1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
00:00
Махмуд Халил Хусорий - Такаасур
Махмуд Халил Хусорий - Такаасур
00:00
/
00:00

Такаасур сураси

Маккада нозил бўлган. 8 оятдан иборат.

Ушбу сураи кариманинг номи ўзининг биринчи оятидаги «такаасур» сўзидан олинган. «Такаасур» сўзи «молу дунё, мансаб-мартаба ва бола-чақанинг кўплиги билан фахрланиш» деганидир. Ушбу сурада кишилар дунёнинг ўткинчи матоҳини кўпайтиришга ўзларини уришлари, ана шу иш билан машғул бўлишни жонлари чиққунча давом эттиришлари ҳақида гап кетади.

Такаасур сураси ниҳоятда кескин хитоблар ила одамларни мазкур ишни қилмасликка ундайди.

Ва, ниҳоят, охиратда кўриладиган даҳшатларни эслатиш ила сурага хотима ясалади.

Бу сураи карима туғёнга кетган моддапарастлик муаммосини муолажа қилади. Ҳозирги ҳаёт инсонга турли сарфларни талаб қиладиган маданиятни тақдим этди. Ҳойи-ҳавасга эришаман, деб инсон бу нарсаларнинг қули бўлиб қолди. Шу сабабдан ҳаёт роҳат ўрнига чарчашга айланди. Инсон иложи борича кўпроқ бойлик тўплайдиган ва бу йўлда ҳар қандай пасткашликлардан қайтмайдиган бўлиб қолди. Ҳавойи нафс йўлида юриш, мол-дунёга ўчлик инсонни инсоний фазилатларидан жудо қилди, инсонийлигини унуттирди ва, ниҳоят, яратган Холиқини ҳам эсидан чиқартирди. Оқибатда инсон Аллоҳга эмас, молу дунёга сажда қиладиган бўлиб қолди.

Такаасур сураси бунинг оқибати нима бўлишини баён қилади.

ﭑ ﭒ ﭓ
Роҳман ва Роҳийм Аллоҳнинг номи ила (бошлайман).
ﮋ ﮌ ﮍ
1. «Кимники кўп» сизни машғул қилди…
ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ
2. то қабрларни зиёрат қилгунингизча.
ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ
3. Йўқ! Тезда биласиз!
ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ
4. Яна йўқ! Тезда биласиз!
ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ
5. Йўқ! Агар аниқ илм ила билганингизда эди…
ﮡ ﮢ ﮣ
6. Албатта жаҳаннамни кўрасиз.
ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ
7. Ва яна албатта уни ишонч кўзи билан кўрасиз.
ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ
8. Сўнгра ўша Кунда албатта неъматланишдан сўраласиз.