1445 йил 5 зулқаъда | 2024 йил 13 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ният ва рўзадорга мустаҳаб амаллар

15:00 / 14.05.2019 1655 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким фажрдан олдин рўзани қасд қилмаса, унинг рўзаси йўқдир», дедилар. 

«Сунан» эгалари, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривоят қилганлар. Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон саҳиҳ, деганлар.

Шарҳ: Кўпчилик уламолар ушбу ҳадисни далил қилиб, «Фарз рўзаларда ниятни тонг отишидан олдин қилиб олмаса бўлмайди, Айниқса қазо рўзада қатъиян кечаси ният қилиш керак», дейдилар. Нафл рўзада эса заволгача ният қилиб олса бўлади.

Ҳанафий мазҳаби бўйича фарз рўзанинг ниятини ҳам заволгача қилиб олса бўлаверади. Чунки Рамазон рўзасини тутиш ҳаммага фарз, ҳамма доимий ниятда бўлади. Ҳар кунги ниятни янгилаш заволгача бўлса ҳам бўлаверади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Саҳарлик қилинглар. Албатта, саҳарликда барака бордир», дедилар. 

Бешовларидан фақат Имом Абу Довуд ривоят қилмаганлар.

Шарҳ: Демак, саҳарлик қилиш фазийлатли иш. Шунинг учун баъзи бир ривоятларда айтилганидек, бир қултум сув билан бўлса ҳам саҳарлик қилиш керак.

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Бизнинг рўзамиз ила аҳли китобларнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик ейишидадир», дедилар». 

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаганлар.

Шарҳ: Бу ҳадис рўзада саҳарлик қилишнинг алоҳида аҳамияти борлигини кўрсатади. Аҳли китобларга ўхшаб қолмаслик учун ҳам саҳарлик қилишга уриниш керак бўлади.

Ушбу ҳадисларга амал қилган ҳолда эринмасдан, доимо саҳарлик қилиб, рўза тутишга одатланишимиз лозим.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳарлик қилдик. Сўнгра у зот намозга турдилар», деди.

(Анас:)

«Азон билан саҳарлик орасида қанча бор эди?» дедим.

«Эллик оят миқдорича», деди».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Насаий ва Абу Довудларнинг ривоятларида:

«Саҳарлик емагини лозим тутинглар. Чунки у муборак емакдир», дейилган.

Абу Довуднинг бир ривоятида:

«Хурмо мўмин учун қандай ҳам яхши саҳарлик», дейилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Саҳар таомидан наҳор рўзасига, қайлула уйқусидан кечанинг қиёмига ёрдам олинглар», дедилар». 

Ибн Можа, Ҳоким ва Тобароний ривоят қилганлар.

Шарҳ: Саҳарлик қилишдан мақсад кундузи тутадиган рўза учун тайёргарлик кўриб, бақувват бўлиб олмоқдир. Агар саҳарлик қилинмаса, киши наҳорнинг рўзасини тутишга қийналади.

Шунингдек, кундузи ухлаб олмаса, кечаси бедор бўлиб, ибодат қилишга қийналади. Ким кечаси ибодат қилмоқчи бўлса, кундузи Пешин билан Асрнинг ўртасида ухлаб олиши керак. Кундузнинг ўртасида ухлаш араб тилида «қайлула» дейилади.

Кўриниб турибдики, Ислом жорий қилган ибодатларни адо этиш учун инсон ўзини қийнаши шарт эмас. Балки тадбир билан, ҳеч қийналмасдан ибодат қилиш керак.

(давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рабиъ ибн Сулаймон айтади .Аллоҳга қасамки, Шофеъийнинг менга қарашидан ҳайбатланиб, у зотнинг ҳузурида ҳатто сув ичишга ҳам журъат қилмаганман,.Имом Аҳмад ибн давоми...

1360 08:00 / 23.09.2020
Ҳадиси қудсийда.Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен ndash Ўзим берурман,, деган,.Имом Бухорий саҳиҳларида давоми...

4021 15:00 / 11.05.2020
Сингапур давлатининг биринчи ҳижоб кийимидаги аёл Президент Ҳалима Яқуб ҳисобланади. Унинг асосий позицияси .Экстремистик терроризм ва исломофобия, га қарши давоми...

3524 11:30 / 12.11.2019
Толҳа ибн Мусарриф айтади .Ҳайсамадан .Қайси нарса ҳосилсиз пайтида ҳам, ҳосилдорлик пайтида ҳам семираверади Қайси нарса иккала ҳолатда ҳам озаяверади Қайси давоми...

1435 07:10 / 12.09.2019