1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

26-боб. Силаи раҳм

16:10 / 14.02.2019 1928 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

49. Абу Айюб Ансорийдан ривоят қилинади:

«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўсиб чиқиб:

«Менга жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг», деди.

«Аллоҳга ибодат қиласан. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан. Намозни адо қиласан. Закотни берасан. Силаи раҳм қиласан», дедилар».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлда уловларига миниб борар эдилар. Бир киши йўлни тўсиб чиқиб, у зотнинг уловлари жиловидан ушлаб, тўхтатди ва юқоридаги саволни берди.

Бу ғалати иш эди. Одатда кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бундай муомала қилишмас эди. Агар саволлари бўлса, бошқача вазиятда беришарди. Аммо бу одам ғайриоддий тасарруф қилди.

Бошқа бир ривоятда айтилишича: «Шунда у ердаги қавм: «Унга нима бўлди? Унга нима бўлди?» дейишди».

Унга нима бўлди? Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини тўсиб чиқади?

Унга нима бўлди? Нима учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уловлари жиловидан тутади?

Унга нима бўлди? Нима учун бундай катта саволни сўрайди?

Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги кишининг қилмишидан ҳам, саволидан ҳам ажабланмадилар. Ўзларини камтарона тутдилар ва сўровчининг саволига бирдан жавоб бердилар.

«Аллоҳга ибодат қиласан».

«Ибодат», умуман олганда, ғойибдаги нафни талаб қилиш учун амалга оширилган ҳар бир ишдир. Бунда наф охират учун бўладими ёки дунё учун бўладими, барибир. Шунингдек, иккиси учун баробар бўлиши ҳам мумкин.

Агар амал Аллоҳнинг амри асосида бўлса, гарчи сиртдан бошқанинг ҳурмати бўлиб кўринса ҳам, у Аллоҳга ибодат деб аталади. Ҳадисда мана шу ҳақда гап кетяпти. Мисол учун, ота-онанинг ҳурмати сиртдан уларни улуғлаш бўлиб кўринса ҳам, Аллоҳнинг амрига биноан бўлаётгани учун, У Зотга ибодат ҳисобланади. Каъбаи Муъаззамани тавоф қилиш уни ҳурматлаш бўлиб кўринса ҳам, Аллоҳнинг амрига биноан бўлаётгани учун, У Зотга ибодат ҳисобланади.

Агар амал шариатда бўлмаса ва оддий йўл билан амалга оширилаётган бўлса, унда итоат, хузуъ ва муҳаббат бўлса ҳам, ибодат ҳисобланмайди. Бунга эрига муҳаббат қўйиб, унга итоатда бўлган аёлнинг амалини мисол келтириш мумкин. Шу сабабдан ҳар бир ишни қилганда ниятнинг ва уни амалга оширишнинг тўғри бўлишига, ибодат даражасига кўтарилишига уриниш керак. Акс ҳолда бу амалга ширк аралашиб қолиши хавфи ҳам бор.

«Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан».

Ширк ақийдада ҳам, амалда ҳам бўлиши мумкин. Бу икки турдаги ширкдан ҳам эҳтиёт бўлиш керак.

«Намозни адо қиласан».

Яъни тўла-тўкис адо этасан. Уни адо этишда ҳеч қандай нуқсон ва дангасаликка йўл қўймайсан.

«Закотни берасан».

Бермай қўймайсан. Бу молиявий ибодат бўлиб, Исломнинг беш рукнидан биридир.

«Силаи раҳм қиласан».

Бу ҳадиси шарифда силаи раҳм қилиш – қариндошлик алоқаларини яхшилаш иймон, намоз ва закот каби Ислом рукнлари билан бир даражага қўйилмоқда.

Бу амал кишини жаннатга киритадиган ва дўзахдан қутқарадиган амаллар рўйхатига қўшилмоқда. Силаи раҳм қанчалар аҳамиятли амал эканини шундан ҳам тушуниб олсак бўлаверади.

50. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Аллоҳ азза ва жалла махлуқотларни халқ қилди. Ундан фориғ бўлгач, раҳм ўрнидан турди.

«Нима гап?» деди У Зот. 

«Бу – қариндошлик узилишидан Сенинг паноҳингга қочганнинг мақомидир», деди.

«Сени боғлаганни боғлаб, узганни узишимга рози бўлмайсанми?» деди У Зот.

«Ҳа! Эй Роббим!» деди у.

«Ана шу сенга бўлсин!» деди У Зот».

Сўнгра Абу Ҳурайра: «Агар истасангиз, «Эҳтимол, (иймондан) юз ўгирсангиз, ер юзида фасод қилиб, қариндошлик ришталарини узарсиз?!»ни ўқинг», деди».

Шарҳ: Мазкур ҳадиси шарифдан қариндошлик ҳаққи қанчалар улуғ эканини билиб оламиз. Бу ҳақ Аллоҳ таоло Ўз махлуқотларини яратиб бўлиши билан собит бўлган ҳақлардан экан.

Аллоҳ таоло Ўзининг холиқлик сифати ила барча махлуқотларни яратган чоғдаёқ раҳм дарҳол ўрнидан туриб, қариндошлик алоқалари кесилишидан паноҳ сўраган экан. Ана шунда Аллоҳ таоло қариндошлик алоқасини боғлаганлар билан алоқа боғлашни ва уни кесганлардан алоқасини кесишни ваъда қилиб, уни рози этган экан.

Аллоҳ таолонинг ваъдаси ҳақ эканига заррача шубҳа йўқ. Шундай экан, ҳар бир мўмин-мусулмон банда қариндошлик алоқасини яхшилаб боғлаб боришга ҳаракат қилиши лозим.

Ҳадисни ривоят қилувчи улуғ саҳобий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бу ҳадис маъносининг тасдиғи Қуръони Каримда ҳам борлигини таъкидлаб, Муҳаммад сурасидаги 22-оятни ўқиб кўришни тавсия қилган эканлар.

«Эҳтимол, (иймондан) юз ўгирсангиз, ер юзида фасод қилиб, қариндошлик ришталарини узарсиз?!»

Бу оятда иймондан юз ўгириб, жоҳилиятга қайтишдан келадиган бу дунёдаги зарарлар эслатилмоқда.

Аввало, бу иш ер юзида фасод қилиш бўлади. Чунки иймонсиз кишилардан доимо мана шундай ёмонлик келиб чиққан.

Шу билан бирга, иймондан қайтганлар ўз қариндош-уруғлари, ёру дўстларидан қардошлик ришталарини узадилар. Бу ҳам улкан зарар ҳисобланади.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
71. Ибн Умардан ривоят қилинади.Умар сияро ҳуллани кўриб қолиб .Эй Аллоҳнинг Расули, шуни сотиб олсангиз, жума кунлари, вақтлар келганда киярдингиз,, деди..Эй Умар, давоми...

1936 20:10 / 23.04.2019
Абу Усайддан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир одам.Эй Аллоҳнинг Расули Мен учун отаонамга улар дунёдан ўтганларидан давоми...

2919 11:52 / 02.01.2019
80. Мусо ибн Улай отасидан ривоят қилади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Суроқа ибн Жуъшумга.Сени энг улуғ садақага ёки энг улуғ садақалардан бирига йўллаб давоми...

2002 21:10 / 01.06.2019
Бобнинг номидан кўриниб турибдики, Исломда қулларнинг зиммасига ҳам маълум бир мажбуриятлар, масъулиятлар юклатилган. Улар тенг ҳуқуқли кишилар даражасига давоми...

1239 11:30 / 25.12.2020
Аудиолар

121487 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42981 14:35 / 11.08.2021