1440 йил 15 жумадис сони | 2019 йил 20 февраль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR
Ақийда

Туш, кашф ва илҳом

19:23 / 02.12.2016 1218 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзи суфийларнинг ўзаро суҳбатларига қулоқ солсак, туш ҳақида кўп гапларни эшитамиз. Ҳатто, тушни кўпгина нарсаларга далил қилиб ҳам келтири-лади. Туш ҳақида ўта муболағали сўзларни гапирадилар. Охир-оқибат тушга қараб иш қиладиган ҳам бўладилар. Баъзи вақтларда туш шариатга хилоф нарсага далолат қиладиган бўлса ҳам, шариатни қўйиб, тушга амал қилинган ҳолатлар бор. Бир хил шайхлар муридларнинг тушларини уларнинг охиратига зарар етказадиган даражада нотўғри таъвил қиладилар. Яна бирлари тушга суяниб-бидъат ишларни жорий қилишгача бориб етганлар. Аксар вақтларда туш шариатга хилоф равишда бир ишни бошқасидан афзал кўришга сабаб бўлган. Бу нарсаларнинг ҳаммаси тушга шариат нуқтаи назаридан эмас, муболағали равишда қараш орқали келиб чиққан. Аслида эса туш ҳақида келган оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариш ва уларни шаръий асосларда таъвил қилиш керак бўлади. Туш инсон ҳаётининг ажралмас қисми эканлиги ҳаммага маълум. Туш инсонни кўпинча ҳайратга, ташвишга ёки сурурга ҳам солади. Туш яна кўплаб саволларга ва ечилмаган жумбоқларга ҳам сабаб бўлган нарсадир.

Барча замон, макон ва халқларда тушга нисбатан ўзига хос қараш, муносабат, ишонч ва хурофотлар ҳам бордир. Туш ҳақидаги тушунчалар, мафкуралар, тахминлардан ташқари у ҳақида ўтказилган илмий ишлар ва ёзилган китоблар ҳам бордир.
Ҳозирги кунимизда мусулмонлар орасида туш ҳақида турлича тушунчалар бор. Уларнинг кўплари турли манбалардан олинган. Аммо Исломий манбалардан олинган маълумотлар деярли йўқ, десак муболаға қилмаган бўламиз.
Очиғини айтадиган бўлсак, кўпчилигимиз туш ҳақида Қуръони карим оятлари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари борлиги ҳақида тузук-роқ маълумотга эга ҳам эмасмиз.
Бунинг устига бизда ҳали туш ҳақида Исломий асосда бирор мақола ёки китобча ёзилган эмас.
Қуръони каримда туш, асосан, «Юсуф» сурасида зикр қилинган. Бу сура туш билан бошланади, унинг ўртасида ҳам, охирида ҳам туш ва унга оид нарсалар зикр қилина-ди.
Сураи каримада Юсуф алайҳиссалом кўрган тушини отаси Яъқуб алайҳиссаломга сўзлаб бераётганини тасвирлаш билан қиссага кирилади ва ҳоказо…
Ҳаётга назар соладиган бўлсак, баъзилар тушни тамоман тан олмайди. Баъзилар эса ҳамма нарсани тушга боғлаб қўяди. Исломда эса ҳақиқий ва керакли мавқиф тутилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом: «Туш уч хилдир: Солиҳ туш – Аллоҳдан севинч башоратидир. Маҳзун туш – шайтондандир. Киши ўзига ўзи гапирган нарсани тушида кўриши.
Агар бирингиз ўзига ёқмаган нарсани туш кўрса, туриб намоз ўқисин. Уни одамларга айтмасин», дедилар».

Бу ҳадиси шарифда туш ҳақида бир неча умумий қоида бўлган ҳақиқатлар зикр қилинмоқда.

Туш уч хилдир:

а) «Солиҳ туш – Аллоҳдан севинч башоратидир».
Агар мусулмон одам таҳорат қилиб, ухлашнинг исломий одобларига амал қилиб, ҳеч нарсани ўйламай ётган бўлса-ю яхши туш кўрса, Аллоҳ таолодан юборилган яхшиликка ишора бўлади.
б) «Маҳзун туш – шайтондандир».
Ухлаган одам ўзини маҳзун қиладиган туш кўрса, унга шайтон таъсир қилган бўлади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган бир ҳадиси шарифларида:
«Ҳулм - ёмон туш шайтондандир. Сиздан ким ҳулм кўрса, ундан паноҳ тиласин ва чап тарафига туфласин. Ўшанда унга зарар қилмайди», дейилган.
в) «Киши ўзига ўзи гапирган нарсани тушида кўриши».
Агар одам бирор иш бошига тушган бўлиб ўшани кўп ўйлаб юрган бўлса ўша ўйлаш таъсирида туш кўради. Бундай тушнинг эътибори йўқ бўлади.
«Агар бирингиз ўзига ёқмаган нарсани туш кўрса, туриб намоз ўқисин. Уни одамларга айтмасин», дедилар».
Аввал айтилгандек, аввал чап тарафига туфлайди, паноҳ тилайди ва кейин туриб, таҳорат қилиб, намоз ўқийди. Яна муҳим шартлардан бири ўша ёқимсиз тушни бировга айтмасликдир.

Демак, мусулмон уламолар тушни уч турга бўладилар:

1. Аллоҳдан бўлган илҳомий тушлар.
Уларга «Юсуф» сурасидаги тушлар мисол бўлади. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрган тушлари ҳам шу хилдаги тушлардан. Маълумки, у киши Пайғамбарликларининг дастлабки олти ойида кўрган тушлари худди тонг ёғдусидек, аниқлик билан воқеъликда ҳам такрорланиб турган.
Бу ҳақда саҳиҳ ривоятлар кўп.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Тўғри туш Пайғамбарликнинг қирқ олти жузидан биридир», деган ҳадисларини ҳам уламолар ўша олти ойга ишорат, дейдилар. Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбарликлари йигирма уч йил бўлган. Йигирма уч йил қирқ олтита олти ойликдан иборат. Демак, ўша туш ўнгидан келиб юрган дастлабки олти ой муддат йигирма уч йиллик Пайғамбарлик муддатининг қирқ олтидан биридир.
2. Ҳаётда бўлиб ўтган нарсаларни хотирлаб, эсга олиб, сўнгра ухлагандан кейин ўша нарсаларнинг тушга кириши. Бу тушнинг эътибори йўқ. Моддапарастлар шуни ҳам туш деб биладилар.
3. Шайтон таъсири остида кўриладиган алғов-далғов тушлар. Бунинг ҳам ҳеч қандай эътибори йўқ. Шунинг учун ҳам ҳар бир кўрган тушни эътиборга олиб, таъбирини ахтаришга тарғиб қилиш ҳам йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида:
«Агар бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсасини тушида кўрса, бошқаларга айтсин. Ёмон кўрадиган нарсасини тушида кўрса, чап томонига уч марта туфласин-да, бошқа томонга ёнбошлаб олсин. Аллоҳдан унинг шарридан сақлашини сўрасин. Бировга бу тушини айтмасин. Шунда туш унга зарар қилмайди», деганлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ Муовия ибн Ҳайдатул Қушайрийдан ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Туш таъбир қилинмагунча киши учун фолга ўхшаб тураверади, таъбир қилинса, воқеъликда зоҳир бўлади», деганлар.
Уламоларнинг фикрича, туну куннинг узунлиги бир-бирига яқин бўлган мавсумда таҳорат билан ётган одамнинг саҳар чоғи кўрган туши ҳақиқатга яқин туш бўлади.
Тушга нисбатан шаръий назарнинг қисқачаси шу. Ҳеч ким тушни шаръий далил сифатида зикр қилмаган. Ҳеч ким тушни бирор шахснинг ёки ишнинг афзаллиги учун ҳам далил қилмаган. Тушда кўрган нарсага қараб эмас, туш ҳақида шариатда келган далилларга қараб иш юритиш лозим. Шайхлар тушларни шаръий қоидалар асосида таъвил қилишни билишлари ва тушга оид шаръий ҳукмларни яхши билишлари керак.

Кашф нима?

Унга нисбатан қандай муносабатда бўлиш керак?
Бу ва бунга ўхшаш саволларга тўғри жавоб олиш ҳам тасаввуф оламида катта аҳамият касб этади.
Аҳли тасаввуф мусулмонлардан бирига малоикаларнинг кўриниши ёки уларнинг овозини эшитилишини, баъзи кўпчиликка эшитилмайдиган нарсаларнинг эшитилишини, билинадиган нарсаларнинг билинишини кашф деб атайдилар.
Бунга Қуръони каримда ҳам, Суннати мутоҳҳарада ҳам мисоллар бор.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида: «Фаришталарнинг: «Эй, Марям, албатта, Аллоҳ сени танлаб олди, поклади ва оламдаги аёллардан устунлигингни ихтиёр қилди. Эй, Марям, Роббингнинг ибодатида бардавом бўл, Унга сажда қил ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил», деганларини эсла», деган (42- 43-оят).
Биби Марямнинг набий ҳам, расул ҳам эмасликлари ҳаммага маълум. Аммо Қуръони каримда фаришталар у киши билан гаплашгани собит бўлиб турибди. Набий ёки расул бўлмаган одам билан фаришталарнинг гапла-шиши кашф бўлади. Имом Бухорий ривоят қиладилар: «Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу кечаси «Бақара» сурасини ўқиётган эди. Яқинида оти боғлиқ турар эди. Бирдан от типирчилаб қолди. Қироатдан тўхтаган эди, от ҳам яна тўхтади. Яна ўқиган эди, от ҳам типирчилади. Ўғли Яҳъё яқинида ухлаб ётарди. От босиб олмасин, деб бориб уни қўлига олди ва бошини осмонга кўтарди. Тонг отгандан сўнг ҳодисани Пайғамбар алайҳссаломга сўзлаб берди.
У киши: «Ўқи, эй, Ибн Ҳузайр», дедилар.
У бўлса, «Эй, Аллоҳнинг Расули, Яҳъёни босиб олмасин, деб қўрқдим, уни яқинида эди. Бошимни кўтариб, унинг олдига бордим. Осмонга қарасам, булутга ўхшаш нарса, ичида чироққа ўхшаган нарсалар ҳам бор. Уларни кўрмай деб чиқиб кетдим», деди.
Пайғамбар алайҳиссалом:
«У нималигини биласанми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
У зоти бобаракот: «Улар сенинг овозингга келган фаришталар, агар тонг отгунча ўқийверганингда, одамлар уларга назар солса бўларди. Улар бекинмасдилар», дедилар.
Демак, саҳобалар даврида баъзи кишилар Қуръони карим қироати билан ҳам фаришталарни кўриш имкони-га эга бўлган. Бу ҳам кашфнинг воқеъликда бўлишига яна бир далил.
Ҳужжатул Ислом имом Ғаззолийнинг ҳаёт йўлларида ва у кишига ўхшаш бошқа аҳли фазл кишиларнинг тажрибаларида кашф ҳодисаси кўп бўлганига далиллар мавжуд.
Афсусланарлиси шулки, баъзи суфийлар кашфни шаръий маъносидан бошқа тарафга буриб юборганлар. Уларнинг кашфга нисбатан тутган ишлари бир неча кат-та хатолар содир бўлишга сабаб бўлган.

1. Баъзи жоҳил суфийлар кашфни Қуръони карим ва Суннати мутоҳҳарага зиёда равишда шаръий масдар деб эътибор қиладилар. Бундан ҳам даҳшатлиси, кашфга соҳиб бўлган суфийнинг ҳар бир гапини худди ваҳийдек қабул қилиш зарурлигини даъво қилишдир.

2. Бошқа бир тоифа суфийлар бўлса кашф берилган киши шариат ҳукмларига амал қилмай қўйса бўлаверади, деган ботил фикрга борадилар. Улар «Ва Роббингга то сенга яқин келгунча ибодат қил» оятини ботил йўл билан таъвил қиладилар ва кашф берилган киши намоз ўқимай, рўза тутмай ва бошқа ибодатларни адо қилмай қўйса бўлаверади, дейдилар.
Ислом уммати ижмоъи бўйича бу фикрдаги кишилар кофир бўладилар. Чунки бу ояти каримада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилинган ва ундаги яқиндан мурод ўлимдир.

3. Яна бир гуруҳ суфийлар кашф берилган шахс нима деса шуни қилиш керак деган фикрга борадилар ва шариат амалларини қўйиб шайхларининг айтганини қилишга ўтадилар. Бунда улар шайхнинг айтгани шариатга тўғри келадими, йўқми эътибор қилмайдилар. Худди шайхлари маъсум, ҳамма гапи шариат ҳукми ўрнида ўтадигандек тасарруф қиладилар. Ҳолбуки, кашф синов учун берилган бўлиши ҳам мумкин.

Барча мусулмонлар, айниқса суфийлар кашф масаласида жуда ҳам эҳтиёт бўлмоқлари лозим.
Кашф бўлиши мумкин нарса. У Аллоҳ томонидан бандага берилган фазл ёки синов ва имтиҳон бўлади. Кашф ила ақийда собит бўлмайди. Кашф билан янги шаръий ҳукм ҳам собит бўлмайди. Кашф билан ибодат ҳам собит бўлмайди. Кашф Қуръони карим ва суннат таълимотларига тўғри келса, уни тасдиқласа бўлади.
Мусулмон кишининг қалбига ғайбий масдардан тушган, илм берувчи, йўлловчи, эслатувчи нарса илҳом дейилади. У ҳақиқий нарса бўлади. Аллоҳнинг фазли ила баъзи мўмин-мусулмонларга илҳом берилиши бор гап.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳақларида келган қуйидаги ҳадиси шарифни айнан илҳом маъносида тушунишмиз лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Батаҳқиқ, сиздан олдин, Бани Исроилдан анбиёлардан бўлмасалар ҳам гапи тўғри келадиган кишилар бор эди. Агар менинг умматимда бирорта ўшандоқ одам бўлса, Умар бўларди», дедилар». Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифдаги «Гапи тўғри келадиган кишилар» ўзига берилган илҳом туфайли бир нарсани бўлишидан олдин гапирадиган кишилар.
Бундай кишиларга Аллоҳ таоло пок фитрат, юксак фаҳм-фаросат, кучли ақл-заковат берган бўлади. Бўлиши лозим бўлган нарсаларни улар аввалдан бутун вужудлари ила ҳис қилиб турадилар. Улар, эй, парвардигори олам, қани энди шу пайтда бундай бўлсайди, деб орзу қиладилар ва ўша орзулари рўёбга чиқади.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ана шундай кишилардан бўлганлар.
Кишининг қалбига ғайбий масдардан тушган ҳар бир нарса ҳам илҳом бўлавермайди. Балки инсон қалбига тушадиган нарсалар тўртга бўлинади.
1. Шайтоннинг васвасаси.
Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида: «Шунингдек, ҳар бир Пайғамбарга инсу жин шайтонларини душман қилиб қўйдик. Уларнинг баъзилари баъзиларини ғурурга кетказишлари учун латиф каломларни танларлар», деган.
Аллоҳ таоло «Марям» сурасида: «Биз шайтонларни кофирларга уларни доимий қўзғаб туришга юборганимизни кўрмадингми?» деган.
2. Нафснинг ғулғуласи.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Албатта, нафс ёмонликка кўп амр қилувчидир», деган.
3. Фаришта хотирага соладиган нарса.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қалбда икки тутиш бор. Фариштадан бўладиган тутиш. У яхшиликни ваъда қилиш ва ҳақни тасдиқ қилиш ила бўлади. Ким ўзида ўшани топса, унинг Аллоҳдан деб билсин ва ҳамд айтсин. Душмандан бўладиган тутиш. У ёмонликни ваъда қилиш ва ҳақни ёлғонга чиқариш ҳамда яхшиликни қайтариш ила бўлади. Бас, ким ўзида ўшани сезса, Аллоҳдан шайтони ражиймнинг шарридан паноҳ сўрасин», деганлар.
4. Роббоний илҳом.
Аллоҳ таоло «Анкабут» сурасида: «Бизнинг (йўлимизда) жиҳод қилганларни Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз», деган.
Аллоҳ таоло «Муҳаммад» сурасида: «У зот ҳидоят топганларнинг ҳидоятини зиёда қилгай ва уларнинг тақволарини бергай», деган.
Демак, мазкур тўрт нарсанинг фарқига ҳам бориш керак бўлади. Кўнгилга келган нарсани илҳом деб баҳолаб бўлмайди. Илҳом бўлганда ҳам унинг ўзини ёки илҳомга сазовор бўлган бошқа кимсани шариат қоидасидан ташқаридаги шахс сифатида баҳолашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Аммо баъзи суфийлар бу масалада ҳаддларидан ошиб ўзлари залолатга кетганлар ва бошқаларнинг ҳам залолатга кетишига сабаб бўлганлар.
Улардан баъзилари кашф, илҳом ва туш билан кифояланиб Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни ўрганмаса ҳам бўлаверади, ақоид ҳамда фиқҳ ва бошқа илмларни ўрганишнинг ҳожати йўқ деган ботил фикрларни айтганлар.
Бошқа бирлари эса кашф, илҳом туфайли шайхларнинг қалби исмат даражасига етади. Ўшандай қалбларга тушган нарса ваҳий ўрнига ўтади дейишгача бориб етганлар. Уларнинг фикрича, авлиёларнинг қалблари анбиёларнинг қалблари каби эмиш. Аслида бу куфр ва залолдан бошқа эмас, дейдилар муҳаққиқ уламоларимиз.
Суфийларнинг яна бир тоифаси шайхларига ҳаддан ташқари баҳо бериб уларнинг гапларини шариатнинг ҳукмидан устун қўйишгача бориб етганлар.
Бу ва бунга ўхшаган илмсизлик асосидаги гап-сўз ва тасарруфлар ҳақиқий тасаввуф йўлига, Аллоҳ таолонинг розилигини тилаган соликлар йўлига мутлақо зиддир. Бу ёрқин йўлдаги жавҳарий нарса–иймон, ислом, тақво, эҳсон ва шукр масалаларининг ҳақиқатига етиб завқ қилишдир. Бошқача қилиб айтганда Аллоҳ таолога холисона ибодат қилишдир. Ана ўша мақом сиддиқларнинг талаби ва соликларнинг мақсадидир.
Агар соликка учун яхши туш, кашф, илҳом ёки каромат инъом этилса, унинг маълум даражага етганининг аломати ва хурсанд бўлиш башоратидир. Тасаввуф йўли-да юришнинг асосий мақсади кашф, илҳом ёки каромат соҳиби бўлиш эмас. Балки, асосий мақсад Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш. Мазкур нарсалар эса ўша йўлда тўғри кетаётганликнинг аломати, холос.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, маъсият билан бидъатнинг орасида фарқ бор. Осий маъсиятни гуноҳ эканини билиб, хижолат бўлган ҳолда амалга оширади. Савобдан маҳрумлигини ва жазога давоми...

945 23:54 / 02.12.2016
.Бу сарлавҳадаги гап ихтилофчиларнинг ҳозирча унчалик тарқалмаган гапларидан бири ҳисобланади. Улар ақийда масаласида бир неча ихтилофларни қўзғаганлар, аммо давоми...

1162 05:00 / 07.03.2017
Жаннат инсон учун яратилгани ҳақиқат. Биз буни билишимиз керак. Шу ҳақиқатни тўлиқ англаб, Аллоҳга иймон келтирсак ҳамда яратилишимиздан кўзланган мақсадни давоми...

2429 21:18 / 03.05.2017
Арабчада .белгиланган вақт, муҳлат, шошилиш, деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда инсон умрининг Аллоҳ томонидан белгилаб қўйилган муҳлатининг ниҳояси, давоми...

1924 21:11 / 17.12.2017
Видеолар

1 20:30 / 18 февраль

1 20:30 / 16 февраль
Аудиолар

9157 11:58 / 10.10.2018
Топ рейтинг www.uz Openstat