1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тасвирда ҳикматлар

Беморнинг одоблари

14:00 / 18.04.2019 10568 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Беморликка йўлиққан киши сабр қилади, савоб умидида бўлади ва ўзига етган хасталикни Аллоҳ таолонинг қазои қадари деб тан олади.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирсам, у зот беморликдан қийналаётган эканлар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, сиз беморликдан қаттиқ қийналмоқдасиз-ку?!» дедим.

«Шундай. Албатта, мен беморликдан сизлардан икки кишининг қийналганича қийналурман», дедилар.

«Сизга икки ҳисса ажр бўлиши учун шундайдир-да?» дедим.

«Шундай. Худди шундай. Қай бир мусулмонга бирор мусибат етса, бирор тикан (кирса) ёки ундан ортиқ нарса (етса), албатта, Аллоҳ унинг сабабидан ўша банданинг ёмонликларини худди дарахт ўз баргларини тўкканидек тўкадир», дедилар у зот».

Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.

Ҳа, беморликни ҳам Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига гуноҳларни ювиш учун қулай имконият қилиб берган. Фақат улар бу қулай фурсатдан тўғри фойдалана билишлари керак. Бунинг учун эса бемор бўлганларида сабр қилиб, беморлик одобларини ўрнига қўймоқлари лозим. Бу ишда уларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнакдирлар. Бошқаларга нисбатан беморликни икки ҳисса оғир кечирсалар ҳам, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор ҳолда сабр қилганлар.

Беморликка учраган киши сабрсизлик қилмайди, беморликни ёмон кўрмайди, уни сўкмайди.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Соибнинг ҳузурига кирдилар ва:

«Эй Умму Соиб, сенга нима бўлди, қалтираяпсан?» дедилар.

«Иситма! Аллоҳ уни баракасиз қилсин!» деди у.

«Иситмани сўкма. У одам боласининг хатоларини худди босқон темирнинг зангини кетказгандек кетказур», дедилар у зот».

Муслим ривоят қилган.

Мусулмон инсон ўз гуноҳларининг кетишига сабаб бўладиган нарса бўлмиш беморликни қандай ҳам сўкиши мумкин?! Аксинча, бунга фақат кўп шукр қилмоғи керак бўлади.

Бемор бўлган инсон ўз беморлиги ва унинг тури ҳақида бошқаларга хабар бериши жоиз.

Бемор бўлган инсон дардига шифо талаб қилиши керак.

Бемор бўлган инсон даволанишни йўлга қўйишга ҳаракат қилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари бемор бўлганларида даволанганлар ва биз умматларини ҳам даволанишга амр этганлар. У зот даволаниш учун қилинадиган уриниш ҳам Аллоҳнинг тақдири эканини баён қилдилар. Яъни бемор бўлиш Аллоҳнинг тақдири ила бўлади, даволаниш орқали тузалиш ҳам Ўша Зотнинг тақдиридир. Бу ерда Аллоҳнинг бир тақдири иккинчи бир тақдири билан қайтарилади.

Бемор бўлган одам шариатда ҳаром қилинган нарсалар билан даволанмаслиги керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаром билан даволанишдан қайтарганлар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ дардни ва давони туширган. Ва ҳар бир дардга даво қилиб қўйган. Бас, даволанинглар. Фақат ҳаром ила даволанманглар», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Бемор бўлган шахс ақийдага путур етказадиган маънавий ҳаром нарсалар билан даволаниши мутлақо мумкин эмас.

Бунга шариатда ман қилинган тумор осиш, турли дам солинган иплар, баъзи ҳайвонларнинг тирноқ ёки тишлари каби нарсаларни ўзи билан олиб юриш кабилар киради. Ушбу ишлар ширкдир, буларни қилиш улкан гуноҳдир. Бундай ишларни қилган одам Аллоҳ таолони қўйиб, бошқадан шифо тилаган бўлади.

Ийсо ибн Абдурраҳмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Меъбад Жуҳанийни кўргани, олдига кирдим. Унга қизил нарса тошган экан.

«Бирор нарса осиб олмайсанми?» дедим.

«Ундан кўра ўлган яхшироқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир нарса осиб олса, ўшанга суянтирилур», деганлар», деди у».

Термизий ривоят қилган.

Яъни тумор осган одам мана шу осган туморим менга шифо беради ёки бало-офатлардан сақлайди, деган эътиқодга бориб қолади.

Бемор мусулмоннинг фолбин, жинкаш, сеҳргар ва шуларга ўхшаш тиб илмини билмайдиган турли алдамчи кимсаларда даволаниши мутлақо мумкин эмас.

Мўминларнинг оналари розияллоҳу анҳуннанинг баъзиларидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Ким аррофга (фолбинга) келиб, ундан бирор нарса ҳақида сўраса, унинг намози қирқ кечагача қабул бўлмас».

Муслим ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Аҳмаднинг лафзида:

«Ким аррофга ёки коҳинга келиб, унинг айтганини тасдиқласа, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди» дейилган.

Ким фолбинга бориб, унинг айтганини тасдиқласа, куфрга кетган бўлар экан. Бундан барчамизни Аллоҳнинг Ўзи асрасин.

Мусулмон умматининг шонли тарихи давомида улардан Ибн Синога ўхшаш тиб илмининг моҳирлари чиқиб, машҳур бўлган, аммо фолбин, жинкаш, сеҳргар ва шуларга ўхшашларнинг иши ҳаром ва гуноҳ эканига ҳеч ким хилоф қилмаган.

Бемор бўлган одамнинг Аллоҳ таолога нисбатан яхши гумонда бўлиши талаб этилади.

Бунда беморнинг Аллоҳ таоло бандаларига фақат яхшиликни раво кўради, бундан кейин У Зот нима қилса ҳам, менга яхшилик бўлади, деган ишончда бўлиши кўзда тутилади.

«Ижтимоий одоблар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмон инсон йўлга қазои ҳожат қилинишига ва бавл қилинишига мутлақо йўл қўймайди.Чунки бундай қилиш ўта беодоблик бўлгани учун динимиз йўлларга бавл қилиш ва давоми...

5447 11:57 / 05.03.2019
Беморни кўргани бориш суннатдир. Бемор мусулмоннинг бошқа мусулмонлар устида ҳаққи бор. У ҳам бўлса, уларнинг беморни зиёрат қилиб, кўнгил сўрашлари, ҳаққига дуо давоми...

3235 15:18 / 06.04.2022
1. Қазои ҳожат қилмоқчи бўлган шахс Аллоҳ таолонинг исми ёзилган, шунингдек, малоикалар, Азиз, Карим, Муҳаммад, Аҳмадга ўхшаш улуғ исмлар ёзилган нарсаларни ўзи давоми...

5978 13:45 / 19.03.2019
Ортиқча ва ноўрин мақтов маддоҳликдир. Бирор мансаб ёки манфаат илинжида одамларни юзига мақтовчи, асли йўқ, ҳақиқатга зид ва ботил нарсаларни тарғиб қилувчи давоми...

4805 11:56 / 18.02.2019
Аудиолар

120140 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41803 14:35 / 11.08.2021