1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Меросдан тўсиладиганлар

16:00 / 12.02.2019 2629 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Меросдан маҳрум қилинганлардан ташқари меросдан тўсиладиган меросхўрлар ҳам бўлади.

Уларни ҳам аниқлаш лозим бўлади.

Меросдан тўсилиш араб тилида «ҳажб», мерос олишдан тўсилган киши эса «маҳжуб» деб номланади.

«Ҳажб» деб, мерос қолдирувчига яқинроқ бўлган меросхўр борлиги туфайли ундан узоқроқ меросхўр мерос ололмай қолишига айтилади.

Мисол учун, бобо меросхўрдир, аммо у ота бўлмаган ҳолдагина мерос олиш ҳаққига эга. Агар маййитнинг отаси бўлса, у мерос олади, бобоси эса мерос ололмайди. Шунингдек, туғишган ака бор бўлса, ота бир ака мерос ололмайди.

Ушбу зикр қилинаётган дақиқ нарсалар мерос бўлиш ишига ўз таъсирини кўрсатиши турган гап.

Уламоларимиз бу масалани тушунтириш учун бир неча мисоллар ҳам келтирадилар:

1. Бир киши вафот этди. Ортидан хотини, туғишган акаси ва уни ўлдирган ўғли қолди.

Қотил ўғил меросдан маҳрум қилинади.

Хотин худди ўғил йўқ бўлган ҳолатдаги каби, меросдан тўртдан бирни олади.

Туғишган ака эса мероснинг қолганини олади.

Агар худди шу ҳолда ўғил қотил бўлмаса, саккиздан бирини хотин, қолганини ўғил олади. Туғишган ака эса ҳеч нарса олмайди.

Ўғил туғишган акани меросдан тўсади ва хотиннинг улушини тўртдан бирдан саккиздан бирга туширади.

2. Бир одам вафот этди. Ортидан ота-онаси ва туғишган ака-укалари қолдилар.

Мероснинг олтидан бирини она, мероснинг қолган барчасини ота олади.

Туғишган ака-укалар ота тўсиқ бўлганлиги учун ҳеч нарса ололмайдилар. Шу билан бирга, туғишган ака-укалар онанинг ҳаққини қисман тўсадилар. Агар туғишган ака-укалар бўлмаганларида, она мероснинг учдан бирини олар эди. Улар бўлганлиги учун онанинг ҳаққи қисман тўсилиб, олтидан бирини олди.

Ҳажб ман қилиш эмаслигини тушунишимиз лозим. Ман қилишда меросхўр меросдан тамоман ман қилинади. Буни аввалги сатрларда ўргандик. Ҳажбда эса ўртага бирор бошқа меросхўр тушиб қолганлиги сабабли мерос тўсилиб қолади.

Шунинг учун ҳам уламоларимиз ҳажбни «меросхўрнинг монеъ сабабидан эмас, балки ундан кўра маййитга яқинроқ меросхўрнинг ўртага тушиб қолиши сабабли меросдан тўсилишидир», деб таърифлаганлар.

Ҳажб иккига – ҳажби нуқсон ва ҳажби ҳирмонга бўлинади.

Ҳажби нуқсон – меросхўрлардан бирининг маълум сабабларга кўра меросдаги улушидан қисман маҳрум бўлишидир. Ҳажби нуқсоннинг маъноси «камайтирувчи тўсиш» бўлиб, бунда меросдан тегадиган кўп улуш камайиб қолади.

Мисол учун, хотиннинг боласи бўлмаса, эр унинг меросининг ярмини олади. Аммо хотиннинг боласи бўлса, эрга мероснинг тўртдан бири тегади. Бунда хотиннинг боласи эрни ҳажби нуқсон билан тўсган ва унинг меросдаги улушини камайтирган бўлади.

Ҳажби нуқсон фарз эгаларидан беш тоифада бўлади:

1. Эр хотиннинг ўша эрдан ёки бошқа эридан бўлган боласи туфайли яримдан чоракка тўсилади.

2. Хотин эрнинг ўша хотиндан ёки бошқа хотинидан бўлган боласи туфайли чоракдан саккиздан бирга тўсилади. Яъни, хотин ўлган эрининг боласи бўлмаса, мероснинг чорагини, боласи бўлса, саккиздан бирини олади.

3. Ўғилнинг қизи маййитнинг ўз қизи туфайли яримдан олтидан бирга тўсилади. Яъни маййитнинг бошқа меросхўрлари бўлмай, ўғлининг қизи бўлса, бу қиз мероснинг ярмини олади. Агар маййитнинг ўз қизи ҳам бўлса, ўғлининг қизига мероснинг олтидан бири тегади.

4. Ота бир сингил туғишган сингил туфайли яримдан олтидан бирга тўсилади. Яъни маййитнинг бошқа меросхўрлари бўлмай, ота бир синглиси бўлса, у мероснинг ярмини олади. Агар маййитнинг ота ва она бир синглиси ҳам бўлса, ота бир синглисига мероснинг олтидан бири тегади.

5. Мерос қолдирувчининг фарзандлари ва ака-ука ҳамда опа-сингиллари туфайли она учдан бирдан олтидан бирга тўсилади. Яъни маййитнинг фарз соҳиби бўлган меросхўрларидан фақат онаси бўлса, унга меросдан учдан бири тегади. Агар она билан бирга маййитнинг фарзандлари ёки ака-ука ҳамда опа-сингиллари бўлса, она мероснинг учдан бир эмас, олтидан бирини олади.

Ҳажби ҳирмон – меросхўрнинг меросдаги улушидан батамом маҳрум бўлишидир. Ҳажби ҳирмоннинг маъноси «маҳрум қилувчи тўсиш» бўлиб, бунда меросхўр меросдан бирйўла маҳрум бўлади.

Мисол учун, бобони ота, набирани ўғил, она бир акани ота бир ака ҳажби ҳирмон қилади. Унда ота борлиги учун бобо, ўғил борлиги учун набира ва ота бир ака борлиги учун она бир ака меросдан маҳрум бўладилар. Биринчилар бўлмаганида иккинчилар мерос олишлари мумкин эди.

Меросхўрлар ҳажби ҳирмонга нисбатан икки турга бўлинадилар:

Биринчилари – ҳеч қачон ҳажби ҳирмонга йўлиқмайдиганлар. Буларга ота-она, ўғил-қиз ва эр-хотинлар киради. Булардан баъзилари ҳажби нуқсонга учрашлари мумкин, аммо ҳажби ҳирмонга учрамайдилар. Улар албатта мерос оладилар.

Иккинчилари – ҳажби ҳирмон бўладиганлар.

Маййитнинг қуйидаги етти тоифа меросхўрлари ҳажби ҳирмонга учрайди:

1. Бобоси.

У ота туфайли ҳажби ҳирмонга учрайди.

2. Момоси.

У она туфайли ҳажби ҳирмонга учрайди.

3. Ота бир, она бир опа-сингиллари.

Улар ўғил, ўғилнинг ўғли ва ота туфайли ҳажби ҳирмонга учрайдилар.

4. Ота бир опа-сингиллари.

Улар ота бир, она бир ака-укалар ва икки ота бир, она бир опа-сингиллар туфайли ҳажби ҳирмонга учрайдилар.

5. Она бир ака-укалари.

Улар ота, бобо, ўғил, қиз, ўғилнинг ўғли ва ўғилнинг қизи туфайли ҳажби ҳирмонга учрайдилар.

6. Ўғлининг қизлари.

Агар бу қизлар ўғил, икки ва ундан кўп қизлар билан асаба бўлмаса, ҳажби ҳирмонга учрайдилар.

7. Ўғлининг ўғли.

У маййитнинг ўғли туфайли ҳажби ҳирмонга учрайди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Агар вафот этган кишининг моли қарзидан ортиб қолса, васияти молнинг учдан бирига ўтиши ҳақида аввал гапириб ўтганмиз.Ояти кариманинг давомида яна қуйидагилар давоми...

1999 09:57 / 11.03.2019
Рўзадор учун сақич чайнаши рўзасини очмайди. Чунки, у ичга кетмайди. Агар ажрагувчи бўлса, рўзани бузади, албатта. Зотан, баъзи қисмлари ичга кетади. Агар қора сақич давоми...

3905 05:00 / 15.02.2017
Иъёш ибн Аббос алҚатбонийдан, у эса Абул Ҳасийн Ҳайсум ибн Мушфийдан, у эса Абу Омирдан, у эса Абу Райҳонадан ривоят қилиб айтди Наҳаа Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

2761 05:00 / 18.01.2017
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша давр подшоҳ ва қабила бошлиқларига элчилар юборар эдилар. Бир кун Рум подшоҳига давоми...

43422 05:00 / 18.01.2017