта савобга сазовор қилувчи нарсадир.

Имом Молик ва Имом Абу Ҳанифаларнинг мазҳаблари бўйича Рамазон рўзасидан бир кунни узрсиз тутмаган одамга юқоридаги ҳадисдаги Рамазонда хотинига жинсий яқинлик қилган кишига кўрилган каффорот чоралари жорий қилинади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким рўзадорлигини унутиб қўйиб, еса ёки ичса, рўзасини батамом қилсин. Уни Аллоҳ едирибди, ичирибди, холос», дедилар. 

Бешовлари ривоят қилганлар. 

Термизийнинг ривоятларида: 

«Ким унутиб еб-ичса, оғзини очиб юбормасин. Бу Аллоҳ уни ризқлантирган ризқ, холос», дейилган.

Шарҳ: Ислом шариатининг умумий қоидаси бўйича, эсдан чиқариб содир этилган ҳар бир хато кечирилади. Бу қоида рўза борасида ҳам жорий этилади. Инсон гоҳида, айниқса, Рамазони шарифнинг биринчи кунларида ўзининг рўзадорлигини унутиб қўйиши табиий бир ҳол. Шунинг учун эсдан чиққан ҳолда бирор нарса еб ёки ичиб қўйса, рўзаси очилган ҳисобланмайди. Балки эслаган заҳоти ўзини ейиш-ичишдан тўхтатади ва рўзасини давом эттираверади. Мазкур қоидага ҳеч ким хилоф қилмаган.

Бу ҳам Ислом дийнининг енгиллик дини эканлигига ёрқин бир далилдир. Инсондаги бор заифликларни яхши билган Аллоҳ таоло шариат ҳукмини жорий қилишда мазкур заифликларни ҳисобга олиб қўйган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким рўзадор бўлса-ю, унга қайт ғолиб келса, қазо қилиш вожиб эмас. Агар ўзи хоҳлаб, қайт қилган бўлса, қазо тутсин», деганлар».

Бошқа бир ривоятда: 

«Ким қасддан қайт қилса, қазосини тутсин», дейилган.

«Сунан» эгалари ва Ҳоким ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Қусуқнинг ғолиб келиши оқибатида қайт қилишга мажбур бўлган одам бу ишни ўз ихтиёри билан қилмаслиги маълум. Шунинг учун унинг рўзаси очилмаслиги ҳам табиий. Ўз ихтиёри ила ҳаракат қилиб қайт қилганда эса иш бошқача бўлади. Ҳанафий мазҳабида бундай ҳолда қайт қилганда ҳам оғиз тўлиб қайт қилиш шарт қилинади.

Хулоса қилиб айтганда, рўзадор киши қайт қилмасликка ҳаракат қилиши лозим. Агар бу иш мажбур ҳолда содир бўлса ҳам, рўзаси очилмайди, кўнглини тўқ қилиши керак.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Агар рўзадор беихтиёр қайт қилиб юборса, рўзаси эсидан чиқиб, оғзини очиб юборса ёки эҳтилом бўлса, шаҳват билан қарагани учун манийси тўкилса, томоғига чанг, давоми...

1923 19:02 / 11.05.2020
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга юбораётганларида.Мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўл. Зеро, унинг дуоси билан Аллоҳнинг орасида давоми...

3776 11:00 / 13.11.2020
Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳ .Эй Одам боласи, сен кунлардан иборатсан. Бир кун ўтса, сенинг бир бўлагинг кетган бўлади,. Ва яна .Бир қавмларни билдимки, улар давоми...

3057 12:00 / 30.01.2019
Кейинги йиллар ичида кишилар ҳаётига интернет шиддат билан кириб келди ва унинг таъсири кун сайин ортмоқда. Шу билан бирга, халқаро тармоқ хизматидан фойдаланиш давоми...

2550 11:05 / 01.09.2019