Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1440 йил 18 жумадис сони | 2019 йил 23 февраль, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR
Тазкия

Тазкия дарслари (18-дарс). Тариқат силсиласи (давоми)

15:10 / 02 февраль 531 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хожа Яъқуб Чархий қуддиса сирруҳу

Бу зоти шарифнинг Ғазна вилоятининг Чарх қишлоғида туғилганлари маълум. Туғилган саналари эса маълум эмас. Мавлоно Яъқуб Чархий ҳазратлари ҳижрий 851 сана, милодий 1447 санада ҳозирги Душанбе шаҳрида вафот этганлар.

Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳи ўрта бўйли, оқ рангли ва гўзал юзли эдилар. Соқолларининг атрофи сийрак ва оқ эди. У киши зоҳир ва ботин илмларга ҳамда маънавий ва моддий ишораларга соҳиб эдилар.

Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳи Ғазна вилоятининг Чарх қишлоғида туғилган бўлсалар ҳам, илк илмий таҳсилни Ҳиротда олганлар. Кейинчалик Мисрга бориб, олий таълим олдилар. Тариқат бўйича маънавий таҳсилни эса Бухорои шарифда мукаммал эгалладилар.

У киши Мисрнинг кўзга кўринган уламоларидан зоҳирий илмларни ўрганиб бўлганларидан кейин, илоҳий бир ишорани сезиб, тезда Бухорога қараб йўл олдилар. У киши «Қайдасан, Бухоро?» деб юриб борар эканлар, йўлда бир дарвешни учратдилар. Дарвеш у кишига: «Эй Яъқуб! Қадамларингни илдам от! Қабул этиладиганлар зумрасига кирадиган вақтинг келди!» деди ва тўғри Шоҳ Нақшбанд ҳазратларининг ҳузурларига боришни тайинлади.

Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳи бу тавсияга амал қилиб, ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳини топиб бордилар ва икки зот ораларида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтди:

Яъқуб Чархий:

– Ҳазратим, мени ўз хизматингизга қабул этиб, дарс берсангиз?

Шоҳ Нақшбанд:

– Болам, кетиладиган замонда ҳам келинадими?

Яъқуб Чархий:

 – Сиз бир улуғ кишисиз. Ҳар бир одам томонидан мақбулсиз.

Шоҳ Нақшбанд:

 – Ҳар бир одам томонидан мақбул бўлмоқ шайтоний бир ҳол бўлса-чи?

Яъқуб Чархий:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бир кишига яхшиликни истаса, уни барчага севдириб қўяди. Уни ҳар бир одам томонидан маъқул бўладиган қилади», деганлар.

Шоҳ Нақшбанд:

– Жуда яхши. Ундай бўлса, бир истихора қилайлик.

Кейин нима бўлгани ҳақида Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳининг ўзлари қуйидагича ҳикоя қиладилар:

«Ўша кечаси кўзимга уйқу келмади. Агар қабул қилинмасам, ҳолим нима бўлади, дея тонгга қадар мижжа қоқмадим. Тонг отиши билан ҳазратнинг ҳузурларига бордим. Ул зот менга табассум ила боқиб:

«Қабул бўлдинг! Буёққа кел!» дедилар ва менга дарс бериб, хожа Алоуддин Аттор ҳазратларига топширдилар. Шу пайтгача ўрганган илмларимнинг татбиғини, ҳосил қилинган гўзал ахлоқларнинг нафсимда яшашини ҳамда маънавий ҳолларнинг сайр ва такаммулини у кишидан ўргандим. У кишининг завқига шерик бўлдим ва Аллоҳга ҳамдлар бўлсинким, ҳақиқий йўл шу эканини англаб етдим».

Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳи тариқат илмида юксак мартабаларга етдилар. У киши ўз замоналарида бу соҳада ягона кишига айландилар. Ўша пайтнинг кўзга кўринган алломалари ҳам келиб, у кишига қўл берар эдилар.

Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳининг замондошларидан бирлари, исломий маърифатлар бобида янги бир давр очган, тафсир, фиқҳ, ақоид ва бошқа кўпгина илмларда кўплаб таснифотлар битган аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи илм доираларида Алломаи Тафтазоний номи ила машҳур бўлиб, у киши раҳматуллоҳи алайҳидан олдин ўтган олимлар «мутақаддимлар», у кишидан кейин ўтганлар «мутааххиринлар» деб аталади. Шунинг ўзи ҳам Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг қанчалар вазнга эга эканликларини кўрсатади.

Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг Саййид Шариф Журжоний исмли шогирдлари бор эди. У киши ҳам Ислом оламида жуда машҳур олимлардан ҳисобланади. У киши элликдан ортиқ муҳим китобларнинг муаллифидир.

Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларида таълим олиб турган саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳи мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳига қўл бериб, у кишига мурид бўладилар. Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳига мурид бўлган саййид Шариф Журжоний Аллоҳ таолонинг ёрдами ила тезда катта файзу футуҳларга соҳиб бўлдилар. Илм бобида баъзи вақтларда ўз устозлари Алломаи Тафтазонийдан ўтиб кета бошладилар.

Ўз шогирдларидаги ўзгаришни сезган устоз бунинг сабабини ахтардилар. Сабабни билганларидан кейин эса ўзлари ҳам мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига бориб, у кишига қўл бердилар.

Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳи ўз шахсларида кўплаб илм ва фазлларни жамлаган эдилар. У киши ҳижрий 851 санада ҳозирги Душанбе шаҳрида вафот этдилар ва ўша ерга дафн этилдилар. У кишининг қабрлари ёнида исмлари билан аталадиган жомеъ масжид ҳам бор бўлиб, у ер мусулмонлар томонидан доимий равишда зиёрат қилиб турилади.

Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини хожа Алоуддин Аттор ҳазратларидан олганлар.

 

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор қуддиса сирруҳу

Бу зот ҳижрий 806 сана, милодий 1404 санада Тошкент шаҳрининг Боғистон номли даҳасида дунёга келганлар. Ҳижрий 893 сана, милодий 1490 санада вафот топганлар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи бўйлари узун, ранглари қорамтир ва соқоллари кенг ҳамда оппоқ зот эдилар. У кишининг соқоллари орасида баъзи қора толалари ҳам бор эди. У кишининг суҳбатларига тўйилмасди. Шогирдлари дарсларини бахт ва саодатга ғарқ бўлган ҳолда ўтказар эдилар. У киши зоҳир ва бо-тин илмларни пухта эгаллаган эдилар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳининг нурли юзларини кўрган кишилар у кишининг ҳақларига дуо қилар ва мақтовлар айтар эдилар. У кишининг сўзлари ва шеърлари тариқатга ҳужжат эди.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг насабидан эдилар.

У киши раҳматуллоҳи алайҳининг муборак ҳаётларини ўрганган тарихчиларнинг таъкидлашларича, у киши туғилганларидан кейин, то оналари нифосдан пок бўлиб, ғусл қилмагунларича эммаганлар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи ёшлик чоғларидан бошлаб шариат ва тариқат илмларини пухта эгаллай бошладилар. Бу борада кўпчилик у кишига ҳавас қилар эди. У кишининг боболари ўз замонасининг қутбларидан бўлган бир киши эдилар. Мазкур бобо ўз ўлимлари яқинлашганини сезганларида, болалари ва набираларини атрофларига жамладилар. Уларга насиҳат ва дуо-лар қилдилар. Сўнгра ётган жойларидан туриб ўтирдилар ва кичик Убайдуллоҳ Аҳрорни қучоқларига олиб туриб:

«Аллоҳ таолодан менга башорати берилган бола шудир. Яқинда бу ўғлим шариат аҳли, тариқат пири, маърифат маъдани ва ҳақиқат эркаги бўлажак. Бу ўз замонасининг чироғи бўлажак, Аллоҳнинг улуғ бандаси бўлажак», дедилар.

Кейин у киши ўтирганларга Хожагон тариқати зўраки бир нарса бўлмай, Ҳақ томонга чин дилдан йўналмоқ эканини уқтирдилар ва:

«Бу асосни билиб, англамоқ хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг силсиласига хосдир. Ул зотнинг йўлларини тутганлар ўн бир асос-ла нафсларини муҳофаза этиб, ўта даражада эҳтиётли бўладилар», дедилар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи йигирма икки ёшларида таҳсили илмни тамомлаш мақсадида Самарқандга бордилар. У киши мазкур шаҳарда икки йил давомида зўр иштиёқ билан таҳсили илм қилдилар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи йигирма тўрт ёшларида ўша вақтнинг улуғ машойихларидан саййид Қосим Анвар, мавлоно Шарафуддин Хомуш, хожа Сирожуддин Пири Чиштий, мавлоно Шоший, хожа Алоуддин Ғиждувоний ва мавлоно Ҳисомуддин Порсо кабиларнинг мажлислари ва суҳбатларида бўлиб, улардан файз олдилар.

Кейинроқ хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи хожа Алоуддин Аттор ҳазратларининг марқадларини зиёрат қилиш учун Ғиждувонга бордилар. Сўнгра хожа Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига бориб, у кишига қўл бердилар ва уч ой хизматларида бардавом бўлдилар. Ўша ерда сайри сулук илмини тўлиқ эгалладилар.

Кейин Мавлоно Чархий раҳматуллоҳи алайҳининг изнлари ила Шоҳ Нақшбанд ҳазратларининг Бухоро ва бошқа юртлардаги барча халифаларини зиёрат қилдилар. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи ул азизларнинг суҳбатларида бўлиб, файзларига шерик бўлдилар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи йигирма тўққиз ёшларида Тошкентга қайтиб, олган илм ва тажрибаларини бошқаларга улаша бошладилар. У киши ҳалол ризқ топиш мақсадида зироатчилик билан машғул бўлдилар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳининг ишларига Аллоҳ таоло баракалар ёғдирди. У кишининг молу дунёси беҳисоб кўп бўлиб, тарқатадиган закот ва ушрларининг ҳам ҳисобини биров билмас эди.

Шу билан бирга, хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи ўзлари тариқат ишини ҳеч ҳам сусайтирмай олиб борар, иршод ишларидан бир лаҳза ҳам тўхтамас эдилар. У кишининг илмлари, файзлари ва сўзлари кишиларни маҳлиё қиларди. У киши ўз фикрларини баён қилишда шеърий услубдан ҳам фойдаланар эдилар.

Имоми Роббоний ўзларига хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳини ўрнак қилиб олган бўлиб, у киши ҳақида жумладан, қуйидаги ибораларни айтиб юрар эканлар:

«Улуғ шайх хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи султонларнинг олдиларига кирар, уларнинг мажлисларида ҳозир бўлар ва ўзларининг ботиний қувватлари, руҳий малакалари ила уларга таъсир ўтказар эдилар. Улар у зотга бўйсуниб, итоат қилар эдилар. Сўнгра у зот улардан пок шариатни ёйишда фойдаланар эдилар».

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи шариатга катта эътибор берар эдилар. Бу ҳақда ўзлари қуйидагиларни айтардилар:

«Агар шайхлик, одамлардан байъат олиш ва иршодга боғланиб қолганимда, тариқат шайхларидан бирор шайх ўзига байъат қиладиган ва муридларига қўшиладиган одамни топа олмай қоларди. Лекин Аллоҳ таоло менга бошқа нарсани ирода қилди. У ҳам бўлса, пок шариатни ёйиш ва Ислом миллатини қўллаб-қувватлаш эди».

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 893 сананинг рабиъул аввал ойида Самарқанд шаҳрида вафот этдилар. Ҳозир у зотнинг қабрлари яқинида исмлари билан аталувчи жоме масжид ҳам ишлаб турибди.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини мавлоно Яъқуб Чархий ҳазратларидан олганлар. Шунингдек, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Шоҳ Нақшбанд ва Алоуддин Аттор раҳматуллоҳи алайҳимдан маънавий озуқа олганлар.

“Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу ўз ўғиллари Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуга қуйидагиларни айтганлар.Сени анави одам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу давоми...

1042 05:00 / 07.03.2017
Бир солиҳ кишининг яҳудий қўшниси бор эди. Улар кўпинча бирга ўтиришарди.Солиҳ киши бирор иш қилишни хоҳласа .Эҳтиёжлар фақат Набий алайҳиссаломга салавот айтиш давоми...

13248 11:51 / 03.04.2017
Аъробий сўрадиndash Эй Аллоҳнинг Расули, туяни боғлайми ёки эркин қўйиб, таваккул қилаймиРасул соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдиларndash Боғлаб таваккул қилЯна Аллоҳ давоми...

676 18:05 / 29.11.2018
.Муроқаба, сўзи ва унинг турланишлари араб тилида .кузатиб туриш,, .пойлаш, маъноларини англатади.Уламолар муроқабани қуйидагича таърифлаганларМуҳосибий давоми...

1027 05:00 / 01.03.2017
Видеолар

107 20:00 / 22 февраль
Аудиолар

9428 11:58 / 10.10.2018
Топ рейтинг www.uz Openstat