1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Қучоқлаб кўришиш

05:00 / 17.02.2017 3030 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирида ўзлари эшитмаган бир ҳадис борлиги ҳақида хабар етди.
Бас, туя сотиб олдим. Юкимни унга юклаб бир ой йўл юрдим. Шомга етиб борсам, ҳалиги одам Абдуллоҳ ибн Унайс экан. Унга Жобир эшик олдида дея одам юбордим.
«Жобир ибн Абдуллоҳми?» деди.
«Ҳа», дедим.
Бас, у чиқиб мени қучоқлади.
«Менга ўзим эшитмаган ҳадис ҳақида хабар етди. Ўз ўлимимдан ёки сенинг ўлимингдан қўрқдим», дедим.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдимки, Аллоҳ бандаларни ёки одамларни ялонғоч, хатна қилинмаган ва «бўҳим» ҳолларида ҳашр қилади.
«Бўҳим?!» дедик.
«Ҳеч нарсалари бўлмаган ҳолда. Бас, уларни узоқдаги одам эшитадиган (менимча, худди яқиндаги эшитадигандек) овоз билан чақиради:
«Мен подшоҳман! Аҳли жаннатлардан бирор киши дўзах аҳлидан бирортаси ундан ўзи кўрган зулмни талаб қилса, жаннатга кира олмайди.
Аҳли дўзахлардан бирор киши жаннат аҳлидан бирортаси ундан ўзи кўрган зулмни талаб қилса, дўзахга кира олмайди», дейди.
«Қандай қилиб? Аллоҳнинг ҳузурига ялонғоч ва ҳеч нарсамиз йўқ ҳолда келамиз-ку?» дедим.
«Яхшиликлар ва ёмонликлар билан», дедилар»
.

Шарҳ: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ўзлари ҳам улуғ саҳобий бўлишларига қарамай, ўзлари эшитмаган бир дона ҳадис борлигини билишлари билан тезда бир туя сотиб олибдилар. Унга кўч-кўронларини боғлаб, бир ой йўл юриб, Шомга етиб борибдилар. Суриштирсалар, ўша ҳадисни билган киши Абдуллоҳ ибн Унайс розияллоҳу анҳу эканлар.
У кишининг бир хизматкорини учратиб: «Жобир келди, дегин» деб ичкарига хабар берибдилар.
Хизматкор ичкарига кириб, қайтиб чиқиб ўз хожасининг гапини такрорлаб ва «Жобир ибн Абдуллоҳмисан?» дебди.
«Ҳа» десалар, кириб кетибди. Сўнг Абдуллоҳ ибн Унайс розияллоҳу анҳу чиқиб, ровийнинг бўйниларидан маҳкам қучоқлаб сўраша кетибдилар.
Ҳазрати Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу, - «Сен мен эшитмаган ҳадисни билар эмишсан, буни эшитиб қолдим. Шунга ё сен, ё мен ўлиб қолмасимиздан ўша ҳадисни билиб олай, деб шошилиб келдим», дедилар.
Шунда у турган жойида сўзлай кетди:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳ Таоло бандаларни яланғоч , хатна қилинмаган ва бўҳим ҳолларида қайта тирилтиради» деганларини эшитдим.
Биз «Буҳим» дегани нима, Ё Аллоҳнинг Расули?» деб сўрадик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч нарсасиз, яланғоч ҳолда, дегани» деб жавоб бердилар.
Сўнг шундай давом этдилар:
«Сўнг Аллоҳ Таоло узоқдагилар ҳам, яқиндагилар ҳам эшитадиган қилиб «Мен подшоҳман. Аҳли жаннатлардан бирортаси аҳли жаҳаннамга бир зулм етказган бўлса, жаннатга кириши мумкин эмас. Аҳли жаҳаннамлардан бирортаси аҳли жаннатлардан бирининг зулмини талаб қилса, у ҳам жаннатга кирмай туради» деб нидо қилади» дедилар».
«Бу қандай бўлади? Биз Аллоҳ Таолонинг ҳузурига ҳеч нарсасиз, яланғоч ҳолда келсак?» дедим.
«Яхшилик ва ёмонликлар билан келтириламиз» дедилар.
Демак, жаннат ва дўзахга киришдан аввал ҳеч кимда ҳеч кимнинг ҳаққи қолмас экан. Ҳар бир кишининг ҳар бир амали ҳисоб-китоб қилиниб, ким бировни ҳақоратлаган, кўнглига озор берган ёки бошқа зулм етказган бўлса, ҳаққа ундирилмай қолиб кетмас экан.
Аллоҳ Таоло ҳеч кимни «Бу аҳли жаннат, энди унда бировнинг ҳаққи қолган бўлса ҳам, жаннатга кираверсин» демас экан.
Аксинча, жаннат аҳли бўлса ҳам, унда жаҳаннам аҳлининг бирор ҳаққи қолган бўлса, ўша ҳақни ундириб берар экан.
Ўзи яланғоч, ҳеч нарсасиз турган бўлади-ку, деган савол туғилса, қилган савоб ёки гуноҳларидан олиб берилар экан.
Масалан, бир киши жаннатга кирадиган бўлиб турибди, бироқ кимгадир заррача бир зулм қилиб қўйган бўлса, ўша зулмининг ҳаққи унинг яхши амалларидан олиниб, мазлумга берилар экан.
Натижада, жаннатга кираётган кишининг мартабаси ўша миқдорда камайиб, жаҳаннамга кираётган кишининг азоби бироз енгиллашар экан.
Худди шунингдек, жаҳаннамга кирай деб турган кишида жаннат аҳлларидан бирининг ҳаққи бўлса, жаннат аҳлининг ўшанча миқдордаги кичик гуноҳлари шундай ҳам дўзахга кириб кетаётган банданинг бўйнига яна юклаб қўйилар экан...
Қиёматда, адолат мутлақ бўладиган Кунда, пора олинмайдиган, воситачилар қабул қилинмайдиган, ҳукмни Ҳақ Қозининг Ўзи чиқарадиган Кунда ана шундай дақиқ ҳисоб-китоблар бўлар экан. Қилинган амаллардан заррача нарса эътибордан четда қолиб кетмас экан. Бу дунёдаги ҳар бир яхшилик, ҳар бир ёмонлик ана шу ҳисоб-китобда иштирок этар экан. Ҳамма нарса жой-жойига тушиб, ҳақ қарор топиб, адолат собит бўлар экан, шундан кейингина жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга равона бўлар экан.
Аллоҳ Таолонинг Ўзи жаҳаннамдан сақласин.
Ушбу ҳадиси шарифни бу бобда келтирилишидан мақсад унда Абдуллоҳ ибн Унайс розияллоҳу анҳу Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу билан қучқлашиб кўришганларидир.
Бу маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган амалларини баён қилувчи ҳадиси шарифлар ҳам бор.
Абу Зарр розияллоҳу анҳуга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларга у зотга учрашганингизда қўл олиб сўрашармидилар?» дейилди.
«Мен у зот билан қачон учрашсам, албатта, мен билан қўл олиб сўрашганлар. Бир куни у зот менга одам юбордилар. Мен ўз аҳлимда эмас эдим. Мен келганимда, у зот менга одам юборганлари ҳақида хабар берилди. Бас, мен у зотнинг ҳузурларига бордим. У зот сўри устида эканлар. Бас, мени қучоқладилар. Ана ўша яхши эди, жуда ҳам яхши эди», деди».
Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Зайд ибн Ҳориса Мадийнага етиб келиб эшикни қоққанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда эдилар. У зот ялонғоч ҳолда, кийимларини судраб эшик томон тезлаб бордилар. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳни бундан олдин ҳам, кейин ҳам ялонғоч ҳолларида кўрмаганман. У зот уни қучоқлаб ўптилар».
Термизий ривоят қилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло.Агар умаййитнинг боласи бўлса, у қолдирган нарсадан отаонасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмай, унга отаонаси меросхўр бўлса, давоми...

2770 15:00 / 11.04.2019
. .Умар розияллоҳу анҳу бомдоддан кейин Байтни етти бор тавоф қилиб, Зу Тувога чиқмагунларича намоз ўқимадилар. Тавофнинг икки ракъат намозини қуёш давоми...

3439 18:00 / 08.07.2021
Отабоболаримиз ва халқимиз асрлар давомида то бугунги кунга қадар намозда турганларида икки оёқ орасини тўрт бармоқ миқдорича, узрлилар эса ўртача очиб қиём давоми...

5219 05:00 / 19.01.2017
.Таяммум, сўзи луғатда .қасд қилиш, маъносини билдиради.Шариатда эса.Аллоҳга қурбат ниятида покловчи тупроқ моддасини махсус сифат ила икки қўл ҳамда юзга суртиш давоми...

2874 13:00 / 19.11.2020