1445 йил 26 шаввол | 2024 йил 05 май, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳ бандаларининг қалблари ва амалларигагина қарайди

17:10 / 19.02.2019 3964 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари! Бизга қуйидаги ҳадисни кенгроқ, фойдалари билан тушунтириб берсангиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга қарамайди. Лекин қалбларингизга ва амалларингизга қарайди», дедилар».

Муслим ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Бу ҳадиснинг шарҳи «Ҳадис ва Ҳаёт»нинг 3-жузида чоп этилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадиси шарифда инсонларнинг қадр-қиммати Аллоҳ томонидан қандай ўлчаниши ҳақида сўз кетмоқда. Аллоҳ таолонинг раҳмат назарига муяссар бўлиш учун нималарга эътибор бериш керагу ва, аксинча, нималарга эътибор бериш лозим эмаслиги таъкидланмоқда.

Қадимдан турли жамиятларда инсон қадри турли нарсаларга боғлиқ бўлиб келган. Ҳар бир жамият ўз мафкурасидан, дунёқарашидан, инсон зотига муносабатидан келиб чиқиб, уни турлича тақдирлаган.

Қайсидир бир жамиятда кучли инсон энг яхши ва энг қадрли ҳисобланган. Бошқа бир жамиятда эса ҳукмдор, амалдор инсон қадр топган.

Ҳиндларда олий диний табақадаги оилаларда туғилганлар, яҳудийларда яҳудий миллатида туғилганлар энг яхши одам ҳисобланган.

Шу билан бирга, одамлар ўйлаб чиқарган инсон қадрининг ўлчовлари ичида турли тузум ва фикрларни умумлаштириб турувчи нарсалар ҳам бўлган. Кишининг сурати ва мол-мулки ана шу жумлага киради. Ҳар бир инсонда аслида чиройли сурат ва мол-дунёга иштиёқ бўлади. Исломий тарбия эса ана шу иштиёқни меъёрга солиб, тўғри йўлга йўллаб туради. Исломий тарбия бўлмаган жойда бу иштиёқ меъёрдан чиқади, мафкурага айланиб, одамлар ташқи сурати, қўлидаги молу дунёсига қараб қадрланадиган бўлиб қолади.

Бу нарса Исломдан олдинги жоҳилият даврида ҳам бор эди, ҳозир ҳам бор. Қадимда одамлар ҳусн-жамоли, кийим-кечаги, туяси, оти, тилла-кумуши, уй-жойига қараб баҳоланган бўлса, энди улар ҳусн-жамоли, қоматининг кўркамлиги, машҳур ширкатлар чиқарган урфдаги кийимларни кийиши, тўлаган пули, минадиган машинаси, қурган уйи, қилган тўйига қараб баҳоланмоқда. Иккала ҳолатдаги нарсаларнинг номи ва шаклида хилма-хиллик бор, холос, аммо моҳияти битта.

Ислом инсон қадрини бундай адолатсиз шаклда ўлчашга қадимда ҳам қарши эди, ҳозир ҳам қарши. Ислом назарида ҳусну жамол ва мол-дунё ҳаётнинг моҳияти эмас, балки ҳаётнинг бир василаси, холос.

Исломда инсоннинг қадр-қиммати қалбининг поклиги, ундаги иймон-ихлос ва қилган яхши амаллари билан ўлчанади. Ислом назарида қалби пок, иймонли инсон дунёдаги барча гўзал суратлардан гўзалдир, мўмин инсоннинг солиҳ амали дунёдаги барча молу дунёдан устундир.

Аллоҳ таоло инсонни ташқи суратига қараб эмас, қалбининг поклигига қараб баҳолайди.

Аллоҳ таоло инсонни молу дунёсига қараб эмас, солиҳ амалига қараб тақдирлайди.

Инсон қадрини ўлчашнинг ана шу илоҳий мезонлари ишга солингандагина, инсонлар ўзларининг ҳақиқий қадрларини топадилар. Ана шунда ҳар бир инсон иложи борича қалбини поклашга, солиҳ амал қилишга интиладиган бўлади. Турли ўткинчи ҳою хаваслар, молу дунёга ҳирс қўйишлар ўз аҳамиятини йўқотади.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли қора танли қул Билол Ҳабаший инсон зоти мушарраф бўлмаган шарафга, яъни Каъбаи Муаззаманинг устига чиқиб, илоҳий мадҳия – азон айтишга эришди.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли Мадинада қул қилиб сотилган Салмон Форсий розияллоҳу анҳу охирги замон Пайғамбарининг яқин маслаҳатчисига, аҳли байтига айланди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши ҳақларида: «Салмон биздан, аҳли байтдандир», деб марҳамат қилдилар.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли аввалда қул қилинган Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу Ислом жамиятидаги энг ҳурматли шахслардан бири бўлдилар.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли Рум империясига қарши урушаётган мусулмонлар ўзларининг музокарадаги вакиллари сифатида асли қора қул бўлган Ато розияллоҳу анҳуни танладилар. У кишининг хунук ва занжиликларини кўрган румликларнинг бошлиқлари, «Биз бу одамни кўриб, қўрқиб кетаяпмиз, бошқа тузукроқ вакилингиз йўқми?» дейишди.

Шунда мусулмонлар: «Ичимизда энг тузук ва яхшимиз шу одам. Агар уни кўриб, қўрқаётган бўлсангиз, ишингиз тамом бўлибди. Чунки бизнинг орамизда бунга ўхшаганлар кўп», деб  жавоб беришди.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли мусулмон олами Имом Бухорийни ўзининг ҳадисдаги амири деб, у кишининг китобларини Қуръони каримдан кейинги энг саҳиҳ китоб деб эълон қилди ва ҳозиргача эъзозлаб келмоқда.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли Имом Термизий, Имом Насоий, Имом Замахшарий, Имом Абу Мансур ал-Мотуридий ва бошқа юзлаб имомларимиз араб бўлмасалар-да, қалблари иймонли, ўзлари солиҳ амалли бўлганликлари учун уларнинг номлари вафотларидан минг йилдан зиёд вақт ўтса ҳам Ислом уммати томонидан эъзозлаб келинмоқда. 

Худди шундай гапларни Ибн Сино, Фаробий, Беруний, ал-Хоразмий, Улуғбек каби кўплаб алломаларимиз ҳақида ҳам айтишимиз мумкин.

Қачонки мусулмонлар инсоннинг қадрини ўлчашда ушбу илоҳий, одил ўлчовни эътибордан четда қолдиришганда ишлари орқага кетди. Бунга тарих шоҳиддир. Валлоҳу аълам.

«Зикр аҳлидан сўранг» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад ибн Жаҳм ҳовлисини эллик минг дирҳамга сотувга қўйди. Ҳовлини сотиб олиш учун харидорлар келганда уларга .Саъид ибн Оснинг қўшниси бўлиш учун қанча пул давоми...

1680 07:10 / 30.04.2019
Саҳобаларнинг ҳаётини тинглаб туриб, киши ўйланиб қолади Улар ҳам мусулмон бўлишган, биз ҳам мусулмонмиз. Улар ҳам Қуръон ўқишган, биз ҳам ҳар куни Аллоҳнинг давоми...

6316 08:45 / 07.02.2019
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади .... Маълум кунларда Аллоҳнинг номини зикр қилинглар,, Ҳаж сураси, 28оят. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу .Маълум давоми...

4348 15:00 / 02.07.2022
Аллоҳ таоло сени сабаблари ичида турғизганда тажридни ирода қилишинг махфий шаҳватдандир. Аллоҳ таоло сени тажридда турғизиб қўйганда сабабларни ирода қилишинг давоми...

2551 21:00 / 21.06.2019