1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ибратли ҳикматлар шодаси (Алишер Навоий)

11:02 / 09 февраль 5487 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳилм инсон вужудининг хушманзара боғидир ва одамийлик оламининг жавоҳирга бой тоғидир. Юмшоқ кўнгиллик ҳодисалар тўла денгиздаги кишилик кемасининг лангари деса бўлади ва инсоният қадрини ўлчайдиган тарозининг тошига тенглаштирса ҳам бўлади. Ҳилм ахлоқи одамнинг қимматбаҳо либоси ва у кийим турларининг энг чидамли матосидир. У ёмон нафсни дайди шамол учиришидан асрагувчи ва иккиюзлама мунофиқларнинг беҳуда ҳаракатидан ҳимоя қилувчи. Ҳилм натижасида одам халойиқнинг иззат-ҳурматига сазовор бўлади; ҳилм туфайли катталардан кичикларга илтифот ва марҳамат етишади.

Катта кишилар ёшларни масхара ва кулги қилса, улар қошида ўзи шунча обрўсиз ва бачкана туюлади; ёшлар ҳам катталарга нисбатан ҳазил ва енгилтаклик қилса, унинг қошида уятсиз ва эътиборсиз бўлади.

Бу давр боғининг хасхашак сингари одамлари шамолдек бетайин, енгилтак кишилари олдида ҳилм аҳли гўё оғир табиатли ва ёмон феълли, деб камситилади. Уларнинг ўзлари эса, қуюндек тупроқни ҳавога тўзитадилар ва енгилтабиатлилари билан бошларини гўё кўкка етказадилар. Тоғ жуссасини оёқ ости қилмоқ – одатлари; дала-даштлардаги зарраларни ҳавога совурмоқ – буларнинг салобатлари. Бундай одамлар елдек ҳар эшикдан киришга ор қилмайди; ўтдек оташдонни қиздиришдан ўзга ишни билмайди. Ел – гарчи лоланинг тожини учиради, аммо тоғ қоялари камарига қандай таъсир қила олади? ўт тоғ этагидаги хас-хашакларни куйдириши мумкин, лекин қуёш учқунига қандай тенглаша олади?..

Ел, агар кўкка етса ҳам, барибир енгил ва қадрсиз; тоғ агар тупроққа ботса ҳам салобатлидир. Елнинг орасида ўтга ёқиладиган хас-хашаклар бор; ҳилм мазмунида эса, шоҳ тожига қадалгудек чўғ каби қизил лаъл бор.

* * *

Кимки кўнгилни қаттиқ сўз билан жароҳатлар экан, унга аччиқ тил заҳарли найзадек санчилади. Кўнгиида тил найзасининг жароҳати битмас; у жароҳатга ҳеч нарса малҳамлик қилмас.
Агар бир кўнгилда тил найзасининг жароҳати бордир, фақат яхши сўз ва ширин тил унга малҳам ва роҳатдир. Мулойим сўз – ваҳшийларни улфатга айлантиради; сеҳргар – оҳанг билан афсун ўқиб, илонни инидан чиқаради.

Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз. Кўп, бемаза сўзлайдиган эзма – кечалари тонг отгунча тинмай ҳурадиган итга ўхшайди. Тили ёмон одам м халқ кўнглини жароҳатлайди, ўз бошига ҳам офат етказади. Нодоннинг ваҳшийларча бақирмоғи – эшакнинг бемаҳал ҳанграмоғи. Хушсухан одам юмшоқлик билан дўстона сўз айтади; кўнгилга тушиши мумкин бўлган юз ғам – унинг сўзи билан даф бўлади. Сўзда ҳар қандай яхшиликнинг имкони бор, шунинг учун ҳам айтадиларки; «нафаснинг жони бор…»
Ўзи хунук, гапи бемаъни, овози ёқимсиз одам қурбақага ўхшайди. Бахт бағишловчи тоза руҳ манбайи ҳам тил; ёмонликлар келтирувчи наҳс юлдузининг чиқар жойи ҳам тил. Тилини тиёлган одам – донишманд оқил; сўзга эрк берган одам – беандиша ва пасткаш. Тил ширин ва ёқимли бўлса яхши; тил билан дил бир бўлса яна яхши. Тил билан дил – инсондаги энг яхши аъзолардир. Бўстонда – гулсафсар, гулғунча ва райҳонлар энг ёқимли гуллардир.

Одам – тили билан бошқа ҳайвонлардан имтиёзлидир. Унинг тили орқали бошқа одамлардан афзаллиги билинади. Тил – шунча шарафи билан нутқнинг қуролидир. Агар нутқ номаъқул бўлиб чиқса – тилнинг офатидир.

* * *

Тил ширинлиги – кўнгилга ёқимлидир; мулойимлиги эса – фойдали. Чучук тил аччиққа айланса кўпчиликка зарари тегади; қанддан май тайёрланса ҳаром бўлади. Ширин сўз соф кўнгиллар учун асал каби тотлидир; болалар учун мулойим табиатли одам – ҳалвофуруш каби севимлидир.

* * *

Ҳар кимнингки сўзи – ёлғон, ёлғонлиги билингач, уятга қолғон; ёлғонни чиндек гапирувчи сўз устамони – кумушга олтин қоплаб сотувчи заргар. Ёлғон-афсоналар билан уйқу келтирувчи ёлғончи – уйқуда алаҳловчи. Ёлғон гапирувчи ғафлатдадир; сўзнинг бир-биридан фарқи кўпдир, аммо ёлғондан ёмонроқ тури йўқдир.

* * *

Ёлғон гапириш билан ўз вақтини ўтказувчи одам, бу қилиғи ёмон туюлиш ўрнига, кишилами алдагани билан фахрланади ҳам. Ёлғончи ўз гапига гўллик билан қулоқ солувчини топса, уларга ёлғонни чинга ўтказса, муродига етган бўлади. Ёлғончи – ҳақ қошида гуноҳкор; халқ олдида шарманда. Бундай наҳснинг беор юзи ёмонликка ўгирилган бўлади; бундай наҳсга ботган одам қутлуғ уйдан нари бўлғай.

* * *

Кимки, ёлғон сўзни бировга тўнкагай, ўз қора юзини ёғга булайди. Озгина ёлғон ҳам улуғ гуноҳдир; озгина заҳар ҳам ҳалок қилувчидир.

* * *

У ердан бу ерга гап ташувчилар элнинг гуноҳини ўз бўйнига олувчилардир. Чақимчилик ҳатто чин гап бўлса ҳам кўнгилсиздир, ёлғон бўлса янада нафратлидир. Сўз етказувчининг хоҳ каттаси, хоҳ кичиги – дўзах ўтининг тутантуруғи бил.

* * *

Ёлғончи одам – унутувчи; у андиша ва эҳтиётдан четда турувчи. Ҳар кимнинг сўзи чин бўлмаса, ростгўйлар кўнглига у сўз қабул бўлмас. Ёлғончи ўзининг ёлғон сўзига бир-икки марта ишонтиради, кейин нима қилади? Ёлғончилиги маълум бўлгач, у расво бўлади, унинг сўзига халқ ишончи йўқолади. Кўнгил хазинасининг қулфи – тил; у хазинанинг калитини – сўз бил.

* * *

Чин сўз – мўътабар; яхши сўз қисқа – мухтасар. Кўп сўзловчи – зериктирувчи; қайта-қайта гапирувчи – ақлдан озган. Айб изловчи – айбли; киши айбини гапирувчи – ўзига ёмонлик соғинувчи. Тўғрилик билан қаровчи – покиза назарли; кишиларнинг яхши томонларини кўрувчи – тўғри назарли. Кимнинг миясида иллат бўлса – сўзида мантиқ бўлмайди. Мияси соғлом бўлса, гап-сўзи ёқимли ва хатосиз бўлади. Сўзи ҳисобсиз – ўзи ҳисобсиз. Сўзида паришонлик – ўзида пушаймонлик. Агар сўз гўзаллик зийнати билан безалмаган бўлса – унга чинлик безаги етарлидир! Ёлғончининг гапи қанчалик чиройли бўлса, шунчалик қабиҳдир. Чин сўз қанчалик бетакаллуф бўлмасин, сўзловчи учун таассуф йўқдир. Гул либоси йиртиқ бўлса ҳам зиёнсиз; садаф хунук бўлса ҳам инжу, учун нуқсонсиз.
Ёлғон сўз шеърдан бошқа ерда номақбул ва ёлғонни айтувчи ақлсиздир.
Ёмон қилиқли одам – бадфеъл; аччиғи тез – бир балога гирифтор, бир офатга мубтало бадбашарадир. Булар қаён борса – балодан қутилмас; ҳар ерга қочса ҳам офатдан халос бўлмас. Ёмон қилиқ ғолиб душмандир ва қаҳрли ёвдир, ёмон қилиқли киши эса доим унга мағлуб ва вужуди ундан мажруҳ.

* * *

Очиқ чеҳрали одам – иккиюзламачиликдек нуқсондан йироқ бўлади… Очиқ юзидан халойиққа хурсандлик; чучук сўзидан эл-юртга хуррамлик. Одамийлик билан кўнгилларга севимли; инсонийлик билан жонларга ёқимли. Ундан дўст-душман хотиржам. Бундай киши умридан барака топгай.

* * *

Душман алдовига учма; маддоҳ хушомадини чин дема. Душманнинг ғарази ўз ёмон ниятига етмоқдир; мақтовчининг мақсади – хорлик билан сендан инъом олмоқдир. Агар иккаласига илтифот қилмасанг ва қабул қилишни лозим билмасанг, бири ўз мақсадининг ижросидан тўхтайди ва тадбири мужмал бўлади ва иккинчисининг мақтови ҳажвга айланади.

* * *

Нохуш хабарни чин бўлса ҳам дўстингга етказма; бировдан айб кўрсанг юзига солма. Қўявер, ўша чин хабарни душман етказсин ва сен сабр қил, у айб можаросини душмани қилсин.
Ақлли одам ёлғон гапирмас; аммо, барча рост гапни айтавериш ҳам тўғри эмас. Бировнинг кўзи ғилай – ногирондир; аммо, бунга у айбдор эмасдир… Бировни ноҳақ ҳижолатга солмоқ – ўз нодонлигини изҳор қилмоқ ва бир кўнгилни оғритмоқдир. Бу каби кишини хафа қиладиган чин сўздан кўра зарурат юзасидан – ўрни билан гапирилган ёлғон яхшироқдир.

 Ӯткирбек Муҳаммадсобир тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳу акбар Аллоҳу акбар Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд.Маъноси Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ буюкдир. Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқдир. давоми...

7931 04:16 / 19.07.2021
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким .Лаа илааҳа иллаллоҳу, десаю, қалбида арпа дони вазнича иймони бўлса, дўзахдан давоми...

2295 19:00 / 04.01.2019
Беморликда ҳикмат кўп. Айниқса, ҳозирги тожсимон вирус касаллиги жуда кўп ҳақиқатларни яхши тушуниб, ҳаётни теранроқ англашга сабаб бўлмоқда.Сўнгги пайтларда давоми...

2677 04:03 / 01.09.2020
Абу Исҳоқ Хаввос айтади .Абу Абдуллоҳ деган одам Довуд Тоийнинг хизматини қиларди. Довуд унга .Ўлсам, мени ўзинг ювгин, ҳеч кимга хабар бермагин,, деган эди. Абу давоми...

2944 07:30 / 17.04.2019